Kategorier
Амирқул Пўлкан

Эй, бу ўзи қандай замон, билмадим

Амирқул Пўлкан

Муқаннанинг ўлим олдидан
Айтган сўзи

Душман қўли баланд келди,
Қўлга тушдим… не ҳам дердим.
Бўлди! Бари тамом бўлди,
Қўлдан кетди она ерим.

Мағлуб бўлмоқ хўрлик менга,
Уят менга, ахир, ишон,
Юртим, энди оёғингга
Душманларинг солгай кишан.

Тириклайин кирдим гўрга,
Қонлар ютдим… ўтда куйдим…
Эвоҳ, сени манфур ёвга
Тирик туриб бериб қўйдим!

Ўлмай туриб ўлдим, ахир,
Тирик туриб жоним бердим.
Юртим, сени онам каби,
Ёрим каби севган эдим!

Юртим, бу кун жимсан нечун?
Қулоғинг кар, кўзинг кўрми?
Эркни севган эрлар учун
Бундан ортиқ хўрлик борми?

Армон билан ўлмоқдаман,
Кундек сўниб борур қалбим…
Мен қайтадан тирилгайман,
Озод бўлган кунинг, халқим!..

Машрабнинг охирги шеъри

Бу кўнгил маҳбубнинг васлига зор-ей,
Қаршимда жон бер деб турибди дор-ей!
Мен озод бўлмадим озодлик истаб,
Машрабга бу дунё бунчалик тор-ей!

Қайғумдан қорайди тунлар кечалар,
Қиличнинг дамидир йўллар кўчалар,
Қузундек кўзимни чўқиса нетай,
Подшолар, ҳоқонлар опоқ Хўжалар.

Дунёга келдиму дунё кўрмадим,
Кўз ёшдин ўзга ҳеч дарё кўрмадим,
Фарёдим сиғмади еру фалакка,
Қуёшнинг кўзида зиё кўрмадим!

Эй шеърим, ўт бўлу оламни ёндир!
Севгидан тонган ҳар одамни ёндир!
Жаҳолат шоҳ бўлган ерни сув боссин,
Босмаса сен ўзинг замонни ёндир!

Бу кўнгил маҳбубнинг васлига зор-ей,
Қаршимда жон бер деб турибди дор-ей!
Мен озод бўлмадим озодлик истаб,
Машрабга бу дунё бунчалик тор-ей?!

Маҳтумқули монологи

Дунё ўзи доим бири кам бўлган,
Бу дунё деб қанча қирғин жанг бўлган.
Номард қолиб, марднинг ҳоли танг бўлган,
Эр бўлгану бахтин топган кам бўлган,
Мен топмасман, ё топарман, билмадим.

Гоҳ қийғирдек парвоз қилдим қиёда,
Гоҳ чорасиз сарсон бўлдим пиёда,
Ташналигим қонмади ҳеч зиёга,
Гоҳ ғам босиб, сиғмайман бу дунёга,
Оёқ қўлдан кетди дармон, билмадим.

Бахт йироқдан ойга ўхшаб кўрингай,
Дилдаги оҳ войга ўхшаб кўрингай.
Гоҳо сувсиз сойга ўхшаб кўрингай,
Гоҳ бир қисим лойга ўхшаб кўрингай,
Наҳотки мен шунга зорман, билмадим.

Аммо севдим, доим унга сиғиндим,
Ёмон кунда, яхши кунда сиғиндим,
Қувонч шул деб, гоҳ тунга сиғиндим,
Айтинг, дўстлар, ўзи кимга сиғиндим?
У севгими ёки армон, билмадим.

Бахт деганлар дучор бўлса жафога,
Имонсизлар чўмса кайфу сафога,
Толесизлар қайга борсин давога?
Мен ҳайронман, қалб тўлиб бир нидога,
Эй, бу ўзи қандай замон, билмадим.

(Изҳор китобидан)