Kategorier
Крилл алифбосида Ривоятлар

Бахшилар хақида ривоятлар

Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи: Фольклоршунос олим Малик Муродов.

Дўмбира тили

Сурхондарёда Эрам дўмбирачи деган бахши ўтган экан. Эрам бахши дўмбирани шундай келтириб чалар эканки, учиб бораётган қуш келиб дўмбира бошига қўнганини ўзи ҳам билмай қолар экан.
Қашқадарёда эса Умбир бахши яшар экан. Умбир бахши ҳам куй чалганда дўмбирасига қушни қўндиргич экан. Кунлардан бир кун Умбир бахшининг қашқа эчкиси йўқолиб қолибди. Бахши у ёқни қараб, бу ёқни қараб эчкисини топа олмабди. Кейин одамлардан фалон тоққа бир сурув мол келган, чўпони дўмбиракаш Эрам бахши деб эшитиб қолибди. Эчкининг йўқолиши баҳона бўлиб-ди. «Қани, тоққа бориб кўрайчи, Эрам бахшиси дўмбирани қандай чаларкин», дебди-да, отига миниб, дўмбирасини қўлига олиб тоққа қараб жўнабди. Сурувга етиб бориб, қўй-эчкиларини яйловга ёйиб дўмбира чалиб ўлтирган чўпонни кўрибди. Эрам шунчалик дўмбира чалаётган эмишки, ҳатто тепасига келиб ўзига қараб турган отлиқ Умбир бахшини ҳам сезмай қолибди. Эрам чалишдан тўхтагач, Умбир бахши:
— Қани дўмбирангни менга берчи,— дебди. Эрам бахши ҳеч нима демай дўмбирани унинг қўлига тутқазибди. Умбир бахши овоз чиқармай дўмбирани тилга киритиб: «Ҳой чўпон, мен бир эчки йўқотдим. Қулоғи ундай, қўл-оёғи бундай, белида белбоғи, бўйинда қўнғироғи, ўзи олачипор, оёғи бамисоли тўрт чинор, овози ингичка, қилиғи шайтонча, уни кўрмадингми, сурувингга қўшмадингми»,— дебди. Кейин у ҳам индамай дўмбирани.Эрам бахшига берибди. Эрам бахши дўмбирасини қўлига олиб, уни сайрата бошлабди. «Ҳа, — дебди дўмбира тили билан бу ҳам, — уч кун бўлувди, бир ола эчки сурувга келувди. Шайтонни белига миниб, ола чопонни кийиб, бўйнида қўнғироғини жиринглатиб, юрувди. Манглайи қашқа, ўзи мисоли ҳакка, бир оёғи чўлоқ андаккина, ўзи бўлса тентаккина эчкинг уч кун бўлди оёғи синувди, фалон тоғнинг ғорида тўрам келармикин, мени олиб кетармикин, деб маъраб ётувди».
Умбир бахши Эрам бахшининг дўмбира чертишини кўриб тан бериб:
— Сенинг дўмбирани бунчалик сайрата олишингни кўриб қойил қолдим. Мен ҳам дўмбира чертаман деб юрган эканман. Ҳар қанча уринсам сенга ета олмайман. Ўша шайтон эчким ҳам, тагимдаги тулпорим ҳам сеники,—дебди-да, изига қайтибди.

Бахши дўмбирасининг сири

Алим бахши Шаҳрисабзлик дўмбиракашнинг дўмбираси довруғини эшитиб, уни сотиб олмоқчи бўлибди. Бор бисотидан қўй ва серкаларини сотиб Шаҳрисабзга борибди. Дўмбиракаш дўмбирасини сотмай, агар чалишда ундан ўтказиб юборса дўмбирасини текинга беришлигини айтибди.
Бахши дўмбирани бирам соз чалибдики, уни эшитиб, боғлардаги қушлар ҳам сайрашдан тўхтаб, қолибди. Дўмбиракаш қойил қолиб:
— Қойиллатдинг, иним. Ол, дўмбира сеники бўла қолсин,- дебди. Бахши дўмбирани олиб, ўз қишлоғига қайтиб келибди.
Қишлоқ четидаги катта карвон йўл бўйида, бир баланд тепалик бор экан. Бахши қўйларини қирга ёйиб, ўзи тепаликка чиқиб дўмбирасини сайрата берибди. Шу пайт тепасидан ўтаётган туялар дўмбира куйига эриб, бирин-кетин юришдан тўхтай бошлабди. Туякаш карвонбоши эшаги юрмай қолганини кўриб орқасига қараса туялари аста- секин чўккалаётган эмиш. Туякаш ҳайрон бўлибди. Кейин: «Шу бахшида бир гап борку-я» деб унга қараб қичқирибди,— ў, бахши, дўмбирангни тўхтат, туяларим юрмай чўккалаб олди! Бахши уни эшитмай чалишда давом этибди. Карвонбоши яна қичқирибди. Бахшининг эътибор бермай дўмбира чертишини кўриб карвонбоши «қув-чўпни қувратмай, қўлларинг қувраб қолсин», дебди. Бахши дўмбирасини тўхтатгандан кейингина туялар бирин-кетин ўринларидан туришиб, қўзғалиб, йўлга тушишибди..
Ҳақиқаттан ҳам кейинчалик, туякашнинг айтгани билан эмас, балки бетиним дўмбира чалганидан Алим бахшининг қўллари қувраб қолганини ўзи ҳам сезмай қолибди.