Эзгуликни куйлайман ёниб

Қизим Саодатга

Қизим, сен гоҳида сўраб қўймайсан,
Айтмасам кўзингда пайдо бўлур ёш.
Юлдузлар тўкилиб кетмасми дейсан,
Узилиб тушмасми, дейсан шу қуёш.
Мен жавоб излайман саволларингга,
Ҳам ҳайрон қоламан ёқамни ушлаб.
Ошкора бирор гап айтмайман сенга,
Хаёлга ботаман лабимни тишлаб.

Қизим, сен гоҳида сўраб қўймайсан,
Айтмасам отангдан кўнглинг қолади.
Дунёнинг устуни қаерда дейсан,
Дейсан: уруш бўлса нима бўлади?
Мен жавоб излайман саволларингга,
Бу хаста юрагим баттарроқ урар,
Мен бирор аниқ гап айтмайман сенга,
Нимадир айтмоққа халақит берар.

Қизим сен гоҳида сўраб қўймайсан,
Дегандек: отажон, қулоғингни бер!
Бахтинг тимсолини тинмай сўрайсан,
Сўрайсан: боқийми, абадийми ер?
Мен жавоб излайман саволларингга,
Мен сенинг тақдиринг ўйлайман кўпроқ.
Дунёмиз абадий тинч бўлур дейман
Ва ўзим ташвишга тушаман бироқ.
Аммо сен қўрқмагин, ахир, мен борман,
Юртинг бор, кўзингдан оқизмагай ёш.
Юлдузлар ҳеч қачон тўкилиб кетмас,
Ҳеч қачон узилиб тушмайди қуёш!

* * *

Дунё жуда кенг экан,
Қадам етмас ерлар бор.
Ҳам пасту ҳам дўнг экан,
Музлаб ётган қорлар бор.

Туққан юртим – туғим деб,
Тупроғим – бор йўғим деб,
Айри тушиб юртидан
Бир кўришга зорлар бор.

Халқим – “Эрк!” деб курашган,
“Йўлим берк!” деб курашган.
Кўтаролмай ғам юкин
Синиб кетган дорлар бор.

Жанг бўлганда қочишиб,
Ёвга қучоқ очишиб,
Ботирлик даъво қилган –
Қуён юрак шерлар бор.

Сув келганда симириб,
Тоғ келганда кемириб,
Чамбил деб фидо бўлган
Гўрўғлидек эрлар бор.

Дўстлар, ботир ўлмайди,
Ўлим нима – билмайди!
Ўқи тоғни қулатган –
Алпомишдек зўрлар бор.

Умр ўтар, кун ўтар,
Ким келару, ким кетар…
Айтилмаган ҳақ сўздек
Чертилмаган торлар бор.

* * *

Ёрим дўппи кийдирди:
Бошинг омон бўлсин, деб,
Синглим чопон кийдирди:
Танинг роҳат қилсин, деб.

Отам ёвла жанг қилди:
Ўғлим даврон сурсин, деб,
Онам белбоғ боғлади,
Эгилмасдан юрсин, деб…

* * *

Бой бўлмасман икки дунёда,
Лекин ёлғон бўлмагай сўзим.
Мен ҳеч қачон тўймам зиёга
Ва севгига тўймагай кўзим.

Юртим! Ишқинг қалбга нур экан,
Зеро юртсиз кун кўрмас ҳеч ким.
Менинг бор-йўқ бойлигим сенсан,
Менинг бор – йўқ бойлигим – севгим!

* * *

Мен куламан ва йиғлайман,
Юпанаман қай бир қўшиқдан
Шодлансам дунёга сиғмайман:
Чунки мен ошиқман.

Мен ёндираман ва ёнаман,
Шамолдай сирғалиб киргум эшикдан.
Мен сабр қиламан ва кўнаман:
Чунки мен ошиқман.

Кўзимда ёруғлик ва намлар,
Қўрқаман ёлғондан, яшиқдан!
Сиз мени билмайсиз, одамлар,
Ахир мен ошиқман…

* * *

Жаҳонда бир қўшиқ бордир,
Сеҳрли бир эшик бордир.
Қўшиққа бир ошиқ бордир,
Шу ошиқ менга ўхшайди,
Шу қўшиқ сенга ўхшайди.

Жаҳонда бир беармон бор,
Муҳаббат отли нарвон бор,
Чиқолмай бир бедармон бор,
Бедармон менга ўхшайди,
Беармон сенга ўхшайди.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *