Жизмонсойдан чиққан шоир

Хасан Алиматов Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманининг Мойбулоқ жамоа хўжалигидаги Қатағон қишлоғида таваллуд топган. Шоирнинг шеъриятга ошуфталиги Бобо Пўлкан бахшидан юққан бўлса не ажаб. Унинг шеърлари бахшиёна ва самимиятга йўғрилган. Биз шоир акамизга ижодий парвозлар тилаймиз. Саҳифамиз ўқувчилари эътиборига унинг шеърларидан тақдим этамиз.

Мақсад

Қирма-қир юрганим бежиз эмасдир,

Улуғ бир мақсадни кўзлаб юрибман,

Бунда ҳар бир гиёҳ бесўз эмасдир,

Гоҳ тинглаб, гоҳида сўзлаб юрибман.

Қирма-қир юрганим бежиз эмасдир,

Илҳом тулпорини чизлаб юрибман,

Дардимни тингловчи дўсти содиқ деб,

Ёнимдаги итни “сиз”лаб юрибман.

Қирма-қир юрганим бежиз эмасдир,

Ошиқ Мажнун каби бўзлаб юрибман.

Бироқ соҳибжамол Лайлони эмас,

Пўлканни изини излаб юрибман.

Нолиш

(Олтинсойдаги Пўлкан бахши ҳайкали билан суҳбат)

Ҳар элнинг ўз тулки овлар тозиси бор,

Ҳақни хаққа қўядиган қозиси бор,

Эл ичида розиси бор, норозиси бор,

Мен ҳам битта хатоликдан нолиб кетай,

Бахшим, сизни қишлоғимга олиб кетай,

Уйқусизлик деган азоб қийнар мени,

“Бахшинг қани!?” деган ғазаб қийнар мени,

Газетларни ёлғон безаб қийнар мени,

Бир чапани ва бир ростгўй бўлиб кетай,

Юринг, сизни Қатағонга олиб кетай.

Бахшиларнинг қишлоғида боғ ундилар,

Қатағонда ҳасрат билан доғ ундилар,

Ҳамқишлоқлар сизни жуда соғиндилар,

Сиз шеър тўқинг, мен дўмбира чалиб кетай,

Юринг сизни Қатағонга олиб кетай.

Бахшим сизга ўз қабрингиз кўпроқ интиқ,

Ҳар бир дарахт ва ҳар битта япроқ интиқ,

Киндигингиз қони томган тупроқ интиқ,

Олтинсойга бир ғулғула солиб кетай,

Юринг, сизни Қатағонга олиб кетай.

Ҳайкалсизу дилингизда оғриқ сездим,

Бахшим, сизга юрагимни боғлик сездим,

Ғуруримдан баланд тоғлар чоғлик сездим,

Керак бўлса зўр жанг қилиб, ғолиб кетай,

Юринг, сизни қишлоғимга олиб кетай.

Ўзбек қизлари

Ўзбек қизларидан менинг кўнглим тўқ,

Уларнинг кўзида порлаб турар чўғ,

Шаҳарлик сингилжон, сендан гинам йўқ,

Қишлоқ қизларининг йўриғи бошқа.

Сочига жамалак тақишин кўринг,

Ийманиб-ийманиб боқишин кўринг,

Юракларга олов ёқишин кўринг,

Қишлоқ қизларининг йўриғи бошқа.

Лабини бўяшни билмайди улар,

Севгисини ошкор қилмайди улар,

Ҳуда-беҳудага кулмайди улар,

Қишлоқ қизларини йўриғи бошқа.

Русчани қўшмайди, сўзлари тоза,

Баҳор ҳам улардан олар андоза,

Арзигай мақтасанг, қилсанг овоза,

Қишлоқ қизларининг йўриғи бошқа.

Тандирнинг тафтида тобланар юзи,

Ор номли упага беланар гул юзи,

Илк бор чимилдиқда лабланар юзи,

Қишлоқ қизларининг йўриғи бошқа.

Фақат тандир-ўчоқ эмас юмуши,

Ҳадис илмидандур айтмиш-демиши,

Барчинойга ўхшар тулпор миниши,

Қишлоқ қизларининг йўриғи бошқа.

Соддалигиданми, жўнлигиданми,

Қалби осмон қадар кенглигиданми,

Ғурури тоғларга тенглигиданми,

Қишлоқ қизларининг йўриғи бошқа.

***

Кел, тунимни нурга тўлдир, моҳичеҳрам,

Ой чиқмаган кечаларга алам қилсин,

Юрагимнинг соҳилида солланиб юр,

Сен юрмаган кўчаларга алам қилсин.

Ёвшан ҳидли адирларни сайр этайлик,

Жами гўзал шаҳарларга алам қилсин.

Шакар томган сўзларингдан ичай қониб,

Ҳама сўзи заҳарларга алам қилсин.

Кел ё борай, мактубларга қолмасин кун,

Қоғоз бирла қаламларга алам қилсин.

Менинг тансиқ шодлигимга ғаним бўлган,

Ҳасрату ғам, ламаларга алам қилсин.

Диёнат

Бозорлар кўпайиб бормокда,

Савдода мол эмас, диёнат.

Озорлар кўпайиб бормокда,

Қадамда учрайди ҳиёнат.

Мозорлар кўпайиб бормоқда,

Қабрда муҳаббат, садоқат.

Дарз кетган кўнгиллар қаърида,

Инграйди ҳўрланган адолат.

Бўғзимга тиқилиб турган сўз:

“Наҳотки яқиндир қиёмат?!”.

* *

Жаҳонда бир беармон бор,

Муҳаббат отли нарвон бор,

Чиқолмай бир бедармон бор,

Бедармон менга ўхшайди,

Беармон сенга ўхшайди.

А.Пўлкан.

Чиқиш осон эмас бўлган,

Муҳаббат отли нарвонга,

Чиқиб кетган Амирқулсан.

Бобонгни руҳи қўллабми,

Не бир ғаюр хўрозларни

Чўқиб кетган Амирқулсан.

Ғанимлардан ҳадик билмай,

Хақиқатнинг кўзига тик.

Боқиб кетган Амирқулсан.

Бахшиёна оҳанг бирла

Юракларга ажиб гулхан

Ёқиб кетган Амирқулсан.

Саодат, Мавжуда,Мақсуд,

Каби боқий ниҳолларни,

Экиб кетган Амирқулсан.

Муҳаббатнинг қулоғига,

Садоқат отли бир сирға,

Тақиб кетган Амирқулсан.

Талант қалққан пиёлангдан,

Менга ҳам бир икки томчи,

Тўкиб кетган Амирқулсан!

Ҳасан Алиматов

Av Admin

Lämna ett svar

Din e-postadress kommer inte publiceras. Obligatoriska fält är märkta *