
Амирқул Пўлканнинг тўртинчи китоби “Оҳанг” деб номланади. Унга шоирнинг умрининг сўнгги йилларида ёзган шеърлари киритилган. Элнинг атоқли шиори Ўзбекистон халқ қарамони Абдулла Орипов ушбу китобга сўз боши ёзганлар. Шоирнинг ижоди ҳақида жумладан шундай сўзларни ёзади у.
“Афсуски, адабиёт тарихида умри баҳор гулларидек қисқа адиблар баъзан учраб туради. Лекин бу табиат қонунини четлаб ўтадиган биргина юпанч бор. У ҳам бўлса ҳар бир истеъдод эгасидан қоладиган ижодий меросдир.
Қадрли укамиз Амирқул Пўлкандан ҳам ўзига хос шеърий гулдаста, бир неча достонлар хотира бўлиб қолди. Унинг камтарин ижоди улуғ бобоси Пўлкан шоир номи билан боғлиқ адабий хонадоннинг, қолаверса, шеъриятимизнинг жажжи бир ношонаси бўлиб қолаверади”.
Отамниг айтганлари
(Туркумдан)
Кўп насиҳат қилади отам,
Тўғри бўлгин, дейди,қароғим.
Бошингга ғам тушганида ҳам,
Қўлга олгин ўзни, чироғим!
Маломатга тўла бу дунё,
Кўтара бил қисматнинг юкин.
Қалбга ғулу солганда риё,
Уни четлаб ўтмоғинг мумкин.
Бардош керак одамга асли,
Тошдек маҳкам бўлсин саботинг.
Кутмаганда бир хазон фасли
Барбод қилгай бутун ҳаётинг.
Ҳеч вақт ёлғон сўзлама.болам,
Ҳақиқатдир шоирнинг жони.
Ростин айтган ўлар чоғда ҳам
Бобонгнинг ҳам бобокалони.
Мол-дунёга ҳирс қўйма асло,
Учқур бўлсин минган тулпоринг,
Бошингга ғам тушса мабодо,
Қаватингда бўлсин дўст-ёринг.
Эзгуликда ҳикмат кўп,тушун,
Сен шайтоннинг йўлига кирма!
Арзимаган қуруқ сўз учун
Шоирман, деб кўксингга урма!
Бу дунёда шоир кўп ўғлим,
Ҳаммаси ҳам севар элини.
Энг аввало одам бўл, токим
Англай олгин халқнинг дилини.
Халқсиз сенинг ёзганинг бир пул,
Ўқимаса на ҳожат шеърдан?
Тошни ёриб кўкарган ҳар гул
Қувват олиб ўсади ердан.
Фақат менга қолма боғланиб,
Бу дунёда мен ҳам бир меҳмон.
Ёзар бўлсанг, ёзавер ёниб,
Тутаб юриб ўчма ҳеч қачон!
Қўрқоқ бўлсанг сендай ўғлим йўқ,
Мен ҳам сенга қилмасман шафқат.
Бу дунёда майда одам кўп,
Сен уларга қўшилма фақат!
Олдинга бос қолсанг ҳам ҳориб,
Қаттиқ дерлар одам жонини.
Фарқсиз бўлма ноҳақлик кўриб,
Ерга урма шоир номини.
Тилагим шу. ёзгину баёт,
Сен дунёда одамдек яша!
Нималигин билмасанг ҳаёт,
Қаламингни синдириб ташла!
Мен шуларни ўйлайман нуқул,
Истагим ҳам кўп нарса эмас:
Яхши шеърлар ёзган Амирқул
Умарқулнинг ўғли, деса бас!
* * *
Кўп насиҳат тинладинг, ўғлим,
Ҳар нарсага юрма қон ютиб.
Битта бошга доим бир ўлим,
Мунғайма ҳеч ёқангни тутиб!
Фарзандинг кўп,
Сен ҳам отасан,
Улар билан сўзлаш мулойим.
Ҳамиша тинч бўлсин бу жаҳон,
Умринг узоқ бўлсин илойим!
Ногоҳ хато қилишинг мумкин,
Мард бўлади ҳақиқий ота.
Кўп қимматга тушади бир кун
Сен йўл қўйган лаҳзалик хато.
Ўғлим, доим шунақа бўлган,
Бир кун сўнар кўзингдан зиё.
Токи одам зоти бор экан,
Хатолардан қутулмас дунё!
Фақат камроқ янглишгин, ўғлим,
Хато қилма бўлса имконинг.
Қувонади менинг ҳам кўнглим,
Қувватингга кирса ўғлонинг.
Ҳеч вақт дилни қилмагин хира,
Майли юз йил чексанг ҳамки дард.
Токи бизнинг наслдан сира
Туғилмасин биронта номард!
Музейдаги суратлар
Бу ерда қандайдир бир сеҳр бордек:
Мозий ва Истиқбол мулоқат этар.
Энг тўрда мўътабар одил ҳакамдек
Шоирлар сурати турибди қатор.
Бу – Ҳамид Олимжон! Бу – Ғафур Ғулом!
Буниси Шайхзода – улуғвор сиймо!
Буниси Миртемир! Дилбар, хушкалом,
Буниси Ойбекдир – кўзида наво!
Буниси Қаҳҳордир – ҳақиқатпеша!
Буниси Қодирий – кўксида кадар!
Буниси Ҳамзадир – чақмоқдек яшаб,
Ногаҳон чақмоқдек сўнган иқтидор!
Улардан йироқдир бу кун Ер ғами,
Улардан узоқмиз шу қадар биз ҳам.
Дунёда ҳеч ташвиш кўрмаган каби
Ромлардан боқишар буткул хотиржам.
Бошқа суратлар ҳам турар шу кўйи,
Уларга боқмоқлик келмас ҳушимга…
Уйимга қайтаман, лекин тун бўйи
Шоирлар сурати кирар тушимга.
Ижарачи кампир
(Ҳазил)
Ярим тунда кимдир келди:
Эшик яна “жинғир-жинғир”.
Кампир бориб очмоқ бўлар,
Сўзланади минғир-минғир.
Аввал сўрар: – Кимсан, болам?
Дейди: – Очинг! Остонақул!
Кампир дарров калит бурар,
Кириб келар Остонақул.
Ўн минутлар ўтар яна,
Эшик тағин “жинғир-жинғир”.
Кампир бориб очмоқ бўлар,
Сўзланади минғир-минғир.
Секин сўрар: – Кимсан, болам?
– Зокил! – дейди чучук-чучук.
Кампир дарров калит бурар,
Бош суқади Зокир пучуқ.
Бир соатлар ўтар тағин,
Эшик яна “жинғир-жинғир”.
Кампир бориб очмоқ бўлар,
Сўзланади минғир-минғир.
Дарҳoл сўрар: – Қайси биринг?
Дейди: – Менман… Мен… албатта…
Кампир дарҳол калит бурар,
Елдек кирар Мансур калта.
Кампир эса уҳ тортганча
Жойга аранг чўзилади.
Тонгга қадар эшик очиб,
Нақ жон-жони узилади.
Йигитлар-чи,парво қилмай,
Тутиб келган каби ғуррак,
Париларни тушда кўриб,
Висолдан сўнг отар хуррак.
Бахтли одам
(Яраслав Смеляковдан)
Бахтли эдим, шубҳасиз, мен ҳам,
ҳам севилиб, ҳам севиб хушбахт
ё сершовқин ёшлар бўлиб жам,
улар ичра топганда шуҳрат.
Бахт, мен сени учратдим кўп бор,
Осонгина кетмадим, лекин
Кўз ўнгимда ўрмон ва шудгор
гўзаллиги очилди секин.
Мамнун эдим бахтимдан жуда
кунда эмас, лек йилда бир ур
шодиёна, тўй томошада
халқ овози дабдаба ила
қўнғироқдек янграса мағрур!
Аммо бу бир муқаддима холос,
аниқроғи сўзга бир йўриғ.
Бахтлимиди, хўш, айтинг, Ленин,
Ўз умрида изоҳсиз, тўлиғ?
Ҳа, албатта.Унинг даҳоси,
иродаси билан ўша вақт
Октбярнинг найза, байроғи
учларида яшнар эди бахт.
Бахтли эди, гарчи роҳатсиз,
Жипслашиб солдат найзалари –
жўнар экан жангга қўшиқсиз
Москва ва Питер полклари.
Бахтли эди, боладек кулиб,
яна туғни юксалтиб, бутун
Совет Россияси жам бўлиб,
илк байрамни нишонлаган кун.
Бахтли эди уйда, ўрмонда,
Ҳали тунлар чекинмай, зотан…
Ҳа, бу бахт таниш ҳар жонга,
лек ҳаммага насиб этмаган.
* * *
Руҳим тетик,
Қушдек енгилман.
Дунё бунча гўзал бўлмаса.
Шундай бўлар экан даъфатан
Юрагингни қувонч чулғаса.
Камалак ёйдек тортилган
Дастасидан тутгандек гўё,
Ўзимда йўқ хурсандман бу гал,
Гўзал экан ўзи бу дунё.
Чунки сенга кўнглимни айтдим,
Сен ҳам айтдинг… яна келаман.
Бир сўз билан дунёга қайтдим,
Бир сўз айтсанг, яна…ўламан.
* * *
Кетдингиз Сиз мени тирик ўлдириб,
Кетдингиз қўл етмас манзиллар сари.
Наҳот хато қилсам Сизга дил бериб,
Наҳот бир тушдай тугаса бари?
Ўтмиш қолди бунда келажак қолди,
Кетдингиз лаб тишлаб ёлғиз, паришон.
Озор чекдингизми, нималар бўлди?
Сўрамоққа бир лаҳза берингиз имкон!
Айтингиз сўнгги бор, гуноҳим нима?
Йўқса Сиз ўзингиз айбдорсиз ёким.
Айтингиз, токи мен сабабин билай,
Виждон азобидан қоврилмай токим.
Кетдингиз Сиз мени тирик ўлдириб…
* * *
Бошимга не ишлар тушмади мени
Бу тақдир тенгимга қўшмади мени.
Туя минсамда, ит тишлади мени,
Қисмат ўйинида, деб қўя қолдим.
Сирдан иборатдир дунёнинг бори,
Ким ёрга етолмас, ким дўстнинг зори.
Савдони кўтармас бахтнинг бозори,
Гарчи кеч келсамда, кеч кета қолдим.
Ёлғон гап ярашмас яхши одамга,
Оқиллар танг қолса, ботмайди ғамга.
Ҳаётдан бир илинж топдию ҳамма,
Ҳаётнинг заққумин мен тота қолдим.
* * *
Саноғи йўқ ўтгувчи куннинг,
Эслайсанми мени ҳеч жоним?
Тушларимга кирасан менинг,
Тушларимга кирар армоним.
Гоҳ билмайман: қандай бўлар бахт?
Гоҳ ёқамдан олар ҳамият.
Қушдек учиб ўтиб борар вақт,
Юрагимда фақат бир ният:
Ер ва осмон тутшиб кетган,
Ой ҳам катта кўринган ерда –
Иккаламиз тутиб бир маскан,
Узоқ йиллар яшасак бирга.
Шунда таскин топиб бегумон,
Рўёбга ҳам кўнгил бермасман…
Сен ёнимда бўлсанг бас, ишон,
Ухламасман туш ҳам кўрмасман.
У ишқ дардини шаробдай ичди,
Сенга шеърлар ўқиди ёддан.
То муҳаббат бор экан, ҳеч ким
Бефарқ яшаб ўтмас ҳаётдан.
Сирларингдан вофиқдир онанг,
Гарчи ўзинг сирингни ёйдинг.
Ҳавас қилиб сўрса дугонанг,
Қишлоқи йигитда, деб қўйдинг.
Бу қандай гап?
Бу қандай қилиқ?
Танангга бир ўйлаб олдингми?
Йигитнинг пок ишқидан кулиб,
Сен шаҳарлик бўлиб қолдингми?!
Унга ошиқ қалб берган тақдир,
Сени ўйлаб ўтади куни.
Сени топиб келганда охир
Кўкрагидан итарма уни!
Айтмас эдинг бу гапни, тақдир
Нималигин агар билсайдинг:
Сен ҳам шундай яшасайдинг бир,
Сен ҳам шундай севаолсайдинг.
Бу чиройинг сўнар ҳадемай,
Манглайингда ажин тўзийди…
Сен йигитнинг бошига чиқмай,
Бошингга кўтарсанг арзийди.
* * *
Айтинг, ким ҳам хато қилмаган,
Адашмаган қисмат чўлида?
Фақат ишқ деб яшамас инсон,
Фақат гуллар унмас йўлида.
Фариштамас одам, ҳарқалай,
Баъзан хато қилса не ажаб!
Ўз орзуси – йўлидан қайтмай,
Шараф билан ўлса не ажаб.
Не ажабки, тўқсон йил яшаб,
Етолмаслик мумкин тилакка.
Не ажабки, кўкракка муштлаб,
Буйруқ бериб бўлмас юракка.
Бу дунёда тўғри йўллар кўп,
Сен ҳам ўз йўлингни излайсан.
Гоҳ қувониб, гоҳо ғам ютиб,
Хато қилганингни сезмайсан.
Тўхтамайсан, йўл бўлмас адоғ,
Ҳар бир манзил сабринг синайди.
Энди оғзинг ошга етган чоғ,
Кутмаганда бурнинг қонайди.
Адашганинг сезасан, лекин,
Тополмайсан бошқа бир чора.
Сўнг ортингга қайтасан секин,
Ўзга бир йўл топсам деб зора.
Тополмайсан, чунки ҳар ҳарсанг,
Ҳасрат бўлиб синдирар белинг.
Ва қай тарзда бошлаган бўлсанг,
Худди шундай тугайди йўлинг.
Зеро тўғри йўллар беқиёс,
Ўтишарлар бетин, дамо–дам…
Фақат ундан юрмас ва ўтмас
Ўз йўлини излаган одам!
* * *
Кўп панд едим соддалигимдан,
Бировларга ишондим ортиқ,
Дўстларимга қайда бўлмайин,
Бор–йўғимни айладим тортиқ.
Улар бари менга қадрдон,
Кўзларимга кўринар ёниб.
Мен уларнинг ташвиши билан
Гоҳо тунлар чиқдим тўлғониб.
Гоҳ дўстларни авайлаб, ўзим
Қоқилсамда, олмадим сабоқ.
Азасида кўзимни ёшлаб,
Тўйларида ташидим товоқ.
Пеш қилмайман камтарлигимни,
Дўст гуноҳин кечирган марддир.
Ота бўлса суянган тоғинг,
Дўст дегани содиқ ҳамдарддир.
Дўстим, сендан илтимосим шу,
Зеро, сабр косаси тўлди.
Қўлларимни қўйиб юбориб,
Оёғимдан чалмасанг бўлди!
* * *
Ҳаёт гули эдинг мен учун,
Умрим мазмунига айландинг.
Бахтим йўли эдинг мен учун,
Қалбим риштасига бойландинг.
Ойнинг ёғдусига беланиб,
Хилват гўшаларда кезганмиз.
Туннинг кўкрагига биз ёниб
Қуёш суратини чизганмиз.
Бундай бахтдан бошим айланиб,
Тирик қолганимга ҳайронман.
Умр бўйи сенга бойланиб,
Ниятига етган бир жонман.
Юрагимга нурдай из солган
Кўзларинг шунчалик хуморми?
Иккимизни бир одам қилган
Муҳаббатдан зўрроқ куч борми?!
Ҳаёт гули эдинг мен учун,
Умрим мазмунига айландинг…
* * *
Мен бирор хатога йўл қўйсам баъзан,
Ўзи қатъий туриб мисоли ҳакам:
– Мен сендан бир кўйлак ортиқ йиртганман,
Сўзимдан чиқмагин, – дер эди акам.
Ёш эдим, оламга парвосиз боқдим,
Гоҳида ўйимга етмадим ўйлаб…
Бу гапнинг мағзини кейинроқ чақдим,
365 кун экан –кўйлак!..
* * *
Яшаш қийин…
Бошни қотириб,
Нохуш ўйлар бузар тинчингни.
Юрагингга илондек кириб,
Сўриб олар бутун кучингни.
Ўртанасан ич–ичдан етмас,
Ўйларинг ҳам билмас ниҳоя
Ғазабингни қўзғамоқ учун
Бир совуқ сўз қилар кифоя.
Доим сенга нимадир етмас,
Дастурхонда гарчи ош–нонинг.
Сен аввало рўзғоринг эмас,
Бутун бўлсин дейсан имонинг.
Яшаш қийин…
Айниқса сенга,
Яшолмайсан беҳис, бедаво.
Ўз сўзингга ўзингсан эга,
Бошқача йўл –сенга нораво!
Тақдир сени шу куйга солган,
Сен шу йўлдан ўтасан бедор…
Чунки инсон имони билан
Қалби билан яшар пойидор.
Тиркаш Тоға
Танимайсиз Тиркаш тоғани,
Жизмон деган жойда туради.
Ўзи оддий колхозчи, аммо
Сиёсатни яхши кўради.
Гўёки у билар барини,
Ишонамиз биз унга жуда.
БМТнинг мажлисларини
Таҳлил этиб юрмас беҳуда.
Гарчи ишлаб орден олмаган,
Лек ингратар меҳнат куйини.
У кўрмаган китоб қолмаган,
Кутубхона дейсиз уйини.
Яхшилардан чиқар яхши от:
Гул унади юрган йўлидан.
Жони–тани унинг – матбуот,
“Правда” ҳеч тушмас қўлидан.
Тинчимайди ўқиб чиқмаса,
Ўқимаса бўлмайди гўё,
Гўё унинг шу гезетани
Ўқишга боғлиқдай дунё.
Тушликда–ку Тоға инчунун
Қайнатади суҳбат булоғин.
Ахборотни тингламоқ учун
Радионинг бурар қулоғин.
Феъли қизиқ одам–да ўзи,
Гоҳо койиб, ғашни келтирар.
Бир кўрсангиз, латифа айтиб,
Ичагингиз узиб “ўлдирар”.
Ранжитса ҳам бизларни баъзан,
Койимоқни кўрса ҳамки эп,
Фахр этамиз Тоғамиз билан,
Қишлоқнинг Бош фуқороси деб!
Танимайсиз Тиркаш тоғани,
Танимайсиз…
Дарё
Одамзод меҳри ҳеч билмагай ҳудуд,
Зулматни ҳар қачон парчалар зиё.
Тез учар –қояда туғилган бургут,
Тез оқар –тоғлардан бошланган дарё.
Бургут–ку яшайди ўлжа ғамида,
Дарёнинг қисмати ўзгадир бироқ.
Шуъла акс этгандек қилич дамида,
Умримиз акс этар дарёда ҳар чоқ.
Чунки у заминнинг жонбахш томири,
Кўнгилни гул каби ўстирган нафас.
У борки, ободдир боболар ери,
У борки, боғлар ҳеч хазонрез бўлмас!
Бахтим шул: яшайман мен ҳам шу боғда,
Мастона тинглайман булбуллар сасин.
“Бир ҳўплам суз” дерлар чанқаган чоғда,
Бир ҳўплам сув билан инсон яшасин!
Шу ҳаёт, шу тупроқ унга насиба,
Сарбаланд тоғларнинг кўрсин меҳрини.
Орзуси кирмасин сароб тусига,
Ва туйсин дунёнинг турфа сеҳрини.
Мард одам номарддан кутмаган имдод,
Мард қилиб туғмагай ҳар кимни дунё…
Бор бўлсин дарёдек гувлаган ҳаёт,
То ҳаёт бор экан, тинмасин дарё!
Тасалли
Мен хаёл сураман боғда ўтириб,
Жажжи қизчаларим чопиб ўйнайди.
Йиллар қанотини кўксимга уриб,
Ширин хотиралар ғиж-ғиж қайнайди.
Эслайман, қишлоқдан ўқишга келиб,
У ердан бош эгиб чиққан маҳали.
Мени “бир гўдак”дек ўртага олиб,
Таниш-билишларим берган тасалли.
Бариси ўтаркан, қаддимни тутдим,
Ишонч куртакларин кўнгил ундирди.
Бир эзгу оромни топганда қалбим,
Севги фариштаси яна ёндирди.
У олис хилқатдек туюлди менга,
Гарчи мен сарҳадин кўрмасдим ҳали.
Мен унинг кўйида оҳлар урганда,
Ошиқ жўраларим берди тасалли.
Тубсиз уммон экан ҳаёт дегани,
Гар чўксанг оёқдан тортар баттарроқ .
Гоҳида ундан ҳеч топмайсан маъни,
Гоҳида ғамидан шодлиги кўпроқ.
Неча бор онадан туғилдим қайтиб,
Ҳеч вақт аямади дунёи далли.
Қолган шу умримга шукрона айтиб,
Бемор ҳамхоналар берди тасалли.
Чорасиз эрсанг ё қолсанг-да ҳориб,
Бир эзгу ниятинг бўлса ақалли –
Ҳар қандай ширин сўз, меҳрдан ортиқ
Туюлиб кетаркан тасалли.
Заррачалар
Оддий ҳақиқат
Сичқон юрган сўқмоқдан
Фил ҳам ўтаётир.
Подшо юрган сўқмоқдан
Қул ҳам ўтаётир.
Бойчечак
Кўтар-кўтар қилдилар,
Уйга олиб келдилар.
Бойчечак-да, бойланди,
Сўнг хазонга айланди.
Номутаносиблик
Тўйларда йиғлару, азада кулар,
Ўгит ҳам беради юз ёшли чолдек.
Бу менга жуда ҳам эриш туюлар
Эркак либосини кийган аёлдек.
Офат
Гар боққа кирса-ку гулни ёндирар,
Кўришса қўл тугул дилни ёндирар,
У шундай офатки, сўқмоқда туриб
Денгизга туташган йўлни ёндирар.
Поезддаги диалог
Дўстим, бунча тақилламаса,
Том битди-ку, мени қулоғим?
– Тақиллаган поезд эмас йўқ,
Тақиллаган менинг томоғим.
Дўстимга деганим
Мен ногоҳ йиқилдим, туриб кетаман,
Кўмак бермасанг ҳам юриб кетаман.
Бу қадим қишлоқда итлар кўп экан,
Асо бер, ўзимни қўриб кетаман.
* * *
Оқил одам бўлар-бўлмасга,
Қиқир-қиқир кулавермайди.
Лабларида мўйлови борнинг,
Бари эркак бўлавермайди.
Миртемирнинг сўнгги нафаси
Асал, деб оғуни ҳўплайман энди,
Рақиблар юзига туфлайман энди.
Дунёда нимайки ғам бўлса чекдим.
Кўз юмиб мангуга ухлайман энди.
Қулоққа чалинган гап…
Ҳайронман:
Ялиниб кўрдим – бўлмайди.
Ҳайронман:
Жиддийроқ сўрдим – бўлмайди…
Ногоҳон қулоғимга аллақаердан
Аллакимнинг сўзи чалинди:
“Катта оҳурлардан ем еган байтал,
Кичигини писанд қилмайди!..”
* * *
Ҳаёт қизиқ,
Дунёда кимдир
Яшаб юрар ҳовучлаб жонин.
Лол қоласан,
Биров бир умр
Сувдек ичиб ўтар ёлғонни.
Рост – бир тараф,
Ёлғон –бир тараф,
Кимдир икки дунёсин ғамлар.
Бир–бирининг кўзига қараб,
Ёлғон айтар баъзан одамлар.
Саҳна кўрган артистдек секин
Рол ўйнашар аввалу охир.
Ширин гаплар айтишар лекин
Барида ҳам ёлғони зоҳир.
Кимдир кимга ўз юкин ташлаб,
Тўймагай ҳеч дунёда зарга.
Мен ҳайратдан ёқвмни ушлаб,
Нафрат билан боқгум уларга.
Фақат яшаб эзгулик билан,
Ҳар бир сўздан излайман маъни…
Чунки жуда яхши кўраман
Самимият деган нарсани.
* * *
Дунё пайдо бўлгандан буён,
Ёнма–ёндир оқ билан қора.
Табиийки, улар ҳеч қачон
Бир–бирини тан олмас сира.
Тун ва кундуз талашар суръат,
Қуёш ҳеч вақт дуч келмас Ойга.
Ўз ҳукмини ўтказар ғурбат,
Ҳаққоният бўлмаган жойда.
Эътиқоди собит бўлса ким,
Толе насиб этган ўшанга.
Адолат ва разолат доим
Бир–бирига эрур кушанда.
Ҳолбуки кун кўрса–да палон,
Оқил элга тилар омонлик.
Ҳамма жойда яхшилик билан –
Қўшни яшар доим ёмонлик.
Агар кучли бўлса муҳаббат,
Қалб дош бергай ҳар қандай ғамга.
Гар қуролга айланса нафрат,
Ўт қўйиши мумкин оламга.
Барчасига келса ҳамки дуч,
Титрамас ҳеч одамнинг жони…
Аслида–чи, икки душман куч
Тутиб турар бутун дунёни.
* * *
Дунё обод бўлар кун сайин,
Деҳқон ўйлар фақат элини.
Кетмон чопиб қайтгандан кейин
Кўрганмисиз унинг қўлини?
Йиллаб кетмон дастасин тутиб,
Кафти тошга айланган чоғи?
Кунлар ўтиб, лаҳзалар ўтиб,
Пўлат каби қотмиш қадоғи.
Ёр сочини силамай туриб,
Ўзин фидо этган бу қўллар.
Титрамасдан мардона туриб,
Ёвни тутдай тўккан бу қўллар.
Дарёларни ҳад билмай кечиб,
Саҳроларга бурган ҳам ўзи.
Юлдузларнинг сирини очиб,
Маржон каби терган ҳам ўзи.
Коммунанинг олтин ғиштини
Қутлуғ кунда қўйган шу қўллар.
Ватанимнинг шуҳрат–шонини
Оламларга ёйган шу қўллар.
Ракеталар учириб ойга,
Заминга ҳам у берар сайқал.
Менга қолса энг баланд жойда
Шу қўлларга қўярдим ҳайкал.
* * *
Биламан, азизим, сенга ҳам қийин,
Ҳақиқат ахтариб бўлдинг мосуво.
Дўстларинг бир зумда тарк этди уйинг,
Бир илиқ сўзни ҳам кўрмасдан раво.
Уяси бузилган қуш каби ҳайрон
Қалбингда билмадим нималар кечди?
Ва лекин дўстликнинг топталган, вайрон
Чироғи милтиллаб адабий ўчди.
Сен қолдинг бир нафас хаёлга толиб,
Бургутдек парвозга топмасдан қанот,
Истардим: руҳингга осойиш солиб,
Мангу ярлақасин сени шу ҳаёт!
Қўй энди, азизим, куйинмоқ нечун?
Муштумдек жонингга тилайман тўзим…
Ахир, адолатга етмоқлик учун
Буюк ҳақиқатдек буюк куч лозим.
Соғинч
Хаёлан кўраман сенинг юзингни,
Хилват гўшаларда кезинаман жим.
Қалбимга ишқ солган қора кўзингни,
Дарё бўйларини жуда соғиндим.
Бу ерда кун қисқа, тун узун экан,
Вақт ўтмай, кўнгилни қилади хира.
Ўзимнинг тоғиму, шарқираб оққан
Жилғалар ёдимдан чиқмайди сира.
Битта мактубингни юз марта ўқиб,
Юз бора кўксимга босганман, бу рост.
Гоҳ узоқ юлдузга нигоҳим тикиб,
Соғинчдан энтикиб қўяман холос.
Сени кўролмайман қанча зориқмай,
Зероки, заҳмимга топилмас малҳам.
Деҳқоннинг қўлида синган ўроқдай
Фалакда осилиб турибди ой ҳам…
Ҳолбуки бунда куз.Хазонлар тўзиб,
Битта бўлиб ётар қора ер билан!
Сенинг ёдинг билан умр ўтқазиб,
Фақат овунишим мумкин шеър билан.
Хаёлим гоҳида кун санаб толар,
Ишқ деган шу туйғу қалбга тўлганда.
Бизни учраштирар келажак кунлар,
Ёнингда бўламан баҳор келганда.
* * *
Баъзан шундай бўлар: қизийди бадан,
Хаёлни тарк этар юксак фикрлар.
Кўнглинг оза бошлар майда гаплардан,
Ғашингга тегади икир–чикирлар.
Соатлаб мажлисда ўтириб чиқиб,
Силланг қуриганча уйга чопасан.
Хотинга мўлтираб, кўзингни тикиб,
Минг бор узр сўраб, айбинг ёпасан,
Кимдир тўй қилади,
Бормоқлик лозим
Ва яна бировнинг таъзиясига.
Қачондир ўзингни ўйлайсан бир зум,
Рангинг ҳам киради девор тусига.
Ақилли одам–ку йўл топиб кетар,
Лекин лақмаларнинг йўриғи бошқа.
Қайгаки бормагин бир ташвиш кутар,
Пешонанг тақ этиб урилар тошга.
Менинг пешонамга шундай ёзилган:
Кўрмадим ташвишни, қувончни, ғамни.
Ўзимни юпатиб қўяман баъзан;
Армонсиз одам ҳам одамми?
Ишқ дарди
(Ҳазил)
Дунё ўзи –телба дунё–да,
Ёмон экан, ишқ дарди қурсин!
Узоқ ётиб касалхонада,
Сезиб қолди ногоҳ Эмирсин.
На уйқуда ҳаловати бор,
На кундузи топади ором.
Ишқ дардига бўлди–ю дучор,
Бор ақлини олди дилором.
Қиз тушкур ҳам унга парвона,
Зимдан нуқул боққани–боққан.
Эмирсиннинг қалбига ана –
Ўша қизнинг ўзи ўт ёққан.
Қани энди ўчса бу олов,
Эмирсин ҳам тинчиса қани?!
Юрагига ўт ёқиб лов–лов,
Гоҳо тутқич бермас севгани.
Оғир экан ишқ дарди шунча,
Тўйдиради гоҳо жонидан.
Лекин қизга уйланмагунча
Чиқмайман дер касалхонадан.
* * *
Кўп нарса йўқотдим бепарволикдан,
Гоҳида етмадим вақтнинг қадрига.
Ўтган ҳаётимни ўйларканман бу дам,
Мен ҳайрон қоламан инсон сабрига.
Кимнингдир қошида бош эгмадим жим,
Кимгадир ёлғондан бермадим йўриқ.
Ўзимга ишониб яшадим доим,
Омадга ҳеч қачон ишонганим йўқ.
Барига гувоҳдир шу ер, шу само,
Шараф деб кўтардим виждон юкини.
Ҳеч кимнинг ҳаққини емадим, аммо
Бировга бермадим ўзимникини.
Пушаймон қилмоқдан не фойда, алҳол,
Шам каби эрибди умрнинг ярми.
Ва лекин оти йўқ чавандоз мисол
Ғам чекиб яшашдан ёмони борми?!
Кўп нарса йўқотдим,
Бу бир хомлигим,
Гоҳида етмадим бахтнинг қадрига.
Бунга сабаб эмас бўш-баёвлигим,
Оқ кўнгил бўлганим сабаб барига.
Каллакланган тут
Ҳовлидаги кекса шотутга,
Кўзим тушар ҳар тонг уйғониб.
Ҳусайнидек сарғайган тутлар
Олтин каби турар товланиб.
У мўл ҳосил беради жуда,
Гарчи ҳийла қолгандир қариб.
Икки йигит бугун ҳовлига
Кириб келди болта кўтариб.
Тошдек қотдим уларни кўриб,
Бир зирқираб қўйди юрагим.
Каллага ҳам бир оз дам бериб,
Тутга тўймоқ эди тилагим.
Қўйинг, бу йил тегманглар десам,
Деди бири боқаркан тикка:
– Сиз қориннинг ғамини еманг,
Пилла керак давлатга, ака!
Сигир соғиб вайтган онам ҳам
Йигитларга боқдию бирров,
Бир сесканиб тушди-да, билмам,
Ошхонага чекинди дарров…
Йигитлар-чи, болта соларди,
Терлаб-пишиб, қийшайиб лаби…
Тутлар дув-дув тўкилар эди
Онамнинг кўз ёшлари каби.
* * *
Дунёдан норози бўлма эй, дўстим,
Бу билан бут бўлмас яримта нонинг.
Не ишинг бор сенинг бошқалар билан,
Бут бўлса бас, ахир, сенинг имонинг.
Охири битади ҳар қандай кам-кўст,
Сабр қил, шайтоннинг йўлига юрма.
Ўзингдан пастларнинг олдига, эй дўст,
Ўол бўлган ит каби эмаклаб кирма!
Умидим: сен мард бўл, бошингни эгма,
Одамлар сўнг ўзи беришсин баҳо.
Бир тўда авомнинг тилло дегани
Мис бўлиб чиққанин кўрганман гоҳо.
Ҳа, дўстим, бу дунё шундоқ яралган,
Бир ери паст бўлса, бир ери баланд.
Қадимдан эл ичра бир масал қолган
Ҳалол яшаганнинг ўзи бир талант.
Табиб
Бир табиб яшарди маҳалламизда,
Туркона дорилар қиларди.
Жуда машҳур эди. Унга – яқиндан,
Жуда узоқлардан келарди.
Ёлғиз турар эди, камтар камсуқум,
Ҳатто пул олмасди ийманиб.
Ҳар хил гиёҳларни ахтариб, тоғда
Умри ўтар эди куйманиб.
Терлама дейсизми, бўғма дейсизми,
Дардларнинг номи ҳам кўп эди.
Хулласики, маҳалламизда
Уни танимаган киши йўқ эди.
Тоғдан қайтдими бас, хумда болалар
Табиб теграсини ўраб оларди.
Унинг кулбасида чучмомадан тортиб,
Оқ қуврайгача бўларди.
Жонини берарди, бола, деса,
Ёниб сўзлар эди бизга боққанча:
– Ит қопганга даво – мана буниси,
Анувси кор қилар илон чаққанга!
У шундоқ зот эди, собит, фидойи,
Ундан ранжимаган биронта одам.
Унга зоҳир эди барча-барчаси,
Даволай оларди қутурганни ҳам…
* * *
Суҳбатлашиб қолдим битта чол билан,
Ёқимтой чол эди, сўзга ҳам уста.
Кўнгилда минг турли эҳтимол билан
Мен унинг касбини сўрадим аста.
– Заргарман! – деди у, –
Ҳа, ҳа, заргарман!
Кўз қурғур унчалик кўрмайди энди.
Зўр уста йўқ эди бир вақтлар мендан,
Ойнак ҳам менга чўт бермайди энди.
Бу ишга эҳтиёж қолмади, болам,
Ҳозир ҳаммасини завод ишлайди…
Лекин мен ясаган тақинчоқлар ҳам
Аёллар бўйнидан ҳануз тушмайди.
Қишлоқдан кепсан-ов!
Маъқул, ҳа, маъқул,
Тошкентни бир кўриб кетай депсан-да?
Кечаси юрмагин, ўғлим, ҳазир бўл, –
Шундай деб чол менга қилди писанда.
Ёқимтой чол эди.Содда,бегидир,
Ҳар битта ўгити миннатдан ҳоли.
Бобомни эслатар эди негадир,
Кўксини тўлдириб турган соқоли.
Учиб борар эди бизнинг автобус,
Бобой ҳам негадир бир сўлиш олди.
Хадрага келганда ҳамроҳим, афсус,
Манзилга етдим, деб аста қўзғалди.
Тушиб кетар экан, негадир тўхтаб,
Эсидан чиққандек айтар сўзлари –
Бир зум туриб қолди лабини жуфтлаб,
Менга қадалганча ўйчан кўзлари.
Бир муҳим сирин у оқгандай гўё,
Шошиб борган бўлди менга маслаҳат:
– Шарқ,деса, Тошкентни билади дунё,
Тошкент ҳам, чироғим, катта мамлакат.
Болаликка қайтиш
Қисматнинг кўп илму амали,
Биров билмас унинг ишини.
Аммо ҳеч ким кўрмаган ҳали
Болаликка қайтган кишини.
Ва лекин мен қайтганман кўп бор;
Мўъжизалар унинг бор-йўғи.
Ёғмас унда ва ёмғир, на қор,
Куйдирмайди офтобнинг чўғи.
Унда бари тоза, мусаффо,
Ҳеч ким ёнмас ғамда тўлғаниб.
Унда инсон армони – вафо
Қуёш каби турар товланиб.
Унда бетин порлайди нурлар
Ўсма бўлиб қизлар қошида.
Унда сени буюк ботирлар
Кутиб олар йўлнинг бошида.
Унда булбул куйлар тонггача,
Тингламаслар ҳеч вақт тўтини.
Ахир ўзим кўрганман неча
Гўрўғлининг Ғиркўк отини…
Тергамаслар сени беҳуда,
Ўзинг унда соҳиби замон.
Сен пойингни қўйган заминда
Тикан бўлиб кўкармас ёлғон.
На ўлимни ўйлайсан, ва на
Ғанимларинг ёқмас бағрингни.
Сен ҳеч кимдан қилмайсан гина,
Қўзғатмайди ҳеч ким қаҳрингни.
Эзгуликнинг уруғин бесўз
Ҳаёт ўзи солар дилингга.
Осмондаги ҳар қандай юлдуз
Бодроқ бўлиб тушар қўлингга.
У шунақа бетимсол очун,
Ҳар мушкулинг бир зумда кўчар.
Ва бировдан парча нон учун
Орқасидан урмайди ханжар…
Бош эгаман, шундайин бот-бот,
Тушни раво кўрган тунимга.
Яшагандай бўламан фақат
Болаликка қайтган кунимда.
Таржимаи ҳол
Суҳбат билан гўзалдир очун,
Деганидек қадим бир бахши:
Дунёга бир келганимдан сўнг
Кимлигимни айтганим яхши.
Мен ўзбекман.Отам ҳам ўзбек,
Паноҳимиз –Ҳурлик замони.
Ўзбек эди, гапнинг рости шу,
Бобомнинг ҳам бобокалони.
Кўрмаганман уларни гарчи,
Лекин аниқ қилгум тасаввур.
Шажараи риштанинг учи
Чунки менга келиб уланур.
Ўз орзуси, ўз сўзи янглиғ
Маҳкам бўлган улар саботи.
Йўли узоқ бўлса қанчалик,
Шунча қисқа бўлган ҳаёти.
Сал тўпори, озгина қувроқ,
Қорайиб биздек бўлган бўй–басти.
Тоғни талқон қилса–да, бироқ,
Кўкрагига урмаган асти.
Ҳа, улар ҳам кулба –уй қуриб,
Авлодини кўтарган бошга.
Оналар–чун жонини бериб,
Заминни элтган қуёшга.
Меҳмон чорлаб узоқ–яқиндан,
Қирқ қулоқли қозонлар осган.
Улар феълин кенглигига ҳам
Торлик қилиб қолган бу осмон.
Тайзиқлардан юраги куйиб,
Зулм ҳудудидан ошса мабодо –
Саройларга лов–лов ўт қўйиб,
Ўзлари ҳам бўлишган фидо.
Қўш қўшганлар, экканлар экин,
Қон кечганлар ҳаттоки тиздан.
Умидини узмаган лекин
Улар бизнинг замонамиздан…
Ўшаларнинг авлоди менман,
Жоним улар руҳига туташ.
Ўзбекистон деган бир Ватан,
Юрагимга тўлдирар оташ.
Шу боисдан ўлсам, ажалнинг
Қутқусидан қилмасман ўпка.
Таржимаи ҳолимга менинг
Қўйилмагай энг сўнгги нуқта.
Рубоийлар
Суянган давлатим – арконим Ватан,
Дунёда бору йўқ имконим Ватан.
Юртимдан ўзга бир қўналғам йўқдир,
Орзуйим, армоним, имоним Ватан.
* * *
Дўстларинг гоҳида гаранг қилади,
Душманинг баъзида карам қилади.
Тилло, деб тутганинг мис бўлиб чиқса,
Негадир одамга алам қилади.
* * *
Кўксимда на дарду, на оҳим йўқдир,
Йиқилсам гоҳида паноҳим йўқдир.
Бир умр ёлғонга ўрганолмадим,
Ўшандан ўзга ҳеч гуноҳим йўқдир.
* * *
Дунёнинг асрори кўзимга маълум,
Ҳар ўтган баҳорим – ёзимга маълум.
Ҳамма тушунмас менинг қалбимни,
Ўзимдан ўтгани ўзимга маълум.
* * *
Майлига юрт учун жон фидо бўлсанг,
Ёмондир ва лекин гар гоҳо бўлсанг.
Сен учун ўрин йўқ гулзорда ахир,
Тоғдаги ғорга бор аждаҳо бўлсанг.
* * *
Ортиқча бойликка қўймагил талаб,
Устингдан кулмасин ўзга бир салаф.
Ҳар қайда бор ахир тошу тарози,
Дунёни ҳеч кимса кетмас орқалаб.
* * *
Кўп яша, азизим, асло ўлмагин,
Ташрифинг бу қадар миннат қилмагин.
Гар оёқ қўйсанг сен дастурхонимга,
Уйимга ҳеч қачон қайтиб келмагин!
* * *
Ҳар киши ҳаётда топар ўз ўрнин,
Тополса яхшидир ўлмасдан бурун.
Ҳар битта меванинг таъми бор, лекин
Уларнинг ҳар бири ўзича ширин.
* * *
Донолар кўнглини шод этган яхши,
Боболар руҳини ёд этган яхши.
Бир азиз одаминг бўлмаса агар,
Дунёдан дод солиб тоқ ўтган яхши.
* * *
Одамзод қалбининг чироғи севги,
Йўлнинг ҳам энг яқин, йироғи севги.
Кераксиз нарсалар кўпдир оламда,
Одамга баридан кераги севги.
* * *
Баъзилар дунёда топмайди омад,
Кимлардир бахтини қилар даромад.
Бир умр дунёдан адашиб ўтсанг,
Энг ёмон офат шу, энг ёмон офат!
* * *
Бемаврид айтилган сўздан қўрқаман,
Қалбдаги совуқлик –муздан қўрқаман.
Иккита қуённи бир ўқда урган
Устомон жўралар, сиздан қўрқаман.
* * *
Бошингдан аритгил шўриш ва ғамни,
Унутма мискинлик қуршаган дамин.
Агар сен дўст бўлсанг, дўстнинг ишин қил,
Балчиққа белама яхши оламни.
* * *
Чалинмас бўлса гар тордан кечаман,
Вафосиз ул гўзал ёрдан кечаман,
Меҳримни алишса молу дунёга,
Ундайин ошиқу зордан кечаман.
* * *
Теракни асо деб йўнмайди ҳеч ким,
Агар курашмаса ўнгмайди ҳеч ким.
Беш кунлик дунёнинг ташвиши шунча,
На иссиқ, совуққа кўнмайди ҳеч ким.
* * *
Сендаги бу чирой ҳатто ойда йўқ,
Беҳиштдек ғаройиб гўзал жойда йўқ.
Фарҳоддек тошни ҳам йўнишинг мумкин,
Ва лекин жавобсиз ишқдан фойда йўқ.
* * *
Имонли одамни имон ўлдиради,
Сершубҳа одамни гумон ўлдиради.
Дунёда ҳар каснинг кушандаси бор,
Яхшини ҳамиша ёмон ўлдиради.
* * *
Юлдузи кўп дедим, тунга алдандим,
Гоҳо хуш келар деб кунга алдандим.
Қалбимда гул эдинг, бошимда тожим,
Нетайким, охири сенга алдандим.
* * *
Дунёдан гадо ҳам, шоҳ ҳам ўтади,
Анварми ва ёким шоҳ ҳам ўтади.
Агар бахтли бўлсанг, дўстим дунёда
Юз кунинг бир кундек ўтиб кетади.
* * *
Қисматнинг баридан ушлаб кетамиз,
Қанчалар кўнгилни ғашлаб кетамиз.
Дунё деб бўғамиз бир–биримизни,
Охири дунёни ташлаб кетамиз.
* * *
Донолар ўзгага сирин очмайди,
Қуёш ҳам мангуга асло ўчмайди.
Вафодор ёр сўзи тиллодан афзал,
Чин ошиқ дилдордан асло кечмайди.
* * *
Учрашсак кўнгилни қилмагин хира,
Мен сенинг кўйингда кезмасман сира.
Барини унутар эдимку, лекин
Мени қийнамоқда эски хотира.
* * *
Сен кеча дўст эдинг, бугунча –душман,
Ва лекин мен асло қилмам пушаймон.
Сен кўп ҳам шод бўлма бош эгганимга,
Эгилиб, сўнг даъфа отилар камон.
* * *
Яшадим: яхшию ёмонни кўрдим,
Тиллага сотилган имонни кўрдим.
Гоҳ омад сийлади, гоҳо –бахтсизлик,
Хулласи турфа хил замонни кўрдим.
* * *
Борини сўзлашга забоним йўқдир,
Кўксингдан отмоққа камоним йўқдир:
Сен яхши бўлсанг–у, имонсиз бўлсанг,
Демакки менинг ҳам имоним йўқдир.
* * *
Кел жоним, жонингга дармон қиламан,
Келмасанг сендан ҳам гумон қиламан.
Гар бирга бўлмасак ушбу дунёда,
Мен сўнгра бир умр армон қиламан.
* * *
Ишқи билан буюкдир одам,
Шу ишқ билан енгилади ғам.
Сен ишқимни ерга урсанг гар,
Арзимайсан тирноғимга ҳам.
* * *
Эй дўстим, мушкулинг осон бўлсайди,
Эгилган бу бошинг осмон бўлсайди.
Ҳеч бир кимсагаки душман эмассан,
Душманинг ер билан яксон бўлсайди.
* * *
Ҳаётнинг завқига тўймаган ҳеч ким,
Мен каби юракдан суймаган ҳеч ким.
Севгидан бир илинж топгандир ҳамма
Ва лекин мен каби куймаган ҳеч ким.
* * *
Дунёда ҳамиша шундай бўлади:
Биров туғилади, биров ўлади.
Ва лекин тиззаси йиртиққа доим,
Иштони йиртилган одам кулади.
* * *
Ўтмишни хаёлдан қочиролмайман,
Манглайдан шўримни ўчиролмайман.
Ҳаммани кечирдим дунёга келиб,
Мен фақат ўзимни кечиролмайман.
* * *
Элидан, халқидан норози йўқдир,
Ҳақиқат тилсиздир – овози йўқдир.
Дунёда ҳар нарса ҳисобли, лекин
Қадрни ўлчашга тарози йўқдир.
* * *
Зўрман, деб кўксингга урганинг ёмон,
Шайтоннинг йўлига кирганинг ёмон.
Кўнглингнинг ороми фақат маҳбубинг,
Ўзгага кўнгилни берганинг ёмон.
* * *
Донолар сўзласа риё қаёқда,
Кўзинг ожиз бўлса зиё қаёқда.
Сўзидан биласан яхши одамни,
Дунё кўрмаганга дунё қаёқда?
* * *
Мард бўлсанг, кўксингни керсанг арзийди,
Дунёда одамдек юрсанг арзийди.
Йигитга қанотдир дўсти, оғаси,
Дўст учун жонингни берсанг арзийди.