
Пўлкан шоир
( Достондан парча)
Замон замонда, бурунги замонда, туркман элинда, Чамбил белинда, Гўрўғли беклик давринда, Гўрўғлининг зўр деб таърифи кетди, зарбаси тошдан ўтди. Қараганни қўрқитди, ушлаганни беркитди. Душманга ҳайбат-сиёсати билан баланд бўп кетди. Ҳар мамлакатни Гўрўғлининг овозаси тутди. Бунда бекор аскар, лашкар йўқ. Қирқ йигит сақлаб, беклик қилиб ётди. Ҳар мамлакатдан йигитлар келиб, унинг хизматида бўлиб, туркман халқи унинг ихтиёрига кириб, шундай беклик даврини суриб ётди.
Туркман чегарасига у вақтида халқ овушиб юрган замон. Хиламан деган бир бой келиб, туркман чегарасига жойланиб, бойлиги ҳаддан ошиб, бир неча туркманлар қошига келолмай жонашиб, беш юз қули-чўри олиб, туркман камбағалларини ҳам мардикор солиб ишлатарди. Туркманнинг яйлов жойларининг ҳаммасини экин қилиб юборди. Бунинг бойлик – давлатидан туркманлар кўп қисилди. Неча марта Гўрўғлига арзга ҳам борди. Чамбил келди. – Нимага бу халқ йиғилиб келган? – деб Гўрўғли ҳайрон қолди. Нимага арзга келиднгизлар? – деб сўради.
Шунда туркманлар Хиламандан дотхо бўлиб, бир сўз айтиб туради:
Аё шоҳим сизга дейин сўзимни,
Қулоқ солиб англа айтган арзимни,
Қулоқ солиб англа, энди тарзимни,
Доду бедод, Хиламаннинг дастидан!
Шоҳим, эшит энди сўйлаган тилни,
Давлатли хоним сизга не бўлди?
Сиз боринда туркман халқи қисилди,
Доду бедод, Хиламаннинг дастидан!
Бу баччағар бойлигини билдирди,
Туркман элни ғамли кунга қолдирди,
Нечовимизни уриб-сўкиб ўлдирди.
Ёлғиз ўзи бойлигини билдирди,
У сабабдан одам йиғилиб келди.
Чиқолмаймиз бизлар яйлов дашига,
Боролмаймиз ундай бойнинг қошига,
Ҳайрон қолдик баччағарнинг ишига,
Яйловга тўлдириб энди буғдойни,
Ададсиз давлатли у катта бойнинг.
Туркманларнинг кўнглидаги бўлмайди,
Сўз сўзласак гапга қулоқ солмайди,
У бойнинг молидан юриб бўлмайди,
Туркман қисилиб яхши кун кўрмайди,
Сўйлаганман ҳеч мамлага келмайди,
Жудаям давлати ошган анжомдор.
Хизматида қанча қули-чўри бор!
Қисилиб соп бўлди элат туркманлар,
Доду бедод Хиламаннинг дастидан!
Кун кўрайик энди қаерга бориб,
Биз кимга сўйлайик бу дардри ёриб,
У сабабдан бизлар келдик йиғилиб,
Юборинг бизларни бир йўлга солиб.
Бойлигидан бизга қилиб зулмни,
Очқатиб чарчатти Ёвмит элингни,
Ўйлаб туриб жигар бағрим силинди,
Доду бедод, бундай бойнинг дастидан!
Бу сўзни одамлари Гўрўғлига гапириб турувди. Хиламан бой от қиламан деб, яхши кўриб, туркман хоназотидан, сотадиган пулидан ҳам зиёд бериб, биорвнинг тойини олган эди. Элатияга ёрдам бўлсин деб, бу ҳам бир сўз айтиб турган экан:
Мен ҳам кўрдим Гўрўғлидай шойимни,
Ўйнаб-кулиб обод қилсам жойимни,
Менга солиб қайғу билан войимни,
У Хиламан алдаб олди тойимни.
У баччағар бойлигини билдириб,
Мнигта қизил тилла манга пул бериб,
Бойлиги билан айтганига кўндириб,
У баччағар алдаб олди тойимни.
У менга эллик ботмон ер берди,
Деҳқон бўлгин деб кўп ёрдам берди,
Бир менинг ўзима қирқ қўш берди,
Шу баччағар алдаб олди тойимни.
У баччағар мени ҳам андай қилиб,
Хоназот тойимдан қолдим айрилиб,
Турибман мен туркманда деҳқон бўлиб,
Қанча ерни мен экишга тўлдириб,
У баччағар ёрдамини билдириб,
Зўрлик билан алдаб олди тойимни.
Тойим қўлдан кетди, асл тулпорди,
Анда у баччағар алдаб олди,
Туркман халқи бариси блимай қолди,
У сабабдан ҳамма ҳам дохто бўлди.
У ўзи гапириб, ўзи қолди, биров тойингни сотибмидинг, қўйибмидинг, демади. Гўрўғли бу сўзларни халқдан эшитиб қаради. Бойликдан халққа зарби ўтган экан деб Асад, Шодмон деган йигитларини чақириб, муртини бураб, мерганларга қараб, бир сўз айтиб турган экан:
Сўзима қулоқ сол, Асадман, Шодмон,
Ёмон бўлса, сира омон берманглар.
Халқ кўп дотқай бўпти бундайин бойдан,
Энди йўқ бўп кетсин бундайин жойдан.
Ўзингни хизматга чоқлаб туринглар,
Норкесар олмосни белга чалинглар,
Буюрдим хизматга баржон бўлингларЮ
Ҳаёлламай Хиламанга боринглар,
Қўймайин қошима ҳайдаб келинглар.
Солгин анга айрилиқнинг хилини,
Тортиб бойла баччағарнинг қўлини,
Сўзлаштирма қизи билан улуни.
Қулоқ сол, мендайин марднинг нолишига,
Раҳм қилма, кўздан оққан ёшига,
Қамчи ургин золим бойнинг бошига,
Ҳайдаб келгин даъвогарнинг қошига.
Бойлигига оша мағрур бўлибди,
Ўзи рози бўлсин қилган ишига.
Ҳаёлламай, бундан тезроқ боринглар,
Бедовнинг белига дарров мининглар,
Элат чувлаб бу Чамбилда турмасин,
Кечга қолмай уни ҳайдаб келинглар.
Қийғир деган қуш ўлтирар қияда,
Кўп пушаймон қилсин фоний дунёда.
Баччағарни оти устига миндирма,
Ҳайдаб келгин бунда пойи пиёда.
Бой бўлиб уларга зарбаси ўтди,
Қирқ минг уйли туркман халқин чувлатди,
Жуда ҳам дотхоси бизларга етди,
Асад, Шодмон дарров қилгин ғайратди.
Сен эшитгин мендай марднинг сўзини,
Кучук босмас йўлбарс шернинг изини.
Мерган отар дайрабатнинг ғозини,
Ҳар ким кўнгли мард билмайми ўзини,
Қулоққа тут бегинг айтган сўзини.
Баҳодир бўп сен ҳам Чамбилда юрдинг,
Неча душманлардан ўчингни олдинг.
Қандай хизмат бўлса мерган битирдинг,
Ҳаёллама, бориб келгин мерганлар!
Бориб кўриб чўлистон қил мазгил элини,
Англамабди у баччағар ҳолини,
Иззилатгин уйда ҳарна борини,
Раҳм қилма, йиғлатгин қизларини.
Ҳайдаб келгин ундай бойнинг ўзини,
Ўяй баччағарнинг икки кўзини.
Шунча халқ чувлашиб бунда келган,
Сўрасам сўзида ҳеч йўқди ёлғон,
Ошиб манманлиги, жуда қутурган,
Ҳаёлламай боринг Асадман,Шодмон,
Тушур ул бошина қайғули туман.
Гўрўғлидан бу сўзни эшитиб, Асад, Шодмон хўп деб ўрнидан туриб, сипоҳлилик одати жўш уриб, отини эгарлаб миниб, иккови отланиб, Чамбил қаъласидан чиқиб кетди. Елиб-йўртиб бойнинг мазгилига етди.Бойнинг хизматкорлари кўрди: Гўрўғлидан келган йигитларнинг анча бор сиёсати, юлдузни кўзлаган минган оти, ўтдай ёниб, тошиб турган ғайрати. Уйнинг бўсағасига яқинлаб, ичкари қараб, бойни сўраб, Шодмон бир сўз айтиб турган экан:
Ғамли қуллар ўйлайдиган ўйдами,
Давлатли қул гургумали тўйдами,
Бизлар Гўрўғлидан келган амалдор,
Биз сўраймиз Хиламан бой уйдами?
Чамбил қаъласидан излаб етамиз,
Гўрўғли қошига ҳайдаб кетамиз,
Ҳарна деганини хонга айтамиз.
Давлатим бор, шоли шамол ўрайман,
Маҳтал бўлиб, савлат билан қарайман,
Бунда турган номард бойни сўрайман.
Энди сенга тимсол айтай бир алвон,
Олмос пўлат белда, эгнимда қалқон,
Бизларни сўрасанг, Асадман, Шодмон,
Ясовул қип хон Гўрўғли юборган.
Бу ерларда сўзлаб фиғон этармиз,
Кўп турмаймиз бу мазгилдан қайтармиз,
Бой қаёқда бўлса олиб кетармиз.
Остимда ирғийди араби тулпор,
Бизларни буюрган Гўрўғли шунқор,
Биз бўламиз Гўрўғлига хизматкор,
Қайга кетган бой Хиламан, бер хабар!
Бизлар маҳтал бўлиб бунда турмайик,
Сипоҳи-да, юрар йўлдан қолмайик,
Қайда бўлса айтгин бойнинг хабарин.
Ҳаёлласа биз борайик ортидан,
Йўлга қараб биз бўлмайик саргардон.
Хиламандай бойни келиб сўради,
Бу бойнинг устида кўп гап бўлади.
Ҳаёлласак тағи одам келади,
Бизга айтгин, номдор бойнинг хабарин.
Келиб кўрдик бундай бойнинг уйини,
Билмаймиз нима бор бунда ўйини.
Бориб кўрсин Чамбил ойини,
Ундан кейин чиқар гапнинг тайини.
Бу сўзни бойнинг Табека деган хотини эшитиб, олдига чиқиб: – Беклар отдан тушингизлар, кеп қолар, сўнгра хабарини айтамиз, – деди. Бойнинг Қалдирғоч деган бир қизи бор эди. Ирқи олмадай пишган, зулфлари оч белига тушган, жамолига ою кунлар талашган, ким рангини кўрса бувни бўшаб, фқли шошган. Шодмон гапираётганда у қизга кўзи тушди. Тушгиси келиб, меҳри тоблаб, отдан тушди. Ўтов уйга бошлаб, остига либос ташлаб, Асад, Шодмон ёнбошлаб, мерганларнинг вақтини хушлаб, дастурхон ёзиб ҳар турли таомлар тортди. Шунда мерганлар димоғини чоғлаб: – Бой қаёққа кетди? – деб яна сўради. Хотини Шодмон мерганга қараб, сўзига жавоб бериб, бир сўз айтиб турган экан:
Бегим, сўзламайман сизга ёлғонни,
Минг ботмон арпадан тухум қилганди,
Арпа битиб, бу сарғайиб қолганди,
Ўроқчининг ҳаракатин қилганди.
Бойда тинчлик йўқди, даёрдай тошиб,
Моли хол деб ақли шошиб,
Бу яқинда кетган белдан ошиб,
Ўроқчи деб кетган, элни сўрашиб,
Бу дунёнинг ҳаракатига тушиб,
Одам топиб келиб қолар янашиб.
Уйда ётса иши қўлдан кетади,
Арпа ўроғи сал кунда кетади,
Бир дам қилинг мазгил жойда фароғат,
Ўроқчини топиб, у бой етади.
Бу сўзларни унга хотини айтди,
Бу бойнинг йўлига чиқиб кўз тутди.
Келаётир бу замон белдан тушиб,
Ададсиз ўроқчи бунга эргашиб.
Қанчаси отлигу қанчаси пиёда,
Ўроғи эгнида, жонлари фидо…
Нечови ҳамройи эшакни минган.
Ўроқчининг сони беш юзга борган.
Келаётир бу замон бой йўл бошлаб…
Бойнинг хотини эпчил эди, сипоҳиларнинг устига тушмасин деб, уйнинг кўланкасига тўшакни солиб, кўрпача ташлаб (бойни кутиб олди). Бой жойга чиқиб ўтирди. Кўп одам, ўроқчи-мошоқчи уйнинг теварагида тўлиб қолди.
Бойнинг келганини билиб, Шодмон мерган ўрнидан туриб, қамчисини қўлига олиб, сипоҳилик қилиб, жуда қовоғини уйиб, қиялаб бораверди. Бойнинг қошига бориб, гап сўрамасдан бошига уч-тўрт қамчи соп қолди. – Бойла баччағарнинг қўлини, – деди. Озот тегидан қўлини кейинга бойлаб берди. Бирга келган одамлар, ўзга хизмат қилган кишилар нима гуноҳ қилаганини билмай ҳайрон қолди: – Бу нима савдо бўлди? Бир гап сўрамасдан айтиб турган экан:
Рози бўлди худо қилган ишига,
Обборасан Гўрўғлининг қошига.
Урма, назаркарда бойнинг бошига,
Юр, ҳайдаб боргин бегинг қошига.
Бойни бундай йўлда дармонда қилма,
Мазгилида уриб, шарманда қилма.
Фёллар ичида менман ўдаға,
Кийганим ипакдан, олтиндан ёқа.
Жабр қилиб урма бойнинг бошига,
Жасадингдан, мерган, бўлай садаға.
Қулоқ солгин мендай мунглиғ ноласига,
Ёқаси ҳўл бўлиб, кўзда ёшига.
Ҳар гуноҳ бўлса урма бошига,
Юр, ҳайдаб боргин бегинг қошига.
Неча сўзлар бунда хотини айтди,
Гўрўғли амрини мерганлар тутди,
Бола-чақасини бунда чувлатди,
Қўлин бойлаб шу замонда бу бойни
Ўз ҳолига Асад, Шодмон қўймайди,
Йўлга тушиб энди ҳайдади кетди.
Тенги-туши бу мазгилда қолибди,
Хиламандай бойни банди қилибди,
Қулоқ солмас бойнинг айтган додига,
Ҳамма титрар Шодмон сиёсатига.
Аччиқ қилиб миндирмади отига,
Пиёдалаб бундан ҳайдаб жўнади.
От билан баробар бунда юргин, деб
Бой бўлибсан роҳатини кўргин деб
Юролмасанг сен баччағар ўлгин, деб
Бу мерганлар ҳайдаб кетиб боради.
Ғам билан сарғайган гулдайин дийдор,
Бой бўлибсан аҳволингдан бехабар,
Устингдан кўп арза берган туркманлар,
Гўрўғлига сен бўлгансан гуноҳкор.
Сен билмаган бунда қилар ишингни,
Хон Гўрўғли тандин кесар бошингни,
Шиқиллатиб дорга тортар бошингни,
Бу сўзларни айтар Асадман,Шодмон,
Тушибди бошингга қайғули туман.
Бу ишдан қолмайсан сира ҳам омон,
Билмайсан Гўрўғлининг иши кўп ёмон.
Ҳайдаб борар сени Асадман, Шодмон,
Хонга элтиб тўғри қилар у замон.
Қистаб юргин энди отман баробар.
Нима бўлса сен бўлгансан гуноҳкор.
Ҳарна бўлса Гўрўғлига ихтиёр.
Жуда катта ҳужум қилган туркманлар,
Мерганларнинг айтган сўзи шу бўлар,
Таваккал қил, энди хонга юрабер,
Ажал етса киши қочиб қутулмас,
Ажалинг етмаса ҳеч гап бошинг олади.
Ажал етмай бунда чибин ўлами,
Ўлдириш уларнинг қўлидан келами,
Агар кунинг битса сабаб бўлади,
Хон Гўрўғли шунда бошинг олади.
Ботирларга билгин шу одат,
Ўлим деса юз қайтармай боради.
Шунинг билан бари ўла бермайди,
Бир нечаси ўлса, бири қолади!
Бу сўзларни айтиб, Хиламанни Гўрўғлининг давлатхонасига ҳайдаб борди. Туркман халқининг бари йиғилиб ётган, телпаги қозондай бўп. Мерганлар отини хизматкорига топшириб, бойни пиёда ҳайдаб, Гўрўғлига рўпара қилди. Кўрган ҳамон Гўрўғлининг қаҳри келиб, инграниб, ҳеч бир савол сўрамасдан дарғазаб бўлиб, мирғазаб, жаллодларини чақириб, бир сўз айтиб турган экан:
Келинг энди мирғазаби жаллодлар,
Азаматлар олар олмас дастига.
Душман тушар кам давлатнинг қасдига,
Ҳайдаб боринг буни дорнинг остига!
Отга солинг арпа билан ийирни,
Қор ёққанда карвон солар чийирни,
Хон Гўрўғли хукм ишга буюрди:
– Олиб боирнг буни дорнинг остига,
Бу дунёда юрди ўзини қийнаб,
Молни кўпайтмоқман, бойликни ўйлаб,
Ўлимнинг белгиси шулдир жаллодлар,
Қўлин чечиб, дарров олидаг бойлаб.
Бу сўзларни энди Гўрўғли айтди,
Ҳарна деганини жаллод эшитди.
Қўлини олдига бойлаб жаллодлар,
Турғизиб бу бойни ҳам ҳайдаб кетди.
Қолмади-ку энди бойнинг тоқати,
Бошда кўпди бунинг кўрган кулфати,
Жон ширинлик қилиб энди йўлларда
Юрмакка келмайди бунинг қуввати.
Ўлдим деб ҳар замон дорга қаради,
Уч ёғочдан қурган хонининг дори.
Кўрганда чўчийди танидан жони.
Шу замон жаллодлар ҳайдаб боради,
Дунёдан умидин узиб боради,
Кўзидан ёшини тизиб боради,
Ўлдим деб кўнглини бузиб боради,
Жон ширин жигарин эзиб боради.
Кўнглига неча сўзни олади:
– Вақти замон куним битиб боради,
Бола-чақа, ўғил қизим бўлмади,
Менинг билан розилашиб қолмади,
Улар менинг ўларимни билмади,
Бу дунёга келиб шундай бой бўлдим,
Гўрўғли зулмида армонман ўлдим.
Бу сўзларни айтиб дорнинг остига етиб келди. Шу ергачайин Асад билан Шодмон ҳам бирга келган эди. Шодмон мерган бойнинг қизини яхши кўриб қолган оламан деб умид дунёсида бўлган. Шунда жаллодларга: – Гўрўғли сўрамай ҳукми кушга буюрди. Хоннинг амри деб, энтикиб бошини кеса берманглар, деб (айтди). Гўрўғли аста-аста пиёда юриб нима қилдийикин, бошини кесиб, дорга тортдими деб дорнинг остига борди. Кўрса, ҳали ҳеч гап бўлгани йўқ.
– Менинг амримни тарк қилиб нега тўхтадинглар, жаллод бўлганинг билан ўз бошингдан қўрқмайсанми, шу вақтгачайин нимага кесмадинг? – деб туриб эди, Шодмон мерган Гўрўғлига қараб бир-икки оғиз сўзлаб турган экан:
Эшитингиз Шодмон мерган ноласини,
Ғазаб қилиб кестирманг бойнинг бошини.
Яхши билмас сиздай бегнинг ишини,
Мол йиғибди, хозир бўпти гуноҳкор,
Ўлгандан кай сизга қадри ўтар.
Хиламан ҳам жуда даркорлик шунқор,
Ёвни кўрса ёрдам берган баччағар,
Ҳозирликда сизга бўпти гуноҳкор.
Ҳазарадан қирқ минг қўшин ошганда,
Туркман халқнинг бари ақли шошганда,
Шу вақтида иш кўрсатган Хиламан.
Олтойгача танҳо туриб отишган.
Шу вақтида иш кўрсатган Хиламан.
Ўлтойгача танҳо туриб отишган.
Шу вақтида қайга кетиб эди туркман?
Туҳмат деса бари келган йиғилиб,
Бола-чақасиминан бунда уйилиб,
Ёв деганда оёғидан йўқолиб,
Биттаси келмади ҳеч ёрдам қилиб.
Танҳо туриб кўп отишган Хиламан.
Туркман кўрмабмиди бунинг ишини,
Ёлғиз қайтарганди шунча кишини,
Кесди қанча у душманнинг бошини,
Ҳамма кўрган Хиламаннинг ишини,
Тоғлардан ошириб қувган кишини.
Танҳо ўзи кўп душмандане қутқариб,
Қутқарганди туркманларнинг бошини.
Шундай савдо бу элатда бўлганди,
Туркман ёрдам бермай унда қолганди,
Ёлғиз ўзи танҳо уруш қилганди,
Келган ёвга бу кўндаланг бўлганди.
Туркманларга ёрдам қилган Хиламан,
Билмади ёрдамни, туҳматни қилган.
Армон билан билмаганин билдирманг,
Ханжар уриб бағрин қонга тўлдирманг,
Қизил юзин заъфарондай сўлдирманг,
Армон билан бу жазғонни ўлдирманг.
Ҳар ерларда ёри тийган Хиламан.