Эргаш Жуманбулбул қандай вафот этган?

Ўтган XX асрда ҳам бири-биридан улкан салоҳиятли халқ оқинлари ижод майдонида пайдо бўлиб, ўзларидан бизга катта мерос қолдирдилар.

Қўрғон фольклор мактабининг забардаст, алп вакили Эргаш Жуманбулбул ўғли шундай оқинларимиздан биридир. Эргаш шоир замонамизнинг буюк достончиси, моҳир санъаткори, халқ орасида «Булбул» номи билан машҳур бадиҳагўй ижодкор эди. Бу улуғ халқ шоиридан бизга тўққизта анъанавий, иккита замонавий достон, бир достоннинг мазмуни, жуда кўп термалар, икки фотосурат, халқ бахшилари ва достончилик санъати ҳақида айтган ажойиб фикрлари ёдгорлик бўлиб қолди.

“Ҳуррият” газетасининг хабар қилишича, Эргаш ота ўзини шундай таърифлаб қолдирган:

Мен чечанман, ўзим сўзнинг устаси,
Мендан қолган катта шоир нусхаси.
Етти пуштим бари шоирга катта,
Уларнинг сўзининг йўқдир қисқаси…

Шоирнинг айтганича бор. Қўрғон достончилик мактаби уч асрдан кўпроқ вақт мобайнида суяк суриб келяпти. Ёдгор бахши, Жуманбулбул, Тилло кампир, Султон момоларнинг авлодлари ҳозир ҳам оқинликни давом эттириб келяптилар. Томирида бахши боболари қони жўш уриб, шеърлар ёзаётган Комил Синдоров айтанидек, Қўрғон заминида «Ҳатто қизғалдақнинг бийрон тили бор, Қўрғоннинг бир эмас, кўп булбули бор». Улар орасида, айниқса, Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан шоир, Раҳматулло Юсуф ўғли алоҳида ажралиб туради. Уларнинг дўмбираларидан таралган тароналар элимиз маънавиятини обод қилиб келмоқда. Эргаш ота XVII асрда ўтган Ёдгор бахши сулоласининг XX асрдаги зурёди эди.

Менинг отам Синдор — Қувондиқ бахшининг ўғли бўлган. У киши ўз давридаги бахшилар, халқ шоирлари ҳақида кўпгина қимматли хотираларни сўзлаб берган. Шу сабабли мен ҳам шулардан бир-иккитасини сўзлаб бермоқчиман. Маълумки, Эргаш Жуманбулбул ўғли 1936 йилнинг охирларида Тошкентга келган. Халқ шоирлари билан бу ерда катта учрашувлар уюштирилган. Биринчи шундай анжуманда таниқли фольклоршунос олим Ходи Зариф уларни битта-битта таништириши керак эди. Бошлаб Пўлкан шоирдан: «Кимсиз, қаердансиз?» деб сўраган. «Мен Хатирчидан» деган бахши. Кейин булунғурлик Фозил Йўлдош ўғли, китоблик Абдулла шоирлар ўзини таништиришган. Навбат Эргаш бобога келганда, у дўмбирани қўлга олиб, қуйлай бошлаган:

Районим Нурота тоғлар ораси,
Отим Эргаш Жуманбулбул боласи.
Қаридимми десам кўнглим қоласи,
Тобора ошади ёшдан ҳаваси…

Зални олқишлар, гулдирос қарсаклар тутган. Эргаш ота ана шундай чечан, бадиҳагўй бахши эди.

Эргаш бобо 1937 йилнинг апрелигача Тошкентда яшаган. Ходи Зариф ундан «Дали», «Хуш келди», «Равшан», «Қундуз билан Юлдуз» достонларини ёзиб олган.

Ходи Зариф Эргаш Жуманбулбул ўғлини Тошкент шаҳри бўйлаб олиб юриб, сайёҳат қилдирган. Унинг «Тошкент таърифи» деган машҳур термаси ана шу сайёҳат таассуротлари асосида яратилган. Бугун, мустақиллик даврида Тошкент деярли қайтадан қурилиб, дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланмоқда. Эргаш бобонинг:

Тошкент ободлиги ҳаддидан ошган,
Ўзбекистон марказига ярашган.
Кўрмаганлар кўрса, ақли шошган,
Хўп қидириб, обдон билгали келдим.

деган ажойиб сатрлари худди бугунги Тошкент ҳақида айтиилгандек садо бериб турибди.

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг Абдухалил деган укаси бўлган. Афсуски, у ўсмирлик ёшида оламдан ўтган. Отамнинг айтишича, у болалигидаёқ дўмбирани сайратиб чалган, ниҳоятда баланд хушовоз соҳиб бўлган экан. Бунинг устига, унинг ўткир хотираси ҳаммани ҳайратга солган. Катталардан бутун-бутун достонларни бир эшитишдаёқ ёд олиб, давраларда эмин-эркин қуйлаган.

Абдухалил 19 ёшида, тун алламахалда, катта бир даврада «Якка Аҳмад» достонини қуйлаётганда, ҳушдан кетган.

Абдухалил апрел-май ойларида кўз очмай ётиб, июн ойида вафот этган. Эргаш Жуманбулбул ўғли шундан кейин достонда нодир қобилиятли укасининг ҳаётдан ёш кетганлигини кучли дарду нолалар билан байтларга солади.

1937 йилнинг май ойи бошларида Эргаш ота Тошкентга йўлга чиққан, аммо Кўрғондан чиқиб, йўл-йўлакай ошналарникига бир-бир кирган. Май ойининг илк ёмғирли кунларида чопони ёмғирда ивиб, Каттақўрғон вокзалига етиб келган. Лекин уни поездга олишмаган. Оқин шу ерда қаттиқ шамоллаб касал бўлиб қолган. Вокзалда дафтари йўқолган. Оқиннинг аҳволи оғирлашгани сабабли, танишлари уни Қўрғонга қайта кузатиб қўйишган. Бир ҳафта оғир ётиб, 1937 йилнинг 11 май куни кечаси вафот этган…

Мен, аслида, мактабларда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаганман. Лекин Эргаш Жуманбулбул бобонинг ижодига болаликдан маҳлиё бўлиб келдим. Шу меҳрим туфайли 1970-йилларда Қўрғонда уй-музей ташкил қилишга киришдим. 1978 йили Эргаш бобонинг 110 йиллиги нишонланди ва Қўрғонда катта музей қурилди. Ҳозир ёшим 70 дан ошганлиги сабабли, музейни келиним Саодат Синдоровага топширдим. Ҳар йили музейга ташриф буюрувчилар сони ошиб бормоқда.

UzA.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *