Саодат Пўлканова

Пўлкан шоир сулоласининг тўртинчи вакили Саодат Пўлканова 1973 йилнинг 5 ноябрида Самарқанд вилоятининг Хатирчи туманидаги Чиғатой қишлоғида туғилган. Саодат Пўлканова 1990-1996 йилларда Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. У Ўзбекистон радиосининг ”Адабиёт ва радиотеатр”, ”Олтин мерос”, ”Ёшлар” канали бўлимларида фаолият кўрсатган.

Аслида Саодат ўқувчилик йилларидан буён ўзбек адабий жамоатчилигига ўз ижоди билан яхши танишдир. Унинг шеърлари ”Гулхан”, ”Гулистон”, ”Шарқ юлдузи”, ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати” каби матбуот нашрларида мунтазам чоп этилган. ”Ёшлар овози” (1987 йил), ”Нафосат” (1988 йил) баёзларида, ҳамда ”Йўлларимиз баҳорга туташ” (1991 йил) номли Пўлкан шоир сулоласи вакилларининг ижодий намуналари ўрин олган тўпламда унинг туркум шеърлари ёритилган.

1997 йилда унинг ”Таъзим” номли илк шеърий китоби нашр юзини кўрди. 2014 йилда шоиранинг дастлабки насрда ёзган ”Самарқанд: муқаддас қадамжолар ҳақида ҳақиқат ва афсоналар” китоби чоп этилди. Ушбу китоб Тожикистоннинг Раҳим Жалил номидаги Давлат Хўжанд нашриёти томонидан нашр этилган.

2001-2004 йилларда Саодат Пўлканова ўзбек халқ оғзаки ижодини тадқиқ ва тарғиб қилиш мақсадида ”Пўлкан шоир” гуманитар фондини ташкил қилган.

Бугунги кунда у Швециядаги ўзбеклар жамияти раҳбаридир. Шоира таниқли журналист ва адиб Юсуф Расул (Юсуфжон Расулов) билан оила қурган, уларнинг уч фарзанди бор. Ҳозирги кунда улар Швециянинг Стокҳолм шаҳрида истиқомат қилишади.