
Амирқул Пўлкан
Пўлкан шоирдан ёзиб олинган анъанавий халқ достонларидаги асосий мотивлар ва образлар “Гўрўғли” достонларининг ғоявий эстетик ва бадиий хусусиятлари
Маълумки, ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодиётидаги эпик асар қадим замонлардаёқ “достон” деб атала бошланган ва хозир ҳам шу ном билан аталади. Чунончи, достон ички қурилиши мураккаб серқирра санъат намунаси бўлишига қарамай, халқ оғзаки бадиий ижодиётининг энг ривожланган, равнақ топган адабий жанрларидан бири ҳисобланади. Достон ўзининг бадиий матни билангина эмас, балки маълум тизимга эга бўлган мусиқаси индвидуал ижодкор ёки бахшининг дўмбира ёҳуд қўбиз чала билиш маҳорати, қуввайи ҳофизаси, ижрочилик маҳорати билан ҳаёт. Мана шу шартларининг барчаси мавжуд бўлиб, айтувчи шунга амал қилгандагина том маънодаги эпик асар достон бунёд бўлади.
“Достон дастлаб халқ оғзаки ижодида вужудга келган. Халқнинг қаҳрамонона курашлари, қаҳрамонлик достонларининг пайдо бўлишига сабаб бўлган. “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби халқ достонларида хаёлий ишқий тасвирнинг кучли бўлишига қарамай, уларнинг асосини халқ ҳаёти ва кураши унинг орзу армонлари ташкил этади. Халққа хос инсонпарварлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик мардлик инсонга,меҳнатга муҳаббат дўстлик ва садоқат каби олийжаноб фазилатлар халқ достонларидаги қаҳрамонлар образида мужассамлашган. Пўлкан шоир ижро этган достонлар халқ оғзаки асарларининг, хусусан эпоснинг оғзакилик,оммавийлик, вариантлилик анонимлик ва анъанавийлик сингари асосий белгиларини назарий жиҳатдан чуқурроқ текшириш учун бой матерал беради. Биз буни шоир репертуаридаги “Гўрўғли” туркуми достонлари мисолида айниқса яққол кўришимиз мумкин.
Алалхусус бу достонлар ижодкор репертуарининг ғояат бой ва ранг-баранглигидан гувоҳлик бериши билан бир қаторда ижодкор таланти ва бадиий маҳорати достонларнинг ғоявий эстетик ва бадиий хусусиятларини, асосий мотивлар ва образлар таҳлилини ўрганиш ҳамда баҳолашда муҳим манбалардан бири бўлиб қолади. Биз қуйида шоир репертуаридан кенг ўрин олган “Гўрўғли” туркуми достонлари хусусида фикр юритмоқчимиз. Пўлкан шоир тилидан ёзиб олинган “Гўрўғлининг туғилиши” достони мазкур достонлар туркумини бошлаб берувчи халқчил ғоявий бадиий жиҳатдан юксак асар бўлиб, бошқа бахшилар репертуаридаги Гўрўғлининг туғилиши ва ёшлиги ҳақидаги асарлардан мукаммаллиги билан воқеаларнинг шиддатли ривожи келишмовчиликнинг кескинлиги билан ажралиб туради. Достонда эпик баҳодир Гўрўғлининг туғилиши тўғрисидаги қўш мотивнинг ёнма ён ишланганлигини кўрамиз. Бу мотивнинг бири ғайри-табиий ҳолатда гўрда туғилиши бўлса, иккинчи мотив унинг отасининг ҳақиқаттан ҳам кўр бўлганлиги билан боғлиқдир. Шуни айтиш керакки, бошқа достончилар вариантида бу мотивнинг фақат биттаси у ҳам бўлса Гўрўғлининг гўрда туғилиши мотивигина учрайди, холос. “Гўрўғлининг туғилиши” достонининг бир неча вариантлари бўлиб, уларда умуман Гўрўғлининг отаси бўлмаган, деган ғоя илгари суриладики, бу шубҳасиз достоннинг халқчилигига ғоясига путур етказади. Бу типдаги достонларда Гўрўғли ижтимоий келиб чиқиши, насл-насаби, она ватани, ҳақидаги маълумотлар учрамайди. “Гўрўғлининг туғилиши” достони Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Қашқадарё ва Сурҳандарёлик бахшилар Юсуф Ўтаган ўғли, Эшмурод Шердана ўғли, Тошмурод шоир, Тоғай Меҳмон ўғли сингари бир қатор халқ ижодкорларидан ҳам ёзиб олинганки, бу бахшилар вариантида юқорида айтганимиздек Гўрўғлининг туғилишига оид биргина мотив қаҳрамоннинг гўрда туғилиши мотивигина ишланган холос. “Гўрўғли” достонлари жанр хусусиятларига кўра кўпроқ қаҳрамонлик достонлари бўлиб, халқлар орасида энг кўп тарқалган асарлар сирасига киради. Ушбу достон Ўзбек, Озарбайжон, Арман, Курд, Грузин, Туркман, Тожик миллий версиялари бир-биридан катта фарқ қилган ҳолда, ҳар бир халқ достонида шу миллатнинг миллий анъаналари,урф одатлари, орзу умидлари, ижтимоий сиёсий қарашлари ўз ифодасини топгандир. Биз Пўлкан шоирдан ёзиб олинган “Гўрўғлининг туғилиши” достонининг ғоявий-сиёсий, бадиий хусусиятлари унда ишлаган образлар ва мотивлар тўғрисида фикр юритар эканмиз, энг аввало бу достоннинг бошқа миллий версиялари билан ҳам танишишимиз мақсадга мувофиқдир. Бу достонлар энг аввало сюжет қурилиши, мотивларнинг ишланиши (бирида учрайдиган ҳолат иккинчисида учрамайди) образлар талқини жиҳатидан кескин фарқланадилар. Масалан, Озарбайжон “Кўрўғли” миллий версиясида “Али киши”, “Кўрўғли ва Дэли Тасан”,”Демирчи ўғлининг Чеплибелга келиши”, “Кўрўғлининг Боязид сафари”, “Маҳбубхонимнинг Чеплибелга келиши”, “Хасан подшонинг Чеплибелга юриши”,”Кўрўғлининг кексалиги” қатори достонлар мавжуддир. Бу асарларнинг сюжет линияси Али Кишининг кўр қилиниши, фарзанди Равшанни тарбиялаши, Равшанни Амударё сувидан чиққан биядан пайдо бўлган тойни боқиб катта қилиши, Нигорахонимга уйланиши, Авазни фарзандликка қабул қилиниши, босқинчилар ва маҳаллий золимларга қарши кураши, Киротнинг ўғирланиши ва уни топиб Чеплибелга олиб келиниши каби воқеалар тасвиридан иборатдир. Лекин достоннинг арман миллий версияси ўзбек “Гўрўғли” достонларига кўпроқ яқин туради.Унда Равшаннинг болалиги ва ёшлик йиллари, отаси Мирза Саррофнинг Ассанхон томонидан кўр қилиниши, Ҳиротга (Ғирот)га эга бўлиши, кўп мамлакатларга сафар қилиб, ҳамиша ғалаба қозониши, Шамлибел (Чамбил)ни душманлардан ҳимоя қилиши, узоқ юртлардан ўзи ва йигитлари (уларда қирқ йигит образи йўқ) учун ёр олиб келиши тасвирланади.
Фольклоршунос Малик Муродовнинг “Гўрўғли достонларининг миллий версиялари”га бағишланган докторлик ишида ёзишича “Гўрўғли эпоси” Грузия фольклорида ҳам мавжуд бўлиб, академик Н.Я.Марр 1911 йилда унинг ўнбир қўшиғи ёзиб олиб эълон қилган.
Достоннинг биринчи ва иккинчи қўшиғида афсонавий қирот ва унинг Кўрўғлининг мақсадга етишувида ўйнаган роли, Авазнинг ўғил қилиб олиниши ҳикоя қилинса, учинчи ва тўртинчи қўшиғида Гўрўғлининг Қироти билан Гассан подшога қарши курашлар тасвирланади. Бешинчи қўшиқда фақат Айвазнинг ҳусн камоли тасвирланади, унинг гўзаллиги мадҳ этилади. Олтинчи қўшиқда Турк подшо қизи Пари билан Кўрўғли ўртасидаги муносабатлар акс этган. Саккизинчи қўшиқда эса “Гўрўғли” ва “Кўрўғли” эпосининг барча миллий версияларида учрайдиган “Сиз бир ёқдан, биз бир ёқдан мисраси радиф бўлиб келади. Тўққизинчи қўшиқ Кўрўғлининг панд насиҳатларидан иборат бўлиб, баҳодир ўз сафдошларидан жасур бўлишни, қўрқоқларнинг боплаб таъзирини беришни талаб қилади. Ўнинчи қўшиқ эса йигитларни вақт чоғлиқ билан яшашга,сахий,ростгўй бўлишга чақиради.Ўнбиринчи қўшиқда қартайган ва кучдан қолган Кўрўғлининг хасталиги айтилиб, унинг ҳаётининг сўнгги дақиқалари ва вафоти тасвирланади. Юқорида келтирилган далиллардан маълум бўлаяптики, ўзбек Гўрўғлиси, хусусан Пўлкан шоир репертуаридаги “Гўрўғли” туркуми достонлари бошқа версиялардан бутунлай фарқ қилиши билан бир қаторда ғоявий бадиий жиҳатдан ҳам анча юксакдир.
Пўлкан шиор вариантида Гўрўғлининг туғилиши билан боғлиқ бўлган масалалар атрофлича пухта достончилик анъаналари асосида муваффақиятли ҳал этилган.Достоннинг бош қисмидаёқ Ёвмит,Мари, Така -туркман, Заргар мамлакатларининг подшоларининг номлари, уларнинг фарзандларининг исмлари тилга олинади ва туғилажак қаҳрамоннинг подшозодалар авлодига мансуб эканлиги тўғрисида хабар берилади. Шунингдек Гўрўғлининг отаси Равшанни асрга тушиб кетиши ва уни камбағал чўпон қўлида тарбия топиши қаҳрамонни жуда халққа яқинлаштиради ва у бора-бора ана шу халқнинг идеал қаҳрамонига айланади. Биз достоннинг бош қисмидаёқ Ёвмит подшоси Одилхоннинг – Урайхон, Аҳмадбек деган икки ўғли, Биби Ойша исмли қизи билан Мари юртининг подшоси Қовуштихоннинг ўғли Тўлибой синчи ва Така -туркманнинг беги Жиғалихоннинг Гаждумбек исмли ўғли, Биби Ҳилол исмли қизи ҳақида маълумот оламиз. Достонда айтилишича, Қовутишхон Ёвмитлик бозорчиларни талагач, Одилхон уни тўпга солдириб оттириб юборади ва унинг ёлғиз ўғли Тўлибойни ўз саройига олиб келтиради, кейинчалик қизи Биби Ойшани унга никоҳлаб беради.Биби Ойшадан бир ўғил туғилади, унинг отини Равшан деб қўядилар. Заргар юртининг подшоси Шоҳдорхоннинг Ёвмитга босқинчилик мақсадларида қилган юриши натижасида Тўлибойнинг ўғли Равшан, Жиғалихоннинг фарзандлари Гаждумбек ва Биби Ҳилолларни ўйнаб юрган жойидан ёв яширинча банди қилиб Заргарга олиб кетади. Шоҳдорхон Гаждумбекка ихлос қўяди, унга саройдан ясовулбошилик лавозимини беради. Равшанни эса заргарлик Хамза деган киши (Ушбу образ”Гўрўғли” достонларининг бошқа миллий версияларда салбий образ сифатида ифодаланади)тарбия қилади. Биби Ҳилолда аёлларга хос гўзаллик, нафосат ва ақл идроклик, меҳр-вафо, ватанпарварлик туйғулари ёшлигиданоқ шакллана борди. У “Ўн тўрт кунлик ойдай тўлган, ҳусни ўзига ярашган, кўрганларнинг ақли шошган, қоши қаламдай, қийилган ёйдай, лаблари мойдай, эртан чой, оқшом палов, муҳрлаб қўйган қоғоздай, қоп-қоронғу уйда ётса, уй ёп-ёруғ бўлиб кетади”ган ҳусни жамолда тенги йўқ бир қиз бўлиб вояга етади. Кейинчалик биз мана шу гўзал қиз тимсолида мард ва жасур аёл, ўз ёрига вафодор, ватанига муҳаббати чексиз, меҳрибон ва мушфиқ она образини кўрамиз. Достонда Биби Ҳилол фаол ҳаракат қилади. Ҳатто ҳийла ишлатиб Равшанни ” сотиб олишга” ҳам эришади. Равшан ва Биби Ҳилол билан боғлиқ воқеалари Шоҳдорхоннинг туши заминида ровожлана боради. Равшан достонда ҳақиқий ватанпарвар, узоқ вақт мусофирчиликда юриб қалби озор чеккан, ёр висолидан кўра юрт муҳаббатини устун қўйувчи, адолат ва хақиқат учун курашувчи инсон сифатида намоён бўлади. У Биби Ҳилол билан илк учрашувидаёқ ўз қалбида ватанга муҳаббат ҳиссининг ҳар қандай туйғудан устун эканлигини изҳор этади ва банди бўлиб Заргарга келган чоғларини эслаб:
Ажал етиб шу вақтларда ўлмадим, Ёвмит элнинг қадрини ҳеч билмадим, – деб афсус-надомат чекади. Достонда Равшаннинг синчилик хусусиятлари ғоя ҳаётий воқеалар заминида усталик билан очиб берилган.
У ҳақиқатни очлик айтишдан, Заргар мамлакатининг подшоси Шоҳдорхонга тик гапиришдан қўрқмайди. Равшан холвочининг отини тулпор деб, яъни “сағрисиман баробардир биқини, қаҳрланса тортар норнинг юкини” деб мақтайди. Бундан астойидил қаҳрланган Шоҳдорхон Равшаннинг кўзини ўйдириб олади. Равшан бу хунрезлик эвазига ундан фақат шу ҳолвочининг отини тилайди холос. У қайин акаси Гаждумбекни акаси билан отни боқиб, ўз мамлкатига кетиш учун тараддуд кўради. Равшан Ёвмитга кетар олдидан Шоҳдорхонга учрашиб, ўзининг мардлик ва жасоратини яна бир бор намойиш этади: Оғайнилар, Шоҳдорхоним, Олдингдан ўтгани келдим. Биринг катта, биринг киччи, Ёвмитга кетгани келдим!-дейди.
Достонда ижобий образлар силсиласидан ўрин олган яна бир образ – Гўрўғлининг иккинчи халоскори (Хизр ва Чилтонлардан кейин), Гаждумбекнинг собиқ чўпон Рустам образидир. Рустам уч йилдан сўнг ғайри -табиий ҳолатда гўрда туғилишидан хабар топади ва уни Биби Ҳилолнинг гўридан олиб келиб, ўз ўғлидай кўриб тарбиялайди, саводини чиқартиради, ота ўрнида оталик қилади. Рустам образида мардлик, тўғри сўзлилик, эзгуликка яхшилик билан жавоб бериш каби олийжаноб хусусиятлар мужассамлашган. Рустам Гўрўғлининг гўрда туғилиши каби ғайри -табиий ҳолатни ҳаётий хақиқатга яқинлаштиради уни атрофлича кенг чуқур изоҳлаш учун мустаҳкам замин яратишда муҳим роль ўйнайди. Достончи бу ҳолатни Гўрўғли билан Рустамнинг топишувини ва уч йил мобайнида Хизр кўмагида ҳаёт кечиришини, чўпон -чўлиқлар соддалигини қуйидагича изоҳлайди. “Рустамбек ҳар куни йилқичиликларига нон олиб келиб берар эди. Бугун ҳам йилқичиларига нон олиб келди. Келса, йилқичиларидан бир нечаси йўқ. Қолганидан: Йилқичилар қани,- деб сўради. Улар айтди: -Улкан бир бия ҳар куни мозорга қараб кетар эди. Гўристонга бориб байтални бир арвоҳнинг эмганини кўрибди. Шуйтиб уларни арвоҳ урибди. Мана шу турган йилқичи қўрқиб қочиб келди. Бу ҳам қўрқиб, юраги ёрилгудай бўлиб ётибди,- дейди. Буни эшитиб, Рустамбекнинг юраги жиз этди. Рустам бориб ҳалиги юраги ёрилиб кетгандай бўлиб ётган йилқичиларни гапга солди: -Нима кўрдинглар? – деди. Йилқичилар: Бизлар яп-ялонғоч бир арвоҳни кўрдик. Ўзи ёш баччага ўхшайди, деди. “Эс берганга даст берар, даст берганга эс берар” дегандай Рустамбек мозористонда бир гўрнинг олдига бориб айтди : “Биби Ҳилол синглимнинг қорнида боласи бор эди. Шу туғиб, бола шундан бўлганмикан. Шу гўр синглим Биби Ҳилолнинг гўри, ўзим мана шу тошни қўйиб эдим. Шундан Биби Ҳилолнинг гўрини топдим” деди. Оқшом бўлди. Рустамбек саҳар вақтида келиб, гўрни пойлаб ётди. Қараса, Биби Ҳилолнинг гўри ёп -ёруғ бўлиб кетди. Шунда бир бола Биби Ҳилолнинг гўридан чиқди. Жуда сулув,кува ўн тўрт кунлик ойга ўхшайди. Шунда бир шер мозористонда ётган экан, болага қараб ташланди. Шунда Хазрати Хизр келиб шерни бир тарсаки урди. Шер нимта-нимта бўлиб кетди”. “Маълум бўлаяптики, Гўрўғлининг дунёга келишида Биби Ҳилол асосий восита бўлган бўлса, унинг туғилгандан кейинги ҳаётида асосий ролни Хизр ва Чилтонлар билан бир қаторда, Рустам ўйнайди. Зотан, халқ қаҳрамони Гўрўғлини пирлар йўргаклаб олмасалар, у ҳалок бўлар эди. Ҳазрати Хизр шерни ўлдирмаганида ёки Рустам уни қабристондан олиб кетмаганида ҳам худди шундай ҳол содир бўлиши мумкин эди. Шунинг учун достончи бу ғайри табиий воқеаларда уларнинг барчасини баробар иштирок этишини таъминлайди ва бунда халқ достонларида қадимдан қўлланиб келинаётган параллизм каби бадиий усуллардан усталик билан фойдаланган. Халқ идеал қаҳрамонига хос ибратли фазилатлар Гўрўғли образига сингдириб юборилган. Унинг ақилли идрокли жиҳатлари у ҳали гўрда Биби Ҳилолнинг жонсиз танаси парвариши пайтидаёқ намоён бўлади. У уч ёшидаёқ катталарга хос ақл-идрокка, куч-қувватга эришади. Биз буни Рустамнинг Биби Ҳилол мозорига бориб, Гўрўғлини олиб кетиш пайтидаги таъсирли психологик ҳолат орқали равшан кўришимиз мумкин.
Гўрўғли Рустамнинг сўзларига ишонмаганидан эмас, балки онасини ташлаб кетишни кўзи қиймаганлигидан унга бўлган астойидил фарзандлик ҳурмати юзасидан мурожаат этади, савол сўрайди: Анал билан Мансурга қурган дормиди, Тирик айрилган бир кўргани зормиди, Юр чироғим дейди, мени қўймайди, Сенда ака, менда тоға бормиди? Йиғлаганда ёш ёғилар юзима, Қулоқ сол энажон, айтган сўзима, Сенда ака, менда тоға бормиди? Гўрўғлида етти ёшидаёқ баҳодирлик, ватанпарварлик, инсонга муҳаббат туйғулари шакилланиб улгуради. У Заргарда ўзи тенги болалар билан ўйнаб юрар экан, ҳар қадамда ўзининг мусофирлигини, она юрти бу ердан узоқ -узоқларда эканлигини ҳис қилиб туради. Шунинг учун ҳам у Заргардаги бой амалдорларни ўзига рақиб деб билади ва онасининг “лотини” олиш учун уларга қарши очиқдан -очиқ кураш олиб боради. У Шоҳдорхоннинг вазири Бадкирни ўлдириб, халоскори Рустам ва унинг хотини билан хайрлашиб, ўзи эмиб катта бўлган бияни миниб Ёвмитга жўнаб кетади. Бу ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Гўрўғлида қаҳрамонлик, мардлик, олийжаноблик фазилатларининг вужудга келиши билан унинг отини пайдо бўлиши масаласи ёнмаён равишда очила боради. Шоир халқ қаҳрамонининг ёшлик шижоатини довюраклигини, эл юртига бўлган оташин севгисини, “куло чўлда” ташналикни енгиб кетиб боришини гўзал шеърий мисраларда ифода этади :
Мулла ўқир забарди, Уста олар табарди, Юра-юра баччанинг Оёқлари қабарди. Қирдан ошиб югуриб, Қадди ёйдай букилиб, “Қуло чўлда” йўл юрди Тирноқлари тўкилиб…
Достонда Хизр образига кенг ўрин берилганлиги ҳам беъжиз эмас албатта. Чунки Гўрўғли ғайри табиий ҳолатда гўрда туғилар экан, илк бор уни Хизр ва Чилтонлар йўргаклаб оладилар унга хомийлик қиладилар. Негаки Биби Ҳилолнинг жонсиз танаси уни тарбиялай олмас эди. Маълумки, достончилик анъаналарига кўра ҳар бир халқ қаҳрамонининг доимий ҳомийси бўлиши, уни қўллаб-қувватлаши керак. Акс ҳолда Гўрўғлининг тенгсиз куч қудрати, афсонавий баҳодирлиги бизни ишонтирмас, достон ғоявий-бадиий ҳамда ҳиссий таъсир қувватини таъминлай олмас эди. Гўрўғли характеридаги қаҳрамонлик белгилари у Ёвмитга келгандан кейинги воқеа ҳодисалар асосида кенгроқ кўрина бошлайди. Райҳон араб билан бўлган тўқнашувларда унинг маънавий дунёси, дўстга муҳаббат, душманга нафрат туйғулари гўзал шеърий мисраларда ўз аксини топган.
Бошқа бир қатор ўзбек халқ достонларидаги каби Райҳон араб “Гўрўғлининг туғилиши” достонида ҳам салбий образ сифатида талқин этилади. Бинобарин, бу достонда Гўрўғли билан Райҳон араб ўртасидаги келишмовчиликнинг туб замини яратиб берилган ва қолган воқеалар мана шу келишмовчилик асосида ривожлана боради. Бу ҳолат шу туркумга мансуб достонларнинг аксариятида учрайдики, биз Райҳон араб тимсолида адолатсиз, очкўз, ўз манфаати йўлида ўзгалар бахтини паймол этиш, риёкорлик, такаббурлик, ҳийлагарлик каби салбий хусусиятлари тўла намоён бўлганлигини кўрамиз. У тулпорини Гўрўғлининг биясига “қўйиш” баҳонасида Аҳмадбекнинг гўзал хотини Ҳолжувонни Ширвонга олиб қочиб кетади. Райҳон араб характеридаги салбий жиҳатлар унинг Гўрўғли билан бўлган тўқнашувларида чуқур очиб берилган.
Райҳон арабнинг Ёвмитга келиб Ҳолжувонни олиб қочиб кетиши асарда Гўрўғлидаги баҳодирлик сифатларини юксак инсоний хусусиятларини янада бўрттириброқ янада кенгроқ кўрсатиш учун олиб кирилган ўринли бадиий усуллардан биридир. Гўрўғли ўнбеш ёшга кирганда Райҳон арабни доғда қолдириб, унинг Зайдиной исмли қизини олиб қочади ва уни тоғаси Аҳмадбекка хотинликка элтиб беради. Гўрўғлининг Ширвонга бориши, Райҳон арабнинг бундан хабар топиб қолиб ортидан қувиши ҳажвий тарзда ифода этилган. Масалан, бу ҳолатни Райҳон арабнинг кийим бошсиз, кўрпа ёпиниб Гўрўғлининг ортидан от қўйиши ёки етолмаганидан кейин “етимак” болага “қизимни ўзинг олгин” деб ялиниб ёлвориши каби воқеларда яққол кўришимиз мумкин. Худди шунингдек, Ҳолжувоннинг Гўрўғлига Зайдинойни олиб қочишида бевосита ўзи ёрдам бериб, ҳийлакорлик билан ишни битказиши ёки:
Янги оламдай қилганман ўзимни, Йўлингга тўрт қилдим шаҳло кўзимни. Сен қандайин бемазасан, йўловчи, Қўйиб юбор, маҳкам ушла қизимни.
Хақ куйдирди менинг кулба хонамни, Райҳон араб куйдирганди танамни, Сен қандайин ўлармонсан йўловчи, Қўйиб юбор, маҳкам ушла қизимни!
деб ёлғондакамига фарёд чекиши каби мисолларда кўзга ташланиб туради. Шоир достон қаҳрамонларининг ўқувчи ва тингловчида бевосита кулги уйғотадиган психологик ҳамда драматик ҳолатларга алоҳида урғу беради ва бу борада муболаға, сифатлаш, ҳар хил сўз ўйинларидан маҳорат билан фойланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Пўлкан шоир куйлаган достонларда Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор пари образлари билан бир қаторда Ҳолжувон образи ҳам маҳорат билан ишланган. “Чамбил мудофааси” (Чамбил аёллари) достонида Гўрўғли ва унинг ботир қирқ йигитининг Чамбилда йўқлигини билдирмасдан эркакча кийим кийиб, бутун аёлларга бош бўлиб босқинчиларга қарши кураш олиб борган бўлса, “Гулнор пари” достонида Алман қизил ва Райҳон араблар билан маънавий тўқнаш келади. “Гўрўғлининг туғилишида” эса қайниси Гўрўғлининг “тарафи”дан “лоти”ни олишида унга яқиндан кўмак беради. Агар Ҳолжувон бу ишга шахсан ўзи аралашмаса, ёш халқ қаҳрамонининг Ширвондан Зайдинойни олиб қочиб келиши мумкин эмас эди.
Чунки Гўрўғли қанчалик ботир ва кучли бўлмасин, Райҳон арабнинг қизи Зайдиной ҳам ўз зотига тортган, паҳлавон йигитларни маҳв қиладиган даражада катта кучга эга бўлган ғайратли қиз. У Гўрўғлига қаршилик кўрсатиш мақсади-да, ўзини ерга ташлаган пайтда от сағрисигача ерга кириб кетади. Гарчи бу ҳолат воқеани бироз бўрттириб, кучайтириб кўрсатиш учун атайлаб келтирилган бўлса-да,достончи бу билан қаҳрамонининг олдида турган вазифанинг нақадар хавфли ва қийин эканлигини алоҳида уқтиришга муваффақ бўлган. Достонда Ҳолжувон гўзал, ақл-фаросатда тенги йўқ, соҳибжамол, ҳамиша ҳақиқат ва адолат учун курашувчан ватанпарвар, ўз юртидан йироқда бўлса-да, доимо унга талпиниб яшовчи меҳрибон ва мағрур аёл қиёфасида кўринади. Шоир уни “Ҳолжувон қандай хотин – товусдай таралган, беллари буралган, ҳар хил кийимларга ўралган, ойнага қараган, зулфини тараган, ўзига лойиқ рўмоллар ўраган. Ҳамма ери бирдай, тиши оппоқ дурдай, баданлари кишининг куни ёққан қордай, лабининг ширинлиги асал билан болдай, юзининг қизиллиги қор устига томган қондай” деб тавсиф қилади. Ҳолжувон образида ўзбек хотин қизларига хос гўзаллик, мардлик, вафодорлик туйғуларининг бутун бир мужассамини кўрамиз.
Аҳмадбек образи Пўлкан шоир репертуаридаги ҳар иккала асар “Гўрўғлининг туғилиши”да ҳамда, “Гулнор пари”да ҳам ижобий образ сифатида гавдалантирилади. Аҳмадбек Гўрўғлига ота ўрнида оталик қилади. Ўзининг бутун давлатини,салтанатини унга инъом этади, унинг истиқболи учун қайғуради. Ҳатто Гўрўғли туфайли севган хотини Ҳолжувонни Райҳон араб олиб қочиб кетганида ҳам ундан хафа бўлмайди, унинг кўнглини ранжитмайди. Лекин шуни айтиш керакки, Эргаш Жуманбулбул репертуаридаги “Ҳолдорхон” ҳамда “Чамбил қамали” достонларида ва бошқа қатор халқ шоирлари куйлаган анъанавий достонларда салбий қаҳрамон сифатида талқин этилган. Бу типдаги барча достонларда Аҳмадбек Чамбилдаги ички душман, қариндош ниқобини кийиб олган Гўрўғлининг рақиби, иккала парининг телба ошиғи ва Гўрўғли йўқлигидан фойдаланиб, ҳокимиятни ўз қўлига олиш учун курашдаги салбий жиҳатлари очиб берилади. Масалан, “Ҳолдорхон” ва “Чамбил қамали” да Гўрўғлининг Чамбилда йўқлигидан фойдаланиб, мамлакатни ўз қўлига олишга, Юнус пари ва Мисқол париларга уйланишга уринади. Лекин “Гўрўғлининг туғилиши” достонида эса у Ёвмитнинг йирик давлат арбоби, Гўрўғли ва унинг отаси кўр Равшаннинг яқин кишиси, умуман ёш халқ қаҳрамонининг ҳомийларидан бири сифатида талқин этилади. Бинобарин, Аҳмадбек образидаги ички зиддиятларни достончилик анъаналарининг достончилар ўртасида қай даражада тарқалганлиги билан бевосита боғлиқдир. Достонда Гўрўғлининг туғилишидан тортиб, то улғайиб Ёвмитда хонлик тахтини эгаллаганига қадарлик бўлган воқеалар тасвирланади. Достончи Гўрўғлининг отаси Равшан ва онаси Биби Ҳилоллардаги юксак инсонийлик, фавқулодда қаҳрамонлик, идроклилик, ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ва довюраклик каби хусусиятларни кейинчалик Гўрўғли тимсолида гавдалантиришга ҳаракат қилади.
Гўрўғлининг отаси Равшаннинг Заргар юртининг подшоси Шоҳдорхон томонидан кўр қилиниши, Биби Ҳилолнинг гўрда туғиши, Гўрўғли Шоҳдорхон вазири Бадкирни ўлдириб Ёвмитга қочиб келиши қаҳрамон характерини шакллантиришдаги асосий воситалардир. Чунки бўлғуси халқ қаҳрамонининг ботир, қўрқмас, куч-қувватда тенгсиз паҳлавон бўлиб етишуви биринчи навбатда унинг ижтимоий келиб чиқишига, иккинчидан ёшлигиданоқ соғлом фикрли, фаҳм-фаросатли, юксак инсоний хусусиятларга эга бўлишига боғлиқ.
Достончи Гўрўғлининг Ёвмитга подшо бўлгунга қадарлик саргузаштларини Хизр ва Чилтонлар билан боғлиқ ҳолда тасвирлайди. Модомики, у хақиқаттан ҳам афсонавий қаҳрамон, куч -қудратда тенгсиз паҳлавон экан, Хизр ва Чилтонлар мададига суяниши табиий эди. Асарда Гўрўғлининг болалиги ва ёшлиги маҳорат билан тасвирланиши билан бир қаторда, унинг ички дунёси, психологияси, маънавияти айниқса яхши очиб берилган. Гўрўғлида энг яхши инсоний фазилатлар мужассамлигини кўрамиз. У қанчалик ботир,мард, паҳлавон бўлиши билан бир қаторда, шунчалик ақилли, камтар, инсон. Гўрўғли характерида халққа хос инсонпарварлик ғоялари тўла намоён бўлади: “Гўрўғлининг юзи хотиридан ҳамма келган бекларга Равшанбек,Гаждумбек бошлиқ сарпо ёпдилар. Ана шунда Гўрўғлибекка ҳам неча одоблар билан шоҳона тўн, сарпо ёпмоқчи бўлди.Шунда Гўрўғлининг эгнига тўнни солди. Гўрўғли тўнни киймай, тиззасининг устига босди. Бу ишни кўриб турган одамлар: -Нима тилло тўнни киймайсиз?- деди. Шунда Гўрўғли: -Иложи бўлса, менга жўн шолдан бўлган кийим берингизлар, кияйин,- деди. Гўрўғлидан бу сўзни эшитиб, ўлтирган кишилар дарров айтганидан зиёда, яхши жундан бўлган тўн сарполарни олиб ёпдилар. Гўрўғли кийиб олди”. Кўриниб турибдики, достончи мана шу кичкинагина тасвир орқали Гўрўғлининг қай даражада камтар, ақл фаросатли, юксак одоб эгаси эканлигини ёрқин очиб беришга муваффақ бўлган. Пўлкан шоир воқеалар тасвирини беришда ҳам кишиларнинг ички кечинмаларини ифодалашда ҳам хаққоний воқеликдан келиб чиқиб, иш тутади, баёнчиликдан, кўрсатишдан қочади. Шубҳасиз, бу ҳолат достоннинг бадииий баркамоллигини оширишда катта роль ўйнаган.
Достонда Гўрўғли ва унинг афсонавий Ғиркўк отининг ёшлиги ёнма-ён равишда тасвирланади. Ғиркўкнинг туғилиши ва ёшлиги ҳам илоҳий кучлар таъсири билан боғланган. Чунки Ғиркўкни тойлик чоғидаёқ Хизр ва Чилтонлар олиб кетиб,”ёмон кўздан асраш” мақсадида ўзлари тарбия қиладилар. Ғиркўк дунёда тенги йўқ от бўлиб етишади. Унда ҳатто одам боласида бўлиши мумкин бўлган барча сезгилар мавжуд: у гарчи ўзи гапирмасада, гапга тушунади, қирқ эллик газ осмонга кўтарила олади, кези келганда учади, кези келганда бамисоли одамдек гапира олади, рақибини қувса етади, қочса қутилиб кетади. Достончи Гўрўғлининг Ғиркўкни парвариш қилишини ва унда мана шу хусусиятларнинг вужудга келишини шундай ифодалайди. Тушунарли бўлиши учун матнни тўлиқ келтирамиз:
Қўйнинг сутин беради қўйдай юввош бўлсин деб, Эчки сутин беради ёрдай ўйнаб юрсин деб. Туя сутин беради бўйни узун бўлсин деб, Шер сутин беради ўмгани кенг бўлсин деб, Йўлбарс сутин беради, йўлбарсдан зўр бўлсин деб. Алқор сутин беради тоғда ўйнаб юрсин деб, Кийик сутин беради кийикдай ўйнаб юрсин деб. Қуён сутин беради, қуёндай чаққон юрсин деб, Қулон сутин беради, чўлда маҳкам юрсин деб. Филнинг сутин беради, ерда пишқириб юрсин деб. Каркнинг сутин беради, ҳамма жондор қўрқсин деб. Қундуз сутин беради, сувда сузиб юрсин деб. Балиқ мойин беради, сувга шўнғиб кетсин деб. Қуш юрагин беради, қушдек учиб кетсин деб. Қоплон сутин беради, тулкидай сузиб кетсин деб. Този сутин беради қушга қувиб етсин деб. Бургут боврин беради, тепиб ўтиб кетсин деб. Лочин боврин беради, тишлаб қийиб ўтсин деб. Қузғун юрагин беради умри узоқ бўлсин деб. Маймун сутин беради, кўп ўйинчи бўлсин деб.