Қўрғон бахшичилигида Нуротанинг географик ўрни

И.Сувонқулов, СамДЧТИ профессори.

Бахшилар ўз достонларида таърифлайдиган юрт, аҳолининг турмуш тарзи, урф-одатларини ўрганиш, ўша жойлар бўйлаб сайру саёҳат қилишни йўлга қўйиш туризмнинг янги йўналиши ҳисобланади. Элу юртни севган шоир ўз халқининг гапига қулоқ солади, ўгитини юрагида туяди. Халқ дилидаги, тилидаги бойликларни, янгиликларни ўзиники қилиб олади. Етти пушти шоир ўтган Қўрғон бахшилари ана шу удумга тўлиқ риоя этганлар. Нуротанинг географик ўрни, иқлими, тоғ-тошлари, қишлоқ манзаралари, манзилга, тошга, сойга, тоққа, чўлга, дарага қўйилган номлар, атамалар достонларига киритилаверади, бу эса куйланаётган асарларга реаллик бахш этади.

Биз Нурота ва Қўшработда бўлганимизда достонларда, термаларда нақт этилган кўп манзараларга дуч келдик. Бу ердаги латифалар, турли-туман ҳикоятлар ҳам эртакнамодир. Оқтовнинг шарқи-шимолий этагида бутун Нурота ва Қўшработ воҳаси қишлоқлари жойлашган. Унинг жанубий-ғарбида Хатирчи, Каттақўрғон туманларининг қишлоқлари бир-бирига улашиб кетган. Оқтовнинг ҳар икки ён бағридаги қишлоқларда Қўрғон достончилик адабий мактаби шоирлари сулоласининг давомчилари яшамоқда, ижод қилмоқда.

Раҳматулла Юсуф ўғли, Марди бахши, Юсуф Саримсоқ ўғли, Зиёдаой Эшназар қизи, Эгамберди Олламурод ўғли, Бекмурод Жўрабой ўғли, Омон Қосим ўғли, Абдумурод Бердихол ўғли, Бўта бахши, Шодмон бахши Бўта ўғли, Норқул бахши, Қилич бахши Шукур ўғли, Очил Эшмурод ўғли, Алим Хаққул ўғли, Умарқул Пўлкан ўғли каби ўнлаб шоирлар Қўрғон достончилик мактаби анъаналарини давом эттирди ва эттиришмоқда.

Улар ижодида халқнинг узоқ ўтмиши, бугунги порлоқ ҳаёти, турмуш тарзи, туғилиб ўсган жойларининг манзаралари, ҳамқишлоқларининг характерлари, урф-одатлари поэтиклаштирилган. Бу бахшилар бобокалонларидан мерос қолиб тилдан-тилга, даврдан-даврга ўтиб келаётган анъанавий достонларни куйлаш билан бирга, ўзлари яшаётган замонни ҳам мадҳ этмоқдалар. Оригинал термаларида, достонларида ижтимоий тузумни, у берган эркни, озодликни, бахт-саодатни, форовон турмушни жўшиб тараннум қилмоқдалар.

Қўрғон мактабида Гўрўғли билан боғлиқ асарлар халқ достончилигининг асосини ташкил этади. Гўрўғлининг Ғиркўк оти бу туркумдаги достонларни бирлаштирувчи марказий ҳалқадир. Оқтовда Ғиркўкнинг охури борлиги, Бахл тоғда эса Бахл пари яшаганлиги ҳақида нақллар бор.

Нурота тоғлар силсиласидан ташкил топган. Фозилмон чўққиси-2.334 метр, Қарчиғай чўққиси-2.105 метр, Заргар чўққиси-2,169 метр баландликда жойлашган. Лангартоғ, Бузруктоғ, Пангаттоғ чўққилари, Қирққиз қояси, Учкўл дараси каби табиат кашфиётлари халқ достончилари асарларида тез-тез учраб туриши бежиз эмас. “Қийғир деган қуш ўтирар қиёда”, “От чопса гумбурлар тоғнинг дараси”, “От чопилар тоғнинг баланд-пастига” мисралари худди ана шу даралар илҳоми билан туғилганлиги кимда шубҳа туғдиради, дейсиз. Балки улар достонларда такрор-такрор ишлатилган “Чилбир чўли”, “Ойна кўли”, “Сувсиз чўлда Ғиркўк от бораётир пириллаб” каби тасвирларга туртки бўлгандир.

Қўрғон адабий мактабида ижодкор хотин-қизлар бўлганлиги айниқса, характерлидир. Бу масканда Тилла кампир, Султон кампир, Мактаб бахши, Маҳкамой, Зумрадойлар достон ва термалар куйлаган бўлса, уларнинг анъанасини Қоракиса қишлоғида яшовчи Ёлғош бахшининг турмуш ўртоғи Зиёдаой Эшназар қизи, Норхол ва Офтоб бувилар давом эттирган.

Умуман, Қўрғон достончилик мактабида хотин-қизларнинг эркаклар билан бир сафда туриб, тўю-маъракаларда достон ва термалар айтганликлари ўша давр ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа эканлигини алоҳида таъкидлаш керак. Қўрғон достончилигида Ойсултон, Юнус пари, Мисқол пари, Даллихон каби образларнинг мукаммал чиқишида уларга прототип ролини ўйнаган. Кексаларнинг ҳикоя қилишларича, Жуманбулбул ўз севгилиси Анорхолнинг ҳусни-жамолини, ажойиб инсоний фазилатларини достонларидаги қаҳрамонларга кўчирган. Зотан, унинг термаларида “Анорхолдай сулув борми дунёда” каби мисралар кўп учрайди.

XYII аср охири ва XIX асрнинг иккинчи ярмигача Ўрта Осиёда хонликлар ўртасида ўзаро тинимсиз урушларнинг кучайганлиги натижасида эллар, элатлар бир неча бўлакларга бўлиниб кетди. Ана шундай даврда ҳам Қўрғон достончилик мактабида мавжуд анъаналар давом этаверди. Халқ шоирлари Гўрўғли тимсолида марказлашган давлат ғоясини олға сурдилар, ҳаммани бирдамликка, бир-бирлари билан яқин бўлишга чақирдилар. Шунинг учун ҳам Қўрғон достончилик мактаби анъаналарини кенг ва атрофлича ўрганиш халқимиз тарихини мукаммал билишга имкон беради.

Раҳматулла Юсуф ўғли Қоракиса қишлоғида яшаб ижод қилган Қўрғон достончилик мактабининг йирик вакилларидан биридир. Унинг еттинчи бобоси Жумақул, олтинчи бобоси Худойназарлар ўз вақтида шоирликда ҳам ном чиқарган бахшилар бўлишган. Отаси Муҳаммадюсуф ҳам яхшигина шоир, айни пайтда уста мерган-овчилиги билан шуҳрат топган киши эди.

Раҳматулла Юсуф ўғли 1984 йилдан ғазаллар ёза бошлади. Мунтазам ижодий иш билан машғул бўлди. Кўплаб достон ва термалар айтишни машқ қилди. Қўрғон достончилик мактаби удумига амал қилиб, ўнлаб достонни ёд олди. Устозларнинг достон куйлаш маҳоратини, санъатини қунт билан ўрганди.

У устози Эргаш Жуманбулбул ўғлидан фарқли тарзда барча асарларини аввал қоғозга туширади, кейин уни қиссадек ижро этади. Бу ҳақда таниқли фольклоршунос олим Тўра Мирзаев шундай ёзади: “Раҳматулла Юсуф ўғли халқ достонларини худди қиссалардек ижро этади. Бироқ унинг ижодида қиссахонликка нисбатан оғзаки достончилик традициялари устунлик қилади”.

Раҳматулла Юсуф ўғли 1941 йилда Хатирчига, Пўлкан шоир ҳузурига боради ва унинг хонадонида уч ой яшайди. Пўлкан шоирдан достон ва терма ижро этиш сирларини ўрганади. Бироқ иккинчи жаҳон уруши бошланиб, қишлоғига қайтиб келади. У Қўрғон достончилик мактаби анъаналарини давом эттира бориб, ўз достонларида янги оригинал сюжет, ташбеҳлар ишлатади. Биз буни “Тоҳир ва Зуҳра” (1947) достонлар китобига кирган “Тоҳир ва Зуҳра”, “Суманбар”, “Зевархон”, “Варқа ва Гулшоҳ”, “Вомиқ ва Узро” достонларида кўрамиз. Икки ёшнинг соф муҳаббати улуғланган “Тоҳир ва Зуҳра” Раҳматулла шоирнинг Қўрғон достончилик мактабида яратилган энг яхши асарлардан биридир. Бундай асарлар қаторига “Суманбар” ва “Зевархон” достонларини ҳам киритиш мумкин.

Қўрғон достончилик мактаби анъаналарини ўрганар эканмиз, уларда Нуротанинг географик ўрни, тоғли қишлоқларнинг жойлашуви, аҳолининг яшаш тарзи кўз ўнгимизда намоён бўлади. Энг муҳими, бу соҳага қизиқиш билдирадиган, шу йўналишлар бўйлаб сайру саёҳатга чиқиш истагида бўлган хорижлик ва маҳаллий туристлар кўплаб топилади. Шунинг учун бахшилар таърифидаги йўналишлар бўйича ҳам туризм маршрутларини яратиш пайти келди.

Samarkand.uz

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *