Умарқул Пўлкан
Бахшиман
Ўз элимда ўзим бекман, тўраман,
Яхшиларни суйиб жондай кўраман.
Довруғли халқ даврасида юраман,
Халқ мадҳини куйлаб келган бахшиман.
Юртим беҳишт, кўп миллатли, пояли
Ҳар бири ҳам ободликда ҳаёли,
Ҳур инсонлар бунда аҳил, зиёли
Бахт иқболдан сўйлаб келган бахшиман.
Қон-қариндошлик иши бўлиб пайваста,
Ҳамма бирдай ўз ишига ҳавасда.
Ҳур Ватанга қўлларида гулдаста,
Мардларимни сийлаб келган бахшиман.
Элда деҳқон ишин бошлаб қайраган,
Ватан халқин доим хурсанд айлаган.
Жабҳаларда белин маҳкам бойлаган
Қўшиқ айтиб қайнаб келган бахшиман
Булбул у
( Эргаш Жуманбулбул ўғли хотирасига)
Куй билан ўтказган қиш-у ёзини,
Қўрғон берган куйчиларнинг созини.
Элу юрт алқаган жўр овозини,
Шу Қўрғондан қайнаб чиққан булбул у.
Куй сеҳрига зеҳн қўйиб илгари,
Сайрашликда булбул бўлган тиллари,
Қўшиғига шайдо бўлиб эллари,
Элни кезиб, сайраб чиққан булбул у.
Сўзлаганда сўзга маъно эндириб,
Қойил этган чечанлигин билдириб,
Айтганда йиғлатиб, гоҳи кулдириб,
Халқни хурсанд этиб келган булбул у.
Дарёдай ҳайқириб қўшиқ яратган,
Жўшқин сўзин замонага қаратган.
Ўзбек мадҳин дунё узра таратган,
Бахт қуёшдан сўйлаб кетган булбул у.
Достон айтиб халққа қилган хизматни,
Халқ кўрсатди унга юксак иззатни.
Дўст бирлиги оширганда қудратни,
Дўстлик ишин сийлаб кетган булбул у.
Бағишлов
(Ислом шоир Назар ўғлига)
Бу дунёдан айтинг кимлар ўтмаган,
Чин дулдулга бедов қувиб етмаган.
Ислом ота чертганида созини,
Атрофига булбул қўниб кетмаган,
Булбулларни лол қолдирган бахшийди.
Элни кезиб чечанлигин билдирган,
Қўнғиротда Бойбўрини кулдирган,
Эрам боғга Гўрўғлини обориб,
Ғиркўкига Гулноройни миндирган,
Чечанлигин хўб билдирган бахшийди.
Чорвадорга чиқса қўш най чалдирган,
Зулайҳони мадҳин элга ёйдирган.
Отаёрни шеър боғига етаклаб
Юртимизни қўшиқ, куйдан тўлдирган
Давраларда дил ёндирган бахшийди.
Ота мерос дўмбирасин авайлаб,
Зиёдулла йўлга тушар бел бойлаб,
Наҳрипайлик меҳнат аҳли қалбига
Қувонч улар уни чертиб ҳай-ҳуйлаб
Гоҳ йиғлатиб, гоҳ кулдирган бахшийди.
Дарё оқиб ўтди, ўтди Пўлканлар,
Эргаш ота, Фозил каби Улканлар,
Ислом шоир куйлаганда берилиб
Қойил қолган маҳоратин кўрганлар,
Терма, достон мўл қолдирган бахшийди.
Келади
Тўқсонда турланса булут,
Уюм-уюм қор келади.
Ишқ ўтида ёнса юрак,
Қирқ кокилли ёр келади.
Меҳр қўйсанг тупроқ узра,
Ундан бойлик, зар келади.
Пойга қурсак ҳар бир элда
Қалбда ўти бор келади.
Адолатлик эзгу ишга
Дилда ўти бор келади.
Дўмбирасин миниб бахши,
Қўлда сайроқ тор келади.
Ашъор қолди
(Ўғлим Амирқул Пўлкан хотирасига)
Шоир кетди, у қайтмас,
Ундан чақин нор қолди.
Севгилисин қалбида,
Йиғлаб -йиғлаб зор қолди.
Онаизор – онада
Бошин босиб қор қолди.
Отасининг қўлида
Мунгли сайраб тор қолди.
У авайлаб ўстирган,
Беш новда чироқ қолди.
Босиб ўтган йўлидан,
Ўттиз тўрт баҳор қолди.
Она-Ватан халқига,
Дил ҳурмати зор қолди.
Севикли халқи учун,
Бир олам ашъор қолди.
Яроқ қилдим
(Терма)
Донолар сўзин тинглаб,
Сўзлардан сабоқ қилдим.
Ишонмадим ёлғонга,
Доим иштибоҳ қилдим.
Чақиб мағзини олиб,
Фикрим тах – батаҳ қилдим.
Билмаганим ўрганиб,
Ақлимдан сўроқ қилдим.
Оқ кўнгил одил одам,
Эл бахтини сўзлайди.
Қинғир киши ҳар қайда,
Тирноқдан кир излайди.
Юлғич не иш қилмасин,
Ўз фойдасин кўзлайди.
Нокасу нодонларни,
Кўнгилдан йироқ қилдим.
Кимнинг қадри баланд,
Меҳри бор дўст-ёрига!
Деҳқон гулнинг ишқида,
Шўнғир меҳнат қаърига.
Кимки, ялқов кам фикр,
Қўл силкигай барига.
Дилда аҳди борларни,
Қалбимга чироқ қилдим.
Баъзилар бор тўқликдан
Шоҳу бадгумон бўлмиш.
Босар тусарин билмай,
Кўз ўнги туман бўлмиш.
Қолиб эл назаридан.
Ранг-рўйи самон бўлмиш,
Ёмонларга шеъримни
Мен найза – яроқ қилдим.
Мансабим
(Бир мансабпарастнинг деб тургани)
Ёзда соям, қиш панам,
Ўзинг қувонч бир олам.
Буйруғимга шай турар,
Қўл остимда ҳар одам.
Буйруққа соз мансабим,
Дилимни ёз мансабим.
Сендан ошиб маҳорат,
Қилдим имо – ишорат.
Тушиб қинғир йўлларга,
Қурдим қўша иморат.
Менга жонон мансабим,
Ўткир фармон мансабим.
Кўз югуртиб ҳар ишга,
Тушдим қўшиб ёзишга.
Тунлар ўйлаб қарасам,
Ўхшар даҳшатли тушга.
Ўзинг борсан мансабим,
Мададкорсан мансабим.
Бу ши бормай узоққа,
Етти ҳар бир қулоққа.
Текшир-текшир бошланиб,
Тушган эдик тузоққа.
Учиб кетди мансабим,
Кўчиб кетди мансабим.
Деманг ҳовли жой қолди,
Оёғимда лой қолди,
Ҳаром топган молимга,
Фақат мендан вой қолди,
Бойлаб кетди мансабим,
Лойлаб кетди мансабим.
Қассобсан
Нафс туфайли ундан-бундан сурилиб,
Кўп ўтмасдан бунда қолди кўриниб.
Яна эски жиғилдон деб уриниб,
Фойда қувиб чулдираган қассобсан.
Гўшт қўшиб калла-поча, майдани,
Гўшт нархида пуллаб, қилдинг фойдани.
Кўра била бузиб қонун қоидани,
Оч тулкидай пилдираган қассобсан.
Ғиштдан ясаб сен ўлчовнинг тошини,
Қилпиллатдинг тарозини бошини.
Посангинг шўх, учирганда қошини,
Бош гангитар валдираган қассобсан.
Усталикда минг шайтонга чап берган,
Сен эркатой билмам кимга наф берган!
Ҳалолликдан тиним билмай гап берган,
Қўлга тушиб қалтираган қассобсан.