”Ҳеч ким билмасин” тўплами

Умарқул Пўлкан

Ҳажвий шеърлар ва фельетонлар
Тошкент – 1980 йил

Мақтов кимга ёқмайди?

Ҳар кимнинг ўз феъли бор,
Ҳар кимнинг ўз одати.
Пашша филга айлангай
Агар келса омади.
Зоғ булбулни мот қилар,
Чумчуқ чўқир лочинни.
Хуллас, омад келса бас,
Кўрсатавер кучингни.
Ҳар ишнинг боши – мақтов,
Бусиз бахтинг боқмайди.
Ахир ўзинг ўйлаб кўр,
Мақтов кимга ёқмайди?
Ҳатто бошлиқ бўлмоқ ҳам
Йўқ, унчалик қийинмас.
Унча -мунча амалга
Камтар одам суюнмас.
Сор бургут ҳам чўққининг
Энг юксагин кўзлайди.
“Ўсмоқчи” бўлган одам
Сал-пал ёлғон сўзлайди.
Ҳар ишнинг боши – мақтов,
Бусиз бахтинг боқмайди.
Ахир, ўзинг ўйлаб кўр,
Мақтов кимга ёқмайди?
Мол -давлат тўплай десанг,
Савдога кир, зўр бўлар.
Мақтасанг бас, харидор
Сўзга эриб кўр бўлар.
Урсанг уриб қолгину,
Эҳтиёт бўл ўзингга.
Устингдан ёзса ёзар,
Айтолмайди юзингга.
Ҳар ишнинг боши – мақтов,
Бусиз бахтинг боқмайди.
Ахир, ўзинг ўйлаб кўр,
Мақтов кимга ёқмайди?
Уйланмоқ бўлсанг агар,
Танлагин энг зўрини:
Бировга доно, гўзал,
Биров топар ғўрини.
Сен кўнглини олсанг бас,
Ҳеч гап эмас қолгани.
Яхши хотинни топса,
Йигитнинг бой бўлгани.
Ҳар ишнинг боши – мақтов,
Бусиз бахтинг боқмайди,
Ахир, ўзинг ўйлаб кўр,
Мақтов кимга ёқмайди?
Бу дунёнинг сири кўп,
Дўст бор жойда душман бор.
Табиатдан қиёс-да,
Ер бор жойда осмон бор.
Душманинг ҳам дўст бўлгай,
Ҳийлакор эсанг озроқ.
Дўстлик ҳам кўп яхши-ю,
Баридан пул яхшироқ.
Ҳар ишнинг боши – мақтов,
Бусиз бахтинг боқмайди.
Ахир, ўзинг ўйлаб кўр,
Мақтов кимга ёқмайди?
Умр – оқар дарёдир,
Асло ортга қайтмайди.
Отарчи ҳам текинга
Тўйда қўшиқ айтмайди.
Омадинг келса бўлди,
Ҳаммасига етгайсан.
Эса ушбу дунёдан
Қўлинг очиқ кетгайсан.
Ҳар ишнинг боши – мақтов,
Бусиз бахтинг боқмайди.
Ахир, ўзинг ўйлаб кўр,
Мақтов кимга ёқмайди?

Жума

(Бир товламачига)

Икки кўзи олма тергай,
Оғзи кенг, шилқим Жума.
Сўзида ҳеч маъно йўқдир,
Алдагай, балким, Жума!
Сахти – сумбати хўп келишган,
Сўзни ҳам олиб қочар.
Айёр-у, аврашга уста,
Қирдаги тулким, Жума!
Ҳар сафар мол олганимда,
Тўғри чиқмас берганинг.
Гар ҳисоб қандай бўлишин,
Билмасанг, билгин, Жума!
Мол учун келган одамлар,
Оҳу-воҳ бирлан кетар.
Тўғриси, юлғичлигинга –
Келади кулгим, Жума!
Токи сен базага келдинг,
Мен ололмайман маош.
Бир эшагимдан бўлак ҳеч,
Қолмади мулким, Жума!
Бир отим носга сотарсан,
Тўғри келса сен мени.
Баргхазон пайти туғилган,
Паст экан хулқинг, Жума!

Лойи бор

Уйдан чиқдим эрталаб, бор бўлгай дея бахтим,
Икки энлик бахмални топмоқлик эди аҳдим,
Роса елиб – югурдим, гоҳида қичиб кафтим,
Оёқ қавариб, топиб, бир чет дўкондан топдим,
Нархини айтинг десам, дейди бир оз лойи бор.
Чайқовчидан кам эмас, гапига қулоқ солсам,
Балки хотин дўнғиллар ошиқча нархга олсам,
Қуруқ қайтиш ҳеч гапмас, агар сорти паст десам,
Соқол силаб дамбадам, ҳар гапга ичиб қасам,
Таъбингиз кўтармаса, дейди бунинг жойи бор.
Пул чўздим, секин олдим, кўрдим уйимга бориб,
Роса чўзиб тортибди баттол метрдан уриб,
На чора, айб ўзимда, топган эдим ахтариб,
Ўз-ўзимни юпатдим, гоҳи терлаб, қизариб,
Менга зиён бўлса ҳам лекин унга мойи бор.
Йиллар қувиб йилларни, келар баҳори ёзи,
Иссиқнинг қадрин билмас, ким кўрмаса аёзни,
Кўнгил тўлар ҳар ишга бўлса гар рост тарози:
“Озга кўнглинг тўлмаса, дедим сендай шаввозни,
Сабр қилсанг кўрасан, ҳали бунинг войи бор!”

Ҳозирча бор гапда
“Лекин”

(Ҳазил)

Баланд қирнинг насосида,
Иш қилишнинг “қасосида”,
Тўп бўлишиб бари “ботир”,
Иш ўрнига – нон-у патир
Ейиш билан кулиб турар,
Гоҳи “юз -юз” уриб турар.
Нон устида – седонаси,
Ош устида – бедонаси.
Думба ёғли палов тўра,
Дерлар: – Олинг- олинг жўра!..
Жағи толмай чекиб носдан,
Гапидан ҳеч толмас ростин,
Эргаш сўзга аралашар,
Кимларнидир “қоралашар”…
Абдалим ҳам тўкиб савлат,
Келганида сўзга навбат
Деди: “Хулқи нари – бери,
Арза ёзсин Рустам қари!”
Сўнг Самадга навбат етди,
Ўтдай бўлиб ёниб кетди…
Қамариддин кўп бўш деди,
Ўролвой лаққа гўшт деди.
Холёр пиён – гапга чечан,
Ёқуб қочиб юрар ишдан!
Сафар бўлса шатолақлаб,
Самандари қотолақлаб
Мурод қора чертар гапни,
Исмат излаб кетди нафни.
Файзулласи қалтирайди,
Ҳайдар тиши ялтирайди,
Умар қилар кунда ижод,
Бўзраярди Рўзимурод.
Маҳсум турар белин ушлаб,
Чой сузади дилин хушлаб.
Ўтаяпти январь ойи,
Ҳамон чала насос жойи…
Март ойида битар эмиш,
Кун ҳам исиб кетар эмиш.
Самандарни зириллатиб,
Ҳар томонга пириллатиб;
Ҳар томонга чоптиришиб,
Йўқ деса топтиришиб,
Маишат зўр – ўтаяпти,
Иш оқсақлаб кетаяпти…
Келса эмиш тезроқ баҳор,
Чор -атрофни қилиб гулзор,
Беҳишт каби безатармиш,
Насосни ҳам тузатармиш
Ва экармиш унда экин,
Ҳозирча бу гап-да лекин…

Десам

(Бир нашаванднинг улфатларига айтганлари)

Ёшлигим кетди йироқ, тандин кучим олди чилим,
Қолмади оғзимда тиш, шовдир суяк, қотди белим,
Фойдали меҳнат деса, йўқ, ҳеч қачон бормас қўлим,
Кўринар кўзимга қил – тор кўча бўлса йўлим,
Энди куч қайтгайми танга мен уни чекмай десам?
Етмайин қадримга афсус, гоҳи пайт урдим наша,
Улфатим кўкноридир, гар чой десам, тутди коса,
Энг қабиҳ душман дедим, кимки йўлингдан қайт деса,
Ранги – рўйим ҳам сомондек, қўлларим чўпдек роса,
Улфатим ҳеч кечма дер, унга қиё боқмай десам.
Айланиб бош, кўз тиниб, қўй теридек қотган қулоқ,
Тўхтамас бир зум бурун, тонгдан оқар мисли булоқ.
Ўпка шир-ширлаб, ичаклар ҳам роса бўлган ялоқ,
Ошқозон ишдан чиқибдир, ҳилвирлар буйрак, талоқ,
Иштаҳамдан йўқ асар, зотан ютум ютгай десам.
Гоҳида чой хўпладим оғзимда ифлос нос билан,
Яхшилар ортда қолиб, сирдош бўлибман паст билан,
Бу балога учрадим, билмай хаёлий ҳис билан,
Охири докторга етдим, қолган тариқдек эс билан,
Не қилай, йўқдир илож, мен бир шифо топгай десам.
Дўстларим қилманг ҳавас, носвой, чилим ҳам оқини,
У қилар кайфин тароқ, кўрсатса кўрманг боғини,
Олмангиз оғизга ҳеч ҳаргиз ўшандай оғуни,
Синдирар бир кун белингиз ташлабон зўр тоғини,
Жабрини тортган киши йиғлар экан кулгай десам.

Хўп – Хўпчилар

Пайтни топиб ўйнаб кулар,
Қўл учида хизмат қилар,
Осон яшаш йўлни билар,
Хўп – хўпчилар, хўп -хўпчилар.
“Хўп – хўп” деру қилмас бироқ,
Ҳар сўзида нозу фироқ,
Хумкаллаю қоши бароқ,
Хўп – хўпчилар, хўп – хўпчилар.
Бошлиғига таъзим этар,
Ёлғонни минг ямлаб ютар,
Фош бўлса гар тошдек қотар,
Хўп-хўпчилар, хўп – хўпчилар.
“Хўп – хўп”лари кўп хилма хил,
Иши фириб бермоқ нуқул,
Отни минмас, турганда фил,
Хўп-хўпчилар, хўп-хўпчилар.
Яхши амал истар бари,
Лекин яшар нари бери,
Бўлсин юзингиз тескари,
Хўп – хўпчилар, хўп- хўпчилар.

Уста Суяр

(Бўлган воқеа)

Ўғлим учун бир костюмча қилдим заказ,
Уста шинам тикади деб, этдим ҳавас,
Кийимликни келтиргандим, қийиб бичди,
Индин тайёр бўлади, деб қасам ичди.
Уч кундан сўнг борган эдим, эрта деди,
Келиб -кетиб туринг ела -йўрта, деди.
Шу аҳволда йўл қатнадим тўрт ой аранг,
Уста қурғур ваъда бериб қилди гаранг.
Чопдим – елдим, тайёр бўлди, бориб олдим,
Хизмат ҳақи ўн сўм деди, ҳайрон қолдим,
Умид билан олиб келдим, ўғлим кийди,
Кўйлак билан сиғмайди деб қовоқ уйди.
Кўп ўтмади, орадан ҳам ҳафта ўтди,
Аврасидан пахта чиқиб, тўзиб кетди,
Тиндиришга мол берсангиз уруб қолар,
Сиз бу ҳақда гап очсангиз дод вой солар.
Кўпчиликка номи таниш: уста Суяр,
Заказчилар молни бериб, доим куяр.

Шалоқ қилдим

(Терма)

Мен машина олмоқ бўлиб,
Ҳар тарафга дарак қилдим.
Бегонадан дўст орттириб,
Қариндошни йироқ қилдим.
“Жигули”ни олган куним,
Миниб кўнглимни чоғ қилдим.
Гоҳо – гоҳо ишга бормай,
Дўстларимни ҳалак қилдим,
Уйда хотин дўнғилласа,
Уни сўкиб, таолқ қилдим.
Аввал пиво ичган бўлсам,
Сўнгра коньяк, ароқ қилдим.
Баъзан ГАИ ушлаганда,
Икки кўзим булоқ қилдим.
Сўз ҳам бериб ичмасликка,
Бошимни “ҳай сарак” қилдим.
Уч -тўрт ойда машинамнинг
Кўп жойини ямоқ қилдим.
Оқибатда, бугун лолман,
Тузалмасдай шалоқ қилдим…
Гар тузатсам, сотмоқчиман,
Ҳар тарфга дарак қилдим…

Бўлгани

Қишлоғимиз заб сулувдир,
Гулдек қилиб қурилган.
Уйимиз-у кўзчамизга
Ильич нури йўғрилган.
Қанча йиллар роҳат қилдик,
Дилдан хурсанд бўлишиб.
Юлдузлардай ёниб турди,
Лампочкалар кулишиб.
Сира қишлоқ демас эди,
Келган дўсти- қўноқлар.
Лекин бугун ишни бузар,
Монтёр деган нўноқлар.
Баъзан чироқ ўрнига ҳам,
Дилимизни ёндирар.
Гоҳо кундуз ёқиб қўйса,
Кечга бориб сўндирар.
Меҳнатдан сўнг ёнбошлашиб,
Чой ичишлик – орзумиз.
Тағин… деманг, счётчикдан
Балки бордир қарзингиз!..
Шу боисдан аро тунда
Еёлмаймиз ошни ҳам.
Хотин билан гоҳ тўқнашиб,
Қашқа қилдик бошни ҳам.
Қашқа бўлсак, бир кун битар,
Фойда – жонинг қолгани.
Лекин бошлиқ қоронғида
Суринмаса бўлгани!

Отарчиман

(Бир отарчи тилидан)

Қайда тўй бўлса борувчи шўх, таранг отарчиман,
Пулга виждонни сотиб юрган фаранг отарчиман,
Ёқмайин товшим биров сўкса, таранг отарчиман,
Йўқ санъатдан асар, қалби заранг отарчиман.
Айбга қўшманг, билмаганга мен аъло отарчиман.
Ўрганиб қолган кўнгил, чиққан эдим боз боз билан,
Гоҳи пайт ҳамроҳ бўлиб, ҳеч кўрмаган устоз билан,
Битта куйни уддалаб чертолмаганман соз билан,
Неча бор шарманда бўлдим чиқмаган овоз билан,
Чин санъатдан бехабар, бенаво отарчиман.
Бир амаллаб ишласам: йўқдир ҳунар1дан ҳеч асар,
Халқ ишидан қочганим-чун шул сабаб дерлар учар,
Ўтса ойлар тиркалиб, рўзғордан ҳам олмай хабар,
Учраса маст мен шилиб олдим, демангиз йўл тўсар,
Аслида касб-у кароматда бало отарчиман.

Ўроққа чиқди

(Баъзи хўжаликларда ғалла ўрим йиғими пайтида комбайинлар тўла қувват билан ишламайди)

Тер тўкиб пул топсалар, яратишар керакка,
Киши бедор кезарми, иши тушмаса юракка.
Тунда ёнган ўнта шам етмагай бир чироққа,
Ишлатмасдан запчастни чиқаришар бракка,
Сводкада дейдилар: “Комбайн ўроққа чиқди!”
Техникага таянган қараб қолмайди кўкка,
Инженер иш билмаса, дейдилар уни “пўкка”.
Механик тўғри бўлса, айбни айтмасми бетга,
Аранг қалашиб комбайн оёқда турса тикка,
Қишда сотилган запчаст, дейди керакка чиқди.
Ремонт бўлган машина ўрнидан жилар аранг,
Баъзиси загон суриб, баъзиси тўхтар, қаранг,
Ҳар мурвати ҳар жойдан, бор вужуди ранг баранг,
Механик бозордамиш, агроном – кайфи таранг,
Ариқдаги қурбақа охир теракка чиқди.
Кўнгилни қувонтирмас лекин пишган ҳосил ҳам,
Чунки ерга уруғлик тушгандир нормадан кам,
Энди бўлса урҳо -сур, оҳу- воҳдир, дамбадам,
Сўнгги пушмон фойдасиз, шундаймасми агроном!
Билиб қўйгин, раисинг бугун сўроққа чиқди.

Бўйнингни чўзма!

Жуда бузуқ кўринди таъмагир дўстим хулқи,
Кўча кезар оромсиз, лабларда мунгли кулги.
Ўзни қўярга жой йўқ, айби сезилган балки,
Бир куни қорин тешгай, ўмарсанг халқнинг мулки,
Авом ошга ишониб, беҳуда бўйин чўзма!
Тўғри, ҳайдалдинг ишдан, бировга отмагин тош,
Жиғилдонга тиқилгай, чайнамасдан ютсанг ош.
Оқни қорага бўяб ҳар эшикка урдинг бош,
Қараб турсам ишингга, тўғриси, мансаб талош,
Ҳадиксираб ҳар кимдан киши кўнглини бузма!
Муздай сувда чайқалса, қониқмайди томоғинг,
Сут ўрнига айрон ич, куйса куяр димоғинг!
Биздан юзинг ўтирма, бошингдан ол тумоғинг,
Қилган айбинг очилиб, эшитганда қулоғинг,
Пахта тиқиб, лом демай, энди кўзингни сузма!
Секин боқсам юзингга, очиқ эмас чиройинг,
Сувдан қочдинг балчиққа, қолди оёқда лойинг.
Ошкор бўлди қилмишинг, елкангда оғир айбинг,
Тилингга чиқди чипқон, ўзинг ҳам сал мулойим,
Тўғри сўз бўлса сўйла, ёлғонни унча чўзма!

Жияним

Кундан кун ўзгарар ранг-баранг олам,
Асқарнинг тоғидек ҳар икки шонанг.
Қувончдан энтикиб меҳрибон онанг,
Ўқишга узатди сени, жияним.
Отанг ўйлар кўнгли тушмай жойига,
Пенсиясин йўллаб турди ойига,
Шунча меҳнат кетди ахир зоега,
Кўча кезиб, сарсон бўлдинг, жияним.
Мўйлов қўйдинг қўчқор шохдан бурама,
Кўйлак кийдинг сурати минг қурама,
Қайтгин десак, энди оёқ тирама,
Мода қувиб, шайтон бўлдинг жияним.
Ўрганибсан шаҳар кезиб юрмоққа,
Текин ошаб, давру даврон сурмоққа,
Ҳадди сиғмас ҳеч ким танбеҳ бермоққа,
Гап тушунмас нодон бўлдинг, жияним.
Неча йилки, отанг, онанг кутади,
Кўп куттирма, куттирганинг етади,
“Ҳайё-ҳуйт” деб бир кун ёшлик ўтади,
Охир бир кун пушмон бўлма, жияним!

Етказ

(Баъзи хўжаликларда сувдан тўғри фойдаланилмайди)

Ғўза унмас сояда, баргидан тортган билан,
Қуриган гул барг ёзмас, минг томир отган билан,
Ёлғончига сув юқмас ичида ётган билан,
Илвасини ўзи келмас, овчи минг кутган билан,
Ялқов иссиқда пишса, дейди: “Қорингни етказ!”
Тонглар шалоласидан дарёлар оқар тўлиб,
Сувчи уқувли бўлса боғ ўсар чаман бўлиб,
Ишда сифат бўлмайди кўрмаса бошлиқ келиб,
Агроном ҳам иш қилмас ўзича билиб билиб,
Бригадир хуррак отар, дейди: “Норингни етказ!”
Аммо бизнинг колхозда иш сифатсиз, на чора!
Пахтазор мисоли кўл, йўллар эса – канора,
Раис тушмас уловдан, ўзига бериб оро,
Ҳатто йўлни сув босиб, қатновчилар оввора,
Баъзилар дейди: “Тезроқ қайиқларингни етказ!”
Бор жабҳада тартиб йўқ, чалкашдир иш ҳисоби,
Йўқ одамга пул ёзар биргадирнинг китоби,
Бир кун қўяр шошириб, бу мавсумнинг шитоби,
Ҳафтада бир келмайди ҳатто водхоз мироби,
Чалқиб қўллаган ерга дейди: “Полвонни етказ!”
Мардларга насиб этар тулпорнинг энг сараси,
Осмонўпар хирмоннинг яқинлашди қораси,
Ўтсин десанг карвоннинг узилмасдан ораси,
Ҳар ишга тадбир бўлса, топилади чораси,
Бўлай десанг халқ ўғли: “Тадбирларингни етказ!”

На бўлгай!

(Бир онанинг саёқи ўғлига дегани)

Айланай, ёлғизим, кўзи қароғим,
Онажонинг унутмасанг на бўлғай!
Белимнинг мадори, суянган тоғим,
Соғлигинг билдириб турсанг на бўлғай!
Уч йил бўлди кетганингга шаҳарга,
Ўқимапсан кўча кезиб бекорга,
Кўзим тўрт, йўл кутиб хату хабарга,
Онажонинг унутмасанг на бўлғай!
Сени деб қартайиб, белим букилди,
Соч оқариб, оғзимдан тиш тўкилди,
Ўйлай – ўйлай сабрим чоки сўкилди,
Онажонинг қумсатмасанг на бўлғай!
Баланд тоғнинг чўққисида қор бўлар,
Мард йигит дилида номус, ор бўлар,
Келиб меҳнат қилсанг толе ёр бўлар,
Онажонинг ўкситмасанг на бўлгай!
Болам, тезроқ қайтгин, юрмасдан чакки,
Саёқлар егайлар ҳар қайда дакки,
Юрт учун хизмат қил, оқ сутим ҳаққи,
Ўгитим – сўзимни олсанг на бўлғай!

Бизники

Хотин – қизлар далада,
Эрлар пахтахонада.
Соя -салқин ҳилватда,
Ошни урар панада.
Меҳнат – хотин – қизники,
Маишат-чи – бизники!
Ягана-ю ўт юлиш,
Чопиқ қилиб сув қуйиш,
Ғўзага шарбат бериш,
Қўйинчи ҳамма юмуш,
Бари хотин -қизники,
Четда юриш бизники!
Ишдан келиб ош қилган,
Болаларни хуш қилган,
Кирин ювиб озода,
Эрларини ёш қилган,
Рўзғор – хотин-қизники,
Бозор қилиш – бизники!
Мажлисларда мақталган,
Мукофот, кўп ҳақ олган,
Йил сўнгида ҳаммаси
Тўрт-беш мингдан нақд олган,
Пул ҳам хотин -қизники,
Роҳат қилиш бизники!

Армоним қолмади

Катта мансабга ёр бўлдим,
Қиттай-қиттай отар бўлдим,
Сўнгра ишимдан ҳайдалиб,
Магазинга мудир бўлдим.
Бўлдим, армоним қолмади.
Йўл остидан йўлни топдим,
Харидорбоп молни топдим,
Нарх устига қўйиб нархни,
Ундан мўмай пулни топдим,
Топдим, армоним қолмади.
Энг арзон мол – бўзга қўйдим,
Гурунч,ёғ,ун,тузга қўйдим,
Икки кўзимни лўқ қилиб,
Мен нафсимни юзга қўйдим.
Қўйдим, армоним қолмади.
Ишим мени хурсанд айлаб,
Уйда қозон турди қайнаб,
Юлғучланиб топган пулга
“Волга” олмоқ бўлдим сайлаб.
Сайлаб, армоним қолмади.
Сўнгра секин тилга тушдим,
Ўрдак бўлиб қўлга тушдим,
Қизғин савдонинг устида
Сезмай қолиб қўлга тушдим.
Тушдим, армоним қолмади.
Айрилиб ёғлик ишимдан,
Фориғман кўнгил ишимдан,
Ҳатто тунлар ухлолмасдан
Қўрқиб чиқарман тушимда.
Дўстлар, мажолим қолмади.

Хўрозим

(Бир ношуд зоотехникнинг айби билан хўрозлари ҳаром ўлган
товуқбоқарнинг айтганлари)

Бўйни гажак, пати ипак толадай,
Бошидаги тожи мисли лоладай,
Чин дўст эди менга асли боладай,
Бир зум ўтмай учиб ўлган хўрозим.
Қичқирардинг ҳар куни тонг маҳали,
Саржамоат эдинг, бола чақали,
Қаттиқ тегди бирдан дўхтир уколи,
Укол олиб, учиб ўлган хўрозим.
Товуқлар ҳам омон қолди демагин,
Дон сочгандим, “ғақ-ғақ деди емайин,
Дўхтир дори берди ўзи билмайин,
Ўткир дори ичиб ўлган хўрозим.
Гўштга топшир, дедим дўхтир кўнмади,
Қуймоқ еса, яна гўшт деб тинмади,
Суяк чайнаб, сира тиши синмади,
Дўхтиридан қочиб ўлган хўрозим.
Нетай, энди тухум план оқсайди,
Мудиримнинг тили тинмай қақшайди,
Кошки эди, булут тухум ёғсайди,
Бир зум оғзин очиб ўлган хўрозим!
Раис тажанг – бир тор йўлга бошлади,
Камоматга акт ёзиб ташлади.
Айбдор қолиб, қурғур мени ушлади,
Беш минг сўмни қандай тўлай хўрозим!

Иғвогар

(Иғвогарга очиқ хат)

Сен соғларнинг юрагини хасталаб,
Нома тиздинг ёлғон сўзни басталаб,
“Юқори”га кетдинг қоғоз дасталаб,
Бу йўлингдан қайтсанг яхши, иғвогар!
Ҳар эшикка бошни урдинг довдираб,
Қулоғинг динг, икки кўзинг жовдираб,
Дўппи кийсам, бойми дейсан қовжираб,
Тўғри сўзни айтсанг яхши, иғвогар!
Бирон жойда иш қилмайсан киройи,
Тасдиқланмас хатларингни талайи,
Ё туҳматми иғвогарнинг чиройи!
Сен иғводан қочсанг яхши, иғвогар!
Мансаб учун ҳеч нарсадан қайтмайсан,
Яхшиларга бир дам қулоқ тутмайсан,
Кўринганга ноҳақ сўзни айтгайсан,
Туҳмат тўнинг ечсанг яхши, иғвогар!
Тош отдинг, ким тўғри юрса кўчадан,
Тузалмадинг изза олиб нечадан,
Ҳаётга боқ, чиқиб қора кечадан,
Парвоз қилиб учсанг яхши, иғвогар!..
Ростин айтсам шундай одам бўлгунча,
Бир умрга кўзларинг нам бўлгунча,
Эл олдида бошгинанг ҳам бўлгунча,
Ёғсиз шамдек ўчсанг яхши, иғвогар!

Қайнонам

(Бир келиннинг ўз қайнонаси тўғрисида дегани)

Барвақт етиб, чашка-тушдир туриши,
Бир оламдир кўча кезиб юуриши,
Уйга қайтгач бошланади уруши,
Жаврай бериб жағи тинмас қайнонам.
Нонуштаси: қаймоқ, ширчой қиш – ёзи,
Шовла қилсам хуш кўрмасмиш мижози,
Чой кечикса зувлаб чиқар овози,
Қурсин, ўжар феъли қолмас, қайнонам.
Бориб безор қилар қўни – қўшнини,
Кўз- кўз қилиб оғзида жез тишини,
Гапга солиб, қолдирар кўп ишини,
Айтганни қулоққа олмас қайнонам.
Уришмоққа доим сабаб излайди,
Бировнинг келинин мақтаб сўзлайди,
Илиқ сўз эшитмай кўнглим музлайди,
Ҳарчанд қилсам, эпга келмас қайнонам.
Чолни кўрса гир капалак, қилпиллаб,
Бир гапириб ўн кулади селкиллаб,
Беш минутда беш турланар ҳилпиллаб,
Бир гапи бор, йўқса кулмас қайнонам.
Дазмол қилиб берсам усти -бошини,
Ўсма қўйиб, териб қўй дер қошини,
Миннат қилмай емас нон-у ошини,
Меҳнатим қадрини билмас қайнонам.

Суҳбат

СИГИР: Раис бобо, тингланг арзим,
Совуқ ўтиб бузуқ тарзим,
Сутдан қолмас эди қарзим,
Қорин тўйса муа… муа…
РАИС: Баҳор яқин, бир оз кутинг,
Хашак камчил, озроқ ютинг,
Молхонада тартиб тутинг,
Сабр айланг говмишларим.
СИГИР:Ферма мудир солмас назар,
Силос учун интиқ бизлар,
Арз айласак, у бўлса кар,
Раис бобо, муа.. муа…
Ёзда ичиб тегмас қўли,
Қиш тўй-тўйлаб тушмас йўли,
Сиз ҳам деманг: “…колхоз моли”,
Ишлар чатоқ муа… муа…
РАИС:Ёзда чунон кўпаяр иш,
Отар тўла дебман емиш,
Хаёлимга келмасдан қиш,
Бугун лолман говмишларим.
СИГИР:Бино эски, илма тешик,
Йиллар ўтди, қурмай эшик,
Захлаб девол бўлди қийшиқ,
Сиз жой беринг муа… муа…
Сариёғ, сутим мисли булоқ,
Соғиб олар челак челак,
Ярмисини қўйиб бўлак,
“Кам сут” дейди, муа.. муа…
РАИС:Қурмоқчимиз бинолар соз,
Яйрашарсиз келгуси ёз,
Инжиқланмай туринг бир оз,
Қаноатли говмишларим!
СИГИР: Ёзга қадар манзил узоқ,
Фарёд қилар сигир- бузоқ,
Сиз ҳам бизга қўйманг тузоқ,
Раҳм қилинг, муа… муа…

Шумники

Катта бўлар Хатирчининг бозори,
Унга тушган одамларнинг назари,
Олмоқ учун бўлсанг бир мол хардори,
Мол илида уч -тўрт худо безори:
Сўрасангиз “Асосан мол кимники?”
Даллол дейди: “Олаверинг, пулники”.
Ҳар бозорда мол нархини ошириб,
Сут берармиш олса говмиш тошириб,
Бировларнинг қўлин силтаб, шошириб,
Айтганига хуллас калом топшириб,
Мол олувчи деса; “Пул кимники?”
Даллол дейди: “Манов калла хумники!”
Соддароқлар учар ёлғон сўзига,
Олган моли арзимайди пулига,
Қош учириб мол сотганнинг қўлига,
“Эллик-олтмиш талаб қилар ҳолига,
Мол сотувчи деса “Холи кимники?”
Даллол дейди: “Оширилган думники”.
Мол қувончи бормас унча узоққа,
Говмиш деб учрашар кўплар бузоққа,
Уч еэлин, сутсиз чиқиб бракка,
Хотин тутиб эрни кунда сўроққа:
“Айтинг – деса,- говшана мол кимники?”
Эр айтади: “Ўлгур даллол шумники!”

Жуманазарман

(Бир автобус шофёри тилидан)

Автобус бошқардим кўзу қош билан,
Дўст орттириб бордим нону ош билан,
Базамда суянчиқ “қариндош” билан,
Тил топишиб, ҳар томонга кезарман,
Бойликка ҳирс қўйган Жуманазарман.
Ҳар бекатдан одам чиқар тиқилиб,
Баъзилари дод солади сиқилиб,
Қари-қартанг гоҳо қолар йиқилиб,
Кўра била кўрмайин кўз сузарман,
Айёрликда танҳо Жуманазарман.
Қувончим ортади одам кўп бўлса,
Ор қилмайман “Билет бермас” деб кулса,
Урса, сўкса майли, менга наф бўлса,
Олғирликда ортда қолмай ўзарман,
Пулга тузоқ қўйган Жуманазарман.
Баъзан кетдим маршрутдан қиёлаб,
Гурас-гурас одам чиқди тўйталаб,
Олиб бориб пул ишлатдим қўл ялаб,
Изга қайтгач, заҳардай дилозорман,
Машинам шал!” деган Жуманазарман.
Маршрутим Хатирчидан – Тасмачи,
Чап чўнтагим жиғилдоннинг кассаси,
Билмам, қандай тутар бу иш қиссаси,
Йўловчилар, билет деса безорман,
Пулга виждон сотган Жуманазарман.

Жанжал

(Ҳазил)

Уйимизда жанжал чиқди, арзимаган кўйлакдан,
Болалар ҳам чуғурлашди, ҳар қайсиси ҳар ёқдан.
Бири деди: “Онамизнинг йўқ кристалл кўйлаги”,
Бири деди: “Эски мода – бор бисоти уйдаги!”.
Бири деди: “Шиён керак, безамоққа бошини!”
Бири деди: “Мўйча олинг, териб турсин қошини!”
Яна бири тизиб кетди онасига керагин,
Ҳеч бириси эсга олмас отасининг ароғин.
Бу савдодан бошим қотиб, хаёл учди йироққа,
Ҳамон хотин қовоқ солиб, тутар эди сўроққа.
Хўп демасдан иложим йўқ, рози бўлдим олишга,
Келинчакдек ясанармиш кирганида олтмишга…
Шундан бери мен юрибман, янги мода ўйида,
Битта кўйлак обергандим, қирқ йил бурун тўйида.

Кўрган борми?

Хушхабарга кўзни тутиб,
Газет -журнал хумор этиб,
Эрта тонгдан шомга қадар,
Интизормиз почта кутиб,
Почтальонни кўрган борми,
Ё дарагин берган борми?
Келса келар уч тўрт кунда,
Кўринмайди сўнгра бунда,
Балки ҳар кун бозор кетар,
Гап уқтириб бўлмас унга,
Почтальонни кўрган борми,
Ё дарагин берган борми?
Почта келмас баъзан ойлаб,
Тил чарчади сўйлаб- сўйлаб,
Мактуб кутиб акасидан,
Қизлар турар йўлни пойлаб,
Почтальонни кўрган борми,
Ё дарагин берган борми?
Ёшлар чиқар тоғ-тошига,
Чоллар қарар йўл бошига,
Уни кутмоқдан фойда йўқ,
Борсакмикин ё қошига?
Почтальонни кўрган борми,
Ё дарагин берган борми?
Почтамизнинг номи Найман,
Почтальонни топай қайдан?
Бир ой бўлди, дараксиздир,
Ҳануз уни тополмайман?
Почтальонни кўрган борми?
Ё дарагин берган борми?

Кампирим

Эрта ётиб, кеч туриб, қаддин тутар ғоз, кампирим,
Сўзга уста, жаҳли тез, мен биланчи соз, кампирим,
Бир сигирни соққанча юз сўзлагай ваъз кампирим,
Баъзан иш ўрнига жанжал, гоҳ қилур ноз кампирим.
У ҳамон ёшлар каби хўб зебу зийнат хуш кўрар,
Шоҳи, атлас ҳам қолиб, олий матодан туш кўрар,
Ёши элликдан ошиқроқ, ўзни қиздан ёш кўрар,
Ёш жувонлардан гўзалроқ, қилса пардоз кампирим.
Оғзида жез тиш ярақлар, лабида қизил бўёқ,
Ойнадан кетмас нари, тирноқ қизил, қўлда тароқ,
Кўрмасам бир дам уни қалбимни тирнар минг фироқ,
Ҳуснини кўз кўз қилиб, толмайди танноз кампирим.
Ҳар куни рўзғор ишини қилдим ҳаловат бўлмади,
Кирин ювдим, ош дедим, дазмолга навбат бўлмади,
Айбини айтиб турарга бизда фурсат бўлмади,
Уйда бир зум тўхтамас қишу баҳор, ёз, кампирим.
Тўйма-тўй юрмоққа уста, уйда инжиқ, нотовон,
Унга уйланмас эдим зеро яралсам қайтадан,
Толейим шундоқ эканда, майли бўл кўп йил омон,
Кимга қандай ку лекин да, мен учун соз кампирим.

Дангаса

Колхозчилар далада,
Айни экиш паллада,
Сўраб кўрсам ўзингни,
Хуррак отган дангаса!
Ғамга ботган дангаса!
Ялқовликда тенгинг йўқ,
Чопонингда енгинг йўқ,
Чопиққа чиқ десалар,
Ҳатто ошни егинг йўқ,
Ишга нозик дангаса!
Мисли қозиқ дангаса!,

Ишламасанг мард бўлиб,
Тез тўзийсан лат бўлиб,
Беҳудага ётмагин,
Хотинингга дард бўлиб,
Текин томоқ дангаса!
Енги ямоқ дангаса!
Ачиган қимизмисан,
Ёки хомсемизмисан?
Дала юзин кўмайсан,
Шунча бетамизмисан?
Кўзи ўйнар дангаса!
Гапга қайнар дангаса!
Эшитмасдан сўзингни,
Сарғайтирар юзингни,
Текинхўрсан, охири,
Халқ супурар изингни,
Оламга боқ дангаса!
Даламга боқ дангаса!

Ҳеч ким билмасин

(Бир қалоқ колхозда)

Чакки эмас раис иши,
Атрофида хели-хеши,
Қувноқ ўтар ёзу қиши,
Бу сирни ҳеч ким билмасин!
Ён қўшниси омбор мудир,
Амакиси кассир эрур,
Маош пайти томоқ қирур,
-Жим, -дейди,- ҳеч ким билмасин!
Сводкада ишлар аъло,
Ёлғон гапга роса бало,
Қани десанг ишда маъно,
-Тис-с, -дейди, -ҳеч ким билмасин!

Бригадир ҳам излар фойда,
Улфати чор пастқам жойда,
Сўрсанг: Берган ваъданг қайда!
-Жим,- дейди,- ҳеч ким билмасин!
Ишлар ҳамон ўлда жўлда,
Раис боқмас соғу сўлга,
Камчилигин олсанг тилга,
-Бас,- дейди,- ҳеч ким билмасин!

Бормисан

(Онанинг саёқ ўғлига деганлари)

Аввал бошда қулоқ солмай онага,
Ичиб юрдинг мендан қочиб панада,
Бугун яна тушдинг ҳушёрхонага,
“Ҳушёрим”, хушқадам, болам, бормисан?
Қизилин симириб, отдинг оқидан,
Гар топсанг газагин қилдинг қоқидан,
Сени ўйлаб, қалб сўкилди чокидан,
Белимнинг дармони, болам, бормисан?
Ишдан қочиб, ўзни урдинг ҳар ёққа,
Пенсиямни сарф айладинг араққа,
Алкаш номинг қаттиқ тегар қулоққа,
Номдорим, полвоним, болам, бормисан?
Сочларинг тўзиган, пешонанг қашқа,
Уст- бошинг йиртиқ, авзойинг бошқа,
Сени десам кўзим тўлади ёшга,
Дилдаги армоним, болам, бормисан?
Ақлинг йиғ, чироғим, ичмагин энди,
Сени деб кўнглимнинг шишаси синди,
Сени деб бошимга оппоқ қор қўнди,
Қулоқсиз полвоним, болам, бормисан?

Унаштир

(Ҳазил)

Дилимдаги тилагим:
Оғримасин билагим!
Ким ишдан гап очса гар,
Том битади қулоғим,
Яхшиликка ёндаштир,
Ёмонлардан адаштир!

Эсга олсам далани,
Белим оғрир қўл билан,
Уйда хотин ишла, деб
Савалайди тил билан,
Овом ошга ёндаштир,
Меҳнатингни адаштир!

Бозор бориб нос сотдим,
Нархин бир оз паст сотдим,
Пулига арақ ичиб,
Ҳушёрхонада ётдим,
Яхши жойга ёндаштир,
Ғурбатингдан адаштир!

Ундан қайтдим лаб тушиб,
Лаб -лунжимдан гап тушиб,
Хотин ўзгариб қолди,
Менинг билан чап тушиб,
Қўй, тинчликка ёндаштир,
Бу жаҳлидан адаштир!
Уйдан ҳайдаб ўзимни,
Жовдиратиб кўзимни,
Ишлайман, деб ёлворсам,
Эшитмайди сўзимни,
Бир амаллаб яраштир,
Ё қайтадан унаштир!

Қани

(Номига ҳаммом қурдириб, ундан фойдаланиш эсига ҳам келмаётган бир раисга)

Эй раис, бўлманг тажанг, колхоздаги ҳаммом қани?
Катта маблағ сарфланиб, олган челак ва жом қани?
Белни боғлаб ишлаган ҳаммом мудир аммам қани?
Йўқ бўлиб кетди, ажаб, бултур чиқарган ном қани?

Зўр бино савлат тўкиб тургай ҳамон кўкка боқиб,
Бердингиз зарба эшикка, қўйдингиз қулфни тақиб,
Қўйса арзир дейди халқ ҳеч бўлмаса ойди ёқиб,
Сиз томондан тозаликка белгиланган жон қани?

Ҳеч маҳал битмас ахир, гар кўрмаса ишнинг кетин,
Ёнмагай ўт ҳам ўчоқда солмаса атроф -четин,
Сиз-у биз бирлан уланди, келтириб қўйган ўтин,
Не ажаб, тавба деманг, айтсам, кўмирга кон қани?

Баъзилар меҳнатда жавлон урдилар терга ботиб,
Аллаким тушди ариққа гоҳида афсус ютиб,
Кўпчилик йил ўтса ҳам юргай ҳамон ҳаммом кутиб,
Бир оғиз сўз, илтимос, айтинчи, у фармон қани!

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *