Kategorier
Асарлар

Самарқанд: муқаддас қадамжолар – ҳақиқат ва афсона

Саодат Пўлканова

Афсонага айланган аёл

XIV аср 40-йилларида Мовараннаҳрга хонлик қилган Чиғатой улусининг Амир Қозонхон номли хукмдорининг қизи, соҳибқирон Амир Темурнинг хотини Сароймулкхоним ҳақида турли хил ривояту афсоналар неча асрлардан бери авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Дастлаб,Сароймулкхонимнинг болалиги ҳақида икки оғиз сўз.
Амир Қозонхон ўз пойтахтини Кеш музофатига кўчирган бўлиб, бу ерда ҳашаматли “Занжир сарой” деб номланувчи жуда ҳашаматли сарой барпо қилган эди. Бибихоним 1341 йил мана шу “Занжир сарой” да таваллуд топган. Қозонхон мамлакатда қаттиқ қоидалар ўрнатишга ҳаракатлар қилганлиги учун бир гуруҳ амирлар томонидан 1346 йилда ўлдирилади. Амир Қозонхон барпо қилган сарой Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон томонидан вайрон этилади. Ҳозирда, бу саройнинг қолдиқлари Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида сақланиб қолган. Ушбу ёдгорлик археологлар томонидан ўрганилган.
Маълумотларга қараганда, Бибихонимни 14-15 ёшларида Амир Қозонхоннинг набираси Амир Ҳусайинга турмушга берадилар. Жаҳонгир Амир Темур 1370 йили Амир Ҳусайнни Балҳ шаҳрида мағлуб этиб қатл қилдиргач, унинг ҳарамидаги Бибихонимни ўз никоҳига олади ва уни Балхдан Самарқандга олиб келади. Бибихоним хоннинг қизи бўлганлиги боис, Амир Темур “Кўрагон” деган унвонга савозор бўлади. “Кўрагон” сўзи мўғулча “Хоннинг куёви” деган маънони билдирар экан. Шу боис ҳам, Амир Темур саройида Бибихоним шарафли “Катта хоним” – яъни Бибихоним деган унвонга эга бўлган эканлар.

* * *

Бугунги кунда, Самарқанддаги Бибихоним мадрасасида бўлганларга, номи тилларда достон бўлган бу аёл ҳақида турли ривоятларни сўзлаб берадилар. Мадрасанинг бош деректори Зебо Маҳмудованинг бизга маълумот беришича, “Бибихоним” мадрасаси қадимда илк мусулмонларнинг жомеъ масжиди вазифасини бажарган. Бу ерда бир қанча мусулмонлар номоз ва исломий амалларини ижро қилишган экан.
Бибихоним номи билан аталувчи бу мадраса Буюк соҳибқирон Амир Темур буйруқлари билан 1399-1404 йилларда бунёд этилиб, Бибихонимга ҳурмат ва эъзоз сифатида тақдим этилган. Мадраса асосан беш бинодан ташкил топган. Эшиклари етти хил металлдан ясалгани боис, улар “Ҳафт жўш” деб номланган.
Масжиднинг икки тарафида иккита кичик масжид ва ўртада катта жомеъ масжиди ўрин эгаллаган. Бибихоним яшаган даврларда, айвоннинг тўрт тарафида тўрт мармар тошдан қурилган устун бўлган ва тўрт дарвоза, тўрт минора бўлган. Бу минораларга тўрт домла чиқиб азон айтишган экан.
Бибихоним масжидининг ўртасида мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон қўйиб ўқиладиган махсус курси бўлган.
Қуръон биринчи бўлиб, Халифа Усмон томонидан кийикнинг терисига ёзилган экан. Ушбу Қуръон китоби, бугунги кунда Тошкент Диния Назорати музейи кутубхонасида сақланмоқда.
Бибихоним ўз замонасининг энг доно оқила аёлларидан бири ҳисобланиб, ҳаттоки Амир Темур каби юрт подшоҳи унинг маслаҳатлари билан иш тутган экан. Бибихоним ҳақидаги ривояту афсоналар жуда ҳам кўп, бироқ улардан бири халқ орасида машҳур.

Ривоят қилишларича, Жаҳонгир Амир Темур сафарга кетганларида, Бибихоним соҳибқирон шарафига бир бино қурдирмоққа бел боғлаб жомеъ масжиди қаршисида мадраса барпо эттиришга киришади. Малика канизаклари билан ҳовли атрофида сайр қилиб юрганларида, шамол туриб ул кишининг юзларидаги чачвон очилиб кетади ва буни кўрган масжиднинг бош устаси Бибихонимга ошиқ бўлиб қолади. Ишқ туфайли устанинг қўли ишга бормайди, кеча-ю кундуз кўксини зах ерга бериб ётади.
Амир Темурнинг сафардан қайтиш вақти яқинлашиб қолган, шунга қарамай мадраса қурилиши негадир орқага сурилаётган экан. Бибихоним канизакларини катта меъморнинг қошига чорлаб, “бориб қурилишни нега орқага чўзилаётгани боисини билиб келинглар”, дейди. Катта меъмор Бибихонимни олдига келиб маликага қарата “бир қошиқ қонимдан кечсангиз бир сўз айтаман” деб мурожаат қилибди. “Хўш нима гап, бир қошиқ қонимдан кечсангиз бир сўз айтаман” деб мурожаат қилибди. “Хўш нима гап, бир қошиқ қонингиздан кечдим, қани уста сўйланг-чи”, дебди Бибихоним. Шунда ҳалиги ошиқ меъмор ўз дардини маликага айтибди.
“Сиз ҳовлида юриб эдингиз, бирдан юзингиздаги чачвон очилиб кетиб, ойдек юзингизни кўриб қолдим ва сизга ишқим тушди. Қалбимда сизга нисбатан муҳаббат уйғонди ва ҳеч қўлим ишга бормай сизни ўйладим, шу туфайли ҳам қурилиш ишлари орқага кетди”, деб жавоб берибди уста.
Шунда Бибихоним: “агар дардингиз ишқ дарди экан, даъвоси жуда осон, мана ҳарамимизда бир-биридан чиройли ҳурлиқо канизаклар бор, шулардан биронтасини танланг, сизга муносибини тортиқ қиламиз”, деб жавоб берибди.
Катта меъмор, бу фикрга рози бўлмабди. Соҳибқирон келишларига саноқли кунлар қолган Бибихоним, мажбурликдан канизакларига “бир патнисга қирқта тухумни қирқ хил рангга бўяб олиб келинглар” деб буюрибди. Канизаклар бу ишни адо этишгач, Бибихоним устани ҳузурига чақирибди ва унга қарата “Уста мана бу қирқта тухумга қаранг, қирқтаси ҳам турли рангда товланади. Шу каби биз аёлларнинг ҳар хил бўлгани билан ичимиз бир хил” – дебди.
Шунда катта меъмор ҳам бўш келмай шогирдларига бир косада шароб ва бир косада сув олиб келинглар деб буюрибди. Айтганлари бажо этилгач, Бибихонимга қарата “бу икки идишнинг ичидаги бири сув, бириси шароб буларни ичганда инсон ўзини ҳар хил ҳис қилади. Мен сувни ичиб ҳеч нарса сезмадим, аммо шаробни ичиб эдим, бутун ичу бағрим куйиб кетди” , дебди уста.
Айтишувда ютқазган Бибихоним қўлларини устанинг юзларига тутиб туришга мажбур бўлибди. Бибихонимнинг қўлларидан ўпгач, устанинг ҳарорати Бибихонимга ўтиб, маликанинг юзларида доғ пайдо бўлибди.
Амир Темур сафардан қайтиб келгандан кейин, бу сирдан вофиқ бўлади. Катта меъморни ҳузурига чақиришларини буюрадилар. Буни эшитган ҳалиги ошиқ уста, миноранинг тепасига чиқиб, худонинг кароматлари билан ўзига қанот ясаб, учиб кетган экан.
Уста келавермагани учун Амир Темурнинг ўзи унинг олдига борганларида, унинг шогирдлари “Устоз учиб кетдилар” деб айтадилар. Ана шундан кейин Амир Темур бутун туркий халқлар аёллари бегона эркаклар назари тушмаслиги учун, юзларини чачвон билан ёпиб юрсинлар деб фармон берибди.
Амир Темурнинг бу даъволаридан келиб чиқиб, Бибихонимга етти хил матодан кўйлак кийгизадилар ва “Ана шу минорага чиқиб ўзингизни ташлайсиз, агар гуноҳингиз йўқ бўлса ерга ҳеч қаерингиз шикаст емай соғ-саломат тушасиз, бегуноҳ бўлсангиз тирик қоласиз” дейишибди.
Бибихоним бу шартга рози бўлибди ва ўзини баланд минорадан пастга ташлабди. Худони қудратини қарангки,Бибихонимнинг бирор жойига шикаст етмай, тирик қолибди.

* * * *

Халқ орасида, Бибихонимнинг Амир Темур салтанатини бошқаришида тутган муҳим ўринлари ҳақида жуда ибратли ривоятлар юради. Маълум бўлишича, буюк соҳибқирон қайсидир мамлакатга юриш қилган чоғларида, пуллари тугаб қолибди ва Самарқандга чопар билан хат йўллаб, Бибихонимдан сарой хазинасини тўлдириш учун қандай йўл тутса бўлади деб сўрабдилар. Шунда Бибихоним, Амир Темурга жавоб мактубини ёзар экан, “Буюк соҳибқирон, сизнинг маблағингиз тугагани билан, лекин ҳали кучли сиёсатингиз тугамагандир” дебди.
Соҳибқирон мактубни ўқигач, ўз қўл остидаги вазиру уламолари билан кенгашиб, маслаҳат қилибди. Охири жангда ҳалок бўлган отларнинг суякларидан танга ясаб, унга Амир Темур ўз муҳрини босиб, пулларни муомилага чиқаришни бошлабдилар. Ўша танга орқали аскарларга озиқ-овқат, қурол-аслаҳа сотиб олиб очликдан омон қолибдилар.
Бибихонимнинг доно маслаҳатлари туфайли соҳибқирон хазинасидаги пул жойида қолади, шунингдек ул зотнинг қўшинлари ҳам ўлимдан сақланиб қоладилар.
Тарихий маълумотларга қараганда, Бибихонимнинг фарзандлари бўлмаганлиги туфайли малика кундошларининг фарзандларини ўз болаларидай тарбиялаб вояга етказган. Бибихонимнинг оқилу доноликлари қаторида саҳоватли, бағри кенгликлари алоҳида сифатлаб ўтилган.
Амир Темурнинг набираси Халил Мирзо, Шодимулк исмли бир чўри қизни севиб қолади ва унга кўнгил кўйиб уйланмоқчи бўлади. У чўри қиз паст табақадан бўлганлиги боис, бу фикр Амир Темурга маъқул келмайди. Бундан хабар топган, Бибихоним ётиқлик билан Амир Темурга тушунтириб “бу икки ёш бир-бирини севиб қолган, уларни бирга бўлишларига рози бўлишингиз керак” дейдилар.
Бибихонимнинг сайъ-ҳаракатлари билан чўри бўлишига қарамай, Шодимулкни Халил Мирзога никоҳлаб берадилар.

Йиллар ўтиши билан Бибихонимнинг қилган бағри кенгликлари, ўзига ёмонлик бўлиб қайтади. Амир Темур вафотидан кейин тахтни бошқараётган Халил Мирзо бутун ихтиёрни хотини Шодимулкни қўлига топшириб қўйиб, ўзи майишатга берилиб кетади. Натижада, мамлакатда ҳукмронлик ишлари ўз қўлига ўтганидан фойдаланган Шодимулк қабиҳ ишларини рўёбга чиқаришга ошиқади. Дастлаб 70 ёшли нуроний кампир бўлиб қолган Бибихонимни паст табақадан бўлган бир чолга мажбурлаб никоҳлаб беради, бу ҳам етмагандек, уни сарой жодугарларининг қўли билан заҳарлаб ўлдиради. У Бибихонимга тегишли бўлган бойлик ва салтанатга шундай разил йўллар билан эга бўлмоқчи эди.
Айрим тарихий маълумотларда Бибихонимнинг ўз фарзанди ҳам бўлганлиги айтилади. Амир Темур, Амир Ҳусайнни енгиб, Балхни босиб олгач, уч ой ичида Бибихонимни ўз никоҳларига олган эканлар. Бир китобда ёзилишича, ўша пайтда Бибихонимнинг Амир Ҳусайиндан бўлган 18 ёшдаги фарзанди бор экан. Мирзо Жаҳонгир исмли бу йигит жанглардан бирида ҳалок бўлгани айтилади. Баъзи кишилар, Бибихоним Амир Темурга турмушга чиққан чоғларида жуда катта ёшда бўлган эканлар, шу туфайли ҳам у кишининг фарзанди бўлмаган деган тахминларни билдиришади. Шу боисданми, Бибихоним Амир Темурнинг неваралари Улуғбек Мирзо, Халил Мирзо ва Муҳаммад Мирзоларни ўз тарбиясига олиб улғайтирган.
…Халқ орасида, Бибихоним жомеъ масжиди ўртасидаги “Лавҳи Қуръон” тошининг ўзига хос, сирли хусусиятлари борлиги ҳақида ҳам ривоятлар сақланиб қолган. Тарихий маълумотларга кўра бу тошни Темурийзода Мирзо Улуғбек хукмронлик қилган пайтда, ўзга давлатларга юришларининг бирида Самарқандга келтирган ва Бибихоним мадрасасига ўрнаттирган экан. Фарзанд кўрмаган аёл уч маротаба бу тош орасидан ўтса фарзандли бўлармиш. Бу ривоятга ишонувчилар ва ҳатто уни тўғрилигини синаб кўрганлар ҳам бор экан. Кўп аёллар, “Бибихоним” мақбараси ичидаги тошни зиёрат қилганларидан сўнг фарзандли бўлишган ва қайтиб келиб, бу аёл шарафига қурбонликлар қилишган.
Ўз фарзандларига қувонганларидан Бибихоним ёки Амир деб исм қўйдирганлар жуда кўп. Улар фарзандларимизни Бибихоним зиёратидан топганмиз, дея ҳар йили туғилган кунларида бу ерга келиб кетишади.

( давоми бор )