Амирқул Пўлканнинг учинчи китоби – “Изҳор” тўплами ”Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти” томонидан 1981 йилда нашр этилган. Ушбу китобдан шоирнинг шеърлари билан бир қаторда “Шайтоннинг ўлими” шеърий дарамаси ва “Мангуликка суиқасд” достони ўрин олган.
Отам насиҳати
Ўғлим, руҳинг бўлмасин эзгин,
Сўнг адашиб юрма, мабодо –
Шоир бўлсанг тузуклаб ёзгин,
Мерган бўлсанг – ургин бехато!
Ўзбекистон
Фахрия
Узатса фалакка етгайдир қўли,
Истаса қошида тиз чўкур тоғлар.
Шу ердан ўтадир қуёшнинг йўли,
Шу ердан бошланур энг сўлим боғлар.
Бир халқки, заминни кўтаргай бошга,
Бир халқки, гул каби севар дунёни.
У агар қўл урса жон энур тошга,
Юрт учун фидодир минг битта жони.
Бу шундай юрт эрур, жонга дармондир,
Буюк Шарқ юраги – Ўзбекистондир.
У пахта илмидан элга дарс берар,
Ва меҳнат шавқидан сўйлайди достон.
Шу буюк ўзбекнинг эгнида турар
Бир учи фалакка туташган хирмон.
Аждодлар ғурури ўт солур қонга,
Арзимас меҳнатдан кутмагай ёрлиқ.
Қитъалар омонлик тилайди унга,
У билан фахр этар жумлаи борлиқ.
У – борлиқ ичинда гўзал макондир,
Қалбларга ишқ солган – Ўзбекистондир.
Кўкдаги қуёш ҳам олқайди уни,
Уни деб бахт гулин очур истиқбол.
Эй юртим, онам деб куйларман сени,
Сен она сутидек бокира, ҳалол!
Сен шараф мулкининг тожисан – якто,
Қардошлик қудратинг, – толейинг кулсин!
Бахтиёр халқингга бахт бўлсин раво,
Юртингга ҳамиша омонлик бўлсин!
Безавол бир ўлка, мангу омондир,
Мангулик диёри – Ўзбекистондир.
Кўзимга нур ўзинг, юрагимга – қўр,
Қалбимда қуёшдек турибсан ёниб.
Эй деҳқон падарим, қани қўлни бер,
Сен билан бир нафас сўзлашай қониб!..
Сен босган ҳар қадам ўзи бир тарих,
Сен тутган ҳар чигит мисоли олтин.
Гарчи мен ҳисобдан эмасман фориғ
Ва лекин хислатинг санолмай толдим.
Хислатинг оширган – Ҳурлик замондир,
Ҳурликдан миннатдор Ўзбекистондир.
Ахир сен бахт топдинг меҳнатни суюб,
Тақдирдан бекорга кутмадинг самар.
Сен толе яратдинг офтобда куйиб,
У энди нур сочар мангулик қадар.
Сен борки, бу кун мен саодат пеша,
Сен борки, юрагим қўшиққа тўлиқ.
Эй деҳқон падарим, кам бўлма,яша,
Эй деҳқон ўзбегим, сенга минг қуллуқ!
Қўлингда тутганинг – ноёб гавҳардир,
Қўшиғим баётим – Ўзбекистондир!
* * *
Юртим, толеингни куйламоқ учун,
Шодлигинг дунёга сўйламоқ учун,
Сен ҳақда шеър ёзмоқ, ўйламоқ учун
Менга битта умр камлик қилади.
Юртим, сени бахтли кўрмасам агар,
Бошингни тумандек қопласа ғамлар.
Бирга бўлолмасам энг оғир дамлар,
Менга битта умр кўплик қилади.
Номаълум жангчига
Кимлигингни аниқ билмайман,
Айтолмайман, дўстим, исмингни.
Мардлигингга шубҳа қилмайман,
Зотан, тупроқ олмиш жисмингни.
Қорамиди кўзинг? Кўкмиди?
Текканмиди бўсага лабинг?
Ўртоқларинг – дўстинг кўпмиди,
Кўп эдими юракда гапинг?
Йигирмада эдими ёшинг,
Ё ўттизга киргандинг, ўғлон?
Сен тупроққа қўймасдинг бошинг,
Бўлмаганда уруш бегумон!
Тийра қилди кўксингни ўқлар,
Сен абадий бош қўйдинг ерга.
Қайтолмади юртига кўплар,
Қолиб сен билан бирга.
Улар сен-ла биргадир ҳамон,
Бири – тенгдош, бириси – оға.
Эр қисмати шунақа экан,
Ҳаммангизга дунё садаға!..
Ўчмас,йиллар кетсада ўтиб,
Уруш қалбга солган у доғлар.
Ўққа сендек кўксини тутиб,
Қулаб кетди қанча зўр тоғлар!
Бу кун сенга тенгдошман мен ҳам,
Сен бош қўйган тупроқ – Ватаним.
Ҳамон сени ёд этар олам,
Ҳамон сендан қўрқади ғаним.
Маконингда тинч ётгил, ўртоқ,
Руҳинг туташ бўлсин ҳар жонга.
Мен қабрингдан бир қисим тупроқ
Олиб қайтай Ўзбекистонга.
Бахтли бўлар сени ёд этган,
Ёшлар бўлар сендек устивор.
Чунки, юрт деб жон фидо этган
Жангчисини ҳеч унутмас диёр!
Кўклам
Оқ каптарлар қанот қоқар ҳавода,
Еру осмон тўлиб кетар навога,
Алвон гуллар лаб тутади сабога:
Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Қуёш келар замин билан юзма-юз,
Қори кетган сўқмоқларга тушар из,
Қизғалдоқлар ёғдуларга чаяр юз:
Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Довуччанинг кўк рангида тиниқлик,
Чолбоболар чеҳарасида илиқлик.
Келинлар шўх, қизлар минг бир қилиқлик:
Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Деҳқон чиқар даласига қад кериб,
Чигит ташлаб сур булутга чап бериб,
Шоир борар ундан мундан гап бериб:
Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Уста Пирмат
Унгирларда – ястанган қишлоқ,
Ўркач-ўркач – тоғлар ораси.
Уста Пирмат ишдан қайтар чоғ
Қуюқлашар туннинг қораси.
У эшикдан кирар суюниб,
Она кўнгли нурли бир олам.
Қаршилайди ўғлин куюниб:
“Нега бунча кеч қолдинг,болам?”
“Иш кўпайиб кетди, онажон”
– Юпатмоққа тиришар уста.
Сўнг кампирга боқиб меҳрибон,
Неларнидир олади эсга.
“Қумри бир қиз бўлибди, ҳай-ҳай,
Бир кўрсайдинг қоши кўзини!..
Кечиктирма, болам, ҳар қалай
Кўп ичганман юртнинг тузини…”
Она қизни мақтайди роса,
Йигит эса қолар ўйланиб.
Гар устанинг ўзига қолса
Қўярди-я, дарҳол уйланиб –
Аммо Қумри оёқни тираб,
Кеч кузгача тилайди тоқат.
У ҳам қизнинг раъйига қараб,
Бир уҳ тортиб қўяди фақат.
…Хаёлига эрк берар уста,
Оқартирар тунни шу кўйи.
У барини олади эсга,
Қизни ўйлаб чиқар тун бўйи.
Тонг отади нурдан сеп ёйиб,
Уфқ ранг олиб икки бетидан.
Уста севган қиздек жилмайиб,
Қуёш чиқар тоғлар кетидан.
* * *
Ойдек гўзал қизни суйдим,
Куйиб-ёндим кутган чоғлар.
Сўнг тоғларга кўнгил қўйдим,
Ишончимдир менинг тоғлар.
Вулқонларни қалбга солиб,
Мудом асрий ўйга толиб.
Турар сутдек оппоқ бўлиб,
Чўққиларда ётган қорлар.
Кундан ўтдим…Йилдан ўтдим,
Жилғаларга лабим тутдим,
Гоҳ тақдирга таъзим этдим,
Ризқ рўз берди менга боғлар.
Бу кун тинчлик бермас бир сас,
Ҳам ташвишим адо бўлмас.
Ҳув қоялар – қоя эмас,
Юрагимда қотган доғлар.
Доғланиб ўтур замон,
Пойимда – Ер! Бошда – Осмон!
Йўқ, йўқ! Асло чидолмасман,
Ёв пойида қолса туғлар!
Армоним ҳам аҳдим – ўзинг,
Олтин тожим, тахтим -ўзинг,
Бахтсизлигим, бахтим – ўзинг,
Аждодларим ўтган ерлар!
* * *
Кўнглимни тарк этмас бир ўй эрта кеч,
Дунёда ҳар кимса умр, бахт кўрсин!
Қуёш тарк этмасин дунёмизни ҳеч,
Юлдузлар ҳамиша ловуллаб турсин!
* * *
Қизим Саодатга
Қизим, сен гоҳида сўраб қўймайсан,
Айтмасам кўзингда пайдо бўлур ёш.
Юлдузлар тўкилиб кетмасми дейсан,
Узилиб тушмасми, дейсан шу қуёш.
Мен жавоб излайман саволларингга,
Ҳам ҳайрон қоламан ёқамни ушлаб.
Ошкора бирор гап айтмайман сенга,
Хаёлга ботаман лабимни тишлаб.
Қизим, сен гоҳида сўраб қўймайсан,
Айтмасам отангдан кўнглинг қолади.
Дунёнинг устуни қаерда дейсан,
Дейсан: уруш бўлса нима бўлади?
Мен жавоб излайман саволларингга,
Бу хаста юрагим баттарроқ урар,
Мен бирор аниқ гап айтмайман сенга,
Нимадир айтмоққа халақит берар.
Қизим сен гоҳида сўраб қўймайсан,
Дегандек отажон, қулоғингни бер!
Бахтинг тимсолини тинмай сўрайсан,
Сўрайсан: боқийми, абадийми ер?
Мен жавоб излайман саволларингга,
Мен сенинг тақдиринг ўйлайман кўпроқ.
Дунёмиз абадий тинч бўлур дейман
Ва ўзим ташвишга тушаман бироқ.
Аммо сен қўрқмагин, ахир, мен борман,
Юртинг бор, кўзингдан оқизмагай ёш.
Юлдузлар ҳеч қачон тўкилиб кетмас,
Ҳеч қачон узилиб тушмайди қуёш!
* * *
Дунё жуда кенг экан,
Қадам етмас ерлар бор.
Ҳам пасту ҳам дўнг экан,
Музлаб ётган қорлар бор.
Туққан юртим – туғим деб,
Тупроғим – бор йўғим деб,
Айри тушиб юртидан –
Бир кўришга зорлар бор.
Халқим – “Эрк!” деб курашган,
“Йўлим берк!” деб курашган.
Кўтаролмай ғам юкин
Синиб кетган дорлар бор.
Жанг бўлганда қочишиб,
Ёвга қучоқ очишиб,
Ботирлик даъво қилган –
Қуён юрак шерлар бор.
Сув келганда симириб,
Тоғ келганда кемириб,
Чамбил деб фидо бўлган
Гўрўғлидек эрлар бор.
Дўстлар, ботир ўлмайди,
Ўлим нима – билмайди!
Ўқи тоғни қулатган –
Алпомишдек зўрлар бор.
Умр ўтар, кун ўтар,
Ким келару, ким кетар…
Айтилмаган ҳақ сўздек
Чертилмаган торлар бор.
* * *
Ёрим дўппи кийдирди:
Бошинг омон бўлсин, деб,
Синглим чопон кийдирди:
Танинг роҳат қилсин, деб.
Отам ёвла жанг қилди:
Ўғлим даврон сурсин, деб,
Онам белбоғ боғлади,
Эгилмасдан юрсин, деб…
Қуёшга қўл узатганлар
Туркум
Александр Ульянов
Миршабларнинг қуршовида жим,
Милтиқларга бўлганча нишон –
Алексанр Ульянов борар,
Қўлларини қисади кишан.
Оғир-оғир ташлайди қадам,
Оғир-оғир олади нафас.
Кўзларида – бир дунё алам,
Юрагида – қонмаган қасос.
Қаршисида қисмати турар,
Бир юзи – оқ, бир юзи – қора. …
Йигит тикка ўлимга борар!
Ором истаб бўронлар аро!
Муқаннанинг ўлим олдидан айтган сўзи
Душман қўли баланд келди,
Қўлга тушдим… не ҳам дердим.
Бўлди! Бари тамом бўлди,
Қўлдан кетди она ерим.
Мағлуб бўлмоқ хўрлик менга,
Уят менга, ахир, ишон,
Юртим, энди оёғингга
Душманларинг солгай кишан.
Тириклайин кирдим гўрга,
Қонлар ютдим… ўтда куйдим…
Эвоҳ, сени манфур ёвга
Тирик туриб бериб қўйдим!
Ўлмай туриб ўлдим, ахир,
Тирик туриб жоним бердим.
Юртим, сени онам каби,
Ёрим каби севган эдим!
Юртим, бу кун жимсан нечун?
Қулоғинг кар, кўзинг кўрми?
Эркни севган эрлар учун
Бундан ортиқ хўрлик борми?
Армон билан ўлмоқдаман,
Кундек сўниб борур қалбим…
Мен қайтадан тирилгайман,
Озод бўлган кунинг, халқим!..
Машрабнинг охирги шеъри
Бу кўнгил маҳбубнинг васлига зор-ей,
Қаршимда жон бер деб турибди дор-ей!
Мен озод бўлмадим озодлик истаб,
Машрабга бу дунё бунчалик тор-ей!
Қайғумдан қорайди тунлар, кечалар,
Қиличнинг дамидир йўллар, кўчалар,
Қузундек кўзимни чўқиса нетай,
Подшолар, ҳоқонлар, Офоқ Хўжалар.
Дунёга келдиму дунё кўрмадим,
Кўз ёшдин ўзга ҳеч дарё кўрмадим,
Фарёдим сиғмади еру фалакка,
Қуёшнинг кўзида зиё кўрмадим!
Эй шеърим, ўт бўлу оламни ёндир!
Севгидан тонган ҳар одамни ёндир!
Жаҳолат шоҳ бўлган ерни сув боссин,
Босмаса сен ўзинг замонни ёқдир!
Бу кўнгил маҳбубнинг васлига зор-ей,
Қаршимда жон бер деб турибди дор-ей!
Мен озод бўлмадим озодлик истаб,
Машрабга бу дунё бунчалик тор-ей?!
Маҳтумқули монологи
Дунё ўзи доим бири кам бўлган,
Бу дунё деб қанча қирғин жанг бўлган.
Номард қолиб, марднинг ҳоли танг бўлган,
Эр бўлгану бахтин топган кам бўлган,
Мен топмасман, ё топарман, билмадим.
Гоҳ қийғирдек парвоз қилдим қиёда,
Гоҳ чорасиз сарсон бўлдим пиёда,
Ташналигим қонмади ҳеч зиёга,
Гоҳ ғам босиб, сиғмайман бу дунёга,
Оёқ қўлдан кетди дармон, билмадим.
Бахт йироқдан ойга ўхшаб кўрингай,
Дилдаги оҳ войга ўхшаб кўрингай.
Гоҳо сувсиз сойга ўхшаб кўрингай,
Гоҳ бир қисим лойга ўхшаб кўрингай,
Наҳотки мен шунга зорман, билмадим.
Аммо севдим, доим унга сиғиндим,
Ёмон кунда, яхши кунда сиғиндим,
Қувонч шул деб, гоҳ тунга сиғиндим,
Айтинг, дўстлар, ўзи кимга сиғиндим?
У севгими ёки армон, билмадим.
Бахт деганлар дучор бўлса жафога,
Имонсизлар чўмса кайфу сафога,
Толесизлар қайга борсин давога?
Мен ҳайронман, қалб тўлиб бир нидога,
Эй, бу ўзи қандай замон, билмадим.
( С. Мавленовдан)
Сантьягода қайғули бир кун
Эркнинг қанотлари қирқилди.
Ер инграниб юборди бу даҳшатни кўриб,
Бошига юлдузлар, дув-дув тўкилди.
Сантьягода қуёш қип-қизил эди
Оловнинг ичидан чиққандай.
Альенденинг юрагини тешиб ўтган ўқ
Гўёки унга ҳам бориб теккандай…
Гуллар ўртанарди,
Кунлар ўртанарди,
Зулмат панжасида чекар эди оҳ.
Альендени излаб, Эркни ахтариб,
Бир армон чарх уриб изларди паноҳ.
Сантьягода қуёш қип-қизил эди…
Раис
Катта бир колхознинг отахони у,
Жонкуяр отадек топгандир қадр.
Одамлар сўзлашар: “Раис эмас бу,
Лайлатулқадр у, лайлатулқадр!..
Асло кам бўлмайсан баридан тутсанг,
Агар тупроқ олса, олтин бўлади…”
Дўстларим, мен сизга ростин айтсам,
Раисга ҳамма ҳам ҳавас қилади.
Ахир раисмисан, раисда ўзи!
Ҳали бунақасин колхоз кўрмаган.
Ҳеч вақт икки бўлмас бир оғиз сўзи,
Фақат бир айби шу – бўйдан бермаган.
Борин бозор қилар, йўқни йўндирар,
Деҳқоннинг кўнглида қолдирмас гидир.
Уч одам тўпланса гапни дўндирар:
“Ҳазрати Хизр бу, хазрати Хизр!”
У ҳисоб беради ўтган ҳар кунга,
Гоҳо тополмайсиз идорасидан.
Аллаким ноҳақдан қичқирса унга,
“Тушинг, дер сўфининг минорасидан!”
Пахта, деб элини унутмас зинҳор,
Пахта-ку аслида жону жаҳони.
Бағрини эзади узилган бемор,
Гоҳо ўйлаб қолар кори дунёни.
Раис-да, барига ўзи бош бўлар,
Унингсиз ўтмагай тўю маърака.
Баҳор ҳам кузак ҳам доим хуш келар,
У борки, колхоз ҳам топар барака.
Қишлоқ- ку қишлоққа ўхшамайди ҳеч,
Шаҳарга етмоққа қолмиш бир қадам…
Одамлар раисни алқар эрта кеч:
“Хўп тилла одам-да, хўп тилла одам!”
* * *
Ҳар кимнинг гуллаган вақти бўлади…
Совуқ урмас уни… кор қилмас қиров.
Биров эрта гуллаб, кечроқ сўлади,
Гуллаш армон бўлиб ўтади биров…
Эй, қалбим, талпинма, ҳолимга ўксиб,
Ҳар қандай орзуга топилгай тадбир.
Бевақт сўлмоқ менга этмасин насиб,
Бевақт гулламоқдан асра, эй тақдир!..
* * *
Бой бўлмасман икки дунёда,
Лекин ёлғон бўлмагай сўзим.
Мен ҳеч қачон тўймам зиёга
Ва севгига тўймагай кўзим.
Юртим! Ишқинг қалбга нур экан,
Зеро юртсиз кун кўрмас ҳеч ким.
Менинг бор-йўқ бойлигим сенсан,
Менинг бор – йўқ бойлигим – севгим!
* * *
Она шодон бешик тебратар,
Гоҳ кўзларин тикар эшикка.
Бешик ичра фарзанди ётар,
Бор умиди унинг – бешикда!
Ногоҳ учиб ўтди самолёт…
Ногоҳ бир гап кўнглига келди:
“Нима бўлса, бўлсину аммо
Фақат уруш бўлмаса бўлди!..”
* * *
Мен куламан ва йиғлайман,
Юпанаман қай бир қўшиқдан.
Шодлансам дунёга сиғмайман:
Чунки мен ошиқман.
Мен ёндираман ва ёнаман,
Шамолдай сирғалиб киргум эшикдан.
Мен сабр қиламан ва кўнаман:
Чунки мен ошиқман.
Кўзимда ёруғлик ва намлар,
Қўрқаман ёлғондан, яшиқдан!
Сиз мени билмайсиз,одамлар,
Ахир мен ошиқман…
Йўлчи
Саҳролар сесканди унинг сасидан,
Йўловчи йўлларда чарчади, толди.
Офтоб урар эди пешонасидан,
Манзилга етмаёқ юролмай қолди.
Баҳорни кўрди у, ёзни ҳам кўрди,
Қишда ҳам қорларни қилмади писанд.
Кузда-ку, у фақат бетин йўл юрди
Ва лекин умридан бўлмади хурсанд.
Қараса – йўл узоқ; боғ кўп, саҳро кўп,
Қараса – манзилдан ҳануз йўқ нишон.
У бир дам ўйлади: тўхтама, йўқ, йўқ,
Манзилга етолмас мақсадсиз инсон!
У яна саҳронинг қўйнига кирди,
Мақсадга етмоққа қасд қилди чоғи.
Ногаҳон… Ногаҳон чашмани кўрди,
Йўлчининг ғам қадар ортди чанқоғи.
У энди: чашмага етсам бас, деди…
Чашмага етмоқдан не эди маъни?..
Бир қултум сув унинг – матлаби эди,
Бир қултум сув эди унинг – армони!
* * *
Қор ёғмоқда. Оппоқ қор ёғар.
Бу шундай бир ғаройиб қишки…
Юрагида – ёзнинг ўти бор,
Кўзларида – кўкламнинг ишқи.
Хаёлларим, ўйларим кулар,
Боғлар аро кезинар наво.
Димоғимга келиб урилар,
Қордан ранги оқарган ҳаво.
Эсдан чиқар уйдаги ғашлик,
Руҳим гўё қушдан ҳам енгил…
Изларимдан эргашар Ёшлик,
Кўкрагимни кўтарар Кўнгил.
Пушаймон
Ҳаловат топмайман тун бўйи юриб,
Вақтнинг ўтганини сира сезмайман.
Юлдузлар кўзига термулиб туриб,
Сенинг сўзларингни ёниб эслайман.
Эсимда: мен сенга бир сўз демадим.
Жим турмоқ соз дедим писанд қилмасдан.
Ичимда тақдирни лаънатлар эдим,
Лаънатлар эдим мен сени, билмасдан.
“Кетма!” деб қўймадинг, Ёлвординг ҳам кўп.
“Эҳ қандай аянч!” деб устингдан кулдим,
Мен кетиб бахтимни тополмадим, йўқ,
Мен ёлғон бир ишқнинг қурбони бўлдим.
Не қилсам барини мен ўзим қилдим
Ва энди жабрини тортганча юрай.
Ўрнимда сен бўлсанг кечирармидинг,
Ахир мен ўзимни қандоқ кечирай?!
Жазога лойиқман! Кечирма, бўлди!
Гуноҳкор одам ҳеч изламас тадбир…
Бизларни тасодиф дуч қилган эди,
Ва яна тўсатдан айирди тақдир.
* * *
Гоҳо пайт ноўрин сўйлаб қўяман,
Билмасдан кўнглингни қиламан хира.
Қаршингда хўмрайиб, қовоқ уяман,
Кечиргим келмайди “гуноҳинг” сира.
Эҳ, баъзан навбатни ўзинг оласан,
Сўнг мени қийнашдан этасан ҳузур.
Шунда сен хўмрайиб, қовоқ соласан,
Мен эса мўлтираб сўрайман узр.
* * *
Афу этдинг мени, дилбарим,
Яна солдинг қалбимга учқун.
Эвазига бердим бор умрим
Кечирилган гуноҳим учун…
Энди ғамда ўзни ёқаман,
Ҳисларимга етмайди кучим.
Бу кун фақат азоб чекаман
Кечирилган гуноҳим учун.
* * *
Шеърим, хато бўлур сени шеър десам,
Сен менинг умидим, тақдирим, умрим.
Сен менинг бахтимсан, бахтсизлигимсан,
Сен менинг армонли севгимсан, шеърим!
Туш ва Ташвиш
Олам гўзаллиги – Қуёшдан…
Одам ҳаётини қуёшдан бошлар…
Мен қуёш эканман, бир бошдан
Кўпайиб боради қуёшлар.
Ой ҳам кўпаяди, Қуёш ҳам,
Ўзгаради Юлдуз олами.
Иссиқдан ловуллаб ёнади хонам,
Олов куйдиради танамни…
Зотан, шу пайт жуда соғинаман,
Булутлар кўз ёши – ёмғирни. –
Ёмғир – дейман, унга сиғинаман, –
Асра, дейман оташдан Ерни…
* * *
Жаҳонда бир қўшиқ бордир,
Сеҳрли бир эшик бордир.
Қўшиққа бир ошиқ бордир,
Шу ошиқ менга ўхшайди,
Шу қўшиқ сенга ўхшайди.
Жаҳонда бир беармон бор,
Муҳаббат отли нарвон бор,
Чиқолмай бир бедармон бор,
Бедармон менга ўхшайди,
Беармон сенга ўхшайди.
* * *
Йўлга чиқдим яна сен томон,
Йўлга чиқдим яна хит бўлиб.
Айрилиқ ҳам тугар бегумон,
Қаршиларсан қувончга тўлиб.
Атрофимда мудраган дала,
Нафас олар ҳарсиллаб осмон.
Ёритмоқда қалбни бир шуъла,
Қалб талпинар фақат сен томон.
Истакларим юлдуздек кўпдир,
Хабаринг йўқ улардан, гулим!
Бизни ҳали сийлайди тақдир,
Бахтга тўлар менинг ишқ йўлим.
Хаёлимда фақат сен, висол,
Бу ёш кўнгилим бормоқда тошиб.
Тополмассан ишқимга мисол,
Шошмоқдаман тоғлардан ошиб.
Йўлларимни ёритар аҳдим,
Оёғимга ботмас чағир тош…
Унда мени кутаяпсан, Бахтим,
Унда мени кутяпти Қуёш!
* * *
Сени севиб яшамоққа ўзни чоғладим,
Муҳаббатда тан олмадинг зотан ҳеч кимни.
Ва лекин мен ёшлигимга умид боғладим,
Тан олса деб зора менинг ошиқлигимни.
Мен ўзимни алдаб юрдим гўдак боладай,
Ишонмоққа ўргатдим мен туйғуларимни.
Қаҳратонда дийдираган тилсиз даладай,
Қор остига кўмиб қўйдим қайғуларимни.
Жоду тўла кўзларингга энтикиб боқдим,
Кўп ошиқдим қалб нидосин сенга айтмоққа.
Мен тоғлардан ирмоқ бўлиб денгизга оқдим,
Энди сира илож йўқдир ортга қайтмоққа.
Бу кун сенга умр тилаб сипқораман май,
Балки сенга эриш бўлиб туюлгай бари.
Аммо васлинг йироқдаги олтин уфқдай
Қочиб борар мен ортингдан чопганим сари.
Биламанки, сени ўзи севмаслик хато,
Биламанки, ўтмоқдадир йиллар ҳам бир-бир…
Менга ҳаёт катта бир ишқ айлади ато,
Лекин фақат севилмоқни кўп кўрди тақдир.
* * *
Нигоҳимиз тўқнашур беун,
Гоҳ қарайсан дераза томон.
Ҳозир ёмғир ёғиши мумкин,
Қовоқ осиб турибди осмон.
Фалак узра шамоллар изғир,
Сур булутлар айланиб қолди.
Ёғмаса ҳам майлига ёмғир,
Фақат кетиб қолмасанг бўлди!
* * *
Полвонмасман, ҳар ким ҳам билар,
Лек ўзимга етар ғайратим.
Хафа бўлмам йиқилсам агар,
Йиқитсам ҳам ошмас шуҳратим.
Қани, дўстим, қўлингни бергин,
Зеро, чоллар айтмиш бир ўгит:
“Полвон бўлсанг – кўтариб ургин,
Полвон бўлсанг – чалмасдан йиқит!..”
* * *
Шундай деб биламан Сиёсатни мен:
Сиёсат тинчликдир, Сиёсат бахт-да!
Шундай деб биламан Сиёсатни мен:
Сиёсат – нон эрур, Сиёсат – пахта!
Шундай деб биламан Сиёсатни мен:
Сиёсат – қиличдир, Сиёсат – қалам.
Шундай деб биламан Сиёсатни мен:
Сиёсат – оламдир, Сиёсат – одам!..
Сўрайман
Қўшиқ
Сен-ла кечган даврим менинг соз ўтди,
Ўртамизда қанча фироқ ноз ўтди,
Сездирмасдан баҳор ўтди, ёз ўтди,
Баҳоримни энди ёздан сўрайман.
Шоир қалби билмас асло ҳаловат,
Ишқ бўлмаса надир назму маҳорат?
Гоҳ топмадим оловлардан ҳарорат,
Ҳароратни гоҳо муздан сўрайман.
Чеҳранг каби ёруғмиди юлдузлар?
Қошинг каби қаромиди кундузлар?
Кўзинг каби ёниб турар юлдузлар,
Тиниқликни мен юлдуздан сўрайман.
Бир қуёшдир билсанг ишқим, имоним,
Сўнмоғига зарра йўқдир гумоним.
Ҳар қайдаки сени кўрган замоним,
Гуноҳимни қора кўздан сўрайман.
Қалбинг тўлгай охир ишқий садога,
Таваккал деб қўл бермагил видога,
Мен ҳам энди ишонмасман худога,
Мен ишончни сендай қиздан сўрайман.
Армоним
Қўшиқ
Сен гул бўлиб очилдингу кулмадинг,
Кўнгил бўлиб, бир кўнгилдай тўлмадинг,
Айтгил, нега ёр кўнглини олмадинг?
Муҳаббатим фақат сенсан армоним.
Кўз юммасдан ўтказганда тунларни,
Ёдга олдим энг бахтиёр кунларни.
Мен қолиб, сен бахтли қилдинг кимларни?
Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Бу дунёда сабрсизга тўзим йўқ,
Айрилиқни кўргани ҳеч кўзим йўқ,
Гоҳ ташнаман гоҳо жиндай жазм йўқ,
Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Биламанки, мени излаб келмайсан,
Мен борганда қани, келгин, демайсан,
Гар келсанг ҳам менинг билан қолмайсан,
Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Сувдай оқиб ўтиб борар ҳаётим,
Соғинганда учмоққа йўқ қанотим,
Ҳамон ўзинг қалб қўшиғим, баётим,
Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Қиз қўшиғи
Севгилим сен, севгилим сен,
Севганимни билмадинг.
Гоҳо тунлар нола қилдим,
Чорладим мен, келмадинг.
Улфатим – ой, гоҳо – юлдуз,
Сўзламайдир сўз билан.
Ўтди тунлар, ботди кунлар,
Ҳеч ишинг йўқ биз билан.
Йўлларимда қанча ошиқ,
Бошин эгди… Эгмадим.
Мен сени деб, ота-онам айтганига тегмадим.
Севгилим сен, севгилим сен,
Севганимни билгин-ей.
Гоҳо тунлар нола қилсам,
Чорласам мен келгин-ей!..
* * *
Эй гўзал, оламда ҳеч, сен каби жонона йўқ,
Сен каби жон йўқдир асли, сен каби мастона йўқ.
Тун чўкиб, тоқи фалакда ёнса гар сайёралар,
Ўйларам, еру фалакда сен каби дурдона йўқ.
Сен малаксан, ёки моҳсан, моҳичеҳра, моҳирўй,
Ишқ аро соҳир, суманбар, сен каби фарзона йўқ.
Лайлию Ширин қошингда билки, бир афсонадир,
Гарчи бу дунёда ўзга сен каби афсона йўқ.
Сайр этиб боғу чаманни, изладим кўнгил қушин,
Унда на дўст, на дилором?! Сен каби дўстона йўқ.
Мен нетай, доим дилимни чок этар чархнинг иши,
Сен каби мастона йўқдир, мен каби девона йўқ.
* * *
Сени ўйлаб оқарар туним,
Бағрим ёнар… кўнглим ҳам хира.
Тундек сиёҳ кўзларинг сенинг
Кўз ўнгимдан кетмайди сира.
Мен кўнглимга ёлворгум: “Унут!”
Ишқни энди қилма юз-хотир!..
Кўнглим дейди: “Қўй, ўзингни тут,
У ҳам сени туш кўраётир!..”
* * *
Тонгда туриб чиқсанг булоққа,
Сенга ортдан боқса аллаким,
Гапларини олма қулоққа,
Мақтовларга учма малагим!
Мақтаб туриб алдарлар сени,
Ҳатто ой деб атарлар осон.
Сен ҳеч қачон тан олма буни,
Ой биттадир, танҳодир осмон.
Мақтамаслар сени беҳуда,
Зотан, ишқда маддоҳлар кўпдир.
Сен ўзингга ўхшайсан жуда,
Чунки, сенинг ўхшашинг йўқдир.
Фақат сени мен алдамайман,
Фақат менман сенга жонфидо.
Қон-қонимга сингмишдир имкон,
Севгимга ҳам йўқдир интиҳо!
..Тонгда туриб чиқсанг булоққа,
Гап ташласа сенга аллаким,
Сўзларини олма қулоққа,
Мақтовларга учма, малагим!
* * *
Қаердасан паризод,
Бормисан, бормисан?
Бахт сийлаган кимсага
Ёрмисан, ёрмисан?
Мен осилган баланд дор,
Сен эдинг, сен эдинг.
Гўзалликда Зуҳрога
Тенг эдинг, тенг эдинг.
Ҳануз қалбим аллалар
Тилгинанг, тилгинанг.
Дуторимни бўйнидай
Белгинанг, белгинанг.
Кўзларингга боқиб ҳеч
Тўймовдим, тўймовдим.
Айтганимга кўнмасанг
Қўймовдим, қўймовдим.
Сочларингни ўровдим
Бўйнимга, бўйнимга.
Гулдастадай жойловдим
Қўйнимга, қўйнимга.
Бердинг бир кун рўмолча
“Тутгин!” деб, “Тутгин!” деб.
То бардошинг етгунча
“Кутгин!” деб, “Кутгин!” деб.
Лекин ўзинг ўзгани
Ёр этдинг, ёр этдинг.
Ҳатто “Хайр!” демоққа
Зор этдинг, зор этдинг.
…Ҳолим кўрган ҳар хил гап
Айтар -ай, айтар -ай,
Қандоқ қилиб рўмолчанг
Қайтарай, қайтарай?..
* * *
Қўй, мени қайтарма, кетар йўлимдан,
Кўрганлар шаънингга яхши гап демас.
Сени бахтли қилмоқ келмас қўлимдан,
Менинг излаганим ахир, сен эмас.
* * *
Менингдек суймаган ҳеч ким,
Менингдек куймаган ҳеч ким,
Нечун мен билмайин кечдим,
Бу дарёдир,бу дарёдир.
Бу дарёда на қирғоқ бор,
Бу дарёда на бир сарҳад!
Муҳаббат отли дарё бу,
Муҳаббат отли бир ҳикмат.
Чўкиб мен ушбу дарёга,
Тушунмай ушбу ҳикматни,
Оёғим тойилиб тошга,
Йўқотдим илк муҳаббатни!
У дарё тубида ётган
Жавоҳирдир? Ажаб эрмас!
Уни мен ҳеч тополмасман,
Уни ҳеч ким топиб бермас!
Илож йўқ! Топмадим тадбир,
Бу дарёга ўзим келдим.
Бошимга тушса не савдо,
Ўзим қилдим, ўзим қилдим!
Менингдек суймаган ҳеч ким,
Менингдек куймаган ҳеч ким…
* * *
Кўрганларнинг ақлини олар,
Ойга ўхшаб кетар юзлари,
Парилардек хушсурат бўлар,
Самарқанднинг жонон қизлари.
Кўзларида – севгидан олов,
Қўлларида ишқ рамзи – кашта.
Қалбим менинг ёнганча лов-лов,
Кўчаларни кездим саргашта.
Бир қиз чулғаб олди ҳушимни,
Роз айтмоққа топмадим имкон.
Қилолмадим битар ишимни,
Қайтолмадим шаҳримга томон.
Тушларимга кирар ҳар саҳар:
Тортқилармиш сочларин сабо.
Эртак айтар эмиш ҳар сафар
Кўксимга бош қўйиб дилрабо.
Бир қизмишки, сулув ва дуркун,
Қолармишман ўзимдан кетиб…
Мен васлига етгайман бир кун,
Ё ишқида кетгайман ўтиб.
* * *
“Инжиқлигинг жонимга тегди,
Бас, уйимга кетаман энди!..”
Тугамасдан айтар сўзингни
Сен эшикка урдинг ўзингни.
Бир лаҳзада ҳал бўлди бари,
Бирдан хона қолди ҳувиллаб.
Совуқ гапнинг нохуш самари,
Икки қалбда ёнар ловуллаб.
Бир зумгина хаёлга толдим,
Илк бор сенга қилдим мен таъна:
“Эвоҳ, нима ақлингни олди,
Наҳот кетмоқ бўлсанг сен яна?!
Бир дамгина кўзларим тинди,
Бир зумгина қайнади қоним:
“Йўқ, ортингдан чиқмайман энди,
Қайтгин, деб ҳам айтмайман, жоним!
Аразларинг жонимга тегди,
Майли, кетсанг, кетавер энди!..”
Шабнам
Япроқларда жилваланди у,
У касб этди ҳаёт отини.
Япроқларда жилваланди у,
У сазмади гуллар тотини.
Тунлар мудом кўкни ўйлади,
Йўқ ёқмади ердаги ҳаёт.
Қуёш чиқиб буғга айланди,
Орзусига етди ниҳоят.
…Булутларга кетди қўшилиб,
Хўп яйради шамол эсгунча.
Кўкни кезди дайдиб, эшилиб,
Энди само ёқмасди унга.
Қисматидан йиғлаб ўкинди,
Ер соғинчи ўртар, на чора…
Ёмғир бўлиб ерга талпинди,
Қаерга ҳам борсин бечора?!
* * *
– Ҳой, гўзаллар, ишингиз ёмон!
Йигитларга Сизлар беаёв?
-Танлашмоқда бизларни ҳамон,
Аввал бизга ёқсинда куёв!..
– Ҳой, йигитлар, ишингиз ёмон!
Ранжишмоқда сиздан отинлар?
– Танламасин бизни ҳеч қачон,
Аввал бизга ёқсин хотинлар!..
* * *
Тоғларга ўхшайди бу чоллар,
Меҳр ёғилади юзидан.
Болага ўхшайди дарёлар,
Тоғлар тикилади изидан.
Тоғларда кўраман салобат,
Бўронлар чанг солар ўкириб…
Бир нафас билмайди ҳаловат,
Дарёлар боладек югуриб…
Қиёфалар узвий шу қадар,
Қўшилиб кетмоққа у шайдир:
Бу тоғлар… чоллардек вазминдир,
Дарёлар болага ўхшайди…
* * *
Бировдан яхшиман,
Бировдан ёмон…
Гоҳо теграмдаги муҳит ўзгарар.
Менинг-ку кимлигим ўзингга аён,
Лекин мени яхши билмас ўзгалар.
Шу ёлғиз бошимда ташвишларим кўп,
Бировдан ортиқман,
Бировдан камман.
Ҳамон ўша-ўша – ўзгарганим йўқ,
Ҳамон ўзинг билган ўша одамман.
Шайтоннинг ўлими
(Шеърий драмма)
Муқаддима
У шайтон деб ном олди бир кун,
Гарчи одам эди биз учун…
Сўзлашардик, суҳбат қурардик,
Гоҳ тўйга ҳам бирга борардик.
Унга бор сир бўларди зоҳир,
Миш-мишга ҳам эди кўп моҳир,
Гоҳ ёлғонни сувдек ичарди,
Оғир пайтда дўстдан кечарди.
Яхшиларга отар эди тош,
Гоҳо қора дер эди қуёш.
Гоҳ кимнингдир пинжига кириб,
Сездирмасдан берарди фириб.
Бошлиқларга таъзим этарди.
Кичикларни туртиб ўтарди.
Кўриниши… мисли фаришта,
Қилган иши гўё саришта,
Билмасангиз афсунгар, дейсиз,
Ҳар сўзини гўё зар, дейсиз,
Сезсангиз-чи, қасос олади,
Бошингизга ташвиш солади.
Хотинини ёмонлар ҳатто,
Уйланишда қилганмиш хато.
Бир куни денг, ўша иғвогар,
Ҳис этмасдан ҳеч бир хавф хатар –
Жўр бўлганича қандайдир куйга –
Хуштак чалиб ётарди уйда.
Қайдан келди?.. У ҳам билмади,
(Рости ақли бовар қилмади) –
Пайдо бўлиб ногоҳ бир шайтон
Иғвогарни қолдирди ҳайрон.
Драматик қисм
(Мебеллар билан безатилган мўъжазгина хонадон. Деворларга ҳар-хил плакатлар, яланғоч хотинларнинг суратлари осиб ташланган. Ногоҳ пайдо бўлган Шайтон каровотда чалқанча ётган Иғвогарнинг тепасига келади.)
Сенми ҳали, менинг номимни олган?
Салкам қирқ икки йил ташвишга солган!
Худога шукрким, топдим ниҳоят,
Аммо излайвериб чарчадим ғоят.
Қани бўл!.. Барига жавоб берасан!
Тақдирда не бўлса шуни кўрасан,
Ҳозир опкетаман ёнимга олиб,
Сўнгра қайнатаман қозонга солиб!
Иғвогар
(Ҳўнграб йиғлаганча ўзини шайтоннинг оёғига ташлаб, ундан шафқат сўрай бошлайди.)
Кечиринг, ҳазратим, биздан ўтибди,
Бири кам дунё, деб ақлим кетибди.
Гарчи номингизни ўзим олмадим,
Одамлар беришди… Нега?.. Билмадим!
Ҳеч бир эсимда йўқ… Эслаётирман,
Ҳар ҳолда айбимни сезмаётирман.
Шайтон
(Жаҳд билан Иғвогарнинг қўлларидан оёғини бўшатиб олади.)
Ҳали сен айбингга иқрормасмисан?
Иғвогар
(Ерга ётган кўйи)
Майлига, жазоланг, гуноҳкор эсам!
Фақат мен… озгина ичи қораман,
Нимаки тўғридир – эгри кўраман.
Одамлар кулишар эгрилигимдан,
Бу асли, ҳазратим, тўғрилигимдан,
Ҳа-ҳа, номингизни баъзан сотганман,
Шу билан… чоҳларга кириб кетганман.
Акс ҳолда қилмишим фош бўлур эди,
Бурним – қон, кўзларим – ёш бўлур эди.
Хуллас,шу йўл билан ўзни асрадим,
Наҳотки бу гуноҳ бўлса, ҳазратим?!
Шайтон
(Стол устидаги суратига “Феникс” деб ёзиб қўйилган сигаретадан олиб тутатади.У ёқ-бу ёққа юра бошлайди).
Салкам қирқ икки йил кузатдим сени,
Минг иғво тўқийсан қарийб ҳар куни.
Ўзи устозинг ким? Қани билайлик,
Сўнг шунга яраша жавоб қилайлик!
Сендаги кўп шумлик… ҳатто менда йўқ,
Сенда истеъдод бор!.. Бундан кўнглим тўқ.
Истасанг, сеҳргар бўлишинг мумкин,
Қасд қилсанг ўрнимни олишинг мумкин,
Истасанг, қалбларни тилиб ташлайсан,
Истасанг, қилни қирқ бўлиб ташлайсан,
Истасанг, хотинидан воз кечар эри,
Истасанг, ер тишлар йигитнинг зўри!
Истасанг, севгингни пулга чақасан,
Истасанг, каъбани ўтда ёқасан,
Сен иғво бобида соҳиби шуҳрат,
Қани айт! Қаердан сенда бу қудрат?!
Иғвогар
(Сал дадиллашади, юзига қон югуради).
Мен асли онадан чала туғилдим,
Сўнг ёмғир сувига роса ювилдим.
Ўшанда ариқда сув ҳам кам эди,
Онамнинг кўзлари шилпиқ нам эди.
Ёмғирнинг сувига чўмилиб, токим –
Илоҳий бир қудрат руҳимга ҳоким!
Отамни, унчалик яхши билмайман,
Онамни, рости гап, ҳурмат қилмайман!
Чунки ёлғон айтмас, доим урарди,
Иғво қилар бўлсам, ёмон кўрарди.
Шу боис, онамдан воз кечдим охир,
У менинг ҳоҳишим сезмасди ахир!
Хотин бўлса… мени ташлади кетди,
Чамаси бошқа эр ихтиёр этди.
Ҳазратим, хулласи, туғма талантман,
Риёда бирдан паст, бирдан баландман.
Шайтон
(Ҳайратдан ёқасини ушлайди).
Шунақа дегин-а? Оббо палакат,
Сенинг истеъдодинг – ўзи бир неъмат!
Дунёга қарашинг сўзингдан маълум,
Қўшиққа қалайсан? А, уста Ҳалим?
Завқ ҳам олурмисан ҳеч вақт ҳаётдан,
Кўнглинг яйрарми ҳеч куйдан, баётдан?
Балки сен булбулни жон деб тингларсан,
Бедана сайраса, кайф ҳам қиларсан?
Иғвогар
(Қаддини ғоз тутади, у ҳам сигарета олиб тутатади).
Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳазратим,
Кўксимга сиғмайди, арзим, ҳасратим.
Сизга нимасини айтай буларни,
Гоҳо пайт билмайман не иш қиларни!
Дунёга койишим сўнгсиздир, бироқ
Бойўғли овозин севаман кўпроқ.
У менинг қалбимни билиб сайрайди,
Фақат у куйласа кўнглим яйрайди!
Шайтон
(Қаҳ-қаҳ уриб кулади. Иғвогардан узоқлашади).
Тушундим! Гапинг рост, маъзур тутасан,
Ва лекин не сабаб номим сотасан?
Иғвогар
(Яна бўшашади, қадди букилиб, кўзидан ёш кўринади).
Сиз ҳақсиз, ҳазратим! Нимасини айтай,
Одамлар ҳолимга қўймаса нетай!
Кўп гуноҳ қилганман, тўғри, биласиз,
Кулманг-е, ҳазратим, нега куласиз!..
Ҳар қачон балога бўлганда дучор
Шайтон йўлдан урди, деганман кўп бор.
Аммо мен, ҳазратим: буни – билмасдан,
Борингизга ақлим бовар қилмасдан,
Кўнгил кўчасига кириб айтгандим,
Шу боис қисматни енгиб қайтгандим,
Шайтон
(Юзига қаҳрли тус беради).
Демак, бари тўғри!.. Шаккоклик қилдинг!
Мендек бир Шайтонни ўлган, деб билдинг!
Бас, энди мен сени олиб кетурман,
Акс ҳолда ғазабга тўлиб кетурман!
Иғвогар
(Қалтираб-қақшаб, Шайтоннинг оёғига ўзини ташлайди).
Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳазратим,
Ахир, мен айтгандим-ку сизга ҳасратим.
Мендай бир ғаламис увол бўлмасин,
Ғанимлар устимдан яйраб кулмасин.
Онт ичай, худони ўртага қўйиб,
Энди юражакман тилимни тийиб!..
Шайтон
(Сал бўшашади, юзида табассум пайдо бўлади).
Гуноҳинг бари-бир ўтмайман, ишон,
Кулганим эмасдир раҳмимдан нишон.
Лекин бир яхшилик қилай сўнгги дам,
Мендан рози бўлгин, сен ҳам эй одам!
Истасанг, мен сени олиб кетмайман,
Етаклаб, қўлимни ҳаром этмайман.
Айтаман қозонни келтиришади,
Ичини ёғни билан тўлдиришади,
Ичини қиздириб, обдон доғлаймиз,
Қўлингни, кўзингни маҳкам боғлаймиз.
Мен қўшиқ айтаман, сен-чи, ўйнайсан,
Гар айбинг бўлмаса,тушсанг, куймайсан.
(Шайтон ўз малайларига буюради, улар Иғвогарнинг хонадонига қулоқли улкан қозонни олиб кириб, тагига ўт ёқишади. Ичини ёққа тўлдириб чиқиб кетишади).
Иғвогар
(Йиғламсираб.)
Ўлим ҳақ, ҳазратим!.. Майли, ёндиринг,
Қонмаган қаҳрингиз бир дам қондиринг!
Аммо бир илтимос: оз-оз ичсак -чи!
Ўлимим олдидан кўнгил очсак -чи!
Сўнг, ўлсам, мингдан-минг розиман, майли,
Бўлмаса, татимас у дунё сайли.
Шайтон
(Розилик ишорасини қилади. Иғвогар музлагичдан ароқ олиб келиб, қуйиб ичади. Сўнгра Шайтонга ҳам таклиф қилади. Олмагач, яна ўзини унинг оёғига ташлаб ёлвора бошлайди. Охири Шайтон рози бўлиб, пиёладаги майни сипқоради. Бу ҳолат уч-тўрт марта такрорлангач, иккаласининг ҳам кайфи ошади. Хонани ёғ ҳиди боса бошлайди.)
Бўлди, бас! Ортиқча ича олмайман,
Қалбдаги қасосдан кеча олмайман.
Қани, чиқ!.. Қозоннинг қулоғига чиқ,
Ва менинг калимам – сўзларимни уқ!
Мен қўшиқ айтаман, сен-чи, ўйнайсан,
Гар айбинг бўлмаса,тушсанг куймайсан.
(Шайтон қўшиқ куйлаш бошлайди.)
Қайнагил, ёғим, қайна,
Ўйнагин, ёрим, ўйна!
Айбинг бўлса қоврилгин,
Гуноҳсиз бўлсанг, куйма!..
Иғвогар
(Яна ёлворишга тушади, ўзини Шайтоннинг оёғига ташлайди. Шайтон унинг елкасидан ушлаб турғазиб қўяди. Яна иккаласи бир пиёладан май ичишади).
Ҳазратим, таҳсинга сазовор бари,
Қизиқ бўлар экан Шайтон ҳунари.
Лекин мен ўйинни билмайман фақат,
Бир ўйнаб кўрсатинг!.. Кўрсатинг шафқат?
Сўнг ўзим тонггача ўйнайвераман,
Ёғ ичра балиқдек қайнайвераман.
Сизга садқа бўлсин, майли, бу жоним,
Ўйинингиз кўрсам қолмас армоним.
Шайтон
(Бир оз тараддудланади. Иғвогарнинг ўйин билмаслигига ишонч ҳосил қилгач, қозоннинг қулоғига чиқиб, беўхшов ҳаракатлар билан ўйин бошлайди).
Дастлаб чап оёқда юра бошлайсан
Ва сўнгра ўнгини дадил ташлайсан.
Қани, қўшиқни айт!
Иғвогар
(Ингичка овоз билан куйлай бошлайди.)
Қайнагил, ёғим, қайна,
Ўйнагил, ёрим, ўйна!
Айбинг бўлса, қоврилгин,
Гуноҳсиз бўлсанг, куйма!..
( У қўшиқ айтиб туриб, Шайтонни қозон ичига итариб юборади. Хонани Шайтоннинг дод-фарёди босиб кетади. Атрофни қоп-қора тутун қоплайди. Иғвогар Шайтоннинг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, бошқа хонадан челак олиб келиб ёғни таший бошлайди. Узоқдан унинг тантанавор овози эшитилади.)
Эй, Шайтон, сен киму, ахир, мен кимман,
Ғийбат диёрида подшо – ҳокимман.
Сенларга йўл бўлсин, менга етмоққа,
Мен борки, маҳкумсиз қонлар ютмоққа!
Ким менга қасд этса шундай бўлажак,
Қозонда – ёғ ичра қайнаб ўлажак!
Энди “юзта-юзта” отмасам бўлмас,
Сўнг бироз мириқиб ётмасам бўлмас.
Қувончдан ловуллаб ёнмоқда юзим,
Эртага бир ғийбат тўқимоқ лозим!..
( Музхонадан яна ароқ олиб келиб, қуйиб ича бошлайди).
Хотима
…Кеча мен учратдим ўша одамни,
Иғво қилар эди, билмадим, кимни!
Гўё кўзларида ўт ёнар эди,
Чираниб, чақчайиб тўлғонар эди.
Жимгина тингларди қайси бир кимса,
Гапни маъқулларди уч-тўртта хумса.
Кўрдиму, ўзимни чеккага олдим,
Шу заҳот бир гапни эшитиб қолдим:
Ҳануз зорланарди ошнам хотиндан,
Озор чекар эмиш куну-тун шундай…
Яна неларнидир сўзлар эди у,
Янги бир иғвони кўзлар эди у.
Билдимки, ошнамнинг “илҳоми” баланд,
Чунки у иғвода – соҳиби талант!
Кўрдимки, уч-тўртта тинловчиси бор,
Демакки, унинг ҳам “илҳоми” бисёр,
Билганлар чет-четдан ўтишар эди,
“Ҳув ана, “Шайтон” деб айтишар эди.
Ўзимча ўйладим, ҳам бўлдим ҳайрон,
Асли у Шайтонми ёки инсон? …
У бўлса ютоқиб тутун ютарди,
Қаеридир одамга ўхшаб кетарди…
1978
Мангуликка Суиқасд
(Достон)
Бир дарёдир – умр дегани, Оқар сувдир – имиллаган вақт. Сарсон қилар доим ҳаммани Оҳу каби тутқич бермас бахт.
Юрак – йўлдош, Мақсад – бир зиё, Йўллар узун тақдир қўлидай, Кўпни кўрган бу қадим дунё Чангиб ётар сомон йўлидай.
Гулдираклар гулдираб қолар, Чақмоқ чақар момақалдироқ. Қуёш ерни кузатиб толар, Кетиб қолар заминдан йироқ.
Кун кетидан кунлар келар жим, Курра асло айланиб толмас. Юлдуз қалбин сезган мунажжим Юлдузларга ўзи етолмас…
Океанлар ётибди чалқиб, Қутуради ногоҳ довуллар. Тўлқинларнинг белига чиқиб, Бўрон гувлар, Бўрон шовуллар.
Осмонўпар тоғлардек баланд Бир ташвиш бор – заминга соя: Кимдир бахтга ташлайди каманд, Кимдир эркни қилар ҳимоя.
Юзма-юздир – меҳр ва нафрат, Юзма-юздир – зулмат ва зиё… Денгиздаги кемадек фақат Қалқиб-қалқиб турибди дунё.
1
Кўз очди у оғир йўл босиб, Қараб қўйди дераза томон. Тонг насими турарди эсиб, Тиниқ эди зангори осмон.
Нонушта ҳам қилмасдан дарҳол Луис ишга жўнади яна. …”Гап уқтирмоқ унга кўп маҳол!” – Ўз-ўзича сўйланар она…
* * * Қаттиқ иш бормоқда институтда, Ходимларнинг қўли қўлига тегмас. Бу ерда ҳар кимса топинар ўтга, Бир ўтки, унчалик-бунчалик эмас!
Уни ёт кўзлардан тутишар пинҳон, Жаноб Уильям Гален барисига бош: Бу қурол нимадир? Билмайди жаҳон, Бу қурол нимадир? Билмайди Қуёш!
Эмишки – у бомба!.. Портлаган дамда Зарар топмас эмиш боғлар… ўт- ўлан! …Дунёни “номатлуб” ҳар хил одамдан Уильям поклармиш шу қурол билан!
Дастгоҳлар эртадан кечгача гувлар, Жонсарак олимлар тин олмас сира. Беҳудуд шовқиндан қулоқлар ғувлар, Спектор нуридан кўзлар ҳам хира.
Луис ҳайрон қолар: бу не синоат, Бу ўзи қандай қабоҳат ахир? Кўриб туриб қандай у қилсин тоқат, Юзида даҳшатнинг ранглари зоҳир?
У ўзин бегона ҳис этар бунда, Қайгадир бош олиб кетгиси келар. Йўлин йўқотгандек қоронғу тунда, Кўксини мижғилар совуқ туйғулар.
Бу ерда тинчликка қазилар чоҳлар! Гоҳ нигоҳ тикишар океан оша… Одамлар… саноқсиз зирхли дастгоҳлар Ажални эслатиб турар ҳамиша.
Наҳотки кўрса-ю бош қўшса шунга, Наҳотки мозийни кўрмаса шоён? Салкам қирқ йилдирки, қоврилиб нурда Японлар то ҳануз чекурлар фиғон!
Наҳот инсон этин увиштириб турса, Биз топган нейтроннинг заҳил чеҳраси? Наҳотки одамзот унга бош эгса, Мангу тиниб қолса тириклик саси?!
Наҳот Эйнштейн ҳақ бўлиб чиқса, Ўқ -ёйли урушнинг келса замони? Наҳотки дунёда қиёмат қўпса, Одамлар… тарк этса ёруғ дунёни?..
Луиснинг ўйлари чувалар яна, Қўл етмас ҳилқатга тортар хаёли: “Сен мени не учун туққандинг, она, Наҳот фарзанд бўлса она заволи?
Бу она тупроққа фарзанддир ҳамма, Бор дунё она деб сиғингай унга. Мен сизни жон қадар севаман, аммо Асрай олурманми қабоҳат кунда?!”
2
Дўстлар даврасида гоҳо шодумон, Гоҳо дардларини ёниб сўзлайди. Ишдан қўли бироз бўшаган ҳамон Нейтронга қарши бир чора излайди.
Кўплар сезар, Боқар ҳайратда, Дўстлар, дўстим, деб чекарлар ташвиш, Иш борар доимий эски суратда, Гоҳо пайт… Луисни этарлар тафтиш. Ҳадиксираб қарар чизмаларига, Юзига, кўзига… бари-барига…
* * *
Бошлиқ хонасида ўтирар Луис, Бошлиқ хонасида баҳс этар давом, У бугун йигитни чақирган махсус, Ўқрайган кўзида шарҳи интиқом…
Уильям Гален
Шубҳасиз талантли олимсиз,аммо Бизни қийнамоқда битта муаммо: Гоҳо пайт негадир ишга келмайсиз Ва ёки буйруқни бажо қилмайсиз! Биз билмоқ истаймиз сабабларини, Қани сўзлаб беринг, Луис, барини?
Луис
Бунинг сабаблари узундан-узоқ, Тушунмассиз дея қўрқаман бироқ. Бир иш-ла машғулман анчадан буён, Эшитиб, дилингиз бўлмаса хуфтон? Рости гап, айтишга бормайди тилим, Мен учун – ҳаёт Ва ёки ўлим…
Уильям Гален
Хўш, хўш, билайлик-чи, нима экан у, Сизнинг елкангиздан босган зўр қайғу?
Луис ўйлаб ўз ишини Бир дам қочди хаёли. Ҳам ғашини келтирарди Бошлиғининг саволи. Луис бугун хурсанд эди, Бир куч сезиб ўзида. Уильямга тикилганча Давом этди сўзида:
Луис
Гоҳида мозийга нигоҳим ташлаб, Ҳайратда қоламан ёқамни ушлаб! Коперник!.. Бруно!.. машҳур даҳолар! Ва қанча номаълум буюк боболар, Содиқ қолгани чун эътиқодига, Оловда ёққанлар етмай додига! Шу боис қўрқаман… Мен ҳам улардек Ёниб кетмасам деб ўт ичра пардек!.. Зеро, хақиқатда тил бўлмас ҳар вақт, Мавҳ этсам дер уни ҳар битта бадбахт. Бадбахтнинг ортида бутун бир дунё, Ҳақиқат олдида – бир тоғдир рўё! Иккиси бир-бирин енггунича то Бир инсон ҳаёти тугайди ҳатто… Рост айтсанг – ҳеч қачон олмассан олқиш, Хусусан…бизларда ростлик – кўп нохуш… Уильям Гален
Кечиринг, гапингиз чўзилиб кетди, Хўш, бундан асосий мақсад не эди? Биламан, сиз ҳеч вақт демассиз ёлғон, Чамамда ненидир… тутясиз пинҳон?!
Луис
Бир-бирин тан олмас оқ билан қора, Бир-бирин тан олмас кеча ва кундуз. Тун бутун оламга ҳокимман дейди, Лекин оғушида чарақлар юлдуз.
Уильям Гален
Сиз менга юлдузлар ҳақида эмас, “Ишингиз” ҳақида гапирсангиз, бас!
Луис
Зеро, юлдуз дедим, Ҳа, юлдуз дедим! Дерлар: ҳар одамнинг ўз юлдузи бор. Юлдуз – унинг йўли, ишонч, имони, Ҳар ким ўша билан эрур бахтиёр! Гарчи бахлиман деб айтолмасам да, Содиқ қолмоқчиман битта қасамга! Мен бугун танладим ўз юлдузимни, Унга бахш этгайман энди ўзимни. Мақсадим – нейтронга қарши беомон, Бир қурол яратмоқ эрур, вассалом! То уруш хавфини жаҳон билмасин, Олам бут яшасин, жаноби Гален!
Уильям Гален
Сўзларингиз менга келмоқда малол, Нечун керак бўлди сизга бу қурол?..
Луис
Одамлар ўт билан ўйнашиб, агар Кўксини адоват ёқса дамо-дам, Ногоҳ уруш бўлса… нейтрон бомбалар Портламасми бизнинг бошимизда ҳам?!
Уильям Гален
Биз буюк мамлакат фуқаросимиз, Даҳл этолмагай бизга ҳеч кимса! Қуролни танидик кириб эсимиз, Қуролдан бахтимиз – худо ҳоҳласа! Билинг, унга боғлиқ дунё тақдири, У эса бизларда беҳудуд, бисёр, Сизнинг сўзларингиз бари хом хаёл, Доимо ўша ҳақ – у-ки кимда бор!..
Луис бу дам ҳайрон энди, Қулоғига ишонмас: Бунча қабиҳ бўлмаса бу, Йўқ, бу Гален инсонмас! Наҳот юртда қабиҳликка Олтин ҳайкал қўйишар? Наҳотки ким ҳақ сўзласа Телбаликка йўйишар? Балки онам тўғри айтар, Бу юртда йўқ ҳақиқат, Бу ўлканинг ўтмиши-ю, Келажаги – пул фақат!..
Луис
Жаноб, сиз унчалик куйинманг тутаб, Қурол билан ҳеч ким топмаган матлаб!
Уильям Гален
Афтидан, сиз билан тил тополмадик, Қалбингизга ҳоким – ғайир туйғулар. Тинчлик… Улуғ мақсад… Инсонпарварлик… Дўстим, оҳ, нақадар пуч гаплар булар!.. Равшан, сиз бизларга.. тўғри келмайсиз, Ишимиз шунақа… хафа бўлмайсиз! Нимаки гап ўтди, шу ерда қолсин…
Луис
Сездим, ўзга йўл йўқ, кетганим бўлсин! Аммо, жаноб Гален, билингки шуни, Нейтроннинг чораси топгум бир куни! Чунки мен олимман! Бу менинг бурчим! Зеро яшамадим парча нон учун! Олимлик ҳар хилдир… Эвоҳ, биламан, Парча нон бўлса бас! Қўлинг ўпишар, Лайчадек думини ликиллатишар. Бизнинг мамлакатда улар кўп… сонсиз, Баъзи бировлари руҳсиз ва жонсиз Роботга ўхшайди! Буз, десанг бузар, Кўм, десанг кўмару қаз, десанг қазар!.. Менинг йўлим бошқа! Мен… қилолмайман, Ўзлигим унутиб яшаёлмайман!..
3
Тинчитмайди турли саволлар Деразадан термулар боққа. Ҳудуди йўқ ғамгин хаёллар Ёш қалбини солар қийноққа.
Ўтган кунлар кечар кўнгилдан, Ишонч борар девордек нураб. Йироқларда кўринган йўлда Кўз олгудек жимирлар сароб.
Гоҳ ўйланар: адашмадимми? Қўрқяпманми?..
Эвоҳ, не ҳолат? Йўқ, ҳеч кимга айтмам ғамимни, Қўллашга зор эмас адолат! Истагим шу: тинч бўлсин дунё, Бир инсондек кечсин ҳаётим! Наҳот жонга чанг солар рўё, Наҳот тугаб битар саботим?
…Нега мени йўқламас дўстлар, Бир дўст дея чекмас риёзат? Кимдир бугун ҳолимга кулар, Кимдир менга қилар хиёнат!
Майли, бари ўтиб кетади, Бари бир кун бўлгайдир унут. …Ҳали ажиб тонглар отади, Эриб кетар муз қотган сукут!
Ўшанда мен қайтгум ишимга, Ниятимга етгум устивор. У чоғ Гален кирмас тушимга, Замонга ҳам боқмам ғазабкор!
* * * Тун неча бор ёйди сепини, Ботиб кетди неча бор қуёш. Ичга ютиб айтар гапини, Она юм-юм тўкар эди ёш.
Луис беиш, юрар дарбадар, Оиладан кетмиш ҳаловат. Кўриб чиқар қўрқинчли тушлар, Тугаб борар онада тоқат.
Гоҳ ўзини овутмоқ бўлар, Гоҳ дардини сўзлолмас очиқ. Марҳум ўғли ёдига келар: “Бўлмас, дейди, тақдирдан қочиб!”
Мана, бугун иккинчиси ҳам Қисмат билан олишар бу он. Нега жимсан, эй қодир ҳаким, Нечун кўнглим айладинг вайрон?
…Луисгинам, нима айб қилдинг, Наҳот сенинг бўлса гуноҳинг? Эй, худойим, бошга ғам солдинг, Шунча торми сенинг даргоҳинг?!
* * *
Боғлар ичра тентирар ҳорғин, Паноҳ излаб телба шамоллар. Луис сўзлар, юзлари сўлғин, Дардли дилни босмиш гумонлар.
Луис
Она, ортиқ изтироб чекманг, Ўйлайвериб қийнаманг ўзни! Менинг учун зинҳор ғам еманг, Хор этолмас ҳеч кимса бизни.
Худо шоҳид, айтмасман ёлғон, Сўрамасман Галендан шафқат. Бу кун унинг омади келган, Лекин охир енгар ҳақиқат!
Она
Болагинам, мунча соддасан, У на ерда ва на осмонда?! Уни топмоқ эмасдир осон, Уни топмоқ мушкул жаҳонда!
Топса топар эди-ку, аканг, Кўрдинг охир не кечди ҳоли! Билмам қайда мозори унинг, Ўлим бўлди охир – заволи!
Бу юртда йўқ!.. – Бўлмагин диққат – Сен излаган ўша ҳақиқат!..
Бир ниҳолдек парвариш қилдим, Қувват бўлдим мушкул чоғингда. Акангдан-ку тирик айрилдим, Чидолмасман сенинг доғингга!..
4
Бу дунёда ҳеч кимсага, Туҳмат тоши тегмасин. Тегмасин-ей зор йиғлатиб Қадди-бўйин эгмасин!
Ўлимни ҳам енгиш мумкин, Аммо унга – йўқ чора. У кўзларни кўр этару, Дилни қилгай садпора!
Туҳмат- ёмон, туҳмат – ёвуз, Туҳмат – эрку бахтга ёв! У мардларни қон қақшатар, Ботирларга – беаёв!
У қасд қилса, оқар сувни Қайтаргайдир ортига. У қасд қилса, не буюклар Сиғмагай ўз юртига.
У қасд қилса, онасидан Номард ўғил тонади. У қасд қилса, оталарнинг Юрак-бағри ёнади.
У – бу юртда қудратлидир, Кучлидир у тиллодан. У кўз тикса омон қўймас, Изн сўрмас оллодан…
Бу дунёда ҳеч кимсага Туҳмат тоши тегмасин! Тегмасин-ей, Луис каби Қадди-бўйин эгмасин!
Ногоҳ уни туҳмат билан Кўкайини кесдилар. Сўнгра шаффоф орзуларин Юлдузларга осдилар.
Зўрлик билан зулм унинг Қанотини қайирди. Толе топган ўз уйидан, Онасидан айирди.
Тонгда уни банди қилиб Опкетдилар қамоққа. Луис билан, илож йўқдир Энди ортга қайтмоққа!
У жимгина борар эди, Юрагида ғам, кадар. Кўкда булут сарсон эди, Изғир эди шамоллар.
Эрк!.. Эрк!.. дея акс садо Берар эди юраги: Озодлик дея ўртанарди Тилкаланган тилаги.
У ортига боқарди жим, Ортда эди нигоҳи. Аммо ўзи билмас аниқ, Нима эди гуноҳи.
v
Кунлар ўтиб борар беун, Ўтар эди фурсат беҳуда. Луис эса толеи нигун, Ётар эди юраги зада.
Зада эди қалби қон ютиб, Қутулмоққа йўқ эди умид. Ҳар кун бир бор сўроққа тутиб, Унга тинчлик бермайди Смит.
Луис билар, қалбдан этар ҳис… Не оғдирган унинг эсини? Лекин баъзан ололмас Луис “Нъю Йорк таймс” газетасини.
Терговчининг қарори шундай: “Бунда руҳан эзилсин маҳбус!”. Назоратчи посбонлар тинмай Ўлимдан гап очарлар “махсус”.
У барини сезади, бироқ, Қалб ҳукмига тополмас имкон. Заҳар билан йўғрилган сўроқ Доғлиқ дилга тўлдирар гумон.
Ҳасрат чекиб, дод демак нечун? Кўп тингларди даҳшат сасини. У қамоқда кўрмоқда бугун “Эркин” дунё қиёфасини…
* * *
Йўталгандек бўлди аллаким, Эшик ғижирлади бемажол. Назоратчи кириб келди жим, Нигоҳида қандайдир савол.
Унга кўпдан таниш бу одам, Унга кўпдан яқин қадрдон. Гарчи жуда қийин бўлса ҳам Хат келтириб берар онадан.
Севинади Луис ҳар сафар, У навбатчи бўлган кунлари. Соғинч билан ёзилган хатлар Ухлатмайди гоҳо тунлари.
Тақдир шундай экан, на чора? Дилни дилга боғлар шу қоғоз. Юрагини қилар садпора, Йироқлардан келган бир овоз…
6
Офтоб ёнар, кўчаларда Гармсел чанг супурар. Қамоқхона ҳовлисида Асфальт ҳиди уфурар. Гўё бу ҳид кирмасин деб Зич ёпилмиш ойналар. Терговчининг хонасида Суҳбат шундай айланар;
Смит
Исмингизн айтинг! Фамилиянгиз?.. Қандай топшириқлар олгансиз!.. Кимдан?
Луис
Мен – Луис Жеймсман, буни биласиз, Туҳматга учраган оддий одамман!
Смит
Қанчалик оддийсиз, бизларга маълум, Қанчалик хавфлисиз, ҳаммаси аён! Душман демоққаку бормайди тилим, Лекин дўст эмассиз анчадан буён! …Бундан беш йил бурун, акангиз ўлиб, Онангиз, ўзингиз ботганда ғамга, Иш сўраб бордингиз сиз паноҳ билиб, Уильям Галендек улуғ одамга. Аммо сиз садоқат кўрсатмадингиз, Қуролга… давлатга… ҳамда Ватанга?! Негадир нафратдан ёнар эдингиз… Биз аскар жўнатдик Вьетнамга – жангга!
Луис
Ахир, менинг акам – Карл Вьетнамда – Сиз айтган Ватан деб кўз юмди, жангда! Хўш, айтинг, ким зомин акам қонига, Хўш, кимлар ачинди унинг жонига?! Акам хазон бўлди йигит ёшида, Сиз айтган шу “Ватан” етди бошига!.. Ватанни сиздан кўп севаман, бу рост, Лекин у севарми? Менга қоронғу, Ҳозир мен эрксиз бир маҳбусман, холос, Менга бир зах ҳужра инъом этди у!
Терговчи бир кулиб қўйди, Сузиб кўм-кўк кўзини. У Луисга бепарводек Кўрсатарди ўзини. Креслода ястанганча Тинглар экан берилиб, “Филлип Моррис” сигарасин Чекар эди керилиб. Беписанд қўл силкиб қўйиб, Эгилганча сўнг хиёл, Жаноб Смит сўроғида Давом этди бемалол:
Смит
Демак, сиз Ватандан тонмоқдасиз, бас” Бойлиги – нейтронга қаршисиз?! Бўлди!!! Акангиз сиз каби жиноячимас, Акангиз Ватан деб жонфидо қилди! Бу ҳақда ортиқча гап сотмоқ етар, Яхшиси, кавламанг кул босган чўғни. Сизни осишади Ва ёки отар, Бу учун асос бор!.. Тўғрими?.. Тўғри!.. Хўш, нега нейтронга қарши чиқдингиз? Яратмоқ бўлдингиз ғайри кашфиёт? Сиз бизнинг ғояга душман эдингиз, Шу боис жазонгиз бермоқда ҳаёт! Бир куни пушаймон қилгайсиз минг бор, Аминман, ҳа, худди шундай бўлади. Ҳа-я, яна бир гап айтмоғим даркор: Сиздан коммунистнинг ҳиди келади!
Луис
Бу жуда табиий!.. Бўлиши мумкин! Ҳатто сўзингиздан ошар ғурурим! Ахир мен уларга ўхшамай нега, Дунёга банд бўлгач ақлу шуурим! Бошлаган ишимни тугатолмадим, Нейтроннинг заволи – кашфиётимни. Афсуски, дунёга бор ҳаётимни! Коммунист эмасман! Аммо ҳар қачон Уларга ишонсанг, суянсанг арзир! Билингки, бекорга тан олмас жаҳон, Коммунист дунёнинг устуни ҳозир! Кўрасиз, фақат у жонфидо этиб, Нейтронлар даҳшатин чиқаргай пучга, Шундай бир хабарни ногоҳ эшитиб, Ўша пайт дамингиз тушгайдир ичга!
Смит
Ўлимни бўйингга олдингиз чоғи, Тилингиздан нуқул заҳар томмоқда?! Сиз учун ҳалокат – энди бу ёғи, Асраб ўтирмаймиз ортиқ қамоқда!.. Биз шу юрт эгаси!.. Шундай қиламиз, Биз борки, ҳамиша шундай бўлғуси! Заҳар тилингизни кесиб оламиз, Токи ёйилмасин унинг оғуси! Қийноқ усулларин эшитгансиз кўп, Бу соҳада бизнинг тажриба катта. Шунчаки қўл силтаб қўймаймиз.Йўқ, йўқ, Сиздек нокасларни бўғамиз шартта! Агар зарур бўлса дор қурамиз!.. Дор!.. Ташвишни елкалаб юрмаймиз зилдек. Кўр ҳам ҳассасини йўқотар бир бор, Чилини биларсиз? Охир не қилдик?! Сизга қайтсак, дўстим… ҳукм ўқилган, Билмайман, эртага бормисиз-йўқми?! Тонгда кўксингизга балки завқ билан Жон-жон деб мен ўзим отгаймиз ўқни!..
7
У тасаввур этмаганди Асло бундай бўлишин. Тушида ҳам кўрмаганди Банди бўлиб ўлишин!
Энди уни тек қўймаслар, Ҳа, билади, бу рост гап! Лекин бунча тубан булар, Бу одамлар бунча паст?!
У эзгулик истаса-ю, Зулмат бўлса бу қисмат! У дунёга бахт деса-ю, Кўр айласа ҳусумат?
Дод демасми, ахир Луис Ҳақиқат, ҳей, қайдасан? Наҳот сени кўз илғамас Наҳот шунча майдасан?!
* * *
…Луис билмас, қачон ётди: Қачон кўзи илинди: Тушда илк бор кўрди шу тун Сиртмоқ тутган ўлимни.
Дод демоққа чоғландию, Қимирламас ҳеч… лаби Жаллод турар, қон ҳидидан Бежо бўлган ит каби.
Бир бир босиб борармиш у Смит қурган дор томон… Хайриятки, назоратчи Кириб қолди шу замон.
– Маҳбус, туринг, сизни бошлиқ Кутаяптилар эшикда! …Бир ҳовуч нур тўкиларди Кафтдаккина тешикдан.
* * *
Она шўрлик тош қотганди, Қўшнилар ҳам очмас лаб. Бугун бутун шаҳар узра Тарқалганди дув-дув гап.
Радио ҳам “жиноятни” “Фош қиларди” ҳайқириб. Кўчаларда газета сотар. Киоскерлар қийқириб.
Наҳот шу рост?- сўрар бари, – Ё… балки бу бир туҳмат? – Туҳмат бўлса қамармиди, Ахир, одил ҳукумат?!
-Ҳа, ўзиям сал телбароқ Йигит эмиш чамамда?.. -Бунақалар доим бўлган, Бўлар ҳамма замонда!
– Ёмон заҳар яратганмиш, Қамалганмиш шу сабаб! -У яратган заҳармасов, Заҳар бўлса бошқа гап!
Икки киши дуч бўлсаки, Шу ҳақда гап сотарди. Кимдир уни чет мамлакат Агенти деб атарди.
Бироқ гапнинг йўқ эди ҳеч На охири на боши. Булут ичра пинҳон эди Ҳақиқатнинг қуёши.
Омад қўлдан кетдими, бас, Бахт топмоққа йўқ чора. Кўз ёшини тиёлмас ҳеч Йиғлаб кампир бечора.
Она шўрлик тош қотганди, Қўшнилар ҳам очмас лаб. Лекин бутун шаҳар узра Тарқалганди дув-дув гап.
8
Унинг халққа, одамларга, Айтар гапи кўп эди. Лекин ҳозир олдида ҳеч Бир дардкаши йўқ эди.
Бунда уни бирор киши На йўқлар, на чақирар. Фақатгина бир ҳовуч нур Эркдек ёниб ярқирар…
Қамоқхона туйнугидан Луис сира узмас кўз. Аммо сира эримасди Юракдаги қотган муз.
У ўзидан рози эди, Кечмаса-да умри шод. Афсус…Лекин ундан бу кун Розимикин бу ҳаёт?
Ахир, Луис шу ҳаёт деб, Афзал билди қамоқни. Ахир у ҳам истар эди Эркин нафас олмоқни.
У оҳ урса,титратарди, Балки оҳи самони. Ногоҳ уни бир оҳудек Тийра қилди замони.
Унинг эркка, одамларга Айтар гапи кўп эди. Тўрт томони – метин девор, У кар эди, кўр эди…
* * *
Қоронғу тун, қоронғу тун, Чор атрофни босаркан, Кимдир бўғиб адолатни, Ҳақиқатни осаркан; Кимдир ёниб разолатдан Кутар экан иноят, Сен энг қора кечмишлардан Сўйламишсан ривоят. Сен гувоҳсан барчасига, Сен шоҳидсан ягона. Фақат сирни ошкор этмоқ Ҳисси сенга бегона… Қоронғи тун, қоронғу тун, У… атрофни босмоқда. Кимдир бўғиб адолатни, Ҳақиқатни осмоқда!
* * *
…Суд яширин ўлса ёмон, Очиқ бўлса қанийди! Лекин бугун мард Лунсни Ёруғ олам танийди.
Ногоҳ унга айб қўйдилар, Боғладилар қўлини. Тиғ остида тиз чўктириб, Доғладилар дилини.
Мағрур Луис!.. Азиз дўстим, Сенга кимлар қилди қасд? Бу шунчаки ўлим эмас, Мангуликка суиқасд!!!
Маъшум нейтрон даҳшатини Этолмадинг гарчи даф! Сен тириклик қўшиғини Турсин дединг жаранглаб.
Сен бемаврид, ватанингни Паноҳ билдинг ва лекин. Кўзларингга қум тўлдириб Тутқин қилди у секин…
Суд яширин бўлса ёмон, Очиқ бўлса қанийди? Лекин ишон, дўстим Луис, Олам сени танийди!..
Хотима
…Саҳар кези машинадан Сўнг бор… боқди қамоққа. Луис билан, ҳеч илож йўқ, Энди ортга қайтмоққа!
У жимгина борар эди, Юрагида ғам, кадар. Сочларини силар эди, Алвидо, деб шамоллар.
Алвидо, деб акс-садо Берар эди юраги. Алвидо деб ўртанарди Тилкаланган тилаги.
Алвидо, деб дов дархтлар Гўё унга қотар сўз. Илон изи сўқмоқларга Луис тўймай тикар кўз.
Тоғлар, сўнгсиз адирларда Ёз оташи ёнарди. Уфқларга тикилганча Мовий кўзи тинарди.
У ўзидан рози эди Ва пок эди виждони. Муштдаккина юрагида Авайларди дунёни:
“Алвидо, эй орзуларим, Алвидо, эй камолот! Юрак бағрим қон айлади Ўз юртимда разолат!”
…Тубсиз, маъшум жар ёнида Тўхтадилар ногоҳон. Машинадан Луисни ҳам Туширдилар шу замон:
-Кўзингизни боғлайликми, Ёки йўқми кераги! …Эвоҳ, шу пайт мард Луиснинг Бир ҳаприқди юраги.
-Керак эмас! – деди Луис,- Майли. шундоқ отинглар!.. Ва Луиснинг кўкси узра Ўқ ёғдирди қотиллар…
Ажал – қаттол, ажал – ёвуз, Қаҳ-қаҳ отиб куларди. Лекин узоқ-узоқлардан Тонг оқариб келарди…
1978