Саодат Пўлканова

Хотира

“Шайтанат” даги шоир йигит ёдингиздами?..

Ҳаётда ҳеч бир из қолдирмай, шунчаки яшаб ўтиб кетадиган одамлар кам эмас. Лекин, шундай инсонлар борки, улар ўз айтар сўзи, мақсади йўлида собит, ўтаётган ҳар бир куни, дақиқаси учун ўзига ҳисоб бериб яшайдилар. Шоир Асқар Қосим ана шундай қалам соҳибларидан эди. Шарҳи тоза сўз ва иборалари, нозик қочиримли шеърлари шоирнинг нечоғлик дидли ва фасоҳатли ижод соҳиби бўлганлигидан далолатдир. Кузатган, ўқиган қалбларни бу шеърият гўзалликка, юртга муҳаббат ҳамда ҳаёт ва инсон умри ҳақида мушоҳадага ундайди. Ҳаётдан эрта кетган оташнафас шоирлар кўп. Тилак Жўра, Амирқул Пўлкан, Чори Аваз, Равшан Файз сингари шоирлар эди.Мустабид тузум даврида ҳам бу шоирлар она Ватан, миллий ғурур учун курашдилар. Ўтли шеърларида билвосита ҳақиқат қарор топишини орзу қилдилар. Асқар Қосим ҳам эътиқодига содиқ қолган ана шундай инсонлардан эди. 

Барча виждонли ижодкорлар ҳаёти сингари шоирнинг умри ҳам машаққатсиз, алғов-далғовсиз кечмади. Унга ва унинг тенгдошлари шаънига қанча дашном гаплар айтишмади, дейсиз.

Таниқли адиб Тоҳир Малик “ Шайтанат” романида Асқар Қосим сиймосини тажассум этди. 

 ⁃ Асқар билан бир мактабда, бир олийгоҳда ўқидик, – дейди Тоҳир ака. Радионинг адабиёт таҳририятида ҳам бирга хизмат қилдик. Ундан кейин Ғофур Ғулом нашриётида ҳам бирга ишладик. Ажойиб инсон эди. Бировга ҳеч қачон озор бермас эди. Жисмонан бақувват, бокс билан мунтазам шуғулланган. Асқарни исёнкор шоир дейиш мумкин, аммо у исённи жиловлаб юрган. У бугунги кунни орзу қилган шоир эди. Шу орзуларини сатрларига туширган эди. Ривоятда айтилишича, бим сартарош Искандарнинг шоҳи борлигини илож тополмай қудуққа бориб айтади. Асқар ҳақиқат излаб, мана шу ҳақиқатни айтадиган қудуқни излаб топди. “Шайтанат”да Асқарнинг қисматини Анвар образи орқали очиб берганман. Ундаги шеърлар ҳам Асқарники. 1966 йилда ёзилган шеъри учун уни то сўнгги кунигача таъқиб этиб келдилар. Бу оддийгина, ўзбекларнинг қанчалик хўрланаётгани мустамлакада эканлиги ҳақидаги шеъри эди: 

Ўзбек бўлиб туғилмасайдим, кўрмас эдим бунчалар хорлик.

Оддий туюлаётгандир, лекин бу ўша давр учун одамларни уйғотиши, кўзини очиши мумкин бўлган сатрлар эди. Шунинг учун бу исёнкор шоир таъқиб остига тушди. Унинг ҳар бир асари, ҳар бир ҳаракати назорат остида бўлди. То сўннги кунига қадар. Мен ҳалиям туриб-туриб ҳайрон қоламан, нима учун Асқарни жиннихонага олиб боришди?! Ҳолбуки, унинг руҳи ўзини соғ деб юрадиган одамларга нисбатан ҳам соғроқ эди. Ён дафтаримга Асқарнинг айрим шеър сатрларини ёзиб қўйганман. 

Нафси ёмон, катта балиқ

ютди кичик балиқларни, дарёда ҳей.

Бу ҳудди оддий балиқларни кузатишдек гапга ўхшайди. Аслида, бунда катта халқлар кичик халқларни ейиши гапирилади. Яна шу ўзимизнинг ўзбекларнинг ўша даврдаги тақдирига ишора.

Ҳей, менинг умримдир,

                 чақмоқнинг умри,

Бир чақнаб маҳъ бўлсам

                    чекмагил нола!

Шоир ҳақ. Унинг умри чақмоқдек ўтди. Бироқ чақмоқ бир ёнади-ю сўнади. Асқарнинг умри сўнди. Лекин унинг асарлари чақмоқ умридан узоқроқ. Бекорга уни орадан йиллар ўтиб эслаётганимиз йўқ. Асқарнинг барча шеърларидан ана шу эркка ташналик бор.

Бошгинамга ағанаган,

катта тоғлар алвидо! 

Мен кетарман ҳасратланиб,

руҳи соғлар алвидо!..

Гарчи, шоир бу шеърини Нодирабегимга бағишлаган эса-да, уни ўз тилидан, худди ўзининг ҳаёти билан видолашаётган дақиқаларига етиб келганлигини билгандек битганмикин? Балки, умри гул умрича бўлишини олдиндан англадимикин? Қайдам. Бари-бир, сатрлар орқасидан бизга ҳорғин боқиб турган бу нигоҳ оламдан армон билан ўтди. Шоир жисми тирик бўлмаса-да, унинг руҳи, ўтли шеърлари ўз мухлислари қалбига қайтиб келди, доимо улар билан ҳамнафас яшаяпти. 

Саодат Пўлканова

“Ҳуррият” газетаси. 

1997 йил, 26 март.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *