Умарқул Пўлкан

Шеълар ва достон
Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти
Тошкент – 1976 йил

Куйлайман

Дўстлар, сизга айтай достон,
Бурро ширин тилим билан.
Тил десангиз ҳаммада бор,
Куйлай қувноқ дилим билан
Қалбим кенгдир мисли уммон,
Дилим терма, достонга кон.
Куй бобида ошдим довон,
Ўқиб ўқиб билим билан.
Мени куйчи қилди ҳаёт,
Она юртдан олдим мадад.
Мен яратган ғазал, баёт
Безанган дил гулим билан.
Достон тўқиб, совға этиб,
Жўшқин илҳом, ўйим билан.
Ватанимнинг улуғ тўйин
Табирклайман куйим билан.
1975.

Дўмбирам

Булбулни мот этдинг сайрашда, созим,
Янги келинчакдек ишваю нозинг.
Самони титратар янгроқ овозинг,
Мисолан дарёдек жўшқин парвозинг,
Тинмайсан эл кўнглин овлаб, дўмбирам.

Озод замонамга тинмай жўр бўлиб,
Куйинг юракларга кирар нур бўлиб,
Меҳнат ла яшнадинг озод, ҳур бўлиб,
Сен билан ҳар сўзим олтин, дур бўлиб,
Ишлайсан халққа бел боғлаб, дўмбирам.

Ўзинг чолғуларнинг кекса полвони,
Сени тинглаганнинг йўқдир армони,
Сен бошчи тизилган юртим карвони,
Шул сабаб довруғинг тутган дунёни,
Сайрайсан даврада қайнаб дўмбирам.

Отим Умарқулдир Пўлканнинг ўғли,
Бахшилар сафида улканнинг ўғли,
Фақат Пўлкан эмас, ўлкамнинг ўғли,
Завқланиб куйлайман, юрагим чўғли,
Илҳомимга сўнмас қанот, дўмбирам.
1975.

Айтайин

Созим чиққан ўз элимдан созланиб,
Дилим кирган шеър ишқига изланиб,
Гоҳи олиб қочар мени тезланиб,
Шеър сирини айтайинми, қайтайин?

Эркалаб куй тўқир хуррам замонга,
Кирганда гул қўшар гулшан чаманга,
Мени етаклайди юксак томонга,
Илҳом сирин айтайинми қайтайин?

Дилмни қитиқлар ўйнаб азалдан,
Куй олар далада учган ғазалдан,
Айрилмас меҳнатдан дўсти гўзалдан,
Гўзаллигин айтайинми, қайтайин?

Ёшликдан иноқдир “пўлат от” билан,
Барака қут уйган истеъдод билан,
Бел боғлаб иш тутар ҳур авлод билан,
Мадҳин унинг айтайинми, қайтайин?

Бир зум тиним билмас, қолмас ёшлиги,
Дил чертиб ўйнашлик зўр бебошлиги,
Азалдан бизга бор қариндошлиги,
Номи илҳом айтайинми, қайтайин?
1975.

Қаламим менинг

Далаларга тўймай қарайман,
Хаёлларим нурга ўрайман,
Ўз ўзимдан савол сўрайман,
Қалбда йўқдир аламим менинг,
Бахтни куйлар қаламим менинг.

Шодлик қанот қоқар элимда,
Меҳнат завқи жўшар дилимда,
Олов ёшлик мудом тилимда,
Қалбда йўқдир аламим менинг,
Бахтни куйлар қаламим менинг.

Она юртим беҳиштдек гўзал,
Тавсифига битгайман ғазал,
Яхшиларни суярман азал,
Қалбда йўқдир аламим менинг,
Бахни куйлар қаламим менинг.

Пешанамни силади тақдир,
Кўнглим, халқим, пахтангдек оқдир,
Меҳнат билан қўлим қадоқдир,
Қалбда йўқдир аламим менинг,
Бахтни куйлар қаламим менинг.

Наҳрлардек оққим келади,
Меҳр билан боққим келади,
Зулматларни ёққим келади,
Қалбда йўқдир армоним менинг,
Бахтни куйлар қаламим менинг.
1975.

Доҳий Ленин сўзи билан

Қир адирлар бўлди чаман,
Орамиздан кетди ёмон,
Нурин сочди бахтли замон,
Ҳурриятнинг ўзи билан,
Доҳий Ленин сўзи билан.
Биргалашиб бошладик иш,
Меҳнат билан ўсди турмуш,
Ҳамроҳ бўлди иш ва ўқиш,
Халқнинг ўғил қизи билан,
Доҳий Ленин сўзи билан.
Далада елди “пўлат от”,
Деҳқонларга бўлди қанот,
Она Ватан ҳур ва обод,
Компартиям кўзи билан
Доҳий Ленин сўзи билан.
Мер қўйдик илму фанга,
Ер айланди олтин конга,
Илмла учдик осмонга,
Келдик Ойнинг ўзи билан,
Доҳий Ленин сўзи билан.
1975.

Машинам

Рули ҳар дам қўлимда,
Ишқи туташ дилимда,
Довруғ солиб элимда,
Пахта терар машинам,

Ўйнаб, ўпиб чаноқни,
Ясар олтиндан тоғни,
Севинтириб юракни,
Пахта терар машинам.

Деҳқон билан тутиб иш,
Халқимдан олиб олқиш,
Очилганин пешма пеш
Териб олар машинам.

Доим ишида унум,
Бир нафас билмас тиним,
Энди роҳатда жоним,
Пахта терар машинам.
1975.

Яхши

Даладан завқ олар кишининг дили,
Элимнинг қувончи ҳосилнинг мўли,
Пахтани тоғ этар чеварлар қўли,
Маррага интилар қистаб ҳар бири,
Мардона қизларнинг териши яхши,
Эгатдан оралаб юриши яхши.

Бошига чамбарак этиб сочини,
Олмага таратиб зўр қувончини,
Тонгдан туриб билмас ҳатто кечини,
Қараб билолмасман хирмон учини,
Кетма кет тизилган карвони яхши,
Шодлик куйи тўла даврони яхши.

ҲВС минишган турсунойчилар,
Ҳар бири машина қадрини билар,
Ой ўпар хирмонлар этувчи улар,
Аминман кузда тўй тантана қилар,
Этаклаб олтинни териши яхши,
Майдонда қизларнинг кулиши яхши.

Партиям бахт берган, элимиз обод,
Меҳнаткаш халқим бор, ҳар бири устод.
Шаҳар ва қишлоқлар кўркам, ҳамма шод,
Умарқул мадҳингни куйлар умрбод,
Коммуна даври бу, йўлимиз яхши,
Севикли Ватаним, элимиз яхши.
1975.

Жизмонсой

Жизмонсойнинг сувли дараси,
Қишлоғимнинг хуш манзараси,
Қримдан зўр оби ҳавоси,
Ҳордиқ учун жойнинг сараси,
Дам олишга создир Жизмонсой.

Тоғларида кўркам булоғи,
Дўст ошнога очиқ қучоғи,
Зап чаманзор, гўзал бутоғи
Узум, олма анор ҳар ёғи
Мевага кон бизнинг Жизмонсой.

Йигит қизи меҳнатда чаққон,
Оналари безар дастурхон.
Чоллари зўр миришкор деҳқон,
Сермаҳсул қўй, сигирларга кон,
Кундан кунга яшнар Жизмонсой.
1975.

Чигит экдик

Деҳқон кезар дала бўйлаб,
Техникани обдан шайлаб.
Мўл ҳосил тақдирин ўйлаб,
Чигит экдик, чигит экдик.
Бахт иқболи кулиб боққан,
“Пўлат от” лар кезар чаққон,
Қувончи зўр бободеҳқон,
Чигит экдик, чигит экдик.
Билакларнинг кучи тошиб,
Бир нормамиз учдан ошиб,
Ишимиз эолга ярашиб,
Чигит экдик, чигит экдик.
Баҳор фасли ёшу қари,
Пайкалидан кетмас нари,
Дилда оқ олтин шиори,
Чигит экдик, чигит экдик.
1975.

Каттақўрғоним

Тоғлардан бошланар дарёнинг боши,
Қалбларни ёритар Ильич қуёши,
Ижодкордир унинг кексаю ёши,
Ажаб сўлим шаҳар Каттақўрғоним.

Кўнглим қувонади завқли онидан,
Барча дўст хабардор шуҳрат, шонидан,
Ким татиб кўрмаган буғдой нонидан,
Кундан кун юксалар Каттақўрғоним.

Қизлари жиловкор, абжир сувори,
Кўрганлар юз йиллаб бўлар хумори,
Мангу чаманзордир ўсган диёри,
Яшнаб камол топар Каттақўрғоним.

Яйловида яйрар чорва галаси,
Шодликла ўрлайди чўпон ялласи,
Кўзни қамаштирар сури, тилласи,
Тиланинг конидир Каттақўрғоним.

Ҳур меҳнат илҳоми жўшар, гуркирар,
Бахтли халқим пешонаси ярқирар,
Компартиям зафарларга чақирар,
Зафарлар ҳамроҳи Каттақўрғоним.
1975.

Ленин баҳоридан

Ўқиб илм ҳунар ўлкамда кенг чўлларда боғ қилдим,
Доҳийнинг ҳар сўзин дилга солиб ундан сабоқ қилдим.
Тушиб меҳнат куйига халқ бирла боғу роғ қилдим,
Қуриб улкан шаҳарлар, дўстларим кўнглини чоғ қилдим,
Ватанда шод яшарман то абад Ленин баҳоридан.
Забардаст меҳнатим кўзга кўринди, пария бош бўлдинг,
Улуғ карвон йўлида учраса тоғ, елкадош бўлдинг,
Фақат жўшмоққа ўргатдинг, сафларда мудом ёш бўлдинг,
Йўлимиз порлади кун тун ўзинг мангу қуёш бўлдинг,
Ватанда шод яшармиз то абад Ленин баҳоридан.
Ҳамон анжуманда бўлсам мен ўзингдан сўйлагайдирман,
Юракда ҳурматим чексиз, отам деб сўйлагайдирман,
Сенинг шаънингни ҳар битта қўшиқда куйлагайдирман,
Сенга тош отса кимки, мен уни ҳеч қўймагайдирман,
Ватанда шод яшармиз то абад Ленин баҳоридан.
1975.

Асл деҳқон

Асл деҳқон ўз ишига кўзли бўлар,
Лафзи ҳалол, доим битта сўзли бўлар,
Меҳнат қилиб кеча кундуз чарчамайди,
Ҳосил уйиб кузда ёруғ юзли бўлар.
Ташвиши бор, қувончи бор чаноғида,
Шод бўлади келган меҳмон қўноғида,
Ўттиз центнер, қирқ беш центнер марра эмас,
Ҳатто эллик кам кўринар саноғида.
Улкан хирмон мард ҳуснига ҳол бўлади,
Мушкул иши техникада ҳал бўлади,
Ёз иссиқда манглайидан оққан тери,
Қишда унинг рўзғорига бол бўлади.
Чин сўзлилар ишни шундай дўндиради,
Меҳр қўйса, тошдан ҳам гул ундиради,
Ватан ишқи тинчитмайди уларни ҳеч,
Элу юртин оқ олтинга тўлдиради.
Бу дунёда шундай деҳқон омон бўлсин,
Кўп яшасин ҳам соҳиби замон бўлсин,
Уяверсин хирмонини тиним билмай,
Қудрати зўр, довруғи бир жаҳон бўлсин.
1975.

Дерман

Келганида юрт бўйлаб,
Яхши дўст билан ўйнаб,
Ҳар ишни қилса ўйлаб,
Қилганни ҳалол дерман.

Лафзи бўлсаки ҳалол,
Сўзласа сўзни яққол,
Бўлса йигит, бўлса чол,
Ҳар сўзини бол дерман.

Боғ қилиб. чўл очганни,
Олтин уруғ сочганни,
Элда зафар қучганни,
Меҳнати ҳалол дерман.

Ариқ қазиб сув ичса,
Номи оламни қучса,
Минг ўлчаса, бир кесса,
Эл ҳуснига ҳол дерман.
1975.

Учқорам

Зилол сувга тўла кўркам сойларинг,
Кўнглим очар ажиб сўлим жойларинг,
Ўғилларинг, шўх қизларинг ойларинг,
Латофатда донг таратган Учқорам.

Бағрингга жойлашган боғлар сараси,
Элда машҳур майизингни қораси,
Ширинликда болга тенг ҳар донаси,
Меҳнат билан иқбол топган Учқорам.

Неча асрларни кўрса ҳам бошинг,
Қудратинг денгиздир, тоғдир бардошинг.
Ахир мардонадир ҳар кекса ёшинг,
Мардларнинг макони, жоним Учқорам.

Файзинг билди донгдор бўлдинг элимда,
Мадҳингни куйлайман, созим қўлимда.
Меҳру муҳаббатинг доим тилимда.
Достоним, қўшиғим, жоним Учқорам.
1975.

Соғ бўлинг

Дилга ором берар юртим шамоли,
Созимни созлаган ҳурлик замони,
Куйлашда устивор булбул мисоли,
Эл мадҳини куйлаганлар, соғ бўлинг!

Ватаним кўркамдир эрам боғидан,
Куй қўшиқ учади ҳамма ёғидан,
Ҳурмати баланддир Казбек тоғидан,
Улкан шеър яратган дўстлар, соғ бўлинг!

Боғлари шинамдир,қизлари санам,
Қуёшга қўналға Ватаним онам,
Тавсифин айтмоққа ошиқар қалам,
Қалам соҳиблари, доим соғ бўлинг!

Пишқириб йўл босар элим карвони,
Бу ерда ҳеч кимнинг йўқдир армони,
Меҳнатни олқишлар шоир достони,
Достон айтган қора кўзлар, соғ бўлинг!

Сизни сийлар азиз халқим, элатим,
Сиз билан жарангдор қўшиқ, баётим,
Отам Пўлкан шоир, сизлар устодим,
Устозлар, жўралар мудом соғ бўлинг!
1975.

Ўғлинг бўламан

Тоғу тошларингда кездим, ўйнадим,
Бахтимдан, тахтимдан эртак сўйладим,
Қўй боқиб адирда қўшиқ куйладим,
Ватаним, бахтиёр ўғлинг бўламан.

Даврага хуш келган меҳмоним билан,
Тоғ тоғ оқ олтин мўл майдоинм билан,
Қалимда шеъриму достоним билан,
Сенинг қучоғингда ўйнаб куламан.

Ватаним, хазина конингни кўрдим,
Қутлуғ дастурхонинг, нонингни кўрдим,
Жаҳонни лол этган шонингни кўрдим,
Сенинг ишқинг билан завққа тўламан.
1975.

Яхши ўқинг, болалар

Билмаганни сўранг, қолманг билмасдан,
Ўқиган ўткирдир кесар олмосдан,
Илмли дўстлардан орда қолмасдан,
Бу гулшанда яхши ўқинг болалар!

Билимсиз ҳаёт ҳам чигал қийиндир,
Билмсизлар доим элдан кейиндир,
Илм билан юлдуз қучмоқ тайиндир,
Бу гулшанда яхши ўқинг болалар!

Кўп билсангиз келажак ҳам сизники,
Иқбол тўла нурафшон дам сизники,
Сарҳади йўқ чексиз олам сизники,
Бу гулшанда яхши ўқинг, болалар!

Синонинг зеҳнидан ўлим бўғилди,
Улуғбек даҳоси фанга йўғрилди,
Ленин замонида қайта туғилди,
Бу гулшанда яхши ўқинг, болалар!

Кўрдим дема, камлик қилар кўрганинг,
Сўрайвергин, жуда камдир сўрганинг,
Ўқимоқни сиз Лениндан ўрганинг,
Бу гулшанда яхши ўқинг, болалар!
1974.

Қарилар

Қарилар бор ярашиғли элимда,
Мақтайман, қаламим доим қўлимда,
Қариларга қўшиғим кўп дилимда,
Қўшиғимга қанот бўлган қарилар.

Соқоли оқ қордай, юзи нур бўлиб,
Суҳбат қурса сўзи учар дур бўлиб,
Ҳашар бўлса келар бари бир бўлиб,
Ишимизга ҳисса қўшган қарилар.

Топганини баҳам кўрар кўп билан,
Қиз узатиб, келин олар сеп билан,
Кўнглингни шод этар ширин гап билан,
Яхши маслаҳатчи бизнинг қарилар.

Узоқ кетсанг соғлиқ тилаб қолади,
Ёмонларни тўғри йўлга солади,
Хурсандлик кунингда хурсанд бўлади,
Элу юртга соғлик тилар қарилар.

Маърака, тўйимиз уларсиз ўтмачс,
Беадаб кишилар мақсадга етмас,
Қарисиз маслаҳат вақтида битмас,
Ҳар бир ишга бош қош бўлар қарилар.
1975.

Жўжаларим

Сўз бошлади она товуқ,
Эшитинг деб яқин ёвуқ:
Мудир келди… ранги совуқ,
Босмоқда ғам, жўжаларим.

Шунда туриб даканг хўроз,
Бўйнин роса қилиб дароз,
Маъқуллаган бўлди бир оз,
Донимиз кам, жўжаларим.

Куйиниб дер малла жўжа :
Ўлиб бўлдим қоча қоча,
Бештамизни сўйди кеча,
Сонимиз кам, жўжаларим.

Раис ермиш тотли кабоб,
Товуқ гўшти эмиш савоб,
Дон ўрнига дағал жавоб,
Кўзларда нам, жўжаларим.

Қишда ётиб очиқ жойда,
Қолиб кетдик совуқ лойда,
Тухум план кўп бу ойда,
Бошимиз хам, жўжаларим.
1975.

Қариндошим

Меҳнат билан бахт ҳамнафас,
Ялқовларни у сийламас,
Сен меҳнатга қўйгил ҳавас,
Қариндошим, қариндошим!

Юлдузларга етсин қўлинг,
Чаман бўлсин ўнгу сўлинг,
Олқишласин ўсган элинг,
Қариндошим, қариндошим.

Ҳали ақлинг эмас уммон,
Фикринг саёз ирмоқсимон,
Халққа ёндош бўлмас ёмон,
Қариндошим, қариндошим.

Ҳар сўзингда ёғлиқ мансаб,
Кўп гапириб, бузма асаб,
Бу дунёда бордир ҳисоб,
Қариндошим, қариндошим.

Бекорчилик бермас фойда,
Ишёқмаснинг ҳоли войда,
Бир кун қолар оёқ лойда,
Қариндошим, қариндошим.
1975.

Дуэт

Сигир: Раис бобо, тингланг арзим,
Совуқ ўтиб бузоқ тарзим,
Сутдан қолмас энди қарзим,
Қорни тўйса, муа… муа.

Раис: Баҳор яқин, бир оз кутинг,
Ҳашак камчил, озроқ ютинг,
Молхонада тартиб тутинг,
Сабр айланг. говмишларим!

Сигир: Ойлар ўтиб солмай назар,
Силос учун интиқ, бизлар,
Арз айласак, сиз бўлса кар,
Раис бобо муа… муа.

Раис: Ёзда чунон кўпаяр иш,
Отар тўла дебман емиш,
Хаёлимга келмасдан қиш,
Бугун лолман, говмишларим!

Сигир: Бино эски, илма тешик,
Йиллар ўтди қурмай эшик,
Захлаб девор бўлди қийшиқ,
Иссиқ жой бер муа… муа.

Раис: Қурмоқчимиз бинолар соз,
Яйрашарсиз келгуси ёз,
Инжиқланмай туринг бир оз,
Қаноатли говмишларим!
1975.

Лойи бор

Уйдан чиқдим эрталаб. бор бўлгай дея бахтни,
Икки энлик бахмални топмоқлик эди аҳдим,
Роса елиб югуриб, гоҳида қичиб кафтим,
Оёқ қавариб, толиб, бир чет дўкондан топдим,
Нархини айтинг десам, дейди бир оз лойи бор.
Чайқовчидан кам эмас, гапига қулоқ солсам,
Балки хотин дўнғиллар, ошиқча нархга олсам,
Қуруқ қайтиш ҳеч гапмас, агар сорти паст десам,
Соқол силаб дамбадам, ҳар гапга ичиб қасам,
Таъбингиз кўтармаса, дейди бунинг жойи бор.
Пул чўздим, секин олдим, кўрдим уйимга бориб,
Роса чўзиб тортибди яна метрдан уриб,
Начора, айб ўзимда, топган эдим ахтариб.
Ўз ўзимни юпатдим гоҳи терлаб, қизариб,
Менга танбеҳ бўлса ҳам лекин унга мойи бор.
Йиллар қувиб йилларни, келар баҳори ёзи,
Иссиқнинг қадрин билмас, ким кўрмаса аёзни,
Кўнгил тўлар ҳар ишда гар бўлса рост тарози,
Озга кўнгли тўлмаса, деймиз, бундай шоввозни:
Сабр қилсанг кўрасан, ҳали бунинг войи бор.
1975.

Иш бер, иш бер!
(Бир ишёқмас хушомадгўйнинг бошлиққа дегани)

Сўзим тингла, азиз бошлиқ,
Ўртада бор қариндошлик,
Сендан бўлсин кўнгил хушлик,
Ўйнаб кулиб иш бер, иш бер!

Не истасанг этай адо,
Йўлларингга жоним фидо,
Мен иш қилсам чиқмас садо,
Ўйнаб кулиб иш бер, иш бер!

Майли, маош оз бўлса ҳам,
Товуқ қерма, ғоз бўлса ҳам,
Ёки омбор баз бўлса ҳам,
Ўйнаб кулиб иш бер. иш бер!

Омборчи ёки кассирлик,
Белда куч бор, қилмас зўрлик,
Сизу бизда бўлсин бирлик,
Ўйнаб кулиб иш бер, иш бер!
1975.

Она талаби

Айланай, ёлғизим, кўзи қароғим,
Онангни унутмай юрсанг қайтади?
Белимни мадори, суянган тоғим,
Соғлигининг билдириб турсанг қайтади?

Уч йил бўлди кетганингга шаҳарга,
Ўқимабсан, кўча кезиб бекорга.
Кўзим тўрт, йўл кутиб хату хабарга,
Тўрт энлик хат ёзиб турсанг қайтади?

Бир сени деб, қариб белим букилди,
Соч оқариб, оғзимдан тиш тўкилди,
Ўйлай ўйлай, болам, дилим сиқилди,
Соғлигинг билдириб турсанг қайтади?

Бунда жўраларинг ишда синалган,
Билагидан бўз тупроқлар жон олган.
Меҳнатини элу юртим тан олган,
Сен ҳам келиб меҳнат қилсанг қайтади?

Баланд тоғнинг чўққисида қор бўлар,
Чин марднинг қалбида номус ор бўлар,
Она қумсаганда дунё тор бўлар,
Онажонинг қумсатмасанг қайтади?

Болам, яхши юргин, юрмагин чакки,
Саёқлик келтирар бир куни дакки.
Элга фойданг тегсин, оқ сутим ҳаққи,
Чайқалиб юрмасдан қайтсанг қайтади?
1975.

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *