
Эшқобил Вали
Мулоҳаза
Самарқандда, Регистон майдони яқинида гурунглашиб ўтирган бахшилар бу ердан кетар бўлишибди. Эргаш Жуманбулбул Ислом шоир, Пўлкан шоир ва Фозил Йўлдош ўғлини бир жойларга бошлаб кетибди. Ҳайкаллар шундай ўринларидан туриб, дўмбирани қўлтиққа уриб, ўзларига эътиборсизлик кўриб, ҳайё-ҳуйт деб борса гумон томонга йўлга тушишибди. Бўлди-да энди, қирқ йилча бир жойда ўтириб зерикдигов, кетсак ҳам бўларов, бир чўллаб чалоб ичиб келайлик, деб оқсоқол бахшилар жўнаб кетишган эмиш…
Ўзбек халқининг ажойиб менталитети бор. Агар бу европача сўзни халқ оғзаки ижодидаги ибора билан изоҳласак, дунёқарашимиз эртакларимиз бошидагидек “бир бор экан, бир йўқ экан”, ёки “баъзан бору баъзан йўқ” қабилидаги иборалар мазмунига уйғун эканлигини кузатамиз. Элимиз борига қаноатли, йўғига бардошли. Зеро, минг йилликлар фалсафаси миллатдошларимиз турмушига, дунёқарашига улкан тажриба билан ёндашмоқни тақозо қилади. Бироқ ҳамма нарсага сабр-бардош қилавериш охир-оқибат бепарволикка, лоқайдликка ёхуд уларнинг бузилган кўриниши бўлган сохта дилмаъсумликка олиб келади.
Кўп асрлик тўйи нишонлаган Самарқанддаги улкан бунёдкорлик ишларини кўриб кўрмасликка олиш, оддийроқ тилда айтсак, ношукурлик бўлади. Зеро, тўй арафасида шаҳарда амалга оширилган ишлар устиворлигига тан бермоқ лозим. Аммо… қуриб кетсин ўша аммоси ҳам. Ўрмон ўрилса пайрахаси учади, деган мақол бор. Шундай экан, майли-да энди, шаҳарда реконструкция ишлари борар экан баъзи ёдгорликлар, бино ва бошқалар бузилади, кўчади, панада қолади-да энди. Аммо гап шундаки, Регистон майдони ёнидаги ўзбек фольклори етакчиларининг ёдгорлик комплекси “бошқа жойга ўрнатилиш” фикри билан олиб ташлангани ва неча ойлар ўтгани билан ўрнатилмаётгани кишини чуқур ўйга толдиради.
Бир неча йил олдин “Алпомиш” достонининг минг йиллиги қанчалик улкан тантаналар билан нишонлангани қаёққа кетди? (Тўғриси, достончи-бахшиларнинг навбатдаги юбилейи ҳам вилоятдаги айрим фидоий олимларнинг сайъи-ҳаракати билангина шунчаки ўтказилган эди). Лекин байрам тайёргарликлари асносида баъзи ҳолатларнинг кўздан қочирилиши, унутилиши ёки аксинча кўзга ташланиб қолиши зиёли одам кўнглида ғализлик ҳиссини уйғотади.
Асли Самарқанд фарзанди бўлганинг, қолаверса, ижодкор эканлигингдан юртингда кечаётган ҳар нарса-ҳодисага муносабат билдиргинг келади, куйинасан. Бу ерга мансаб ва мол-дунё ахтариб келган баъзи нафс бандалари – “ижодкорсимон” каслар билан шундай мавзулардан гапирсанг “нима қиласан ёзиб, сенга нима?” қабилида маслаҳатлар бериб, кайвонилик ҳам қилишади. Ўз фикрини айтишдан қўрқадиган ожиз кишиларга олимлик ҳам, ижодкорлик ҳам ҳайф. Ахир шу юртнинг тузини тотиб, фуқаросига айланиб унинг тақдирига бефарқ бўлиш мумкинми? Самарқанднинг миллатимиз ва Ватанимиз тарихидаги ўрни учун ҳар бир инсон масъул эмасми? Бу ерда ўтқазилган ҳар бир дарахт, қўйилган ҳар бир ғишт миллат ва тарихга дахлдорку!? Кўзни юмиб, лабни тишлаб, бошни эгиб Ватанни севиб бўлмайди. Шундай экан биз кузатишимиз, ўрганишимиз ва асосли тарзда ўз фикрларимизни ошкора ёзишимиз шарт.
Регистон майдонидаги бахшилар ҳайкалининг кўчирилишига, ишончим комилки, тайинли сабаблар бор ҳамда бу тўғрида ҳурматли масъул кишилар билишади. Шу сабабли биз ҳеч кимни маънавий жиҳатдан айблай олмаймиз ва айбламоқчи ҳам эмасмиз, фақат фуқаро сифатида меъморий ёдгорлик тақдирини билгимиз келади. Бу тўғрида ўйлар эканмиз, муҳтарам Юртбошимизнинг “Янгисини қурмасдан эскисини бузманг” деган ибратли, пурмаъно гапларини такрор эслаймиз. Ахир ҳайкални бузишдан олдин унинг янги жойини режалаштириш, тайёрлаш ва бирдан ўз ўрнига кўчириш мумкин-ку? Ҳозир кундан-кунга чирой очаётган шаҳарнинг исталган коллежи биноси олдида бу ҳайкал муносиб жойлашган бўлар эди. Масалан, санъат коллежининг янги биноси олдида…
Бахши – шоирлар ўзбекнинг шаъни, ғурури, тили, демакки лафзи ҳалоли ҳамдир. Миллат ғурурининг Самарқанддек шаҳарда муносиб жойда туриши ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда бизнинг кўп маънодаги тоат-ибодатларимиз бесамар кетар ва биз сохтагина сўзбозга айланиб қоламиз. Сўзга келсак, бу бойлик бизда кутганимиздан ҳам ортиқ. Ҳолбуки иш, амалий иш керак.
Шундай қилиб бувалар узоқ йўл юришибди. Йўлда улар шаҳарда кўрган-эшитганларидан гурунг қилишибди. Уларнинг гапи узоқ-узоқларга эшитилиб турибди.
– Бир кун биров ёғоч деб мис дўмбирамни ўғирлаб кетибди. Кўзим гартак илашганакан…
– Дўмбирангизга қўшиб бошқа нарсаларни олиб кетишмабдими?..
– Бошқа нарсани билмайман-ов, лекин қўқони аравасини биров микрорайоннинг бозорида миниб кетаётганини эшитдим…
– Эй, у аравамнинг нусхаси эди-ку… Машҳур ҳайкалтарош ясаган санъат асари…
– Санъат асари эканлигини тушунмаган-да бирортаси, арава бўлгач, бозорда турмай, музейда турсинми, деб ўша ерга қўндирган қўйган-да…
Буваларнинг аскияси узоқ давом этибди. Гурунгни Фозил бахши тўхтатибди:
– Регистонда бир кам қирқ жил пошшодай ўтирдик, иззатам шунча бўлар-да. Нолисак бўлмас. Шундай дея Эргаш Жуманбулбул ўғли дўмбира пардасини даштчасига созлаб, кўнгилдаги ўй-хаёлларга мослаб, борса гумонга кетаётган Ўртанча ботир сўзига хослаб, шогирди Бекмурод жиров тилидан бир сўз айтиб, тушунсаларинг хўп-хўп, тушунмасаларинг савияларингдан чиқиб, чироқчича қип, бахшимас кўчирмачи, деб қўёғонглар, буёғи эниш деганича, йўлға имлаб, мийиғида кулиб, бир сўз айтиб турган экан:
Оқ олмадан қизил олма яхшидир,
Бу сўзларни топиб айтган бахшидир.
Шоири йўқ, олими йўқ тилло саройдан,
Чўлларда гумбаз қудуқ яхшидир.
Фойдасиз гияҳдан тупроқ яхшидир,
Муҳаббатсиз гулдан япроқ яхшидир.
Кўр одамга кўрар йўлин кўрсатар,
Вафосиз ҳамроҳдан таёқ яхшидир…
Samarqand.uz