Созини дилбар оҳангда чалган Пўлкан

Чингиз Айтматов Амирқул Пўлкан ҳақида

Халқнинг бийрон тили бўлган бахши, жиров, оқинлардан гап очилгудек бўлса, Аймат бобомнинг юраги қувончдан ҳаприқарди. Бобом инсониятнинг болалик қўшиғи терма, достонларни жимгина, миқ этмай тингларди. Шунда кўзлари шодликдан худди ёш боладек чарақлаб кетарди. У ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, достонлар хазинабони, Ўзбекистон халқ достончиси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоирни ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оларди. Пўлкан шоирнинг ноёб қобилияти ва юксак маҳорати сабаб «Алпомиш», «Гўрўғли», «Кунтуғмиш», «Тоҳир ва Зуҳра» бор салобати ва нафосати ила умри боқийликка юз тутди дерди оғзидан бол томиб. Чиндан ҳам қувноқ ва беғубор болалигимда, бизларга завқ-шавқ улашган ва ҳамиша дилимизда муҳрланиб қолган онлардан бири (бобом айтган “Манас”) куйланадиган достонхонлик кечалари эди. Мен бугун Манасга ўхшаш юзга яқин достонларни куйлаб, созини дилбар оҳангда чалган Пўлкан шоир ва авлодлари Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан номини  ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламан. Сабаби Барчиной, Қалдирғоч, Орзигул, Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор парилар ёш, беғубор кўнгилимда не-не орзуларни уйғотмаган, маъно дурларини теришимга сабабчи бўлмаган дейсиз.

Ўзбекларда “Бир дарё бор, оқар, тошар, қуримас”, деган мағзи тўқ гап бор. Бу иборани сулолани нурли бир занжир монанд боғлаб турган шажара боши Пўлкан шоир, Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан ижодига қўлласа бўлади. Чунки, мен Амирқулни яқиндан танирдим. У билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаганда танишганман. ”Шарқ юлдузи” журналида назм бўлими мудири бўлганида туз намак бўлганман. Гапимиз мароми худди икки ижодкор дўстнинг суҳбати каби мароқли, тотли эди. Амирқул нуқул сўз тафаккур сарҳадларини жилолайди, сиз юзма-юз келаётган сатрлар оташи юрагингизда муҳрланади деганди. Отаси халқ бахшиси Умарқул  Пўлкан ҳақида кўзлари ёниб сўзлаганди. Ўшанда фарзанди аржуманднинг падарига меҳри бўлакчалигини сездим. Шунда замону макон қоришиғида ўлчами йўқ кўнгил қадар талпинаётган сўз, ўзбек халқининг мангуликка дахлдор, довруғи дунёга кетган Пўлкан шоир сулоласи асарлари асрлар давомида яшайди. Негаки, бақувват дарахтнинг илдизи ер остига  туташиб кетган деган ўй кечувди кўнглимдан. Зеро, Пўлкан шоир ажойиб достонлари, жарангдор сози, пирҳикмат шеърлари билан қалбларни қувончларга чулғаган бўлса, номи-ю амали дилларда мангу жаранглаб тургусидир. Дарвоқе, достону термалар маънавият оламимизни ҳамиша ҳамрўз нурли чироқ сифатида ёритиб тургуси.

Чингиз АЙТМАТОВ,

жаҳон тан олган туркий халқлар ёзувчиси.

1978 йил, 28 ноябрь, Чўпонота, Қирғизистон Республикаси.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *