Kategorier
Шеърлар

Фақат Ҳақдир дилга таскин…

Саодат Пўлканова

Ушбу шеърлар Қозоғистонда нашр этиладиган ”Туркистон тонгги” газетасининг 7- чи сонида чоп этилди.Фурсатдан фойдаланиб, муҳаририят жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдираман.Ҳурмат билан муаллиф.

ДУНЁ

Бу дунё бир аросатлиғ,
Мани дилим ром этолмас.
Солиб бошға кўп балолиғ,
Валеъ мақсада элтолмас.

Кимҳобдин ҳийло кийғузиб,
Нафс чаманиға юрғузиб.
Бу дила зардоб тўлғузуб,
Лек малҳаму жон ўлмас.

Ишқида бўлурсан сархуш,
Кунинг ўтур ғафлатда хуш.
Бу қандай маломат бир туш,
Уёнмоқ керак, лек бўлмас.

Адаштиб дашти сар-сори,
Жонингдин ўтиб озори,
Туганмас ғалва бозори,
Кетарга лек чора бўлмас.

Унитғонлар

Ором учун Ҳақдин кечуб,
“Ҳу” ла бирлашмоқдин қочуб,
Сўнг кетарда андин чўчуб,
Саломини унитғонлар,
Каломини унитғонлар.

Бўлур зарға девона хўп,
Нафси тоғдин бисёра кўп,
Сўнгги дамда ололмай чўп,
Бозорини унитғонлар,
Мозорини унитғонлар.

Бир-бировин ўйиб кўзин,
Рангу рўйин этиб сўлғин,
Сўнгги онда излар таскин,
Аъмолини унитғонлар,
Камолини унитғонлар.

Ҳақ йўлинда ўтди Кубро,
Анга йўлдош эди Мавло,
Вале қолур бўлиб гумроҳ
Ҳақ йўлини унитғонлар,
Тоқ йўлини унитғонлар.

Ўтди бундин Темур, Доро
Фақиру ночор уқробо,
Кетар чоғда истар Худо
Қазосини унитғонлар,
Жазосини унитғонлар.

Узлат аро тушиб маҳзун,
Қалбинг покла аё Мискин,
Фақат Ҳақдир дилга таскин,
Маъвосини унитғонлар,
Мавлосини унитғонлар.

Чорасиз одам

(Юсуф Расулга)

Ёлғизоёқ кунлар, ёлғизоёқ тун,
Танҳоликка маҳкум этилган бу жон.
Паноҳ излар бир руҳ, истар бир илинж,
Топарми, топмасми кезар саргардон.

Некқадам кунларни санайди бир-бир,
На айтар сўзи бор, на дилга малҳам.
Эгасиз овулдай қисмати чўлдир,
Чораси йўқ унинг, чорасиз одам.

Вужуд чиркинидан холилик истар,
Юраги сипқорар ғам зардобини.
Самодан илоҳий муждалар кутар,
Дилига жой айлаб, Ҳақ каломини.

* * *