Пўлкан шоир

(Терма)

Бургансойлик Боли Сарой дега бир бой,тўй қилмоқчи бўлиб, чир атрофга хабарчи қўйиб, узоқ яқиндаги таниш-билишларини ҳамда полвон чавандозларни тўйга чорлайди. Бундан хабар топган кўпкарисоз чавандозлар, бирма-бир ушбу йиғинга кела бошлашади.Халқ ўртасида номи чиққан, барча чавандозлар тўйда қатнашиш истагида йиғиладилар. Бу тўйда Пўлкан шоир ҳам иштирок этади.Тўй улоқ уриштириш ва тортишувлар билан хотима топади. Ушбу тўйдаги воқеаларни гувоҳи бўлган шоир, уларни ўз термасида шундай тасвирлайди:

Бургандаги Боли Сарой,
Тўй қилмоққа хабар қилди.
Остидаги Саман йўрға,
Ҳар тарафга хабар қилди.

Ҳаво палак алвон-алвон,
Қўш Қўтондан Қодир палвон.
Қирқ беш йигитга бош бўлиб,
Бул ҳам келди Бурган сойга.

Миёнколдан Мансур калта,
Орқасида бурма халта.
Олтмиш йигитга бош бўлиб,
Бул ҳам келди Бурган сойга.

Тов наридан мулла Қўтир,
Йигитларин бари Чўтир.
Саксон йигитга бош бўлиб,
Бул ҳам келди Бурган сойга

Пайшамилик полвон Номоз,
Ҳар замонда қилиб овоз,
Ўттиз йигитга бош бўлиб,
Бул ҳам келди Бурган сойга.

Катта Сойдан Теша пучуқ –
Йигитлари кичик -кичик,
Қирқ беш йигитга бош бўлиб,
Бул ҳам келди Бурган сойга.

Ўз-ўзига айлаб чора,
Жарбошидан Ҳамро қора,
Эллик йигитга бош бўлиб,
Бул ҳам келди Бурган сойга.

Тиканлидан Абдалим чўлоқ,
Чопмоқ бўлиб сарка улоқ,
Қирқ беш йигитга бош бўлиб,
Бул ҳам келди Бурган сойга.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *