
Амирқул Пўлкан
Пўлкан шоир куйлаган “Гулнор пари” достонида ўзбек халқининг севимли эпик қаҳрамони Гўрўғлининг узоқ Ҳиндистонга бориб, Той ҳиндининг гўзал қизи Гулнор парининг олиб келиши ифодаланади. Достонда тасвирланаётган воқеалар ҳам муҳаббат, ҳам қаҳрамонлик тизими атрофида ягона нуқтага бирлашиб кетган.Достонда тасвирланишича, Гулнор пари Чамбилда Гўрўғли билан учрашиб, қайтиб келишга ваъда бериб кетади. Худди шунингдек, келишга сўз берган Мисқол пари эса Эрам боғидан Чамбилга қайтиб келади ва ўз ваъдасининг устидан чиқиб, Гўрўғлига севимли хотин бўлади. Лекин келишга қаттиқ ваъда бериб кетган Гулнор пари Чамбилга қайтиб келмайди, бу Гўрўғлининг узоқ Ҳиндистонга қараб йўлга чиқишга отлантиради. Достон Гўрўғлининг тақдиридан шикоят монологи билан бошланади:
Ажал етиб мендай подшо ўлмади, Мен билувда бизни кўзга илмади. Мисқол пари келди Эрам боғидан, Ҳиндистондан Гулнор пари келмади…
Гўрўғли қирқ йигити, тоғаси Аҳмад сардор, Соқи булбул, Сахмон полвон ва асранди ўғли Хасанхонлар билан биргаликда Гулнор парини излаб Ҳиндистонга боришга қарор қилади. Улар Ҳиндистонга Афғонистон орқали ўтади. Йўлда уларни “Оқ саллали, кўк саллали, кобили саллали афғонлар” ҳурмат билан кутиб олишиб, меҳмонлар шарафига зиёфатлар беришади. Афғоннинг подшоси Оталик Гўрўғли билан қиёматлик дўст тутинади. Оталик Гўрўғлининг узоқ юртга ёр излаб боришида унга оқ йўл тилаб қолади. Гўрўғлининг лашкар тўплаб келганидан хабар топган Ҳиндистон подшоси Той ҳинди вазирлари Смин ва Амин билан кенгашиб, анча вақтгача аниқ бир қарорга келолмайди. Смин вазир масалани Гулнор пари билан келишган ҳолда тинч йўл билан ҳал этишни маслаҳат беради ва бу борада Амин вазирнинг “Вақтида лашкарни йиққин, урушмасанг ишинг уят бўлади” деган сўзларига қарши чиқади. Ноўрин қон тўкилишининг олдини олишга ҳаракат қилади:
Тентакларга сен маслаҳат қиласан, Ўйлагин бу ишинг бежой кўп ёмон. Ёвгарчилик бўлиб кўп одамлар ўлса, Одамнинг қонига зомин бўласан,-дейди.
Лекин Той ҳинди ва Амин вазир ўз билганларидан қолмайдилар, қабиҳ ниятларидан қайтмайдилар, адолат юзасидан иш тутиш ўрнига Гўрўғли устига лашкар тортиб борадилар. Натижада икки ўртада уруш вазияти юзага келади ва жанг-жадал бошланиб кетади. Достонда тасвирланаётган воқеалар асосини қаҳрамонлик ҳамда муҳаббат мавзуси ташкил этади. Бу мавзу асар ғоясини ёрқин очиб беради, Гўрўғли ва Гулнор парининг бир -бирига етишиши учун тўсқинлик қилувчи Той ҳинди ва Амин вазирларга қарши олиб борган курашлар заминида достончилик анъаналари йўналишидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади. Гўрўғли достонда тинчлик ва эзгулик тарафдори сифатида талқин этилган. Гўрўғлининг лашкар тортиб келишидан мақсади Той ҳинди билан урушиб, унинг мамлакатини вайрон қилиш ёки босқинчилик билан мол-дунё орттириш эмас, балки ўз севгилисини тинч йўл билан Чамбилга олиб кетиш, Ҳиндистон билан дўстлик алоқаларини ўрнатишдан иборат эди. У Той ҳинди ҳарбий куч ишлатган пайтидагина ўз йигитларини жангга киритади. Гўрўғли адолатпарвар подшо, моҳир саркарда бўлиши билан бир қаторда, айни пайтда унинг сиймосида демократик ғояларнинг бутун бир мужассами ўз ифодасини топган. У:
Гулноржонни олсам дейди, Оп хизматкор қилсам дейди, Ҳиндистонни ўзим бориб, Қариндош қип келсам дейди.
Юқорида айтганимиздек, Гўрўғлининг Ҳиндистонга келиши маълум асосга эга. У Гулнор пари ваъда бериб, Чамбилга бормагандан кейин уни излаб келишга мажбур бўлган. Гўрўғли Гулнор парининг Чамбилга бориши учун ота-онаси Той ҳинди ва Гулранг парилар қаттиқ қаршилик кўрсатганлигини дастлаб мутлақо билмайди. У Гулнор пари билан Қонғар тоғда учрашганидан кейин бундан хабар топади. Шунинг учун ҳам унинг Ҳиндистонга келиши ўз севгилиси қалбида катта меҳр-муҳаббат, чуқур ҳурмат туйғуларини уйғотади.
Гулнор пари, Гўрўғли қаршисида: Юракда ваҳм йўқ, қайғу черингман, Қабул қилсанг, ваъда битта, ёрингман. Мен борибман, сиз келибсиз сўроқлаб, Хақ ҳурмати, қиёматлик чўрингман ,-деб узр сўрайди.
Гўрўғли Қонғар тоғида Гулнор пари билан топишгандан кейин, уни олиб Чамбилга қайтиб кетиши мумкин эди, лекин у бундай қилмайди.
Акс ҳолда у достончилик анъаналари руҳига ҳам мос бўлиб тушмас, асарнинг “муаммосизлик” касалига дучор этар ва унинг бадиий қийматини пасайтириб юборган бўлур эди. Лекин Той ҳиндининг Гўрўғлининг устига бостириб келиши юз бериши мумкин бўлган вазиятни тамомила ўзгартириб юборади, эпик қаҳрамон Гўрўғлининг мардлик ва жасорат кўрсатишга ундайди. Гўрўғли ноилож урушга киришга мажбур бўлади. Той ҳиндининг эса урушдан мақсади битта, у ҳам бўлса узоқ юртдан келган “етимак”ка Гўрўғлига қизини бермаслик ва уни мағлуб этишдан иборат. Достонда икки рақиб ўртасидаги чуқур драматик ҳолатлар ва Гўрўғлининг Смин билан дўстлиги тасвирига бағишланган эпизодлар гўзал шеърий мисраларда ўз бадиий ифодасини топган. Той ҳинди оддий халқдан чиққан “етимак” ка осонликча бўйин эгадиганлардан эмас. У тиш -тирноғигача қуролланган кучли рақиб. У ўзини “зарбаси тошдан ўтган” Гўрўғлидан устин деб билса биладики, кам чоғламайди. Той ҳинди Гўрўғлини маҳв этиш учун жон-жаҳди билан урушади, филларни солади, қайта -қайта лашкар тўплайди. Той ҳинди образида ман-манлик, такаббурлик, ҳийлагарлик, адолатсизлик, айни вақтда лақма ва қонхўр подшоларга хос салбий хусусиятлар тўла мужассамлаштирилган. Достонда жанг манзараси чизилар экан, ўзбек халқининг идеал қаҳрамони Гўрўғлига хос характерли хусусиятлар ботирлик, куч-қудрат, адолатпарварлик, дўстларга чексиз муҳаббат ва душманга нафрат туйғулари яққол сезилиб туради. У қирқ йигити ва “лак -лак” лашкарлари уддалай олмаган мушкул вазифаларни бажаради, энг оғир пайтларда уларга мадад беради, уларнинг тақдири учун қайғуради. Гўрўғли Той ҳинди ўзига босимлик қилгандан кейингина худога мурожаат қилади, ундан мадат сўрайди, дев полвонларини ёрдамга чақиради. Бунда асосий ролни унинг севикли ёри Гулнор пари ўйнайди. У Чамбилга бориб, Юнус парига Ҳиндистондаги қонли воқеалар ҳақида хабар беради. Юнус пари, Хасан Якдаста, Хасан Чопсан, Хасан Кўлбар ва етти яшар Самандарнинг юнгини тутатиб, чақириб олади ва уларни Ҳиндистонга юборади. Хасан Чопсан билан Самандар дев “Ер кўчгандайин бўлиб, семруғ учгандайин бўлиб, баланд тоғ кўчгандайин бўлиб” йўлга тушадилар. (Булар Ғиротдан илдам эди, Хасан Кўлбар билан Хасан Якдаста кўп оғир эди). Хасан Чопсан ва Самандар дев Ҳиндистонга етиб келгач, устинлик Гўрўғли қўлига ўтади. Той Ҳинди лашкарлари “тутдай тўкилиб, тариқдай сочилиб” кетади. Хасан Чопсан ва Самандар девнинг келиши Чамбиллик ботир жангчилар руҳини кўтаради. Уларнинг ғалабага бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Достончи жанг манзараси, жангчилар ҳолати ва Гўрўғли характерини реал бўёқларда чизиб беради:
Гўрўғлибек шер бўлди, Ҳолдор маҳрам эр бўлди. Писанд қилмай ҳиндини, Гўрўғлининг лашкари Бари бирдай зўр бўлди.
Достондан кенг ўрин олган ижобий образлардан бири Хасан Чопсан образидир. Унинг сурати ҳажвий режада ранг-баранг шеърий бўёқларда тасвир этилган. Хасан Чопсаннинг ҳар бир ҳаракатлари, гап-сўзи, жангда кўрсатган шижоати китобхонда унга нисбатан беғараз кулги, айни пайтда меҳр уйғотади. Бу образда халққа хос соддалик, оқ кўнгиллик, жисмоний куч-қудрат, қувноқлик яққол сезилиб туради. Хасан Чопсан дев парилар авлодидан, лекин у адолатсизлик, риёкорлик ва ёвузликнинг ашаддий душмани. Унга энг эзгу инсоний туйғулар мужассами кўчирилган. У ўз меҳнатини миннат қилишни билмайдиган, мақтовни ёқтирмайдиган ва ман-манлик ва ҳар қандай камситишларга чидаб тура олмайдиган мағрур қалб эгаси. У Гўрўғли ва Oға Юнус парининг топшириғини ҳалол бажаришни, уларга кўп ва хўп хизмат қилишни, яхшилар билан дўст тутиниб, ёмонларнинг жазосини беришнигина ўйлайди, холос. Хасан Чопсан характерида айниқса, соддалик ва қизиққонлик белгилари устун туради. У жанг ҳам, баъзан суҳбатда ҳам қизиққонлик қилади, кўнгилидагини очиқ айтади. Аммо бу хусусият унинг табиатидан келиб чиққанлиги учун ҳам ҳеч кимга малол келмайди, дилини оғритмайди. У Ҳиндистонга келгач, қизиққонлик билан “Во болагинангнинг кафшини куйгур Той ҳинди… Отангнинг ёнбошига калтагим.
Ҳай-ҳай мен келдим” деб товуш қилиб, рақиб кўнглига ваҳима солиб душман устига ташлангани сингари, Гулнор парининг “Тиши тушган қиздан топиб олибсиз, қутли бўлсин, сочи оппоқ парингиз” деган ҳазил мутойибасига ҳам айни пайтда қизиққонлик ва соддалик билан жавоб беради:
“Тирраймай ўлгур Гулнор, менинг хотиним ҳаммасидан сулув. Ўзининг сочи оққина, димоққинаси чоққина. Ўзи сергўштгина, бўксали, куймучлигина, ияги буришган, чаккаси тиришган” деб айтади. Ана етти яшар Самандарга буйтиб айтади, Шодмон мерганга уйтиб айтади. Ё шу тўйни азага қайтариб қўйсамми? Мен аразлаб кетаман. Бориб шу гапларни Юнусга айтаман деди. Ҳалиги кампир хотинига (у Ҳиндистонга келгач бир кампирни хотинликка олган эди). айтди : ” Кел бойбичча, бўйнимга мингин! Қўрқма, қўрқма! Бир товуқ олган ҳам кунда бир чангал дон беради. Биз сени асваллаб боқамиз” деди. Бўйнига миндириб олди. Гўрўғлибекка ҳам Гулнор парига қараб айтди: Ўзингнинг тиришганингни менинг хотинимнинг бўйнига қўйдингми? Ойна олиб қараганингда менинг хотиним сергўшт сендан, деди. Ҳайт деб Чамбилга қараб, куйиниб оқиб солдида кетди баччағар. Хасанхон Ғиротни миниб қува-қува қолди..”
Хасан Чопсан қанчалик содда ва оқ кўнгил бўлмасин, у шунчалик виждонли ҳамдир. У Гулнор пари билан аразлашиб, Ҳиндистондан кетиб қолгач, Чамбил яқинидаги Бало тоғида яшаб юради. Лекин Райҳон араб ва Бектош араблар Чамбилга “ёвлаб” келгач чидаб туролмайди. У Гўрўғлига астойидил дўстлиги сабабли ҳеч иккиланмасдан душманлар билан савашади. Қочиб қувиб жанг қилади. Арабларга бир ўзи бас келолмагач, Гўрўғлини излаб Ҳиндистонга, ундан Афғонистонга боради. Шуниси таъсирлики, Ҳасан Чопсан “Гулнор пари” достонида тенгсиз полвон, улкан жисмоний куч-қувват соҳиби сифатида тасвирланса, “Хасан Чопсан” (”Хасанхон”) достонида оқил, вазиятни ҳисобга олиб иш тутадиган мулоҳазали зийрак қаҳрамон сифатида намоён бўлади. У Ваянган юртининг подшоси Темирхоннинг ўғли Хасан ва қизи Гулчеҳраларни Соқибулбул билан биргаликда ҳийла ишлатиб, Темирхон подшо отасининг арвоҳи қиёфасига кириб Чамбилга олиб келади. Бинобарин, Хасан Чопсан характеридаги халққа хос соддалик ва донишмандликнинг бир-биридан ажратиб бўлмайди. Зотан, бу соддалик ва донишмандлик замирида ҳаёт хақиқатининг бутун бир мужассами ётибди.
Достонда айтилишича, Гўрўғлининг тўртта Хасани бўлиб, улар Оға Юнус парининг элатдошлари сифатида Гўрўғлининг хизматини қилиб юришади. Лекин Ҳиндистонга уларнинг иккитаси Хасан Чопсан билан етти яшар Самандар дев келади холос. Хўш, Хасан Кўлбар билан Хасан Якдаста қаерда қолди? Чамбилдами? Агар улар Чамбилда қолган бўлса, нега арабларга қарши жангга киршмайди? Нега юртни душмандан ҳимоя этишмайди? Йўқ, улар Чамбилда эмас, улар “қариндошлашиб” келамиз деб Қўҳиқофга кетишган. Шунинг учун араблар “Эркак боласини хазон қилиб”, “Хотин-қизларини йиғдириш” ва Чамбилни вайрон этиб, унинг бойликларини талон тарож қилиш учун “ёвлаб” келишади. Юнус ва Мисқол парилар саросимада қолишади. Шу ўринда китобхонда хақли равишда савол туғилиши мумкин: шундай оғир бир пайтда нега Юнус пари, Хасан Кўлбар ёки Хасан Якдастани чақириб олмаяпти? Нима учун улардан душманга қарши курашда фойдаланмаяпти? Ахир, уларнинг юнгини тутатса, ер остидан бўлса ҳам етиб келишар эдику! Бунинг ўзига хос муҳим сабаби бор, у ҳам бўлса, асарда достончи томонидан қўшолoқлаштириш усулини қўлланишидир. Шунинг учун ҳам уларнинг номи бору, ўзи йўқ. Ҳиндистонда ҳам Чамбилдаги жанг жадалда ҳам иштирок этмайдилар. Буни фақат достонда Хасанлар номининг қўшолоқлаштирилганлиги билангина изоҳлаш мумкин.
“Гулнор пари” достонида достончи томонидан ажиб бир санъаткорлик, катта эътибор билан тасвирланган. Қатор образлар галерияси мавжудки, улар Сахмон, Соқибулбул, Шодмон мерган, Юнус пари, Маржон пари образларидир. Соқибулбул Гўрўғлининг яқин маслаҳатчиси, жангчиси, куйчиси, Ғиротнинг сайиси сифатида тасвирланади. Достончилик анъаналарига кўра “Гўрўғли” туркуми достонларида кўпроқ унинг мана шу хусусиятлари намоён бўлади. Лекин биз агар анъана йўналишини кўзда тутадиган бўлсак, Сахмон образи мутлақо бир-бирига тўғри келмайдиган, бир-бирига қарама-қарши ҳолатларни ҳам учратишимиз мумкин.
Масалан, у “Гулнор пари”, “Темирхон подшо” достонларида Гўрўғлининг қирқ йигитидан бири сифатида тасвирланган ҳолда, “Хасан Чопсан” достонида Ваянган подшосининг вазири сифатида талқин этилади. Аммо шуни эътироф этиш керакки, бу достонда ундаги ажойиб хусусиятлар бир қадар бўрттириб. кучайтириб берилган. “Хасан Чопсон” достонида “Сахмон образида турли миллатлар, халқлар, хонликлар ўртасидаги адоват, қиғин урушлар, беҳуда қон тўкиш ва тахт талашишлар авж олган воқеалар қаламга олинади. Достонда Юнус пари образи эпизодик тарздагина кўринади. Асосий воқеаларда кам иштирок этади. Аммо шунга қамасдан биз Юнус парига хос белгиларни гарчи умумий бўлсада, осонлик билан англаб оламиз. Достончи Юнус парига хос хусусиятларни алоҳида таъкидлаб ўтади: “Оға Юнус деб аталишининг маъноси шу эди. Гўрўғли Чамбилдан “ёвлаб” кетганда Чамбилни Юнус пари сўраб тургувчи эди”. Шубҳасизки, бу сифат “Гулнор пари” достонида ҳам етарли даражада ўз аксини топган дейиш мумкин. Той ҳинди қанчалик кўп лашкар йиғмасин, хартумли филларини не чоғлик ишга солмасин, бари бир урушда енгилади. Ёвуз кучлар устидан адолат ғалаба қозонади. Той ҳиндининг вазири тинчлик тарафдори бўлган Симни эса уруш бошланиши биланоқ Гўрўғли томонига ўтади. У адолатли Гўрўғли томонида деб билади ва шунинг учун ҳам Той ҳинди сингари ёвуз кучларга кураш олиб боради. Биз Симин қиёфасида адолатпарвар, саҳоватли, донишманд инсон образини кўрамиз. У жанг ниҳоясигача “Гўрўғлининг ажал тўнини бичиб келган” йигитлари қаторида туриб ҳаракат қилади. Той ҳинди ва Амин вазир жангда халок бўлади. Ҳиндистоннинг подшолик тахтига Симин ўтиради. Достонда икки мавзу ишланган. Биринчи мавзу Гўрўғлининг Гулнор парини излаб узоқ Ҳиндистонга бориши билан боғлиқ бўлиб, иккинчи мавзу эпик озодлик ўлкаси Чамбилни босқинчилардан ҳимоя қилишга бағишлангандир. Ҳар иккала мавзу ҳам бир-бири билан боғлиқ ҳолда достончилик анъаналари асосида пухта ишланган. Гўрўғлининг Чамбилда йўқлигидан фойдаланиб, бойлик, мол-дунё орттириш, юртни талаш мақсадида Чамбилга лашкар тортиб келган Райҳон араб, Бектош араб ва Алман қизиллар Гўрўғли ва унинг қирқ йигити ҳам афсонавий баҳодири Хасан Чопсон томoнидан мағлуб этилади. Достонда Гўрўғли,Гулнор пари, Юнус пари, Аҳмад сардор, Хасанхон, Соқибулбул, Сахмон,Смин унинг Маржон париcи ва Шодмон мерганлар катта маҳорат билан тасвирланади ва улар характеридаги инсонийлик, эзгуликка интилиш, адолатпарварлик туйғулари Той ҳинди, Амин вазир, Бектош араб ва Райҳон араб, Алман қизилларга қарши кураш жараёнида очила боради.
Достонда халқ оғзаки ижодига хос турли усуллар, хилма-хил бадиий ифода воситалари ҳамда бадиий усуллардан усталик билан фойдаланилган. Асар поэтикасида шеърнинг турли формалари, ритм ва оҳангнинг ғоят ранг-баранглиги кўзга ташланиб туради. Достоннинг наср билан айтилган қисмлари ҳам, назмда куйланган ўринлари ҳам бадиий баркамоллик, санъаткорона ҳис -туйғулар билан суғорилган. Достончи ритмни воқеаларнинг боришига қараб танлайди. Биз шеърни ўқиш билан отнинг чопишини, қиличларнинг бир-бирига шарақлаб урилишини, қизлар кулгусининг нозик ва айни вақтда такрорланмас жарангини, энг муҳими, қаҳрамон юрагининг муайян ҳолатдаги урушини тинлагандай, улар билан юзма-юз туриб руҳий кечинмаларини кузатаётгандай бўламиз.