Kategorier
Болалар дунёси Крилл алифбосида

Болаларга бағишлов

Саодат Пўлканова

Янгилик
(Бухоро шаҳрида Насриддин афандига ўрнатилган
ҳайкални кўриб.)

Эй болалар келинглар,
Тезроқ -тезроқ бўлинглар,
Мана сизга янгилик
Ўзи бир инсон улуғ,
Бизлар севган афанди,
Қойил этган жаҳонни,
Одамларни кулдириб,
Чечанлигин билдириб,
Бухорода юрибди,
Эшак миниб турибди.
Кўрган кетмай қошидан,
Нур таралиб бошидан,
Ёмонларни савалаб,
Яхшиларни авайлаб,
Нуқсонларни йўқ қилиб,
Сўзларини шўх қилиб,
Кўрк қўшиб у шаҳарга,
Куну тун ё саҳарда,
Чарчаш нима билмайин,
Кўрган кетмас кулмайин,
Халққа айтиб розини,
Ўтказиб қиш- ёзини,
Бухорода юрибди,
Эшак миниб турибди.
1988.

Дўстимга

”Шеъринг яхши”, демагин дўстим,
Оддий шеърим менга кифоя.
Менга таниш, мен билган қўшиқ,
Бобомлардан қолган бир ғоя.
Отам -бобом куйи ўзгача,
Улар айтган жарангдор қўшиқ.
Юртимизда бўлмаса керак,
Улар куйи кирмаган эшик.
Мен қиламан уларга таъзим,
Кўзга суртгум улар хокини.
Йиғлаб -йиғлаб кўникар киши,
Ўтганларнинг алам доғини,
Укам Мақсуд улғайиб бир кун,
Отам каби бўлар, албатта.
Балки ёзиб шеъру достонлар,
Донг таратар бизни авлодга.
”Шеъринг яхши”, деманин дўстим,
Оддий шеърим менга кифоя.
Менга таниш, мен билган қўшиқ,
Бобомлардан қолган бир ғоя.
1987.

Довучча

Дарахт шохида довча,
Дейди мен анча новча.
Қўлинг етмас узатсанг,
Мени қанча кузатсанг.
Дарахтнинг шохидаман,
Ишкомлар бағридаман.
Кундан кунга кун санаб,
Офтоб нурини ялаб,
Баҳор ўтиб келса ёз,
Шабатларга тўлиб соз,
Хўп қизариб пишаман,
Сўнгра ерга тушаман
Териб олсанг сен тоза,
Есанг қиласан мазза.
1986.

Кунгабоқар

Кунгабоқар боқади,
Дилимга хуш ёқади.
Тилла, кумуш ранги бор,
Тўқ мазали дони бор.
Бошда лаган савати,
Ичида бор новвоти.
Даламизга тизилган,
Келин каби сузилган.
Ёзнинг сўнгги ойида,
Мағзи пишар, жойида
Териб олсак тоғ бўлар,
Халқимизга ёғ бўлар.
Ҳам чақамиз эрмакка,
Келинг дўстлар, термоққа.
1984.

Ғазалой

Эй ғазолай, ғазалой,
Бунча ширин сайрайсан.
Чексиз ўтлоқ бағрида,
Учиб учиб яйрайсан.
Чўпон найин сасидан,
Бир сеҳр олганмисан?
Ё дўстингдан адашиб,
Сен ёлғиз қолганмисан?
Юр, қўшайин дўстингга,
Бирга бирга яйрагин.
Бизлар келсак адирга,
Шўх куйингдан сайрагин.
1985.