Kategorier
Амирқул Пўлкан Крилл алифбосида

Кўп панд едим соддалигимдан

Амирқул Пўлкан

* * *

Кўп панд едим соддалигимдан,
Бировларга ишондим ортиқ.
Дўстларимга қайда бўлмайин,
Бор йўғимни айладим тортиқ.

 

Улар бари менга қадрдон,
Кўзларимга кўринар ёниб.
Мен уларнинг ташвиши билан
Гоҳо тунлар чиқдим тўлғониб.

Гоҳ дўстларни авайлаб, ўзим,
Қоқилсам – да, олмадим сабоқ.
Азасида кўзимни ёшлаб,
Тўйларида ташидим товоқ.

Пеш қилмайман камтарлигимни,
Дўст гуноҳин кечирган марддир.
Ота бўлса суянган тоғинг,
Дўст дегани содиқ ҳамдарддир.

Дўстим, сендан илтимосим шу,
Зеро, сабр косаси тўлди.
Қўлларимни қўйиб юбориб,
Оёғимдан чалмасанг бўлди!

* * *

Айтинг, ким ҳам хато қилмаган,
Адашмаган қисмат чўлида?
Фақат ишқ деб яшамас инсон,
Фақат гуллар унмас йўлида.

Фариштамас одам ҳарқалай,
Баъзан хато қилса, не ажаб!
Ўз орзуси – йўлидан қайтмай,
Шараф билан ўлса, не ажаб!

Не ажабки, тўқсон йил яшаб,
Етолмаслик мумкин тилакка.
Не ажабки, кўкракка муштлаб,
Буйруқ бериб бўлмас юракка.

Бу дунёда тўғри йўллар кўп,
Сен ҳам ўз йўлингни излайсан.
Гоҳ қувониб, гоҳо ғам ютиб,
Хато қилганингни сезмайсан.

Тўхтамайсан, йўл бўлмас адоғ,
Ҳар бир манзил сабринг синайди.
Энди оғзинг ошга етган чоғ,
Кутмаганда бурнинг қонайди.

Адашганинг сезасан, лекин,
Тополмайсан бошқа бир чора.
Сўнг ортингга қайтасан секин,
Ўзга бир йўл топсам деб зора.

Тополмайсан, чунки ҳар ҳарсанг
Ҳасрат бўлиб синдирар белинг.
Ва қай тарзда бошлаган бўлсанг,
Худди шундай тугайди йўлинг.

Зеро тўғри йўллар беқиёс,
Ўтишарлар бетин, дамо – дам…
Фақат ундан юрмас ва ўтмас
Ўз йўлини излаган одам!

*  *  *

Кетдингиз Сиз тирик ўлдириб,
Кетдингиз қўл етмас манзиллар сари.
Наҳот хато қилсам Сизга дил бериб,
Наҳот бир тушдай тугаса бари?

Ўтмиш қолди бунда, келажак қолди,
Кетдингиз лаб тишлаб ёлғиз, паришон.
Озор чекдингизми, нималар бўлди?
Сўрамоққа бир лаҳза берингиз имкон!

Айтинг сўнгги бор, гуноҳим нима?
Йўқса Сиз ўзингиз айбдорсиз ёким.
Айтингиз, токи мен сабабин билай,
Виждон азобида қоврилмай токим.

Кетдингиз Сиз мени тирик ўлдириб…

* * *

Яшаш қийин…
Бошни қотириб,
Нохуш ўйлар бузар тинчингни,
Юрагингга илондек кириб,
Сўриб олар бутун кучингни.

Ўртанасан ич – ичдан беун,
Ўйларинг ҳам билмас ниҳоя.
Ғазабингни қўзғамоқ учун,
Бир совуқ сўз қилар кифоя.

Доим сенга нимадир етмас,
Дастурхонда гарчи ош нонинг.
Сен аввало рўзғоринг эмас,
Бутун бўлсин дейсан имонинг.

Яшаш қийин…
Айниқса сенга,
Яшолмайсан беҳис, бедаво.
Ўз сўзингга ўзингсан эга,
Бошқача йўл – сенга нораво!

Тақдир сени шу кўйга солган,
Сен шу йўлдан ўтасан бедор…
Чунки инсон имони билан,
Қалби билан яшар пойидор.