Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан шоир

(Достон)

Шайбонийхон Самарқанднинг Кўктошига миниб ҳаммасини олди. Бобур хондан тушган ўлжани Ўзбекистон, Қозоғистонга тақсим қилиб бўлиб берди. Ҳар уруғнинг ўзидан катта қилиб, бир хилини бек, бир хилини терговчи, бир хилини раис, ўз қўлидан ҳоким қилиб жўнатиб юборди. “Замон-замон Шайбонийхонники” деб жарчи қичқиртиб, подшолик қилиб ёта берсин…
Шайбони одамларга қараб бир сўз айтаяпти:

Худоё кетгай-да юракнинг ғами,
Бу ишлар, ёронлар, хақнинг фармони;
Ипакнинг қадри бежойин ўтди,
Йиғилишинг Самарқанднинг одами.

Ёвга от қўяр Ўзбекистон ботири,
Подшонинг олдига бордир шотири;
Йиғлишинг Самарқанднинг одами,
Менга ўтди шу ипакнинг қадири…

Баҳорлар селдирар боғнинг бодами;
Подшонинг олдида бордир маҳрами,
Менга ўтди шу ипакнинг қадири,
Йғилишинг Самарқанднинг одами.

Мен гапирсам, айтган гапим жуп экан,
Самарқандда ҳар ранг одам кўп экан,
Йиғилишинг Самарқанднинг одами,
Ипак деган қайси элда кўп экан?…

Самарқандда Хўжасавдогар деган бор эди, ўзи ўзбак эди. Қосимхон деган ўғли бор эди, Хуршидой деган қизи бор эди. Шу қизни тўрт яшарлигидан муллага ( ўқишга)берган эди. Ўзи кўп катта одам эди. Самарқандга ким подшо бўлса, подшонинг камлик нарсасини ҳамиша шу Хўжасавдогар қарз бериб турар эди.
Ана энди Шайбони Хўжасавдогарни олиб келди. Хўжасавдогар подшога бир сўз айтди:

Давлат берсин Сизга таборак субҳон,
Давлатингиз катта бўлсин, бегумон.
Кўрганимни Сизга айтай, тақсиржон,
Чин-Мочинда ипак бежо фаровон.

Амирнгизни менинг ўзим қилайин,
Туяларни тиркаб йўлда юрайин,
Чин-Мочинда ипак бежо фаровон,
Чин-Мочиндан ипак опкеп берайин.

Мен юраман занглаб ётган чўлидан,
Ошиб кетсам Қашқар-Довон элидан,
Денгиз Довонидан ошиб, подшойим,
Опкеп берай Чин-Мочиннинг элидан.

Қулоқ сонг подшойим айтган бу сўзга,
Йўл юрарман мен ўзим қула тузга;
Ипак деган қиммат нарса, подшойим,
Ипак олиб келиб берайин Сизга.

Йўлнинг жабдуғини қип беринг бизга,
Яхши хизмат қилай подшойим,Сизга,
Анжом-асбобларни сиз йиғиштиринг,
Шайбони хон, жавоб беринг сиз бизга.

Анжом-асбоблари ўзим қийтараман?
Нақ икки йил Самарқанддан кетарман,
Борув-келувлиги икки йиллик йўл,
Қизгинамни кимга ташлаб кетарман?

Эшитинг, подшойим, айтган зоримни,
Айтолмайман юрагимда черимни,
Ёлғиз қизгинамни ўзим қайтарман,
Мен сизга топширай ҳарна боримни…

Шайбонихон бир сўз деди:

Шайбонини ҳар нарсадан кам дема,
Гап гапириб, жигарингни нам дема,
Бурулмайин кета бергин, савдогар,
Мен эсонда ҳеч нарсадан ғам ема.

Йўл юрасан гоҳ эшакли , пиёда,
Не кўриб, кечириб ёлғон дунёда;
Мен эсонда бурулма ҳеч нимага,
Сиздай қип қарайман, сари зиёда.

Унинг учун асло хафа бўлмангиз,
Сарғайибди, сабаб нима, юзингиз,
Қайтин қараб жовдирайди кўзингиз.
Йўлнинг даркорлигини ўзим билмайман,
Олиб кетинг даркорликни ўзингиз.

Хўжасавдогар уйига қайтди. Уйга келиб Қосимхон ўғли,хотини билан маслаҳат қилди. Хуршидойни Шайбониникига олиб бориб қўйсак уни олиб қўяди, энди қандай қиламиз бу қизни, деди.
Самарқандда шайхи Бастон деган эшон бор эди. Подшонинг ҳам, одамларнинг ҳам пири эди.
Энди уни шайхи Бастон эшон уйига олиб бориб қўямиз. Катта одам, ўзи тоза эшон, қизимиз уйдагидай бўлибгина туради, деди. Хотини билан иккови қизини ияртиб шайхи Бастонга олиб борди. Энди Хўжасавдогар хотинининг Бастонга қараб айтаётган сўзи:

Тахсир, эшон Сиз эшитинг сўзимни,
Соғинганда ғам сарғайтар юзимни,
Мен кетган сўнг қаттиқ, тиклаб урушманг,
Мен эрка ўстирдим ёлғиз қизимни.

Кўрганларда яна ақлдан шошманг,
Кўнгилингиз – яна бир қайнаб жўшманг,
Мен эрка ўстирдим чироққинамни,
Мен кетган сўнг қаттиқ жеркиб урушманг.

Ёш боладир, кўкайин кесдирманг,
Бировларга яна йўлин тўсдирманг,
Мен эрка ўстирдим жоним боламни,
Бир ёмонга ўмганини бостирманг.

Оша юртга кетиб, ақлим шоширдим,
Остона деб, ўзим сизга бош урдим,
Хуршидойим қолди, сизга омонат,
Омонатдир, қилманг тағи хиёнат,
Ёлғиз чироғимни сизга топширдим.

Унда-бунда хабош-бебош юрмасин,
Ота безор қизилоёқ кўрмасин,
Ёлғизим беъмани асло юрмасин,
Ёлғиз фарзандимни сизга топширдим.

Кўрганларнинг юрак-бағри куймасин,
Чини пиёлага майлар куймасин,
Отабезор, тенгсиз қизилоёқлар,
Ёлғиз фарзандимни тағи тиймасин,
Бир ёмонга тағи тегиб қўймасин,
Эшонжон, қизимни сизга топширдим.

Ҳақ куйдирмагай-да кулба-хонамни,
Ўртамагин тағи гулдай танамни,
Яхшилаб боққайсиз жоним боламни,
Энажонгинамни сизга топширдим.

Шундай қилиб, қизини шайхи Бастонга топширди. Шайхи Бастон: – Нон-ош бўлса мўл. Муллага ўқиб, сабоқ олиб юради. Сиз келгунча кунда хўп қарайман, – деб қабул қилди. Энди Хўжасавдогар билан хотинининг димоғи чоғ бўлиб, уйга қайтди. Чин-Мочинга кетмоқчи бўлиб, карнай қўйдирди. Шайбонийхон билди, Хўжасвдогар Чин-мочинга кетмоқчи бўлибди, Йўл жабдуқларини Шайбонийхон ғамлаб, тараддуд қилди. Хўжасавдогар белат олди. Энди Шайбоийхонга қараб бир сўз айтаяпти:

Юракка тушмасин қайғуман войим,

Энди кетдим Чин-Мочиннинг юртига,
Хат юбориб туринг зинҳор, пошшойим.

Кўп шафқат қинг мендай карвон ҳолига,
Мен юрарман одамсиз кўп чўлига,
Ҳақимга дуо қинг мени, пошшойим,
Талаб қилдим Чин-Мочиннинг элига.

Қулоқ солинг мендай карвон додига,
Ҳаркимнинг қадри бор ўсган юртига,
То кўргунча дуо қилинг, пошшойим,
Кетар бўлдим Чин-Мочиннинг юртига.

Йўлиқмайин қароқчининг қаҳрига,
Йўлиқмайин ёмонларнинг заҳрига,
То кўргунча омон бўлинг, пошшойим,
Талаб қилдим Чин-Мочиннинг шаҳрига.

Эшитинг, пошшойим, ўзимдан додди,
Қаттиқ бўлмагай-да чўлда ҳасрати,
То кўргунча дуога бўнг, Шайбони,
Нон-насибам Хитой шаҳрига тортди.

Томоша айланг карвоннинг меҳнатига
Яхши қаранг туямнинг савлатига,
Йўл жабдиғин кўп беринг, пошшойим,
Энди кетдим Хитой мамлакатига.

Ана энди Шайбони ҳам ўз қўли билан бир яхши хат сизиб берди. – Отажоним, шу хатимга кўнмаган подшо Шайбонининг туби билан гаплашсин -деди. Энди Хўжасавдогарга қараб, Шайбонининг айтаётган сўзи :

Гап чиқади мендай пошшо тилидан,
Сиз ошарсиз Қашқар-Довон белидан,
Сафаринг бехатар бўлсин, савдогар,
Эсон-омон келинг Хитой элидан.

Гап чиқади куйганнинг хасратидан,
Қутулгайсиз бу дунёнинг ўтидан,
Эсонликни берсин сизга, савдогар,
Соғ-саломат келинг Хитой юртидан.

Ботир бўлмай совут, қалқон кеймайди,
Қўрқоқлар қўрқмаса ўзи тиймайди,
Ғам емай кета бер энди савдогар,
Хатни кўрган одам сизга тиймайди.

Хабар олинг одамларнинг ҳолидан,
Дори опкенг Қашқар-Довон чўлидан…
Хизматимни Чин-Мочиндан тиндириб,
Эсон-омон келинг Хитой элидан…

Томоша қинг савдогар ғайратига,
Ғул-ғула солиб Самарқанд юртига,
Қўнғироқлар тақиб катта туяга,
Энди кетар бўлди Хитой юртига.
Ҳамма одам, эсон-омон келинг деб,
Чувлашиб фотиҳа тортди бетига.

Икки йил, уч йил кетган одамлар нон-ош пиширмоққа хотинини ияртиб олиб кетар экан. Хўжасавдогар Қосимхон деган ўғли билан мингча одам бўлиб кетди.

Булбул учар боғда гулдан,
Ўрдак учар ойдин кўлидан,
Шайбонининг савдогари
Жўнади Самарқанд элдан.

Йигитлардин мени асло кам дема,
Қабул қил, олайин сенинг ўзингни.
Буралиб эгнингга қўлни солайин,
Ҳарна бўлсанг, сенинг билан бўлайин.
Мени дея қолгин ўйларни қўйиб,
Қабул қилгин, ўзим сени олайин.

Ана энди Хуршидой эшонга қараб бир сўз айтаяпти:

Омонат ўйласам тандаги жонинг,
Бузулмасми солиб қўйган маконинг,
Отам сенга топшурувди, э Эшон –
Шайхи Бастом, куйиб кетди иймонинг.

Ўртанибди, ҳай аттангга, гулдай тан,
. . . . . .
Худонинг лаънат бўлсин ўзингга,
Иймонгинанг куйиб кетди эшонжон!

Сен талтайиб ўз вақтингни хушлама,
Бошинг чайқаб, лабларингни тишлама,
Худонинг лаънати бўлсин ўзингга,
Шайхи Бастон, билагимдан ушлама!

Эшитгин иймонсиз эшон сўзимди,
Бу кунингдан ўлмаклигинг лозимдир,
Номаҳрамсан қўлгинамни ушлама,
Нега буйтдинг сен иймонсиз ўзимни?!

Энам шўрли ақлини шоширган,
Авлиё деб оёғингга бош урган;
Иймонсиз қўя бер менинг қўлимни,
Энам сенга омонат деб топширган…

Эшитган дейман эшшак эшон тилимни,
Вой аттанг лойладинг ойдин қўлимни,
Номаҳрамсан билагимдан ушлама,
Қўя бергин, нари хар эшон, қўлимни!

Ана энди Хуршидойнинг аччиғи келди, эшонинг қоқ манглайига оптова билан солиб юборди; эшонинг пешонаси ёрилди. Эшон тўрт юз халфаси билан, тўрт юз муриди билан Хўжасавдогарнинг олдига чиқиб кетди.
Хўжасавдогар қизини соғинган, энаси ҳам соғинган, акаси ҳам жуда соғинган. Орадан икки йил ўтибди, Хуршидойни бир кўрган эмас.
Хўжасавдогар эшоннинг олдига пешвоз чиқиб, отини ушлаб бойлади, чодирига олиб бориб киргизди, кўп зиёфатлар қилди. Энди эшон бир сўз айтаяпти:

Эрисин тоғларнинг қори эрисин,
Ҳар одам олгани билан қарисин,
Қиз халқини кичикликдан эрга бер;
Дод-фарёд Хуршид қизинг қурисин.

Қаторингда тиркаганинг нор экан,
Сўрай берсанг юрагимда чер экан,
Шу бугун борувдим қизинг олдига,
Ўн-ўн бешча қизилоёқ бор экан.

Сочларини тўқсон олти ўрибди,
Ўрталиққа Хуршид қизинг кирибди,
Қизилоёқларга коса берибди,
Ёмонларман ашула қип турибди.

Соп ёмонни Самарқанддан жийдирди,
Олтин косаларга майлар қуйдирди,
Дод-фарёд, қизинг қурсин, савдогар,
Тонг отгунча юзларидан суйдирди.

Самарқандда тоза гулдан терибди,
Зулфларини ғажак қилиб қўйибди,
Хуршидой қизингни мендан сўрама,
Кўчаларда ашула қип юрибди.

Ўла ўлгунча иснод бўлди бетингга,
Сен ўйласанг, душман тушган кетингга,
Хуршидой қизгинанг… бўп кетган,
Боролмайсан Самарқанддай юртингга.

Шу гапни эштитиб, Хўжасавдогарнинг димоғи куйиб кетди. “Бу одам катта одам, ёлғон айтмайди.Қизни катта қилмайдиган (экан)”, -деди. Қосимхонни чеккага чиқариб, бир сўз айтди :

Хуршидойнинг ик кўзини ёшлагин,
Отанг касал дегин, вахтин хушлагин, –
Мингаштириб чиқиб у шармандани,
Даштларга чиқариб, сўйиб ташлагин!

Олиб чиққин Саричашманинг дашига,
Болта қўйгин Ойхуршиднинг бошига,
Пушаймонлар қилсин қилган ишига,
Ғажир қўнсин Ойхуршиднинг гўштига.

Ойхуршиднинг билмаганин билдиргин,
Ханжар билан юрак-бағрин тилдиргин,
Олиб чиқиб Саричашма даштига,
Раҳм айламай Хуршидойни ўлдиргин!

Менинг билан ўзинг дарров юр дегин,
Хон отангни ўлмай туриб кўр дегин,
Алдаб олиб чиққин Саричашмага
Хуршидойни, раҳм айламай ўлдиргин!

Нима деса ишонмагин сўзига,
Қизилоёқ ошна бўпти изига,
Саричашмада Ойхуршидни ўлдиргин,
Раҳм айламай ер юткурнинг ўзига!

Ўйиб ташла Ойхуршиднинг кўзини,
Ғам сарғайтди савдогарнинг юзини,
Раҳм айламай олиб чиқиб дашига,
Сўйиб ташла Ойхуршиднинг ўзини!

Ана энди айтганингни елдиргин,
Очилмайин гулистонни сўлдиргин
Айтадирган сўзим шулдир, Қосимхон,
Олиб чиқиб Хуршидойни ўлдиргин!

Қосимхон бечора жонини сотди,
Димоғлари чўртта куйиб кетди,
Энасин мингаштириб олиб кейинга,
Уштараплаб Самарқанд қараб қайтди.

Кўп гап келди Қосимхон ўйига,
Энаси иккови йўлди мингашиб,
Кириб келди икковлари уйига.

Қариндошлар бари кўргани келди,
Эна деб қизи ҳам кўргани келди.
Бирин-бирин бари сўрашиб олди.
Жур эса, отам касал, синглим деб,
Хуршидой синглисин миндириб олди.
Энаси меҳрига тўймайин қолди.

Ука бўлар бу дунёинг ҳаваси,
Ўлим қурсин сира йўқдир давоси,
Иков эмас, учов эмас синглиси,
Яратганда ёлғизгина укаси.

Хафа бўлмай юарк-бағир куймайди,
Ингранмайин кўздан ёшни қуймайди
Қандай қилиб сўйсин укажонини,
Ўлдиргани кўзгинаси қиймайди.

Ёқаси хўл кўзидаги ёшига,
Чўл титради йиғлаган нолишига,
Ойхуршиднинг кўнгиллари бузилди,
Ҳайрон қолди акасининг ишига.

“Одамзодни гап бузар, ерни сув бузади”. Хуршид айтди: “Отагинам ўлган экан; отам ўлмаса, акам бундай йиғламаса керак эди”.
Ана энди Хуршидой бечора акасига қараб бир сўз айтди:

Ўлимнинг ханжари бағрим тилдими,
Яратганим жудоликни солдими,
Нимага бўзлаб йиғлайсиз, акажон.
Давлат бошим -отажоним ўлдими?

Куйганлардай гапни гапга улайсиз,
Кўзда ёшни печинг билан силайсиз,
Давлат бошим -отажоним ўлдими,
Акажон, нимага ўксиб жилайсиз?

Тоғларнинг бошини туман чалдими,
Ўлимнинг ханжари бағрим тилдими,
Оша юртда отажоним ўлдими,
Етимлик бошима тушиб қолдими?

Чин-Мочинда отагинам ўлдими,
Жудоликни эгам менга солдими,
Нимага йиғлайсиз бағринг эзилиб,
Отам ғариб бўп олисда қолдими?

Юрган ерларингиз боғ билан бўстон,
Жонимни жонингга айлайин қурбон,
Отам ўлгандайин бўзлаб йиғлайсиз,
Йиғлаганинг маънисин айт, акажон
Давлат боши – отажоним ўлдими?

Сулув қизлар таблаб қўяр сочини,
Эр йигит душмандан олар ўчини,
Отам ўлгандайин бўзлаб йиғлайсиз,
Менга айтинг йиғлаганнинг важини.

Самарқандга худо ғорат солдими,
Аркони давлатинг сабил бўлдими,
Нимага йиғлайсиз кўнглинг вайрон бўп,
Кўнгил тўқи отагинам ўлдими?

Ана шунда Қосимхон сингилсига қараб изиллаб йиғлаб, бир сўз айтаяпти:

Кўп тортганман чироғим койшингни,
Қара, ғажир еб кетади гўштингни,
Тош сийнамда кулфатим кўп қўзғама,
Биласанми қиладиган ишингни?

Сочларингни тимгил-тимгил ўрибсан,
Боғ оралаб тоза гулдан терибсан,
Сен уялмай ўзбошимча жувонмарг,
Кўчаларда ашула қип юрибсан.

Уялмайин бўз болани йиғдириб,
Олтин пиёлага майлар қуйдириб,
Боши очиқ эрга тегсанг бўймиди?
Бўз болага юзларингдан суйдириб,
Қариндошнинг ҳаммасини куйдириб,
Биласанми қиладиган ишингни?

Суяги тозани айтсанг бўймиди,
Ватанимга ўзинг кетсанг бўймиди,
Қариндошдан бир одамни оп келиб,
Никоҳ қилиб уйда ётсанг бўймиди?
Халойиққа бизни қилдинг шарманда!…

Катта эшон олдимизга етди,
Бориб туриб, сенинг қилган ишингни
Бир-бир қилиб барин отама айтди.
Уялмайин шунча ишлар қилибсан.

Қизилоёқ бўз болани ияртиб,
Тонг отгунча базм қилиб юрибсан
Шайхи Бастом бориб отама айтди,
Отам беҳуш бўлиб ўзидан кетди,
Отам Хуршидойнинг кўзин ўй деди,
Олиб бориб Саричашма даштига,
Типирлатиб, молдай қилиб сўй деди.

Хуршидой номаҳрамнинг юзини кўрган йўқ эди, Эшоннинг пешонасига бир уриб эди, энди билди, бу гап эшондан бўпти.Эшоннинг туҳмат гапига ишонибди. “Ҳа ака, туҳмат билан эр ўлибди деган экан. Ҳарчанд айтган билан ишонмайсиз… ўлгир” – деди.
Бир кийик ўйнаб шу ерга келди. Қосимхон акаси: “Буни ўлдиргандан ҳеч гап бўлмаса”, деди. Ҳалиги кийикни отди. Хуршидойни шу ерга ташлаб: “бор чироғим, худога топширдим”, – деди, жуда хафа бўлди, йиғлаб уйига қайтаверди.
Энаси бу гапларни билмас экан. Энаси бечора Қосимхоннинг рангидан қўрқиб, қараса, қизи йўқ. Ана энди энаси Қосимхонга бир сўз айтаяпти, бирни Қосимхон айтаяпти.

Ўйласам омонат банданинг жони,
Ҳамроҳ бўлғай ўлганларнинг иймони,
Иков кетиб ёлғиз келдинг, Қосимхон,
Била кетган Хуршидой синглинг қани?

Вой энажон, ик кўзимни ёшладим,
Куйиб кетиб, бармоғимни тишладим,
Сенга фарзанд, менга ука қайдадир,
Хуршидой қизингни сўйиб ташладим.

Нега жабр қилдинг ёлғиз қизима,
Йиғлаганда ёш тўкилар юзима,
Била кетган ёлғиз қизим қаникай?
Ҳақ ҳурмати рост гапиргин ўзима.

Эшитгин, энажон ўзимдан додди,
Дунё тушсин ҳаммамизни бўзлатди,
Ёмон ишни қизгинанг қилган экан,
Хуршидой ёлғончи дунёдан ўтди;
Сенга фарзанд, менга ука қайдадир.

Нега сувгинасин ўзинг лойладинг,
Нега кунгинасин қора айладинг,
Рост гапиргин тилгинангдан Қосимхон,
Нега хуршидойни сўйиб ташладинг?

Вой укам деб, кўзгинасин ёшлади
Ҳай аттанг деб, банди бўғнин бўшлади,
Вой синглим деб, зор йиғлади Қосимхон,
Лола гулдай қон қипти кийимини
Энасин олдига отиб ташлади.
Хуршиднинг кийимин кўриб энаси
Во болам деб, манглайига муштлади.

Хуршидойнинг кийимларин силади,
Кўзга суйкаб ўраган рўмолларин,
Ёлғизгина қизгинам деб йиғлади;
Эна деган сўзларини соғиниб
Юрак-бағри кабоб бўлиб йиғлади.

Бу ўлимнинг сира йўқдир давоси,
(Кўп бўлмайди яхши одамнинг ҳавоси),
Вой укам деб, таёғини таяниб,
Бағрим деди Хуршидойнинг акаси.

Икковининг банди бўғни бўшади,
Ўлим қурсин суяклари шовшади,
Қосимхон укам деб, эна қизим деб,
Бири болам, бири укам дейишади.

Энаси болам деб, бағрини йиртди,
Боласи ўлган-да, тақдири қаттиқ,
Куйлакларин ҳар искайди энаси
Болам деб, гулдайин бетларин йиртди.

Куйганидан гапни гапга улайди,
Кўзда ёшин енги билан силайди,
Вой бағрим деб, ўпкасини босолмай,
Қосимхон, укам деб, бўзлаб жилайди.

Вой болам деб, энаси дод айлади,
Укам деб Қосимхон фарёд айлади,
Қучоқлашиб ҳар йиғлайди иккови,
Хуршидойнинг арвоҳин шод айлади.

Энасин бадани идраб кетди,
Йиғламай найласин қисматлар қаттиқ,
Эна халқи қизга меҳрибон экан,
Кийим -кечакларин бағрига босиб,
Болам деб, беҳуш бўп ўзидан кетди.

Баданлари мўмдайин балқиб кетди,
Ўлим қурсин феъли ёмон эканлар,
Баданлари талоқдай чуйкаб кетди,
Хафа бўп иккови ўзидан кетди.

Булар бу ерда ёта берсин, энди гапни Хуршиддан эшитмоқ даркор, Гуноҳкор бўлган, элга кела олмайди. Адашганнинг олди йўл. Дод-фарёд деб, ғариби муштипар, бечора бўлибди:

Ҳай аттанг-а, қанотидан қайрилиб,
Лоёб ерда оёқлари тойрилиб,
Ўпкасини босолмайди муштипар
Туҳматман ота-энадан айрилиб.

Юрган ери гоҳ қамишлов, дашт экан,
Кўзидан тўкилган қонли ёш экан,
Шунча жабр қилди унинг жонига
Туҳмат деган бежо қийин иш экан.

Койиш кўрди мана ёлғон дунёда,
(Туйғун қуш таралар баланд уяда),
Яланг оёқ ер босмаган Хуршидой
Бораётир сувсиз чўлда пиёда,
Туҳмат деган ёмон экан дунёда.

Беклар отга солар олтин эгарди,
Ёшликдан ўқиган алиф-забарди.
Қуш учса қаноти куяр чўлларда
Хуршидойнинг оёқлари қабарди.

Савдо кўрган одам бахти қорадир,
Ўлмаган охири даврон суради,
Яланг оёқ ер босмаган Хуршидой,
Бош қаттиқми, тош қаттиқми, ёронлар,
Кеча-кундуз чўлда тинмай юради.

Юрагида ғам кўп дард билан анча,
Хизмат қилар эди бунга бир неча,
Оёғи қабариб, тирноқ тўкилиб,
Юрмайин не қилсин, иложлар қанча?

Туҳмат билан бежой тортди оҳу вой,
(Кўлга борса, таралади қарчиғай),
Қуш учса қаноти куяр даштларда
Кечалари йўл юради Хуршидой.

Кундуз куни паналарда ётади,
Доим кечаси юриб кетади.
Неча қирдан оша-оша югуриб,
Мажнун толдай қадди ёйдай букилиб,
Бораётир соф одамсиз даштлардан,
Тошга тегиб тирноқлари тўкилиб,
Юрган изга қўчқил қонлар ёқилиб.

Самарқандда бежой кўпдир хотири,
Подшонинг олдида бордир шотири,
Оёғи қавариб, тирноқ тўкилиб,
Даштда ўтди парча ноннинг қадири.

Йўл юради занглаб ётган дашига,
Ёқалари ҳўл бўп кўзда ёшига,
Бораётир қуло чўлда ой Хуршид,
Яқинлади Қўқон элнинг дашига.

Йиғлай-йиғлай жуда ўпкаси пишди,
Ёш баччади, унинг ақли шошди,
Ўн бир кеча, ўн бир кундуз йўл юриб,
Ой Хуршид довонга базўр тармашди.
(Қора сочи ойдай юзга ярашди),
Довондан ой Хуршид йўл юриб ошди.

Қулоқ солинг гапнинг ёлғон, ростига,
Ҳеч ким йўлиқмасин ноҳақ қасдига,
Йиғлай-йиғлай ошиб энди довондан
Юриб борди бир чинорнинг остига…
Чинорнинг остида Хуршид турганда,
Бир шунқор талпиниб қўнди бошига.

Ана энди бу бечора шу ерда тура берсин, гапни бу ёқдан эшитмоқ даркор.
Қўқон подшосининг ўғли Ҳакимхон беш юз йигити билан ов қилиб юриб эди. Ана қуш давр олиб учиб кетди. Ҳаммаси қушдан адашиб қолди. Ҳар қайсиси ҳар камарга қушни ахтариб кетди. Ҳакимхон сой билан чинорга яқинлаб етди, қараса қуш кўринди. Шундай қараса, бир қизарган нарса кўринди. Аста-аста яқин борди. Яқин борса, қуш бирқизнинг бошига қўниб турибди. Шундай Ҳакимхон қараса, бир паризод. Қошлари қийилган ёйдайин, юзлари ўн беш кунлик ойдайин, тиши оппоқ дурдайин, баданлари қордайин, уни мақтаб қайтайик, жаннатдан чиққан ҳурдайин. Ҳакимхон маст, беихтиёр бўлди. Узангига оёғини гираб, паризодга қараб, бир сўз айтаётибди:

Ҳурмисан, ғилмонмисан,
Кўзгинанг мастонмисан,
Лабгинанг қанду асал,
Ё тўти булбулмисан,
Ҳар сочинг сумбулмисан,

Ё Ёзи, Зебомисан
Ё Ширин,Фарҳодмисан.

Кўзгинанг юлдузмисан
Сен қандай жононасан,
Эрамда паримисан,
Манглайнинг шўримисан.
Ё Зуҳра, Тоҳирмисан,
Ё бир турли шоирмисан.
Ё ҳурсан, башармисан,
Кўзгинанг мастонамисандир,
Сен нечук жононасан?

Гапиргин эшитай мен ҳам тилингни,
Қандай одам қора қилди кунингни,
…………………………………………….
Қай одамнинг миллатидан бўласан?

Сабаб нима сарғайибди юзгина,
Айта берса кўп бўлади сўзгина,
Мазҳабингни, миллатингни баён бер,
Миллатингни менга айтгин, қизгина.

Ода бўлмас бу дунёнинг ҳасрати,
Йигитни ўртайди сулув ҳасрати,
Қайси жондан, қайси тилдан бўласан,
Сенинг ўзинг қандай одам миллати?

Жонмисан, жононмисан,
Кўзгинанг мастонмисан.

Ана энди қиз бечора ҳалиги отлиқ кишига қараб бир сўз айтаяпти:

Янги келдинг, яна қайтиб келмагин,
Яхшилик кўр, ёмонликни кўрмагин,
Ким ҳам бўлсанг кета бергин йўлингга,
Тор сийнамда аламим кўп, сўрмагин.

Номаҳрамсан бу ерларда турмагин,
Юрагимда алам кўпдир, сўрмагин.

Юриб келдим мана тоғнинг дашига,
……………………………………………..
Ким ҳам бўлсанг кет, йўлингдан қолмагин,
Айланма фалокат босган кишига.

Ер юзига сиғмас юрагим дарди,
Сўрасанг, бебахтнинг йўқдир элати
Яхши йигит, юра юергин йўлингга,
Менинг ўзим он хазратнинг уммати.

Ким ҳам бўлсанг, кетгин йўлдан қолмагин,
Тор сийнамда ситамим кўп, сўрмагин,
Кет, кет бу ерда асло турмагин!

Зотим сўрсанг, менинг ўзим мусулмон,
Оҳ урсам, танамда йўқдир ҳеч дармон,
Ким ҳам бўлсанг кет, йўлингдан қолмагин,
Келган йўлга кета бергин, меҳмонжон.

“Туси яхшидан тўнгилма”. “Гапидан маза чиққаннинг ўзидан ҳам маза чиқади”. Ҳакимхон Хуршидга қараб бир сўз деяпти:

Ҳақ ҳурмати, айтгин менга дардингни,
Ким зиёда айлади ҳасратингни?
Сендай қиз ҳам эл-элатсиз бўларми?
Менга айтгин униб-ўсган юртингни.

Темир найза эговласа ўтарми?
Пўлат найза қон тубида ётарми?
Авлод-аждодингни айтгин, кўзингдан,
Мард киши жўрасин ташлаб кетарми?

Хафанинг кўзида тўкилар ёши,
Ҳар савдо кўтарар одамнинг боши,
Мард киши жўрасин ташлаб кетарми?…
Жўрасин ташламоқ хумсанинг иши.

Сабаб нима сарғайибди юзларинг?
Йиғлаганга ўхшаб кетди кўзларинг;
Ўлмайин кетмайман сенинг олдингдан,
Ҳақ ҳурмати айта қолгин дардингни,
Ҳар турли бўлиб кетади сўзгинанг,
Юракда дардирнгни айтсанг, қизгина,
То ўлгунча хизматкоринг ўзгинам.

Рост гапиргин сенинг билан бўлайин,
Қора каллам этагингга солайин,
Менга айтгин юрагингда борини,
То ўлгунча хизматингни қилайин,
Ҳақ ҳурмати, рост сўйлагин қизгина.

Энди қиз бир сўз деяпти :

Сўйламоққа, қайтай, менинг тилим йўқ,
Борай десам, хешу табар, элим йўқ,
Терай десам, бир боғчада гулим йўқ,
Тор сийнамда аламим кўп, бегижон,
Бормоқликка, қайтай, менинг элим йўқ.

Қавмим йўқ, қайтайин, қариндошим йўқ,
Дардим айтар менинг эмикдошим йўқ,
Ажал етиб ўлиб кетсам чўлларда,
Укам дерга менинг эмчакдошим йўқ.

Ким ҳам бўлсанг, кет йўлингдан қолмагин,
Тор сийнамда дардим кўпдир, сўрмагин.

Ҳол-хозирда ўзим бир ёш боламан,
Сен гапирсанг, рангим гулдай сўламан,
Синглим дерга бир суянчи акам йўқ,
Отам йўқ, қайтайин, менинг энам йўқ,
Аслим сўрсанг, авлоди йўқ бўламан.

Тор сийнамда аламим кўп, сўрмагин,
Кетавер, меҳмонжон, бунда турмагин…

Боғлардан тергайсан тоза гулингди,
Тилла камар хўп ярашган белингдир,
Кет десам, меҳмонжон, нега кетмайсан,
Нима дейди униб-ўсган элингди,
Қай уруғдан, ўзинг кимнинг зотисан?

Ана энди Ҳакимхон бир сўз деяпти:

Очилган чаманнинг тоза гулиман,
Отамман энамнинг жони-дилиман,
Аслим сўрсанг, бир якдона гавҳарман,
Қўқон подшосининг ёлғиз улиман.

Кимга айтай юрагимда дардимни,
Қўқон дейди ўсган вилоятимни,
Мен сенга зотимни айтсам, паризот,
Ҳакимхон дер, аслим сўрсанг отимни.

Хумсага тушмасин бир марднинг ори,
Худоё кетгай-да юракнинг чери,
Ҳакимхон дер, аслим сўрасанг, отимни,
Отам сўрсанг, ҚЎқон элнинг тождори.

Нечовга ажал шарбатни ичирдим,
Бемаҳалда карвонимни кўчирдим,
Сабаб билан келдим сенинг олдингга,
Шунқоримни мана чўлда учирдим.

Аслим сўрсанг хонзодаман, қаддингдан,
Тараҳҳумлар қилгин менинг ҳолима,
Жон айласин, мол айлансин ўзингдан,
Менинг билан кетасанми элима?

Ҳеч ким йўлиқмасин ёмон қаҳрига,
Булбул сайрар тоза гулнинг баҳрига;
Мен сенга ростини айтсам қизгина,
Бизи билан юргин Қўқон шаҳрига.

Боғларга борай-да олма отайин,
Қабул қилсанг, мудддаомга етайин,
Аслим сўрсанг, аслзода, паризот,
Юргин, сени элга олиб кетайин.

Хўп ишонгин энди айтган тилима,
Кўп сўзладим раҳм айлагин ҳолима,
Борар бўлсанг, кел-да мингин отима,
Олиб кетай энди сени юртима.

Ўл-ўлгунча посбонгинанг бўлайин,
Элга боргунча жиловдоринг бўлайин,
Қўлтиғингдан шундай суяб, паризот,
Ўлганимча айтганингни қилайин.

Энди Хуршидой бир сўз айтаяпти :

Боққа кирган анжир-анор отмасим?
Ғафлат босган доим ухлаб ётмасми?
Мен сенингман борсам ўзим ияриб,
Ота-энанг отасиз деб айтмасми?
Бу гапларнинг орти бордир, ўйлагин.

Билдим, хонзода экансан юртингга,
Нечовлар туради бу хизматингга.
Бир киянги қизни олиб келдинг деб,
Дўст-душман таъна қилар бетингга.
Кўп гапиртиб маъни бердим сўзингга,
Бир кунлари тараф тушар изингга,
Мингаштириб олиб борсанг, бегижон,
Чўлда юрган қизни хотин қилдинг деб,
Сафсата гапларни айтар ўзингга.
Ёнашмай ўйлагин, орти кўп ёмон.

Кўп чопилса отингиздан тер келар,
Ёмон гапга юраклардан чер келар,
Мени олиб борсанг Қўқон элига,
Даштда юрган қизни оилб келдинг деб,
“Гапда қанқув ёмон, дардда санчув ёмон”
Ўйлангиз юу гапни, орти кўп қийин.

Моша босса, занглаб чиққан ўқмиди?
Юракларда қайғу билан доғмиди?
Кўнгилни қийшайтманг мендай чўрига,
Элтингизда отали қиз йўқмиди?

Тақдир қурсин менга бўлган қиёмат,
Ўйласам, эсонлик ҳамиша ғанимат,
Бемаслаҳат гапнинг кўп пушмони бор,
Аввал элингизман қилинг маслаҳат,
Ота-энангизман қилинг маслаҳат.

Мен бир отасизман, энам ҳам йўқ. Мен сенга тегаман десам, отанг: “Сенга элимда бир қиз йўқмиди, сен даштда юрган бир киянкини оилбсан” – деб айтади. Қариндошларинг ҳам айтади: “Сен бир элнинг подшосининг ўғли санакан, мен бир тенгсиз қизман, бу қеълингдан қайтгин”, – деди.
Ана энди Ҳакимхон кетай деса, хаёли қочиб қўйди, шу қизга. Қоши-кўзларига кўнгли кетиб, бир сўз айтди:

Текис ерда илдам отни еламан,
То ўлгунча хизматкоринг бўламан,
Қабул қилсанг ўзгинамни, қизгина,
Отамдан кечсам ҳам сени оламан.

Сен подшосан, мен вазирман, қаддингдан,
Нима десанг, мен амрингни қиламан…

Жонгинам садаға ҳарбир кўзингдан,
Бу танам айлансин ойдай юзингдан,
Аввал кўнглинг билан қилгин маслаҳат,
Маслаҳатни ўзинг бергин, сўзингдан.

Давлатлиман душман тушмас изима,
Нима десам, сен ишонгин сўзима,
Аввал ўзинг билоан ўйлаш, юзингдан,
Бўлар гапни айта қолгин ўзима.

Биламан ўзингда кўпдир шарофат,
Ўзингга ёнашмас асло касофат.
Мен ҳам билсанг, бир якдона гавҳарман,
Ростин айтсам, ҳушим кетди, парзот.

Тилгинангдан, дуруст-дуруст сўйлагин,
Ўйгинама борсанг гулдай жайнагин,
Мен сенга ростини айтсам, қизгина,
Тегар, тегмасингни баёт айлагин.

Хуршидой шунча ўйлади: – “Шундай бир тиклаб қара”, – деди Ҳакимхонга. Ҳакимхон Хуршидойга тиклаб қаради. Энди Хуршидой ўзи Ҳакимхонга тиклаб, джуда чини билан қаради. Қараса, Ҳакимхоннинг аъзойи баданидан, кўзидан ҳеч ёмонлик чиқмайдиганга ўхшайди. Хуршидой айтди: “Туси яхшидан тўнгилма”, – деган ота-бобомиздан қолган гап бор. Ҳакимхонга бир сўз деяпти:

Қаторингда лўкча-норинг бўлайин,
Ўйнаб-кулар харидоринг бўлайин,
Кўнглинг тўлса беквачча ўзима,
Қиёматлик сенинг ёринг бўлайин…

Қизил гуллар очилганда сўлмаса,
Дўсти душман сенга товба қилмаса,
Олиб борсанг мени ҳозир уйингга,
Даштда юрган хотинни сен олдинг деб,
Жўраларнинг сенга таъна қилмаса,
Жоним қурбон сенинг қадди-бўйингга,
Ҳеч гапни келтирма энди ўйингга,
Шунча айтдим, қулоғингга олмадинг,
Олиб боргин эса бизни уйингга.

Ана энди Ҳакимхон дўнгнинг устига чиқиб довул урди. Беш юз йигитининг ҳаммаси йиғилиб келди. Ҳакимхон : “Мен хотин олдим”, – деди. Отасига Отасига хат ёзди. Йигитлари хатни олиб бориб, Қўқон подшосига кўрсатди. Ўғли : “Мен хотин олдим. Отам тўй кераклигини қилсин, келиб мени олиб кетсин”, – дебди.
Ҳакимхоннинг отасининг оти Файзуллахон экан. Файзуллахон ўғлига бир хат ёзиб берди. (Йигитлар хатни олиб келиб, Ҳакимхонга берди. Ҳакимхон хатни ўқияпти, Хуршидой ҳам ўқиб ётибди. Бу отасининг хатда айтган сўзи :

Ҳарким ўз элида гавҳи, сафоси,
Кундан кунга кўп бўлади жафоси,
Мени деса, шу хотинни олмасин,
Даштда юрган қизнинг бўлмас вафоси.

“Айтмадимми?” – деди Хуршидой Ҳакимхонга қараб :

Бедов минган уйдан қирга чопинар,
Нур кўрганлар авлиёга топинар,
Даштда брган қизнинг бўлмас вафоси,
Қўқон элдан яхши қизлар топилар.

Фарзандим эшитсин ўзимдан сўзни,
Соғинганман, тўрт қилдим икки кўзни,
Қўқон элда яхши хотин бежой кўп,
Мени деса, олмасин ёлғиз қизни.

Қулоқ солсин мендай подшо додига,
Болам келсин Қўқон мамлакатига,
Даштда юрган қизни олса, Ҳакимхон,
Жўралари бир бузуқни олди деб,
Дўсту душман таъна қилар бетига.

Хуршид : “Аймадимми?” – деди. Ҳакимхоннинг димоғи куйиб кетди. Хуршидойга қараб бир сўз айтди :

Сени кўрсам кетар юрагим чери,
Арилгай-да, сенинг манглайинг шўри,
Чўртта-пўртта олим сенинг ўзингни,
Қайтайин, отамнинг йўқдир даркори.

Сакта сўзни хўп айтибди ўзима,
Сендан ўзга кўринмайди кўзима,
Хайр десанг, сени олганим бўлсин,
Ота-эна даркор эмас ўзима.

Қишнинг куни кетмас тоғларнинг қори,
Кўп бўп кетди юрагимнинг ғубори,
Харй десанг, сени олганим бўлсин
Ота-эна менга йўқдир даркори…

Эшитсин отамман энам ўйимни,
Хушвақт бўп қилмади менинг тўйимни,
Шу хотинни энди олганим олган,
Кўрсатмайман ота-энама бўйимни.

Майлисларга бўза, майни ичмайман,
Ёв бўлмайин душманимни санчмайман,
Отамман энамдан кечдим мен ўзим,
Пес бўлайин хотинимдан кечмайман…

Ота-энам ҳеч келмасин кейнимдан,
Айрилмайман энди бу хотинимдан.

Ҳакимхон аччиғи келгандан одамларга бу сўзларни айтди : “Баринг йўқол!” – деди. Одамлар кетди, бориб подшога айтди. ПОдшонинг ҳуши бошидан учиб кетди, айтган гапларига пушаймон қилди. Ана энди номозшом бўлгандан кейин Ҳакимхон, хотинини отга миндириб олди, Қўқонга кетдию Борди-да бир уйга тушиб ёта берди. Отаси билан энаси пушаймон қилди, бу пушаймони фойда қилмади.
Орадан бир йил ўтди, хотини бир ўғил туғди, отини Аҳмадбек қўйди. Одамлар отасига бориб : “Келининг ўғил туғди” , – деди. Подшо кўп хушвақт бўлди. Орадан яна бир йил ўтди. Ана энди ҳалиги болакай эмаклабгина кетди. Хайғоз-хайғоз туриб, йиқилибгина юради. Бир куни Ҳакимхон пешин намозини ўқиб ётиб эди, болакай эмаклаб олдидан ўтди. Ҳакимхон билагидан тутиб олиб қўйди. Намозни ўқиб қараса, хотинининг ҳар кўзидан етмиш тарам ёш тўкилиб, юзгиналарига ёқилиб , ёқалари ҳўл бўлиб, энгиз-тенгизи чиқиб йиғлаб ўтирибди. Буни кўриб, хотинига қараб, бир сўз айтаяпти :

Сени кўриб юрак-бағрим эзилди,
(Урушда отларнинг ёли сўзилди),
Нимага йиғлайсан кўнглинг вайрон бўп,
Нимага вайрона кўнглинг бузилди?

Боғда пишган олма, анжир, нормиди,
Қаддингдан, юрагинда чермиди,
Сен йиғладинг, менда дармон қолмади
Қизим дерга ота-энанг бормиди?…

Сарғайибди сени кўриб сиёғим,
Кўп бўлди, қайтайин, юракда доғим,
Энанг билан отажонинг бормиди?
Сен нимага зор йиғлайсан севгилим?

Сулув қизлар бураб қўяр сочини,
Мард йигит душмандан олар ўчини,
Сен йиғладинг, менда дармон қолмади,
Менга айтгин йиғлаганинг важини.

Ана энди хотин бир сўз деяпти :

Мендай ойим ювиб-ўрган сочини,
Париллаб учади чўлнинг лочини,
Мен йиғламай, ким йиғласин, беквачча,
Йиғлаганим менинг сизнинг учуни.

Зулфгинамни ярашиққа силайман,
Куйганимдан гапни гапга улайман,
Мени десанг, бошқа ўқи номозни
Йиғлаганим сизнинг учун йиғлайман…

Шу номозинг бузилганига йиғладим, – деди. Ҳакимхон : “Энди бунинг билан чини билан гаплашмасам бўлмади. Бунинг отаси бор, энаси борга ўхшайди. Ота-энаси бўлмаса эди, бу бунча гапларни билмас эди. Бу бир эсли одамнинг боласи экан”, – деди. Ҳакимхон хотинига қараб, бир сўз айтаяпти :

Нима дейди ўсган вилоятингни,
Айта бергин юрагингда дардингни,
Элу элас ўзингда бор ўхшайди,
Менга айтгин авлоди-аждодингни.

Юрагингдан кеткар қайғу-мотамни,
Обод қилгин энди яхши ватанни,
Сўйлагин эшитай рост тилингни,
Хабар бергин энанг билан отангни.

Бир тублига ўхшатувдим кўзингни,
Хонзодага ўхшатаман ўзингни,
Ростин айтгин қайси элдан бўласан?
Ёлғон айтма, тўғри айтгин сўзингни.

Сабаб нима кўзингдан ёш тўккансан?
Ҳар саҳарлар қаддинг ёйдай буккансан,
Авлод-аждодингни айтгин қаддингдан,
Сабаб нима сен элингдан чиққансан?

Хафа бўлмай кўздан ёшни тўкмайди,
Тентак одам ҳеч кишига ёқмайди,
Отанг билан энангни айтгин, қаллиғим,
Ёмонлардан асло бу гап чиқмайди.

Ростин айтгин ўзинг кимнинг қизисан,
Уруғингни, зотингни айт, қаддингдан…

Хотинига қасам берди. Энди Хуршидой: “Кел-е, бунга ростин айтайин”, – деб бир сўз айтаяпти :

Эшитгин, бегижон, менинг тилимни,
Боғлардан тераман тоза гулимни,
Авлод-аждодимни айтсам мен сенга
Самарқанд дейдилар ўсган элимни…

Эшит дейман хотинингнинг додини,
Кимга айтсин юрагида дардини,
Шайбони дер пошдомизнинг отини,
Самарқанд дер хотинингнинг юртини.

Кўрмакка энамнинг икки кўзиман,
Ватанимнинг мен ҳам сарвинозиман,
Уруғимни мизга айтсам, беквачча,
Мен Хўжасавдогарнинг қизиман.

Хотининг ҳам париларча бор эди,
Фироқимда энам тутган мотамни.
Мен сенга наслимни айтсам, бегижон,
Хўжасавдогар дейди отамни…

Ҳакимхон ўйноқлаб далага чиқиб кетди, отасининг олидга етди. Отаси айтди : “Ҳа фарзанд, сизга хотиннинг қадри ўтган экан, сизни биз билганимиз
йўқ экан : икки йилдан бери келмай кетдингиз?” Ҳакимхон отасига бир сўз айтаяпти :

Боққа кириб олма, беҳи отайин,
Сўзима қулоқ сонг, вой отажоним,
Даштда юрган киянки деб айтувдинг
Мен хотиним авлодини айтайин.

Қаторга тиркаган лўкча-нор экан,
Қизларнинг ичида бир сардор экан,
Хотинимни айтай сизга, отажон,
Хотинимда ота-эна бор экан.

Гаплар чиқди хотинимнинг тилидан,
Мен қутулдим бу дунёнинг кинидан,
Кўрганимни сизга айтай, отажон,
Хотингинам Самарқанднинг элидан.

Сўзни топдим хотинимнинг баҳридан,
Мен қутулдим ёмон гапнинг қаҳридан,
Хотинимнинг уруғини айтайин
Хотингинам Самарқанднинг шаҳридан.

Кўп сўрадим юрагида чер экан,
Самарқандда айтганича бор экан,
Мен сизга айтайин энди наслини,
Хўжасавдогар отаси бор экан.

Ярқиллайди юлдуздай икки кўзи,
Ойдайин балқ урар гулдайин юзи,
Самрқандда бир уруғли эл экан,
Хотингинам Хўжасавдогарнинг қизи.
Қаллиққинам Самарқанднинг гул юзи,
Савдогарнинг эркагина азизи.

От чопса гумбирлар тоғнинг дараси,
Очилибди Самарқандда лоласи,
Хотинимнинг авлодини сўрадим,
Аниққина савдогарнинг боласи.

Йиғлабди, кўзидан ёшин тўкибди,
Оқ баданга пўлат найза чекибди,
Бир кечаси уйқусида босириқиб,
Мажнунтоб бўп ватанидан чиқибди.

Қариндоши ранги гулдай сўлибди,
Энаси болам деб,бетин юлибди,
Мен сизга ростини айтсам, отажон,
Сабаб билан бунда келиб қолибди.

Кундуз куни бир чуқурда ётибди,
Кечалар тинмайин йўллар тортибди,
Ўн бир кеча, ўн бир кундуз йўл юриб,
Чинорнинг остига ёрим етибди.

Йиғлади, қайтайин хуноба ютди,
Эсонлик бандага бир ғаниматдир…
Нега йиғлайсан деб мен ўзим айтдим,
“Ҳай аттанг!” – деб, кўплаб пушаймон этди.
Бирин-бирин авлоди-аждодини
Хотингинам менинг ўзима айтди.
Эшитиб димоғим чоғ бўлиб кетди.

Отаси айтди: – Фарзандим, хотиним йиғлаб ўтирибди. “Сенга бизлар қандай бўлсак, унинг ҳам ота-энаси ўзингдай”, – деди. “Мен хотинимни тўркиллатаман”, – деди. “Ўта-энасиникига хат юбор. болам”, – деди отаси. Карнай-сурнай шодиёна уриб, бошқатдан тўй қилди.
Тўй соб бўлди, ҳамма тарқаб кетди. Ўн бир арава тўн ортди, ўн бир арава бара-шара ортди, соп сулув қизлардан ўн битта кайвони қўшиб, арвани гиламга яшнатиб, неча шону шавкат билан аравага миндириб, Чинихон деган вазирга қараб, Ҳакимхон бир сўз айтаяпти :

Иншоолло, муродингга сен етгин,
Ҳар кечаси ухламайин сен ётгин,
Бохабар бўлиб хотин-қизлардан
Эсон-омон Самарқанддан опкелгин…

Сўна учар чалқиб ётган кўлидан,
Қутулгаймиз душманларнинг хилидан,
Чўлларда чекарсан ўзинг риёзат,
Эсон-омон кел Самарқанд элидан…

Эшитгин, Чинихон, айтган сўзимни,
Ғам сарғайтар келганингча юзимни,
Эсон-омон кел Самарқанд элидан…
Шу сафарда ҳақлаб келгин тузимни.

От чопганда юракларим жўш урдим,
Шу вақтгача ақилимни шоширдим,
Эсон-омон кенг Самарқанд элидан…
Боринглар, барингни ҳаққа топширдим.

Булбуллар ғазал қип боғнинг гулига,
Кийиклар ўйнайди сувсиз чўлида,
Ясавул,шиғавул неча бекларман
Ой Хуршид жўнаб Самарқанд элига.

Вазирлар минибди кўп яхши отди,
Белига қилични маҳкам қип тортди,
От ўйнатиб, сувлиқларни чайнатиб,
Самарқанд шаҳрига ой Хуршид кетди.

Аравани чўлларда ғилдиратди,
Эсонлик бандага бир ғаниматдир,
Ўйнаб-кулиб, хушвақт бўлиб ҳаммаси
Ҳам кеча, ҳам кундуз тинмай йўл тортди…

Ҳеч ким йўлиқмасин ёмон қасдига,
Мард йигит боради душман қасдига,
Юра-юар гоҳ қўниб, гоҳ тушиб,
Яна келди Саричашманинг устига.

Ана энди чодир-чаманини тикиб, отларининг қозиғин қоқиб, ошпазлар ошини пишириб, қорини тўқлашиб, димоғни чоғлашиб ётди. Хуршидойнинг чодиридан чироқ ўчди. Кун ярим кеча бўлди. Ҳалиги вазир Чинихон аста бориб, чодирдан қаради. Хуршидой Аҳмадбек деган ўғилчасини қучоқлабгина ойдай тинжариб ухлаб ётибди. Шуъласи чодирни ёп-ёруғ қилиб ётир. Буни кўриб вазирни шайтон озғирди. Аста эмаклаб Хуршиднинг ёнбошига борди, билагига тармашди : “Менга бир муччи берасан”, – дед. Хуршидой Чинихон вазирга қараб бир сўз айтаяпти :

Ғам сарғайтсин, вазиржоним юзингни,
Қайтибгина айтдинг менга сўзингни,
Бир худонинг ғазабидан қўрқмадинг
Ҳакимхоннинг тузи тутсин кўзингни.

Мени кўрсанг, сен уялиб биқмадинг,
Салом бериб қаддиларинг букмадинг,
Бекваччангнинг тузи тутсин кўзингни,
Бир худонинг ғазабидан қўрқмадинг.

Ўзинг келиб сен вақтингни хушладинг,
Бошинг чайқаб, чиначоғинг тишладинг,
Шотўрамдан уялмайин, беинсоф,
Калланг чайқаб, билагимдан ушладинг.

Қўқон элга бир кунлари борасан,
Сен тўрамнинг хизматида турасан,
Уялмайин билагимдан ушладинг,
Ҳакимхонга не деб жавоб берасан?

Кўзимдан тўкилди менинг қонли ёш,
Вақтингни қилибсан бунда ўзинг хуш,
Бекваччамни шарм-уят қилмайин,
Билагимдан сен ушладинг, э бебош,
Илоё оғзингга тупроқ билан тош!

Энди вазирнинг айтаётган сўзи :

Ҳай десам кетади, юрагим чери,
Селдирар қизларнинг таққан тумори,
Бир муччини менга берсанг бўлдаи,
Вазирга худонинг йўқдир даркори.

Қор ёққанда тоғни туман чалади,
Ойдай юзинг хаёлимни олади,
Имоннинг, исломнинг йўқдир даркори,
Айтганимни ўзинг қилсанг бўлади.

Койишларим бўлди менинг зиёда,
Сенинг учун войим тортдим дунёда,
Қараб қўйгин менинг келбатларима,
Ҳакимхондан менинг ўзим зиёда ;
Худонинг, имоннинг йўқдир даркори,
Менинг билан ўйнаб-кулгин дунёда.

Сени кўриб кўп тортаман оҳу вой,
Урушли кун тортилади нуқра най,
Имоннинг, исломнинг йўқдир даркори,
Бир муччини дарров бергин, Хуршидой.

Арвоҳ урди шу вазирнинг ўзини,
Термултди Хуршидойга кўзини,
Шунча гаплар қулоғига кирмади,
Маҳкам ушлаб Хуршидойнинг ўзини.

Хуршидой айтадиган гапини айтиб қўйди, вазир ҳам айтадиган гапини айтиб қўйди. Хуршид билди, шу вазир энди қўймайди. Хуршид алдади : “Шошмай тур, мен бир далага чиқиб келай” – деди.

Хуршидой энди шарманда қиладиган бўлгандан кейин вазирдан қочди. Тўқайга – қамишнинг ичига кирди, далага чиқмади. Вазир бир фасл, икки фасл қаради. Қандай қиларини билмай, Хуршиднинг ўғлининг калласини чўртта кесиб олди. Шовқинни солиб : “ол кетди, ол кетди!” – деди. Ҳамма уйғонди. “Хуршидойнинг ўйнаши бор экан. Ана ўғлини ўлдириб, оп қочиб кетди”, – деб халққа сўйлади. Дунёда бундан ортиқ зулм борми?!
Ҳаммаси Қўқон қараб кетди. Хуршид давр-даврондан айрилиб борса, болагинаси қизил қонга буланибгина, каллагинаси бир жойда, танагинаси бир жойда ётибди.

Томоша айланг ой Хуршиднинг ишига,
Чўл титради чинқирган нолишига,
Вой болам деб, қулоч очиб Хуршидой
Ўликни айқалаб босди тўшига.

Ғам сарғайтди бечоранинг юзини,
Кимга айтсин тўқайзорда сўзини,

Вой болам деб, қулондайин чинқирди,
Искалаб юзига қўйиб юзини.
Қўлга олиб вой болам деб искайди,
Қучоқлаб оп улгинасин ўзини.

Тақдир қурсин деб, манглайга уради,
Вой болам деб, чўлларда чинқиради,
Чўллар симобдай ларзага киради.

Ағдарилиб учар чўлнинг лочини,
Подшолар элидан олар божини.
Вой болам деб, булбулдайин фиғон қип,
Ой Хуршид ёзибди қора сочини.

Кимга айтар бир ўлимнинг дардини,
Ўлим бузар марднинг иморатини,
Во болам деб, сочин ёйиб ой Хуршид,
Вой болам деб, юлди гулдай бетини.

Улгинасин бетгинасин силайди,
Куйганидан гапни гапга улайди,
Во болам деб, ўпкасини босолмай,
Сочин ёйиб бетин сўйиб йилайди.

Бемаҳалда сўнган боғда гулим деб,
Сўйлайди, оғзимда қизил тилиб деб,
Қучоқлаб оп боласини ой Хуршид :
Вой, вой, бемаҳал ўлган улим деб.

Вой болам деб, бечора дод айлади,
Гоҳи йиғлаб, гоҳи фарёд айлади,
Калласиман танасин бир қилиб
Вой болам деб, чўлда фарёд айлади.

Ёмғирдайин кўзларидан ёш қуйди,
Хафалиги қурсин, қаддини ийди,
Қўли билан ерни ковлаб Хуршидой
Улгинасин тупроқ ичига қўйди,
Тўда қип тупроқнинг устига уйди,
Бир оқ тошни кеп бошига қўйди.

Ана энди Хуршидой энадан бино бўлганига пушаймон қилиб : “Тунови эшон туҳмати билан элимдан кечиб кетиб эдим, ана бугун эримнинг вазири билагимдан ушлаб, ўғлимни ўлдириб, қиёмат савдони бошимга солиб кетди” – деб куйганидан бир сўз айтаяпти :

Жазом қурсин, қаттиқ экан манглайим,
Тоғдан оғирмиди қилагн гуноҳим, вой-вой,
Вой-вой-а, улғинамдан айрилдим,
Амонатинг олинг қодир худойим.

Дод дастингдан фалак, вой-вой,
Бедод дастингдан фалак.

Ота-энам шу палла бўлса эди,
Ҳолим кўриб, қизгинам деса эди,
Энажоним олдимда бўлса эди,
Бу ғамимга шерик бўп турса эди.

Дод дастингдан фалак,
Ношод дастингдан фалак.

Қариндошдан, уруғдошдан бўлмаса,
Буйтибгина юрагимни кўрмаса,
Ҳеч бир одам бу гапларни билмас,
Отажоним мендан хабар олмаса.

Вой-вой дастингдан фалак,
Фарёд дастингдан фалак.

Бу дунёга ўзим келмагай эдим,
Мунча войимларни кўрмагай эдим,
Энадан бино бўлмасам бўймиди,
Мунча жабр-аламни кўрмай эдим,
Дод дастингдан фалак,
Бедод дастингдан фалак.

Савдо кўрдим энди бахти қароман,
На жойларга, қайси элга бораман.
Ҳам Самарқанд, ҳам Қўқоннинг элига
Икковига ўзим бахти қораман.
Не бетимман ер юзида юраман.

Дод дастингдан фалак,
Бедод дастингдан фалак.

Ғам сарғайтди Ойхуршиднинг юзини,
Ҳақдан ўзга кимга айтсин сўзни.
Ўпкасин босолмай бўзлаб йиғлайди,
Ўғлин мозорига бошини қўйди,
Йиғлай-йиғлай уйқу олди кўзини…

Хуршид бечора, уйқудан кўзини очди, кун ёйилиб қолибди. Олдида ҳеч ким йўқ. Энди йўл юриб кетди. Чўпонотанинг тоғига борди. бир тўласи бор экан, шу тўлага кириб ётди.
Бир чўпон қўйини ёйиб келди. Оёғини жардан шалвиратиб “вовалло” деб ашула айтиб, ҳай деб най тортди. Жар қулаб кетди. Ҳай деб ерга тушди. Шундай қараса тўланинг ичида бир қиз турибди. Чўпон қизга қараб оғзи анграйиб қолди, бурни танграйиб қолди, қизга қараб шанграйиб қолди. Чўпони қурғур қизга тармаша кетди. Ана “Шўрлига шўрва йўқ, сатта гўшт билан палов” дегандай Хуршидой бечоранинг ўз куйгани ўзига озмиди? Чўпон Хуршидга қараб бир сўз айтаяпти :

Бўйнингга буралиб қўлни соламан,
Ўтин-чўпчагингни ўзим қиламан,
Ростин айтсам тега қолгин ўзима,
Бир эчким бор биғирлатиб сўяман.

Яхшигина кўрдим сенинг бўйингни,
Оқшом кўрсам гул сасиган қўйнингни,
Бир эчким бор, тўйлар қилиб қаддингдан,
Узалишиб кўрай қадди бўйингни.

Орқамга мин, мен кўтариб кетайин,
Ўлгунча сен билан ватан кутайин,
Бизи билан биллла юргин жур уйга.

Ана энди Хуршидой чўпонга қараб бир сўз айтаяпти :

Вой-вой
Сабил бўлди менинг бу ўсган жойим,
Сенга тегсам қаттиқ экан манглайим,
Дудурст тўрали қип олгин ўзимни,
Эр бўлмайин ўла қолгин илайим…

Хотин оламан деб, уйингга кетгин,
Қариндошга бориб талтайиб айтгин,
Эр бўлдим деб, талтаймагин шарманда,
Мени олмай ернинг остига ётгин.

Чўпон : ” Тегмайсанми?” – деди. Хуршиднинг томоғидан бўғиб олди. Хуршид айтди. “Бу ўзи гапга тушунмайдиган бир одам. Ёмондан қоч-да қутул, ё тон-да қутул” “Мени олсанг шундай қилиб томоғим бўғиб оласанми?” – деди. Чўпон : “Мен сенинг сахтинг ёққанидан ҳазиллашиб эдим”, – деди. Хуршидой айтди : “Мен га чопонингни ечиб бергин, сен келгунча тўшаб ўтираман. Уйингга бориб мен хотин олдим деб хабар бериб, талтайиб, бир мол олиб келиб мени миндириб кет”.
Чўпон чопонини ечиб берди. Энди уйига қараб зўр берди. Хуршидой бир хабаши, бесўлақай одам бўлиб Самарқандга кетиб қолди. Чўпон уйига бориб эчкисини сўйиб, тура қайтди. Келса Хуршид йўқ : “Мен хотин олдим десам, бир ажина кўрган эканман. Тош пичоғим бор”, – деди. Суф-куф деб ўзига дам солди.
Хуршидой Самарқандга келди, ўзини мардикорга солди. Ҳеч ким олмад. Пайдарпай бир ҳафта ўтди. Энди жуда очган ўлай деди. Самарқанднинг катталари :
“Буни Хўжасавдогарга олиб борди. Ҳалиги каттакон : “Шу бечорани ҳеч ким мардикорга олмайди, энди сиз шуни боқинг”, – деди. “Хайр”, – деди Хўжасавдогар, – бу бир ҳабаши одам экан, бундан бола-чақани ҳам қочирмаймиз” – деб, Хуршидни ичкарига олиб кирди. Ана бу хизмат қилиб юра берсин, энди гапни Қўқондан эшитмоқ даркор.
Ҳалиги вазирлар дод-фарёд деб Қўқон подшосига, Ҳакимхонга бориб, Чинихон бир сўз айтаяпти :

Худонинг ишини энди нетайин,
Қону зардоб юрган чўлда ютайин.
Сўзима қулоқ сонг энди Ҳакимхон,
Хотинингнинг ишларини айтайин.

Кўплар юрдим Қўқон элнинг дашига,
Мен кўнганман оллойимнинг ишига.
Кўрганимни бир-бир айтай мен сизга,
Ўн бир кеча, ўн бир кундуз йўл юриб,
Бориб тушдим Саричашманинг дашига.

Йиғламай қайтайин кулфатим ортди,
Синиб қолди сендай улнинг қаноти,
Аҳмадхон ўғлингнинг бошини кесиб,
Хотинингни бир одам олиб кетди.

Ол кетди деб вазир кўзин ёшлади,
Минган оти қулундайин кишнади,
Ўз кўзимман кўрдим ол кетди дедим,
Ёлғиз улғинангни чопиб ташлади.

Очилганда гулгинангни сўлдирди,
Ҳай аттанг-а паймонани тўлдирди.
Хотинингнинг бир ўйнаши бор экан,
Ёлғиз улгинангни чопиб ўлдирди.

Тағи фарзанд кўрарсан деб кўп айтди,
Бор эканди хотинингди улфати,
Ёлғиз улғинангнинг бошини кесиб,
Ўйнаши ўзини миндириб кетди,
Самарқандга боролмадик баримиз,
Йиғлай-йиғлай борган шунча одамлар
Хафа бўлиб Саричашмадан қайтди.

Юрганимиз неча сувсиз чўл бўлди,
Шамолга чалқиган ойдин кўл бўлди,
Хотинингни биров оп қочиб кетди,
Кўрган-боққанимиз энди шул бўлди.
Яқин қолиб эди Самарқанд юрти,

Тинка-дармонларим вой қувраб кетди,
Мен сенга ростини айтсам, пошшойим,
Хотинингни ўйнаши олиб кетди.
Олиб кетса майлигайди пошшойим,
Ёлғиз улгинангни ўлдириб кетди.
Ёмон ўлсин, яхши қолсин, пошшойим.

Ана энди Ҳакимхонга қараб отаси сўз айтаяпти :

Билганингдан, ёлғиз болам, қолмадинг,
Айтган насиҳатим бошда олмадинг,
Кўп бўлади шундай қизнинг жафоси,
Қаникайин унинг чиққан вафоси?

Сен қулоқ солмадинг айтган тилларга,
Ўрдак кеп ташлайди ойдин кўлларга,
У қизнинг бир балоси бўлмаса,
Сандираб юрарми сувсиз чўлларда.

Қаникайин хотинингни вафоси?
Кўп бўп куетди унинг жабру жафоси.

Ҳай аттанг-а душман тушди кетима,
Қулоқ солгин менинг айтган додима,
Айтган ергинамдан чиқди фарзандим,
Ўл-ўлгунча иснод бўлди бегима.

Ишонмадинг, маҳмадана, сўзима,
Ёруғ дунё ғуборланди кўзима,
Айтганимни сен бошдан олганингда…
Ўл-ўлгунча таъна бўлди юзима.

Шуйтибгина брамоғини тишлаган,
Бошин чайқаб икки кўзин ёшлаган,
Биров билан ўйнаб-кулиб юрган сўнг,
Ота-энаси опкеп бунда ташлаган.

Шармандалар бўлдим Қўқон юртима,
Сен қулоқ солмадинг айтган додима,
Ўл-ўлгунча таъна бўлди бетима,
Қандай юрар энди Қўқон юртима?!
Хон Ҳакимхон билганидан қолмади,
Қўқон элга асло дарак солмади.

Томоша айланг Ҳакимхоннинг додини,
Кимга айтар хотинининг ҳасратини,
Бизни деганинг отланавер деди-да,
Ҳакимхон эгарлаб минди отини.

Фалак бузар марднинг иморатини,
Ўз-ўзига қараган яхшилари,
Эгарлашиб олди яхши отини.

Тала-тўплар солиб Қўқон элига,
Чидай олмай яхши хотин хилига,
Дод-фарёд деб Ҳакимхон йиғлайди,
Ҳам ўғлидан, ҳам хотиндан айрилиб,
Йиғлаб минди отгинасин белига.

Тез юринглар деди, қистаб сўйлади,
Қалқонини елкасидан тўнтариб,
Гударидан боғни белга бойлади,
Куйиб кетиб хотини ҳасратига,
Чиқиб Самарқандга талаб айлади.

Йўлиқдилар иғвогарнинг қаҳрига,
Чидай олмай бу гапларнинг заҳрига,
Ўпкасин босолмай бўзлаб йиғлайди,
Талаб қилди Самарқанднинг шаҳрига.

Йигит куяр ишқивозин хилига,
Йигирмача минди отнинг белига,
Ҳакимхон оҳ тортиб бўзлаб йиғлайди,
Талаб қилди Самарқанднинг элига.

Ҳакимхон ҳеч гапни бовар қилмади, Хўжасавдогарникига кириб келди. Хўжасавдогар қараса бир подшозодага ўхшайди. Отни ушлаб бойлади. Тиллакори меҳмонхонага киргизиб, остига кўрпачадан ташлаб, ҳар қайсисининг ёнбошига пар ёстиқни қўйиб, овмин овлакбар қилди.
“Хуш кўрдик меҳмонлар”, – деди. Далага чиқиб маслаҳат қилди. “Бу лар катта одамга ўхшайди” , – деди.


Хуршид эри келганини билди. Бу хизмат қилиб юрибди, ҳеч ким танимайди, отаси ҳам, энаси ҳам. Хўжасавдогар : “Шайбонихон подшони айтиб келинглар, шайхи Бастом эшонни айтиб келинглар”, – деди. Подшоникига ҳам одам юборди, эшонникига ҳам одам юборди. “Бир юртдан подшо келди, шу билан гаплашиб ўтирсин”, – деди. Одами бориб Шайбонихон подшога айтди : “Хўжасавдогарникига бир подшо келибди, сизни, келсин, шу подшо билан гаплашиб ўтирсин деяпти”, -деди. Шайбонийхон Тўрабой,Эрманбой,Нурлибой вазирлари билан шотирлар отини тортиб-етаклашиб Хўжасавдогарникига келди. Савдогар ишқибозлик билан подшонинг отини ушлаб бойлади. Подшо меҳмонхонага кирди. Ҳакимхон жойидан туриб одоб билан Шайбонихон билан кўришди.
Шайбонихон билди, бу бир подшо экан. Шайхи бастон қирқта халфаси билан келди. Хўжасавдогар эшоининг ҳам отини ушлаб бойлади. Шайхи Бастон эшон ҳам кириб кўришди, Ҳамманинг пири эди. Бари шайхи Бастонни тўрга ўткарди. Самарқандда бир ман деган катта одамнинг барини айтиб келди. Ҳамма катта-катта Хўжасавдогарникига жам бўлди. Хўжасавдогар қилди зиёфатни. Ҳамманинг димоғи чоғ бўлди.
Хўжасавдогар кўп сахий эди, ҳалиги чўпон бечора Хуршидни оламан деб, тўлада чопонини бермабмиди, ялонғоч бўлиб қолувди. Хўжасавдогардан бир чопон тилаб олиб келаман деб шу ҳангомага кириб келди.
Шайхи Бастон айтди : “Ҳай аттанг, ҳамма нарсамиз соз бўлди, бир шоир кам бўлди”.
Хуршид айтди : “Шоирликни мен биламан”.
Шайхи Бастон : “Шоирликни билсанг, ана у ерда ўтир сенинг ўрнингга биров хизмат қилар”, – деди.
Шунда подшони кўрамиз деб Хўжасавдогарнинг хотини, яна юзча хотин эшикдан томоша қилиб ўтирибди.
Ана энди Хуршидой бир сўз айтаяпти :

Самарқанд шаҳрини обод этайин,
……………………………………………
Сўзима қулоқ сонг, турган халойиқ,
Аввал бошлаб ой Хуршиддан айтайин.

Хўжасавдогарнинг бағри эзилиб кетди.

Оҳ тортаман юраккинам чер экан,
Самарқанд шаҳридан пичи айтайин,
Самарқандда Хуршидойим бор экан.
Шайбонихон оша юртдан келибди,
Самарқандга келиб подшо бўлибди,
Ипакнинг қадри унга ўтибди,
Одамларни Шайбонихон йиғибди,
Кўп тиллани ўрталиққа уйибди,
Қаторга тиркалган лўкча-нор дебди,
Чин-Мочинда ипак деган бор дебди,
Хўжасавдогар жонини сотибди,
Қизини яшириб Шайбонихондан,
Шайхи Бастон деган эшон бор экан,
Ёлғиз қизни шайхи Бастон эшонга
Омонат деб топширибди, кетибди.

Эшон айтди : “Дам тур, падар лаънат, чиқ кет далага!”
Ҳакимхон жойидан бир қўзғалди-да куйиб кетди. Хўжасавдогар эшонга: “Дам туринг эшоним”, – деди.
Хуршидойни олдига чақириб олди. “Айта бер”, – деди.

Олтин пиёлага майлар қуйибди,
Хуршидойнинг отасиман энаси
Хўп эшон деб, олиб бориб Хуршидни
Ёлғиз қизин ватанига қўйибди,
Сен итсанми, кучуксанми демабди,
Орадан икки йил ўтиб кетибди,
Хуршидойдан бирор хабар олмабди,
Хуршидой очликдан йиғлаб ётибди.
Тонг қоронгси шайхи Бастон эшонга
Бир офтоба сувни Хуршид берибди,
Шу дўзахи Хуршидойни кўрибди,
Ой Хуршиднинг икки кўзин ёшлабди,
Билагидан маҳкам бўғиб ушлабди.
Қошинг кериб, қобоғингни уй дебди,
Баданингга гулдор кўйлак кий дебди,
Шу имони куйган шу катта эшон,
Ой Хуршидга ўзгинамга тий дебди.

Энди эшон қочмоқчи бўлди. Подшо ҳар эшикнинг олдига бир одам қўйди. “Чиққанни сўйиб ташла” , – деди. Ҳамма қўрққанидан жой-жойида ўтира берди. Хуршидой айтаяпти :

Хуршид бебахт кўп эланиб турибди,
Чини билан тармашган сўнг шу эшон,
Офтобаман манглайига урибди,
Манглайини уриб туриб ёрибди.
Шайхи Бастон ширин жонни сотибди,
Савдогар олдига чиқиб кетибди,
Бориб туриб хўп сўрашиб шу эшон
Хуршидгинанг бузуқлик қип юрди деб,
Хўжасвдогарга шу айтибди.
Савдогар қарабди эшон кўзига,
Ишонибди беимоннинг сўзига.

Бу беимоннинг гапига савдогар ишониб, бадани талақдай чуйкаб кетибди. “Қандай қилай, бу биров билмайдиган гап-да”, – деб Қосимхонга қараб, фарзанд қандай нарса, кўзидан жим-жим ёши тўкилиб бир сўз айта берди :

Астагина Хуршид кўзини ўйгин,
Китобларин битта токчага жийгин,
Айтадиган гапим шудир, Қосимхон,
Сарчашмага бориб Хуршидни сўйгин.
Вой укам деб, бармоқларин тишлагин,
Қуръон ўқиб арвоҳларин хушлагин,
Мен ишондим авлиёнинг сўзига,
Саричашмага бориб сўйиб ташлагин.

Савдогар боргин деб, унга айтибди,
Қосимхон хафа бўп уйга етибди,
Хуршидойни уйдан чиқариб олиб,
Отанг касал, тез юргин деб айтибди.
Алдаб олиб Сарчашмага етибди,
Синглисини кўзи қиймай акаси
Саричашмага тирик ташлаб кетибди.
Ҳам отадан, ҳам энадан айрилиб,
Хуршидой тақ ўн бир кун йўл тортибди.
Ўн бир кунда бир чинорга етибди,
Бир шунқор бошига келиб қўнибди,
Қўқоннинг подшосин ёлғиз фарзанди,
Хуршид билан кўп гаплашиб Ҳакимхон
Хотин қип Қўқонга олиб кетибди.

Ҳакимхоннинг вазири : “Дам тур жинни эшак! ” деди.
Ҳакимхон қилични қўлига олиб, вазирга: ” Дам тур!” – деди. “Айта бер” , – деди Хуршидга.

Ҳакимхонман Хуршид даврон сурибди,
Бир йилдан кай Хуршид улли бўлибди,
Бир кунлари менинг отма бор дебди.
Хон Ҳакимхон қизу маҳрамлар бериб,
Самарқандга Хуршидни тўркиллатибди.
Ўн бир кунда Саирчашмага келиб,
Саричашмада қўш ташлашиб ётибди.
Тун оққанда Хуршид ухлаб қолибди,
Тус ҳароми Чини вазир билибди,
Астагина бўйтибгина эмаклаб,
Ой Хуршиднинг ёнбошига келибди.
Ҳакимхонни ўрталикка солибди.
Ҳарчанд айтган билан қулоқ солмабди,
Тармашиб оп билганидан қолмабди.
Хуршид туриб қочиб чиқиб кетибди.
Бориб туриб тўқайзорга кирибди.
Худодан қўқмайин подшо вазири
Улгинасин чопиб ташлаб, ўлдириб,
Хуршидойни ўйнаши оп кетди деб,
Туҳмат қилиб Қўқон элга кетибди.
Аҳмадбек ғариб бўп чўлда ётибди.
Хуршид келиб бир тўлага кирибди,
Бир чўпон кеп вовалло қип турибди,
Шу чўпон Хуршидга тег деб айтибди.
Хайр эса тегаман мен сенга деб,
Яп-яланғоч қилиб чопонин олиб,
Савдогарга келиб хизматлар қилиб,
Ой Хуршид шу ерда ҳамма кўрганин –
Ҳаммасини қўшиқ қилиб айтибди.
Мард йигит душмандан олар ўчини!
Хуршидой белига солди сочини.
Энаси болам деб, кўзин ёшлади,
Эшикдан келгани тоқати бўлмай,
Болам деб, баланддан отиб ташлади.
Ҳар ким дўсти учун тортар койишни,
……………………………………………….
Шунча навсаларни териб ейишиб,
Ҳам отаси, энасиман топишди.

Ана шу ерда Шайбонийхон ҳукм қилди : “Бундай эшонни, дўзахини, тошбўронга тутиб ўлдиринглар! Ҳар кимга бизнинг сўзимиз қабул бўлса, қиёматгача шу эшоннинг мозорига тош отиб ўтсин”.
Ана одамлар икки қўлини, икки оёғини бойлаб, яп-яланғоч қилиб, кўчада шопил судрагандай судраб кетди. Чўпонотанинг тоғига чиқариб, одам битган тошбўронга тутди. Эшон тошни остида қолди. Ана шундан бери ўтган одам тош отиб ўтмоқ Шайбонихондан мерос қолди. Ҳозир ҳам билган одам ўтса,тош отиб ўтади.
Ҳакимхон вазирни ҳам ўлдирибди, чўпонни катта одам қилди. “Эккан олар, қилган топар”. Ҳакмихон қирқ кун тўй қилди. Ҳамма кек юрагидан кетди. Ҳакимхон Хуршидни узатиб Қўқонга етди.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *