
“ Сен ойдан узоқсан, малагим”
Биламан балки умрим,
Сўқмоқдек қисқа бўлар…
Биламан, бу дунёда
Ҳеч нарса мангу қолмас.
Аммо ишқимиз яшар,
Шунга ишонгим келар,
Сени мендан ҳаёт ҳам,
Ўлим ҳам ажратолмас!.
Шоирнинг шикаста тизмаси кўнгилга ҳайрат солади. Қисмат хукмини гўё у аввалдан кўра олган, фақат шунга итоат этгуси ҳеч келмаётир, саркашлик қилаётир у.
“Ёшлик” журнали таҳририяти иқтисодий бўҳрон тайзиқидан қочиб келиб, Ёзувчилар уюшмаси биносига жойлашгач, баҳор кунларининг бирида бизга инъом этилган хонадаги жавон тоқларида терилиб турган жилдларни тартибга солиш – зарур нозарурга ажратиш майли кўнгилда уйғонди. Тахланиб ётган сарғиш жилдлардан бирининг юзига “Пўлкан шоир ва унинг авлодлари ижодидан” деган ёзув битилган экан.
Ой деса ой, кун деса кун дедилар,
Дунёда йўқ бағри бутун дедилар,
Шоир халқи мисли мажнун дедилар,
Майли мени сарбасар қил қаддингдан.
Бахшиёна тизмалар Пўлкан шоирни киши ёдига солади. Ва шунинг баробарида етмишинчи йиллар, айрим шоирлар таъсирида риторикадан халос бўла бошлаган шеърият, “Шарқ Юлдузи” таҳририятида маъюс ва ўйчан юргувчи шоир – Амирқул Пўлкан киши хаёлидан кечади.
Тўлин ой –
Юзингни эслатар – дейди шоир бир шеърида ва образ кўнгилга синггач, шундай бир армонли хотима ясайди:
Сен ойдай узоқсан, малагим,
Қўлим ҳеч етмайди…
Мен шоир эмасман, мунаққид ҳам эмас, шундай экан табиийки, Амирқул Пўлкан ижодий меросини баҳолаш фикридан йироқман. Ўтганларни ёд этиш инсон боласига табиатан хос бўлган хусусиятдир. Хусусан шу миллат, шу Ватан деб тунлари бедор ўтган азизлар қошида бурчлимиз биз. Зеро, сўз ўлмайди ва яна ўша – сарғайган саҳифалар аро шундай бир битик ҳам мавжудки:
Хотира уйғонса гўзалдир.
Ғаффор Ҳотамов.