
Суянган давлатим – арконим Ватан,
Дунёда бору йўқ имконим Ватан.
Юртимдан ўзга ҳеч қўналғам йўқдир,
Орзуйим,армоним, имоним Ватан.
* * *
Дўстларинг гоҳида гараг қилади,
Душманинг баъзида карам қилади.
Тилло, деб тутганинг мис бўлиб чиқса,
Негадир одамга алам қилади.
* * *
Кўксимда на дарду, на оҳим йўқдир,
Йиқилсам гоҳида паноҳим йўқдир.
Бир умр ёлғонга ўрганолмадим,
Ўшандан ўзга бир гуноҳим йўқдир.
* * *
Дунёнинг асрори кўзимга маълум,
Ҳар ўтган баҳорим – ёзимга маълум.
Ҳамма ҳам тушунмас менинг қалбимни,
Ўзимдан ўтгани ўзимга маълум.
* * *
Майлига юрт учун жон фидо бўлсанг,
Ёмондир ва лекин гар гоҳо бўлсанг.
Сен учун ўрин йўқ гулзорда ахир,
Тоғдаги ғорга бор аждаҳо бўлсанг.
* * *
Ортиқча бойликка қўймагил талаб,
Устингдан кулмасин ўзга бир салаф.
Ҳар қайда бор ахир тошу тарози,
Дунёни ҳеч кимса кетмас орқалаб.
* * *
Кўп яша, азизим, асло ўлмагин,
Ташрифинг бу қадар миннат қилмагин.
Гар оёқ қўйсанг сен дастурхонимга,
Уйимга ҳеч қачон қайтиб келмагин!
* * *
Ҳар киши ҳаётда топар ўз ўрнин,
Тополса яхшидир ўлмасдан бурун.
Ҳар битта меванинг таъми бор, лекин
Уларнинг ҳар бири ўзича ширин.
* * *
Донолар кўнглини шод этган яхши,
Боболар руҳини ёд этган яхши.
Бир азиз одаминг бўлмаса агар,
Дунёдан дод солиб тоқ ўтган яхши.
* * *
Бошингдан аритгил шўриш ва ғамни,
Унутма мискинлик қуршаган дамни.
Агар сен дўст бўлсанг, дўстнинг ишин қил,
Балчиққа белама яхши оламни.
* * *
Имонли одамни имон ўлдиради,
Сершубҳа одамни гумон ўлдиради.
Дунёда ҳар каснинг кушандаси бор,
Яхшини ҳамиша ёмон ўлдиради.
* * *
Қисматнинг баридан ушлаб кетамиз,
Қанчалар кўнгилни ғашлаб кетамиз.
Дунё деб бўғамиз бир-биримизни,
Охири дунёни ташлаб кетамиз.
* * *
Сен кеча дўст эдинг, бугунча – душман,
Ва лекин мен асло қилмам пушаймон.
Сен кўп ҳам шод бўлма бош эгганимга,
Эгилиб, сўнг дафъа отилар камон.
* * *
Ишқи билан буюкдир одам,
Шу ишқ билан енгилади ғам.
Сен ишқимни ерга урсанг гар,
Арзимайсан тирноғимга ҳам.
* * *
Ҳаётнинг завқига тўймаган ҳеч ким,
Мен каби юракдан суймаган ҳеч ким.
Севгидан бир илинж топгандир ҳамма,
Ва лекин мен каби куймаган ҳеч ким.
* * *
Дунёда ҳамиша шундай бўлади:
Биров туғилади, биров ўлади.
Ва лекин тиззаси йиртиққа доим,
Иштони йиртилган одам кулади.
* * *
Ўтмишни хаёлдан қочиролмайман,
Манглайдан шўримни ўчиролмайман.
Ҳаммани кечирдим дунёга келиб,
Мен фақат ўзимни кечиролмайман.
* * *
Элидан, халқидан норози йўқдир,
Ҳақиқат тилсиздир – овози йўқдир.
Дунёда ҳар нарса ҳисобли, лекин
Қадрни ўлчашга тарози йўқдир.
* * *
Донолар сўзласа риё қаёқда,
Кўзинг ожиз бўлса зиё қаёқда.
Сўзидан биласан яхши одамни,
Дунё кўрмаганга дунё қаёқда?
* * *
Мард бўлсанг, кўксингни керсанг арзийди,
Дунёда одамдек юрсанг арзийди.
Йигитга қанотдир дўсти,оғаси,
Дўст учун жонингни берсанг арзийди.