Пўлкан шоир куйлаган парилар

Амирқул Пўлкан

Пўлкан шоир репертуарида парилар номи билан боғлиқ учта достон борки,улар шоирдан кетма-кет ёзиб олинган. “Юнус пари”, “Мисқол пари” ва “Гулнор пари” достонларидир. Бу достонларда Гўрўғлининг париларни севиб қолиши, уларга уйланиш учун афсонавий қаҳрамонликлар кўрсатиши, ўз душманларига қарши курашиб, улар устидан ғалаба қозониши каби қизиқарли саргузштлари мадҳ этилади. Бу достонлар ичида ғоявий- бадиий жиҳатдан пишиқлиги, драматизм ва кескин келишмовчиликларга бойлиги, шеърий усулларнинг усталик билан қўлланиши жиҳатидан “Юнус пари” достони диққатга сазовордир. Достонда қаҳрамонлик характери, соф севги соҳиби сифатидаги юксак инсонийлик хусусиятлари санъаткорона ажиб бир дид билан тараннум этилган.

“Юнус пари” достони сюжети қурилиши, композицион тузилиши жиҳатидан алоҳида достон бўлиши билан бир қаторда, у бевосита “Гўрўғлининг туғилиши” достонининг мантиқий давомига ўхшаб кетади. Чунки, бу достонда ҳам аввал эслатиб ўтганимиздек “Гўрўғлининг туғилиши”да куйланган қаҳрамоннинг ёшлиги, Ғирот ёрдамида Юнус парини олиб келиш каби севги ва қаҳрамонлик мотивлари мадҳ этилади. Бу достонда ҳам Эргаш Жуманбулул ўғлидан ёзиб олинган “Ҳолдорхон” достонидаги ва Пўлкан шоирнинг парилар номи билан боғлиқ “Мисқол пари”, “Гулнор пари” достонларидаги каби қўш сюжетни кўрамиз. “Мисқол пари” достонида ҳам Ватан мудофааси мавзуси анча пухта ишланган. “Мисқол пари” достонининг дебочасида шундай дейилади: “Така юртдан, ҳар уруғдан Гаждумбек, Муродбой, Хидирали Элбеги, Дониёрхўжа, Бердиёр оталиқ, туркманнинг катта – катталари, Ўзбекхоннинг боласи Сафо, Сафонинг боласи Мустафо Чаққон, жонни-жонга суққан, тарафнинг қаддини буккан, ўзи саксонга кирган, овозаси ҳар тарафга маълум бўлиб кетган. Келиб Гўрўғлининг кундан-кунга ривож қилиб, давлати урчиб кетаверди”. Лекин Гўрўғли ҳали уйланмаган, унинг фикри ўйи давлатни бошқариш, фуқарога меҳрибонлик қилиш билан банд. Аҳмадбек, Замон ва бир қатор сарой аёнлари маслаҳатлашиб, Гўрўғлининг гўзал бир қизга уйлантириб қўйишга қарор қиладилар. Аммо Гўрўғли бунга кўнмайди, ўзининг Юнус ва Мисқол паридек ёрлари борлигини, мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб, уларни олиб келишлигини айтади:

Ғиротимни чўл жазрада еламан, Ғанимима чўх савдони соламан, Менинг учун кашал бўлманг оғайни, Юнусман, Мисқолни олиб келаман.

Гўрўғлининг ўз севган ёрига етишуви учун узоқ сафарга отланиши уни афсонавий қаҳрамонликлар кўрсатишга, қийинчиликларни чидам билан енгиб, тезроқ мақсадга эришув учун ундайди, кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшади. У энди болалик пайтидагидек ўйлаб нетиб ўтирмасдан иш қилишга, ҳаётга баъзан эътиборсиз қарашга чек қўяди. У ўзини қандай қийинчиликлар, мушкулотлар кутаётганлигини чуқур ҳис қилгани учун ҳам ўзини мана шу қийинчиликларга тайёрлаб боради. Гўрўғли йўл-йўлакай Пардавой тегирмончининг тегирмонидан бувичик, чўлда тўрт-бешта тустовуқнинг тухуми, тошбақа, қуён каби жондорларни ҳар эҳтимолга қарши хуружунига солиб олишни унутмайди. Шу туркумга мансуб достонлардан бири “Балогардон” достонида Аваз, Бало девга дуч келгани сингари Гўрўғли ҳам илк бор кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳимали девга дучор бўлади. У қўрқиб, иккиланиб ўтирмайди. Ақл ишлатиб жисмоний куч билан дев устидан ғалаба қозонади. Зеро, бунинг иккинчи бир маъжозий маъноси ҳам борки, бу инсонни, халқни тўла-тўкис табиат кучлари устидан ғолиб келишини ифодалайди. Чунки ўтмишда инсон кўп ҳолларда таибатга бўйсуниб келган, унга қарши курашишдан қўрққан. Гўрўғли “Бир қулоғи кўрпадай, бир қулоғи сурпадай, бўйлари минордай,киприклари чинордай” ваҳимали улкан душман устидан осонлик билан ғалаба қозонади. Бунда унинг ақл-фаросати, тадбиркорлиги катта роль ўйнайди. Достончи Гўрўғли ва Бало дев ўртасидаги ҳолатни ёрқин миcраларда ҳажвий тарзда тасвирлайди:

“Гўрўғли айтди: Ё жонивор худой нарёққа тур (отига курсив бизники) деди. Дев айтди: Худо айтганингни қилар экан. Гапнинг бўларини айтиб қўяқол, сен бало бўлсанг, аввал битингни кўрсат, деди. Гўрўғли айтди: Ҳа, кўрсат десанг, кўрсатамиз. Тағи қўрқма, аввал сен кўрсат! Ундан кейин мен кўрсатаман, деди.

Дев қўйнига қўлини солди, битини олди. Мана деб ташлади. Бити қурбақадай бўлиб ўрмалаб кетаверди. Гўрўғли қўйнидан тошбақани чиқариб ташлади. Тошбақа девнинг битини чирқиратиб босиб еяверди. Дев айтди: Бунинг бити устига тош битиб кетган экан,- деди. Девнинг бургасини чиқариб кўрсатди. Гўрўғли қуённи чиқариб ташлади. Девнинг бургасини буғиб еяверди. Энди дев : Қўлтиғингни юнгингни кўрсат, деди. Дев юнгингни кўрсатди, жинғирткадай илашиб кетаверди. Гўрўғли қўйнидан эшакнинг думини чиқариб берди. Дев айтди : Во худо урди, энди бунинг балолиги рост экан”. Юқоридаги парчадан маълум бўлаяптики, халқнинг идеал қаҳрамони ҳар қандай оғир тўсиқларни гоҳ куч ишлатиб, гоҳ ақл-идрок билан енгиб ўтади, ўз душманлари устидан ғалаба қозонади. Келишмовчилик қанча кучли бўлса, қаҳрамон характери ҳам шунчалик ёрқинроқ очила боради. Бу ерда яна шуни эътироф этиш лозим бўладики, “Қадим ўтмишда Осиё халқлари турли ҳайвонларни ўзларининг маъбудалари ҳисоблаганлар. Бир хил уруғлар ўз маъбудалари деб бўрига топинган бўлсалар, иккинчи хил уруғлар отни, учинчи хиллари туяни ва бошқа ҳайвонларни муқаддас билганлар ва улардан мадад кутганлар. Туяни чўл, саҳролар эгаси деб ҳисоблаб. Уни “Бузрук” деб атаганлар. “Юнус пари” достонида ҳам ўз отини муқаддас билиши ва девнинг бунга ишониши билан боғлиқдир. Бундай ҳолни Пўлкан шоир репертуаридаги “Гулнор пари” достонида ҳам учратамиз. Бу асарда Ҳинд халқи кокрамолни “худо” деб, унга сиғиниши айтилади ва ҳар қандай миллий урф-одатларга ҳурмат нуқтаи назаридан қараш керак, деган ғоя илгари сурилади. Бизга маълумки, “Гўрўғлининг туғилиши” достонида Гўрўғли илк бор Заргарга Шоҳдорхоннинг вазири Бадкирни ўлдириб, кейинчалик Чамбилга келгандан кейин эса Райҳон арабнинг қизи Зайдинойни олиб қочиб қаҳрамонлик кўрсатган ва бунда асосий ролни Ғирот ўйнаган эди. Лекин бу достонда Гўрўғли кўрсатган жасорат ва мардликни фақат унинг ўз номи билан изоҳлашга тўғри келади. Чунки Гўрўғли, Бало девни алдаб, ўзини “балоларни тутиб егувчи Балогардон” қилиб кўрсатиб Қўйи Қофда, Боғи Эрамда яшовчи Юнус парини олиб келиш учун жўнайди.

Достон “Гўрўғли” туркумини бошлаб берувчи асарлардан бири бўлганлиги учун ҳам унда биз илк бор бутун туркум шу достонларда иштирок этувчи етти яшар Самандар дев, Хасан Чопсан, Хасан Кўлбар ва Хасан Якдастларнинг номини эшитамиз. Бу девлар аввал бошда Гўрўғлига душман бўлган бўлса, кейинчалик эса дўстга, Юнус пари туфайли содиқ хизматкорларга айланадилар. Четдан қараганда, Боғи Эрамда Гўрўғли Юнус пари висолига жуда осонлик билан ҳеч қандай қарама-қаршиликларсиз эришгандек бўлиб кўринади. Аммо воқеаларнинг бориши, муҳаббат мавзусининг достон бош қисмидаёқ хақиқий йўналиш қилиб қўйилганлигига жиддийроқ эътибор берилса, масаланинг туб моҳияти янада ойдинлашади. Гўрўғли сафарга чиқиб, йўлда ўз ақл-идроки билан Самандар дев устидан ғалаба қозонганидек, бу ерда ҳам у ўз фаросати, ўткир ақли ва фавқулодда жасорати билан душманларни муваффақиятсизликка учратади. У парилар боғида Юнус парининг канизаги Гулқиз орқали тадбиркорлик билан иш олиб боради. Бунда албатта муҳаббат йўлига жонини тиккан фақат Гўрўғлининг ўзигина ҳал қилувчи асосий ролни ўйнаган. Агар достончи бундан бошқача йўл тутиб, Самандар девни ҳалок этганда ёки бўлмасам Эрам боғида Гўрўғли билан девлар, парилар ўртасидаги келишмовчиликни янада кучайтирганида, шубҳасиз “Гўрўғли” туркуми достонлари учун хос бўлган анъанани бузган бўлар ва биз “Гўрўғлининг туғилиши” достонида танишган воқеаларнинг бутунлай акси бўлиб чиқар эди. Негаки, ўша достондаёқ Юнус пари билан Мисқол парининг никоҳини Бобоқамбар Гўрўғлига қийган, париларга уйланишда унга оқ фотиҳа берган эди. Шунинг учун ҳам достончи бу борада оқилона иш тутиб, келишмовчиликни афсонавий воқеа ҳодисалар заминига эмас, балки ҳаётий, ижтимоий воқеалара асосига кўради ва бу билан достоннинг бадиий қувватини, халқчиллигини янада оширади.

Юқорида айтганимиздек, “Юнус пари достонида миллий бадиий усуллардан бири қўш сюжетни кўрамиз. Ҳақиқаттан ҳам ўзбек халқ достонларининг аксариятида, ана шу бадиий усулдан кенг фойдаланилган.

Одатда бош қаҳрамон, у подшони, подшозодами, ўз юртнинг синалган баҳодирларидан бирими, ишқилиб ким бўлмасин, у сафарга чиққандан кейин унинг ватанига душманлар бостириб киради, элни талаш, бойлик орттириш, одамларни қириш каби ёвузлик пайида бўладилар. Ана шунда бош қаҳрамон ўзга юртдан ўз ниятига эришиб қайтиб келади ва она юртини четдан келган босқинчилардан халос этади. Бу кўпроқ халқ орзу умидлари,эзгу идеалидан келиб чиққанлиги учун ҳам анъанавий достонларда кенг тарқалган, доимо уларнинг ғоявийлигини ошириб келган. Гўрўғли, Боғи Эрамда Юнус парига қирқ кун тўй қилиб уйлангандан кейин, унинг отаси Раҳмат пари ва онаси Қария парилардан оқ фотиҳа олиб Ёвмитга қайтади. Биз энди Гўрўғли ва Райҳон араб ўртасида яъни тинчлик-тотувлик тарафдорлари туркманлар ва босқинчилар ўртасидаги кескин келишмовчиликни кўрамиз. Гўрўғли Самандар дев ёрдамида кўп йиллик йўлни яқин қилиб, Ёвмитга етиб келади. Бу пайтда унинг йўқлигидан фойдаланиб, Райҳон араб Ёвмитга бостириб келган. Аҳмадбек, Темирхонлар бошчилигидаги ёвмитликлар босқинчиларга қарши халоскорлик уруши олиб бораётган эдилар. Шоир айтганидек, Ёвмитда босқинчилар ва мудофаачилар ўртасида беаёв жанг борар эди:

Оқ қорабош туғ сўлкиллаб, Тикилди майдон ичинда. Ажалласи дустаман бўп, Йиқилди майдон ичинда. Найза тегиб кировкалар, Сўкилди майдон ичинда. Бедов отлар оғзин очиб, Қўлтиғидан парқин сочиб, Ажалласи ўққа учди, Думалаб майдон ичинда.

1927 йилда Фольклоршунос Ҳоди Зарифов “Халқ шоири Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан ” деган биринчи мақолаларида достончининг ҳаёт йўли устози ва айниқса бахши репертуари ҳақидаги қимматли маълумотларни билдиради. Муҳаммадқул Жомурод ўғли ижодини яқиндан ўрганган унинг набираси истеъдодли шоир Амирқул Пўлканов ундан ёзиб олинган “Эрназархон достони борасида қуйидагиларни қайд этган:

“Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоирдан ёзиб олинган “Эрназархон” достони романтик достонларнинг қаҳрамонлик турига мансуб бўлиб, унда Эрназархоннинг қаҳрамонлиги тараннум этилган.

“Дўрмон юртининг подшоси Санглиҳоннинг икки хотинидан қирқ ўғли, бир қизи бор эди. Қизнинг оти Қалдирғоч, кичик ўғлининг оти Эрназар эди. Иккови бир энадан эди. Катта ўғли Ҳайвот , ундан кичкинаси Боймат, ундан кичкинаси Шоймат. Ўртанчиси Тангриқул эди. Уларни отасини бой уришади, уғилларингни уйлантир дейди.

Санглихон уларни 40 қизи бор, Қаҳҳорбой, Боҳорбой, Заҳорбой, оға иниларнинг қизларига уйлантимоқчи бўлди. Совчи бўлиб бориб келади. Кейин ўрнига ўғли Эрназархон подшо қилиб, келин олиб келишга кетишади. Эрназар Чибор кўлдан юрманглар деб тайинлаб қолади, Лекин тентак акалари Чибор кўлда қайта туриб чўмилишади ва аждаҳо домига тушишади. Аждаҳо қирқ келин ва бир кам қирқ Санглихоннинг ўғлини, агар Эрназарни келтирсанглар қўйиб юбораман дейди. Санглихон Эрназарни ўрнига шуларни ейқол дейди. Ўғиллари шовқин кўтаради, отасини урмоқчи бўлишади.

Аждаҳо Эрназархоннинг қайлиғи Чиннигулни гаровга олиб қолади,қирқ канизаги билан. Эрназархон келиб уларни қутқаради, лекин кечаси ухлаб ётганида, уни қуролсизлантириб аждаҳо ғорга олиб кетади. Эрназар илон билан ота бола тутинади, кейин Чин юртига Оқилойни олиб келишга юборади, йўлда Қизил дев билан курашиб уни енгади, Чин юртида тутинган ота энасининг қизи “Ойқиз ёрдамида, Оқилойни олишга эришади.Достон Эрназархонни ғалабаси билан хотима топади.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *