
Саодат Пўлканова
Достончиларнинг энг аввало қўлларидаги созлари тиниқ бўлиши керак. Бу сознинг номи дўмбирадир. Достоннинг умуман соз чиқиши биринчи навбатда дўмбирага, уни чалиш маҳоратига боғлиқ . Дўмбира тобида экан, бахшининг завқи ҳам авжида, достон ҳам қизиқарли бўлиши шубҳасиз. Бежизга бахшилар “Дўмбиранг соз, сўзинг соз!” деб айтишмаган. Дўмбира достон воқеаларини бахши ўз хотирасида тиклаб олишда, уни узоқ вақт куйлашда, биринчи кўмакчи, ҳамроҳ ва синалган йўлдошдир. Қадимда баъзи достонларни ижро этишда нафақат дўмбирадан балки қўбиз ва чанқовуздан ҳам фойдаланишган.
Қўбиз чертиб чалинадиган чолғулардан бири бўлиб, туркий халқларда энг машҳур, энг кўҳна мусиқий асбобдир. Чанқовуз эса оғизга олиниб тил ёрдамида чалинадиган асбоб ҳисобланади. Уни ҳозирги кунгача купроқ ижрочи аёл бахшилар, лапарчилар чалишади. Бу ҳам туркий халқларда энг ноёб мусиқа асбоби саналади. Ўзбек бахшичилиги билан бир қаторда, ўзбек ҳалқ қўшиқларини ижро этувчи лапарчилар, халифалар ҳам мавжудки, улар кўпроқ ўзбек миллий чолғу асбоби доира ва кавказ халқлари мусиқий асбоби ҳисоблаган акардиондан фойдаланадилар.
Лапарчилар баъзан қайроқ тош, чўп қошиқларни ҳам ижро жараёнида истифода этадилар. Дўмбира чертиш усуллари жуда хилма хилдир. Бахши қўлидаги сози орқали мухлисларини ҳам кулдириб, ҳам йиғлата олиш қобилятига эга бўлиши зарур. Улардаги хозиржавоблик эса бахшиларнинг энг ноёб истеъдод эгаси эканлигини билдиради. Биргина Қашқардарёлик марҳум Қодир Раҳим ўғлини олайлик, бахши дўмбира чертишни ҳам, сўз топиш маҳоратида жуда устамон эдилар. Биргина ”Ойпари” термасини шундай маромига етқазиб куйлар эдиларки, буни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бу ҳам ижодкор иқтидорининг юксаклигидан далолат беради.
Шундай хозиржавоблик учрашувлардан бири, Самарқандлик марҳум бахши шоир Умарқул Пўлкан ва Қодир Раҳим ўғли ўртасида бўлиб ўтган эди.
Бундан бир неча йиллар олдин, икки бахши Тошкентда бўлиб ўтадиган бахшилар танловида учрашиб қоладилар. Ўзбекистон телевидениясига келаверишда таксидан тушиб келаётган Умарқул Пўлканга, қўлидаги дўмбирасини кўтарган ҳолда Қодир Раҳим олдиларига чақирадилар. Буни кўрган Умарқул Пўлкан қўлида сози билан унга қарата ажойиб халқона мирсаларни айтган ҳолда, уни олдига борадилар. Икки бахши бир-бирлари билан ҳазилнома енгил сўз ўйини қиладилар. Айтишувни биринчи бўлиб, Умарқул Пўлкан бошлаб берадилар.
Умарқул Пўлкан :
Қўчқор шохдай мўйловинг,
Бунча ортган ўйловинг.
Деҳқонобод чўлида,
Кенгишмиди жайловинг?
Қодир Раҳим ўғли:
Қўчқор шохдай мўйловим,
Анча ортган ўйловим,
Туёқ соним кўпайиб,
Торлик қилди жайловим.
Умарқул Пўлкан :
Ўзинг Қодир бахшисан,
Булбулларни нақшисан.
Туёқ кўп деб ғам ема,
Шулар билан тахтлисан.
Қодир Раҳим ўғли:
Ўзинг буюк Пўлкансан,
Шул сабабли улкансан.
Юзинг сал-пал тиришган,
Куйинг билан кўркамсан.