Мақсуд Пўлкан

(Опам Саодатга)

Бу қаҳратон қишнинг ишими,
Сочларингга нега қор ёғди?
Ё тақдирнинг шум хазилими,
Қаддинг сени нимага оғди?

Киприкларинг нега камайди,
Нега сенинг кўзларинг маҳзун?
Қизим, нега дунё шафқатсиз,
Айтгин нега бунчалар узун?

Сочларингни бўятганмидинг,
Кўзёшларинг пиёзданми ё?
Сен ҳам мендек болаларингдан,
Беркинганча йиғлайсанми ё?

Ёким узун қишлар кўзингни,
Шамоллатиб қўйдими қизим?
Балким совуқ сенинг сўзингни,
Қалтиратиб қўйдими қизим?

Агар ундай бўлса ўксима,
Иссиқ кунлар келади ҳали.
Шу кунгача кўчага чиқма,
Совуқ шамол эсган маҳали.

“Чарчаб кетдим”-асло демагин,
“Совуқ”-дея, қалбинг ўртама.
Шу кунгача пиёз емагин,
Сочингни ҳам бошқа бўяма!

Умид билан сени кутаман!
Гуноҳ бўлур оҳу-нолишдан.
Сен келишга улгурарсану,
Мен қўрқаман кетиб қолишдан!

20.12.2009.

Онамга

Онагинам ! Менинг онагинам!
Сочлари оқ- тақдири қора.
Меҳрибоним, меҳрибонгинам,
Нима учун кўнглингиз яра?

Биласизми? мен эса билдим,
Бу дунёнинг ўйинчоқлигин.
Сезиб қолдим алдашларини,
Ҳамма нарса овунчоқлигин.

Ҳатто дўстим ўзин ўрнига,
Сиз бошқасиз барибир онам!
Узр сўраш оғирдир менга,
Руҳим йўқдир, йўқ менинг танам!

Мени эзманг илтимос, она!
Тақдир шуни истаган экан!
Ожизликда – ожизмиз жуда,
Берганини қистаган экан.

Юрагимни оғритманг, она!
Кўзингизда кўринмасин ёш.
Юзингизда ғам яшамасин,
Пойингизга қўйиб ётай бош.

Устимиздан кулади биров,
Биров ачинади кўз ёши қилиб,
Тасалли беради яна бирови
“Бечора” дейдилар сўзбоши қилиб.

Мен-ку ўзгинамни овутамана,
Сукутни енгаман нолалар билан
Сиз нима қиласиз онажонгинам,
Саволи тугамас болалар билан.

3.05.1996 й.

Севги йўқ

Эшитмадим яна бир қайтар,
Бор дедингми севгини ахир.
Қайтиб олгин дарров гапингни,
Қўзғолмасдан юракда қаҳр.

Қулоғимга ишонмайман мен,
Ишонишни дилим тарк этар.
Ҳазиллашма мен билан бундай,
Юраккинам ёрилиб кетар.

Бор дедингми ўйлаб ўтирмай,
Мажбур қилма мени қайтишга.
Шундай даҳшат сўзнинг олдига,
Тилинг қандай борди айтишга.

Шу гапларинг рост бўлса агар,
Кўзларимга тупроқ қорилсин.
Ўлим тила ундан кўраси,
Юраккинам майли ёрилсин.

Сен нимага таяниб айтдинг,
Ё кўрдингми ҳаёт йўлингда.
Борлигини исбот қилиб бер,
Олиб келиб кўрсат қўлингда.

Эшитдингми ё қайтарайми,
Йўқ! дунёда севги дегани.
Аждарҳолар сув қилиб ичган,
Олиб кетган девлар егани!

1996 йил.

Умид

Ҳали бир кун келиб,
бир кун кетиб қолганда,
мен ҳам хурсандчилигимдан
шеърлар ёзиб юбораман!!!!
ич-ичимга бахтим сиғмасдан,
ич-ичимдан қувонганимдан
мен ҳам шеърлар ёзаман!
ўйламасдан ташвиш, ғамларни,
четга суриб паст одамларни,
мен ҳам бир кун, кун бўйи,
хурсандчилигимдан шеърлар ёзаман!!!
Ҳали кўрасиз, ҳар бир шеъримда,
Барқ уради чексиз хурсандлик!!!!

2007 й.

Тасалли

Бошимизда осмон кулади ,
Тагимизда айланади ер.
“Ҳали бари яхши бўлади!”
Ишонгим келар негадир.

Мен билмаган бир куни келиб,
Кечиримлар сўрар нечалар.
Шамолдайин югуриб-елиб,
Хизматимда турар нечалар.

“Оёғидан чалинглар” – деган,
Тўраларим афсус қилади.
Ошимни еб, бошимни еган,
Жўраларим афсус қилади.

Менга ака бўла олмаган,
Опаларим турар ёнимда.
Орзулари ҳеч ушалмаган,
Оналарим турар ёнимда.

Хизматимда савобдан туйиб,
Ош ейишар, аза кийишар.
Фақат ичдан хўрсиниб қўйиб,
“Яхши одам эди” дейишар.

2007 й.

Бир ҳовли

Сайёранинг бир тупкасида,
Бир қишлоқ бор олам аро кўрк.
Шу қишлоқнинг бир чеккасида,
Бир ҳовли бор дарвозаси кўк.

Шу ҳовлининг кенг майдонида,
Икки она яшаб келади.
Айрилиқнинг хиёбонида,
Ошларини ошаб келади.

Умидлари узилган экан,
Бахтнинг қадим кошонасида.
Йўқотишлар ёзилган экан,
Иккисининг пешонасида.

Бир-биридан оғир тақдирни,
Кўтарсада иккаласи ҳам.
Бир-бирига бериб тасалли,
Бир-бирига бўлади малҳам.

Ширин орзу келса хаёлга,
Қалби яна нурга тўлишар.
Ҳар замонда икки она ҳам,
Тушларида бахтли бўлишар.

Шу қишлоқнинг бир чеккасида,
Бир ҳовли бор дарвозаси кўк!!!

2008 й.

Эслаш

Орамизда анча масофа,
Неча-неча тоғлар ётибди.
Ойлар ўтиб, йиллар ўтибди,
Ҳали-ҳали ўша қиёфа.

Хотирамдан кўтариб кўриб,
Суръатинга қиё боқаман.
Яна эски ўтни ёқаман,
Алангадек жўшиб-қутуриб.

Меҳр кўзда дейдилар элим,
Кўзларингни узоқ кўрмадим.
Муҳаббатга мен тупурмадим,
Муҳаббатни асрадим гулим.

Нима қилай қўлдан келмади,
Бир умрга сени соғиниш.
Ширин хаёл суриб овуниш,
Мени бундан кўнглим тўлмади.

Тушунмайсан сен ҳам ўзингни,
Олисларда хаёл сурасан.
Ҳали меҳрим тошар кўрасан,
Фақат менга кўрсат кўзингни.

Орамизда анча масофа,
Неча-неча тоғлар ётибди.
Ойлар ўтиб, йиллар ўтибди.
Ҳали-ҳали ўша қиёфа…

2008 йил.

Кўнгил соғинчи

* * *

Биласизми туриб-ўтириб,
Хаёлимга бир ўй қуйилди.
Тепамдаги мана шу осмон,
Меникидай бўлиб туюлди.

Биласизми яна бир фикр,
Хаёлимга келди тўсатдан.
Меникига ўхшади жуда,
Ўхшаб кетди мана шу ВАТАН!

1997й.

* * *

Мен саройга борсам гадодек,
Сўнг шоҳ бўлиб ўтирсам тахтга.
Бирданига саҳоват қилиб,
Бутун халқни дуч қилсам бахтга.

Олқишлардан оқариб кетиб,
Таъзим қилсам ёшу-қарига.
Эртасига жаллод етаклаб,
Олиб бориб осса дорига.

1996й.

Tўртликлар

“Мени узоқ ўлкаларга узатинг она!” –
Дея онасига ялинган қиздек.
Қушлар деразамда, қордан қўрқади,
Улар қўрқадилар ўлимдан биздек!

* * *

Умр ўткинчи дейдилар, ёлғон дейдилар,
Қиёс қиладилар дарёга қўрқмай.
Яна орқасидан қийин дейдилар,
Чиройли дейдилар ўйлаб ўтирмай.

* * *

Деразани очиб юборманг!
Дарахт кириб кетади уйга.
Ташвишлардан энди кутилган,
Каллангизни солади ўйга!

* * *
Девордаги осилган соат,
Ҳар кун сенга кўзим тушади.
Сени кўриб жаҳлим чиқади,
Сени кўриб завқим жўшади.

Ўғлимга

Жажжи кўзларингга термулиб,
Чуқур-чуқур ўйга толаман.
Дўмбоққина юзингдан ўпиб,
Ўз отамни эсга оламан.

У ҳам жуда қувонган ахир,
Мен келганда бу қаро ерга.
Балки отам жуда истаган,
Сайр этишни боғларда бирга.

Аммо тақдир шуни истади,
Дийдоримиз тўйиб кўрмадик.
Ва отамнинг ҳоҳлаганидек,
Сайр этиб боғда юрмадик.

Мен боғчада ўртоқларимга,
Армияда дердим дадамни.
Ёш боланинг тилида шундай,
Аташаркан ўлган одамни.

Йиллар ўтди, ақлим танидим,
Ва тушундим дунё ишларин.
Ўз елкамда кўтариб билдим,
Шодлигию, ғам-ташвишларин.

Ниятим шу сен бахтли яша!
Отасизлик ғамин емагин.
Сўрасалар бошингни эгиб,
“Армияга кетган!” – демагин.

14.03.2009 й.

* * *

Битта табассуминг, битта кулишинг,
Мени шояд бахтиёр этар.
Сени кўрсам барча аламлар,
Кўзларимга кўринмай кетар.

Бу дунёнинг туман йўлида,
Кўп қоқилдим-сурилдим, ўғлим.
Сен туғилган кунингдан бошлаб,
Мен қайтадан тирилдим, ўғлим.

11.02.2009 й.