
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ТИЛ ВА АДАБИЁТ ИНСТИТУТИ
Қўлёзма ҳуқуқида
УДК: 398.2
ТУРДИМОВ ШОМИРЗА ГАНИЕВИЧ
«ГЎРЎҒЛИ» ДОСТОНЛАРИНИНГ ГЕНЕЗИСИ ВА ТАДРИЖИЙ БОСҚИЧЛАРИ
10.01.09 – Фольклоршунослик
Филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация
А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И
Тошкент – 2011
2
Тадқиқот Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Фольклор бўлимида бажарилган.
Илмий маслаҳатчи: филология фанлари доктори, проф. Мирзаев Тўра
Расмий оппонентлар: филология фанлари доктори, проф. Тўхлиев Боқижон
филология фанлари доктори, проф. Жуманазаров Умурзоқ филология фанлари доктори
проф. Сафарбой Рўзимбоев
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети
Ҳимоя 2011 йил ___ __________ куни соат ____ да Ўзбекистон
Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт
институти ҳузуридаги Д.015.04.01 рақамли фан доктори илмий даражасини
олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича ихтисослашган кенгаш йиғилишида бўлади.
Манзил: 100170, Тошкент шаҳри, И. Мўминов кўчаси, 9-уй.
Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Асосий кутубхонасида танишиш мумкин.
Манзил: 100170, Тошкент шаҳри, И. Мўминов кўчаси, 13-уй.
Автореферат 2011 йил ____ _______________ да тарқатилди.
Ихтисослашган кенгаш илмий котиби, филология фанлари
доктори, профессор М. ЖЎРАЕВ
3
ТАДҚИҚОТНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ
Мавзунинг долзарблиги. Ҳар бир халқнинг воқеликка ўз эстетик
муносабати мавжуд. Бундай муносабат асотирлар, эртаклар, мақол-маталлар
ва биринчи галда, йирик ҳажмли эпик асар – достонларда ўзининг бадиий
ифодасини топган бўлади. Шу маънода, достонлар фақатгина халқининг
шонли ўтмишини ҳикоя қилувчи адабий ёдгорликкина эмас, бугунги кунда
тобора глобаллашиб бораётган жамиятда ўзлигини сақлаб қолишнинг муҳим
омили, эртанги кунги маънавий-маданий тараққиётнинг пойдевори ҳамдир.
«Халқ, миллат ўз миллий маънавиятини йиллар, асрлар давомида
юксалтириб, бойитиб боради, – деб ёзади Президентимиз Ислом Каримов. –
Чунки маънавият қотиб қолган ақидалар йиғиндиси эмас, аксинча, доимий
ҳаракатдаги узлуксиз жараён бўлиб, тараққиёт давом этар экан, унинг
шиддатли юриши туфайли маънавий ҳаёт олдига қўйиладиган талаблар ҳам
муттасил пайдо бўлаверади»1. Дарҳақиқат, қадимда аждодларимиз
томонидан яратилган эпик ижод намуналари бугун ҳам биз билан бирга
яшаб, тафаккур тарзимиз, дунёқарашимиз, маънавий оламимизнинг
юксалишига хизмат этувчи «ҳаракатдаги эстетика»дир.
Тарқалиш географияси жиҳатидан жуда катта ҳудудни қамраб олган
«Гўрўғли» туркуми достонлари Ўрта Осиё, Кавказ, умуман, Шарқ ва Ғарб
халқлари оғзаки поэтик ижодида муҳим ўрин тутади. Асрлар давомида шоир-
бахшилар, ошиқ-ўзонлар томонидан куйлаб келинган бу достонлар
силсиласи тарихий тараққиёт давомида турли миллат ва элатларнинг
фольклоридан мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда.
Ўзбек фольклорида «Гўрўғли» достонларининг тутган ўрни ҳам
беқиёс. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий
номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор архивидаги вариантлардан
ташқари, ушбу туркумга мансуб 60 дан ортиқ достонларнинг мавжудлиги
ҳам тадқиқот мавзуимизнинг кўлами ва аҳамиятини кўрсатиб турибди. Бу
ҳисобга вақтида ёзиб олинмаганлиги сабабли унтилиб кетган, аммо
бахшиларнинг айтишича, номлари ва мазмуни сақланиб қолган достонларни,
шунингдек, Хоразм “Гўрўғли”сини ҳам қўшсак, туркум достонларининг
умумий сони юзтага яқинлашиб қолади2. Бундай фавқулодда ҳодисанинг
яратилиши ва туркумлашиш жараёнини ҳозир фольклоршунослик фанида
ҳукм суриб келаётганидек, бир давр ёки муайян бир халқнинг реал тарихида
содир бўлган қандайдир воқеаларга боғлаб қўйиш тўғри эмас. Диссертация
мавзуси ана шу жиҳати, яъни мавжуд материалларга яхлит ва комплекс
ёндашув билан ҳам алоҳида долзарблик касб этади.
1 Ислом Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Тошкент: Маънавият, 2008. – Б.171.
2 Mirzayev T. Silsila dostonlar // Go’ro’g’li. – Toshkent: Sharq, 2006. – B. 5- 6.
4
Достонларнинг асосий образи – Гўрўғли халқимизнинг миллий
қаҳрамони сифатида ҳамиша оммани юксак идеаллар сари чорлаб келган:
халқни бирлаштирувчи эзгу қувват тимсолига айланган. «Гўрўғли»
достонлари мағзида халқимиз тарихи ўзига хос тимсолий акс эттирилган деб
айта оламиз. Том маънода, «Гўрўғли» ўзбек халқининг мифо-эпик таржимаи
ҳоли, бадиий ҳолатдаги тарихий хотирасидир. Чунки ўзбек халқининг
қадимий ҳаёти, кўҳна тасаввурлари, бадиий тафаккурининг тараққиёт йўли,
бошқа маънавий қадриятлар қаторида, «Гўрўғли» достонларида ҳам
намоёндир.
«Гўрўғли» достонларининг генезиси ва ривожланиш босқичларини
илмий тадқиқ этиш, достон унган манбаларни аниқлаш эпоснинг мифологик
асосдан бадиий-эстетик ўзанга кўчиши қай йўсинда кечганлигини бевосита
тасаввур қилиш ва қайта тиклаш имконини яратади. Шу маънода, биз
танлаган мавзу «Гўрўғли» достонларининг генезиси ва тадрижий
босқичларини ўрганиш, наинки филологик кўламда, балки ижтимоий,
ахлоқий, фалсафий, эстетик, этнографик ва сиёсий нуқтаи назардан ҳам катта
аҳамият касб этади. Синчиклаб тадқиқ этилса, аксарият халқ
достонларининг негизини қадим мифлар ташкил қилади. Бу достонлар
сюжети, етакчи мотивларининг туб илдизлари семантик ва структурал
жиҳатдан тадқиқ этилса, бугунги кунда деярли унутилган ўзбек-туркий
мифологик олам кўз ўнгимизда қайта тикланади. Халқимизнинг кўҳна
мифологик тизими фольклорнинг бошқа жанрлари қатори достонларга ҳам
сингишганлигига гувоҳ бўламиз. «Гўрўғли» достонларидаги бетакрор
образлар, хилма-хил сюжет типлари ҳам фикримизнинг исботидир.
Ҳеч бир этнос ва давлатнинг тақдири, тарихий йўли бир йўсинда
кечмайди. Халқлар ва давлатлар ҳам бутун борлиқ – макро ва микро оламни
ўз маромида олиб оқувчи азал-абад қонунларига уйғун яшайди, яъни
туғилади, камолга етади, сўнг таназзулга юз тутади, пировардида, яна қайта
туғилади ёки бутунлай бошқа ҳолатга ўтиши ҳам мумкин. Одатда, эпос
этноснинг ҳаёт тарзидаги кескин бурилиш нуқталарини, бир даврий
босқичдан бошқасига ўтиш фаслларини ўзида акс эттиради. Этнос тарихнинг
долғали даврлари, яъни юксак (гегемонлик) мавқени эгаллаб, сўнгра тарих
саҳнасидаги ўрнини доимий рақиблари ёки мухолифларига бўшатиб, қайта
куч йиғишга киришган жараёнидаги тақдири ва уни янгитдан қувватга
эндирувчи авлод ҳаёти эпос мазмунини ташкил этади. Эпос ҳар бир даврга
мос оҳанг олади, жило топади, эзгу, бунёдкорлик ғояларини илгари суради.
Достондаги неча асрлар давомида қанчадан-қанча авлодлар томонидан
сайқалланиб, куйланиб келинган бош ғоя бизнинг бугунги кунимиз учун ҳам
ҳар жиҳатдан ҳамоҳангдир.
Мавзунинг ўрганилганлик даражаси. «Гўрўғли» эпоси қачон пайдо
бўлган? Хусусан, бир неча версия ва вариантларни қамровчи юзга яқин
достонлардан иборат ўзбек «Гўрўғли»си қайси даврда, қандай шароит ва
муҳитда яратилди? Бу саволлар «Гўрўғли» эпоси билан шуғулланувчи ҳар
бир тадқиқотчини қизиқтирган ва муайян даражада жавобини олган.
5
Гап бевосита «Гўрўғли» эпоси ҳақида кетар экан, масалани бошқа
халқлардаги версия ва вариантлардан айри ҳолда ҳал қилиш мумкин эмас.
Фольклоршунослар Ҳ.Т. Зарифов, Б.А. Карриев, В.М. Жирмунский, М.С.
Саидов, Т. Мирзаев, М. Муродов ва бошқалар «Гўрўғли» («Кўрўғли» )
эпосининг шарқий ва ғарбий версияларини бир умумий ядро асосида
тарқалганлиги ҳақида ёзишган. Улар достон ядроси жанубий Озарбайжонда
XVI–XVII асрларда кечган тарихий воқеалар асосида вужудга келди, деган
фикрни ёқлашади3. Фольклоршуносларнинг бундай хулосага келишларига
арман тарихчилари Аракел Табризий (1670 йили вафот этган) ҳамда Элёс
Мушгян (XVIII аср)ларнинг тахминий фаразлари ва жалолийлар (XVI–XVII
аср) халқ ҳаракати асос қилиб олинади. Шу билан бирга, эпос таркибидаги
мифологик образлар, архаик элемент ва мотивлар тадқиқотчиларни бирмунча
кенгроқ қарашга мажбур этган. Чунки энг «тарихий», деб белгиланган
озарбайжон «Кўрўғли»сидаги Қирот, Йилдирим қилич, Қўша булоқ билан
боғлиқ мотивларни XVI–XVII аср тарихий воқеалари қамровида изоҳлаб
бўлмайди ва М.Сейидов Кўрўғли (Гўрўғли)ни биргина жалолийлар ҳаракати
билан боғлаб баҳолашга қарши чиққан эди4.
Б.А.Карриев ва Х.Г.Кўрўғлилар эса озарбойжон «Кўрўғли»сига
нисбатан туркман Кўрўғли – Гўрўғлисида архаик элементлар кўп ўрин
олганлигини қайд қилиб ўтишган5.
Тадқиқот объектимиз ҳисобланган ўзбек «Гўрўғли»сини ҳам
фольклоршунос олимлар озарбайжон «Кўрўғли»си асосида шаклланган, деб
қарашса-да, унинг тарихий босқичларини белгилашда турли фикрларни баён
этишган6. Устоз олимлар билдирган ушбу фикрларни қуйидаги тарзда
умумлаштириш мумкин:
3 Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – М.: ГИХЛ,
1947. – С.165 – 279; Каррыев Б.А. Эпические сказания о Кер-оглы у тюркоязычных
народов. – М.: Наука, 1968. –С.9 – 44; Саидов М. Ўзбек достончилигида бадиий маҳорат. –
Тошкент: Фан, 1969. – Б.70 – 144; Мирзаев Т.Халқ бахшиларининг эпик репертуари. –
Тошкент: Фан, 1979. – Б.129 – 140; Мурадов М. Эпос «Гор-оглы» – сокровищница души и
чаяний народа. – Тошкент: Ўзбекистон, 1990. – С.28; Короглы Х.Г. Трансформация
заимствованного сюжета // Фольклор: поэтическая система. – М.: Наука, 1977. – С.106 –
125.
4 Cejидов M. Aзэрбаjчан халгынын соjкокуну душунэрэкэн – Бакы: Jэзычы, 1989. – Б.245.
5 Каррыев Б.А. Эпические сказания о Кер-оглы у тюркоязычных народов. –М.: Наука,
1968. – С.149, Короглы Х.Г. Огузский эпос // Типология народнога эпоса. – М.: Наука,
1975. – С.109.
6 Қаранг: Kőprülü Fuad. Türk Edebiyti tarihi. – Ankara: Akçağ, 2003; Inan Abdulkadir.Tarihte
ve bugun şamanizm. – Ankara: Türk Tarih kurumu basimevi, 1972; Ögel Bahaeddin. Türk
mitolojisi. I cilt. – Ankara: Türk Tarih kurumu basimevi, 1993; Ögel Bahaeddin. Türk mitolojisi.
I cilt. – Ankara: Türk Tarih kurumu basimevi, 1995; Türkmen, Fikret. Goroglu dastani. – Izmir,
1982; Türkmen, Fikret. Köroğlu’nun Özbek ve Ermeni Varyantları //Köroğlu Semineri
Bildirileri. – Ankara: Başbakanlık Basımevi, 1983. – S. 83 – 90; Türkmen, Fikret. Köroğlu’nun
Özbek Varyantları // Millî Folklor.–Ankara, 1989.- № 4. – S.8 – 9; Ekici, Metin. Türk
dünyasinda Köroglu. – Ankara: Akçag, 2004; Ergun, Metin. Türk Dünyası Efsanelerinde
Değişme Motifi. Cilt: I-II. – Ankara: TDK Yayını, 1997; Oğuz, M. Öcal. Lord Raglan’ın
Geleneksel Kahraman Kalıbı ve Boğaç Han // Millî Folklor. – Ankara, 1998.-№40. – S.2 – 6.
6
1. В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифовларнинг «Узбекский народный
героический эпос» китобида баён этилган фикр. Яъни муаллифлар XVII аср
бошлари XIX асрнинг биринчи ярми давомида «Гўрўғли» туркум
достонлари мавжуд эпик анъаналар асосида тўлиқ шаклланди, деб
кўрсатишади7.
2. Ҳ.Т.Зарифовга тегишли ушбу фикрни Т.Мирзаев қуйидагича
келтиради: «Марҳум фольклорист Ҳоди Зарифовнинг оғзаки мулоҳазаларга
кўра, қандайдир бир халқ баҳодири ҳақида илгаридан достонлар куйланиб
келинган. XVI–XVII асрлардан бошлаб Кўрўғли ва унинг номи билан боғлиқ
достонлар машҳур бўла бошлагач, илгаридан мавжуд достонларга янгидан
яратилганлари ҳам қўшилиб, Гўрўғли номи атрофида туркумлаша бошлаган.
Илгариги қаҳрамон номи ҳам Гўрўғли бўлган бўлиши мумкин. Бироқ
қадимий туркий «гўр-кўр» сўзининг «ботир, мард, баҳодир» маънолари
архаиклашиб, қаҳрамоннинг ғайритабиий туғилиши мотиви формаларига ҳам
ўзгаришлар киритилган ва қаҳрамон номи «гўрда туғилган ўғил» маъносини
касб этган. Шу билан бирга, айрим вариантларда «ботир ўғли» деган
қадимий маъно ҳам параллел равишда сақланган. Туркумнинг сўнгги
достонининг «Эрўғли» деб аталиши буни тасдиқлайди»8. Т. Мирзаев фикр
давомида ёзади: «Атоқли олимнинг бу мулоҳазаси қанчалик оригинал ва
ҳайратомуз бўлишига қарамай, қўшимча текширишларни талаб қилади.
Бизнингча, «Гўрўғли» туркумидаги достонларнинг муайян қисми икки
жойда, икки хил ижтимоий-иқтисодий шароитда яратилиб, мустақил
ривожланишда давом этган»9.
3. Х.Г.Кўрўғли «Гўрўғли» эпосининг ўзбек, қозоқ, тожик версияларни
XVIII асрдан кейин шаклланган, деб ҳисоблайди ва озарбайжон, туркман
версияларидаги умумий композиция янги шароитга тушиб, бутунлай ўзгариб
кетганлиги ҳақида мулоҳаза юритади10.
Кўриниб турибдики, келтирилган фикрлар, асосан, фараз тариқасида
айтилган, етарли даражада илмий далилланмаган. Айни пайтда, шоир
О.Сулаймонов, шунингдек, озарбойжон фольклоршуноси М.Сейидов
умумтуркий «Гўрўғли / Кўрўғли» генезиси юзасидан ўртага ташлаган
фикрлар билвосита ўзбек «Гўрўғли»сига ҳам тегишлидир. Яъни,
О.Сулаймонов Гўрўғли сўзини «Қуёш ўғли» деб талқин этади ва бу
образни қадим Мисрдаги қуёш ўғли (Гор) ҳақидаги мифлар билан бир
ўзакдан унган деб кўрсатади11. М.Сейидов эса Гўрўғли номини «тоғ ўғли»
деб талқин қилиб, бу образ «олов» ва «қуёш» билан ҳам боғлиқ, бевосита
ўлиб тирилувчи табиат ҳақидаги мифлар асосида шаклланган, деб ёзади12 ва
7 Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – С.192.
8 Мирзаев Т.Халқ бахшиларининг эпик репертуари. – Б.132.
9 Кўрсатилган асар. Ўша саҳифа.
10 Короглы Х.Г. Трансформация заимствованного сюжета. – С.106 – 125.
11 Сулейменов О.О., Кажибеков Е.З. Тюркология: вчера, сегодня, завтра // Советская
тюркология. – Баку, 1989. №6. – С.104.
12 Cejидов M. Aзэрбаjчан мифик тэфэккурунун гаjнаглары. – Бакы: Jэзычы, 1983. –Б. 245 –
321.
7
Гўрўғли образи эрамиздан аввалги IV юз йилликларда вужудга келиб,
эрамизнинг XVI–XVII асрларида янада кучайган, деган фикрни ўртага
ташлайди13. Бу хулоса эса достон асоси ва қаҳрамон пайдо бўлиши ҳақидаги
тўртинчи фикрдир.
Ўзбек «Гўрўғли» достонининг генезиси ва тадрижий босқичларини
тадқиқот объекти сифатида олишимизга, аввало, эпосдаги кўпгина «сирли,
серқатлам» ўринлар ҳамда Ҳ.Т.Зарифовнинг бевосита изланишлари,
М.Сейидовнинг қарашлари ва бу пайтгача достон замиридаги мифологик
қатламнинг ушбу муаммога боғлаб тадқиқ этилмаганлиги ҳам асос бўлмоқда.
Диссертациянинг илмий тадқиқот ишлари режалари билан
боғлиқлиги. Тадқиқот иши ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва
адабиёт институтида бажарилаётган «Ўзбек фольклори ва адабиёти тарихи»
мавзусидаги давлат дастури доирасида амалга оширилган.
Тадқиқотнинг мақсади. Эпоснинг яратилиши, мумтоз шакл ва
мазмун олиши этнос ҳаёти, тақдири билан чамбарчас боғлиқ кечади.
Этноснинг тарихи, маънавий, диний-эътиқодий, маданий, иқтисодий-сиёсий
борлиғи эпосда ўзига хос бадиий тимсолларда акс этади. Бу мураккаб жараён
миф – маросим – этнос – эпос ҳодисаларининг узвий бирлигида юзага
чиқади. Диссертациянинг асосий мақсади «Гўрўғли» достонларининг
генезисини тадқиқ этиш, унинг тадрижий ривожланиш йўлларини аниқлаш
орқали эпос ўзагида турган сюжетнинг қачон, қандай дунёқараш замирида
пайдо бўлганлигини аниқлаш, бош қаҳрамон, етакчи образ ва мотивлар,
умуман, эпоснинг мифологик асосдан бадиий-эстетик сатҳга кўчиши билан
боғлиқ қатор назарий масалаларни бевосита фактик материалларга таяниб
илмий ўрганиш ташкил этади.
Тадқиқотнинг вазифалари. Илмий ишда асосий мақсаддан келиб
чиққан ҳолда қуйидаги вазифаларни бажариш кўзда тутилди:
– нафақат ўзбек, балки кўпгина қардош ва қўшни халқлар эпик
меросида муҳим ўрин тутувчи «Гўрўғли» достонларининг генезиси ва
тадрижий босқичларини ўрганишнинг долзарблигини асослаш;
– эпос ўзагида турувчи илк сюжет ядросини аниқлаш;
– бу ядро(асос)нинг қачон, қайси даврда, қандай шароит ва
дунёқараш замирида пайдо бўлганлигини атрофлича ўрганиш;
– халқнинг қаҳрамон – алп ҳақидаги тасаввурлар тизимини тиклаш
ва бу тизимнинг достонда нечоғлик бадиий акс этганлигини тадқиқ этиш;
– сюжет ядросининг асл вазифаси ва унинг қандай вазиятда эпосга
кўчганлигини тадқиқ этиш;
– эпоснинг етакчи қаҳрамонлари ва улар билан боғлиқ, сюжет
йўналиши(линияси), қаҳрамон ғайриқутби (антипод), ҳомий, рақиб, ота-она,
ёр, кўмакчи ҳамда улар билан боғлиқ мотивларнинг тадрижий ривожини
умумсюжет кўламида ўрганиш;
13 Cejидов M. Aзэрбаjчан халгынын соjкокуну душунэрэкэн. – Бакы: Jэзычы, 1989. –
Б.320.
8
– «Гўрўғли» достонларига асос бўлган қуёш туркум мифлари ва
мавсумий маросимларнинг эпосга кўчиш жараёнини ёритиш;
– келинган илмий хулосалар кўмагида эпоснинг муҳим тадрижий
босқичларини белгилаш;
– версиялар орасида қадимий – илк мотивларни сақлаб келаётган
намуналарни кўрсатиш;
– этнос тақдири ва тарихининг эпосда бадиий-тимсолий акс этишини
«Гўрўғли» достонлари мисолида тадқиқ қилиш;
– достоннинг ғоявий тадрижий босқичларини тадқиқ этиш.
Тадқиқотнинг методологик асоси ва методи. Ўзбекистон
Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг миллий истиқлол ғояси ва
мустақиллик, маънавий қадриятлар тизими ҳақидаги назарий қарашлари
тадқиқотимизнинг методологик асосини ташкил этади. Ишда ўзбек ва
хорижий фольклоршуносликнинг назарий хулосаларига таяниб, «Гўрўғли»
достонларининг ўзбек ҳамда қардош халқлардаги версия ва вариантлари
тарихий-қиёсий метод асосида тадқиқ этилди. Эпос сюжетидаги муҳим
ҳалқалар, муайян қаҳрамонлар йўналиши ва мотивлар семантикаси, уларнинг
тадрижий ривожи қиёсий-типологик усулда ёритилди.
Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар. Диссертацияда
қуйидаги ҳолатлар ҳимояга олиб чиқилади:
1. «Гўрўғли» достонларининг илк сюжетига ўлиб тирилувчи табиат
ҳақидаги тасаввурлар ва қуёш туркуми мифлари асос бўлган.
2. Миф талқинида Гўрўғли – Қуёш ўғли бир йиллик мавсумий
муддатнинг уч ойи давомида ер қаърида етилиб, кўклам билан бирга туғилиб,
уч ой (кўклам фасли)да тетапоя бўлиб, уч ой (ёз) баробарида вояга етиб,
улғайиб (қайта ҳомила топиб), навбатдаги уч ой (куз)да камолга эришиб,
қайта ўз макони – ғорга (қиш қўйнига) кириб уйқуга кетади, уч ой (қиш)
давомида ўлик танада етилган ҳомила қиш ниҳоясида қайтадан туғилади, деб
тушунилган. Гўрўғлининг ғайриқутби – «Ўзга олам – зулмат дунёсининг
ўғли» эса куз кириши билан туғилиб, уч ой қиш тўлиқ етилиб, кўклам
адоғида ўз маконига кириб, кузда қайта туғилади, деб тасаввур қилинган.
Кузу қиш батнида ёз етилиб дунёга келади ва кўкламу ёз ичида қиш етилиб
қайта туғилади, деган тушунча қатъий амалда бўлган. Космосдан хаос,
хаосдан космос пайдо бўлиши ҳақидаги универсал модель ҳамма ҳодисада
бирдек амал қилади, деб англанган, талқин этилган. Ишда ушбу тасаввур
инсон ва жамият, этнос ҳаётининг асоси сифатида олиниб, «Гўрўғли» эпос
мағзига сингдирилганлиги ёритилган.
3. Эпос асосида турган миф табиат ҳодисаларини изоҳлагани,
Гўрўғли дастлаб табиат қудратининг тимсоли сифатида намоён бўлганлиги,
сюжет эпосга кўчгач, ижтимоий ҳодисани акс эттирувчи халқ ва салтанат
тақдирномасига эврилган.
4. Эпос сюжетининг илк қатламига тегишли «алплик касали»,
«алпнинг қайта яратилиши» ва «алпнинг тан олиниши» билан боғлиқ
мотивлар асосида халқнинг кўҳна алплик тизими билан боғлиқ тасаввурлар
9
тизими тикланди. Алплик тизимининг хоссалари, белги-хусусиятлари
атрофлича ёритилди.
5. Алплик тизимининг қаҳрамонлик эпоси учун таянч мезонлардан
бири эканлиги «Гўрўғли» ва «Алпомиш» достонлари таҳлили мисолида
аниқланди, илмий тадқиқ этилди.
6. Бош қаҳрамон, унинг ҳаётига асос бўлган воқелик ва дунёқараш,
тасаввурлар олами ҳамда эпик ғайриқутб образнинг туб манбаларини
текшириш, «Гўрўғли» эпосининг кўҳна илдизларга эга эканлигини, достон
асосининг қуёш туркум мифлари ҳамда маросимларига ва анимистик
тасаввурларга боғланиши эпос пайдо бўлган даврни эрадан аввалги минг
йилликлар билан белгилаш имконини берди.
7. Гўрўғлининг ҳомийлари Хизр ва чилтанларнинг ибтидоси,
халқнинг исломий эътиқодгача бўлган қадим шомонистик-анимистик
дунёқарашлари, мифологик тасаввурлари билан алоқадор образлар эканлиги
тадқиқ этилди. Эпик ҳомий образлари тадрижида ҳам серқатламлилик
мавжудлиги, уларнинг исломий дунёқарашга мослашуви ана шу
қатламларнинг навбатдаги – сўнгги ҳалқасини ташкил этиши кузатилди.
8. «Гўрўғли» достонларининг барча версия ва вариантлари (улар
қандай кўринишда, шаклда, ҳолатда бўлишидан қатъи назар) эпоснинг
ривожланиш босқичлари жараёнини ўзида у ёки бу даражада акс эттириши,
сақлаб келаётганлиги билан қимматли эканлиги тадқиқ этилди. «Гўрўғли»
эпосининг тўлиқ шаклланиб, туркумлашиб, бу кунгача етиб келиши
баробарида илк мифологик тасаввур билан боғлиқ мотив ва унсурларнинг
барча вариантларда ўзига хос тарзда намоён эканлиги алоҳида-алоҳида
ўрганилди.
9. Қаҳрамоннинг номи, эпик шажараси талқинларининг мифологик
асосдан бадиий-эстетик сатҳга ўтиши ва бу жараён достон вариантларида қай
тарзда бадиий талқин олганлиги қиёсий тадқиқ этилди.
10. Достоннинг етакчи образлари: эпик ҳомий, қаҳрамон ғайриқутби,
рақиби, кўмакчилари, эпик от, ёр билан боғлиқ йўналишлар тадқиқи бу
образларнинг ҳам мифологик асосдан бадиий сатҳга ўзига хос босқичлар
билан ўтганлигини намоён этди.
11. «Гўрўғли» достонларининг сюжети ва образлар тизимининг
мифологик ҳамда тарихий-социал асослари эпоснинг қадим-қадимдан
аждодларимизнинг ҳаёти, эътиқодий қарашлари, тарихи, тақдири билан
боғлиқ равишда шаклланиб, ривож топганлигини кўрсатади. Бу эса
«Гўрўғли» эпосининг – Марказий Осиё сарҳадларида пайдо бўлиб,
ривожланганлигига асосли далиллар беради. Достон Кавказ версиялари
таъсирида шаклланган, деб қаралувчи фаразнинг таҳрирталаблигини исбот
этади.
12. Ўзбек халқи орасида бугунги кунда ҳам амал қилаётган маросим-
байрамлардаги қуёш туркум мифлари, мавсумий маросимлар билан алоқадор
жиҳатларни «Гўрўғли» эпосига қиёслаш орқали достоннинг бевосита ана шу
мифологик тасаввурлар тизими билан боғлиқ равишда мавсумий
10
маросимлар, ишонч-эътиқодлар замирида шаклланиб, мусатақил бадиий-
эстетик ҳодиса сифатида тараққий топганлиги тадқиқ этилди.
13. «Гўрўғли» достонларининг сюжети ва бош қаҳрамонлар ҳаёти
даврлар оша ўз замонаси талабларига мос равишда ўзгариб борган, янги
талқинлар олган.
14. Халқ ҳаётининг мағзи, этноснинг тақдири, яшаш қонуниятлари
эпосда бадиий мушоҳада этилиши «Гўрўғли» достонлари мисолида кўрсатиб
берилди.
Ишнинг илмий янгилиги. Фольклоршунослигимизда «Гўрўғли»
достонлари юзасидан кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлишига қарамай,
туркумликнинг ўзак (Гўрўғлининг туғилиши, болалиги, уйланиши ва ғойиб
бўлиши) достонлари қачон пайдо бўлган, бу кунги шаклига қандай
эволюцион босқичларда етиб келди, деган масала монографик планда
қўйилиб ҳал қилинган эмас. Мазкур ишнинг илмий янгилиги ана шу
масалаларни янгича нуқтаи назардан ҳал этишда кўринади. Шу пайтгача
достон сюжетининг негизида турувчи қатор йўналишлар (қаҳрамон, ҳомий,
ота-она, кўмакчи) ва мотивлар (туғилиши, ўч олиш ва ҳ.к.) тадқиқотларда
объектив ва субъектив сабабларга кўра изоҳсиз қолар ёки достон таркибига
кейинчалик қўшилган, деб баҳоланар эди. Ишда достоннинг турли версия ва
вариантлари ўзаро қиёсий ўрганилиб, сюжетнинг ана шундай таянч ҳалқа ва
мотивлари алоҳида тадқиқ этилди. Халқнинг қаҳрамонлик достонлари
ўзагида турувчи алплик ҳақидаги тасаввурлар тизими илк бор аниқланиб,
тадқиқотчилар назаридан четда қолиб келган қатор сюжет йўналишлари ва
мотив (масалан, «алплик касали», «алпнинг қайта яратилиши» ва бошқа)лар
достоннинг қадимий қатламларини ўзида сақлаб келаётганлиги таҳлил
этилди.
Ишда достоннинг ядроси – асоси бўлмиш бобосюжет илк бор
тикланди. Унинг тадрижий босқичлари ёритиб берилди.
Қаҳрамоннинг нима учун Гўрўғли деб номланиши, нима сабабдан
унинг фарзанди бўлмаслиги каби фольклоршунослигимиз олдидаги
жумбоқли-баҳсли саволлар достоннинг умумий мантиғидан келиб чиқиб
янгича изоҳланди. Энг муҳими, «Гўрўғли» достони баъзи бир олимлар
тахмин қилганидек XVIII асрда эмас, қадимдан халқимизнинг Қуёш топинчи
билан боғлиқ тасаввурлари ҳамда ўлиб-тирилувчи табиат ҳақидаги маросим
мифлари асосида пайдо бўлганлигини ва бу миф излари бугун ёзиб олинган
Гўрўғлининг туғилиши, болалиги, уйланиши ва ғойиб бўлиши ҳақидаги
достонларнинг деярли барча версияларида турли даража, турли тадрижий
босқичларда сақланиб келаётганлиги илмий асослаб берилди.
Достонга асос бўлган Қуёш топинчи билан боғлиқ туркум мифлар
тизими ва мавсумий маросимларнинг қадимдан халқимиз ишонч-
эътиқодларида мавжуд бўлганлиги ва у халқ ҳаётининг турли жабҳаларида
бу кунгача ўз изларини сақлаб келаётганлиги; Наврўз, Бойчечак, Кўк бўри
маросимлари ва Нурота қадамжолари силсиласи мисолида тадқиқ этилди. Бу
тасаввурлар оламининг эпос ва бошқа фольклор намуналари мағзидаги ўзига
11
хос тадрижий ривожи ўрганилди. Эпоснинг халқ тақдирномаси эканлиги,
этнос ва эпос масалалари «Гўрўғли» достонлари асосида ёритилди.
«Гўрўғли» достонларининг генезиси ва тадрижий босқичларини
аниқлаш давомида достон таркибига сингишган ўзбек – туркий мифологик
тизимининг маълум қирралари, бир қатор мифологик образлар, улар
ҳақидаги тасаввурлар олами қайта тикланди. Бу миф ва мифологик
образларнинг эпос тадрижидаги ўрни ва роли аниқланди.
Тадқиқотнинг илмий ва амалий аҳамияти. Ишнинг назарий ва
амалий аҳамияти биринчи галда «Гўрўғли» туркумига кирувчи
достонларнинг генезиси, тадрижий босқичларини монографик планда
атрофлича тадқиқ этишда, туркумнинг ўзбек ва қардош халқлардаги версия,
вариантлари, қўшимча манбалар асосида илмий-назарий умумлашма ва
хулосаларга келинганлигида кўринади.
Ўзбек халқ достонлари орасида «Гўрўғли» туркуми, хусусан,
Гўрўғлининг туғилиши, болалиги, уйланиши ва ғойиб бўлиши акс этган
намуналарнинг ўрганилиши уларнинг туркумдаги ўрнини, аҳамиятини аниқ
белгилаш имконини яратади. Иш давомида тасдиқ этилган назарий фикр ва
хулосалар ўзбек халқ эпоси тарихини, унинг жанр хусусиятларини
ўрганишда алоҳида қимматга эга. Шу билан бирга, диссертациянинг илмий-
назарий янгиликлари, хулоса ва якунларидан қуйидаги ўринларда
фойдаланиш мумкин:
– ўзбек фольклори, хусусан, халқ достонлари назарияси ва илмий
тарихини ёритишда;
– «Гўрўғли» туркумига кирувчи достонлар генезиси ва тадрижини
ишлашда, илмий академик нашрларни тузишда;
– ўзбек(турк) мифологик тизимини тиклашда;
– мифологик қомус, луғат ва очерклар яратишда;
– олий ўқув юртлари, умумтаълим мактабларида халқ оғзаки ижодини
ўрганишда;
– ўзбек фольклори юзасидан махсус курслар, дарсликлар, ўқув-
методик қўлланмалар яратишда;
– радио ва телевидениеда «Гўрўғли» достонларини кенг ташвиқ
этишда.
Тадқиқотнинг объекти ва предмети. Диссертация учун «Гўрўғли»
достонларининг ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт
институтининг Фольклор архивларида сақланаётган ёзувлари ва бу пайтгача
нашр этилган ўзбек, туркман, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим-татар, тожик
версия ва вариантлари, шу билан бирга, муаллиф томонидан ёзиб олинган
фольклор материаллари асосий манба бўлиб хизмат қилди.
Тадқиқот натижаларининг муҳокамадан ўтиши. Диссертация ЎзР
ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор ва Ўзбек
мумтоз адабиёти тарихи бўлимларининг қўшма мажлисида муҳокама этилиб
( 4 – баённома), ҳимояга тавсия қилинган. Шунингдек, мазкур тадқиқот ушбу
институт ҳузуридаги Д 015.04.01 рақамли фан доктори илмий даражасини
олиш учун семинарда муҳокама қилиниб ( 16 – баённома), 10.01 09 –
12
фольклоршунослик мутахассислиги бўйича ҳимояга тавсия этилиши зарур,
деб топилган.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқотда
келтирилган далиллар, фактик материаллар, илмий хулосалардан ўзбек
фольклори, хусусан, халқ достонларига бағишланган махсус курс ва
семинарларда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, диссертация юзасидан
эълон қилинган монография, мақолалар олий ўқув юртларида халқ оғзаки
ижодидан маъруза, машғулотлар ўтиш, илмий изланишларда муҳим илмий-
назарий манба бўлиб хизмат қилади. Иш асосида халқаро анжуманда иккита
маъруза ўқилди.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Тадқиқотнинг асосий
мазмуни «Ўзбек тили ва адабиёти», «Тафаккур», «Филология масалалари»,
«Тил ва адабиёт таълими», «Халқ таълими», «Адабиёт кўзгуси», «Адабий
мерос», «Соғлом авлод учун», «Бошланғич таълим», «Мактабгача тарбия» ва
бир қатор хорижий журналларда, илмий тўпламларда чоп этилган ……… та
мақола ва битта монографияда ўз ифодасини топган.
Тадқиқотнинг тузилиши. Диссертация кириш, олтита боб, хулоса,
илова ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан ташкил топган бўлиб,
умумий ҳажми …. саҳифадан иборат.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Тадқиқотнинг «Кириш» қисмида мавзунинг долзарблиги, мақсад ва
вазифалари, ўрганилиш даражаси, илмий янгилиги, назарий ва амалий
аҳамияти, ҳимояга олиб чиқилаётган ҳолатлар каби масалалар ЎзР ВМ
ҳузуридаги ОАК докторлик диссертацияларига қўйган талаблар доирасида
қисқача баён этилган.
Диссертациянинг дастлабки боби «Эпос сюжетидаги таянч
мотивлар тадқиқи ва алплик тизими» деб номланган. Ушбу бобда
Гўрўғлининг туғилиши, болалиги, ор олиши билан боғлиқ сюжет ва ундаги
«алплик дарди» ва «алпнинг қайта яралиши» каби мотивлар таҳлил этилди.
Достон сюжети ўзагида турувчи қадимий алплик тизими ҳақидаги
тасаввурлар ушбу мотивлар асосида тикланди. «Алплик тизими»
тасаввурлари унга ёндош шомонлик тизими тасаввурларига қиёсан тавсиф
этилди.
Алплик тизимининг таянч бўғинларини қаҳрамоннинг туғилмасданоқ
ҳомий эранлар томонидан танланиб – назаркарда бўлиши, илк босқичда
илоҳий ҳомила топиб, «ўзга макон»да дунёга келиб, юртига қайтиши, алплик
дардига йўлиқиб, эранлар маконида жисми тобланиб алп сифатида қайта
яратилиши, ушбу иницация жараёнида алплик сир-асрорини эгаллаши, ўз
вазифаси, бурчи, тақдиридан огоҳ этилиши, эранлардан бирининг
қаҳрамонга доимий ҳамкор бўлиб, унинг ҳаёти ғайриқутб, рақиб (дўст)
тақдирига боғлиқ кечиши, янги салтанатга асос солиб, эл-юрт камолига
хизмат қилиши, умри поёнида эран мақомида асл маконига қайтиши ташкил
13
этади. Ушбу мезонлар Гўрўғли тақдирининг ўзагида туради. Аниқланган
мезонларнинг «Алпомиш» достони мисолида тасдиқланиши Алпомиш
образи ҳам халқнинг қадимий алплик тизими билан боғлиқ яхлит
тасаввурлар замирида шаклланиб, ўз бадиий талқинларини олганлигини
билдиради. Бу ҳолат алплик тизими қаҳрамонлик достонлари учун таянч
мезонлардан бири эканлигини кўрсатади.
Диссертацияда «Гўрўғли» достонидаги алплик тизими ва шомонлик
тасаввурлари тизими ўртасидаги уйғун жиҳатлар тадқиқ этилиб, уларнинг
қадим анимистик дунёқарашлари замирида шаклланиб, ривожланганлиги
аниқланди. Бу ўринда «алплик тизими шомонлик тизими асосида пайдо
бўлмаганми?» – деган савол қўйилиб, бевосита достон материаллари таҳлили
мисолида қуйидаги хулосага келинди.
Достон талқинига кўра, Гўрўғли ҳомий эранлар тарбияти билан ер
юзи, ер ости, кўкда ҳам бемалол юра олади, кўнглига барча илмлар, тиллар
жо бўлган. Назари тошни ҳам ёради. Соз чалиб қўшиқ айтади (озарбайжон
версиясида унинг овозидан ер юзи ларзага келади). Эранлар берган оқ-қора
патлар билан турли суратларга кира билади. Шомонлар орасида ҳам
Гўрўғлининг қайсидир бир ёки икки хислатига эга шахслар бўлади. Лекин
бирорта шомон бу хилдаги жамики хислат, қудратга эга эмас. Ҳеч бир
шомонга алп зиммасига юкланувчи вазифа – элни жамлаб, мамлакатни
тиклаш миссияси юкланмайди. Агар у шу ишга қўл урса, унинг миссияси
шомонлик доирасидан чиқади ва алплик томонга ўтади. Бир сўз билан
айтганда, шомонлик алплик тизими тасаввурларининг бир қисми бўлиб
қолади. Чунки алп, айни пайтда, энг улуғ шомон ҳисобланади. Шундай экан,
қадим алплик тизими тасаввурларининг бир ирмоғи бўлмиш шомонлик
кейинчалик мустақил тизим сифатида алоҳида тараққий топган. Алплик
тасаввурлари эпосда бадиий кодлар сифатида намоён бўлса, шомонлик
тасаввурлари халқнинг онгида, дунёқарашида жонли жараён сифатида яшаб
келмоқда. Алплик шомонликда воқе бўлувчи «танланган»лик ҳақидаги
тасаввурлар, яна бир хос инсонлар – сўфийлар ҳаётида ҳам кузатилади.
Кўпчилик сўфийлар, хусусан, маълум бир тариқатга асос солган азиз-
авлиёларнинг ҳаёт йўлида алплик тизимига уйғун келувчи ҳодисалар рўй
бериши кузатилади. Алплик, шомонлик ва сўфийлик тизимида уч босқичли
«ўлим» жараёнининг мавжудлиги уларнинг уч олам (кўк, ер, ер ости) билан
боғлиқ камолат босқичларига етганликларини англатади. Ушбу уйғунликлар
халқ идеалидаги мукаммал инсон, халоскор қаҳрамон – алп ва сўфий бир
умумий тизимга алоқадор талқин олаётганлигига гувоҳлик беради. Халқ
қаҳрамонлари Гўрўғли ва Алпомишларнинг бош ҳомийси ва барча
сўфийларнинг пиру комили Хизр эканлиги ушбу талқин ва умумийликлар
халқнинг комил инсон ҳақидаги тасаввурларига боғланади. Чунки алп
жисмонан бақувват бўлиши баробарида руҳан камолотга эришуви шарт.
Худди шунингдек, руҳий баркамоллик ҳам жисмоний чиниқишни талаб
этади.
«Гўрўғли» достонларидаги қаҳрамоннинг ёшлик чоғидаги
далиликлари, яъни «алплик дарди» ҳамда «алпнинг қайта яратилиши» ва
14
«алпнинг тан олиниши» билан боғлиқ мотивлар эпос сюжетининг илк
қатламига тааллуқли бўлиб, бевосита анимистик дунёқарашлар асосида
шаклланган ҳамда алплик тизимининг таянч бўғинларидан ҳисобланади.
Эпос тафсилоти ва талқинида алплик тизимининг мавжудлиги ушбу
достоннинг қайси турга мансублигини аниқлашда муҳим роль ўйнайди.
«Эпик ҳомий образининг туб асослари ва талқини» деб номланган
иккинчи боб қаҳрамоннинг эпик ҳомийлари тадқиқига бағишланган. Эпосда
қаҳрамонни ҳар қандай шароитда, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ёрдам
берувчи ғайритабиий қудратга эга куч – эпик ҳомий ҳисобланади.
«Гўрўғли»нинг барча достонларида қаҳрамон тилидан: «…Ғойиб эран пирим,
қўлланг қирқ чилтон»14, деб айтилувчи мурожаат анъана шаклини олган.
«Гўрўғли»ининг ўзбек ва туркман версиясида умумий ҳомий ҳақида
гапирилганда, «ғойиб эран», «эран», аниқ шахс айтилганда Хизр, чилтан,
Қамбар, баъзи ўринларда Ҳазрати Али эсланади. М.С.Андреев «Ғойиб эран»
бирикмасини «эран» ва «ёрон» сўзлари ўртасидаги фонетик уйғунликка
таяниб «форсча – «ғайб jaran» бирикмаси асосида пайдо бўлган»15, деган
хулосага келади. «Эран» атамасининг туркий халқлар фольклорида кенг
қўлланилиши, хусусан, форсий тиллар таъсиридан узоқ бўлган тува ва ёқут
тилларида ҳам фаоллиги, М.С.Андреев фарзларини шубҳа остига қўяди.
Туваликлар жамики руҳларни «эран» дейишади16. «Эр» сўзининг «муқаддас
илоҳ» маъноси туркий халқлар ўртасида кенг қўлланилиши ҳақида Мирали
Сейидов ҳам ёзган17. «Эр», «эран» сўзининг «Гўрўғли» достонларида ҳам
ушбу маъно кўламига эгалиги бу фикрни тасдиқлайди. Демак, «эран» сўзи
соф туркий асосли бўлиб, «ҳомий руҳ» деган маънони англатади.
«Гўрўғли» достонида қаҳрамонни доимо қўллаб турувчи, у билан
ҳамиша ҳамқадам юрувчи «эран» Хизрдир. Хизр ҳақида тўлиқ тасаввурни
тиклаш Гўрўғли образи генезисини ёритишда таянч манбаларидан биридир.
Чунки алпнинг кимлиги, қандай куч-қудратга эгалиги ҳомий билан
чамбарчас боғлиқ. «Гўрўғли» достонларида Хизр ҳар қандай шароитда, ҳар
қандай жойда қаҳрамонга ёрдам берувчи оқ соқолли, қизил юзли, оппоқ
кийимли чол сиймосида тасвирланади. Қаҳрамондан бўлак одам Хизрни
кўрмайди. Хизр қилган ишни ҳам қаҳрамон бажаради, деган тасаввур
мавжуд. Хизр бевосита чилтан ва бошқа ҳомий руҳларга раҳбарлик қилади.
Уларни қаҳрамонга ёрдам беришга буюриб, бошқаради. Достонда
қаҳрамонлар тилидан халқ ўртасида юрувчи Хизр ҳақидаги бир қатор
анъанавий тасаввурлар ҳам баён этилган. Хизр образи ҳақидаги эл ўртасида
юрувчи инонч, турли нақл ва афсоналар достондаги тасаввурларни
тўлдиради. Хоразм воҳасида ва республикамизнинг баъзи вилоятларида Хизр
14 Булбул тароналари. Беш томлик. Айтувчи: Эргаш Жуманбулбул ўғли. Ёзиб олиб,
нашрга тайёрловчи: Ҳ.Зариф. – Тошкент: Фан, 1972. Иккинчи том. – Б.31.
15 Андреев М.С. Чильтаны ( چيلتن ) в Средне-азиатских верованиях // От оттиск из сборника
в честь В.В. Бартольда. – Ташкент: 1927. – С.340.
16 Кенин-Лопсон М.Б. Обрядовая практика и фольклор тувинского шаманства. –
Новосибирск: Наука, 1987. – С.23.
17 Cejидов M. Aзэрбаjчан халгынын соjкокуну душунэрэкэн – Бакы: Jэзычы, 1989. – Б.107.
15
оқ илон образида ҳам намоён бўлади, деган ишонч бор18. Туркий халқлар
фольклори ва этнографиясини ўрганган бир қатор олимлар Хизрнинг
исломдан аввалги тасаввурлар оламидан келаётган образ эканини
таъкидлашган19. Ўзбек фольклоршунослигида ҳам Хизр образининг табиати,
тарихий асослари хусусида бир қатор қимматли мулоҳазалар билдирилган.
Жумладан, М.Саидов, М.Муродов, К.Имомов, М.Жўраев ва
Ш.Шомусаровларнинг фикрлари алоҳида диққатга молик. М.Сейидовнинг
«Хызыр» (Хизр) туркий қавмларнинг қадим дунёқарашида ёз (кўклам) илоҳи,
барча ўт-олов манбаи бўлган, деб чиқарган хулосасига таяниб, ўзбек
«Гўрўғли» достонларидаги бош ҳомий Хизр образи билан боғлиқ мотивлар
талқинига ёндашадиган бўлсак, ушбу фикрнинг кенг қамровли эканлигини
кўрамиз. Бу ҳолат «Гўрўғли» достонининг мазмун-моҳиятида ўз аксини
топган. Бутун борлиқнинг достон талқинидаги эпик харитасида Така Ёвмит-
Чамбил атрофидаги Хизр ва чилтанлар ихтиёридаги Болли кўли, Асқар тоғи
ҳамда Бало тоғигача бўлган сувсиз чўл ҳудудларининг маркази Асқар тоғи,
деб қаралган. Асқар тоғининг қандай макон эканлигини топиш эса эпик
ҳомийларнинг мифологик асосларини ойдинлаштиришда муҳим аҳамиятга
эга. «Гўрўғли» достонининг барча версия ва вариантлари ўзаро қиёсланиб,
ҳомийлар макони тикланса, туркий қавмларнинг кўҳна Асқартоғ – ҳомий
эранлар, «Қуёш тоғи» ёки «Қуёш маъбуди» макони ҳақидаги тасаввурларига
уйғун модель кўз ўнгимизда намоён бўлади. Қуёш ер юзидаги жами
тирикликнинг қувват манбаи ҳисобланади; қуёш ҳароратининг кўтарилиши
кўкламни туғдиради, қиш уйқусига кетган табиатни қайта уйғотади.
Хизрнинг эпосдаги ва халқ тасаввуридаги барча хусусиятларида ушбу
тушунчалар мужассам. Бу эса унинг қадимда қуёш маъбуди саналганлигини
яна бир бор тасдиқлайди. Хизр тарихан бутун тирик табиат, яшиллик,
эзгулик илоҳи, яратувчи эран – Қуёш тимсолида англанган, эътиқод
қилинган. «Гўрўғли» достонларида айнан Хизрнинг қаҳрамонга ҳомийлик
қилиши, биринчи галда, ана шу фазилатлар ва қудратга таянади.
Халқимизнинг исломга қадар бўлган мифологик тизимида Хизрга энг юқори
мақомдаги ўт, олов, қуёш билан боғлиқ, ёзни олиб келувчи, бутун табиатни,
ҳаётни жонлантирувчи, уларга тириклик берувчи муқаддас илоҳ – эран, деб
қаралган. Ана шу асосда бу образ аждодлар культи сифатида ҳам талқин
қилинган. Ўрта Осиёга ислом динининг кириб келиши, ўз навбатида,
исломий эътиқод, дунёқараш билан бирга ислом ва араб мифологиясининг
ҳам бу ерга сингишига сабаб бўлди. Натижада, маҳаллий мифологик тизим
ҳам исломий дунёқарашга мослашди.
«Гўрўғли» достонида, Хизр билан бир қаторда, қаҳрамонга қирқ
чилтан ҳам ҳомийлик қилишади. Қаҳрамоннинг: «Ғойиб эран пирим, қўлланг
қирқ чилтон»20, дейиши каби мисоллар кўп учрайди. Ушбу қўш ҳомийликка
18 Снесарев Г.П. Релиткы домусульманских верований и обрядов у узбеков Хорезма. –
Москва: Наука, 1969. – С.114 – 115.
19 Кўрсатилган асар. – С.154.
20 Булбул тароналари. Иккинчи том. – Б.31.
16
сабаб нимада? Ишда ушбу саволга чилтанларнинг қандай образ эканлигини
аниқлаш орқали жавоб берилди.
Ўрта Осиё халқлари ўртасида чилтанлар ҳақидаги ХХ аср
бошларигача бўлган тасаввур ва бошқа ёзма маълумотларни М.С.Андреев
тадқиқ этган. М.С.Андреев мақоласида келтирилган маълумотлар таҳлил
этилса, чилтанлар ҳақида маълум даражада бир-бирига қарама-қарши икки
хил тасаввур борлиги кўринади. Биринчи гуруҳга мансуб манбаларда
чилтанлар қирқ кишидан иборат бўлишлари шарт, деб қаралади. Улар руҳий
камолотга етишган, энг инсофли, адолатли кишилардан танланади. Беқиёс
билимга, ғайритабиий қудратга, фидойиликка эга бу кишилар кўпинча ўта
оддий, фақирона ҳаёт кечирадилар. Баъзилар уларни тунда бир жойга
йиғилишади, дейишади. Чилтанларнинг вазифаси одамларни ёвуз руҳлардан
ҳимоялаш, лозим топилса, даволаш, тарбият этиш, деб англанган. Муҳим
ишончлардан яна бири – уларнинг дунёни бошқариб турувчи кучлар сафида
талқин этилишидир. Баъзилар дунёни бошқариш чилтанлардан бирининг
вазифаси бўлиб, қолганлари эса унга ёрдам беради, дунёни бошқарувчи
чилтан «ернинг киндиги»да туради, деб айтишган. Айни тасаввур «Гўрўғли»
достонларидаги Хизр ва чилтанларнинг макони Асқартоғ тасаввурига мос
келади. Шу билан бирликда, халқ орасида чилтанларни Хизрнинг ёрдамчиси,
деб ҳам талқин этилади21. Бу эса «Гўрўғли» достонидаги Хизр ва чилтанлар
муносабатини очишда қўшимча таянч манбалардан биридир. Чунки достонда
ҳам чилтанлар Хизрнинг ёрдамчиларидек иш юритишади. Чилтанларнинг
яшаши ва йиғилиб турадиган жойи ҳақидаги маълумотлар ҳам бир хил эмас.
М.С.Андреев мақоласи асосида улар шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам яшашлари,
йиғилиш жойлари шаҳар четларида, мозорларда бўлишини англаш мумкин22.
Олим чилтанлар тоғларда, ғорларда яшайдилар, деган фактни ҳам келтирган.
Бу факт юқоридаги «Хизр макони» тасаввурлар тизими билан боғлиқ.
М.С.Андреев мақоласида келтирилган чилтанлар ҳақидаги иккинчи бир
тасаввур Тошкент шаҳридагина қайд этилган аёллар томонидан
уюштирилувчи ғайритабиий чилтан базм маросимидир23. Олим бу фактни
илмий изоҳлаган эмас. М.С.Андреев чилтанлар генезисини Ҳиндиқуш
водийсидан ёзиб олиниб, чилтанларга нисбатан берилувчи қирқ ака-ука
ҳақидаги афсонага боғлайди24. С.П.Толстов эса М.С.Андреевнинг келтирган
факт ва маълумотларга таяниб, чилтанлар ибтидосини кўҳна «яширин
иттифоқлар» («Тайных союзов» )нинг Ўрта Осиёдаги акс-садоси, деб талқин
этади25. Чилтан образи билан боғлиқ серқатлам тасаввурлар тизимининг
маълум ҳалқаларида «яширин иттифоқ» излари акс этган бўлиши мумкин.
Лекин ушбу асосга тўлиқ таяниш бир ёқламаликни туғдиради. Халқ ўртасида
чилтанлар ҳақида биз тўплаган маълумотлар, асосан, М.С.Андреев
21 Андреев М.С. Чильтаны ( چيلتن ) в Средне-азиатских верованиях. – С.340.
22 Кўрсатилган манба.
23 Кўрсатилган манба. – С.342.
24 Кўрсатилган манба. – С.344 – 345.
25 Толстов. С.П. Древний Хорезм. – Москва, Ленинград: Наука, 1948. – С. 311 – 314.
17
маълумотларига ҳамоҳанг бўлиши билан бирга, уларни тўлдиради, янада
аниқликлар киритади.
Хулоса қилиб айтилса, Хизр ва чилтан образларининг бадиий
талқинлари бир умумий мифологик тизимга боғлиқ тараққий топган.
Диссертациянинг учинчи боби «Бош қаҳрамон, унинг шажараси
генезиси ва тадрижий босқичлари» деб номланиб, унда «қаҳрамоннинг
туғилиши» мотиви ҳамда номланиши достоннинг мавжуд версиялари
асосида тадқиқ этилди. Достоннинг барча версияларида қаҳрамон гўрда
туғилади. Лекин ҳомила асосига улар икки гуруҳга ажралади.
I. Ҳомила табиий, қаҳрамоннинг туғилиши ғайритабиий; (Қўрғон
версияси (Пўлкан шоир варианти)26, Эгамберди Оллоберган ўғли варианти27,
Раҳматулла шоир варианти28, Ҳайдар ота Бойчаев варианти29, Амин Малик
ўғли версияси30, Хоразм версияси31, туркман «Гўрўғли»си: Москва32,
Ашгабат33 нашрлари, қозоқ «Коруғлы»си34.
II. Ҳомила ҳам, қаҳрамоннинг туғилиши ҳам ғайритабиий (Фозил
шоир версияси, Лақай версияси, Тош шоир версияси, Наманган версияси)35.
«Қўрғон» варианти ва туркман версиялари ўртасидаги асосий фарқ,
Қўрғон версиясида воқеалар тафсилотининг кенглиги, қўшимча образ ва
мотивларнинг мавжудлигида, қаҳрамон отасининг Равшан деб аталишида
кўринади. Хоразм версияси, озарбойжон ва туркман достонларида қаҳрамон
номларидан бири Равшан. Қаҳрамонга Равшан номининг берилиши
достоннинг туркман версиясида Хизр қаҳрамонга қоронғи юрт (гўр)дан,
ёруғлик юрт (ер юзи)га чиққанлиги учун «Равшан», деб ном беради36.
«Равшан» сўзининг луғавий маъноси ойдинлик, ёруғлик, ёруғ нур демакдир.
Достондаги изоҳ давомида эранлар Хизрга: «гўрдан чиқди, дейсанми, унда
26 Гўрўғлининг туғилиши / Айтувчи Муҳаммад Жомрод ўғли Пўлкан. Нашрга тайёрловчи:
М.Муродов. – Тошкент: Бадиий адабиёт, 1967.
27 ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор архиви. Инв №
–1461.
28 Гўрўғли / Айтувчи Раҳматулла Юсуф ўғли. Нашрга тайёрловчи Т. Мирзаев // –
Тошкент: Шарқ, 2006. – Б. 409 – 428.
29 ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор архиви. Инв №
–1170.
30 ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор архиви. Инв №
–1515.
31 Гўрўғли. Хоразм достонлари / Нашрга тайёрловчилар: С.Рўзимбоев, Х.Рўзимбоев,
Г.Эшжонова. – Ургенч: Хоразм, 2004.
32 Гер-оглы. Туркменский героический эпос. – Москва: Главная редакция восточной
литературы, 1983.
33 Гороглы. Туркмен гаҳрыманчылык эпосы. – Ашгабат: Туркменистан, 1990.
34 Короуғлы (Короғлы жане онын урпақтары туралы дастандар). – Алматы: Жазушы, 1973.
35 Қаранг: ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор архиви.
Инв № –257; ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор
архиви. Инв № –1555; ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти
Фольклор архиви. Инв № –1459; ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт
институти Фольклор архиви. Инв № –1085. Папка № 79.
36 Гер-оглы. Туркменский героический эпос. – C.47.
18
оти Гўрўғли бўлсин»37, дейилиши замирида ҳам дастлабки изоҳга мос
маънони англаш мумкин.
«Гўрўғли» достонининг туб илдизлари, ундаги архаик қатламларни
ёритишда қаҳрамон номининг маъно кўлами, изоҳлари муҳим роль ўйнайди.
Ҳ.Т.Зарифов «… туркий гўр-кўр сўзининг ботир, мард, баҳодир маънолари
архаиклашиб қаҳрамоннинг ғайритабиий туғилиши мотиви формаларига ҳам
ўзгаришлар киритилган ва қаҳрамон номи «гўрда туғилган ўғил» маъносини
касб этган38, деган гипотезани ўртага ташлаган. Бу фикрни А.Ишаев
батафсилроқ тарзда қўллаб-қувватлайди39, Т.Ҳайдаров қаҳрамоннинг Эрўғли
аталишини Эрлик номи билан боғлаб талқин этади40. О.Сулаймонов эса: «…
қадим Мисрда Гор-кл (Гор-қуёш) – Қуёш ўғил, Қуёш фарзанди, «чиқаётган
қуёш» ҳақидаги мифологик образ музаффар баҳодир сифатида этрускларнинг
Геркли, грекларнинг Геркулес ва туркий халқларнинг Гўрўғли образларида
қад тиклади. Қадим мисрликларда яна бир Хор-хт-Қуёш-ота, «ҳалок
бўлаётган қуёш», «ботаётган қуёш» персонажи бор, улар биргаликда қуёш-
туркум мифларини ташкил этарди»41, деган фикрни айтиб ўтган. Мирали
Сейидов достон сюжети, етакчи мотив ва образларининг тарихини тадқиқ
этиш асосида «Кўрўғли ўзини ота-бобосига кўра «Гўр ўғли-ўт ўғли», шунинг
учун ҳам у Равшан, яъни «ишыг» /ёруғлик/ аталган», деб ёзади42. Айни
пайтда, олим Гўрўғлини тоғ тангриси ва қуёш шуъласининг инсонлашган
образи сифатида ҳам талқин этади43. О.Сулаймонов ва М.Сейидов фикрлари
бир умумий ўзакка бориб боғланади. Айни пайтда, Ҳ.Зариф, О.Сулаймонов
ва М.Сейидовлар достоннинг бугунги вариант ва версияларида қаҳрамон
номини изоҳловчи гўр – қабр, кўр – кўзи кўр маъноларини сўнгги давр
маҳсули сифатида қарашлари билан ҳамфикрдирлар.
Биз, биринчи галда, тадқиқотнинг иккинчи бобидаги хулоса –
қаҳрамоннинг «нафас» отаси – эпик ҳомий Хизрнинг – тарихан ўт, олов,
қуёш билан боғлиқ, ёзни олиб келувчи, бутун табиатни, ҳаётни жонлантириб,
уларга тириклик берувчи бош эзгу эран (руҳ) эканлиги ва қадимда қуёш
тимсоли сифатида келганига асосланиб, қаҳрамон номи «қуёш маъбуди» –
«Гўр» /Кўр/Қир/ ўғли эканлигини аниқлаймиз. Достоннинг бир қатор
версияларида қаҳрамон тўғридан-тўғри Хизр/Қидир ўғли сифатида
тасвирланиши бежиз эмас.
Иккинчидан, О.Сулаймоновнинг «Гўр ўғли»ни қадим Мисрдаги Гор
– қуёш ўғли билан боғлагани, М.Сейидовнинг Гўрўғли/Кўрўғлини ўт, олов
37 Кўрсатилган асар. Ўша саҳифа.
38 Мирзаев Т.Халқ бахшиларининг эпик репертуари. – Тошкент: Фан, 1979. – Б.132 – 157.
39 Ишаев А. Сўз мулкига саёҳат // Фан ва турмуш. – Тошкент, 1970. -№10. – Б.25.
40 Ҳайдаров Т.М. «Гўрўғли» ва мифология синкретизми: Филол. фанлари номзоди… дисс.
Автореф. – Тошкент, 1993. – 27 б.
41Сулейменов О.О., Кажибеков Е.З. Тюркология: вчера, сегодня, завтра // Советская
тюркология. – Баку, 1989. №6. –С.83–106.
42 Cejидов M. Aзэрбаjчан халгынын соjкокуну душунэрэкэн – Бакы: Jэзычы, 1989. – Б.306.
43 Кўрсатилган манба. – Б.298.
19
ўғли деб изоҳлагани ва тоғ, қуёш маъбуди тасаввурлари билан боғлагани
қўшимча далил бўлди.
Учинчидан, қаҳрамоннинг бир қатор версия, вариантлардаги Равшан
номининг ёруғлик, нур маъносида келиши, гўр / кўр сўзнинг бу кун
архаиклашган мазмунини изоҳламаяптими, деган фикрни туғдирди. Ишда
Гўр / кўр ва унга ёндош қўр / қир, гун / кун сўзларининг маъно қамровини
ушбу муаммо нуқтаи назаридан қараб чиқилди. Ўзбек тилида қир сўзининг
«емирилиш натижасида ажралиб қолган ясси чўзиқ тепалик»44, қўр
сўзининг: «майда чўғ аралаш иссиқ кул, майда чўғ»45 маъноларида
ахтараётган мазмунга яқин маъно қирралари мавжуд. Ўзбек ва туркий
тилларда гўр ва кўр билан ўзакдош энг фаол кун / гун сўзининг қуёш,
офтоб46 маънолари эса тарихий негизни топишимизга таянч бўлди. Қуёш
маъносидаги кун сўзи ку (фонетик вариантлари кў / гу / қу) тарихий
негизидан ясалган. Кўриш аъзоси кўз сўзи ҳам айнан кў / ку / гу негизига
боғланади. Кўр феълининг негизида ҳам ку / гу ни кўрамиз. Демак, ку / кў / гу
негизга тарихан «н» от ясовчи қўшилиб ку+н = кун, «з» от ясовчиси
қўшилиб кў+з = кўз, « р» феъл ясовчи қўшилиб, кў+р = кўр феъли ҳосил
этган. Ку / кў / гу / гў = ёруғ, тиниқ, ойдин, нурли маъноларини англатган.
Фикримизни кун сўзига антоним бўлган тун сўзининг ясалиш шакли ва бу
сўз асосидаги ту негизининг маъноси ҳам исботлайди. Ту сўзига «н» от
ясовчи қўшимчанинг бирикуви натижасида қоронғулик, ғубор маънолари
ифодаланган. Ку нинг ўғизча фонетик варианти гу . Ҳозирги туркман,
озарбайжон, турк тилидаги гунаш сўзи ҳам бевосита гу негизидан ясалган.
Гунашнинг ўзбекча фонетик варианти эса қуёш дир. Демак, тарихан қуёш
сўзи ҳам ку / қу негизига бориб туташади.
Сўз тушунчани ифодалайди. Тушунча ҳар бир тилнинг ўз имконияти
доирасида изоҳланса унга ёндош сўзлар ягона оилани ташкил этади. Мабодо
тушунча четдан, атамаси билан бирга олинса, бу ҳол кузатилмайди. Туркий
тилларда гу / ку / қу негизи асосида қуёш, ёруғлик, нур, кўз, кун, кўр ва ҳоказо
от ва феъл туркумига тегишли сўзларнинг катта оиласи мавжуд экан,
«Гўрўғли» сўзининг негизи ва бу образ билан боғлиқ мифологик
дунёқарашлар О.Сулаймонов фараз қилганидек, мисрликларнинг «Гор»
образини қабул қилиш натижасида пайдо бўлган эмас. Гўрўғли / Кўр
ўғлининг бир қатор версияларда Равшан деб аталиши гўр / кўр сўзининг
қадимий ёруғ, ойдин, нур, ёғду маъноларининг даврлар ўтиши баробарида
архаиклашган мазмунига изоҳ сифатида қўлланилиб, сўнгра исм муқобилида
оммалашган. Қаҳрамоннинг ғарбий версияларда Кўр ўғли аталиши эса қуёш
туркуми мифларидаги ботаётган қуёш мотиви замирида изоҳини топади.
Сўнгги даврларда бу мотив кўр кишининг ўғли маъносини олган ва ушбу
мотивни асословчи сюжет линияси бевосита ботаётган – кўр қилинган қуёш
44 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Икки жилдлик. – Москва: Рус тили, 1981. Биринчи жилд.
– 581.
45 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Икки жилдлик. – Москва: Рус тили, 1981. Иккинчи
жилд. – Б.639.
46 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Биринчи жилд. – Б.405.
20
тасаввурлари негизида шаклланган. Достоннинг ўзбек версияларида
етакчилик қилувчи гўр сўзидаги илк маъно ҳам кўр билан бир ўзак
тасаввурларда туради. Бу тизимга кўра қаҳрамон қуёш туркум мифларининг
уч боскичи – чиқаётган, яъни, қоронғи юрт (гўр)да туғилган ёш – Қуёш (Гўр
ўғли), Улғайиб, камолга етган – Тол туш Қуёши (Қир ўғли), Қартайиб
ботаётган, кўр қилинган – Қуёш (кўр ўғли) деб ном олган. Достоннинг бу
кунги вариантларидаги қаҳрамоннинг турлича номлари ва уларнинг бадиий
талқинлари аслида бир-бирини инкор этмайди. Аксинча, бу исмларда Қуёш
ўғлининг ҳаёт йўли манзилларидаги эврилишлари акс этган. Бу эврилишлар
Қуёш йўлининг ёруғликда ўз ҳукмини юргизиб, яна қоронғи дунёга ўтиб,
қайта куч йиғиши ва такрор ёруғ оламга келиши каби узлуксиз жараённи
ифода қилади. Шу маънода, Гўрўғлининг дастлаб гўр ўғли, сўнгра қир ўғли ва
ниҳоят кўр (кўзи ожиз) ўғли бўлиши сабаблари миф мантиқи қамровида ўз
изоҳини топади. Хуллас, Гўрўғли номида бу образ билан боғлиқ қадим
мифологик тасаввурлар олами тўлиқ акс этган ва достон сюжетининг барча
қатламларида ушбу тасаввур излари турли кўринишларда бадиий
ифодаланган.
Наманган версиясида Биби Ҳилол олмадан ҳомила топиб, қаҳрамон
эса эчки сутини эмади. Ишда сюжетнинг олма – эчки – Ал – Биби
Ҳилол(қозоқ версиясида Ақаной) – ой йўналишининг мифологик
илдизлари атрофлича тадқиқ этилиб, бунда аввало, қаҳрамон онасининг номи
«янги чиққан ой биби» мазмунида келаётганлиги аниқланди. Ой –Ал – эчки –
олма–оила ўчоғи, ҳосилдорлик топинчи маъбуди тасаввурлари тизимига
тегишли эканлигига таянилиб, қаҳрамон онасининг ушбу мифологик
заминдан инсоний қиёфа олганлиги кўрсатилди. Миф ва эпос мантиғи
қаҳрамон – отасининг Хизр, яъни Қуёш эрани, онаси Оқаной – Биби Ҳилол,
яъни ой бўлишини талаб этиш баробарида, дунё халқлари фольклори ва
мифологиясига уйғун эканлигини кўрамиз. Демак, Қуёш ва Ой
маъбудларининг фарзанди қоронғи юртдан (ер остидан) ёруғлик (ер усти)
юртига чиқади. Гўрўғли Қидир/ Хизр ўғли – ёруғликка чиққан Қуёш ўғли
номини олди.
Ушбу асосга таяниб, «Гўрўғли» эпоси мағзини яхлит олиб содда
ифодалайдиган бўлсак, насаби кўк маъбудларига, жисми ер унсурларига
тегишли одам дунёга келади. Қадим мифологик тасаввурга кўра, ботаётган
қуёшни тун Юҳоси ютган (кўр қилган). Тонгда эса янги қуёш Юҳо думидан,
яъни қоронғи дунёдан қайта туғилгандек чиққан. Бу ҳолат Қишни мағлуб
этиб, Наврўзда қайта тирилган Ёзнинг табиатни ўз ҳукмига такрор олгани
каби яхлит тизимда англанган. Ушбу «ўлиб-тирилиш» жараёнида Қуёш ўғли
бош вазифани бажарган. Айни табиат ҳодисасини изоҳловчи миф кейинчалик
жамият қонуниятлари, хусусан, этнос ҳаётининг бадиий ифодасига айланди
ва Қуёш ўғли энди халқ қаҳрамони сифатида таназзулга учраган этносга
янгидан куч берувчи ярим тангри ва ярим инсон бўлиб ўз самовий вазифаси
– миссиясини бажаришга киришди. Яъни у улғайиб, вояга етгач, кўк ва ерни
боғловчи медиаторга, янада аниқ айтилса, ер аҳлига тажовуз солиб, таҳдид
қилаётган ёвуз кучларни қайтарувчи халоскорга айланди. Одамларга
21
йўлбошчилик қилиб, уларни тўғри йўлга бошлади. Издан чиққан жамиятда
адолат ўрнатади, маърифат тарқатади. Лекин дастлабки пайт боланинг жисми
руҳига бўйсунмайди. Кўк билан боғланишга қайсарлик қилади. Ана шунда
ҳомий руҳлар ўзлари танлаб, ер юзига юборган зотнинг руҳи танининг
баробар камол топиб, ўз вазифасини бажаришга қодир бўлиши учун махсус
тайёргарлик жараёнидан ўтказиб тоблашади. Натижада қаҳрамон кўк (осмон)
– эзгу руҳлар макони, ер усти – одамзот макони, ер ости – ёвуз кучлар
маконида бирдек ҳаракат қила олиш кучу қудратига эришади – чинакам Алп
бўлади.
Алп ўз ёрдамчиси – ҳамкори бўлмиш отига эгалик қилади. Унинг илк
жасорати амалга ошади. Уйланади, қабила-уруғ раҳнамосига айланади.
Одамларнинг бахтли ҳаёт кечиришларини таъмин этади, умри поёнида юз
йигирма ёшга кириб асл макони – космосга – муқаддас тоғ қўйнига ғор
орқали ўтиб, ғойиб бўлади. Ушбу боб давомида бири иккинчисидан келиб
чиқиб туғилган қатор саволларга жавоб берилди.
Биринчидан, қаҳрамоннинг онаси мифологик образ бўлиб,
сюжетнинг архаик қатламида маъбуда сифатида тасаввур қилинган.
Иккинчидан, архаик сюжетда шажараси осмон ёритқичлари
(қуёш,ой)га боғлиқ қаҳрамон дастлаб сув остида дунёга келган ва онаси
инсон қиёфасини олгач, бу мотив қабр (гўр) шаклига ўтган. Достоннинг
бугунги вариантлари қаҳрамоннинг қоронғи юртдан ёруғликка чиққан қуёш
эранининг ўғли эканлиги ҳақидаги талқиннинг хиралашиб, гўр (қабр) ўғли
сифатидаги изоҳи ана шу даврлардан бошлаб етакчи ўринга чиққан.
Учинчидан, қаҳрамоннинг туғилиши ва номланиш мотивлари
тадқиқотимиз аввалида қўйилган масала «Гўрўғли» достонининг қачон,
қандай шароитда, қайси дунёқараш асосида пайдо бўлганлигини ҳал этишда
таянч манбалардан бири эканлигини намоён этади. Чунки биз юқорида
атрофлича қараб чиққан масалалар ечими ҳеч иккиланмай қуйидаги
хулосаларга келишимизга асос беради.
«Гўрўғли» достони халқимизнинг анимистик дунёқарашлари ва
қадим мифларнинг (оламнинг ва одамнинг яратилиши, йил фаслларининг
алмашинуви, уч ўлчамли дунёдаги умумтартиб, инсоннинг ердаги ҳаёт тарзи,
эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги узлуксиз кураш) бир умумий қаҳрамон ва
сюжет атрофига бирикуви натижасида пайдо бўлган.
Сюжетнинг навбатдаги босқичида қаҳрамоннинг онаси инсоний
қиёфа касб этди, лекин ота илоҳий куч сифатида асл ҳолатига бевосита ва
билвосита тегишли унсурлар билан боғлиқ равишда қолди.
Қаҳрамоннинг туғилиш ўрни, ўлиб қайта тирилиш мотивлари ўз
моҳиятини сақлаган ҳолда бир шаклдан иккинчи кўринишга ўтди. Дастлабки
ҳолат: ҳомила унсурининг муқаддас тоғдаги сутли кўлдан, дарё орқали борса
келмас юрт – уммон кўриниши бевосита ер-қабрга айланди, қаҳрамоннинг
рақиби эса нариги дунё вакили – «айри туёқ, жунлик» мифологик
мавжудотдан реал одам – Райҳон араб қиёфасига кирди.
Райҳон арабнинг «борса келмас юрт» вакили сифатида тасвирланиши
илк сюжетнинг иккинчи қутбига аниқлик киритади. Чунки космосдан тушган
22
қаҳрамон ҳомиласи чегарани белгиловчи дарё орқали борса келмас юрт –
хаосга бориб, у ерда етилиб, ер юзида пайдо бўлиши керак эди. Яъни қоронғи
юртдан ёруғлик юртига чиқиши керак. Араб Райҳон юртининг «борса
келмас» аталиши, деярли барча версия ва вариантларда қаҳрамон ва Райҳон
араб юртини ажратиб турувчи дарёнинг мавжудлиги ва бу дарё билан боғлиқ
мотивлар семантикаси, илк сюжетдаги мифологик йўналишлар
семантикасига мос келади. Араб Райҳон образининг тарихан «у дунё» вакили
бўлганлигини илк сюжетни юзага келтирган мифологик мотивлар ҳам
тасдиқлайди.
Ушбу сюжет мотивлари мағзида Гўрўғли, яъни мифик тасаввурга
кўра доимий ўлиб-тирилувчи табиатдаги ёз (кўклам) тимсолининг ўзига
қарама-қарши қутби – қиш тимсоли билан кураши (Араб Райҳон борса
келмас юрт вакили – қиш тимсоли; Гўрўғли қуёш ўғли – космос вакили –
кўклам тимсоли) турибди. Достоннинг бугунги версиясида сюжетнинг айни
ҳалқалари кўклам батнида қиш, қиш батнида ёз етилиб туғилиши, бу
туғилиш ўзаро кураш, қарама-қаршиликлар ичидаги уйғунлик, доимий
ҳаракатдан иборат эканлиги ҳақидаги тасаввурлар янгиланиб, бадиий-
эстетик талқин олган.
Достоннинг кейинги тадрижий босқич (шартли учинчи) излари Амин
шоир Малик ўғли версиясида нисбатан тўлароқ сақланган. Унда мифологик
кўринишдаги отанинг реал – инсоний қиёфа олиш босқичларини кўрамиз. Бу
ҳолат, биринчи навбатда, тингловчи ва эпик ижодкор онги, тасаввурида
ғайритабиий ҳомилага ишонч сўна бориб, эпоснинг мифологик асосдан реал
воқеликка яқинлашганлиги сабаб бўлди. Чунки эртак жанридан фарқли
достон воқеалари ҳар доим бўлган, деб қабул қилинади. Натижада,
бахшилар достонга «реал ота» йўналишини олиб киришди. Лекин янгиланиш
қадим анъана ўзанида кечди. Бу ҳол ота номининг Нуртой аталишида
намоён. Исмдаги нур сўзи ёруғлик, қуёш билан боғлиқ, «той» сўзи
достондаги от образи тасаввурларига боғланади. Иккинчидан, реал ота
образининг анъанавий эртак мотивларига уйғун талқинларда берилиши
бахши-шоирларнинг эртак қолипидан унумли фойдаланганлигини кўрсатади.
Учинчидан, қаҳрамон отасининг баъзан хизматкор аталиши, «хондек қул»
сифатланиши (Амин шоир версияси) достон тадрижининг сўнгги – тўртинчи
босқичидаги (Қўрғон версияси) қаҳрамон отаси Равшан (бу ном Нуртой исми
билан бевосита семантик умумийликка эга)нинг Шоҳдорхон фуқароси
Ҳамзага асир тушиб, қул бозорида сотилиши мотивига замин яратган. Туб
асосда қаҳрамон отасининг «вақтинча қул» бўлиш мотиви ҳам мифологик ва
маросимий асосга эга. Реал ота образи ибтидоси бевосита эпик ҳомий
ҳақидаги умумтасаввурлар, магик унсур ва хусусиятларга боғлиқ. Равшан
(Қўрғон версияси)нинг синчи эканлигида ушбу тасаввурлар анъанаси
сақланган. Бу ҳолатлар «Гўрўғли» достонидаги ҳар бир мотив ва образ
йўналишларининг маълум тарихий тараққиёт йўлларини босиб ўтиб, даврлар
оша мукаммаллашиб, сайқаллашиб, бадиий тимсол даражасига
айланганлигини кўрсатади. Айни ҳолатни эпосдаги бошқа етакчи образлар
мисолида ҳам кузатиш мумкин. Ишда достон сюжетининг «ғайритабиий
23
ҳомилали», «табиий ҳомилали» версиялар тадрижининг тўрт босқичи
жадваллар орқали берилиб тадқиқ этилди.
Диссертациянинг тўртинчи боби «Гўрўғли» туркумидаги етакчи
образларнинг туб асослари ва эпосдаги ўрни» деб номланиб, унда
Соқибулбул, Ғиркўк, Жунус ва Мисқол пари, Кўмакчи девлар, Аҳмад Сардор
образларининг туб илдизлари ва туркумликда тутган ўрни масалалари
алоҳида-алоҳида ўрганилди.
I. Соқибулбул образи. Достон талқинига кўра, Соқибулбул –
чилтанлардан бири. Гўрўғлининг устози, маслаҳатчиси, даврасининг
соқийси, Fиркўкнинг сайиси. Ишда Соқибулбулнинг устозлик, соқийлик,
сайислик вазифалари алоҳида ўрганилди:
1. Соқибулбул – устод. Достонда Соқибулбулнинг «айтгани-айтган,
билгани-билган, қилгани-қилган», деб талқин этилишига сабаб, унинг эпик
ҳомийлар – чилтанлардан бири эканлиги, бош ҳомий Хизр томонидан
Гўрўғлига ёрдамчи этиб тайинлаб қўйилганлиги билан изоҳланади. Бу
ўринда Гўрўғли ва Соқибулбул муносабати тарихий соҳибқирон Амир Темур
ва унинг ҳомийси – Саид Али ота ҳаётига уйғун келиши қиёсий ўрганилди.
2. Соқибулбул – соқи. Соқибулбул ўз номи билан аввало, «соқи» эди.
«Соқи» сўзи икки мазмунга эга ва ҳар икки маъно ҳам Соқибулбул образига
мос келади. «Соқи» сўзининг биринчи маъноси «бахши», «шоир» демакдир.
Иккинчи маъноси, «даврабоши», «май сузувчи» мазмунини ифодалайди. Бу
маънолар «соқий» сўзининг бугунги кундаги маъно доирасини акс эттиради.
«Ўзбек тилининг изоҳли луғати» да иккинчи маъно: «Соқий(а) май қуювчи;
косагул»47 тарзида берилган. Соқибулбулнинг бахшилиги – соқийлик-
бахшилик, шомонлик билан узвий боғлиқ. Достондаги «май», «майхона»,
«май ичиш», «сафар коса» каби сўз ва ибораларнинг маъно-мағзида моддий
майдан кўра, қадимий диний маросимдаги рамзий сакрал мазмун бирламчи
ўринда туради. Аслида, «майхона»ни – ибодат жойи, «соқи»ни ибодатни
бошқарувчи руҳоний шахс сифатида англаш ўринли. «Соқи» сўзининг бугун
унутилган учинчи бир маъноси «руҳоний» – коҳин сўзига мос келади.
Соқибулбул Гўрўғли салтанатининг бош коҳини, руҳонийси, шомони
ҳисобланади. У салтанатдаги барча маросимларни бошқарган, қаҳрамонни
сафарга кузатар экан, «оқ фотиҳа» берган. Демак, Соқибулбул образи
ибтидосида исломгача бўлган дунёқарашлар қатлами ҳам бадиий-тимсолий
шаклда сақланиб келмоқда.
3. Соқибулбул – сайис. Соқибулбул Fиркўкнинг бирдан-бир
қаровчисидир. Соқибулбулнинг сайислиги моҳиятан «қаҳрамоннинг ота
йўналиши» билан боғлиқ; билвосита: қуёш–Хизр–от (тимсоли) ечимида ўз
изоҳини топади. Сайислик «Гўрўғли» достонида оддий хизматкорлик эмас.
Сайислик илоҳий «от»га қаровчини – илоҳий хизматга тегишлиликни
билдиради. Соқибулбулнинг сайислиги – коҳин, шомон, руҳоний мақомида
туришини яна бир бор тасдиқлайди. Соқибулбулнинг устозлиги, соқийлиги
достондаги ҳомийлик ва ота йўналиши (Гўрўғлининг отаси Равшан ва бобоси
47 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Иккинчи жилд. – Б.73.
24
Тўлибой ҳам синчи эди)га туташади. Соқибулбул образи
фольклоршунослигимизда таъкидланганидек, том маънода ўзбек
достончилигининг ноёб бадиий ишланмаси48. Янада аниқроқ айтсак, ҳаёт ва
достонлардаги эпик ҳомий анъана-тасаввурлари асосида шаклланиб, камол
топган образдир.
II. Fиркўк образи. «Гўрўғли» достонларида Fиркўк образи етакчи
мавқеда туради. Ҳоди Зариф Fиркўк образини сув ва юлдуз билан боғлиқ
талқин этилувчи қадим мифологик от образи анъаналари ҳамда
аждодларимизнинг от наслчилиги тажрибалари, малакалари замирида
шаклланган, деб баҳолайди49. М.Сейидов эса, Fиркўк сўзи этимологиясини
«ўт» (олов) ва «тоғ» сўзлари билан боғлаб, «тоғ» тангрисининг оти сифатида
талқин беради50. Достоннинг бугунги редакциялари ва умуман қадимий
ҳолатида ҳам отнинг вазифаси аниқ. Яъни, жанговар от қаҳрамонни мавжуд
оламлар билан боғлайди. Бу хусусда Ҳоди Зарифов батафсил тўхталган51.
Достон талқинида эпик қаҳрамон ва эпик отнинг тақдир йўли бир-бирига
уйғун ривожланади:
1. Гўрўғли ва Fиркўк ғайритабиий тарзда дунёга келади.
2. Ҳар икки образ ҳам доимий равишда эпик ҳомийлар кўмагида,
назарида бўлади.
3. Қаҳрамоннинг ёшлигидаги «тўполони» ёки «алплик касали»
мотиви, эпик отнинг тозидек кўримсиз дунёга келиши билан семантик
жиҳатдан уйғун.
4. Эпик ҳомий макони – эранлар ғорида қаҳрамон ва эпик отнинг
«қайта яралиши», келажак тақдирининг айтилиши.
5. Қаҳрамоннинг алплик – соҳибқиронлик яроқ-аслаҳаларига, отнинг
асл тулпорлик абзалларига эга бўлиши.
5. Қаҳрамон ва отнинг биринчи жасорати.
6. Қаҳрамон ва отнинг баробар қариб асл маконларига кетишлари.
7. Бахшиларнинг қаҳрамон ва от шуҳратини қўшиқ қилиб куйлаб
авлоддан-авлодга ўтказишлари.
Эпик қаҳрамоннинг туғилиши илк сюжетда бевосита қуёш, ой,
Асқартоғ , сут кўли, дарё, ғор, дунё уммони тасаввурлари тизимида
изоҳланса, Fиркўк шажараси ҳам тоғ ва сув культига боғланади (Тош шоир
варианти).52 Илк бобо сюжетида эпик от (Fиркўк)нинг эпик қаҳрамон каби
бевосита қуёш (юлдуз)дан тўраб сувда туғилганлиги қаҳрамон ва эпик от
48 Қўшмоқов М. Бахшилар хазинаси. – Тошкент: Бадиий нашриёт, 1981. – Б.53.
49 Зарифов Ҳ. Ўзбек халқ достонларининг тарихий асослари бўйича текширишлар //
Пўлкан шоир. – Тошкент: Фан, 1976. – Б.65 – 89.
50 Cejидов M. Aзэрбаjчан халгынын соjкокуну душунэрэкэн – Бакы: Jэзычы, 1989. – Б.67,
281.
51 Зарифов Ҳ. Ўзбек халқ достонларининг тарихий асослари бўйича текширишлар.– Б.65 –
89.
52 ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор архиви. Инв №-
1439. – Б.20.
25
образининг ягона мифологик дунёқараш асосида ривожланганлигини
кўрсатади.
«Гўрўғли» достонидаги бошқа образлар каби Ғиркўк образи
тадрижида ҳам серқатламлик мавжуд. Достоннинг Пўлкан шоир вариантида
Гўрўғлининг Самандар девга Ғиротни «менинг маъбудим» деб
таништириши, от топинчи ва бевосита Хизр – қуёш –от / от – сув оти –
аждар – чилтан – Хизр – Қуёш мифологик тасаввурлар тизимига таянади.
Отнинг қуёш маъбудининг рамзи эканлиги, кейинчалик қуёш тангрисига
қурбонлик қилинганлиги фикримизни тасдиқлайди. Демак, достондаги
Fиркўк образи маросимий миф замиридан ўсиб чиқиб, Гўрўғли билан
қадимдан бирга келаётган етакчи образдир.
III. Жунус ва Мисқол пари образлари. Гўрўғлининг уйланиши.
«Гўрўғли» достони сюжетида «ёр» йўналиши қаҳрамоннинг «ор
олиш» (Райҳон подшодан ўчини олиш) ҳалқасидан сўнг келади. «Ор олиш»
мотиви достон бобо сюжетидаги етакчи ҳалқалардан бири бўлган. Аслида,
миф мантиқига кўра, фаслларнинг алмашиниш жараёнида доимий ўлиб,
қайта тирилувчи табиатнинг бир қутби – ёз (кўклам) тимсоли бўлмиш
Гўрўғли учун уйланиш, фарзанд кўриш эҳтиёжи бўлмаган. Чунки у қиш
батнида етилиб, қайта туғилган. Аксинча, қиш ёз батнида етилиб, яна дунёга
келган. Шу тартибда даврий узлуксизлик таъминланган. Мифологик асос
эпик воқеликка ўтгач, достон сюжетида қаҳрамоннинг уйланиш мотиви, янги
иккинчи ҳалқа сифатида киритилган. Достонида Гўрўғли икки пари – Кўҳи
Қоф подшосининг қизи Жунус пари (само қизи) ва Ирамбоғ подшосининг
қизи Мисқол пари (ер қизи)га уйланади. М.Саидов, М.Муродов, Ш.Хўжаева
Гўрўғлининг рафиқалари аслида бир образ бўлган53, деган фикрни ёзишган.
Бу фикрни асоссиз деб бўлмайди. Чунки, парилар номи – Жунус ва Мисқол
сўзлари жундан, хасдан ҳам енгил бир мисқол оғирликка эга мазмунини
англатади. Достондаги бир қатор етакчи образлар тарихида бўлгани каби
«мисқол» сўзи Жунус номини изоҳлаш мақсадида қўлланилиб, кейинчалик
мустақил образга айланган бўлиши ҳақиқатга яқин. Лекин изоҳ сўз асл
исмни сиқиб чиқармай, мустақил образ номига айланган. Қаҳрамон
рафиқасининг иккита бўлиши туркий эпик анъанада мавжуд эканлигини ҳам
ёдга олсак, «Гўрўғли» достонидаги ер қизи дастлаб Гулнор пари бўлган,
лекин мисқол сўзи отлашиб Гулнор пари ўрнини эгаллаган. Шу маънода
М.Саидов, М.Муродов ва Ш.Хўжаеваларнинг: «Мисқол пари билан Гулнор
пари аслида бир образ бўлиб, кейинчалик қўшалоқлаштириш усули орқали
иккилантирилган…» 54, деган фикрини жузъий таҳрир билан қабул этиш
мумкин. Ишда «Юнус пари» достони сюжети ва туб манбалари атрофлича
тадқиқ этилди. «Юнус пари» достонида Гўрўғлининг Ёвмитдан чиқиб Кўҳи
Қофга бориш воқеаси «Қўрқмас чол ва айёр тулки» эртагига мос тушади.
Достон ва эртакдаги девларга ўзини танитиш; уларга шарт қўйиб ютиш;
53 Гўрўғлининг туғилиши / Айтувчи Муҳаммад Жомрод ўғли Пўлкан. Нашрга тайёрловчи:
М.Муродов. – Тошкент: Бадиий адабиёт, 1967. – Б.324.
54 Кўрсатилган манба. Ўша саҳифа.
26
шартларнинг тури ва бажарилиши; девларни енгиш; мағлуб девларни ўз
мақсадида ишлатиш каби барча мотивлар уйғун. Бу ўринда чол – Гўрўғли,
эчки – Fиркўк, Бало дев – девлар номидагина фарқ бор. Гўрўғлининг Қўҳи
Қофга етиб, Санам чорбоғига кириб, Гулқиз ёрдамида Жунус пари васлига
етишуви ҳам эртак сюжети анъаналарида тасвирланган. Бу ҳолатлар
«Гўрўғли» достонига ёр йўналиши бевосита халқ эртаклари асосида
киритилган деб хулоса чиқаришимизга имкон беради. Биз айни ҳолатни
қардош туркман «Гўрўғли»сида ҳам кўрамиз. Ишда достоннинг ўзбек ва
туркман версиялари солиштирилиб қиёсан ўрганилди, улар ўртасидаги ягона
семантик уйғунлик жадвалларда акс эттирилди.
IV. Кўмакчи девлар образи. «Гўрўғли» достони воқелигига девлар
қаҳрамоннинг ёр учун қилган сафари билан боғлиқ ҳолда кириб келади.
Жунус пари Гўрўғлининг келишини аввалдан билар эди. Шу сабабли
чегарага етти яшар Самандар девни «… қоровул қип қўйиб эди, шу ёқдан
одам келса ейсан деб»55 . Етти яшар Самандар дев (достонда у Бало дев ҳам
дейилади) тасвири анъанавий дев тасаввуридан фарқ қилмайди. Гўрўғли
девни ўзига бўйсундириб, унинг ёрдамида манзилга етгач, дев ўзини
таништириб, «Бизнинг отимизни етти яшар Самандар дев, дейди» ва
бошингга мушкул иш тушса, чақирасан деб жунидан тутантириқ беради.
Достонлардаги эпик вақт қанча ўтса-да, Самандар девнинг ёши ўзгармайди.
Самандар дев номига доимий сифатлаш «етти яшар» унинг ёшидан кўра
камолоти, куч-қудратини ифодаловчи ўлчам, мезондир. Жунус парининг
қўриқчи сифатида Самандардек етти жонли девни танлаши бежиз эмас.
Туркумда Самандар девнинг асосий иштироки Гўрўғлининг «ёр сафари»да
қаҳрамонни Қўҳи Қофга олиб бориб келиши ва юртга бостириб келган
Райҳон араб бошлиқ душман қўшини билан курашда ёрдамлашиши билан
тугайди. Туркумнинг бошқа достонларида девлар хизматига эҳтиёж
туғилганда, барча юмушларни уч ғаройиб хислатли дев – Ҳасан Кўлбар,
Ҳасан Чопсон, Ҳасан Якдасталар бажаради. Достонларда Ҳасанларнинг учта
эканлиги айтилиб, ҳар бири номма-ном саналса-да, уларнинг иккитаси –
Ҳасан Чопсон ва Ҳасан Кўлбар фаол иштирок этиб, Ҳасан Якдаста кўпинча
шерикларининг соясида қолиб кетади. Т.Ашуров «Гўрўғли» достонларидаги
«қаҳрамон титанлар образ»лари ҳақида фикр юритиб, улар аслида бир образ
бўлган, деган фикрни ёзган56. Олим достонлардаги бу уч девнинг умумий
томонларига кўпроқ аҳамият бериб, уларни бир-биридан кескин фарқлаб
турувчи индивидуал хусусиятларни эътибордан соқит қилган. Бу фарқлар
аввало, уларнинг номларида кўриниб турибди.
1. Ҳасан Чопсон – Ҳасан чаққон, чопағон, илдам дегани, (Чопсон –
«чоп» феълига -(с)он қўшимчаси қўшилиши орқали ясалган ном.
Достонларда Ҳасан Чопсон «илдамликда Fиркўкдан ўтади», деб
таърифланади. «Холдорхон» достонидаги: «Ана энди Чопсон гири бонгир
55 Кўрсатилган манба. – Б.181.
56 Ашуров Т. Ўзбек халқ достонларида қаҳрамон титаник образлар талқнига доир / Ўзбек
халқ ижоди. – Тошкент: Фан, 1967. – Б.51–58.
27
бўлиб, аччиғи келиб, дарёдай тўлиб, белини маҳкам бўғиб, чориқларининг
ипларини маҳкам-маҳкам тортиб, чаққон бўлиб, ўзини жуда чоқлай берди»57,
деб тасвирланган ўринда Ҳасан Чопсоннинг чориқларининг ипини тортиб,
чаққон бўлиши бевосита бу образнинг етакчи хусусияти – чаққонлиги,
чопқирлигидан келиб чиқиб айтилмоқда.
2. Ҳасан Кўлбар образи. Ҳасан Кўлбар ўзининг ошхўрлиги билан
машҳур. Унинг Кўлбар сифати ҳам бундан далолат беради. Кўлбар деб
чўпонларнинг нон, ош солиб юрадиган халтасига айтилади. Ҳасан
Кўлбарнинг чўпонларникидай ош халтаси бор. Лекин унинг кўлбари
шунчалик каттаки, унга Қрим подшосининг ўн минг нонвойи бутун
пиширган нони, уну хамири, ўтинигача жой бўлиб кетади58. Достонларда
Ҳасан Кўлбарнинг беҳисоб овқатни еб, «тўйдим», деган сўзини оғзига
олмаганини тасвирловчи ўринларни кўплаб учратиш мумкин.
3. Ҳасан Якдаста образи. Ҳасан Якдаста номининг сўзма-сўз
луғавий маъноси Ҳасан бир қўлдир (форсча: Як-бир, даст(а) – қўл).
«Гўрўғли» туркум достонларида Ҳасан Якдаста билан боғлиқ воқеалар
тафсилоти бошқа Ҳасанларникидек атрофлича ёритилмаган. У кўпинча
шериклари қаторида саналиб ўтилади, холос. Лекин номнинг луғавий
маъноси асосида уни бир қўл бўлган экан, деган мазмунни англаш образ
моҳиятини ўта жўнлаштиради. Аксинча, бу сифат халқ ўртасида, ўта
паҳлавонларга нисбатан айтилувчи «бир билак» полвон атамаси билан
боғлиқ. Халқда билак суяги худди оёқ суягидек битта бўлган одам чин
паҳлавон бўлар эмиш, деган тушунча бор. Бир билак паҳлавонлар ҳақидаги
тасаввур ва айни атама «Гўрўғли» достонларида ҳам учрайди. Масалан:
Келибди сап тулпор отлар,
Қўлтиқда яшин қанотлар.
Устида хўп ярашади.
Сап бир билак азаматлар59.
Демак, Ҳасан Якдастанинг маъноси Ҳасан бир билак (паҳлавон)
дегани.
«Гўрўғли» достонларига Ҳасанларнинг эпик вазият талаби билан,
улардаги ҳар бирига хос етакчи хусусиятлар асосида олиб киритилиши ҳам
уларнинг алоҳида-алоҳида образлар эканлигини исботлайди.
«Ҳасан Чопсон» достонида Ваянгандан Ҳасанхонни олиб келиш учун
энг илдам, энг чопқир киши талаб этилар эди. Бу юмушга Ҳасан Чопсон
муносиб номзод деб топилади60. «Холдорхон» достонида Қрим подшосининг
тўйига ошхўр, деб Ҳасан Кўлбар номзодини ҳам қўшишади61. Ишда ушбу
образларнинг генезиси ўзбек халқ эртакларида Ҳасанга ўхшаш бирор-бир
57 Булбул тароналари. Беш томлик. Айтувчи / Эргаш Жуманбулбул ўғли. Ёзиб олиб,
нашрга тайёрловчи: Ҳ.Зариф . – Тошкент: Фан, 1973. Тўртинчи том. – Б. 547.
58 Булбул тароналари. Тўртинчи том. – Б. 118 – 119.
59 Булбул тароналари. Беш томлик. Айтувчи / Эргаш Жуманбулбул ўғли. Ёзиб олиб,
нашрга тайёрловчи: Ҳ.Зариф. – Тошкент: Фан, 1972. Учинчи том. – Б. 349.
60 Собиров О. «Ҳасан Чопсон» достони ҳақида // Ҳасан Чопсон. – Тошкент: Фан, 1970.
61 Булбул тароналари. Тўртинчи том. – Б.10 – 11.
28
юмушни бажариши билан машҳур «Аҳмадлар» эртагида Аҳмад сувишак –
совуқ қотувчи, Аҳмад югурак – тез югурувчи62, Аҳмад ўқчи – мерган, Аҳмад
сичқон – сичқонлар ҳукмдори; «Эрмана Мерган»да63 Сувчи – кўп сув ичувчи,
Исчи – исга қараб йўл топувчи, Юлдузчи – юлдузга қараб тақдирни билувчи;
«Маликаи Бирмисқол»да64 Аҳмад ўйчи – қуръа ташлаб бу дунё сирларидан
воқиф бўлувчи. Аҳмад якпо – ҳар қадамда бир неча кундуз йўл босувчи.
Аҳмад камалак – камалак билан бир тоғнинг тошини отувчи; «Мулла
Қурандозбой»да тегирмон тошини ўйновчи дев; Тоғни тоққа урувчи дев. Бир
дарёнинг сувини «Ҳўпла кетим, ҳўпла», деб ичувчи дев. Кўпинча, у «Қилич
ботир»65 каби образларга қиёсланди. Ўз навбатида, образлар сифат ва
белгиларига кўра тасниф этилиб, Олтой эпоси «Мадай-Кара»даги бу турдаги
кўмакчи образларга муқояса этилди, илмий хулоса чиқарилди. Эртак ва
достонларда ғаройиб кўмакчиларнинг магик рақамлар 3,5,7 доирасида
чегараланиши бу образлар миқдори қадим тасаввурлар замирида
белгиланганлигини кўрсатади. Эртаклардаги ғаройиб кўмакчиларни магик
рақамлар кўламида ўрганган М.Жўраев ҳам ушбу фикрни ёзади66.
«Гўрўғли»даги Ҳасанлар, ўзбек эртаклари ва «Мадай-Кара»даги ғаройиб
кўмакчиларнинг белги-хусусиятлари, бажарадиган вазифаларининг
уйғунлиги қиёсланди. Уйғунликлар асоси қадим умумтуркий фольклорий
анъаналар ва ягона манба билан изоҳланди. Айни пайтда, даврлар ўтиши
билан ҳар бир Ҳасанга хос бўлган етакчи хусусиятлар маълум миқдорда
хиралашиб, бирининг сифати иккинчисига нисбат қилиб берилган ҳолатлар
ҳам вужудга келганлиги ёритилди.
V. Аҳмад Сардор образи. Ўзбек фольклоршунослигида Аҳмад
Сардор ҳақида билдирилган хулосалар Ҳ.Зариф ва В.М.Жирмунскийларнинг,
Ёвмит юртининг подшоҳи Одилхоннинг иккинчи ўғли – Аҳмадбек жияни
Гўрўғлини ўз тарбиясига олиб уйлантиради, лекин достоннинг кейинги
ривожида эпик хиёнатчи, ёвуз ниятли хоин, қутқучи(интриган) роли ҳам
айнан шу – Аҳмад Сардор зиммасига тушади, деб айтган фикрлар асосида
шаклланган. Олимлар туркман эпосида бу образ йўқ67, ўзбек эпик
анъаналари асосида шаклланган тожик «Гўрўғли»сида Аҳмад Сардор
қамчисидан қон томувчи жоҳил, хиёнаткор ва қутқучи туркман ҳукмдори
сифатида тасвирланиб, у доимо жияни билан келиша олмайди, деб ёзишган68.
Тадқиқотчилар «Аҳмад Сардорнинг оилавий ва сиёсий қутқулари унинг
Гўрўғли ва йигитларига нисбатан ғарази айрим асарларда («Хуш келди»,
62 Олтин олма. Ўзбек халқ эртаклари / Нашрга тайёрловчилар: М.Афзалов, З.Ҳусаинова, –
Тошкент: Бадиий адабиёт нашриёти, 1966. – Б.152 – 162.
63 Гул пари. Наманган эртаклари / Тўпловчи Т. Ғозибоев. – Тошкент: Адабиёт ва санъат,
1969. – Б. 170 –179.
64 Олтин олма. – Б.93 – 96.
65 Олтин олма. – Б. 84 – 88.
66 Жўраев М. Ўзбек халқ эртакларида сеҳрли рақамлар. – Тошкент: Фан, 1991. – Б.102.
67 Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – М.:
Государственное издательство художественной литературы, 1947. – С.219 – 220.
68 Кўрсатилган манба. – С.220.
29
«Авазнинг арази», «Интизор», «Холдорхон», «Хидирали Элбеги», «Малика
айёр» ва бошқалар) умумий тарзда қўйилса, бир қатор достонларда («Аҳмад
Сардор ва Ҳасаншоҳ», «Аҳмад Сардор ва Аваз», «Авазхоннинг ўлимга ҳукм
этилиши») асар сюжетининг асосини ташкил этади», деб алоҳида
кўрсатган69. Ишда ушбу хулосалар бевосита эпос материали, образнинг
тадрижий босқичлари мисолида ўрганилди.
Туркман «Гўрўғли»сида Аҳмад Сардор исмли образ учрамаса-да,
достон сюжетида тутган ўрни, семантик вазифасига кўра Аҳмад Сардорга
мос келувчи Ганжимбек образи мавжуд. Ганжимбек Жиғалибекнинг биринчи
ўғли, Гўрўғлининг амакиси, у Гўрўғлининг уйланиши ва Арабдан ор (ўч)
олиш учун боришида жўнатувчи – таҳқирчи (рақиб) вазифасини ўтайди.
Ганжимбекнинг бу миссияси Аҳмад Сардорнинг «Хушкелди», «Авазнинг
арази», «Интизор», «Холдорхон», «Малика айёр», каби достонлардаги
«жўнатувчи-таҳқирчи» вазифасига айнан мос тушади. Аҳмад Сардор ва
Ганжимбек образларининг моҳиятан уйғунлиги, уларнинг бир умумий эпик
анъана асосида шаклланганлигидан далолат беради. Лекин даврлар ўтиши,
турли шароит ва адабий муҳит анъанасида бу образлар ўзига хос равишда
талқин этилган.
«Гўрўғли» достонининг туб илдизлари маросим мифлари замирида
шаклланиб, Гўрўғли образи бевосита ўлиб тирилувчи табиат мавсумидаги ёз
қутби тимсолидан эпик қаҳрамонга айланган бўлса, Аҳмад Сардор ва
Ганжимбек образлари бобо сюжетнинг илк кўринишида қаҳрамонга рақиб
сифатида майдонга чиққан. Дунё халқлари мифларидаги турғун анъаналарга
кўра, қаҳрамон ўзининг қарама-қарши қутби билан бир қаторда ички
муҳитдаги рақибига ҳам эга бўлади. Одатда, рақиб қаҳрамонни бирор-бир
юмушга жўнашида катализатор, қутқучи вазифасини бажарган.
Ганжимбекнинг қаҳрамонни таҳқирловчи – жўнатувчилик вазифаси айнан
шу қадим анъананинг давомидир. Достоннинг ўзбек версиясида Аҳмад
Сардорнинг бу функцияси бош қаҳрамондан сўнгги бўғинда турувчи авлод
вакиллари (Аваз, Ҳасан, Равшан ва бошқалар…)га кўчирилган. Бу эса Аҳмад
Сардор образи сўнгги даврларда достон таркибига киритилиб, бевосита ўзбек
версиясига хос, дейилган хулосанинг таҳрирталаб эканлигини кўрсатади.
Достон сюжетида Аҳмад Сардор – Ганжибек (Гаждумбек), яъни рақиб образи
реал ота образидан аввал мавжуд бўлган. Бу хулосани айтишга айни
образнинг «ғайритабиий ҳомилали» сюжетга эга достон версияларида ҳам
мавжудлиги ҳам тасдиқ этади. Иккинчи жиҳат – тарбиячи раҳнамо ва
кейинчалик рақибга айланган Аҳмад Сардор (тоға) ва Гўрўғли (жиян)ларнинг
«тоға-жиян»лик муносабатларида ўзига хос бир «сир» мавжуд. Яъни
Одилхон тахтига унинг ўғли Аҳмадбек эмас, қиз томон авлоди Гўрўғлининг
ворислиги замирида достон генезисининг тарихий асосларига тегишли таянч
асослар турибди. Чунки тахтнинг ота уруғи эмас, она уруғ вакилига мерос
бўлиб ўтиши Ўрта Осиё халқлари тарихида ҳам бир босқич сифатида
кечганлигини С.Л.Толстов ўзининг «Қадимги Хоразм» китобида алоҳида
69 Ўзбек халқ поэтик ижоди. – Тошкент: Ўқитувчи, 1980. – Б. 78, 220, 221, 234.
30
қайд қилиб ўтган70. «Гўрўғли» туркумида тоға-жиян йўналиши эпоснинг
ҳамма версия, вариантлари ва тадрижий босқичларида мукаммал бадиий
талқинига эга. Аксинча, реал ота йўналиши туркумнинг маълум
версиялардагина мавжуд ва достон воқеалари тизимининг дастлабки
қисмидагина иштирок этади.
Диссертациянинг бешинчи боби «Қуёш туркум мифлари, мавсумий
маросимлар ва «Гўрўғли» эпоси» деб номланган. Ушбу бобда
халқимизнинг маросим-байрамлардаги қуёш туркум мифлари, мавсумий
маросимларига тегишли жиҳатларни «Гўрўғли» эпосига қиёслаш орқали
достоннинг қуёш туркум мифлари ва ушбу тизим билан боғлиқ мавсумий
маросимлар, ишонч-эътиқодлар асосида шаклланиб, мустақил бадиий-
эстетик ҳодиса сифатида тараққий топганлиги ёритилди.
Ҳар қандай ишонч-эътиқод қатъий тизим сифатида бирор-бир
халқнинг моддий-маънавий ҳаётида амал қилган ва давом этаётган бўлса,
унинг маросимлари, ушбу маросимлар ўтувчи қадамжоларнинг бўлишини
оддий мантиқ талаб этади. Халқимизнинг «қуёш» мифлари билан боғлиқ
ишонч-эътиқодларини, аввало, ана шундай маросимлар тизими ва муқаддас
қадамжолардан излаб кўришимиз керак.
Ернинг Қуёш атрофидаги ҳаракатидан келиб чиқиб вақтни ҳисоблаш,
деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа юмушларни олиб бориш ҳар бир халқ
ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Одатда, Қуёш шимолий ярим шарга ўтиши
билан одамлар ер шарининг қайси минтақасида яшашларига қараб баҳорни
кутиб олишган. Баҳор келиб, қишнинг чекиниши табиатда янгиланишни
таъминлаган. Баҳорги кун ва тун тенг келган даврда янги йилнинг кириши,
табиатнинг қайта тирилиши билан боғлиқ маросимлар моҳиятан инсон
ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган
кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг қут-баракали ўтишини яратгандан сўраш
баробарида турли белги ва ишоралар асосида уни чамалаб фол кўриш,
керакли тадбирларни белгилашга хизмат қилган. Ушбу ишончлар тизими ва
у билан боғлиқ маросимлар бугунги кунгача сақланиб келмоқда ва бу
маълумотларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
1. Бевосита маросим шаклида келаётган анъаналар.
2. Маросимдан узилиб санъат кўринишини олган намуналар.
3. Турли манбаларда ёзиб қолдирилган маълумотлар.
Маълумки, кўкламнинг келиши билан боғлиқ ўтувчи энг асосий
мавсумий маросим Наврўз (йилбоши) ҳисобланади. Наврўз тарихи, байрам
тартиби ва унда куйланган фольклор намуналари ҳақида кўплаб китоб ва
мақолалар нашр этилган71. Шу сабабли ҳам биз ишда бевосита Наврўз билан
70 Толстов. С.П. Древний Хорезм. – Москва, Ленинград: Наука, 1948. – С.326.
71 Қаранг: Бўриев О. Наврўз тарихидан лавҳалар. – Тошкент: Ўзбекистон, 1990; Жўраев М.
Наврўз байрами. – Тошкент: Фан, 2009; Турдимов Ш.Г. “Гўрўғли” туркумида Хизр образи
// Ўзбек фольклоршунослиги масалалари. 1-китоб. – Тошкент: Фан. 2006. – Б.53–59;
Турдимов Ш.Г. (Ж.Эшонқулов билан ҳамкорликда). Наврўз нашидаси. Наврўз байрами
билан боғлиқ қўшиқлар, ғазаллар, шеърлар (Тадқиқот мажмуа). – Тошкент: Фан, 2009.
31
боғлиқ эътиқодий қараш ва маросим узвларини «Гўрўғли» достонига асос
бўлган эпик дунёқараш билан уйғун жиҳатларига алоҳида эътибор қаратдик.
I. Наврўзда аҳолининг қарама-қарши гуруҳларга бўлиниб
курашиши. Наврўз қиш ва ёз (икки қутб)нинг ўзаро кураши ва қиш
томонининг енгилиб, чекиниши натижасида кириб келади, деган дуалистик
қараш ушбу маросимда энг таянч тасаввур ҳисобланади. Хитой манбаларида
келтирилган Фарғонада ўтувчи Наврўз байрами ҳақидаги маълумотларни
тадқиқ этган С.П.Толстов ушбу маросимни ибтидоий халқлар орасида кенг
тарқалган икки фратрийнинг маросимий мусобақаси сифатида баҳолаб72,
Шарқий Туркистонда янги йил етти кун давомида ўтиб, унда қўчқор, от, туя
уриштириш орқали йилнинг қандай келишини аниқлангани, Ўрта Осиёдаги
улоқ (кўпкари) ҳамда туркманлар орасидаги «кўк бўри» тўй маросимини ҳам
ана шу тизимга боғлиқлигини ёзган73. Ушбу ўринда кўпкари (улоқ) ва кўк
бўри никоҳ тўйи маросимидаги бўри ва улоқ (эчки) образларига асосий
эътиборни қаратдик. Маросим тизимида улоқ – кўклам, бўри эса қиш
тимсоли. Қиз – улоқ – кўклам, йигит – бўри – қиш яхлит бирликни ташкил
этган. Улоқ (кўпкари) ўйини аслида қиш келишининг маросим кўриниши
бўлган. Ишимизнинг она йўналиши таҳлилида она – Ҳилолой (Ақанай)нинг
Ой, Ал, Эчки (улоқ), олма билан боғлиқ тасаввурлар тизими халқимизнинг
ҳосилдорлик, кўклам, оила ва уй ўчоғи топинчлари замирида
шаклланганлигини аниқлаган эдик. Маросим тимсоллари ва «Гўрўғли»
достонидаги образлар ибтидоси, тадрижидаги уйғунлик уларнинг ягона
тасаввурлар оламига боғлиқ шаклланганлигини исбот этади.
Республикамизнинг бир қатор вилоятларида турли шакл-кўринишларда
ҳозиргача амал қилиб келаётган «Бойчечак» маросими ҳам ушбу тизимнинг
ўзига хос кўриниши ҳисобланади.
Хоразмда сумалак сайли билан алоқадор бўлган «Ашшадарози»
ўйини ва унда айтилувчи лапар маросим таркибида турган бўлса74, Фарғона
водийсида кенг ёйилган «Сочингни узун дейдилар» лапарида қиш ва ёз
мунозараси маросимдан буткул ажралиб соф санъат намунасига айланган.
Аммо лапар матнида «қиш»нинг сўроғи ва «кўклам»нинг жавоблари асл
моҳиятга яқин турибди75. «Кичкинажон-кичкина» қўшиғи ушбу айтишув,
баҳснинг сўнгги нуқтаси бўлган.
С.П.Толстов ўзи келтирган фактларни таҳлил этар экан, уларнинг туб
асосини зардуштийликдан ҳам анча қадимийроқ бўлган ибтидоий одамнинг
анимистик тасаввурлари замирида анъаналашганлигини ёзади76. Бу эса
бизнинг «Гўрўғли» достони ўзагида турувчи сюжет, етакчи мотив ва асосий
образларнинг анимистик дунёқараш ва эътиқодларга боғлиқ талқин
72 Толстов. С.П. Древний Хорезм. – С.282 – 283.
73 Кўрсатилган манба. – С.284.
74 Турдимов Ш.Г. Наврўз нашидаси. – Б.43 – 44.
75 Оқ олма, қизил олма. Ўзбек халқ қўшиқлари / Тўпловчи Музайяна Алавия. – Тошкент:
Фан, 1972. – Б.90 – 22.
76 Толстов. С.П. Древний Хорезм. – С.291.
32
этганимизни тасдиқлаш баробарида, туркумнинг туб манбалари қадим-
қадимдан келаётганлигини яна бир бор исботлайди.
II. Наврўз маросимидаги вақтинчалик шоҳ сайлаш ва қурбонлик
келтириш. Наврўз арафасида табиат ва жамият тартибида маълум муддат
бетартиблик юзага келиб, қутбларнинг алмашиниб қайта ўз ўрнига келиши
ҳақидаги тасаввурлар ушбу узвлар асосини ташкил этади. Бу ҳолат табиатда
Айём Азиз кириб то Наврўзгача ўтувчи об-ҳаво ўзгариши ва турланишларида
намоён бўлса, жамиятдаги эврилишлар маросим чоғида каттанинг кичик,
кичикнинг катта, подшоҳнинг қул – қулнинг подшо, бекнинг хизматкор –
хизматкорнинг бек ўрнида кўрилиши ва ҳоказоларда кўринади. Вақтинчалик
тартибсизликдан сўнг яна барча ҳолатларнинг ўз изига қайтиши баробарида
ифодаланади.
Хитойлик муаллиф Вэй-цзенинг Самарқандда ўтувчи янги йил
ҳақидаги маълумотида ҳам ўта муҳим фактлар бор:
1. Маросимда вақтинчалик шоҳ сайланиши. Бу эса ўз навбатида
шоҳнинг бир кунга оддий фуқарога айланишини билдирган.
2. Самарқанд аҳлининг кўк тангрига топиниши.
3. Кўк тангри ўғлининг олти ойни тўлдириб еттинчи ойга ўтганда
ҳалок бўлиб суякларининг йўқолиб қолиши ва одамларнинг уни етти кун
даладан излашлари.
С.П.Толстов бу фактларни бевосита Сиёвушга топиниш тарихи ва
генезиси билан боғлаб талқин этиб: «Биз илоҳий сулола бобокалони Сиёвуш
топинчининг қадимий Қангю подошолигининг асосий маросимлари
марказида ўлиб тирилувчи наботот тангриси сифатида ўта муҳим ўринга
эгалигини кузатамиз», деб ёзади77.
Бизнингча, ўлиб тирилувчи наботот(табиат) ҳақидаги тасаввурлар
тизимида Сиёвуш топинчи навбатдаги бир ҳалқа холос, аслида ушбу тизим
янада қадимий илдизга, тадрижий қатламларга эга. Бу қатламлар «Гўрўғли»
достонидаги бир қанча мотив ва образлар талқинида бадиий шаклда сақланиб
қолган:
1. Гўрўғлининг отаси Нуртой (Тош шоир версияси), Равшан (Қўрғон
версиясида)нинг вақтинчалик «қул» бўлиш мотиви Наврўз маросимларидаги
бир кунлик шоҳ тасаввурига боғланади.
2. Гўрўғли ҳомийларининг Кўк тангри тасаввурлари, янада аниқроқ
айтилса, қуёш маъбуди билан алоқадорлиги.
3. Гўрўғли онасининг олти ойлик гумонаси билан вафот этиб, ерга –
қабрга қўйилиши мотивининг кўҳна Наврўз маросимидаги Кўк тангриси
зурриёдининг олти ой ўтиб ҳалок бўлиши ва унинг далага сочилган
суякларини халқнинг еттинчи ой мотам тутиб излашига уйғунлиги.
Айни уйғунликлар тасодифий эмас. Улар «Гўрўғли» достонининг туб
асослари ҳар жиҳатдан халқимизнинг қадимий ўлиб тирилувчи борлиқ
(табиат) билан боғлиқ эътиқодий қарашлари, тушунчалари замирида
шаклланганлигини тасдиқлайади.
77 Кўрсатилган манба. – С.205.
33
III. Маросимда коҳин ва подшоҳнинг ўрни. Ўлиб тирилувчи
борлиқ (табиат) топинчи билан боғлиқ тасаввурлар тизимида коҳин-шоҳ
алоҳида мавқега эга. Коҳин-шоҳни ўлиб тирилувчи борлиқ тимсолида қараш
дунё халқлари мифологиясида кўп учрайди78. Айни тасаввурлар тизими
Гўрўғли топинчининг Гўрўғлихон бўлишида муҳим босқич бўлган. Гўрўғли
образига хос бир қатор хусусиятлар, яъни унинг алплиги, бахшилиги
замирида коҳинлик(шомонлик) тасаввурлари ҳам ўз изини аниқ сақлаб
келмоқда.
IV. Наврўз маросими ва ўлиб тирилувчи борлиқ тасаввурлар
тизимида от топинчининг ўрни. Қадимда ҳар қандай илоҳ ва маъбудларга
унинг тимсоли бўлмиш ҳайвонларни қурбонлик қилиш анъанаси кенг
тарқалган. Қурбон қилинган ҳайвоннинг гўшти ёки муқаддас саналган
қисмининг аёллар томонидан ирим қилиб, тановул қилиб, ҳомила топиши
эса, бўлажак фарзанднинг ана шу илоҳдан туғилди, деб ҳисоблашга асос
берган. Массагетларнинг қуёшни муқаддас санаб, отларни қурбонликка
келтириши ҳақида Геродот ёзган79.
«Гўрўғли» достонларидаги Ғиркўк образининг шажараси ва эпик
қаҳрамон билан эпик отнинг ширхўра, қондош сифатида тасвирланиши,
Фозил шоир вариантида Ҳилолойнинг от суяги талқонини ялаб ҳомила
топиши ва эпосда от – Хизр – қуёш тасаввурлар тизимининг яхлит равишда
амал қилиши юқорида келтирилган топинчлар тизимига боғланади.
Достоннинг Қўрғон версиясида Равшаннинг ўлиб кетган тулпорни қув
калласидан таниб, отнинг калла суягини уйига олиб келиб, лампашишадек
осиб қўйиб, юртини эслаши тасвирланган мотив ҳам ушбу топинчлар
тизимида ўз изоҳини топади. Чунки Гаждумбек ва Равшаннинг юртида Қуёш
шарафига қурбонлик келтирилган тулпор суягини эъзозлаб, муқаддас билиб
сақлаш урф эди. Уни хор қилиш аждодлар руҳи ва яратганга ҳурматсизлик,
деб қораланар, гуноҳ саналарди.
Қуёш топинчи билан боғлиқ қадамжолар. Халқнинг қуёш топинчи
билан боғлиқ тасаввурлар тизими ёрқин сақланиб қолган жабҳалардан бири –
эътиқодий асоси қуёш топинчи бўлган муқаддас қадамжолар ҳисобланади.
Бобнинг ушбу қисмида Нурота ва унга ёндош қадамжолар тарихи, афсона ва
нақллари асосида уларнинг қуёш топинчига ва мавсумий маросимлар
тизимига боғлиқ эканлиги «Гўрўғли» достони воқелигига қиёсан тадқиқ
этилди. Хусусан, Хоразм халфалари репертуарида сақланиб қолган «Нурота»
қиссасидаги бир қатор мотивларнинг «Гўрўғли» достонидаги етакчи
мотивларга уйғунлиги аниқланди.
Хоразм халфалари афсонавий Нуротанинг туғилиб, улғайиб, яшаган
жойи ҳозирги Нурота шаҳри эканлигини, ушбу қаҳрамон сабаб, Нур
78 Қаранг: Фрэзер Дж. Дж. Золотая ветвь. – Москва: Политиздат, 1983. – С.76; Толстов.
С.П. Древний Хорезм. – С.318; Мифы народов мира. В двух томах. –М.: Советская
энциклопедия, 1992. Т.2. – С.124.
79 Древние авторы о Средней Азии (VI в. до н.э – III в. н.э) / хрестоматия под редакцией Л.В.
Баженова. – Ташкент: Госиздат, 1940, – С.143.
34
қадамжога айланганлигини айтадилар. Ишда Нурота қадамжоси тарихи
бевосита Зардушт, халоскор қаҳрамон ва билвосита етти муқаддас қўрут ва
қуёш ўғли – Гўрўғлининг туғилиши билан алоқаси ҳақидаги тасаввур
қамровида ўрганилди.
Диссертациянинг олтинчи боби «Достоннинг сўнгги давр тадрижий
босқичлари. Этнос ва эпос» деб номланган. Ушбу бобда эпоснинг
яратилиши, тарқалиши ва янгиланиши, эпос ижрочилари бўлмиш бахши-
шоирлар, достончилик мактабларининг хизматлари ва эпосда акс этган
этноснинг бадиий тарихига тўхталинди.
«Гўрўғли» / «Кўрўғли» достонининг етакчи вариант ва версиялари
бизнинг кунимизгача ўзгаришсиз қотиб қолган ҳолатида етиб келди, деб
тушуниш бир ёқлама фикрлаш бўлади. Улар доимий равишда сайқал топди,
сараланди. Бу ҳолатнинг икки муҳим сабаби ва сабабчилари мавжуд.
Биринчидан, достон ривожи, сайқал топишини таъминловчи катта
достончилик мактабларининг мавжудлиги.
Иккинчидан, «Гўрўғли» / «Кўрўғли» достонининг тарқалишида
асосий робитачи бўлмиш маълум ўғиз қабила бирлашмалари ва
уруғларининг узлуксиз равишда Ўрта Осиё билан Касбий бўйлари ва Кичик
Осиё территорияларига бориб-келиб туришлари, шу жараёндаги этник ва
маданий-адабий алоқаларнинг бўлиб турганлиги.
Ўзбек «Гўрўғли» достонининг таянч версиялари ўзаро қиёсланиб,
уларни ижро этувчи бахши-шоирлар мансуб достончилик мактаблари ва бу
марказларнинг ядросини ташкил этувчи ижрочиларнинг этник тарихига
назар ташланса, масаланинг моҳияти ойдинлашади. Биз илмий ишимизда
қаҳрамоннинг туғилиши куйланган достонларни икки гуруҳга ажратган
эдик: 1.Ҳомила табиий, қаҳрамонинг туғилиши ғайритабиий версиялар. 2.
Ҳомила ҳам қаҳрамоннинг туғилиши ҳам ғайритабиий версиялар. Ушбу
достонлардан Қўрғон ва Хоразм версиялари Каспий бўйи версияларига
бирмунча яқин келиши билан характерли. Бу яқинлик эса, биринчи галда
Қўрғон ва Хоразм достончиларининг асосини ташкил этувчи бахши-
шоирларнинг ўзбек халқи этник таркибидаги ўғиз гуруҳига мансублиги
муҳим роль ўйнайди. Қўрғон ва Хоразм достончилари ижро этган «Гўрўғли»
достонининг бошқа ўзбек версияларига нисбатан Каспий бўйи версияларига
яқинлиги ва серқатламлиги, Нурота ва Хоразм бахшиларининг Каспий бўйи
ўғиз ва туркман уруғлари ўртасидаги адабий маданий алоқаларининг
мевасидир. Қозаёқли уруғи (Қўрғон достончилариниг асосий уруғи шу
уруққа мансуб)нинг катта бир бўлинмасига ўз номини берган Халқомон
ҳақидаги тарихий афсоналарни «Гўрўғли» достонига қиёсласак, улар
ўртасидаги яқинлик яққол кўзга ташланади. Халқомон тарихий афсонасидаги
бир қатор мотивлар, хусусан, қаҳрамон ота-онасининг душман юртига асир
тушиши, унинг душман юртида туғилиб, етимликда улғайиб, таҳқир сабаб
ота юртига келиши, «ҳомийлар» назарига тушиб, юрт дарғасига айланиши.
Ушбу мотивлар «Гўрўғли» достонининг «Қўрғон» версиясида ўзак
мотивларни ташкил этади. Қиёс эса «Гўрўғли» достонининг ушбу
35
достончилар мансуб бўлган уруғ-қабила тарихи, тақдирини ҳам ўзида акс
эттирганлигидан далолат беради.
Достон тадрижининг сўнгги босқичида ислом динининг халқ
дунёқарашида етакчи мавқе эгаллаши баробарида бир қатор образ ва
мотивлар янгича талқин олди. Хусусан, мифологик рақиб Араб Райҳон
образига айланди, қаҳрамон ҳомийлари исломий дунёқараш қамровида авлиё
ва пайғамбарлар сифатига кирди. Бу ўринда Хизр ва чилтан образларининг
бу кунги бадиий кўриниши ва эпик от – Fиркўк образи талқинига реал от
сифатларининг қўшилиши кўринишида тўлиқ якунланди80. «Гўрўғли»
достонининг сўнгги тадрижий босқичида достон сюжети ва у билан боғлиқ
бош қаҳрамонлар ҳаёти замонаси талабларига мос равишда таҳрир қилинди,
янги талқинлар олди.
Этнос ва эпос. Мифологик асосда пайдо бўлган қаҳрамоннинг эпос
талқинида тўлиқ халқ йўлбошчиси ва ҳукмдори (соҳибқирон)га
айланганлиги, қаҳрамон ҳаёти ва тақдири, халқнинг ҳаёти ва тақдирини
бадиий акс эттириши, бобнинг ушбу қисмида атрофлича тадқиқ этилди.
Эпосда қаҳрамоннинг ўз халқи тақдирининг қандай ҳалқасида, қандай
шароитда дунёга келиши унинг зиммасидаги тарихий миссияси нимадан
иборат эканлигини аниқлаштиради. Эпос бошланмасида қаҳрамоннинг ота-
онаси, наслу насаби ҳақида тингловчига тўлиқ ахборот бериш орқали бу
ҳолат англатилади81. Қаҳрамон туғилиши арафасида эпик Така-Ёвмит эли ўз
бирлигини, куч-қудратини ички урушларда йўқотган эди. Бундай элнинг
каттаю кичигида – подшосидан подачисигача орият, номус, қадрият
қолмайди. Улус тариқдай тарқоқ яшайди. Қорин ғамида ёлғон гапиришади,
ўз ёлғонларига ўзларини ишонтириб, кўникиб қолишади. Бу ҳолат
достоннинг икки ўрнида жуда аниқ ифода этилган.
Биринчиси – Гаждумбек, Биби Ҳилол, Равшан асир тушиб, бедарак
кетганда ҳеч кимнинг хаёли қалқимаган бўлса, иккинчиси – Райҳон араб
Ёвмит элининг сардори Аҳмадбекнинг хотинини олиб қочиб кетганда, элда
ор олувчи мард топилмайди. Бўлажак қаҳрамон халқининг икки катта
гуруҳи – эпик Ёвмит ва Така элини қон жиҳатидан бирикуви натижасида
оламга келади. Яъни, Гўрўғли ота томондан эпик Ёвмитларга, она томондан
эпик Така элига боғланади. Гўрўғли ана шу пароканда, қадрини англамаган
авлодга қарама-қарши туғилган янги авлод вакили. У юртни қон жиҳатидан,
ҳудудий ҳамда ор-номус жиҳатидан ҳам бириктирувчи, мамлакатни ички ва
ташқи душманлардан халос этувчи бунёдкор авлод дарғаси бўлиб туғилади.
Л.Н. Гумилов бу хил одамларни пассионар шахс сифатида тадқиқ этган82.
Қиёс этиб қаралса, табиат ва жамият қонунлари ўртасида кўз илғамас,
ҳайратланарли даражада уйғунлик мавжуд. Худди қиш батнида баҳор
етилиб, баҳор қўйнидан қиш туғилиб келишидек, душман орасида халқ
80 Зарифов Ҳ. Ўзбек халқ достонларининг тарихий асослари бўйича текширишлар //
Пўлкан шоир. – Тошкент: Фан, 1976. – Б.65 – 89.
81 Гўрўғлининг туғилиши / Айтувчи Муҳаммад Жомрод ўғли Пўлкан. – Б.7.
82 Гумилев Л.Н. Монголы и меркеты в ХII в. Ученые записки Тартуского гос. ун-та.–
Тарту, 1977. – С.81 – 97.
36
халоскори етилади ҳамда улуғ давлатлар таназзули ҳам унинг ичида пайдо
бўлади. «Гўрўғли» достони мағзидаги мифологик асос, яъни ўлик оламдан
тирик оламнинг яралиши ҳақидаги табиат ҳодисасини изоҳловчи миф
моҳиятан ўзгаришсиз жамиятнинг яшаш ва ривожланиш тарзига –
этносларнинг пайдо бўлиши, таназзули ва қайта кучга кириши ҳодисасини
изоҳлашга кўчди. «Ўлиб-тирилиш» кенг маъно қамровини олди. Янги
талқинлар пайдо бўлди. «Гўрўғли» достонининг асос мағзида ушбу ҳодиса
акс этган.
Гўрўғлининг душман юртида туғилиб улғайиши, унинг ва ота-
онасининг ватанга бўлган муҳаббатлари, интилишлари мағзида юрт бошига
тушган кулфат, фожиа акс этган. Равшаннинг шаҳзода бўлатуриб қул
сифатида сотилиши, Гаждумбекнинг Шохдорхон саройида мулозимлик
қилиши замирида бу фожиа янада бўртиброқ кўринади. Турк халқлари
тарихида ушбу ҳолат бот-бот такрорланиб турган. Айни ҳолатнинг
умумлашма, барча даврларга мос келувчи картинаси «Кул тигин битиги»да
жуда аниқ баён этилган: «… Хоқонлик қилиб турган хоқонни йўқотиб
юборган. Табғач халқига бек бўладиган ўғил боласи билан қул бўлди, сулув
қиз боласи билан чўри бўлди. Турк беклари туркча отларини ташлади. Табғач
бекларининг табғачча отини қабул қилиб… Табғач хоқонига туркларнинг
давлатини, ҳукуматини олиб берибди… Табғач хоқони Турк халқини
ўлдирайин, уруғин қирайин», – дер экан ва уни йўқотиб бораётган экан.
Аммо юқорида турк осмони, туркнинг муқаддас ери, суви шундай дебди:
«Турк халқи йўқ бўлмасин!» деб «халқ бўлсин!» деб, отам Элтариш хоқони,
онам Элбилга хотунни тангри ўз мартабасида тутиб, юқори кўтарган экан»83.
Айни сўзни Доро ва Кир босқинлари, Искандар ва араб истилоси, мўғуллар
ва сўнгги рус мустамлакачиларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Кул тегин
сўзлари айни пайтда, Гўрўғли ўй-кечинмалари, дардлари, армонларига ҳам
уйғун. Култегин ҳам Гўрўғли ҳам тўлиқ пассионар шахслардир.
Гўрўғли пароканда халқни бирлаштирди. Унинг орини олиб, қадр-
қимматини тиклади. Бу пайтга келиб унинг ёнида ўзига ҳамфикр йигитлар
тўпланди. Эпик Така-Ёвмит заминида Чамбил бунёд бўлиб, янги салтанат
тикланди. Халқнинг эски бефарқлиги йўқолди. Бу ҳолнинг ёрқин мисоли
«Ғирот таърифида» келувчи ушбу воқеадир:
Бектош араб қирқ минг тилла тилаган,
Бермоқчи бўлганда отам Гўрўғли,
Номи туркман уввос тортиб жилаган.
Элатнинг орини олган бедовсан84.
Бу ўринда от нафақат Fиркўк, балки ватан тимсоли. Агар диққат
этилса, Шоҳдорхон юртида тутқунликда юрган Равшан ва Гаждумбек ўлган
тулпор суягини кўриб, ватанларини эслашган, юрти ишқи юракларини
ўртаган эди. Моҳиятан, бу ўлган тулпор таназзулга учраган эпик Така-Ёвмит
83 Қадимий ҳикматлар. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1987. – Б.25.
84 Пўлкан шоир. Ўзбек халқ ижоди бўйича тадқиқотлар. – Тошкент: Фан, 1976. – Б.71.
37
юртининг рамзий образи эди. Равшан ва Гаждумбек даврида тулпор ўлиб,
унинг суяги хор бўлиб, халқ унга беэътибор, бефарқ қарашган бўлса, Гўрўғли
даврида янгидан туғилиб, кучга кирган тулпорнинг ўзи мавжуд. Гўрўғли уни
сотмоқчи бўлса, халқ сотишга қўймайди. Эпосда куйланган бош ғоя ҳам ана
шунда; таназзулга учраган салтанат ўрнидаги янги салтанатнинг ориятли,
ватанпарвар авлодлар томонидан бунёд этилиши, унинг гуркираб яшнаши ва
кейинги тақдирини кўрсатишдадир. Достонда Гўрўғли ёшининг бир юз
йигирма беш деб айтилиши ҳам бежиз эмас. Бизнингча, бу ёш нафақат
қаҳрамоннинг, балки у тузган салтанатнинг ёшини, айни пайтда, достон
куйловчилари мансуб халқ – туркийлардаги салтанатлар, подшоҳлик
сулолалари алмашинувининг даврий ўлчамини ҳам билдиради. Умуман,
Турон ва Туркистон тарихида сулолалар алмашинувининг йил ҳисоблари
ўрганиб чиқилса, улар ўрта ҳисобда ҳар 120-130 йил оралиғида янгиланиб
келаётганлигини кузатиш мумкин. Бу ҳолат эса беихтиёр Гўрўғли ёшини эсга
солади.
Умуман, биз юқорида кўриб чиққан барча факт ва келинган
хулосалар, «Гўрўғли» достони халқимиз «тақдирномаси» эканлигини яна бир
бор тасдиқлайди. Аслида, ҳар бир халқ ҳаётининг мағзи унинг эпосида акс
этади. Халқ ўз ҳаёт тажрибаларини бадиий мушоҳада қилиб, эпосларида
муҳрлайди. Бунинг жонли гувоҳи «Гўрўғли» достонларидир.
УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР
Аждодларимиз қадимдан яшаб келаётган Аму ва Сир оралиғи, Орол
бўйи сарҳадлари дунё тамаддунининг кўҳна ўчоқларидан саналади.
Халқимизнинг давлатчилик анъаналари, илм-фан, маданият ва ҳаётнинг
барча соҳаларидаги кўплаб кашфиёту ютуқлари ушбу тамаддунларга асос
бўлди. Маънавий меросимизга тегишли бетакрор эпик асарлар, хусусан,
«Гўрўғли» достонлари ҳам ана шу тамаддунлар замирида шаклланди, ривож
топди. Шундай экан, «Гўрўғли» достонининг генезиси ва тадрижий
босқичларини монографик планда тадқиқ этиш, эпоснинг туб асосларини
ёритиш, этнос тарихи ва тақдири билан боғлиқ ҳолда ривожланиб, мумтоз
ҳолатга етиш жараёнларини босқичма-босқич ўрганиш имконини беради.
Диссертацияда ушбу масалалар ўрганилди ва иш якунида қуйидаги
хулосаларга келинди:
1. Эпоснинг пайдо бўлиш даври, асос-манбаларини аниқлашда достон
сюжети, унинг ўзагида турувчи етакчи мотивлар муҳим ўрин тутади.
«Гўрўғли» достонидаги «алплик хасталиги», «алпнинг қайта яратилиши» ва
«алпнинг тан олиниши» билан боғлиқ мотивлар сюжетининг илк қатламига
тааллуқли бўлиб, бевосита анимистик дунёқарашлар асосида шаклланган.
Бизнинг назаримизда, алплик тизимининг таянч бўғинларини ушбу мезонлар
ташкил этади:
– «танланган» қаҳрамон туғилмасданоқ ҳомий – эранлар назарида
туради, илк босқичда илоҳий ҳомила топади. У «ўзга макон»да дунёга келиб,
38
юртига қайтади, алплик дардига йўлиқади. Алплик дарди «танланган» ва
«танловчилар» ўртасида бевосита мулоқотнинг бошланиши ҳисобланади;
– эранлар маконида қаҳрамон жисми илоҳий нур ва сув (шароб)
билан тобланиб, алп сифатида қайта яратилади, ушбу инициация жараёнида
қаҳрамон алплик сиру синоатларини эгаллаб, куч-қудратга, жангчилик
санъатига, билимга, мўъжизакор хусусиятлар ва белги-нишонларга эга
бўлади. Алп зиммасига юкланган вазифа, бурчи, тақдири ва ҳаётининг
ибтидо-интиҳосини билади. Эранлардан бири унинг доимий ҳамкорига
айланади;
– қаҳрамоннинг ҳаёти ғайриқутб, рақиб («дўст») тақдирига боғлиқ
кечади, у янги салтанатга асос солади, эл-юрт камолига хизмат қилади. Умри
поёнида эран мақомида асл маконига қайтади. Жанговар от ҳам алп билан
ҳамқадам синов ва тобланиш жараёнларидан бир-бир ўтиб, қаҳрамон
хизматини бажаради.
2. Алпнинг миссияси – жамиятда издан чиққан тартибни асл ўзанига
қайтариб, таназзулга учраган этносни қайта тиклаб, элнинг шаънини
ардоқлаб, адолат ўрнатиб, атрофига оловқалб шахсларни йиғиб, уларни фаол
авлодга айлантириб, янги салтанатни гуллаб-яшнашига хизмат қилиш. Бу
мазмун алплик тизимининг моҳиятида туради.
3. Эпос воқелиги ва талқинида алплик тизимининг мавжудлиги ушбу
достоннинг қайси турга мансублигини аниқлашда муҳим роль ўйнайди,
алплик тизими қаҳрамонлик достонларининг асос мезонларидан саналади.
«Гўрўғли» туркумига кирувчи Гўрўғлининг туғилиши, болалиги, ор олиши
ва ғойиб бўлишини ҳикоя қилувчи намуналарни қаҳрамонлик достони
сифатида олиш, аввало, ушбу асосга таянади.
4. Гўрўғлининг ҳомийлари Хизр ва чилтан образларининг ибтидоси
халқнинг исломий эътиқодгача бўлган қадим шомонистик-анимистик
дунёқарашлари, мифологик тасаввурлари билан алоқадор шаклланди.
Ибтидода Хизр образи халқимизнинг ўт, олов, қуёш билан боғлиқ, ёзни олиб
келувчи, бутун табиатни, ҳаётни жонлантирувчи, уларга тириклик берувчи
маъбуд ҳақидаги тасаввурларига боғлиқ бош эзгу эран, деб англанган. Ана
шу асосда бу образга аждодлар культи сифатида ҳам қаралган. Кейинчалик,
исломий эътиқод, дунёқарашга мос талқинлар олди. Достонда чилтанлар
Хизрнинг ёрдамчилари сифатида ҳаракат қилишади ва бу образ ибтидоси ҳам
халқнинг тоғ культи тасаввурларига боғланади.
5. Хизр ва чилтанларнинг қаҳрамонга ҳомийлик қилиши замирида
халқнинг турли ишонч-эътиқодлари ва фольклордаги Хизр, чилтан, илон,
аждар, юлдуз(қуёш), тоғ, ғор образлари билан алоқадор яхлит мифологик
дунёқарашининг бадиий талқинлари турибди. Ушбу тасаввур ва
дунёқарашлар қаҳрамон ҳаётида ҳам ўз ифодасини топган. Достонда
чилтанларнинг Гўрўғлига ҳомий саналиши қўш ҳомийлик эмас, аксинча, бош
ҳомий Хизрга бўйсуниб, ўз ҳимоятидаги қаҳрамонга хизмат қилишдир.
6. Эпик Асқар тоғ – қуёш тоғи, ернинг маркази, эпик ҳомийлар
макони ҳисобланади. Қаҳрамоннинг туғилиши, ҳомий эранлар билан
39
боғланиши, умри поёнида ғойиб бўлиши ушбу мифик тоғ тасаввурлари
қамровининг ҳам эпос таянган ягона тизимда туришини тасдиқлайди.
7. «Гўрўғли» достонининг генезиси ва тадрижий босқичларини
аниқлашда қаҳрамон номининг маъно кўлами, изоҳлари муҳим роль ўйнайди.
Гўрўғлишуносликда қаҳрамон номининг ботир, мард, баҳодир маънолари
архаиклашиб, ғайритабиий туғилиши мотиви шакллари ҳам ўзгариб «гўрда
туғилган ўғил» маъносини касб этган, деган гипотеза мавжуд. Ишда гўр/кўр
сўзининг ҳомий эран номи билан уйғун архаик гў/гу, кў/ку негизида ёруғ,
нур, маъноли сўздан ҳосил бўлиб, шу негиздан унган қаҳрамон номи
моҳиятан қуёш ўғли мазмунини бериши, унинг иккинчи «Равшан» номи эса,
бу сўз изоҳи сифатида пайдо бўлиб, номда қаҳрамонга тегишли
дунёқарашлар акс этишини кўрсатади.
Қаҳрамон отаси ибтидода маъбуд – руҳ ота, руҳ бобо (нур, назар)
сеҳрли қудратга эга ота (Нуртой) ва шаҳзода, синчи реал ота (Равшан)
тадрижий босқичларини босиб ўтди. Қаҳрамон онаси ибтидода мифологик
образ бўлиб, сюжетнинг архаик қатламида маъбуда сифатида тасаввур
этилган, сўнг инсоний қиёфа олди.
Ушбу хулосалар қаҳрамон, ҳомийлар, ота, она йўналишлари эпосда
яхлит дунёқараш ва ишонч-эътиқодлар тизимида турганлиги ва тадрижий
ривожланганлигини билдиради.
8. Достондаги ғайритабиий ҳомила унсурлари мавжуд вариантларда
турли кўриниш касб этишига қарамай, туб асосда ягона тасаввур ва
дунёқарашга боғланиб, эпоснинг илк бобосюжетнинг эволюцион
босқичларини далилловчи муҳим фактлар сифатида намоён бўлади. Лақай
версиясида Биби Ҳилолнинг Хизр назаридан (кўз нуридан) ҳомила топиши
туб асосда – Хизр назари(кўз нури) – қуёш нурига боғланади. Фозил шоир
версиясидаги «от суяги талқони» унсури ҳам умумий ўзак тасаввурлар: от
суяги талқони – от – қуёш ёки қуёш – Хизр – от – от суяги талқони
англамларида турибди. Қаҳрамоннинг бия эмиб улғайиши ва Ғиркўк билан
ширхўра – кўкалдош бўлиши ушбу тасаввурлар тизимининг ҳосилаларидир.
Тош шоир версиясидаги ҳомила уйғотувчи сув кўпиги унсури ҳам билвосита
қуёш нури /Хизр назари/, бевосита эранлар макони Асқартоғ ўртасидаги сут
кўли (ҳамиша баҳор дарахти остидаги булоқ, Антаҳур май – ўзбек
версияларида, Қўшабулоқ – озарбойжон версиясида) сувига тегишли.
Наманган версиясида қаҳрамон онасининг олма еб юкли бўлиши, ҳомила
мотивидаги ота йўналиши унсурларининг, она йўналиши, ҳосилдорлик
топинчларига алоқадор магик мева – олмага алмашган кўринишидир.
9. Архаик сюжетда шажараси осмон ёритқичлари (қуёш, ой)га боғлиқ
қаҳрамон дастлаб сув остида дунёга келди. Она инсон қиёфасини олгач, бу
мотив қабр (гўр) шаклига ўтди. Қаҳрамоннинг қоронғиликдан ёруғликка
чиққан қуёш эранининг ўғли эканлиги ҳақидаги талқин ўрнини, гўр (қабр)
ўғли изоҳи эгаллаган.
10. Архаик сюжет замиридаги миф талқинида Гўрўғли – Қуёш ўғли
бир йиллик мавсумий муддатнинг уч ойи давомида ер қаърида етилиб,
кўклам билан бирга туғилиб, уч ой (кўклам фасли) тетапоя бўлиб, уч ой (ёз)
40
баробарида вояга етиб, улғайиб (қайта ҳомила топиб), навбатдаги уч ой
(куз)да камолга эришиб, қартайиб, ҳомиласи олти ойлик бўлгач, қайта ўз
макони – ғорга (қиш қўйнига) кириб уйқуга кетади, уч ой (қиш) давомида
ўлик танада етилган ҳомила қиш ниҳоясида қайтадан туғилади, деб
тушунилган. Гўрўғлининг ғайриқутби – «Ўзга олам – зулмат дунёсининг
ўғли» эса куз кириши билан туғилиб, уч ой қиш тўлиқ етилиб, кўклам
адоғида ўз маконига кириб, кузда қайта туғилади, деб тасаввур қилинган.
Кузу қиш батнида ёз етилиб дунёга келади ва кўкламу ёз ичида қиш етилиб
қайта туғилади, деган тушунча қатъий амалда бўлган. Космосдан хаос,
хаосдан космос пайдо бўлиши ҳақидаги универсал модель ҳамма ҳодисада
бирдек амал қилади, деб англанган, талқин этилган. Ишда ушбу тасаввурлар
модели инсон ва жамият, этнос ҳаётининг асоси сифатида олиниб,
«Гўрўғли» достонлари мағзига синдирилганлиги бевосита эпос материаллари
мисолида ёритилди. Ушбу ягона тизим эпоснинг ҳар жиҳатдан мукаммал,
ўзига хос халқона эзотерик билимларининг ҳам мажмуаси эканлигини
намойиш этади. Бу билим эпосда образлар тақдири, талқини ва уларнинг
моҳиятини очувчи тимсолларда ўз бадиий инъикосини топган.
11. Қаҳрамон ғайриқутби ўзга дунё вакили – «айри туёқ, жунлик»
мифологик мавжудотдан реал одам – Райҳон араб қиёфасига кирди. Унинг
«борса келмас юрт» вакили деб сифатланишида қаҳрамон маконига муқобил
иккинчи қутб тасвири акс этади. Чунки космосдан тушган қаҳрамон
ҳомиласи чегарани белгиловчи дарё орқали хаос – борса келмас юртга
бориб, у ерда етилиб, ер юзида пайдо бўлиши керак, деб тушунилган. Яъни
қаҳрамон қоронғи юртдан ёруғлик юртига чиқади. Достоннинг барча версия
ва вариантларида қаҳрамон ва Араб Райҳон юртини эпик дарё ажратиб
туради. Достон сюжетининг Гўрўғли ва Араб Райҳон билан алоқадор
мотивлари мағзида Гўрўғлининг (илк асосда, мифологик тасаввурга кўра,
доимий ўлиб-тирилувчи табиатдаги ёз (кўклам) тимсолининг) ўзига қарама-
қарши қутби – Араб Райҳон (қиш тимсоли) билан кураши турибди.
Достоннинг бу кунги версиясида сюжетнинг айни ҳалқалари (кўклам батнида
қиш, қиш батнида ёз етилиб туғилиши, бу туғилиш ўзаро кураш, қарама-
қаршиликлар ичидаги уйғунлик, доимий ҳаракатдан иборат эканлиги) билан
боғлиқ тасаввурлар янгиланиб, бадиий-эстетик талқин олди, инсоний
муносабатлар тасвирига ўтди: этнос ва уни қувватга келтирувчи алп мансуб
бўлган авлоднинг бадиий «тарих»ига айланди.
12. Достоннинг етакчи образлари: эпик ҳомий, қаҳрамон ғайриқутби,
рақиб, кўмакчилар, эпик от ва ёр билан боғлиқ йўналишлар тадқиқи бу
образларнинг ҳам мифологик асосдан бадиий сатҳга ўзига хос босқичлар
билан ўтганлигини намоён этди. Жумладан:
– Соқибулбул образи достоннинг ўзак линияси – ҳомийлик ва ота
йўналиши (Гўрўғлининг отаси Равшан, бобоси Тўлибой ҳам синчи эди)
ўзанида шаклланиб, бадиий талқинини олган;
– Fиркўк образининг генезиси худди қаҳрамон каби қуёш туркум
маросимий мифлар ва халқнинг от ҳақидаги кўҳна тасаввурлари замирида
бадиий-эстетик талқинларда рамзий-тимсолий маънолар касб этган. Эпосда
41
жанговар от қаҳрамонни мавжуд оламлар билан боғлайдиган ҳамкор,
ҳамқадам, тўлақонли образ сифатида гавдаланади;
– достоннинг Юнус пари билан боғлиқ йўналиши халқ эртакларидаги
анъанавий мотивлар асосига қурилган. Достон сюжетидаги ёр йўналиши
талқинининг романтик кўриниш олганлиги ҳам унинг нисбатан кейинги давр
маҳсули эканлигини билдиради;
– Ҳасан Кўлбар, Ҳасан Чопсон, Ҳасан Якдаста образлари талқини ҳам
эртак мотивлари заминидан «Гўрўғли» достонлари таркибига сингишиб,
сайқал топиб, оддий кўмакчилардан тўлақонли эпик образ даражасига
кўтарилган. «Ҳасан»лар Гўрўғлининг яқин сафдоши, туркумнинг етакчи
образларига эврилди;
– Аҳмад Сардор образи, эпосдаги таянч йўналишлардан бири –
тарбиячи, рақиб, қутқучи сифатида илк бобосюжетнинг рақиб йўналиши
асосида шаклланиб, тўла бадиий-эстетик талқинларда намоён бўлди;
– достондаги етакчи образлар тадрижида ҳам кўпқатламлик намоён.
Ушбу ҳолат эпоснинг асрлар давомида сайқалланиб, бадиий жиҳатдан
мукаммаллашиб келганлигини билдиради.
13. Нафақат бош қаҳрамон ва эпик ҳомийлар, балки достондаги
қаҳрамон ғайриқутби, рақиби, кўмакчилари, эпик от, ёр образларининг
тадқиқи «Гўрўғли» эпосининг кўҳна илдизларга эга эканлигини, достон
ядросининг қуёш туркум мифлари ҳамда маросимларига ва анимистик
тасаввурларга боғлиқ эрадан аввалги минг йилликларда пайдо бўлганлигини
асослайди.
14. «Гўрўғли» достонининг ядроси, сюжети ва образлар тизимининг
мифологик ҳамда тарихий асослари қадим-қадимдан Туркистон
кенгликларида яшаб келган аждодларимизнинг тасаввурлари,
дунёқарашларига боғлиқ сак, массагет ва ўғиз эпик анъаналари асосида
эрадан аввалги минг йилликларда яратилиб, босқичма-босқич сайқал топиб,
тўлиқ бадиий-эстетик сатҳга ўтди. Архаик эпоснинг навбатдаги
талқинларидан бир шоҳобчаси Марказий Осиёдан Кавказ ва Кичик Осиёга
кўчган ўғиз қабилалари билан у ҳудудларга ҳам тарқалди, янгиланди. Сўнгги
талқинлар ўзаро маданий-адабий алоқалар натижасида Марказий Осиё
версияларига ҳам маълум таъсирини ўтказди. Ўзбек «Гўрўғли» достонининг
қаҳрамони туғилиши табиий ҳомила талқинини олган версияларда бу ҳолат
аниқ сезилса-да, туғилиш ғайритабиий ҳомила талқинини олган версиялар
қадимий ўзанда ривожланиб, таъсирлардан холи қолди. Ушбу версияларда
сақланган қадимий мотив ва унсурлар достон генезисини аниқлашда таянч
омиллар бўлди.
15. Ўзбек халқи орасида бугунги кунда ҳам амал қилаётган маросим-
байрамлардаги қуёш туркум мифлари, мавсумий маросимлар билан алоқадор
жиҳатларни «Гўрўғли» эпосига қиёслаш достоннинг бевосита ана шу мифлар
ва ушбу тизим билан боғлиқ мавсумий маросимлар, ишонч-эътиқодлар
замирида шаклланиб, мусатақил бадиий-эстетик ҳодиса сифатида тараққий
топганлигини кўрсатди. Хусусан:
42
– Наврўз байрами, кўпкари мусобақаси, маросим таомлари, турли
қўшиқ-айтим ва рақслар мағзидаги халқнинг қуёш туркум мифлари ва ўлиб-
тирилувчи борлиқ билан боғлиқ тасаввурлар оламининг «Гўрўғли»
достонининг асосий мотив ва образлари талқинига уйғун келиши достоннинг
ушбу ишонч ва дунёқарашлар замирида пайдо бўлганлигини тасдиқ этади;
– қуёш топинчи билан алоқадор қадамжолар, етти қўрут, Ҳулкар,
Қамбар тўғал йил ҳисоблари, зардуштийлик ва халоскор қаҳрамон ҳақидаги
ишонч-эътиқодлар «Гўрўғли» достони воқелигига шунчаки ўхшаш эмаслиги,
уларнинг ягона манбага эгалигини кўрсатади.
16. «Гўрўғли» достони даврлар оша ўз замонаси талабларига мос
равишда сайқал топди, мотивлар янгича изоҳлар олди, лекин сюжетнинг
таянч ҳалқалари аслига уйғун равишда сақланиб келди. Ушбу ҳолат достон
генезиси ва тадрижий босқичларини аниқлашда муҳим роль ўйнади.
17. Достон асосида турган миф табиат ҳодисаларини изоҳлаб,
Гўрўғли дастлаб табиат қудратининг тимсоли сифатида намоён бўлса,
воқелик эпик сатҳга кўчгач, у энди ижтимоий ҳодисани акс эттирувчи халқ ва
салтанат тақдирининг бадиий «солнома»сига айланди. Ишда эпос ва этнос
муносабати ўрганилиб, эпоснинг халқ тақдирномаси эканлиги, этнос ва эпос
масалалари «Гўрўғли» достонининг мазмун-моҳиятида турганлиги ёритилди.
Хулоса қилиб айтганда, «Гўрўғли» достонининг генезиси ва
тадрижий босқичларини ўрганиш мазкур туркум достонларнинг туб
илдизлари, версия ва вариантларининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ
этишда, эпик асар сюжети ва мотивларининг асос моҳиятини ёртишда, узоқ
ўтмишдан то бугунги кунимизгача яшаб келаётган жонли оғзаки жараён –
эпик ижод қонуниятларини очишда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга
бўлиб қолаверади.
ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ИШЛАР РЎЙХАТИ:
I.Китоблар:
1. «Гўрўғли» достонларининг генезиси ва тадрижий босқичлари. –
Тошкент: Фан, 2011 й. – 320 б.
2. Этнос ва эпос. – Тошкент: Ўзбекистон, 2011 й. – 100 б.
3. Наврўз нашидаси. Тадқиқот мажмуа. (Ж.Эшонқулов билан
ҳамкорликда). – Тошкент: Фан, 2009.– 260 б.
II. Мақолалар:
1. Бирнинг минг жилваси // Ёшлик. – Тошкент, 1987. – №5. – Б.70 – 71.
2. Сир тўла дунё // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1992. – №2. – Б.40 – 41.
3. Бойчечак маросими // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1992. – №3. – 4. –
Б.40 – 41.
43
4. Қирқ чилтан пирлар бор // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1992. – №5 –
6. – Б.22 –24.
5. Олабўжи // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1992. – №7–8. – Б.44.
6. Гўрўғлининг Ҳасанлари // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1992. – №11-
12. – Б.44 – 45.
7. Ёмғир ёғалоқ // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1993. – №1-2. – Б.40 –
41.
8. Алвасти // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1993. – №3-4. – Б.40 – 41.
9. Алвасти // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1993. –№-5-6. – Б.44 – 47.
10. Сув отининг туёғи // Мактабгача тарбия. – Тошкент, 1994. – №7-8-9. –
Б.22 – 23.
11. Ҳасан Кўлбар, Ҳасан Чопсон, Ҳасан Якдаста образлари ҳақида // Ўзбек
тили ва адабиёти. – Тошкент, 1995. – №3. – Б.35 – 41.
12. Юртни обод, ҳаётни фаровон этган // Соғлом авлод учун. – Тошкент,
1996. – №1. – Б.17.
13. Асл миллий қадриятлар ҳамиша умуминсоний моҳиятга эга бўлади //
Соғлом авлод учун. – Тошкент, 1996. – №5-6. – Б.48 – 49.
14. Олам яхлитлигининг бадиий тимсоли // Соғлом авлод учун. –
Тошкент, 1996. – №9-10. – Б.24 –27.
15. Халқ тақдирномаси // Миллий тикланиш. – Тошкент, 1996. -№13(42). –
Б.3.
16. Бу тоғлар қандай тоғлар… // Адабиёт кўзгуси. – Тошкент, 1998. – №1. –
Б. 51– 56.
17. «Гўрўғли» туркумидаги Аҳмад Сардор образи хусусида // Халқ
таълими. – Тошкент, 1998. – №4. – Б.72 – 76.
18. Олис йўлда от синалар // Бошланғич таълим. – Тошкент, 1998. – №5. –
Б.22 –23.
19. «Алпомиш» достонида Алплик тизими / «Алпомиш» – ўзбек халқ
қаҳрамонлик эпоси. – Тошкент: Фан, 1999. – Б.157 – 163.
20. Эл корига яраган эр // Бошланғич таълим. – Тошкент, 1999. – №6. – Б.
24–25.
21. “Юнус пари” достони хусусида // Тил ва адабиёт таълими. – Тошкент,
2000. -№ 1. – Б.51– 55.
22. Гўрўғли номи хусусида // Ўзбек тили ва адабиёти. – Тошкент, 2000. –
№3. – Б.62 – 65.
23. Қуёш йўли манзиллари // Соғлом авлод учун. – Тошкент, 2000.– №7-8.
– Б. 26 – 35.
24. Қуёш йўли манзиллари // Соғлом авлод учун. – Тошкент, 2000. – № 9-
10. – Б.42 – 47.
25. Қуёш йўли манзиллари // Соғлом авлод учун. – Тошкент, 2000. – №-
11. – Б. 40 –45.
26. Халқ яланғоч фикрламайди // Ўзбекистон матбуоти. – Тошкент, 2003. –
№2. – Б. 40 – 41.
27. «Гўрўғли» туркумида Хизр образи / Ўзбек фольклоршунослиги
масалалари. Биринчи китоб. – Тошкент: Фан, 2006. – Б. 53 – 59.
44
28. Раҳматулла шоир куллиёти // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. –
Тошкент, 2006. – №. 47(3876). – Б.4.
29. Бир тутам бойчечак // Жаннатмакон. – Тошкент, 2007. – №3. – Б.8 –11.
30. «Гўрўғли» достонларида алплик тизими // Ватанпарвар. – Тошкент,
2007. -№39. – Б.8.
31. «Гўрўғли» достонларида алплик тизими // Ватанпарвар. – Тошкент,
2007. –№40. – Б.8.
32. «Меҳржон» саховати // Соғлом авлод учун. – Тошкент, 2008. – №9. –
Б.2-3.
33. Янгиланиш ва эзгулик тимсоли – Наврўз // Соғлом авлод учун. –
Тошкент, 2009. – №1. – Б. 2–3.
34. Шажара сабоғи // Тафаккур. – Тошкент, 2010. -№ 1. – Б. 92 – 103.
35. Нурли манзил // Жаннатмакон. – Тошкент, 2010. – № 2. – Б.92 –99.
36. Ҳаёт абадийлиги байрами – Наврўз // Мактабгача таълим. – Тошкент,
2010. – № 3. – Б. 5, 16.
37. Палакда фалак тимсоли // Соғлом авлод учун. – Тошкент, 2010.– №5.
– Б.26 – 28.
38. Соқибулбул образи / Ўзбек фольклоршунослиги масалалари. –
Тошкент: Фан, 2010. – Б.167 –174.
39. “Гўрўғли” достони ва қуёш топинчи билан боғлиқ тасаввурлар // Ўзбек
тили ва адабиёти. – Тошкент, 2011. -№1. – Б.72 – 79.
40. “Гўрўғли” эпосида Райҳон араб образи // Ўзбек тили ва адабиёти. –
Тошкент, 2011. -№2. – Б.15 –20.
41. Кўпкари // Соғлом авлод учун. – Тошкент, 2011.– №2. – Б.26 – 28.
42. “Гўрўғли” достонидаги туғилиш мотивининг баъзи узвлари хусусида
мулоҳазалар / Ўзбек фольклоршунослиги масалалари. – Тошкент: Фан, 2011.
Тўртинчи китоб.– Б.98 –107.
43. “Гўрўғли” достонида эпик от образи // Филология масалалари. –
Тошкент, 2011. -№2. – Б.116 –121.
III. Хориждаги мақолалар:
44. Turk dunyаsinda Albasti // Türk dünyosi inçelemeleri dergesi. – Izmir,
1999. –№ 3. – S.261 – 267.
45. Sakıbülbül timsali üzerine düşünceler // Türk dünyаsi inçelemeleri dergesi.
– Izmir, 2011. -№1. – S.79 – 84.
45
Филология фанлари доктори илмий даражасига талабгор
Турдимов Шомирза Ганиевичнинг 10.01.09 – фольклоршунослик
ихтисослиги бўйича «Гўрўғли» достонининг генезиси ва тадридий
босқичлари» мавзусидаги диссертациясининг
Р Е З Ю М Е С И
Таянч сўзлар: достон, эпос, эпик қаҳрамон, алп, алплик тизими, шомонлик
тизими, эпик ҳомий, етакчи образлар, таянч мотив, генезис, тадрижий босқич, қуёш
туркум мифлари, мифологик асос, анимистик дунёқараш, бобо сюжет, этнос,
ғайриқутб, рақиб, кўмакчи, версия, вариант.
Тадқиқот объектлари: «Гўрўғли» достонларининг ЎзР ФА Алишер
Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Фольклор архивларида
сақланаётган ёзувлари ва бу пайтгача нашр этилган ўзбек, туркман, озарбойжон,
турк, қозоқ, қрим-татар, тожик версия ва вариантлари, муаллиф томонидан ёзиб
олинган фольклор материаллари
Ишнинг мақсади: «Гўрўғли» достонларининг генезисини тадқиқ этиш,
унинг тадрижий ривожланиш босқичларини аниқлаш, эпос ўзагида турган
сюжетнинг қачон, қандай дунёқараш замирида пайдо бўлганлигини ёритиш, бош
қаҳрамон, етакчи образ ва мотивлар, умуман, эпоснинг мифологик асосдан
бадиий-эстетик сатҳга кўчиши билан боғлиқ назарий масалаларни илмий
ўрганиш.
Тадқиқот методлари: диссертацияда «Гўрўғли» эпосининг версия ва
вариантлари тарихий-қиёсий метод асосида, достон сюжетидаги муҳим ҳалқалар,
муайян қаҳрамонлар йўналиши ва мотивлар семантикаси, уларнинг тадрижий
ривожи қиёсий-типологик усулда тадқиқ этилди
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: Эпосининг генезиси ва
тадрижий босқичларини тадқиқ этиш асосида қаҳрамонлик достонлари ўзагида
турувчи алплик тасаввурлар тизими илк бор аниқланди. бобосюжет тикланиб,
унинг тадрижий босқичлари ёритилди. Қаҳрамон номи янгича изоҳланди. Достон
ядросининг Қуёш топинчи ҳамда ўлиб-тирилувчи табиат ҳақидаги маросим
мифлари замирида Марказий Осиё ҳудудида пайдо бўлганлиги исботланди.
Эпоснинг халқ тақдирномаси эканлиги, этнос ва эпос масалалари «Гўрўғли»
достонлари асосида ёритилди.
Амалий аҳамияти: «Гўрўғли» достонларининг ўзбек ва бошқа
халқлардаги версия, вариантлари, қиёсий ўрганиш орқали эпик тафаккур
қонуниятларини очишга, илмий-назарий умумлашмалар чиқаришга кенг
имконияитлар яратади.
Татбиқ этиш даражаси ва иқтисодий самарадорлиги: Тадқиқотда
келтирилган фактик материаллар, илмий хулосалардан ўзбек фольклори, хусусан,
халқ достонларига бағишланган махсус курс ва семинарларда фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, диссертация юзасидан эълон қилинган монография, мақолалар олий
ўқув юртларида халқ оғзаки ижодидан маърузалар ўқиш, машғулотлар ўтиш,
илмий изланишлар олиб боришда кенг фойдаланиш мумкин.Тадқиқот натижалари
муаллифнинг монографиялари, мақола ва марузаларида оммалаштириилди.
Қўлланилиш соҳалари: фольклоршунослик, адабиётшунослик,
сиёсатшунослик, элшунослик, тарих, маънавий меросни тарғиб ва ташвиқ этишда.
46
РЕЗЮМЕ
диссертации Турдимова Шамирза Ганиевича на тему «Генезис и этапы
эволюции эпоса «Гороглы» на соискание ученой степени доктора
филологических наук по специальности 10.01.09 – фольклористика
Ключевые слова: дастан, эпос, эпический герой, алпство, система алпства,
система шаманства, эпический покровитель, ведущие образы, опорный мотив,
генезис, этапы эволюции, мифы солнечной серии, мифическая основа,
анимистическое мировоззрение, основной сюжет, этнос, антипод, соперник,
помощник, версия, вариант.
Объекты исследования: материалы, хранящиеся в Фольклорном архиве
Института языка и литературы им. Алишера Навои АН РУз, изданные узбекские,
туркменские, азербайджанские, турецкие, казахские, крымско-татарские,
таджикские версии и варианты эпоса, фольклорные материалы, записанные
автором.
Цель исследования: исследование генезиса эпоса «Гороглы», определение
этапов его эволюционного развития, времени и основ зарождения корневого
сюжета, научное изучение теоретических вопросов, касающихся главного героя,
ведущих образов и мотивов, в частности, вопросов перехода эпоса из
мифологического на художественно-исторический пласт.
Методы исследования: в диссертации версии и варианты эпоса «Гороглы»
исследуются на основе сравнительно-исторического метода, ключевые связки
сюжета дастана, судьба определенных героев и семантика мотивов, их
историческое развитие изучены на основе сравнительно-типологического метода.
Полученные результаты и их новизна: на основе исследования генезиса
эпоса впервые в фольклористике исследована система богатырства как ключевой
элемент героических дастанов. Определены степени исторического развития
раннего сюжета. Доказано, что корни дастана уходят во времена
солнцепоклонничества и обрядовых мифов, широко распространенных в древности
на территории Центральной Азии. Глубоко изучены вопросы, касающиеся роли
эпоса в формировании исторической судьбы народа, эпоса и этноса на примере
эпоса «Гороглы».
Практическая значимость: на основе сопоставительного изучения узбекских
и других версий и вариантов дастанов «Гороглы» сделана попытка определения и
научно-теоретического обобщения закономерностей эпического мышления.
Степень внедрения и экономическая эффективность: материалы и научные
результаты исследования, в частности, монографии и статей, опубликованных по
теме диссертации, могут быть применены в специальных курсах и семинарах,
посвященных узбекскому фольклору, а также для чтения лекций по устному
народному творчеству, в проведении научно-практических занятий.
Область применения: фольклористика, литературоведение, политология,
этнография, история, пропаганда нравственного наследия.
47
RESUME
Thesis of Turdimov Shamirza Ganievich on the scientific degree
competition of the Doctor of sciences in Philology, speciality 10.02.09 –
Folklore Studies, on the subject“Genesis and stage of evolution of epos of
“Gorogly”
Key words: dastan, epos, epic hero, alp (strong/powerful man), heroism, system of
heroism, system of shamanism, epic protector, leading image, supporting motive,
genesis, stage of evolution, myths of solar series, mythic base, animistic world outlook,
main subject, ethnos, antipode, rival, assistant, version, variant.
Subjects of the inquiry: materials which are kept in Folk archive of Institute of
language and literature named after Alishera Navoi under the Academy of Sciences of the
Republic of Uzbekistan, published Uzbek, Turkmen, Azerbaijanian, Turkish, Kazakh,
Crimean-Tatar, Tajik versions and variants of epos, folk materials, written by the author.
Aim of the inquiry: study of genesis of epos “Gorogly”, determination of stages
of its evolutionary developments, time and the base of origination of root subject,
scientific study of theoretical questions, concerning main hero, leading images and
motives, particularly, questions of transition of epos from mythological into artistichistorical
layer.
Methods of the inquiry: in thesis of version and epos of “Gorogly” is investigated
on the base of comparative and historical method, key copulas of the subject of dastan,
the fortune of certain heroes and semantic of motives, their historical improvement learnt
on the base of comparative and typological method.
The results achieved and their novelty: on the basis of study of genesis epos for
the first time in study of folklore explored the system of heroism as the key element of
heroic dastans. The level of historical development of early subject were determined. It
proved that roots of dastans leave in sun worship period and ritual of myths, wide-spread
in antiquity on the territory of Central Asia. Deeply studied questions, concerning the role
of epos in forming of historical fortune of folk, epos and ethnos on example of epos
“Gorogly”.
Practical value: on base of comparative studyof Uzbek and other version and
variants of dastans of “Gorogly” is made attempt of determination and scientificallytheoretical
generalization of regularities of epic thinking.
Degree of embed and economic effectivity: materials and scientific results of
study, in particular, monographs and articles, published on subject of thesis, can be used
in special courses and seminars, dedicated to Uzbek folklore, and also for reading the
lectures on folklore, in spending scientifically-practical lessons.
Sphere of usage: study of folklore, study of literature, politology,
ethnography,history, propaganda of moral heritage.