Болтабой Мамарасулов, Муҳиддин Ҳасанов

Раҳматилла Юсуф ўғли атоқли достончи-қиссахон, қалби кенг улуғ инсон эди

Раҳматилла Юсуф ўғлини болалигимиздан биламиз. Уйи Қоракиссанинг ўртасида бўлиб, яқинидаги бошланғич мактабда ўқиган кезларимизда жуда кўп кўрардик: йирик жуссали, оқ юзли, чиройли киши эди. Уйи доимо гавжум эди. Нафақат қишлоқдошларимиз, балки атрофдаги қишлоқлардан ҳам кишилар кўп келарди. Катта-кичикнинг бари беҳад ҳурмат қиларди, олдидан ҳеч ким саломсиз ўтмасди.

Ўсмирлик йилларимизда Раҳматилла акани янада чуқурроқ била бошладик. Тошкентдан, Самрқанддан олимлар, ёзувчи-шоирлар меҳмон бўлиб келганларида чой дамлаб, хизмат қилган вақтларимиз ҳам кўп бўлган.

Раҳматилла Юсуф ўғлидан хоҳ республика адабий муҳитидан, хоҳ диний-маърифий масалалардан сўраманг, атрофлича, тўлиқ жавоб олардингиз. Дили очиқ, кўнгли кенг, боланикидек беғубор, ўта камтарин бўлиб, меҳмондўстлиги ниҳоятда кучли эди. У киши ўтирган хонада эрталаб очилган дастурхон кечаси ётишга бориб ёпиларди, десак муболаға бўлмасди. Ҳатто кечалари ухламай достон-у қиссаларидан айтиб берарди.

Ўзбек адабиёти тарихида Қўрғон достончилик мактабининг муносиб ўрни бор. Олимларнинг ёзишича, бу қишлоқдан 250 га яқин катта-кичик бахши-шоирлар ижод этиб ўтган. Шуларнинг ичида ўзбек халқ оғзаки ижодини ўзининг ўлмас достонлари билан бойитган Эргаш Жуманбулбул ўғли эди. У киши ижод этган даврга келиб Қўрғон достончилик мактаби машҳур бўлди. Раҳматилла Юсуф ўғли шу мактабда таҳсил кўрганлардан.

Шоирнинг 60 йиллик юбилейи нишонланган 1977 йилда бир неча бор суҳбатлашганмиз ва ўз тилидан унинг фаолиятини сўраб олган эдик.

Раҳматилла Юсуф ўғли 1917 йилнинг 10 мартида Қоракисса қишлоғида (Қўрғон ҳам аслида шу қишлоқдан ажралиб чиққан) дунёга келди. Отаси ўз даврининг анча саводхон кишиларидан эди. Эл ардоқлаган мулла бўлган. Қори Юсуф бобо ўғлининг ҳам ўқимишли бўлишини ният қилган, уни 8 ёшга етганида мактабга беради. Ўша вақтда Қоракиссадаги мактабда Эргаш Жуманбулбул ўғли муаллимлик қиларди. У асосан дарсларда болаларга достон ва маталлар айтиб берган, араб алифбосида ёзиш ва ўқишни ўргатган. Кейинчалик бу мактаб эски мактабга айланиб кетади. Раҳматилла унда ҳам 4 йил ўқийди. 1930 йилга келиб яна янги мактаб ташкил қилинди. Унда ҳам ўқиди. Хуллас, билим олишга иштиёқи зўр бўлганлигидан саводини чиқариб олади.

1935 йилдан бошлаб колхозга чиқиб ишлай бошлайди. Лекин билим олишни тарк этмайди. То 1940 йилгача IX синфни битириб олади. Кейинчалик ўқишни давом эттиришнинг иложи бўлмай дала ишлари билан банд бўлиб қолди.

Раҳматилла Юсуф ўғли 12-13 ёшларида ўзича достонлар айтишга ҳаракат қилди. “Қора кокил” достони ижодининг илк намунаси эди. Аслида бу эртак бўлган. Бўлғуси достончи-қиссахон шу эртак сюжети асосида достон яратган. Эргаш Жуманбулбул ўғли буни эшитиб, уйига боради. Раҳматиллада талант борлиги, ёш қалбида шоирлик куртаклари ниш ураётганлигини сезиб, отасига “ўғлингиз менга шогирд тушсин” деган маслаҳатни беради. Бу уларга жуда маъқул тушади. Шундай қилиб, Раҳматилланинг адабиёт майдонига киришига дастлабки йўл очилади. У 19 ой Қўрғон достончилик мактабидан таълим олди. Эргаш Жуманбулбул ўғли достончиликнинг ўзига хос йўл-йўриқларини, халқ оғзаки ижодининг услубларини, достон айтиш маҳоратини қунт билан эгаллатди.

1937 йилда истеъдодли бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли вафот этади. Кейин Раҳматилла Юсуф ўғли хатирчилик машҳур бахши Пўлканга котиблик қилади. Пўлкан шоир сюжет тузишга жуда уста экан. Раҳматилла учун бу ҳам жуда қўл келди. Лекин у ерда кўп туролмади. Қишлоққа қайтиб, колхозда ишлашга мажбур бўлиб қолди.

Раҳматилла Юсуф ўғли 1946 йилда Самарқандга боради. У ерда ёзувчи ва шоирлардан Муҳсинзода, Саид Назар, драматург Исмоил Акрамлар билан учрашади. Ўзи ижод этган достон ва термаларидан айтиб бергач, уларга жуда маъқул тушади. Сўнгра “Ватан тақдири”, “Келдим” каби шеърлари вилоят “Зарафшон” газетасида эълон қилинади.

Шу йили Тошкентда санъаткорлар кўриги ҳам ўтказилди. Раҳматилла Юсуф ўғли нуроталик бахши Бекмурод Жўрабой ўғли билан ана шу кўрикда 17 кун иштирок этди. Кўрикда халқ бахшиларидан қашқадарёлик Мардонқул Авлиёқул ўғли, сурхондарёлик Худойқул бахши биринчи ўринни олади. Уларнинг орасида Раҳматилла Юсуф ўғли ҳам бор эди. Унга кўрикнинг биринчи даражали дипломи тантанали топширилди.

Шуниси муҳимки, Раҳматилла Юсуф ўғлининг ижоди Тошкентдаги фолъклоршунос олимларнинг диққатини ўзига тортди. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг А.С.Пушкин номидаги тил ва адабиёт институти директори Ходи Зарипов, шу институт фолъклор секторининг мудири Мансур Афзалов, кўрик ҳайъатининг раиси Юсуф Султоновлар унинг ижодий фаолияти билан яқиндан танишиб, кейинчалик мустаҳкам алоқа ўрнатдилар. Тил ва адабиёт институтига илмий ходимликка лозим топишди. Шу билан бирга “Қора кокил”, “Суманбар”, “Қирқ йигит ва қирқ қиз” достонларини институтда олиб қолишди. Сўнгра “Вомуқ ва Узро” достонини ҳам ёзиб юборди. Аста-секин Гўрўғли туркумидаги достонлардан 36 тасини ёзиб топширди. Илмий ходим сифатида институтнинг фолъклор сектори олимларига ишда кўмакдош бўлди.

Раҳматилла Юсуф ўғли ўз асарлари билан республикамиздаги кенг китобхонларни баҳраманд этди. Республика, вилоят ва туман газеталари саҳифаларида қатор термалари, достонларидан парчалар, шоир ижодига бағишланган илмий мақолалар чоп этилди. Шунингдек, Раҳматилла Юсуф ўғлининг асарлари айрим тўпламларга ҳам киритилган. Ва ниҳоят, 1975 йилда 60 минг нусхада чоп этилган “Тоҳир ва Зуҳра” китоби фолъклоршуносларни ҳам, халқ оғзаки ижодига ихлоси баланд кишиларни ҳам беҳад қувонтирди. Бу китоб 5 та алоҳида достонни ўз ичига олган: “Тоҳир ва Зуҳра”, “Суманбар”, “Зевархон”, “Вомуқ ва Узро”, “Гулшоҳ ва Варқа”. Бу бадиий мукаммал асарларда халқимизнинг узоқ ўтмиши, ҳаёти, эрк йўлидаги кураши акс эттирилган. Улардаги бош қаҳрамонлар ҳалқ ғамини ейдиган, меҳнаткаш оммага ғамхўрлик қиладиган, чин севги ва муҳаббатни улуғлайдиган, меҳнатсевар, пок виждонли кишилардир. Бу билан шоир “Ҳар бир киши ана шулардек бўлиши керак” деган ғояни илгари суради, қўрқмас, ботир, тўғри сўзли бўлишга чақиради.

Раҳматилла Юсуф ўғли ўз термаларида кўпроқ ёшларга мурожаат қилади. Уларни ишчан бўлишга, ҳалол ҳаёт кечиришга чақиради. Миллий менталитетимизга ёт бўлган туҳматчилик, ишёқмаслик, ёлғончилик каби иллатларни қоралайди.

Раҳматилла Юсуф ўғли маҳоратли таржимон ҳамдир. У “Латифахои тожики” китобини, Жомийнинг “Гулшоҳ ва Варқа” достонини тожик тилидан ўзбек тилига муваффақиятли ағдарди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шоир форс-тожик, араб, рус, татар, туркман, бошқирд, қозоқ, қорақалпоқ, тунган, қирғиз, уйғур, озарбайжон тилларини яхши билган.

Раҳматилла Юсуф ўғлининг бой ва сермазмун ижоди фолъклоршунос олимлар томонидан қизиқиш билан ўрганилди ва бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. Филология фанлари доктори, профессор марҳум Ҳоди Зариповнинг бу борада хизматлари жуда катта. Домла шоир ижодининг камол топишига кенг йўл очиб берди. То умрининг сўнгги кунларигача Раҳматилла Юсуф ўғли билан мустаҳкам алоқада бўлди.

Шунингдек, филология фанлари докторлари, профессорлар Сиддиқ Асқаров, Малик Муродов, Тўра Мирзаев, Ёқубжон Жўраев, Зубайда Ҳусаинова, Музайяна Алавия, Муҳаммадқодир Саидов, Охунжон Собиров, Матёқуб Қўшжонов, Мамадали Қўшмоқов, Тошкент халқ ижодий уйининг ходимлари Ойдин Исмоилов ва бошқа олимлар ҳамда илмий ходимлар Раҳматилла Юсуф ўғли билан доимий суҳбатда бўлиб, ижодини кенг кўламда ўрганиб, илмий мақолалар ёздилар. Китобларини қайта-қайта чоп эттирдилар. Жумладан, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари иккинчи ярмида ЎзФА Алишер Навоий номидаги тил-адабиёт институти томонидан Раҳматилла Юсуф ўғлининг Тўра Мирзаев ва Зубайда Хусаинова нашрга тайёрлаган “Гўрўғли” туркумидаги достонларини 4 жилдда, ўтган йили эса лотин алифбосида қайта босмадан чиқарди.

Ажойиб инсон Раҳматилла Юсуф ўғли 70 ёшида оламдан кўз юмса-да, ёзган асарлари ўзбек халқ ижодининг ажойиб дурдоналари сифатида эъзозланиб келинаяпти.

Биз қиссахон шоир Раҳматилла Юсуф ўғлининг 90 йиллигини ўтказишга ташкилотчилик қилаётган барча ижодкорларга миннатдорчилик билдирмоқчимиз. Хусусан, Қўрғон достончилик мактабининг қайта тикланишида СамДУ кафедра мудири, профессор, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг чевараларидан бири Абдулла Насимов ва дорилфунун бўлим бошлиғи Абдусамад Мамаюсупов ташкилотчилиги ва фидойилигини таъкидлаш лозим.

Раҳматилла Юсуф томонидан ёзиб қолдирилган ва ижро қилиб юрилган “Гўрўғли” мажмуасига киритилган достонлар.

“Гўрўғлининг туғилиб ўсиши”, “Гўрўғлининг болалиги”, “Чортоқли Чамбил”, “Райхон араб”, “Юнус билан Мисқол”, “Ҳасанхон”, “Қирқ йигит ва қирқ қиз”, “Гўрўғлибекнинг Авазхонни олиб келгани”, “Хон Далли”. Бу достон “Ҳасанхон” номи билан Эргаш Жуманбулбул ўғли томонидан Тошкентга ёзиб берилган. “Авазхоннинг қочиши”, “Авазхоннинг уйланиши”, “Говдароз дев”, “Чамбилга беш подшонинг ёв бўлиб келиши”, “Сарвиноз”, “Ҳасан кўлбар воқеаси”, “Гўрўғлининг Аҳмад Сардорни ўлимга буюриши”, “Аваз ўғлоннинг Румга қочиши”, “Балогардон”, “Чамбил қамали”, “Ойгул қизнинг вафоти”, “Хушкелди”, “Кундуз билан Юлдуз”, “Шоқаландар”, “Рўзахон”, “Ёсқила”, “Хиромон далли”, “Равшанхон”, “Бозиргон араб”, “Шаҳиднома” (“Гўрўғлининг ўлими”).

Аммо “Гўрўғли” достонлари мажмуасига кирмаган “Сумбулсоч бека”, “Малика айёр”, “Зулфизар” каби достонлар ҳам бўлган.

Барча намуналарни шоирнинг ўзи ёзиб топширган. “Қирқ йигит ва қирқ қиз”, “Нуралининг ёшлиги”, “Сумбулсоч бека” достонлари 1946-1947 йилларда, қолганлари эса 1964-66 йилларда қаламга олинган.

Шоир “Рўзахон”, “Ёсқила”, “Бозиргон”, “Хиромон дали” каби Хоразм достонларини ҳам шоир куйлаган.

***

НА ФОЙДА

Ниятинг тоза тут, ҳеч бўлма ғирром,

Қувонма, бировни бўлди деб бадном,

Яхши ишла, яхши ўйла ҳар айём,

Мабодо тойилиб кетма хатога

Ожизлар сурунса сенга на фойда?

Бир йил тўрт фаслдир – кузи, қишу ёз,

Баҳор хўбдир ҳар ён этмакка парвоз,

Ободлиқ касб этар неъмат билан ёз,

Кўпдин қолиб баъзан шундай дамларда,

Кейин тортар бўлсанг сенга на фойда.

Одамнинг ўзидан турур қилмиши,

Ҳар нимага кўнгил қўймиш ҳар киши,

Бири тойиб, бирин тузукдир иши,

Ички дунёдаги сирин билмасдан,

Маъно уқмакларга андин на фойда.

Оқил бўлсанг кишидан сурат сайлама,

Касби ҳалолингни ҳаргиз байлама.

Синамай бировга тахмин айлама,

На билурсан чама билан кимлигин,

Пишиқ ё хом бўлса сенга на фойда.

Раҳматулло, термаларинг гулистон,

Достонларинг ҳар қайсиси бир бўстон.

Самарқанд областим сайқали жаҳон,

Диёрим суюкли ҳур Ўзбекистон,

Менга Лондон, Истамбулдан на фойда.

Манба : Зарафшон.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *