Kategorier
Таржималар

Гўзалликка ошуфта қалбим

Ярослав Смеляков

Шеърларни рус тилидан Амирқул Пўлкан таржима қилган.

Наталия олдидаги узрим

Вақти аниқ қолмаган эсда,
Хотирда йўқ, толиққан мия.
Қачонлардир Сиз хақингизда,
Қўпол шеърлар ёзгандим мен ҳам.

Чунки ўша вақтда ҳар қалай,
Мен хақли деб севардим ўзни.
Аммо Пушкин ишониб, атай,
Бир қизчадек севгандир сизни.

Буюклиги, шавкати, унинг –
Ҳам шарафи ҳурмати, гоҳо
Сизни койиб, масхаралаш чун,
Менга хуқуқ бермаган асло.

Аммо бундан мен қийналмайман,
Сочларимни юлмам оҳ уриб!
Мен шунчаки узр сўрайман,
Бу томонда йироқда туриб.

Ўтинаман Сиздан бош эгиб,
Кек сақламанг дилда ҳеч қачон.
У енгилтак қизиққонлигим –
Шеърларимни унутинг тамом!

Эҳ, бу сизга эмас кўп оғир:
Ер юзининг шарафи, ғамии,
Фахри бўлган ул буюк шоир –
Ўлмай туриб, унутмоқ сизнинг
Қўлингиздан келган-ку ахир?

1980.

Ботумида хаши еганим

Болаларча, хавф хатар –
Нима бўпти, дегандек?-
Чўққига мени саҳар
Олиб кетди Заурбек.

Тумандан кўринмас тоғ,
Лек пастда ёнар гулхан.
Қўр тўкмиш унда бу чоғ,
Юкчилар, шофёрлар ҳам.

Чўққига, сол ўтмагин.
Қуёшдек яшнаб бироқ.
Официант қиз жилмайиб,
Кўтариб чиқди товоқ.

Қандолот эмас чиндан,
Шўрва ҳам эмасу, зўр –
Шаробпазнинг қўлидан
Чиққандек эди хушхўр.

Гражданлик эрким бу! –
Титрамас қўлим, бу чоқ!
Саримсоқни кўпроғу,
Таомни ейман шўрроқ.

Хашини еб бўларкан,
Уйқуга изн бердим.
Гўё халқ товоғидан,
Ризқимни тотиб кўрдим.

1980.

* * * *

Ҳалилуллоҳ Халилий

Афғон шоири

Менинг шеърим

Бу айём боғаро балқир – гулистондир менинг шеърим,
Ки диллар унга пайваста, дилистондир менинг шеърим.

Қуёш ҳам, юлдуз ҳам гарчи унинг бағрига жо бўлгай,
Мисоли бир фалакдир ул, бир осмондир менинг шеърим.

Бу осмон бағрида бўрон, довуллар бор, солур даҳшат,
Ки даҳшатки, рақибларга шабистондир менинг шеърим.

1980.