Kategorier
Фольклоршунос олимлар

Достончилик

Bildresultat för ўзбек халқ достонлари

Фарғона давлат университети профессори Султонали Маннопов

Ўзбек халқининг достончилик санъати

Ўзбек халқининг достончилик санъати ҳақида сўз борганда Сурхондарё-Қашқадарё, Самарқанд-Бухоро, Хоразм достончилик мусиқий услублари ҳақида сўз юритиш жоиз бўлади.
Сурхондарё-Қашқадарё достонлари адабий-мусиқий асар сифатида талқин қилинади. Улар насрий ва назмий қисмларга бўлиниб, ўзаро бир-бирига боғлангандир. Достон ижрочиларини бахши, шоир, юзбоши деб атайдилар. Достонлар асосан дўмбира чолғу жўрлигида бўғиқ овозда куйланади. Бўғиқ овозни ҳосил қилиш ва ишлатиш алоҳида машқлар натижасида амалга оширилади. Ушбу малакани оширишда устоз-шогирд анъаналарига риоя қилинади. Натижада шогирдлар ушбу воҳаларда машҳур бўлган «Алпомиш», «Авазхон», «Гўрўғли», «Кунтуғмиш» достонларини ёд оладилар ва кўрикдан ўтадилар. Бахшилар достонларнинг насрий қисмларини қўшиқ шаклида куйлайдилар.
Сурхондарё-Қашқадарё достончилик санъатида Шаҳрисабз ва Шеробод мактаблари асосий марказ саналади. Абдулла Нурали ўғли ва Ислом Назар ўғли каби бахши шоирлар Шаҳрисабз достончилик мактабининг йирик намояндалари бўлса, Шерназар Бекназар ўғли, Мардонқул Авлиёқул ўғли, Умар Сафар ўғли, Нормурод бахшилар эса Шеробод достончилик мактабининг машҳур ижрочилари ҳисобланадилар.
Достонларни ижро этиш ҳам асосан мавсумий бўлиб, кеч кузда деҳқонлар ҳосилларини йиғиштириб бўлганларидан сўнг бошланиб, эрта баҳоргача давом этади. Достончи бахшилар хонадонларда уюштирилган достончилик кечаларига таклиф қилинадилар ва маҳалла, қўни-қўшни йиғилишиб, достонлар тингла¬шади. Бу азалдан одат тусини олган бўлиб, бахшиларни оила¬вий байрамларга, тўй-томошаларга, ҳосил байрамларига ҳам таклиф этганлар. Яъни достончи бахши ўз достонларини қисқача айтим йўли билан таърифлаб беради ва эшитувчиларнинг хоҳишига кўра бир достонни бошлайди. Достончи бахшилар достон ижроларидан ташқари бағишлов ижроларига ҳам жуда уста бўлиб, бирон яхши кунга, маросимга, машҳур одамларнинг исмларига монанд бағишловларни насрий ва шеърий йўлларда ҳам ижро этадилар. Бу ижро бахшилардан ўта зукколикни талаб қилади. Ҳозирги давр достончилик ижрочилиги Шоберди бахши Болтаев мактаби етакчилик қилмоқда. Сурхондарё-Қаш¬қа¬дарё мусиқасида достончилик санъатидан ташқари кенг оммалашган меҳнат қўшиқлари алоҳида аҳамият касб этади. Қўш, ўрим, ёрғинчоқ қўшиқлари деҳқончилик билан боғланса, «хўш – хўш», «Чурей», «Турей-турей» қўшиқлари чорвачилик билан боғлиқдир. Чарх, ўрмак, кашта, бўзчи қўшиқлари эса ҳунармандлар меҳнати қўшиқлари саналади.

Бухоро-Самарқанд мусиқа услубига доир достончилик мактаблари асосан вилоят туманларида қарор топган бўлиб, улар, «Булунқур достончилик мактаби», «Нарпай достончилик мактаби» каби аталади. Шулардан Булунғур ва Қўрғон достончилик мактаблари машҳурроқдир. Булунғур достончилик мактабида «Алпомиш», «Ёдгор», «Юсуф билан Аҳмад», «Рустамхон», «Гўр¬ўғли¬ни туғилиши» каби қаҳрамонлик достонлари етакчи ўрин тутади. Жўровоз соз сифатида домбра сози қўшилади. Амин бахши, Чинни Шоир, Тавбузар шоир, Қурбонбек шоир, Йўлдош¬бубул, Йўлдошшоир, Қўлдаш Суяр каби бахшилар бу мактабнинг ўтмишидаги (XIX аср) йирик намояндаларидир. Фозил Йўлдош ўғли (1872-1955) бу мактабнинг сўнги йирик вакилларидан бири эди. Қўрғон достончилик мактабида «Алпомиш» достони ижро этилган бўлса-да, бироқ унда ишқий-романтик дос¬тон¬ларга жумладан, «Гумор пари», «Қундуз» билан «Юлдуз», «Ойсулув», «Кунтуғмиш» сингари достонларга эътибор берилади. Қўрғон достончилик мактабининг ўтмишдаги йирик вакиллари қатори Ёдгор, Ларас, Мулла-Тош, Мулла Холмурод, Жуман¬булбул каби бахшиларни айтиш керак. Эргаш Жуманбулбул ўғли (1868-1937) ва Пўлкан шоирлар (1874-1941) бу мактабнинг сўнги йирик намояндалари эди.
Хоразм достончилик мактаби ўз анъаналарига эга бўлиб, бошқа маҳаллий достончилик мактаблардан фарқли жиҳатларга эга. Бу фарқлар асосан қуйдагилардан иборат.
А) Хоразм достонлари «Бўғиқ овозда» эмас, балки «Очиқ овоз» услубида куйлаш хусусиятлари билан оҳангланади.
Б) Кўпинча маҳаллий достончилик мактабларида дўмбра сози жўрнавоз сийратида қўлланилса, Хоразм достончилигида дутор, тор сўзларидан фойдаланилади. Шунингдек, достон айтишда ижрочилик ансамбли қатнашади. Бунда устоз бахши дутор, тор ёки рубобда, қолганлар эса ғижжак, бўламон ва баoзан доира созларида жўр бўлиб туришади.
В) Хоразм достонлари репертуарини «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Гўрўғли», «Кунтуғмиш», «Бозиргон», «Ошиқ Ойдин» каби достонлар ташкил этади. Бироқ, Хоразм достончилигида қаҳрамонлик достонига мансуб «Алпомиш» намунаси учрамайди. Хоразм достончилигининг йирик вакиллари Аҳмад бахши, Бола бахши, Рўзимбек Муродов, Қаландар бахшилар номини айтиш жоиздир. Ўтмишда достон айтувчиларни гўянда, улар ижро қиладиган йўлларини нома деб юритилган.

Эргаш Жуманбулбулнинг қуйидаги шеърида эса Нурота мактаби услубига оид достонлар номалари санаб ўтилади:

Йигирма хил оҳанг билан сўз айтиб,
Йигирма хил нома дўмбра чертиб
Хоҳ катта, хоҳ кичик эшитса,
Ҳар қандай одамни балқитиб, эритиб

Шеробод мактабининг машҳур бахшиси Умар шоир Сафар ўғли ижодига мансуб шеърда эса Сурхондарё-Қашқадарё достончилигидаги номалар сони келтирилади.

Эй дўмбирам кажакдор,
Ўттиз икки номанг бор,
Ҳаммаси ҳам мафтункор,
Бирин чалсам бири бор…

деб, 32 нома борлиги таърифланади. Кейинчалик 60 га етказилган. Ушбу Маълумотлардан кўринадики, достон қўшиқлари қадимдан номалар деб юритилган.
Хоразм номалари йирик ҳажм, куй йўналиши, парда, лад ва авжлари ўзига хос ёрқин услуби билан ажралиб туради.
Махсус тил иродаси, мусиқий нуқтаи назардан Хоразмда иккита йирик достончилик услуби мавжуд. Улар бахшиларнинг иборалари билан Ширвоний ва Эроний ёки Жанубий ёки Шимолий хоразм услублари деб юритилади. Ширвоний услуб ўз ичига Ҳазарасп, Боғот, Янгиариқ, Қўшкўпир, Урганч, Хонқа, Шовот, Тошҳовуз вилоятининг Илонли, Кўҳна Урганч, Қорақолпоғистоннинг Тўрткўл, Элликқалoа туманларини қамраб олади. Унинг марказини шартли равишда Хива шаҳри деб белгилаш мумкин. Мазкур услуб номалари 72 та бўлиб, улар достон шеърларининг вазни, бўғинларига ижрочи бахшини овоз имкониятларига қараб ўқилади.
Эроний услуб Гурлан туманининг бир қисмини Қорақолпоғистоннинг Амударё, Хўжайли Тошҳовуз вилоятининг шимолий туманларини ўз ичига қамраб олади. Унинг марказини шартли равишда Манғит шаҳри деб белгилаш мумкин.
Устоз бахшиларнинг фикрича мусиқий моҳиятга кўра ширвоний услуб 72, эроний услуб 32, Сурхондарё, Қашқадарё воҳаларининг Шеробод мактаби 64 номадан иборат.
Хулоса қилиб айтганда достон ижрочилиги ўзбек мусиқа санъатининг ажралмас бўлагидир.

Манба: Ziyo.uz