Kategorier
Амирқул Пўлкан Крилл алифбосида

Битта бошга доим бир ўлим

Амирқул Пўлкан

Отамнинг айтганлари

(Туркумдан)

 

Кўп насиҳат қилади отам,
Тўғри бўлгин, дейди,қароғим.
Бошингга ғам тушганида ҳам,
Қўлга олгин ўзни, чироғим!

Маломатга тўла бу дунё,
Кўтара бил қисматнинг юкин.
Қалбга ғулу солганда риё,
Уни четлаб ўтмоғинг мумкин.

Бардош керак одамга асли,
Тошдек маҳкам бўлсин саботинг.
Кутмаганда бир хазон фасли
Барбод қилгай бутун ҳаётинг.

Ҳеч вақт ёлғон сўзлама.болам,
Ҳақиқатдир шоирнинг жони.
Ростин айтган ўлар чоғда ҳам
Бобонгнинг ҳам бобокалони.

Мол дунёга ҳирс қўйма асло,
Учқур бўлсин минган тулпоринг,
Бошингга ғам тушса мабодо,
Қаватингда бўлсин дўст ёринг.

Эзгуликда ҳикмат кўп,тушун,
Сен шайтоннинг йўлига кирма!
Арзимаган қуруқ сўз учун
Шоирман, деб кўксингга урма!

Бу дунёда шоир кўп ўғлим,
Ҳаммаси ҳам севар элини.
Энг аввало одам бўл, токим
Англай олгин халқнинг дилини.

Халқсиз сенинг ёзганинг бир пул,
Ўқимаса на ҳожат шеърдан?
Тошни ёриб кўкарган ҳар гул
Қувват олиб ўсади ердан.

Фақат менга қолма боғланиб,
Бу дунёда мен ҳам бир меҳмон.
Ёзар бўлсанг, ёзавер ёниб,
Тутаб юриб ўчма ҳеч қачон!

Қўрқоқ бўлсанг сендай ўғлим йўқ,
Мен ҳам сенга қилмасман шафқат.
Бу дунёда майда одам кўп,
Сен уларга қўшилма фақат!

Олдинга бос қолсанг ҳам ҳориб,
Қаттиқ дерлар одам жонини.
Фарқсиз бўлма ноҳақлик кўриб,
Ерга урма шоир номини.

Тилагим шу. ёзгину баёт,
Сен дунёда одамдек яша!
Нималигин билмасанг ҳаёт,
Қаламингни синдириб ташла!

Мен шуларни ўйлайман нуқул,
Истагим ҳам кўп нарса эмас:
Яхши шеърлар ёзган Амирқул
Умарқулнинг ўғли, деса бас!

* * *
Кўп насиҳат тинладинг, ўғлим,
Ҳар нарсага юрма қон ютиб.
Битта бошга доим бир ўлим,
Мунғайма ҳеч ёқангни тутиб!

Фарзандинг кўп,
Сен ҳам отасан,
Улар билан сўзлаш мулойим.
Ҳамиша тинч бўсин бу жаҳон,
Умринг узоқ бўлсин илойим!

Ногоҳ хато қилишинг мумкин,
Мард бўлади ҳақиқий ота.
Кўп қимматга тушади бир кун
Сен йўл қўйган лаҳзалик хато.

Ўғлим, доим шунақа бўлган,
Бир кун сўнар кўзингдан зиё.
Токи одам зоти бор экан,
Хатолардан қутулмас дунё!

Фақат камроқ янглишгин, ўғлим,
Хато қилма бўлса имконинг.
Қувонади менинг ҳам кўнглим,
Қувватингга кирса ўғлонинг.

Ҳеч вақт дилни қилмагин хира,
Майли юз йил чексанг ҳамки дард.
Токи бизнинг наслдан сира
Туғилмасин биронта номард!

1982

* * *
Биламан, балки умрим
Сўқмоқдек қисқа бўлар…
Биламан, бу дунёда
Ҳеч нарса мангу қолмас!
Аммо ишқимиз яшар,
Шунга ишонгим келар…
Сени мендан ҳаёт ҳам,
Ўлим ҳам ажратолмас!..

1974

* * *
Ўтмишдан хаёлдан қочиролмайман,
Манглайдан шўримни ўчиролмайман.
Ҳаммани кечирдим дунёга келиб,
Мен фақат ўзимни кечиролмайман.