
Амирқул Пўлкан
Бизга маълумки, XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошларига келиб, улкан тарихий ижтимоий иқтисодий ўзгаришлар рўй берди. Бу даврга келиб Темурийлар сулоласи инқирозга юз тутган, хонликлар ўртасидаги ихтилофлар янада кескинлашган эди.Султон Али Мирзо ва Андижон хони Заҳриддин Муҳаммад Бобур ўртасидаги келишмовчиликдан фойдаланган Шайбонийхон 1500 йили ҳеч қандай қаршиликларсиз Самарқандни босиб олади. Лекин орадан кўп ўтмай, шаҳарнинг нуфузли кишилари, дин пешволари ва собиқ амалдорлар ёрдамида Бобур Самарқандга ҳужум қилиб шаҳарни қўлга киритади. Шайбонийхоннинг барча аскарларини қиличдан ўтказади.
1501 йили Шайбонийхон жуда катта аскар тўплаб яна Самарқандга юриш бошлайди.Зарафшон дарёси яқинидаги Сарипул қишлоғи атрофидан қонли урушлар давом этади. Узоқ давом этган 4 ойлик мудофаадан сўнг, Бобур кечаси бир қанча жангчилари билан Самарқандни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади ва Тошкентга келиб мўғул хони Маҳмудхондан ёрдам олади.
1505 йили Хоразм ва Балхни қўлга киритган Шайбонийхон Темурийлар давлатининг маркази бўлган Ҳирот – Ҳуросонга қараб йўл олади.
1506 йилининг январ ойида Бадиузамон Мирзо (1506-1507) Мурғаб томонга юриш бошлайди.Унинг орқасидан Ҳусайн Бойқаро ҳам йўлга тушади ва оғир касаллик туфайли йўлда вафот этади. Термурийларнинг ўзаро келишмовчиликларидан фойдаланган Шайбонийхон 1507 йили Хуросонни ҳам осонлик билан босиб олади, баҳор ойида Ҳиротни бутунлай ишғол этади.
Шайбонийзодаларнинг сўнгги вакили Абдуллахон (1583-1598) даврида Мавораннаҳр тарихида юксаклишлар юз беради. Бобурмирзо муваффқиятсизликдан кейин она ватани Андижогна қараб йўл олади ва Қобул, Ғазна, Бадаҳшондаги ўз қўл остидаги ерлардан ўзига лашкар тўплайди. Кейинчалик Ҳиндистоннинг шимолини ва ва Деҳлини Агра шаҳарларини ишғол этади. У улуғ мўғиллар салтанатини вужудга келтиради. Ва бу империя XIX асргача давом этади. Бунга Бобурнинг “Бобурнома” ва унинг қизи Гулбадан Бегимнинг “Ҳумоюннома” асарлари гувоҳлик беради.
Шайбонийхон тарихий достон
Халқ достонларидаги прогрессив анъаналар узоқ йиллик ижтимоий сиёсий, маданий маърифий тарихга эга, уларнинг негизи ҳам халқнинг ўзи ва ижодининг тарихий ривожланиш негизлари билан ўзаро боғланиб кетган.У кишилар онги, психологияси ва маданий алоқалари таъсири остида ўсди, ривожланди, шакл жиҳатидан маълум бир системага эга бўлди. Пўлкан шоирнинг “Шайбонийхон” достони фақат Пўлкан шоир репертуаридагина мавжуд. Лекин бу достонда Самарқанд, хусусан Қўрғон достончилик мактаби анъаналирнинг қай даражада ўз аксини топганлиги тўғрисида ҳали маълум бир фикр айтилмаган. Шуниси характерлиги, у достонларнинг тарихий турига мансуб бўлиб, тарихий шахслар номи билан боғлиқлиги билан ҳам романик достонлардан ажралиб туради. Достонда XVI аср бошларида Ўрта Осиёни босиб олган ўзбеклар хони – Шайбонийхон ва хокимиятни сақлаб қолиш учун унга қарши кураш олиб борган Бобурхон ўртасидаги ихтилофлар ҳикоя қилинади.
Гарчи асарда ўша давр руҳи кишилар ҳаёти тўла ёрқин чиқиб берилмаса-да, XVI асрда рўй берган тарихий воқеалар, ўзгаришлар тўғрисида баъзи маълумотларни олиш мумкин. Бу ўзгаришлар тарихий аҳамиятга эга бўлганлиги учун ҳам алоҳида эътиборга моликдир.
“Шайбонийхон” достонида шоир Шайбонийхон ижобий Бобурмирзо эса салбий образ сифатида гавдалантирилади. Аммо шуниси характерлики, бир қатор тархий воқеаларни ҳисобга олмаганда ҳар иккала образ ҳам тарихий протатиплар билан боғланмайди, шунингдек уларнинг шахсига алоқадор ўринлар учрамайди. Бунинг шоирнинг дунёқараши, савияси маълум доира ичида чекланиб қолгани билан изоҳлаш керак, албатта. Бунинг асосий сабаби шоир тарихий воқеаларни яхши билмаганлигидан далолатдир.
Бадиий ёзма адабиётда ҳам Шайбонийхон Абдулмўминхон ўғли номи билан боғлиқ иккита “Шайбонийнома” асари ҳам мавжуд. Бу достонлар XVI асрда яшаб ижод этган сарой шоири Муҳаммад Солиҳ ва тарихчи Камолиддин Бинойлар қаламига мансубдир. Бу асарлар кўпроқ ҳужжат ва қасида характерига эга бўлиб, унда Шайбонийхоннинг хукмдорлик фаолияти мадҳ этилади, “Соҳиби тахт” сифатидаги буюк ишлари тасвирланади ва унга ҳамду санолар ўқилади.
Лекин иккинчи асарда эса ўзбек хони Шайбонийнинг халқ бошига азоб уқубатлар солиб, уни аёвсиз талаган, қирғин қилганлиги ва қонхўр подшолардан бири сифатида кўрсатилади.
Шу ўринда бир масала юзасидан гарчи қисқача бўлса-да, алоҳида тўхталиб ўтишга тўғри келади. Маълумки, оғзаки ижод асарлари ёзма бадиий ижод билан яқиндан алоқада бўлиб, унга бевосита ўз таъсрини ўтказиб келган. Масалан, ўзбек мумтоз адабиётининг юксак намуналаридан бўлган Дурбекнинг “Юсуф ва Зулайҳо”, Лутфийнинг “Гул ва Навруз”, Алишер Навоийнинг “Хамса”сига кирган достонлар ҳамда жаҳон адабиётининг шоҳ асарлари ҳисобланган “Фауст” “Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари”, “Гаргангюа ва Пантагрюэль”, “Прометейнинг озод этилиши” сингари асарлар бевосита халқ оғзаки ижоди заминида вужудга келгандир. Лекин эътироф қилиш лозимки, баъзан ёзма адабиёт ҳам оғзаки ижодга ўз таъсирини ўтказиш ёки уни ” поэтик воқелик” , ҳаёт материали” (В.Г Беленский) билан таъминлаши мумкин.”Шайбонийхон” достонининг яратилишида ёзма адабиётнинг халқ оғзаки ижодига таъсири оз бўлсада сезилиб туради.
Халқ оғзаки бадиий ижодида, хусусан “Достончиликдаги тарихий йўналишнинг муҳим томони шундаки, у бир қатор янгиликларни вужудга келтирган. Янги достонлар ҳам мана шу йўналишнинг маҳсули бўлган. Бу тарихий йўналишнинг ривожи достончиликдаги янги аъаналарни юзага келтирган. Масалан, XIX асрда яратилган “Тўлғаной”, “Назар ва Оқбўтабек”, “Музаффархон” каби достонлар аввалги тарихий достонлардан фарқли ўлароқ, XIX аср бошлари ва ўрталарида рўй берган тарихий воқеаларга бағишланган. Демак, тарихий достонлар бу даврга келиб янги хусусиятга эга бўлганлигини кўрамиз.
“Шайбонийхон” достони бир-бирини мазмунан бойитувчи икки мустақил сюжетдан ташкил топган.Асарнинг биринчи қисми бевосита Шайбонийхон фаолияти билан боғлиқ саргузаштларга бағишланади. Иккинчи қисмда эса Шайбонийхон замонида содир бўлган Ҳуршидой исмли қиз номи билан боқлиқ воқеалар тасвирланади. Ҳуршидой саргузаштлари кўпроқ эртак харакетрига эга бўлиб, “Озодачеҳра” ўзбек халқ эртагини эслатади. Достоннинг бу қисми 1965 йилда алоҳида китоб ҳолида нашр қилинган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, достоннинг биринчи қисмида Ўрта Осиёни забт этиш мақсадида юришлар қилган Ўзбеклар хони – Шайбонийхон номи билан боғлиқ бўлган воқеа-ҳодисалар акс эттирилган. Достоннинг дебоча қисмидаёқ воқеа – ҳодисаларда фаол иштирок этувчи қаҳрамонларнинг номлари келтирилади, уларнинг феъл атвори, касб-кори тўғрисида маълумот берилади. Бу маълумот икки бўлимни бир-бири билан боғлайди. Достон бир бутун ҳолда 1928 йили Самарқандда араб алифбосида чоп этилган ва унда ҳатто тарихий ҳақиқатнинг маълум нишонаси сифатида Шайбонийхон мақбарасининг сурати ҳам илова қилинган.
Биз юқорида “Шайбонийхон” достони бошқа бахшилар репертуарида учрамайди,деган фикрни айтган эдик. Ҳақиқаттан ҳам бу достонни Пўлкан шоирдан бошқа на Қўрғон достончилари на Булунғур достончилари томонидан куйланганини ҳеч ким эслолмас экан. Пўлкан шоир эса бу достонни ўз устозидан ўрганганлигини айтади. Достончи асарнинг дебочасида шундай дейди:
“Қатоғонди элидан, Пўлкан шоирди тилидан, Чингистон авлоди Шайбонийхоннан сўз бошланди.Чин Ўзбекнинг уруви, Ўзбекнинг хонзодасидан. Жассоқ бахши – Жолғош шоирди отасидан мен олти жил шунга ўқидим. Жассоқ бахши шуйтиб айтасан, деб айтувди.Мен шунан уйранган сўзимди айтаман, қайтиб уйранган бўлсам.Устодди айтгани вожиб, шундай қиб айтсам бўлади тарки вожиб. Қандай уйранган бўлсам шундай айтаман… Ана энди Самарқанд деган шаҳар боракан. Самарқандда Бовурхон деган подшо боракан. Унинг Жўравой, Тўравой деган вазирлари боракан. Кўп эслиликда ками кўстсиз экан. Шу подшонинг – Бовурхонди, Шайвалиям хизматкорларининг бировиякан. Хўжан савдогар деган бир хизматкори боракан.Хуршидай деган бир қизгинаси боракан. Хўжайи савдогар шундай сахий экан. Шу Самарқандда ўзидан қолган (қаровсиз, ёлғиз қолган) кўрларди, шолларди, отасиз. энасиз, сағир баччаларди шу Хўжасавдогарникига олиб келиб ташлаякан. Кўп бекамикас, ҳатамтойдан саҳийякан”.
Достон шу тариқа қисқача зачин билан бошланади.
Шоирни эътироф этишига қараганда, бу достонни Жассоқ бахшининг ўғли Жолғош шоир ҳам билган ёки куйлаган бўлиши мумкин. Аммо Жолғош шоирнинг достончи сифатидаги иқтидори тўғрисида аниқ бир фикр айтиш имкониятига эга эмасмиз. Шунинг учун ҳам бу достон халқ орасида кенг тарқалгани ёки кўпчилик бахшилар томонидан ижро этилганлиги гумон. Чунки агар бу асар бошқа анъанавий халқ достонлари сингари севиб куйланиб, сайқалланиб турганида у бошқа достончилик мактабларига ҳам етиб келган, бошқа муҳит бахшилари ҳам уни билган ва ёки у тўғрида маълумот бурган бўлур эди. Шунингдек достоннинг композицион тузилишидаги чекланиш ва ўзаро диалектик боғланишнинг йўқлиги ҳам уни достончилар орасида кенг тарқалмаганлигидан далолат беради. Бу ҳол достон тексти билан танишгач, янада яққолроқ кўзга ташланади.
Достонда воқеалар қуйидагича ривожлана боради. Бир ўтиришда подшонинг Жўравой исмли вазири билан Шайволи (Шайбоний) ўртасида низо пайдо бўлади ва ичкиликнинг кайфи билан “ўзбеклиги ғурру қилиб” вазирни бир шаполоқ солади. Натижада икки ўртада кескин келишмовчилик вужудга келади ва бунга Бовурхон (Бобурхон)нинг аралашувига сабаб бўлади. Жўравой Самарқанд подшоси Бовурхонга, Шайбоний устидан арз қилиб боради:
Ҳар банда қиз, хотиниман қарисин, Эрисин тоғларди, қори эрисин. Ё ундан кеч, ё мендан кеч Бовурхон, Дот- найрот Шайволиси қурисин.
Жўравойнинг оҳ – фарёди, Шайбонийнинг шаънига айтган нолиш гаплари Бобурхонда ғазаб ва нафрат ҳис-туйғуларини уйғотиши табиий эди. Чунки Жўравой унинг вазири, қолаверса Самарқанднинг туб одами, бек -бекзодаларнинг фарзанди, йиқилса суяйдиган, гапини маъқуллайдиган одамлар кўп. Шайбонийхон бўлса, бошқа элатдан келган мусофир, ҳақиқат талаб, ғурурли ўзбек йигити. Унинг тик сўзлиги доим ҳақиқатни гапириши подшоликдаги мутаассуф, таъмагир, ҳийлагар ва ношуд амалдорлардан тортиб, ҳатто Бобурхоннинг ўзига ҳам малол келади. Шунинг учун ҳам Жўравойнинг оҳ-фарёди бир туртки бўлиб, Шайбонийни ўлимга буюради:
Жаллотларим Шайбонийни сўйинглар, Дор остида икки кўзин ўйинглар, Тириклайин терисини айириб, Терисига самон тиқиб қўйинглар.
Бироқ тезда вазият юмшайди. Жўравой Бобурхонга келиб, Шайбонийнинг гуноҳидан ўтганлигини уни ўлимдан сақлаб қолишни илтимос қилади. Натижада Шайбонийга берилган ўлим жазоси уни Самарқанддан сургун қилиш жазоси билан алмашинади. Достончи шу ўринда Шайбоний характерига хос писихологик ҳолатни тасвирлашга , ички кечинмаларини, ўй-фикрларини акс эттиришга ҳаракат қилади. Зотан, Шайбоний қўллари боғланган ҳолда жаллоднинг қонли қамчиси остида Самарқанд кўчаларидан кетиб борар экан, худога илтижо қилиб шундай дейди:
Ҳолима раҳм айла, қодир худойим, Мен жилайман бир ўзингга зор-зор. Банди бўлиб, қайтай, бўлдим беқарор, Сен асрасанг, Шайволига не гап бор?!
Шайбоний воқеалар кескинлашган дамда воқеага иккинчи вазир Тўравойнинг аралашуви билан тирик қолади. Шуни айтиш жоизки, достонда диний мотивларга кенг ўрин берилган. Бу мотивлар асар сюжетини ташкил этувчи воқеаларнинг деярли барчасида кўринади. Айниқса, Шайбоний номи билан боғлиқ воқеаларда диний мотивнинг жуда кучли эканлиги сақланиб туради. Шайбонийнинг оғир аҳволдан қутулиши муваффиятга эришуви ана шу мотивлар орқали асосланади. Зотан, бу мотив, ўша тарихий давр ва достон куйлаган замон нуқтаи назаридан қараганимизда, асарнинг эмоционал таъсир кучини оширишдан ташқари қаҳрамонлар образини идеаллаштириш борасида энг муваффақиятли қўлланилган бадиий усуллардан бири бўлган. Чунки, аввал кўриб ўтганимиздек диний мотивлар ёрдамида санъаткорлар тингловчиларни достондаги воқеа – ҳодисаларга бўлган ишончини мустаҳкамлаганлар, асар қаҳрамонлари Ҳизр ёки бошқа илоҳий кучларнинг мададига суяниб иш кўрганлар. Бу мотив барча ўзбек халқ достонларида айниқса “Гўрўғли” туркуми достонларида кенг ишланган.
Шайбонийхон Самарқанд шаҳридан бадарға қилингач, оғир машаққатларни бошидан кечиради, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўл-биёбонларни пойи – пиёда кезиб чиқади. У ўз она юрти Чинғистон томон ошиқади, юраги ғам-аламдан эзилиб, ҳасрат-надомат чекади. Шунда ғойибдан унга куч-қувват мадад келади:
Омин деди жами ўтган пайғамбар, Омин деди кўкда турган малаклар. Чин сидқидил жилайверди Шайвали Омин деди жер жузида Шайитлар, Дуоси мустажиб бўлди баччани. Олдиға келдилар жетти қаландар, Шайвалининг жураклари чер бўлди. Кам-кам эшитинглар гапти қизиғин, Аввал худо, жами бузрук ёр бўлди.
Шоир Шайбонийхон характери ва психологиясини кичик-кичик деталлар орқали унинг руҳий ҳолатини очиб беради.”У гоҳ ерда очқаб, гоҳи сувсаб, қип-қизил чўлларда жолғиз жўл тортади”. У Самарқандни ташлаб чиқиб кетар экан, Бобирхонга нисбатан бўлган қаҳр-ғазаби, нафрати туфайли қачонлардир яна лашкар тортиб қайтиб келишга, шаҳарни “зеру забар” қилишга онт ичади:
Жовлаб келиб Самарқанди устига, От қўй Ўзбеклар деб Самаркон элди. Бовурхонди келиб банди қилмасам, Вой-вой-ей, Шайволи отим вурисин.
Шайбонийхон ўзи туғилиб ўсган ватани Чинғистон-Қозон қаълага етиб боргунча узоқ юради, ҳар хил қарама-қаршиликларга дучор бўлади, илоҳий кучлар ёрдамида улар устидан ғалаба қозонади. У мақсад сари дадил интилганлиги учун ҳам бошига тушган қийинчиликлари олдида саросимага тушмайди, иккиланмайди. Худди Бобурхон ва Жўравойларга қанчалик нафрат кўзи билан қараса, бошига тушган машаққатларни енгишга бор кучи билан тиришади. Шайбонийхонда аста-секин афсонавий паҳлавонларга хос куч-қувват мустаҳкам ирода, ақл-заковат пайдо бўла бошлайди. Бу хусусиятлар тўсиқлар, қарама-қаршиликлар замирида янада ривожлана боради. Шубҳасизки, бунда унга яна илоҳий кучлар, арвоҳ ва пирлар мадад беради. Шайбонийхон чўлда айиқ билан тўқнаш келади. Айиқ Шайбонийдан. Шайбоний эса айиқдан кучли бўлганлиги учун икки ўртадаги олишув узоқ давом этади, йўллар чангиб, тупроқлар гурпак бўлиб кетади. Шоир ҳар иккала кучли рақибнинг ғалабага бўлган интилишини, ички ва ташқи қиёфасини, ана шу пайтдаги ҳолатини жонли, бадиий жиҳатдан пишиқ мисраларда кўтарингки руҳ билан ифода этади. Бунда шоир достондаги диний мотивни, яъни Шайбонийхонни арвоҳ ва пирлар томонидан қўллаб-қувватланиши мотивини давом эттиради:
Томоша айланг Шайвалини ишини, Отаси эшитган экан довушини. Худодан давлатти арвоҳ қарашиб, Кесиб олди шу айиқни бошини Отаси ўнгарди қилган ишини.
Достонда бундан кейинги воқеалар янада кучли ривожлана боради. Шайбонийхон саргузашти гоҳ комик, гоҳ трагегик ҳолатлар билан уйғунлашиб кетган бир вазиятда тасвирланади. Ҳикоя қилинаётган ёки куйланаётган воқелик жараёнида Шайбонийхон характерига ёрқин хусусиятлар – мардлик, баҳодирлик ва инсонийлик, ақл-идроклилик каби фазилатлар очила боради. Шоир достонда тиниқ воқеа-ҳодисаларни беришга ҳаракат қилади ва қаҳрамонни зўр курашга – яъни, у ичган қасамга мувофиқ Самарқандга қайта лашкар тортиб боришга тайёрлай боради. Шайбонийхон қийинчиликларга бардош бериш, тўсиқларни енгиш жараёнида ўса боради.
Достонда ажойиб бир диолог берилган. Бу диологда Шайбонийхон характерига хос хусусиятлар унинг кемачи билан айтишуви жараёнида кўринади. Шайбонийхон аввал кемачига яхши гап билан мурожаат қилади, ялинади -ёлворади, лекни бундан бир иш чиқмаслигига кўзи етгач, дўқ қилишга, куч ишлатишга мажбур бўлади.Чунки кемачи дарёдан ўтказиб қўйиш учун ундан пул сўрайди.Шайбонийхон эса бундан қаттиқ ранжийди, пули йўқлигини айтади. Ана шу диологдан бир парча келтириб ўтамиз:
“Ана энди Шайвалихон айиқди жиғитиб, терисини тулуплай айириб олди. Энди калласини терисини чориқ қилди, камачини олдиға бориб қолди. Терини ортқилаб, ана энди Шайвалихон талтайиб турди. Ана энди камачига қараб бир сўз айтаяпти:
Камачи эшитгин менинг сўзимди, Айиқ ўлтирай деб қўйди ўзимди, Қаддингдан кетайин турғон кемачи, Шу дайрадан ўтказиб қўй ўзимди.
Кемачининг айтаётган сўзи:
Қизлар билан ўйнағани боғ жахши, Тулкиларга ўйнағани тоғ жахши, Аввал кистангминан гаплаш жўловчи, Ҳарна берсанг, камачига нақд жахши…
Энди Шайвалини айтаётган сўзи:
Жўл жураман кемачи, сувсиз даштга, Савдони солманглар ёронлар бошга, Савоб учун ўтирсанглар ўзимди Иншолло боргайсиз овот бийишга.
Энди камачи айтаяпти:
Камбағал одамлар жашини тўкар, Ўзингдан айланай холиқ беҳривор, Ё билмайман, бизди мазах қилдингми, Тур-тур кетавергин, энди баччалар.
Энди Шайвалини айтаётган сўзи:
Қилиб қўймай тағин, дарров ишингди, Қайтариб қўй, сен логон бевошингди, Аччувимни кўп келтирма камачи, Тийримонга тортайинми бошингди. Шу дайрадан мени ўтказмасанглар, Тошиминан синдирай ўттиз тишингди”.
Кема бошлиғи ва Шайбонийхон ўртасидаги келишмовчиликни баён этувчи диолог ҳар иккала образнинг ички ва ташқи қиёфасини, моҳиятини яққол очиб берган.Бу келишмовчиликнинг энг кескинлашган пайти Шайбонийнинг кема ходимлари билан бўлган тўқнашуви – муштлашуви пайтидир. Шайбонийхон бу тенгсиз олишувда уларнинг устидан ғалаба қозонади. Бутун кема ҳодисаларини қирғоққа қувиб чиқариб, дарёнинг нариги томонига ўтиб олади. Бундан кейинги Шайбонийхон саргузаштларини ўз ичига олувчи воқеалар анъанавий халқ достонларидаги сингари тардицион клемеларда, бадиий ифода воситаларида шеър билан берилади. Бу ерда ҳам диний мотив давом эттирилиб, Шайвалининг туш кўриши ва тушида Хизр билан учрашуви тасвирланади. Хизр Шайбонийхонга тилак тилайди:
Сен журарсан сувсиз дашга, Бир кун кирарсан савашга, Ғам жема Шайвали улим, Сени миндирдим Кўк тошга. Журагингдан кетар войим, Бандам деди бир худойинг, Самарқанддир сени жойинг, Жилама, Шайвали улим.
Достонда бир қатор географик номлар келтирилиб, улар шоир томонидан жуда тўғри ифода этилган. У Қозоғистон, Нўғайистн ва Ўрислар мамлакатидан ўтиб, Чинғистон ( Мўғилистон) юртига йўл олади. Қозон- қаъалада чопонининг йиртиғида олиб юрган ёмон кунга асраб қўйган гавҳар яманийни бозорда сотиб, катта пулга эга бўлади. Буни сезган Қозон- қалаликлар Шайбонийни шу ерда олиб қолиб, ҳийла ишлатиб пулини тортиб олиш пайида бўладилар. Лекин ақл-заковати ўткир Шайбоний ҳийлакорликда улардан ҳам устун келади ва қозон-қаъланинг “Бовобеги” даражасига кўтарилади. Ҳар тарафдан одам йиғдириб, мол-мулк тўплайди, мулла-эшонларнинг бой-бадавлат кишиларнинг от-уловини тортиб олади. Қозон-қаъла халқи Шайвалини ўз султонлари қилиб кўтарадилар. У “Ўзбекларди битта қолмай уйиб”, “Самарқон устига, Бовурхон қастига” юриш қилади.
Шайбонийхоннинг Самарқандга қилган юришининг асл ижтимоий моҳияти у ўзи қувғин бўлган шаҳарга лашкар тортиб бориб, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, рақибларидан ўч олиш, ҳокимиятни ўз қўлига олишгина эмас, балки ташқи давлатлар билан савдо-сотиқни яхши йўлга қўйиш, халқ фаравонлигини оширишдан, энг муҳими ягона марказга эга бўлган цивилизациялашган ўзбеклар давлатини барпо қилишдан иборатдир. Бу ижтимоий ғоя асар композициясига маҳорат билан сингдирилиб юборилган ва бутун воқеа-ҳодисалар мана шу ғояга бўйсундирилган ҳолда ривожлантирила боради.
Шоир достонда кўпроқ майда эпизодлардан, кўзга ташланмайдиган деталлардан катта бадииий умумлашмалар чиқаришга интилади. Масалан, Шайбонийхоннинг Қозон-қаълага етиб келгунига қадар рўй берган воқеа-ҳодисаларга, қаҳрамон характерини очиш учун хизмат қилган қарама-қаршиликларга жиддий эътибор берилса, ундан келиб чиқадиган ғоя ўз-ўзидан яққол англашилади. Шайбоний “бийдай” чўлда табиат устидан, ёввойи махлуқлар устидан ғалаба қозонади, тенгсиз курашда мол-дунёга ҳирс-қўйган, ҳиссиз, эзгу инсоний хусусиятлардан марҳум бўлган қароқчи сифат ёвуз кишиларни енгиб чиқади.Шубҳасизки, шоир бу билан ўз идеали-Шайбонийни ҳаётдаги барча қусурларга, разиллик ва адолатсизликка, тенгсизликка қарама-қарши қўймоқда. Достончи ўз қаҳрамонини ҳаётда мавжуд ҳамма қусурларни тугатишини, рақиблар устидан ғалаба қозонишини истайди. Шоирнинг Шайбонийга бўлган симпатияси достонда аниқ сезилиб туради.
Достончи кўп ўринларда лирик чекинишлар орқали воқеа ҳикоя қилинаётган пайтдаги ҳолатни беришга, кишилар психологияси ва уларнинг ички-ташқи қиёфасини чизишга ҳатто тингловчи кайфиятини ифода этишга ҳаракат қилади:
Мерганлар жай отар кўлда ғозига, Қулоқ сонглар Пўлкан шоир сўзига, Катта-киччи, хотин-халаж жийилиб, Қўрқоқларди қовоқлари уйилиб, Овмин деб патиха тортди бетига.
Достончининг муваффақияти шундан иборатки, у достон поэтикасини ўзига хос таъсир, ўзига хос эҳтиросни таъминлай олган ва натижада шакл ва мундарижа ўртасида ўзаро деаликтик мутоносиблик вужудга келган. Бу мутаносибликни достон поэтикасида айниқса яққол кўриш мумкин.
Масалан, шеърий вазннинг рўй бераётган воқеликнинг ички моҳиятига ва психологиясида содир бўлаётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда танлаш, аввалдан анъанавий халқ достонларида қўлланиб келишган традицион эпик клишерлардан моҳирона фойдаланиш ҳар бир шеърий сатрнинг оҳангини эътиборга олиш – достоннинг бадиий эмоционаллигини оширишга хизмат қилган.
Достонда, табиат манзараси, инсон кайфияти, унинг руҳий ҳолат тасвирига айниқса кенг ўрин ажратилган. Ғайрати танасига сиғмасдан “Қурттай қайнаб булкуллашиб, чигирткадай чирқиллашиб, чўлларда отларди желиб” кетиб бораётган Шайбоний лашкарларининг кўтаринки руҳи , “туя жеталаган қозоқ” ва “карнай – сурнай тортган ўзбек”, “ай-у-уй” деб ўлан айтаётган нўғайнинг шодиёна овози”, қалб туғёни эшитилиб туради.
Шайбонийхон Сувли, Калас, Заркат ва Пискантдан ўтиб, лашкарлари билан Тошкентга кириб келади. Биз бу эпизодда Шайбонийхонни ўзбек, қозоқ, нўғай халқларини бирлаштириб, ўрта Осиёда марказлашган ягона бир мамлакат бунёд бунёд этиш учун курашга шайланган моҳир лашкарбоши, сиёсий йўлбошчи сифатида кўрамиз.Гарчи у ҳар сўзида “худо”ни ёд этиб, “пайғамбарларга” сиғиниб турса-да, бу тадбир замирида улкан бир реалистик мақсад яшириниб ётибди. У ўзининг йўлбошчилик маҳорати туфайлигина халқларни Бобурхон хонлик қилаётган дунёга машҳур, узоқ яқинига даҳшат солиб турувчи Самарқандга қараб отлантиришга муваффақ бўлади. Шоир Шайбонийнинг “лак-лак” лашкар билан Тошкентга кириб келишини ва одамларнинг унга нисбатан дўстона меҳр-шафқат кўрсатишини шундай ифода этади:
Хўп муасса қилайлик деб, Агар бир зўр пошшо бўлса Биз пухоро бўлайик деб, Айтганига кўнайик деб, Аҳди-омон қилайиқ деб, Ҳамма одам чиғиб кетти.
Достончининг изоҳига Тошкент ҳам Бобурхон қўл остидаги шаҳар эди. Ўзга бир юртдан шундай катта подшо мамлакатига Шайбонийхоннинг лашкар тортиб келиши дастлаб маҳаллий аҳволини анча ташвишга солиб, ўйлантириб қўяди. Аммо Шайбонийнинг адолатли, халқпарвар подшо эканлигини кўргач, улар ҳам “Самарқанд устига, Бобурхон қастига” от соладилар.