
Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи: Фольклоршунос олим Малик Муродов.
Устоздан ўтган шогирд
Шерободда бир дўмбиракаш ўтган экан. Дўмбира чертишда уни олдига тушадиган киши бўлмабди. Дўмбирани шундай чертарканки, уни эшитса сурувдаги қўй-эчкилар ўтламай қоларкан, тоғдаги булбуллар сайрашдан тўхтаркан. Шу дўмбиракашнинг бир шогирди бўлиб,у ҳам дўмбирани қойил-мақом қилиб чаларкан. Кунлардан бир куни дўмбиракаш «Шеробод чўлида бир ҳушрўйқиз бор. Ҳеч кимни ҳоҳламасмиш. Кимда-ким дўмбирани яхши чертиб шартини бажарса, унга тегармиш» деган хабарни эшитиб қолибди. Дўмбиракаш йўлда ҳамроҳ бўларсан деб шогирдини ўзи билан бирга олибди. Дўмбиракаш билан шогирди сўраб-суриштириб Шеробод чўлига етиб бориб, қўй боқиб юрган бир гала қизларнинг устидан чиқиб қолишибди. Қизлардан бири уларнинг чўлга қидириб келиш сабабини сўраган экан дўмбиракаш:
— «Дўмбира чалиб шартимни бажарганга тегаман» деган сулувнинг шартини бажаргани келдим. Бу бўлса менинг шогирдим», — дсб жавоб берибди. Кейин дўмбиракашнинг:
«Ўша сулувни қаердан излаб топсам бўлади?—деган саволига «Ўша сен излаган мана менман» деб қизларнинг энг соҳибжамоли ўртага чиқибди. Қизнинг қўнғироқдай овози худди булбулникига ўхшармиш.
— Шартингни айт, санам, узоқ жойдан уни бажаргани келдим, — дебди дўмбиракаш. Кейин қиз ҳеч нима демай чанқовузда шартларини айтибди. Қиз чанқовуз чалганда учиб бораётган қушлар таппа-таппа ерга тушармиш. Дўмбиракаш ҳам чанқовуз куйига интиқ бўлиб, эриб кетганлигидан отидан қулаб тушишга оз қолибди.
Лекин шогирди қизнинг шартини кун билан айтганига тан берибди-ю, «Шу ҳам чалиш бўлдимикан»,— дегандай эснаб-эснаб қаққайиб от устида тураверибди.
Қиз чанқовузни чалиб бўлиб дўмбиракашга қараб: — Узоқ йўл тортиб келибсан. Айланайин ноумид кетма, шартимни бажарсанг мен сеники. Чанқовузда айтсам, унчалик тушунмадинг. Қизил тил билан айта қолай. Шартим шуки, йилқиларим орасида бир бия бор. Шу биттагина туғиб етти йил туғмай кетди. Бияни олдинга олиб келаман. Дўмбиранг билан елинидан сут келтира олсанг ютиб чиққанинг, — дебди.
Қиз бияни олиб келиб, унинг елинига идиш тутиб тураверибди. Дўмбиракаш дўмбирасини чала бошлаб қиёмига келганда биянинг елини тўла бошлабди. Қирқ иккинчи нағмага етганда биянинг елинига сут келиб, қиз соғаётган идишга бир-икки томчилабди, холос. Қиз идишни ушлаб туриб чарчабди. Кейин: «Бўлмади, дўмбирангни қиёмига келтириб чалиб, биянинг елинига сут келтириб, бир-икки томиздира олдингу, аммо шов-шов оқиздира олмадинг, дебди.
Дўмбиракаш пешонасига уриб, дўмбирасини синдирмоқчи бўлган экан шогирди:
— Устоз, — дўмбирани менга беринг. Қани, мен ҳам бир чертиб кўрайчи, — деб илтимос қилибди.
Дўмбиракаш:
— Мен қиёмига келтириб чалиб бия елинидан сут келтира олмадиму сенга йўл бўлсин, — дебди.
— Дўмбирангни бер, чертса-чертсин, — дебди қиз. Кўнгли қолмасин!
Дўмбиракаш ноилож дўмбирасини шогирдига берибди. Шогирди дўмбира чала бошлабди. Дўмбира куйи роса қиёмига етганда қиз қўл теккизмаса ҳам биянинг елинидан сут шовиллаб оқибди. Йигитнинг дўмбира чертишига тан берган сулув қойил қолиб унга тегишга рози бўлибди.
Дўмбира тили
Сурхондарёда Эрам дўмбирачи деган бахши ўтган экан. Эрам бахши дўмбирани шундай келтириб чалар эканки, учиб бораётган қуш келиб дўмбира бошига қўнганини ўзи ҳам билмай қолар экан.
Қашқадарёда эса Умбир бахши яшар экан. Умбир бахши ҳам куй чалганда дўмбирасига қушни қўндиргич экан. Кунлардан бир кун Умбир бахшининг қашқа эчкиси йўқолиб қолибди. Бахши у ёқни қараб, бу ёқни қараб эчкисини топа олмабди. Кейин одамлардан фалон тоққа бир сурув мол келган, чўпони дўмбиракаш Эрам бахши деб эшитиб қолибди. Эчкининг йўқолиши баҳона бўлиб-ди. «Қани, тоққа бориб кўрайчи, Эрам бахшиси дўмбирани қандай чаларкин», дебди-да, отига миниб, дўмбирасини қўлига олиб тоққа қараб жўнабди. Сурувга етиб бориб, қўй-эчкиларини яйловга ёйиб дўмбира чалиб ўлтирган чўпонни кўрибди. Эрам шунчалик дўмбира чалаётган эмишки, ҳатто тепасига келиб ўзига қараб турган отлиқ Умбир бахшини ҳам сезмай қолибди. Эрам чалишдан тўхтагач, Умбир бахши:
— Қани дўмбирангни менга берчи,— дебди. Эрам бахши ҳеч нима демай дўмбирани унинг қўлига тутқазибди. Умбир бахши овоз чиқармай дўмбирани тилга киритиб: «Ҳой чўпон, мен бир эчки йўқотдим. Қулоғи ундай, қўл-оёғи бундай, белида белбоғи, бўйинда қўнғироғи, ўзи олачипор, оёғи бамисоли тўрт чинор, овози ингичка, қилиғи шайтонча, уни кўрмадингми, сурувингга қўшмадингми»,— дебди. Кейин у ҳам индамай дўмбирани.Эрам бахшига берибди. Эрам бахши дўмбирасини қўлига олиб, уни сайрата бошлабди. «Ҳа, — дебди дўмбира тили билан бу ҳам, — уч кун бўлувди, бир ола эчки сурувга келувди. Шайтонни белига миниб, ола чопонни кийиб, бўйнида қўнғироғини жиринглатиб, юрувди. Манглайи қашқа, ўзи мисоли ҳакка, бир оёғи чўлоқ андаккина, ўзи бўлса тентаккина эчкинг уч кун бўлди оёғи синувди, фалон тоғнинг ғорида тўрам келармикин, мени олиб кетармикин, деб маъраб ётувди».
Умбир бахши Эрам бахшининг дўмбира чертишини кўриб тан бериб:
— Сенинг дўмбирани бунчалик сайрата олишингни кўриб қойил қолдим. Мен ҳам дўмбира чертаман деб юрган эканман. Ҳар қанча уринсам сенга ета олмайман. Ўша шайтон эчким ҳам, тагимдаги тулпорим ҳам сеники,—дебди-да, изига қайтибди.
Бахши дўмбирасининг сири
Алим бахши Шаҳрисабзлик дўмбиракашнинг дўмбираси довруғини эшитиб, уни сотиб олмоқчи бўлибди. Бор бисотидан қўй ва серкаларини сотиб Шаҳрисабзга борибди. Дўмбиракаш дўмбирасини сотмай, агар чалишда ундан ўтказиб юборса дўмбирасини текинга беришлигини айтибди.
Бахши дўмбирани бирам соз чалибдики, уни эшитиб, боғлардаги қушлар ҳам сайрашдан тўхтаб, қолибди. Дўмбиракаш қойил қолиб:
— Қойиллатдинг, иним. Ол, дўмбира сеники бўла қолсин,- дебди. Бахши дўмбирани олиб, ўз қишлоғига қайтиб келибди.
Қишлоқ четидаги катта карвон йўл бўйида, бир баланд тепалик бор экан. Бахши қўйларини қирга ёйиб, ўзи тепаликка чиқиб дўмбирасини сайрата берибди. Шу пайт тепасидан ўтаётган туялар дўмбира куйига эриб, бирин-кетин юришдан тўхтай бошлабди. Туякаш карвонбоши эшаги юрмай қолганини кўриб орқасига қараса туялари аста- секин чўккалаётган эмиш. Туякаш ҳайрон бўлибди. Кейин: «Шу бахшида бир гап борку-я» деб унга қараб қичқирибди,— ў, бахши, дўмбирангни тўхтат, туяларим юрмай чўккалаб олди! Бахши уни эшитмай чалишда давом этибди. Карвонбоши яна қичқирибди. Бахшининг эътибор бермай дўмбира чертишини кўриб карвонбоши «қув-чўпни қувратмай, қўлларинг қувраб қолсин», дебди. Бахши дўмбирасини тўхтатгандан кейингина туялар бирин-кетин ўринларидан туришиб, қўзғалиб, йўлга тушишибди..
Ҳақиқаттан ҳам кейинчалик, туякашнинг айтгани билан эмас, балки бетиним дўмбира чалганидан Алим бахшининг қўллари қувраб қолганини ўзи ҳам сезмай қолибди.
Бухоро хони билан Бахши
Бухоро хони доно вазирининг қайтаришига ҳам қулоқ солмай, бахшиларнинг ҳамма гапи ўтрик деб, қўшиқчи билан дўмбиракаш борки туттириб келиб жазолайверибди. Кейин «қўшиқчи қўшиқ айтмасин, дўмбиракаш дўмбира чертмасин, кимда-ким айтганимни қилмаса боши ўлимда, моли талонда», деб фармони олий биттирибди. «Подшоҳнинг амри вожиб» деганларидай унинг айтганини қилиб, қўшиқчи қўшиқ айтишни тўхтатибди, дўмбиракаш дўмбирасини синдирибди.
Бир вақт келиб хоннинг юраги сиқиладиган, кўнглига ҳеч нарса сиғмайдиган, ҳеч нарсани ёқтирмайдиган бўлибди. Қўшиқни, дўмбирани яхши кўрадиган вазирини ёнига чақириб:
— Авваллари кўнглим қувноқ эди. Юрак-юрагимдан кула олар эдим. Энди бўлса кўнглим ҳеч нарсани ёқтирмайди. Менга бир бало бўлди шекилли, ё вақти қазойим битдимикин, — дебди.
Шунда вазири:
— Хоним, илгарилари юртда қўшиқчилар бўлар эди. Улар қўшиқ айтиб, дўмбира чертса қалбдан самимий кулар эдингиз. Юрагингиз очилиб, кайфиятингиз яхши бўлар эди. Энди бўлса уларни сўзларинг ўтрик, бўлмағур деб ўлим жазоси билан қўрқитиб юбордингиз. Қўшиқчи қўшиғини айтмай, дўмбиракаш дўмбирасиии чертмаганидан бир сиз эмас, бутун эл қайғу- ғамда қолди.— дебди. Подшоҳ сир бой бермай,
— Қўшиқчи қўшиқ айтса, дўмбиракаш дўмбира чертса кўнгил кўтарилиб, юрак ёзиларканми,— дебди.
— Ҳеч сўзсиз хоним, — деб жавоб берибди унга вазир. Қўшиқ дилларни яйратиб, кишига ўзгача ҳузур ато этади. Дўмбира куйидан сел бўлиб эриб кетасиз.
— Бўлмаса дурустроқ бахшини топиб кел. Ўшанда гапингнинг рост-ёлғонлигини биламан дебди. Вазир подшоҳ айғоқчиларидан Қамаши деган жойда бир бахши борлиги хабарини топибди.
— Сени подшоҳликка олгани келдим, — дебди вазир бахшига.
— Мен қўшиқчи ё дўмбиракаш бўлмасам. Нега энди подшоҳликка борар эканман.— Вазир бахшининг донғини эшитган экан.
— Йўқ, сен бахшисан,— дебди вазир бахшига қараб. Қўрқмас, довюрак қўшиқчисан. Ҳамма қўшиқчи дўмбирасини синдириб, қўшиқ айтишдан воз кечган бўлсанг сен қўшиғингни баралла айтиб юргансан. Тўғрисини айтсанг, дордан сақлаб қоламан.Ёлғон аралаштирсанг хонга бориб «Фармони олийингизни қилмай, дўмбира чертиб, қўшиқ айтиб юрибди», деб дорга остираман. Худо ёрлақаб хонга қўшиқ керак бўлиб қолди. Бахши ўйлаб-ўйлаб:
— Майли, хонингга қўшиқ айтиб, бахшининг кимлигини кўрсатсам кўрсата қолай. Кейин нима қилса-қилсин,— дебди-да, вазир билан бирга саройга жўнабди. Бахши эски-туски жулдурвақа кийимда бўлганлигидан вазир уни саройга киритмай кўчада қолдириб, тагига пўстак солдириб ўтқаздириб қўйибди.
«Хонни шу ерга олиб чиқаман,— дебди, вазир ўзига-ўзи. Бахшининг иззат обрўйи, қўшиқнинг қанчалик яхшилигини бир билиб қўйсин. Зеро, ҳадеганда қўшиқ билан дўмбирага тош отавермасин».
Бахшининг шундоққина рўбарўсида хонга тахт ясаттирибди-да, унинг олдига кирибди.
— Биргина бахшини зўрға топиб келдим. Эгни жуда юпун бўлганлигидан ташқарида қолдириб, кирдим. Чиқиб қўшиқ тингланг,—- дебди. Хон дарров кўна қолибди.
Хонни кўрган катта-кичик, шошиб-пишиб унга таъзим қилиб, иш-ишига қараб кетаверибди. Бахшининг олдида оломон гавжум эмиш. Хон девкомат бахшини кўриб, уни сўз билан мот қилмоқчи бўлиб:
— Сен бу ерда нима қилиб юрибсан номозгарнинг соясидай бўлиб, — дебди. Бахши жойидан туриб, кўринишдан жуда йўғон, аммо ақли калта подшоҳга қараб:
—Сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз туянинг думидай бўлиб, — деб жавоб қайтарибди. Хон бахши қайтарган жавобнинг чин маъносини англаб-англамай қофияга қараб тозаям кулибди. Кейин кулгидан зўрға тўхтаб, вазирга қараб:
— Майли бахшинг қўшиғини айтса-айта қолсин. Вазирнинг имоси билан бахши достон бошлабди. Бир пасда тумонат одам йиғилибди. Бахши дам йиғлатиб, дам кулдириб тозаям куйлабди.
Хоннинг бор-йўқлигини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмабди. Ҳамма бахшига офаринлар айтиб, олқишлабди. Қўшиқ хонга ҳам таъсир қилиб, аввалги фармонини бекор қилиб, «Бахшилар қўшиғини куйлаб, дўмбирасини чертаверсин», деб фармони олий битибди.
Дўмбира билан Булбул
…Булбул дўмбира билан баҳслашиб қолибди: «Мен мингта куй-наъма биламан», деб мақтанибди. Дўмбира булбулга ҳеч нима демай наьмасини чала бошлабди. Лекин бир минг бир наьмага етганда булбул дўмбиранинг қулоғига қўниб шундай деган экан: «Бас қил, сенга қойил қолдим. Мендан кўра хам кўп ва хўп билар экансан”.
Шундан буён дўмбира тилга кирганда, бас, булбул куйлашдан тўхтаркан-да, секингина созчи ёнига учиб келиб ҳомушгина ўтириб куй тингларкан…