(Шеърий драмма)

Муқаддима

У шайтон деб ном олди бир кун, Гарчи одам эди биз учун… Сўзлашардик, суҳбат қурардик, Гоҳ тўйга ҳам бирга борардик. Унга бор сир бўларди зоҳир, Миш-мишга ҳам эди кўп моҳир, Гоҳ ёлғонни сувдек ичарди, Оғир пайтда дўстдан кечарди. Яхшиларга отар эди тош, Гоҳо қора дер эди қуёш. Гоҳ кимнингдир пинжига кириб, Сездирмасдан берарди фириб. Бошлиқларга таъзим этарди. Кичикларни туртиб ўтарди. Кўриниши… мисли фаришта, Қилган иши гўё саришта, Билмасангиз афсунгар, дейсиз, Ҳар сўзини гўё зар, дейсиз, Сезсангиз-чи, қасос олади, Бошингизга ташвиш солади. Хотинини ёмонлар ҳатто, Уйланишда қилганмиш хато. Бир куни денг, ўша иғвогар, Ҳис этмасдан ҳеч бир хавф хатар – Жўр бўлганича қандайдир куйга – Хуштак чалиб ётарди уйда. Қайдан келди?.. У ҳам билмади, (Рости ақли бовар қилмади) – Пайдо бўлиб ногоҳ бир шайтон Иғвогарни қолдирди ҳайрон.

Драматик қисм

(Мебеллар билан безатилган мўъжазгина хонадон .Деворларга ҳар-хил плакатлар, яланғоч хотинларнинг суратлари осиб ташланган. Ногоҳ пайдо бўлган Шайтон каровотда чалқанча ётган Иғвогарнинг тепасига келади.)

Сенми ҳали, менинг номимни олган? Салкам қирқ икки йил ташвишга солган! Худога шукрким, топдим ниҳоят, Аммо излайвериб чарчадим ғоят. Қани бўл!.. Барига жавоб берасан! Тақдирда не бўлса шуни кўрасан, Ҳозир опкетаман ёнимга олиб, Сўнгра қайнатаман қозонга солиб!

Иғвогар (Ҳўнграб йиғлаганча ўзини шайтоннинг оёғига ташлаб, ундан шафқат сўрай бошлайди.)

Кечиринг, ҳазратим, биздан ўтибди, Бири кам дунё, деб ақлим кетибди. Гарчи номингизни ўзим олмадим, Одамлар беришди… Нега?.. Билмадим! Ҳеч бир эсимда йўқ… Эслаётирман, Ҳар ҳолда айбимни сезмаётирман.

Шайтон (Жаҳд билан Иғвогарнинг қўлларидан оёғини бўшатиб олади.)

Ҳали сен айбингга иқрормасмисан?

Иғвогар

(Ерга ётган кўйи)

Майлига, жазоланг, гуноҳкор эсам! Фақат мен… озгина ичи қораман, Нимаки тўғридир – эгри кўраман. Одамлар кулишар эгрилигимдан, Бу асли, ҳазратим, тўғрилигимдан, Ҳа-ҳа, номингизни баъзан сотганман, Шу билан… чоҳларга кириб кетганман. Акс ҳолда қилмишим фош бўлур эди, Бурним – қон, кўзларим – ёш бўлур эди. Хуллас,шу йўл билан ўзни асрадим, Наҳотки бу гуноҳ бўлса, ҳазратим?!

Шайтон

(Стол устидаги суратига “Феникс” деб ёзиб қўйилган сигаретадан олиб тутатади.У ёқ-бу ёққа юра бошлайди).

Салкам қирқ икки йил кузатдим сени, Минг иғво тўқийсан қарийб ҳар куни. Ўзи устозинг ким? Қани билайлик, Сўнг шунга яраша жавоб қилайлик! Сендаги кўп шумлик… ҳатто менда йўқ, Сенда истеъдод бор!.. Бундан кўнглим тўқ. Истасанг, сеҳргар бўлишинг мумкин, Қасд қилсанг ўрнимни олишинг мумкин, Истасанг, қалбларни тилиб ташлайсан, Истасанг, қилни қирқ бўлиб ташлайсан, Истасанг, хотинидан воз кечар эри, Истасанг, ер тишлар йигитнинг зўри! Истасанг, севгингни пулга чақасан, Истасанг, каъбани ўтда ёқасан, Сен иғво бобида соҳиби шуҳрат, Қани айт! Қаердан сенда бу қудрат?!  Иғвогар

(Сал дадиллашади, юзига қон югуради).

Мен асли онадан чала туғилдим, Сўнг ёмғир сувига роса ювилдим. Ўшанда ариқда сув ҳам кам эди, Онамнинг кўзлари шилпиқ нам эди. Ёмғирнинг сувига чўмилиб, токим – Илоҳий бир қудрат руҳимга ҳоким! Отамни, унчалик яхши билмайман, Онамни, рости гап, ҳурмат қилмайман! Чунки ёлғон айтмас, доим урарди, Иғво қилар бўлсам, ёмон кўрарди. Шу боис, онамдан воз кечдим охир, У менинг ҳоҳишим сезмасди ахир! Хотин бўлса… мени ташлади кетди, Чамаси бошқа эр ихтиёр этди. Ҳазратим, хулласи, туғма талантман, Риёда бирдан паст, бирдан баландман.  Шайтон

(Ҳайратдан ёқасини ушлайди).

Шунақа дегин-а? Оббо палакат, Сенинг истеъдодинг – ўзи бир неъмат! Дунёга қарашинг сўзингдан маълум, Қўшиққа қалайсан? А, уста Ҳалим? Завқ ҳам олурмисан ҳеч вақт ҳаётдан, Кўнглинг яйрарми ҳеч куйдан, баётдан? Балки сен булбулни жон деб тингларсан, Бедана сайраса, кайф ҳам қиларсан?

Иғвогар

(Қаддини ғоз тутади, у ҳам сигарета олиб тутатади).Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳазратим, Кўксимга сиғмайди, арзим, ҳасратим. Сизга нимасини айтай буларни, Гоҳо пайт билмайман не иш қиларни! Дунёга койишим сўнгсиздир, бироқ Бойўғли овозин севаман кўпроқ. У менинг қалбимни билиб сайрайди, Фақат у куйласа кўнглим яйрайди!

Шайтон

(Қаҳ-қаҳ уриб кулади. Иғвогардан узоқлашади).

Тушундим! Гапинг рост, маъзур тутасан, Ва лекин не сабаб номим сотасан?

Иғвогар

(Яна бўшашади, қадди букилиб, кўзидан ёш кўринади).

Сиз ҳақсиз, ҳазратим! Нимасини айтай, Одамлар ҳолимга қўймаса нетай! Кўп гуноҳ қилганман, тўғри, биласиз, Кулманг-е, ҳазратим, нега куласиз!.. Ҳар қачон балога бўлганда дучор Шайтон йўлдан урди, деганман кўп бор. Аммо мен, ҳазратим: буни – билмасдан, Борингизга ақлим бовар қилмасдан, Кўнгил кўчасига кириб айтгандим, Шу боис қисматни енгиб қайтгандим,

Шайтон

(Юзига қаҳрли тус беради).

Демак, бари тўғри!.. Шаккоклик қилдинг! Мендек бир Шайтонни ўлган, деб билдинг! Бас, энди мен сени олиб кетурман, Акс ҳолда ғазабга тўлиб кетурман!

Иғвогар

(Қалтираб-қақшаб, Шайтоннинг оёғига ўзини ташлайди).

Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳазратим, Ахир, мен айтгандим-ку сизга ҳасратим. Мендай бир ғаламис увол бўлмасин, Ғанимлар устимдан яйраб кулмасин. Онт ичай, худони ўртага қўйиб, Энди юражакман тилимни тийиб!..

Шайтон

(Сал бўшашади, юзида табассум пайдо бўлади).

Гуноҳинг бари-бир ўтмайман, ишон, Кулганим эмасдир раҳмимдан нишон. Лекин бир яхшилик қилай сўнгги дам, Мендан рози бўлгин, сен ҳам эй одам! Истасанг, мен сени олиб кетмайман, Етаклаб, қўлимни ҳаром этмайман. Айтаман қозонни келтиришади, Ичини ёғни билан тўлдиришади, Ичини ёғ қиздириб, обдон доғлаймиз, Қўлингни, кўзингни маҳкам боғлаймиз. Мен қўшиқ айтаман, сен-чи, ўйнайсан, Гар айбинг бўлмаса,тушсанг, куймайсан.

(Шайтон ўз малайларига буюради, улар Иғвогарнинг хонадонига қулоқли улкан қозонни олиб кириб, тагига ўт ёқишади. Ичини ёққа тўлдириб чиқиб кетишади).

Иғвогар

(Йиғламсираб.)

Ўлим ҳақ, ҳазратим!.. Майли, ёндиринг, Қонмаган қаҳрингиз бир дам қондиринг! Аммо бир илтимос: оз-оз ичсак -чи! Ўлимим олдидан кўнгил очсанг -чи! Сўнг, ўлсам, мингдан-минг розиман, майли, Бўлмаса,татимас у дунё сайли.  Шайтон  (Розилик ишорасини қилади.Иғвогар музлагичдан ароқ олиб келиб, қуйиб ичади. Сўнгра Шайтонга ҳам таклиф қилади. Олмагач, яна ўзини унинг оёғига ташлаб ёлвора бошлайди. Охири Шайтон рози бўлиб, пиёладаги майни сипқоради. Бу ҳолат уч-тўрт марта такрорлангач, иккаласининг ҳам кайфи ошади. Хонани ёғ ҳиди боса бошлайди.)

Бўлди, бас! Ортиқча ича олмайман, Қалбдаги қасосдан кеча олмайман. Қани, чиқ!.. Қозоннинг қулоғига чиқ, Ва менинг калимам – сўзларимни уқ! Мен қўшиқ айтаман, сен-чи, ўйнайсан, Гар айбинг бўлмаса,тушсанг куймайсан.

(Шайтон қўшиқ куйлаш бошлайди.)

Қайнагил,ёғим,қайна, Ўйнагин, ёрим, ўйна! Айбинг бўлса қоврилгин, Гуноҳсиз бўлсанг, куйма!..

Иғвогар (Яна ёлворишга тушади, ўзини Шайтоннинг оёғига ташлайди. Шайтон унинг елкасидан ушлаб турғазиб қўяди. Яна иккаласи бир пиёладан май ичишади).

Ҳазратим,таҳсинга сазовор бари, Қизиқ бўлар экан Шайтон ҳунари. Лекин мен ўйинни билмайман фақат, Бир ўйнаб кўрсатинг!.. Кўрсатинг шафқат? Сўнг ўзим тонггача ўйнайвераман, Ёғ ичра балиқдек қайнайвераман. Сизга садқа бўлсин, майли, бу жоним, Ўйинингиз кўрсам қолмас армоним.

Шайтон

(Бир оз тараддудланади. Иғвогарнинг ўйин билмаслигига ишонч ҳосил қилгач, қозоннинг қулоғига чиқиб, беўхшов ҳаракатлар билан ўйин бошлайди).

Дастлаб чап оёқда юра бошлайсан Ва сўнгра ўнгини дадил ташлайсан. Қани, қўшиқни айт!

Иғвогар (Ингичка овоз билан куйлай бошлайди.)

Қайнагил, ёғим, қайна, Ўйнагил, ёрим, ўйна! Айбинг бўлса, қоврилгин, Гуноҳсиз бўлсанг, куйма!..

( У қўшиқ айтиб туриб, Шайтонни қозон ичига итариб юборади. Хонани Шайтоннинг дод-фарёди босиб кетади. Атрофни қоп-қора тутун қоплайди. Иғвогар Шайтоннинг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, бошқа хонадан челак олиб келиб ёғни таший бошлайди. Узоқдан унинг тантанавор овози эшитилади.)

Эй, Шайтон, сен киму, ахир, мен кимман, Ғийбат диёрида подшо – ҳокимман.Сенларга йўл бўлсин, менга етмоққа, Мен борки, маҳкумсиз қонлар ютмоққа! Ким менга қасд этса шундай бўлажак, Қозонда – ёғ ичра қайнаб ўлажак! Энди “юзта-юзта” отмасам бўлмас, Сўнг бироз мириқиб ётмасам бўлмас. Қувончдан ловуллаб ёнмоқда юзим, Эртага бир ғийбат тўқимоқ лозим!..

( Музхонадан яна ароқ олиб келиб, қуйиб ича бошлайди).

Хотима

…Кеча мен учратдим ўша одамни, Иғво қилар эди, билмадим, кимни! Гўё кўзларида ўт ёнар эди, Чираниб, чақчайиб тўлғонар эди. Жимгина тингларди қайси бир кимса, Гапни маъқулларди уч-тўртта хумса. Кўрдиму, ўзимни чеккага олдим, Шу заҳот бир гапни эшитиб қолдим: Ҳануз зорланарди ошнам хотиндан, Озор чекар эмиш куну-тун шундай… Яна неларнидир сўзлар эди у, Янги бир иғвони кўзлар эди у. Билдимки, ошнамнинг “илҳоми” баланд, Чунки у иғвода – соҳиби талант! Кўрдимки, уч-тўртта тинловчиси бор, Демакки, унинг ҳам “илҳоми” бисёр, Билганлар чет-четдан ўтишар эди, “Ҳув ана, “Шайтон” деб айтишар эди. Ўзимча ўйладим, ҳам бўлдим ҳайрон, Асли у Шайтонми ёки инсон? …У бўлса ютоқиб тутун ютарди, Қаеридир одамга ўхшаб кетарди…

1978

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *