Kategorier
Асарлар

Самарқанд: муқаддас қадамжолар – хақиқат ва афсона

Саодат Пўлканова

Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан сулоласининг кенжа вакили, Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмасининг аъзоси, таниқли шоира Саодат Пўлканова ўзининг прозадаги илк асарини муқаддас қадамжолар тарихига бағишлади.Муаллиф ушбу китобни ёзиш учун бир қанча муқаддас қадамжоларни бориб кўрган, кўплаб оддий одамлар билан суҳбатлашган,тўплаган маълумотларини тарихий китоблар билан муқояса қилган.Ушбу китоб унитилган тарихимизни ўрганиш,ёшларнинг ўз она Ватанларига нисбатан муҳаббат ва фаҳр туйғуларини камол топиши учун беқиёс манба ҳисобланади.

Масъул муҳаррир:Машрабшунос олим Жаллолиддин Юсупов.

Сўзбоши ўрнида

(Ёхуд 2004 йилнинг октябрь ойида Франциянинг Марсел шаҳрида бўлиб ўтган халқаро китоблар анжуманида қилинган нутқ).

Муҳтарам китоб ихлосмандлари!

Мен ушбу анжуманда ўзимнинг “Самарқанд: муқаддас қадамжолар хақиқат ва афсона” деб номланган китобимнинг рус тилидаги нусхаси билан иштирок этаётганимдан бағоят мамнунман.Сизларга ушбу китоб мазмуни ва мундарижаси хақида гапиршдан олдин, ўз Ватаним тарихи ва адабиёти хақида оз бўлсада сўзлаб бермоқчиман.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган, аҳолиси 25 миллондан ошиқ бўлган, турли миллат вакилларини ўз ичига олган гўзал бир мамлакатдир.Ўзбекистондаги Самарқанд,Бухоро,Хива,Кеш,Нахшаб,Термиз каби шаҳарлар ва бу шаҳарлардан топилган ноёб ёдгорликлар мамлакатимиз тарихи уч минг йиллардан олдин бошланганидан далолат беради.

Эрамиздан олдинги III асрларда Амударё ва Сирдарё дарёлари оралиғида бу ўлкада суғд ва сак қабилалари яшаганликлари ҳақида маълумотлар бор. Александр Македонский Марказий Осиёни забт этгач,у билан бирга грек юнон маданияти кириб келди. VI асргача бизнинг ўлкамизда Зардўштийлик дини ва анъаналари кенг ёйилган эди.Хозиргача, Марказий Осиёда пайдо бўлган дея тахмин қилинадиган бу дин анъаналари одамларимиз орасида сақланиб қолган.Айниқса, оловга топиниш одатларини турли тўй томошаларда кузатиш мумкин.

Араблар босқинидан сўнг, Марказий Осиёдаги зардўштийлик дини ва адабиётлари йўқ қилинган ва бу динга сиғинувчиларга нисбатан қаттиқ жазолар қўлланилган.Шу сабаблими, ислом дини ва адабиёти кўп ўтмай халқимиз хаётини батамом қамраб олди. Араб халқ асотиралари ва афсоналари асосида бадиий асарлар яратиш анъанаси вужудга келди.Масалан, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ва бошқа шоирлар яратган асарларда араб адабиёти таъсирини сезиш қийин эмас.

Ўзбекистон XIX асрнинг охирларида Россия томонидан истило қилингандан сўнг, рус тили ва адабиётини ўлкада тарғиб қилиш ва бу адабиётга қизиқиш кучайгани кузатилади.Совет Иттифоқи пайтига келиб, ўзбек мактабларида рус адабиётини мажбуран ўқитиш бошланди. Бунинг акси ўлароқ, Ўзбекистон тарихи ва минг йиллардан буён давом этиб келаётган ўзбек адабиётига “реакцион” деган тамға босилди ва китоб жавонларидан қувғин қилинди.

Совет Иттифоқи парчаланиб бошқа мамлакатлар каби Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришгач,халқимизнинг тарихи ва адабиётини қайта ўрганиш бошланди.Ўз тарихидан жудо бўлган ўзбек халқи бугунги кунда ўзлигини англаш ва ўз ўтмишини ўрганиш учун ҳаракат бошлаган.

Ўзбек адабиёти ўзбек халқи тарихи билан бирга турли даврларда ривожланиб боргани кўзга ташланади.Зардўштийлар даври адабиёти ҳақида у қадар маълумотга эга эмасмиз.Сабаби, у даврлардаги маданият ва санъат асарлари каби адабиёт асарлари ҳам йўқ қилинган.Ислом дини Ўзбекистонда кенг тарқалгач, бу дин таъсирида жуда катта адабиёт юзага келди.Муҳаммад Пайғамбар ва у кишининг издошлари тарғиб қилинган шеърий асарлар деярли барча шоирлар ижодида учрайди. Араблар ислом дини билан бирга Ўзбекистонга жуда катта маданият ва адабиёт намуналарини ҳам олиб кирган эдилар.Араб шеърий санъатлари ва фольклор намуналари ўзбек халқ оғзаки ижоди билан қўшилиб гўзал адабиёт намуналарини пайдо қилди.

Руслар Ўзбекистонни ишғол қилган ва Совет Иттифоқи қарор топгандан кейинги йилларда яратилган замонавий адабиёт намуналари XIX асргача, яратилган замонавий адабиёт ва фольклор асарлари олдида, жуда ҳам қашшоқдир.Бунинг сабаблари Совет Иттифоқи пайтида адабиёт, адабиёт эмас, тарғибот машинасига айлантирилгани билан боғлиқ бўлса керак.

Бу даврда адабиётга нисбатан юритилган сиёсатдан норози бўлган Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Фитрат каби ёзувчи шоирлар қатағонга дучор бўлган эдилар.Улардан кейинги Миртемир,Усмон Носир, Шукрулло, Ойбек,Ҳамид Олимжон ёки Абдулла Орипов,Эркин Воҳидов,Рауф Парфи,Муҳаммад Солиҳ каби ўнлаб ижодкор шоирлар қанчалик қийин бўлмасин оврўпа ва араб шеърий санъатини уйғунлаштиришга ҳаракат қилдилар ва бир қадар янги шеърият намуналарини яратдилар.

Ўзбек халқи маданияти тарихида ўзбек фольклорининг ўзига хос ўрни бор.Ўзбек фольклори, ўзбек халқи тарихи билан бирга ривожланиб келмоқда.Фольлор асарлари халқимиз маданияти,адабиёти ва тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ўзининг минг йиллик тарихига эга бўлган оғзаки ижод намуналари сирасига кирувчи халқ достонлари ўзбек фольклорини юксалишида муҳим аҳамиятга эга.Машҳур ўзбек эпоси саналган “Алпомиш” достони мана неча асрлардан буён халқ бахшилари томонидан куйланиб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Унда ўзбек уруғларининг қўнғирот улуси тарихи,уларнинг анъаналари, урф одатлари борасида сўз юритилади. Шунингдек, юртнинг Алпомиш каби алпларининг баҳодирликлари, Барчин сиймосида ўзбекнинг латиф қалб соҳибаларининг ақл фасоҳатлари қаламга олинади. Алпомиш сингари Кунтуғмиш,Рустамхон,Ойсулув ҳамда Гўрўғли туркумидаги достонлар ўзбек фолъклорининг ноёб намуналари ҳисобланади.Бу достонларнинг шу қадар тилга тушишида ўзбек халқ бахшиларининг, достончиларининг хизматлари беқёсдир. XIX аср охири ва XX аср бошларида яшаб ижод этган тўрт буюк бахши Фозил Йўлдош ўғли,Ислом Назар ўғли,Қўрғон достончилик мактаби вакиллари Эргаш Жуманбулбул ўғли, 70 дан ошиқ достонларни ёд билган ноёб қуввайи ҳофиза эгаси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлканлардир.Ушбу халқ куйчилари изини давом эттирган Қашқадарёнинг Деҳқонобод достончилик мактаби вакили Қодир Раҳим ўғли ва унинг авлодлари, Пўлкан шоирнинг ўғли бугунги кунда маҳрум Умарқул Пўлкан ва Ислом бахшининг фарзанди Зиёдулла Ислом ўғли,сурҳон достончилигининг куйчиларидан бири Шоберди Болтабоев, хоразм достончилик мактаби асосчиларидан Қурбонназар Абдуллаев (Бола бахши) ва унинг авлодлари ўзбек халқ оғзаки ижодини ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Қўлингиздаги ушбу китоб номлари унитилган таъқиб ва тайзиқларга учраган азиз авлиёлар,ориф инсонлар хоклари сақланаётган ва бугунги кунда муқаддас қадамжоларга айланган зиёратгоҳлар ҳақидадир.

Самарқанд шаҳри ва шаҳардаги археологик ёдгорликлар ҳақида кўпчилик жаҳон халқларига яхши таниш. Бироқ кўп одамлар бу қадимий шаҳарда неча минглаб улуғ инсонлар яшаб ўтишгани ҳатто, Довуд,Дониёл каби пайғамбарларнинг зиёратгоҳи ва қабри борлиги,улар ҳақида маҳаллий халқ ичида яшаб келаётган афсона ҳамда ривоятлардан хабарсиз бўлишлари мумкин.Мен шу сабабли, бу китобни тайёрлашга жазм қилган эдим.Зеро, бундан мақсадим Ўзбекистонда хоклари қолган улуғ инсонларни яна бир марта эслаш,улар ҳақида жаҳон аҳлига маълумот беришдир.

Китобда асосан Дониёл (Даниэл) пайғамбар,Амир Темур,Бибихоним,Имом Бухорий,Имом Мотуридий,Имом Доримий,Хўжа Аҳрор Вали,Ғавсул Аъзам,Маҳдуми Аъзам,Шоҳи Зинда,Ҳазрати Хизр каби улуғ зотлар ва авлиёлар қадамжолари тарихи, улар ҳақидаги афсоналар тўпланди.Айрим ўринларда тарихий ёзма маълумотларга мурожаат қилинди.Қадамжоларнинг бугунги кундаги кўринишлари ҳам суратли лавҳаларда ўз аксини топди.

Ўзбекистонда неча минг йиллардан буён оғиздан оғизга ўтиб келаётган бу хилдаги эртак ва афсоналар кўп.Улар халқ орасида худди ноёб гавҳардек сақланмоқда.Фақат бу гавҳарларни йиғиб олиш учун халқ ичига кириб боришимиз керак.
(Mersi boku! )

( Франция,Марсел.2004.10.14)

Авлиёлар худо эмас,
Худодин жудо эмас.
(Халқ мақоли)

Хўжаи Хизр

Самарқанд шаҳрига кираверишда, Сиёб бозори яқинидаги чорраҳанинг ўнг томонидаги тепаликда қад ростлаб турган нақшинкор бино зиёратчиларни оҳанграбодек ўзига тортади.Бу Ҳазрати Хизр номлари билан аталувчи масжиддир.

Хазрати Хизр масжиди VIII асрнинг бошларида, араб саркардалари Қутайба ибн Муслим томонидан қурилган.Самарқандликлар масжиднинг бунёд этилишида Ҳазрати Хизр иштирок этганликлари ҳақида ҳикоя қиладилар.

Ривоятларда айтилишича, масжиднинг супаси ҳали битмаган пайтда, Ҳазрати Хизр пайдо бўлиб, суфа қиблага нисбатан бироз қийшиқ ҳолда қурилаётганидан огоҳ этадилар ва масжидни қиблага тўғрилаб қурилишини бошлаб берадилар.Шу сабаб, Марказий Осиёни ишғол қилган Қутайба ибн Муслим “Бу Масжидни қурилишига бош бўлгани учун, у Ҳазрати Хизр номлари билан аталсин”, деб фармон экан.

Хизр Алайҳиссаломнинг Самарқанддаги масжидлари 1854 йилга келиб ўша пайтдаги Бухоро амири Музаффархон томонидан қайта қурилган.Масжиднинг айвон қисми 1999 йилда Самарқндлик усталар иштирокида таъмирланган.

Самарқанддаги Ҳазрати Хизр масжиди “Бону ножия” қабристони ёнида қад ростлаган.Масжид директори Аъламхон Набираевнинг айтишича, бу ибодатгоҳ қурилган пайтда унинг ёнида қабристон бўлмаган.Қабристон кейинчалик пайдо бўлган.Бу ердан карвон йўли ўтгани сабабли Самарқанднинг энг баланд ва баҳаво еридан масжид учун жой танланган экан.

Хизр бобо шарофатлари билан, масжид ёнидан Арзис ариғи оққан ва бу ерда шу номдаги қудуқ бўлган.Карвон йўлидан ўтаётганлар, масжид ёнида тўхтаб дам олганлар ва ўз йўлларига равона бўлганлар.

Замонлар ўтиши билан,Арзис ариғи йўқолиб кетган.Ниҳоят 1992 йилга келиб, Ҳазрати Хизр масжиди ёнидаги Арзис қудуғи топилиб, қайтадан ишга туширилди. Қирқ метр чуқурликдаги бу қудуқ, энг қадимги қудуқлардан бири бўлиб, хозирги кунда ундан Самарқанликлар фойдаланишмоқда.

Қудуқ бундан 1200 -1300 йиллар олдин пайдо бўлган, деган тахминлар бор. Ҳатто, ушбу қудуқ ҳақида халқ орасида, турли – туман ажабтовур ривоятлар юради. Эмишки, кимда-ким ушбу қадамжога зиёрат этгани келган чоғида, пок ният билан қараса, сув юзида ойнинг акси, ҳамда бир қатор юлдузларни кўриши мумкин экан. Бу манзара чин дилдан ихлос қилган, кўнгли тоза инсонларга намоён бўлар эмиш.

Номи тилларда достон бўлган ва қадимий Самарқанд шаҳрининг энг баланд нуқтасидаан жой олган масжидга номи берилган Ҳазрати Хизр ҳақида халқ орасида турли хил афсона ва ривоятлар сақланиб қолган.

Шундай ривоятлардан бирида айтилишича,Ҳазрати Хизр тахминан, олти минг йиллар олдин дунёга келган эканлар.Туну кун зикр айтиб,тоат ибодат қилиб юрганликлари учун, Аллоҳ ул зотга боқий умр бахш этган.

Ҳазрати Хизр Одам Сафиуллоҳнинг 20-чи аждодлари эканлар.У кишининг оталарининг исми Мулкор, боболари Колий, катта боболари Мард, ундан олдингиси эса Ҳут. Бу шажара шундай давом этиб, Одам Атога боғланган.

Одамлар Ҳазрати Хизрни “бизни ҳожатбароримиз” деб айтишади. Бунинг сабаби, у киши меҳнатсевар, ҳалол, камбағал одамларни яхши кўрган эканлар.

Шундай ривоят борки, бир замонлар бир камбағал одам бор экан. У бозордан Хизр бобога дуч келиб, ундан Худо йўлига садақа қилишини сўрайди. Шунда Хизр бобо тиланчига қарата: “Ахир менда сизга берадиган пул йўқ” дейди ва бироздан кейин “Тўхтанг, майли мен сизга бир танга бераман,бозорга элтиб, мени қул қилиб сотинг, қанча пулга сотсангиз у сизники!” дейдилар.

Хизр бобо жуда кўркам, чиройли одам бўлган эканлар. Шу сабаблими, бозорда у кишини сотиб олишга иштиёқмандлар кўп бўлган. Ҳалиги одам Хизр бобони уч минг тангага сотиб юборади. Хизр бобони қул қилиб сотиб олган одам, у кишини уйида уч тўрт кун сақлайди. Қараса ажабтовур одам. Ҳамма ишларни қилармишу ҳеч нарса емасмиш. Шунда у Хизр бобога мурожаат қилиб, “Худо йўлига айтинг- чи, сиз кимсиз?” деб сўрайди.

“Худо йўлида деб сўрамаганингда айтмасдим, мен Ҳазрати Хизр бўламан”, дейдилар у киши. Шунда ҳалиги одам Хизрга дуч келгани учун жуда хурсанд бўлиб кетади ва Хожадан дуо қилишларини сўрайди. Хизр бобо у одамни дуо қиладилар. Унинг бойликлари бундан ҳам зиёда бўлиб кетади.

Тангри Таолло Хизр алайҳиссаломга боқий ҳаёт билан бирга, яна бир қанча мажбуриятларни ҳам берган эканлар. У киши жамики ер остидаги ва ер устидаги сувлар,барча бойликларнинг эгаси, пири эканлар. Кимдаким Хизр алайҳиссаломга учраб, у кишининг дуоларини олса, у одам бахтли саодатли,бой -бадавлат бўлар эмиш.

Ҳар бир одам ўз умри давомида икки ёки уч марта Хизр бобога дуч келиши мумкин экан. Бироқ кўп одамлар учрашганларида Хизр бобони танимай қолиб, имкониятини бой беришаркан. Сабаби улар ўз тиллари билан дилларини бир қилиб юра олмасканлар. Агар ҳар бир киши, бирор савобли ишни чин дилдан қилса,албатта Хизр бобога йўлиқар экан.

Хизр бобони кўпроқ илм кишилари ҳаётида учраганликлари ҳақида ривоятлар сақланиб қолган. Бунинг мисолини ўзбек халқ оғзаки ижодининг намоёндаларидан бири бахши шоир Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлканга дуч келганлигини кўрамиз. Машҳур бахшининг фарзанди марҳум Умарқул Пўлканнинг ҳикоя қилишича, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига қарашли “Қатоғон” деб аталмиш қишлоқда униб ўсиб келаётган Муҳаммадқул барча қишлоқ болалари каби қўйларини яйловда ўтлатиб юриб, бир нуроний отахонга дуч келиб қолади. Отахон. тўққиз ёшли Муҳаммадқулдан аввал қаердан эканлигини, сўнг кимнинг фарзанди бўлишини суриштиради.Чўпон бола, у кишига шу тоғ яқинидаги Қатоғон деб аталмиш қишлоқдан, Мулла Жомурод бобонинг жигарбанди эканлигини айтади. Шунда ҳалиги нуроний чол, жуда ҳориб келаётганини, қорни оч эканлигини айтиб, ундан сув ва нон беришини сўрайди. Ёш Муҳаммадқул отахонга ёнида онаси ўраб берган қотган нон ва кичик мўничасидан сувни узатади.

Нон еб,сув билан чанқоғини қондирган отахон Муҳаммадқулга раҳмат айтиб дуога қўл очади ва ундан “Болам, тила тилагингни, манглайингга берайинми,танглайингами?” дея сўрайди.Муҳаммадқул жуда ёш бўлганлиги сабабли нима дейишини билмасдан бирор ширинроқ нарса тақдим қилса кеарк деб ўйлаб, “Танглайимга беринг!” дея жавоб қайтаради.

Шунда у киши “Болам, кўзингни юмда оғзингни оч!” дейди ва Муҳаммадқулнинг оғзига уч маротаба туфлайди.Муҳаммадқул кўзини очиб қараса ҳалиги нуроний чолдан дарак йўқ, ёнида эса бир соз турибди.У созни чалиб, ўзи билганча термаларни хиргойи қилиб айтиб ётганмиш.Кейин маълум бўлишича, Пўлкан шоирга Ҳазрати Хизр йўлиққан эканлар.

Пўлкан шоирнинг келини Зулфия Пўлканованинг айтишича, ўшанда Хизр алайҳиссалом ёш Муҳаммадқулни ўзи билан бирга Оқтов яқинидаги ғорга олиб бориб, қирқ кун давомида тарбиялаган.Пўлкан шоир кейинчалик Хатирчилик Шайхга мурид тушгани ва Қуръони каримни 99 оятини ўргангани хақида маълумотлар бор.

* * * *

Хизр арабча сўз бўлиб, унинг маъноси “яшиллик” деганидир.Яшиллик эса яшовчанлик рамзидир.Шунинг учун у кишини кўпроқ ям-яшил ўтлоқзор, ям-яшил дарахтзорлар ёки ям -яшил дарёни, океанни олдида учратиб қоладилар. Қуръонда Мусо пайғамбарни денгиз бўйида Хизр исмли киши билан учрашгани ҳақидаги афсона фикримиз далилидир.

Ривоятларда, Хизр бобонинг ўнг қўлларидаги бош бармоқлари суяксиз эканлиги айтилади. Шунинг учунми ўнг қўлидаги бош бармоғи йўқ одамни кўрган кишилар ўзларини Хизр алайҳиссалом билан учрашганликларини нақл қилиб юрадилар. У киши кўпинча нуроний чол қиёфасида, мададга муҳтож ҳолатда, елкаларига бирор оғир юк кўтарган вазиятда кўринар эканлар. Ёрдам қилишга интилган кишиларга Хизр бобо раҳмат назари билан қарар эмиш.

Халқ орасида, кимдаким Хизр бобони кўриниши истаса, узуккун ибодат қилиши керак, деган нақл юради. Айтишларича, қирқ душанба куни бомдод намозини жамоа билан бирлашиб ўқиган кишига, Хизр бобо кўринар эмишлар. Қирқ душанба, 11 ой давом этади.

* * * *

Самарқанддаги Хизр алайҳиссалом масжиди совет даврида жуда ёмон аҳволда бўлган.1996-98 йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг махсус қарори билан бошқа қадамжолари каби, Ҳазрати Хизр масжиди ҳам қайта таъмирланди. Бу масжидни ҳар куни юздан ошиқ одамлар зиёрат қилишади. Айниқса, Ўзбекистоннинг иссиқ жойлари бўлмиш Хоразм ва Қашқадарё ҳамда Сурҳондарё вилятларидан, Фарғона водийсидан келган кўплаб зиёратталаб кишиларни учратиш мумкин.Чет мамлакатлардан, хусусан, Франция ва Япониядан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришади.Улар масжид китобига, ўз таассуротларини ёзиб қолдиришган.

Дўст учун жонини берган инсон

Cамарқанддаги энг баланд ва баҳово жойидан ўрин олган Хазрати Хизр масжидининг шундоққина ёнида узунлиги ўн икки метрга яқин бўлган муаззам бир қабр бор.Шаҳар аҳли қабрнинг бу қадар узунлиги сабаби ҳақида турлича фикрлар билдиришади. Айрим одамларнинг айтишларича, қабрда Аллоҳ назар қилган, ислом дини тараққиёти йўлида ўз жонини тиккан Муҳаммад Абу Восиҳ исмли улуғ шахс хоклари қўйилган. Шу сабаблими, қабр улуғ ва муаззам кўриниш касб этган.
Бошқа бир маълумотга қараганда Абу Восиҳ ҳазратлари ислом лашкарбошиларидан бири, Марказий Осиёни фатҳ этган саркарда Қутайба ибн Муслимнинг устози бўлганлиги учун шундай шарафга муносиб кўрилган.

VII – VIII асрларда Арабистондан ислом динини тарғиб қилиш мақсадида Самарқандга келган Муҳаммад ибн Абу Восиҳ ҳазратлари ҳақида Самарқанд халқи орасида ажойиб ривоятлар сақланиб қолган. Улардан бирида айтилишича, мусулмонларнинг Ийд рамазон байрамлари куни Қусам ибн Аббос ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ мусулмонлар намоз ўқиб туришганда, бирдан Забур шоҳ бошчилигидаги оташпарастлар улар устига юриш қиладилар. Улар пайтдан фойдаланиб, диний ибодат билан машғул бўлиб турган мусулмонларни қилич ва найза билан жароҳатлаб ҳалок қила бошлайдилар. Забур шоҳ уларнинг йўлбошчиси Қусам ибн Аббосга қарата камондан ўқ узганда, Абу Восиҳ ҳазратлари ўз кўксиларини ўққа тутиб берадилар. Чунки, Абу Восиҳ “Шоҳи Зинда” номи билан машҳур бўлган Қусам ибн Аббос ҳазратларининг энг ишончли дўстларидан эканлар.

Бу воқеа барча мусулмонларни қаттиқ ҳайратга солади. Дўст учун ўз жонини берган Абу Восиҳ ҳазратлари хотираси олдида улар бош эгадилар.Қусам ибн Аббос ҳазратлари дўсти билан видолашув чоғида шундай деган экан: “Эй, Муҳаммад ибн Абу Восиҳ! Бизга қилган яхшиликларингиз учун Аллоҳ сизни улуғ қилди. Вақти соати келиб бандаликни бажо айласак, бизнинг бошимиз сизнинг азиз оёғингиз пойида бўлғай”.

Ислом дини ва дўсти учун ўз жонини тиккан Абу Восиҳ ҳазратларининг қабрлари шу боис Самарқанднинг энг баланд жойи – Ҳазрати Хизр масжиди ёнида ўрин олган. Узоқдан қараганда Шоҳи Зинда” – Қусам ибн Аббос ҳазратлари кириб ғойиб бўлган ғор ва у зотнинг қабрлари Муҳаммад Абу Восиҳ ҳазратлари хоклари сақланаётган мақбарадан анча пастда эканлигига гувоҳ бўласиз.

Абу Восиҳ ҳазратлари шарафига ўрнатилган мақбара ёнида кичкина бир қабрчага кўзингиз тушади. У бир замонлар Ҳусниёр пайғамбар тўхтаб ўтган жойга ўрнатилган рамзий қабрдир. Абу Восиҳ ҳазратларини зиёрат этган кишилар албатта бу кичик қабрчани ҳам назардан қочирмайдилар.

…Ҳазрати Хизр масжиди ва дўсти учун ўз жонини тиккан улуғ инсон қабрини зиёрат қилиб қайтар эканман, бу дунёнинг қанчалик омонат эканлиги ҳақида ўйладим. Бу ёруғ олам кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган тўзондай экан. Бир вақтлари дунёни ларзага солган кишилар бугун йўқ. Улар вақт тўзони ичида тупроққа айланиб ҳар ёққа сочилиб ётишгандек гўё…

(Давоми бор)