
Амирқул Пўлканнинг иккинчи китоби 1979 йилда нашр юзини кўрган. Ушбу китоб “Булоқ” деб номланади. Унга шоирнинг ёшлик чоғларида битган сара шеърлари киритилган. Шоирнинг ижоди хақида унинг устози, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсин домла шундай сўз боши ёзиб қолдиргандилар.
”Амирқул Пўлканов адабиётга дадил кириб келаётган истеъдодли ёшлардан бири. Унинг шеърлари халқ оғзаки ижодига хос рангин оҳангларга бойлиги, самимийлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради. У лирик шеърларида ҳам, ижтимоий мавзуларда ёзилган руҳидаги шеърларида ҳам ҳаётни бутун зиддиятлари билан тасвирлашга инсон руҳий кечинмаларини ёрқин бўёқларда акс эттиришга интилади.
Шоир бўлиш Амирқулга бобомерос.У бобосининг изидан бориб, бугунги кунда халққа манзур бўларли шеърлар ёзаяпти. Мен унга шеъриятнинг серташвиш, сермашаққат донғил йўлида ижодий камолот тилайман”.
* * *
Булоққа бир умр қуримоқ ётдир; У йиллаб курашиб тошларни ёрган. Унинг ҳар қатраси – обиҳаётдир, Унинг ҳар томчиси – туганмас армон.
* * *
Гоҳ тунлари ўйсиз ўтмайди, Гоҳ қалбингга етмайди кучинг. Жасоратинг ўзи етмайди, Севаман, деб айтмоқлик учун.
1978
Жангчи
(Отам Умарқул Пўлкан ўғлига бағишлайман)
Ўн олти ёшида жангчи эди у, Ватанидан ёвларни қувди изма-из. Неча бор қузғундек чанг солди қайғу, Неча бор ўлимга келди юзма-юз. Лекин у қочмади жангоҳни ташлаб, Қўрқувдан қалтираб чекмади фарёд. Ҳолбуки ўша пайт ёвузлик яшнаб, Милтиқнинг учида турарди ҳаёт. У баттол қисматга бош эгмади йўқ, Ва нажот ахтариб чопмади гирён. У бир қалқон эди – ўтмас эди ўқ, У бир қоя эди – бўлмасди вайрон! Сувга чўкмади у, ўтда куймади, Томчидек тупроққа кетмади сингиб. Уни тарк этмади бахти, омади, Музаффар қайтди у ёвларни енгиб. Энг бахтли кунларга етди ниҳоят, Оналар гул сочди жангчи пойига. У бугун умридан хурсанддир ғоят Ва лекин кўнгли ҳеч тушмас жойига. Синиққан чеҳрада ажинлар қат-қат, Қалбига сиғмайди қувлик, ёмонлик. Тинчлик бўлса дейди дунёда фақат, Энг севган сўзи ҳам фақат омонлик. Осойиш тилайди башарга ҳар кун, Жангчининг қалбида эзгу бир ғоя… У ҳамон фидодир она-юрт учун, У ҳамон юртини қилар ҳимоя!
1977.
Интизор чечаклар
Қиш куни булбулни соғиндим жуда, Кўзимни тўрт қилди сайроқи қумри. Аслида баҳорни қўмсаш беҳуда, Зероки уч ойдир қишнинг ҳам умри.
Биламан, шу фасл ўтмасдан қолмас, Шу ёлғиз бир умид кўнглимга қанот. Лекин у қалбимга таскин беролмас, Бахш эта олмайди менга ҳаловат!..
Дунёда баҳордан сулувроқ не бор! У менга сўзлагай эзгу чўпчаклар… Дўстларим, ҳадемай келади баҳор, Доим қор остида ётмас чечаклар!
1977
* * *
Ўтди йиллар, ўтди аср, Ўтди қанча замонлар-ей. Яхшиларга кун бермади, Оғу берди ёмонлар-ей!
Буюлик ҳам айб экан-да! Насибаси дор бўлди-ей. Кўк йиғлади, ер йиғлади, Одам қуртдек хор бўлди-ей.
Ер – бойники, сув – хонники, Подшоники – ҳаволар-ей. Ғарибники бўлмиш фақат Мунгли мунгли наволар-ей.
Шоирга кун йўқ эди, Тилсиз эди зўр тоғлар-ей. Булбулники эди саҳро, Қузғунники – гулбоғлар-ей…
У даврлар ўтди энди, Ўтди ўшал замонлар-ей. Ер – бизники, сув – бизники, Хору хасдир ёмонлар-ей.
Толе қуши қўнди бошга, Жондай ширин бу дамлар-ей. Бир-бирига меҳр берар, Бахт улашар одамлар-ей.
1976
Чоллар
Ғўза унди илк бор қўриқда, Чаппар урар чексиз далалар… Лойқа сувга тўлган ариқда Чўмилмоқда бир тўп болалар.
Чумчуқлар ҳам тол кавагида Сукунатга бермишлар навбат. Икки бобой дарахт тагида Кўк чой ичиб қилмоқда суҳбат…
Бири дейди: – Бунча кун иссиқ? Бири кулиб қўяр мулойим. – Бўлмасин-да, тилимиз қисиқ, Планимиз тўлсин, илойим!
Бири манглай терини елпиб, Белбоғини қўяркан ёнга, Қалб ташвиши юзига тепиб, Қараб қолар дала томонга:
– Кўрдингми, Хол… фақат ғўза деб, Қармабмиз бу йил полизга. Офтоб урган қовунларни еб, Биров раҳмат дермикин бизга?!
Кулиб қўяр ошнаси, лекин Бир дамгина қолар ўйланиб. Чойдан босиб ҳўпларкан, секин Ўз-ўзича қўяр сўйланиб:
Қовунсиз ҳам яшамоқ мумкин, Пахтанинг- чи, йўриғи бошқа! Агар ғўза экмасам, бугун Кирмас эдим балки юз ёшга!..
Бири манглай терини елпиб, Бири асо оларкан қўлга, Қувончлари юзига тепиб, Қишлоқ томон тушарлар йўлга.
Гоҳо ўтган кетгандан сўйлаб, Гоҳ сайр этиб орзу кўшкида, Бири борар ғўзани ўйлаб, Бири ёнар полиз ишқида…
Юлдузларга тўлади само, Чайқалади шамолдан толлар. …Умр тилаб дунёга, аммо Туни билан ухлолмас чоллар.
1975 Ботирлар
Неча бор заминни куйдирди оташ, Неча бор мозийнинг айланди чархи. Ва лекин йўлидан тоймади қуёш, Ва лекин тушмади ботирнинг нархи.
Ғанимлар юртимга қилдилар юриш, Муқаддас тупроқда тутдилар чодир. Интиқом олмоққа чорлади уруш, Ёвларга ўқ бўлиб санчилди ботир.
Ботирлар жон берди мардона туриб, Тулпорлар қон кечиб чопдилар сарсон. Ўқ еган бургутдек ногоҳ чарх уриб Уларнинг кўксига йиқилди осмон…
Улар ҳам ҳаётни севарди жондан, Улар ҳам яшарди толе ахтариб. Ботирлар кўксидан сачраган қондан Кўкдаги юлдузлар қолди қизариб.
Эҳ, улар шароб ҳам ичмади қониб, Умр ҳам бермади жанги беомон. Шоирлар қудратни куйлади ёниб, Уларнинг шаънига битдилар достон.
Зотан, мен улардан олгайман сабоқ, Шул узоқ ўтмишга солгайман назар. Бугун ҳам қайдадир писганча қўрқоқ, Ботирнинг ортидан урмоқда ханжар.
Мен қандай чидайин бундай жафога, Не қилай гўдаклар қолсалар сағир! Умримни бергайман балки даъвога, Мен ҳам ботирларга зурёдман, ахир…
Ва лекин бу билан ўзгармас тарих, Тўкилиб битмагай киприкдаги гард. Бари-бир уларни бўлмас қайтариб, Жазога мустаҳиқ бўлмагай номард.
Майда гап қилсам гар кечиринг, бироқ, Дўстларим, ботирлик эмасдир осон. Кўз юмган ботирлар бугун ҳам уйғоқ, Уларнинг кифтида турибди осмон.
1975 Бирга яшаймиз
Ҳей, кўксини атайлаб тешиб, Юлдузларни қадаган Осмон, Ҳей, булутни бовлиқдай эшиб, Шамолларни ҳайдаган Осмон, Бирга яшаймиз!
Ҳей, кўксимга ёғду тўлдириб, Юрагимда тонг отган Қуёш, Ҳей, барчага оташ келтириб, Зулматларни уйғотган Қуёш, Бирга яшаймиз!
Ҳей,башарни кафтида тутиб, Ҳаловатни кўрмаган Замин, Ҳей, бировлар севиб гул экиб Ва бировлар хўрлаган Замин, Бирга яшаймиз!
Ҳей, йиқилсам турғазиб қўйиб, Ҳар он мени қўллаган Она, Ҳей, бошимдан ўргилиб, суюб, Толе сари йўлллаган Она, Бирга яшаймиз!
Мангуликни келтирмоқ учун, Ерни гулга тўлдирмоқ учун, Ўлимларни ўлдирмоқ учун, Бирга яшаймиз!
1973
Олтин
Подшолар эрларни дорга осганда, Мурдалар сиртмоқда олганида тин, Ёвузлар юртимга оёқ босганда, Уларни ўзига чорлади олтин.
Олтин деб бир-бирин топтади инсон, Фараҳли орзулар тушди домига. Эй олтин, юзингга сачраганда қон, Ўзинг шак келтирдинг бойлик номига!
О, балки бўлмасди разолат зулм Бу ўтли оламда йўқ эсанг агар. Сени деб жангоҳда тож кийди ўлим, Сени деб бошларни кесди Искандар.
Дунёда бировлар тўймади сенга, Сеҳринг-ла ҳар қайда қолдирдинг кўз ёш. Сен боис – одамлар зор бўлди нонга, Сен боис – юз йиллаб кўрмади қуёш.
То ҳануз бу дарддан фориғмас инсон, То ҳануз ғазодан кутгайлар самар. Қаршингда бировлар сотгайдир имон, Ортингдан чопгайлар тобутга қадар!
Биламан, бир куни келар шундай дам, Ўтмишни хўрсиниб эслармиз оғир. Олтинни тупроқдан қазиган одам, Тинч яшаш йўлини ҳам топгайдир охир…
Мен шукур қиламан ўзимни тутиб, Ва лекин ўйларим бўлмайди абас. Яхшиям бўлмайди қуёшга етиб, Яхшиям шу қуёш тиллодан эмас!..
1977 Ҳайдар бобо
Ҳайдар бобо! Менинг ён қўшним. Табиатан зукко, меҳрибон. Куни бўйи билмайди тиним, Чарчаш нима билмайди ҳамон.
Давраларда сўзлайди эркин, Пайти келса жиндек “тортади”. Дам олса ҳам бўлар-у, лекин Қариб қоламан деб қўрқади.
Рўзғордан ҳеч камчилиги йўқ, Қўл қисқа деб бўлмайди диққат. Келиндан-ку доим кўнгли тўқ. Ўз ўғлидан розимас фақат.
Юрар дардин ичига солиб, Ахир қандоқ чидасин, ҳай-ҳай! Ота касби бу ёқда қолиб, Рассом бўлиб кетса болакай!
У суратни чизар қотириб, Чол ўзи ҳам ҳайрон қолади. Лекин бундоқ бирга ўтириб, Суҳбатлашса нима бўлади?
Миқ этмайди, Гўё мум тишлаб, Тураверар қоғоз қошида. Ахир бобо Рустамдек ишлаб, Улоқ чопган ўттиз ёшида!
У бўлса-чи, қоғоз билан банд, Ўзга ишни қилмайди хаёл. Эҳ, бари бир бола-да – дилбанд, Бу ҳам чолга келмайди малол.
Билганингни қилгин, дейди-ю, Йўл олади чойхона томон. Чоғ улфатга қўшиларкан у, Улфатаро соҳиб, қаҳрамон…
У даврада сўзлайди эркин, Пайти келса жиндек “тортади”. Дам олса ҳам бўлар-у, лекин Қариб қоламан деб қўрқади.
1977. Ўтмишда ҳалок бўлган Ошиқлар монологи
Афсонавий эди севгимиз, Дунё эди мисли бир чаман. Фарҳод-Ширин эдик иккимиз, Бизга фириб берди ёсуман.
Афсонавий эди севгимиз, Кўп талпиндик орзуга томон.
Тоҳир-Зуҳро эдик иккимиз, Бир қабрда ётибмиз ҳамон.
Афсонавий эди севгимиз, Фарёд чекиб кездик чўлларда. Лайли-Мажнун эдик иккимиз, Қўшиқ бўлиб қолдик тилларда.
Афсонавий эди севгимиз, Сиғмас эди тасвири сўзга. Ою Қуёш эдик иккимиз, Етолмадик бир-биримизга…
Афсонавий эди севгимиз, Севдик очиқ, севдик пинҳона. Бахтли бўлар эдик иккимиз, Бахтсиз қилди бизни замона.
1977
* * *
Биламан, балки умрим Сўқмоқдек қисқа бўлар… Биламан, бу дунёда Ҳеч нарса мангу қолмас! Аммо ишқимиз яшар, Шунга ишонгим келар… Сени мендан ҳаёт ҳам, Ўлим ҳам ажратолмас!..
1974
* * *
Инсон нон деб яшамас фақат, У ташнадир меҳру зиёга. Бир дунёдир ундаги шафқат, Лекин ўзи сиғмас дунёга.
1977
Шоир
Мир Алишер илк мартаба битганда баёт, Фузулийнинг байтларида кулганда пари, Ҳали бундай шеъриятни билмасди ҳаёт, Баҳосига етмас эди дунёнинг зари.
Фарҳод тошни йўнар эди ўшанда тоғда, Ширин кундек порлар эди гўзаллар аро. Занжирбанд шеър озодликка талпинган чоғда Сузар эди шуҳрат майи ичра Байқаро.
Жомий кетди куйлаганча толе қушини, Кўп буюклар бу дунёдан ўтдилар бир-бир. Шоирсан деб силамади улар бошини, Ҳеч қайсини алқамади аллома тақдир.
Қилич билан кесилди кўп замон йўллари, Гоҳо омад ҳамроҳ бўлди маккор ва қувга. Бир онийлик обрў учун жаллод қўллари Гулханийни қопга солиб ташлади сувга.
Аммо улар билмадилар, бахтсизлик нечун! Аммо улар сотмадилар пулга шаънини. Ҳақиқатни бурро қилиб айтгани учун, Қонхўр подшоҳ Нодирани олди жонини.
Ҳақиқат деб, охир дорга тортилди Машраб, Юракларда ғам тўфони чўкдилар қат қат. Узоқлардан дўстларининг ҳолини сўраб, Фиғон қилди ўз юртига сиғмаган Фурқат.
Ҳар қайдаки оларканмиз уларни ёдга, Буюкларнинг руҳига бир қилгаймиз таъзим. Шоирлардан мерос қолган кўҳна ҳаётга, Боболардек бағишлаймиз ашъори азим.
Бугун элда Навоийнинг фарзандлари кўп, Нодиранинг авлодимиз кимдир биримиз. Гўзал Сир-у, улкан Амударёдек оқиб, Халқ қалбига кириб борар бизнинг шеъримиз.
Эзгулик севарканмиз тандаги жондай, Бизнинг тийрак орзулар ҳам толега доир. Шеъримизда бир истиқбол порлайди кундай, Истиқбол деб шеър битади ҳар битта шоир.
1975
* * *
Биз бўронда қолдик адашиб, Мушкул эди йўл топиб юрмоқ. Дўстим деди: “Қани, қичқиргил!”- Қийин эди лекин қичқирмоқ.
“Дод” дейишга уялдим рости, “Йўқ” дейишга бормади тилим. Қутурарди атрофда бўрон, Ҳижолатдан ёнарди дилим.
Дўстим деди: “яна қичқиргил, Токай мен дод дейман ахир”! Иккимиз ҳам ҳолдан тойгандик, Иккимиз ҳам йиқилдик охир.
Ётарканман қорга мук тушиб, Йиғлар эдим чангаллаб қорни: “Наҳот бир бор қичқиролмадим, Хафа қилдим шундай шунқорни…”
Дўстим тўнни бошига буркаб; Уввос солиб қиларди нола… …Тонг отарди иккаламизни Топиб олди бир чўпон бола.
Тинган эди энди қор, бўрон, Ловулларди чўпон гулхани. Бир чеккада дўстим… болага “Қўрқоқ” дея сўйларди мани.
Қолган эдик бизлар адашиб…
1978
* * *
Шодлигимнинг поёни йўқдир,- Олам яшар қуёш нуридан. Бу дунёда парилар кўпдир, Сен яхшисан аммо баридан!..
Шодлигимнинг поёни йўқдир, Олам яшнар қуёш нуридан. Бу дунёда ошиқлар кўпдир, Мен яхшиман аммо баридан!..
1976
* * *
Бировларга ўхшайсан дема, Шовулласа шеъримда денгиз. Бир-бирига ўхшайди кема, Бир-бирига ўхшайди юлдуз…
Бировларга ўхшайсан дема, Шу сўз мени этгайдир лоҳас. Қиёс излаб, ғамимни ема, Мен ўзимга ўхшайман холос!
1977
* * *
Ер самони севармиш, ё раб, Самога ҳам эмасмиш осон. Ер тўймасмиш самога қараб, Ерга боқиб тўймасмиш осмон.
Аммо улар учрашмас бир қур, Севгида-чи, тенгсиздир ҳамон. Наҳот мени эслатар шу ер, Наҳот сенга ўхшайди осмон?!
1973
* * *
Чимилдиқ ичида шивирлар висол, Чимилдиқ сўнгсиз бир сеҳрга тўлиқ. Чимилдиқ ичида – қўл етмас хаёл, Ўзи ҳам ҳайратдан лолдир чимилдиқ.
Куёвга бахт асли хаётдан сийлов, Келин ку яқинда гул очган чечак… Тун бунча қисқа, деб зорланар куёв, Тонг бунча яқин, деб ёнар келинчак.
1978
Севгилим
Сен менинг орзум бўл, Қўшиқ бўлиб янгра қалбимда. Муқаддас бўй бўлгин, Умри узун бўл, Армон бўлиб қолма қалбимда!
Зангори бўшлиқларга шўнғи, Юлдуз бўлиб порла, қувонай. Сабо бўлиб эсгил тонгги – Гўзаллигинг шавқига қонай.
Сени куйлаб ўтай… Ҳур бўл, Ёниқ қалбим бўлиб қол, гулим!.. Умримга мезон бўл, Мақсад бўл, Кўзларимга нур бўл, севгилим!..
1969
* * *
– Ўйлар, нечун ҳаддан ошасиз! Кўзлар, нечун сизда мунг, хаёл? – Бизлар қўшни боққа шошамиз, Унда кезар гўзал бир аёл!
– Асаб, нечун тарзингиз бузуқ? Юрак, нечун сизда ҳаяжон? – Сўрамагил, дардларим қизиқ… У мен билан эди бир замон…
1969
* * *
Шўхлик қилма, дерлар менга, Ундар жиддий бўлмоққа. Кулгим келса кулмай нега? Ўрганганман кулмоққа.
Ёшлик қилма дерлар менга, Синагайлар саботим. Сегим келса, севмай нега? Ишқ бу – менинг ҳаётим!
Эҳтиёт бўл, дерлар менга, Чорлар сукут қилмоққа. Шошгим келса, шошмай нега? Тоқатим йўқ кутмоққа!..
Майли, мени терганг, дўстлар, Тингламоққа мен шайман. Лекин фақат севиб, ёниб, Қалб амри-ла яшайман…
1977
* * *
Нур этагин йиғиб олиб, Шом талпингач ер томон, Хона ичра танҳо қолиб, Сирлашамиз икковлон…
Хаёл мени сархуш этар, Ўй сураман суюниб… Тонгда аранг чиқиб кетар, Тун хаёли кийиниб.
1976
* * *
Ўн тўрт кунлик бўлганида ой, Тун қўйнига кирганда фалак, Тингла, мени кўнглимни айтай, Деразангни очиб қўй малак!..
Йироқларга кетганим чоғда, Қилганида ҳижрон жонҳалак. Рақибларни қолдиргин доғда, Деразангни ёпиб қўй, малак!..
1976
* * *
Мангуликка тимсолдек қолар, Туганмасдир тоғлар бардоши. Еру кўкни ларзага солар, Гар қуласа тарвуздек тоши. Бардошлига кенг эрур фалак, Бесабрлар тамом бўлади… Фарёд қилма, менга эй малак, Мен оҳ урсам ёмон бўлади!
1971
Ўзбекистон
Мен сени севаман, Олис фазони, Ёрқин юулдузларни куйлайман ёниб. Денгизга лаб тутган улкан дарёларнинг Ҳаётбахш сувидан ичгайман қониб.
Мени сени севаман, Куйлаб, мадҳ этиб, Сўйларман бу дунё одамларига. Гуллар унаверар, Бахт кўкаради Сўнгсиз пахтазорнинг этакларида.
Мен сени севаман, Юксак тоғлардан Шошилган шовводек билмайман тиним. Сенга талпинаман бутун умр бўйи, Боболар Ватани – Ўзбекистоним!..
1976
Мақсад
Одамлар ҳаётда ўтаркан бурчин, Эришмоқ истаркан собит бўлмоққа. Мақсад керак экан яшамоқ учун, Мақсад кеарк экан ҳатто ўлмоққа! Мен унинг ортидан югурдим йиллаб, Гоҳида оёғим тойилди тошга. Аллаким панд берди тушсин деб қулаб, Бировлар оғамдек кўтарди бошга. Гарчи мен юлдузни кўзлаганим йўқ, Ҳавойи ишқни ҳам қилмадим одат. Ё Ҳумо қушини излаганим йўқ, Мақсадим кетидан интилдим фақат. Оҳ, уриб ётмадим фурсатни кутиб, Қўрқмадим келгай деб бевақт заволим. Гоҳида деҳқоннинг қўлидан тутиб, Эгатдан сув бўлиб оқди хаёлим. Миришкор халқимни севдим ҳар қачон, Бошига ғам тушса ғам чекдим минг бор. Мен учун юртимдек азиздир жаҳон, Мен уни куйларман беҳудуд, бисёр. Шу боис ўйимнинг йўқ эрур кети, Бул сабаб бўлолмам андак бепарво: Кетмасин уйлардан ҳеч вақт нон ҳиди, Инсонга ҳамиша бахт бўлсин раво. Матлабим, заҳматинг чекдим кўп ғоят, Мақсадим, мен учун ўзинг бўл даҳо! Сен бўлсанг мангуга боқийдир ҳаёт, Сен бўлсанг менга ҳам йўқдир интиҳо!
1975
* * *
– Тинчингни буздимми, азизим, Не сабаб қовоғинг солинган? – Қўявер. шунчаки мен ўзим… Севилиб юрагим олинган…
– Сен менга аламли хотира, Ишқингда юрагим тилинган. – Севардим, иложи йўқ сира, Севиб ҳам юрагим олинган.
1967
* * *
Қовоғингдан гоҳо қор ёғар, Гоҳ куласан: тушунолмайман. Ё парисан, ёки афсунгар, Кимлигингни ҳануз билмайман.
Гоҳ кўнглимга ташвиш соласан, Ўй босади, хаёлга толсанг. Пари бўлсанг нега куласан, Не йиғлайсан афсунгар бўлсанг?!
1977.
Амирқул Пўлканнинг учинчи китоби “Изҳор” тўплами Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти томонидан 1981 йилда нашр этилган. Ушбу китобдан шоирнинг шеърлари билан бир қаторда “Шайтоннинг ўлими” шеърий дарамаси ва “Мангуликка суиқасд” достони ўрин олган.
Отам насиҳати
Ўғлим, руҳинг бўлмасин эзгин, Сўнг адашиб юрма, мабодо – Шоир бўлсанг тузуклаб ёзгин, Мерган бўлсанг – ургин бехато! Ўзбекистон
Фахрия
Узатса фалакка етгайдир қўли, Истаса қошида тиз чўкур тоғлар. Шу ердан ўтадир қуёшнинг йўли, Шу ердан бошланур энг сўлим боғлар.
Бир халқки, заминни кўтаргай бошга, Бир халқки, гул каби севар дунёни. У агар қўл урса жон энур тошга, Юрт учун фидодир минг битта жони.
Бу шундай юрт эрур, жонга дармондир, Буюк Шарқ юраги – Ўзбекистондир.
У пахта илмидан элга дарс берар Ва меҳнат шавқидан сўйлайди достон.
Шу буюк ўзбекнинг эгнида турар Бир учи фалакка туташган хирмон. Аждодлар ғурури ўт солур қонга, Арзимас меҳнатдан кутмагай ёрлиқ.
Қитъалар омонлик тилайди унга, У билан фахр этар жумлаи борлиқ. У – борлиқ ичинда гўзал макондир, Қалбларга ишқ солган – Ўзбекистондир.
Кўкдаги қуёш ҳам олқайди уни, Уни деб бахт гулин очур истиқбол. Эй юртим, онам деб куйларман сени, Сен она сутидек бокира, ҳалол!
Сен шараф мулкининг тожисан – якто, Қардошлик қудратинг, – толейинг кулсин! Бахтиёр халқингга бахт бўлсин раво, Юртингга ҳамиша омонлик бўлсин!
Безавол бир ўлка, мангу омондир, Мангулик диёри – Ўзбекистондир.
Кўзимга нур ўзинг, юрагимга – қўр, Қалбимда қуёшдек турибсан ёниб.
Эй деҳқон падарим, қани қўлни бер, Сен билан бир нафас сўзлашай қониб!.. Сен босган ҳар қадам ўзи бир тарих, Сен тутган ҳари чигит мисоли олтин.
Гарчи мен ҳисобдан эмасман фориғ Ва лекин хислатинг санолмай толдим. Хислатинг оширган – Ҳурлик замондир, Ҳурликдан миннатдор Ўзбекистондир.
Ахир сен бахт топдинг меҳнатни суюб, Тақдирдан бекорга кутмадинг самар. Сен толе яратдинг офтобда куйиб, У энди нур сочар мангулик қадар.
Сен борки, бу кун мен саодат пеша, Сен борки, юрагим қўшиққа тўлиқ. Эй деҳқон падарим, кам бўлма,яша, Эй деҳқон ўзбегим, сенга минг қуллуқ! Қўлингда тутганинг – ноёб гавҳардир, Қўшиғим баётим – Ўзбекистондир!
* * *
Юртим, толеингни куйламоқ учун, Шодлигинг дунёга сўйламоқ учун, Сен ҳақда шеър ёзмоқ, ўйламоқ учун Менга битта умр камлик қилади.
Юртим, сени бахтли кўрмасам агар, Бошингни тумандек қопласа ғамлар. Бирга бўлолмасам энг оғир дамлар, Менга битта умр кўплик қилади.
Номаълум жангчига
Кимлигингни аниқ билмайман, Айтолмайман, дўстим, исмингни. Мардлигингга шубҳа қилмайман, Зотан, тупроқ олмиш жисмингни.
Қорамиди кўзинг? Кўкмиди? Текканмиди бўсага лабинг? Ўртоқларинг – дўстинг кўпмиди, Кўп эдими юракда гапинг?
Йигирмада эдими ёшинг, Ё ўттизга киргандинг, ўғлон? Сен тупорққа қўймасдинг бошинг, Бўлмаганда уруш бегумон!
Тийра қилди кўксингни ўқлар, Сен абадий бош қўйдинг ерга. Қайтолмади юртига кўплар, Қолиб сен билан бирга.
Улар сен-ла биргадир ҳамон, Бири – тенгдош, бириси – оға. Эр қисмати шунақа экан, Ҳаммангизга дунё садаға!..
Ўчмас,йиллар кетсада ўтиб, Уруш қалбга солган у доғлар. Ўққа сендек кўксини тутиб, Қулаб кетди қанча зўр тоғлар!
Бу кун сенга тенгдошман мен ҳам, Сен бош қўйган тупроқ – Ватаним. Ҳамон сени ёд этар олам, Ҳамон сендан қўрқади ғаним.
Маконингда тинч ётгил, ўртоқ, Руҳинг туташ бўлсин ҳар жонга. Мен қабрингдан бир қисим тупроқ Олиб қайтай Ўзбекистонга.
Бахтли бўлар сени ёд этган, Ёшлар бўлар сендек устивор. Чунки юрт деб жон фидо этган Жангчини ҳеч унутмас диёр!
Кўклам
Оқ каптарлар қанот қоқар ҳавода, Еру осмон тўлиб кетар навога, Алвон гуллар лаб тутади сабога: Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Қуёш келар замин билан юзма-юз, Қори кетган сўқмоқларга тушар из, Қизғалдоқлар ёғдуларга чаяр юз: Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Довуччанинг кўк рангида тиниқлик, Чолбоболар чеҳарасида илиқлик Келинлар шўх, қизлар минг бир қилиқлик: Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Деҳқон чиқар даласига қад кериб, Чигит ташлаб сур булутга чап бериб, Шоир борар ундан мундан гап бериб: Бу – кўкламдир, бу кўкламдир, бу кўклам.
Уста Пирмат
Унгирларда – ястанган қишлоқ, Ўркач-ўркач – тоғлар ораси.
Уста Пирмат ишдан қайтар чоғ Қуюқлашар туннинг қораси.
У эшикдан кирар суюниб, Она кўнгли нурли бир олам. Қаршилайди ўғлин куюниб: “Нега бунча кеч қолдинг,болам?”
“Иш кўпайиб кетди, онажон”- Юпатмоққа тиришар уста. Сўнг кампирга боқиб меҳрибон, Неларнидир олади эсга.
“Қумри бир қиз бўлибди, ҳай-ҳай, Бир кўрсайдинг қоши кўзини!.. Кечиктирма, болам, ҳар қалай Кўп ичганман юртнинг тузини…”
Она қизни мақтайди роса, Йигит эса қолар ўйланиб. Гар устанинг ўзига қолса Қўярди-я, дарҳол уйланиб –
Аммо Қумри оёқни тираб, Кеч кузгача тилайди тоқат. У ҳам қизнинг раъйига қараб, Бир уҳ тортиб қўяди фақат.
…Хаёлига эрк берар уста, Оқартирар тунни шу кўйи. У барини олади эсга, Қизни ўйлаб чиқар тун бўйи.
Тонг отади нурдан сеп ёйиб, Уфқ ранг олиб икки бетидан. Уста севган қиздек жилмайиб, Қуёш чиқар тоғлар кетидан.
* * *
Ойдек гўзал қизни суйдим, Куйиб-ёндим кутган чоғлар. Сўнг тоғларга кўнгил қўйдим, Ишончимдир менинг тоғлар.
Вулқонларни қалбга солиб, Мудом асрий ўйга толиб. Турар сутдек оппоқ бўлиб, Чўққиларда ётган қорлар.
Кундан ўтдим…Йилдан ўтдим, Жилғаларга лабим тутдим, Гоҳ тақдирга таъзим этдим, Ризқ рўз берди менга боғлар.
Бу кун тинчлик бермас бир сас, Ҳам ташвишим адо бўлмас. Ҳув қоялар – қоя эмас, Юрагимда қотган доғлар.
Доғланиб ўтур замон, Пойимда – Ер! Бошда – Осмон! Йўқ, йўқ! Асло чидолмасман, Ёв пойида қолса туғлар!
Армоним ҳам аҳдим – ўзинг, Олтин тожим, тахтим -ўзинг, Бахтсизлигим, бахтим – ўзинг, Аждодларим ўтган ерлар!
* * *
Кўнглимни тарк этмас бир ўй эрта кеч, Дунёда ҳар кимса умр, бахт кўрсин! Қуёш тарк этмасин дунёмизни ҳеч, Юлдузлар ҳамиша ловуллаб турсин!
* * * Қизим Саодатга
Қизим, сен гоҳида сўраб қўймайсан, Айтмасам кўзингда пайдо бўлур ёш. Юлдузлар тўкилиб кетмасми дейсан, Узилиб тушмасми, дейсан шу қуёш.
Мен жавоб излаймансаволларингга, Ҳам ҳайрон қоламан ёқамни ушлаб. Ошкора бирор гап айтмайман сенга, Хаёлга ботаман лабимни тишлаб.
Қизим, сен гоҳида сўраб қўймайсан, Айтмасам отангдан кўнглинг қолади. Дунёнинг устуни қаерда дейсан, Дейсан: уруш бўлса нима бўлади?
Мен жавоб излайман саволларингга, Бу хаста юрагим баттарроқ урар, Мен бирор аниқ гап айтмайман сенга, Нимадир айтмоққа халақит берар.
Қизим сен гоҳида сўраб қўймайсан, Дегандек отажон, қулоғингни бер! Бахтинг тимсолини тинмай сўрайсан, Сўрайсан: боқийми, абадийми ер? Мен жавоб излайман саволларингга, Мен сенинг тақдиринг ўйлайман кўпроқ. Дунёмиз абадий тинч бўлур дейман Ва ўзим ташвишга тушаман бироқ. Аммо сен қўрқмагин, ахир, мен борман, Юртинг бор, кўзингдан оқизмагай ёш. Юлдузлар ҳеч қачон тўкилиб кетмас, Ҳеч қачон узилиб тушмайди қуёш!
* * *
Дунё жуда кенг экан, Қадам етмас ерлар бор. Ҳам пасту ҳам дўнг экан, Музлаб ётган қорлар бор.
Туққан юртим – туғим деб, Тупроғим – бор йўғим деб, Айри тушиб юртидан – Бир кўришга зорлар бор.
Халқим – “Эрк!” деб курашган, “Йўлим берк!” деб курашган. Кўтаролмай ғам юкин Синиб кетган дорлар бор.
Жанг бўлганда қочишиб, Ёвга қучоқ очишиб, Ботирлик даъво қилган – Қуён юрак шерлар бор.
Сув келганда симириб, Тоғ келганда кемириб, Чамбил деб фидо бўлган Гўрўғлидек эрлар бор.
Дўстлар, ботир ўлмайди, Ўлим нима – билмайди! Ўқи тоғни қулатган – Алпомишдек зўрлар бор.
Умр ўтар, кун ўтар, Ким келару, ким кетар… Айтилмаган ҳақ сўздек Чертилмаган торлар бор.
* * *
Ёрим дўппи кийдирди: Бошинг омон бўлсин, деб, Синглим чопон кийдирди: Танинг роҳат қилсин, деб.
Отам ёвла жанг қилди: Ўғлим даврон сурсин, деб, Онам белбоғ боғлади, Эгилмасдан юрсин, деб…
Қуёшга қўл узатганлар
Туркум
Александр Ульянов
Миршабларнинг қуршовида жим, Милтиқларга бўлганча нишон – Алексанр Ульянов борар, Қўлларини қисади кишан.
Оғир-оғир ташлайди қадам, Оғир-оғир олади нафас. Кўзларида – бир дунё алам, Юрагида – қонмаган қасос.
Қаршисида қисмати турар, Бир юзи – оқ, бир юзи – қора. …Йигит тикка ўлимга борар! Ором истаб бўронлар аро!
Муқаннанинг ўлим олдидан Айтган сўзи
Душман қўли баланд келди, Қўлга тушдим… не ҳам дердим. Бўлди! Бари тамом бўлди, Қўлдан кетди она ерим.
Мағлуб бўлмоқ хўрлик менга, Уят менга, ахир, ишон, Юртим, энди оёғингга Душманларинг солгай кишан.Тириклайин кирдим гўрга, Қонлар ютдим… ўтда куйдим… Эвоҳ, сени манфур ёвга Тирик туриб бериб қўйдим!
Ўлмай туриб ўлдим, ахир, Тирик туриб жоним бердим. Юртим, сени онам каби, Ёрим каби севган эдим!
Юртим, бу кун жимсан нечун? Қулоғинг кар, кўзинг кўрми? Эркни севган эрлар учун Бундан ортиқ хўрлик борми?
Армон билан ўлмоқдаман, Кундек сўниб борур қалбим… Мен қайтадан тирилгайман, Озод бўлган кунинг, халқим!.. Машрабнинг охирги шеъри
Бу кўнгил маҳбубнинг васлига зор-ей, Қаршимда жон бер деб турибди дор-ей! Мен озод бўлмадим озодлик истаб, Машрабга бу дунё бунчалик тор-ей!
Қайғумдан қорайди тунлар кечалар, Қиличнинг дамидир йўллар кўчалар, Қузундек кўзимни чўқиса нетай, Подшолар, ҳоқонлар,опоқ Хўжалар.
Дунёга келдиму дунё кўрмадим, Кўз ёшдин ўзга ҳеч дарё кўрмадим, Фарёдим сиғмади еру фалакка, Қуёшнинг кўзида зиё кўрмадим!
Эй шеърим, ўт бўлу оламни ёндир! Севгидан тонган ҳар одамни ёндир! Жаҳолат шоҳ бўлган ерни сув боссин, Босмаса сен ўзинг замонни ёқдир!
Бу кўнгил маҳбубнинг васлига зор-ей, Қаршимда жон бер деб турибди дор-ей! Мен озод бўлмадим озодлик истаб, Машрабга бу дунё бунчалик тор-ей?!
Маҳтумқули монологи
Дунё ўзи доим бири кам бўлган, Бу дунё деб қанча қирғин жанг бўлган. Номард қолиб, марднинг ҳоли танг бўлган, Эр бўлгану бахтин топган кам бўлган, Мен топмасман, ё топарман, билмадим.
Гоҳ қийғирдек парвоз қилдим қиёда, Гоҳ чорасиз сарсон бўлдим пиёда, Ташналигим қонмади ҳеч зиёга, Гоҳ ғам босиб, сиғмайман бу дунёга, Оёқ қўлдан кетди дармон, билмадим.
Бахт йироқдан ойга ўхшаб кўрингай, Дилдаги оҳ войга ўхшаб кўрингай. Гоҳо сувсиз сойга ўхшаб кўрингай, Гоҳ бир қисим лойга ўхшаб кўрингай, Наҳотки мен шунга зорман, билмадим.
Аммо севдим, доим унга сиғиндим, Ёмон кунда, яхши кунда сиғиндим, Қувонч шул деб, гоҳ тунга сиғиндим, Айтинг, дўстлар, ўзи кимга сиғиндим? У севгими ёки армон, билмадим.
Бахт деганлар дучор бўлса жафога, Имонсизлар чўмса кайфу сафога, Толесизлар қайга борсин давога? Мен ҳайронман, қалб тўлиб бир нидога, Эй, бу ўзи қандай замон, билмадим.
( С. Мавленовдан)
Сантьягода Қайули бир кун Эркнинг қанотлари қирқилди. Ер инграниб юборди бу даҳшатни кўриб, Бошига юлдузлар, дув-дув тўкилди.
Сантьягода Қуёш Қип-қизил эди Оловнинг ичидан чиққандай. Альенденинг юрагини тешиб ўтган ўқ Гўёки унга ҳам бориб теккандай…
Гуллар ўртанарди Кунлар ўртанарди, Зулмат панжасида чекар эди оҳ. Альендени излаб, Эркни ахтариб, Бир армон чарх уриб изларди паноҳ.
Сантьягода Қуёш Қип-қизил эди…
Раис
Катта бир колхознинг отахони у, Жонкуяр отадек топгандир қадр. Одамлар сўзлашар: “Раис эмас бу, Лайлатулқадр у, лайлатулқадр!..
Асло кам бўлмайсан баридан тутсанг, Агар тупроқ олса, олтин бўлади…” Дўстларим, мен сизга ростин айтсам, Раисга ҳамма ҳам ҳавас қилади.
Ахир раисмисан, раисда ўзи! Ҳали бунақасин колхоз кўрмаган. Ҳеч вақт икки бўлмас бир оғиз сўзи, Фақат бир айби шу – бўйдан бермаган.
Борин бозор қилар, Йўқни йўндирар, Деҳқоннинг кўнглида қолдирмас гидир. Уч одам тўпланса гапни дўндирар: “Ҳазрати Хизр бу, хазрати Хизр!”
У ҳисоб беради ўтган ҳар кунга, Гоҳо тополмайсиз идорасидан. Аллаким ноҳақдан қичқирса унга, “Тушинг, дер сўфининг минорасидан!”
Пахта, деб элини унутмас зинҳор, Пахта-ку аслида жону жаҳони. Бағрини эзади узилган бемор, Гоҳо ўйлаб қолар кори дунёни.
Раис-да, барига ўзи бош бўлар, Унингсиз ўтмагай тўю маърака. Баҳор ҳам кузак ҳам доим хуш келар, У борки, колхоз ҳам топар барака.
Қишлоқ- ку қишлоққа ўхшамайди ҳеч, Шаҳарга етмоққа қолмиш бир қадам… Одамлар раисни алқар эрта кеч: “Хўп тилла одам-да, хўп тилла одам!”
* * *
Ҳар кимнинг гуллаган вақти бўлади… Совуқ урмас уни… кор қилмас қиров. Биров эрта гуллаб, кечроқ сўлади, Гуллаш армон бўлиб ўтади биров…
Эй, қалбим, талпинма, ҳолимга ўксиб, Ҳар қандай орзуга топилгай тадбир. Бевақт сўлмоқ менга этмасин насиб, Бевақт гулламоқдан асра, эй тақдир!..
* * *
Бой бўлмасман икки дунёда, Лекин ёлғон бўлмагай сўзим. Мен ҳеч қачон тўймам зиёга Ва севгига тўймагай кўзим.
Юртим! Ишқинг қалбга нур экан, Зеро юртсиз кун кўрмас ҳеч ким. Менинг бор-йўқ бойлигим сенсан, Менинг бор – йўқ бойлигим – севгим!
* * * Она шодон бешик тебратар, Гоҳ кўзларин тикар эшикка.
Бешик ичра фарзанди ётар, Бор умиди унинг – бешикда!
Ногоҳ учиб ўтди самолёт… Ногоҳ бир гап кўнглига келди: “Нима бўлса, бўлсину аммо Фақат уруш бўлмаса бўлди!..”
* * *
Мен куламан ва йиғлайман, Юпанаман қай бир қўшиқдан Шодлансам дунёга сиғмайман: Чунки мен ошиқман.
Мен ёндираман ва ёнаман, Шамолдай сирғалиб киргум эшикдан. Мен сабр қиламан ва кўнаман: Чунки мен ошиқман.
Кўзимда ёруғлик ва намлар, Қўрқаман ёлғондан, яшиқдан! Сиз мени билмайсиз,одамлар, Ахир мен ошиқман…
Йўлчи
Саҳролар сесканди унинг сасидан, Йўловчи йўлларда чарчади, толди. Офтоб урар эди пешонасидан, Манзилга етмаёқ юролмай қолди.
Баҳорни кўрди у, ёзни ҳам кўрди, Қишда ҳам қорларни қилмади писанд. Кузда-ку, у фақат бетин йўл юрди Ва лекин умридан бўлмади хурсанд.
Қараса – йўл узоқ; боғ кўп, саҳро кўп, Қараса – манзилдан ҳануз йўқ нишон. У бир дам ўйлади: тўхтама, йўқ, йўқ, Манзилга етолмас мақсадсиз инсон!
У яна саҳронинг қўйнига кирди, Мақсадга етмоққа қасд қилди чоғи. Ногаҳон… Ногаҳон чашмани кўрди, Йўлчининг ғам қадар ортди чанқоғи.
У энди: чашмага етсам бас, деди… Чашмага етмоқдан не эди маъни?.. Бир қултум сув унинг – матлаби эди, Бир қултум сув эди унинг – армони!
* * *
Қор ёғмоқда.Оппоқ қор ёғар. Бу шундай бир ғаройиб қишки… Юрагида – ёзнинг ўти бор, Кўзларида – кўкламнинг ишқи.
Хаёлларим, ўйларим кулар, Боғлар аро кезинар наво. Димоғимга келиб урилар, Қордан ранги оқарган ҳаво.
Эсдан чиқар уйдаги ғашлик, Руҳим гўё қушдан ҳам енгил… Изларимдан эргашар Ёшлик, Кўкрагимни кўтарар Кўнгил. Пушаймон
Ҳаловат топмайман тун бўйи юриб, Вақтнинг ўтганини сира сезмайман. Юлдузлар кўзига термулиб туриб, Сенинг сўзларингни ёниб эслайман.
Эсимда: мен сенга бир сўз демадим. Жим турмоқ соз дедим писанд қилмасдан. Ичимда тақдирни лаънатлар эдим, Лаънатлар эдим мен сени, билмасдан.
“Кетма!” деб қўймадинг, Ёлвординг ҳам кўп. “Эҳ қандай аянч!” деб устингдан кулдим, Мен кетиб бахтимни тополмадим, йўқ, Мен ёлғон бир ишқнинг қурбони бўлдим.
Не қилсам барини мен ўзим қилдим Ва энди жабрини тортганча юрай. Ўрнимда сен бўлсанг кечирармидинг, Ахир мен ўзимни қандоқ кечирай?!
Жазога лойиқман! Кечирма,бўлди! Гуноҳкор одам ҳеч изламас тадбир… Бизларни тасодиф дуч қилган эди Ва яна тўсатдан айирди тақдир.
* * *
Гоҳо пайт ноўрин сўйлаб қўяман, Билмасдан кўнглингни қиламан хира. Қаршингда хўмрайиб, қовоқ уяман, Кечиргим келмайди “гуноҳинг” сира.
Эҳ, баъзан навбатни ўзинг оласан, Сўнг мени қийнашдан этасан ҳузур. Шунда сен хўмрайиб, қовоқ соласан, Мен эса мўлтираб сўрайман узр.
* * *
Афу этдинг мени, дилбарим, Яна солдинг қалбимга учқун. Эвазига бердим бор умрим Кечирилган гуноҳим учун…
Энди ғамда ўзни ёқаман, Ҳисларимга етмайди кучим. Бу кун фақат азоб чекаман Кечирилган гуноҳим учун.
* * *
Шеърим, хато бўлур сени шеър десам, Сен менинг умидим, тақдирим, умрим. Сен менинг бахтимсан, бахтсизлигимсан, Сен менинг армонли севгимсан, шеърим! Туш ва Ташвиш
Олам гўзаллиги – Қуёшдан… Одам ҳаётини қуёшдан бошлар… Мен қуёш эканман, бир бошдан Кўпайиб боради қуёшлар. Ой ҳам кўпаяди, Қуёш ҳам, Ўзгаради Юлдуз олами. Иссиқдан ловуллаб ёнади хонам, Олов куйдиради танамни… Зотан, шу пайт жуда соғинаман, Булутлар кўз ёши – ёмғирни. – Ёмғир – дейман, унга сиғинаман, – Асра, дейман оташдан Ерни…
* * *
Жаҳонда бир қўшиқ бордир, Сеҳрли бир эшик бордир. Қўшиққа бир ошиқ бордир, Шу ошиқ менга ўхшайди, Шу қўшиқ сенга ўхшайди.
Жаҳонда бир беармон бор, Муҳаббат отли нарвон бор, Чиқолмай бир бедармон бор, Бедармон менга ўхшайди, Беармон сенга ўхшайди.
* * *
Йўлга чиқдим яна сен томон, Йўлга чиқдим яна хит бўлиб. Айрилиқ ҳам тугар бегумон, Қаршиларсан қувончга тўлиб.
Атрофимда мудраган дала, Нафас олар ҳарсиллаб осмон. Ёритмоқда қалбни бир шуъла, Қалб талпинар фақат сен томон.
Истакларим юлдуздек кўпдир, Хабаринг йўқ улардан, гулим! Бизни ҳали сийлайди тақдир, Бахтга тўлар менинг ишқ йўлим.
Хаёлимда фақат сен, висол, Бу ёш кўнгилим бормоқда тошиб. Тополмассан ишқимга мисол, Шошмоқдаман тоғлардан ошиб.
Йўлларимни ёритар аҳдим, Оёғимга ботмас чағир тош… Унда мени кутаяпсан, Бахтим, Унда мени кутяпти Қуёш!
* * *
Сени севиб яшамоққа ўзни чоғладим, Муҳаббатда тан олмадинг зотан ҳеч кимни.
Ва лекин мен ёшлигимга умид боғладим, Тан олса деб зора менинг ошиқлигимни.
Мен ўзимни алдаб юрдим гўдак боладай, Ишонмоққа ўргатдим мен туйғуларимни. Қаҳратонда дийдираган тилсиз даладай, Қор остига кўмиб қўйдим қайғуларимни.
Жоду тўла кўзларингга энтикиб боқдим, Кўп ошиқдим қалб нидосин сенга айтмоққа. Мен тоғлардан ирмоқ бўлиб денгизга оқдим, Энди сира илож йўқдир ортга қайтмоққа.
Бу кун сенга умр тилаб сипқораман май, Балки сенга эриш бўлиб туюлгай бари. Аммо васлинг йироқдаги олтин уфқдай Қочиб борар мен ортингдан чопганим сари.
Биламанки, сени ўзи севмаслик хато, Биламанки, ўтмоқдадир йиллар ҳам бир-бир… Менга ҳаёт катта бир ишқ айлади ато, Лекин фақат севилмоқни кўп кўрди тақдир.
* * *
Нигоҳимиз тўқнашур беун, Гоҳ қарайсан дераза томон. Ҳозир ёмғир ёғиши мумкин, Қовоқ осиб турибди осмон.
Фалак узра шамоллар изғир, Сур булутлар айланиб қолди. Ёғмаса ҳам майлига ёмғир, Фақат кетиб қолмасанг бўлди!
* * *
Полвонмасман, ҳар ким ҳам билар, Лек ўзимга етар ғайратим. Хафа бўлмам йиқилсам агар, Йиқитсам ҳам ошмас шуҳратим.
Қани, дўстим, қўлингни бергин, Зеро, чоллар айтмиш бир ўгит: “Полвон бўлсанг – кўтариб ургин, Полвон бўлсанг – чалмасдан йиқит!..”
* * *
Шундай деб биламан Сиёсатни мен: Сиёсат тинчликдир, Сиёсат бахт-да! Шундай деб биламан Сиёсатни мен: Сиёсат – нон эрур, Сиёсат – пахта!
Шундай деб биламан Сиёсатни мен: Сиёсат – қиличдир, Сиёсат – қалам. Шундай деб биламан Сиёсатни мен: Сиёсат – оламдир, Сиёсат – одам!..
Сўрайман
Қўшиқ
Сен-ла кечган даврим менинг соз ўтди, Ўртамизда қанча фироқ ноз ўтди, Сездирмасдан баҳор ўтди, ёз ўтди, Баҳоримни энди ёздан сўрайман.
Шоир қалби билмас асло ҳаловат, Ишқ бўлмаса надир назму маҳорат? Гоҳ топмадим оловлардан ҳарорат, Ҳароратни гоҳо муздан сўрайман.
Чеҳранг каби ёруғмиди юлдузлар? Қошинг каби қаромиди кундузлар? Кўзинг каби ёниб турар юлдузлар, Тиниқликни мен юлдуздан сўрайман.
Бир қуёшдир билсанг ишқим, имоним, Сўнмоғига зарра йўқдир гумоним. Ҳар қайдаки сени кўрган замоним, Гуноҳимни қора кўздан сўрайман.
Қалбинг тўлгай охир ишқий садога, Таваккал деб қўл бермагил видога, Мен ҳам энди ишонмасман худога, Мен ишончни сендай қиздан сўрайман.
Армоним
Қўшиқ
Сен гул бўлиб очилдингу кулмадинг, Кўнгил бўлиб, бир кўнгилдай тўлмадинг, Айтгил, нега ёр кўнглини олмадинг? Муҳаббатим фақат сенсан армоним.
Кўз юммасдан ўтказганда тунларни, Ёдга олдим энг бахтиёр кунларни. Мен қолиб, сен бахтли қилдинг кимларни? Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Бу дунёда сабрсизга тўзим йўқ, Айрилиқни кўргани ҳеч кўзим йўқ, Гоҳ ташнаман гоҳо жиндай жазм йўқ, Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Биламанки, мени излаб келмайсан, Мен борганда қани, келгин, демайсан, Гар келсанг ҳам менинг билан қолмайсан, Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Сувдай оқиб ўтиб борар ҳаётим, Соғинганда учмоққа йўқ қанотим, Ҳамон ўзинг қалб қўшиғим, баётим, Муҳаббатим, фақат сенсан армоним.
Қиз қўшиғи
Севгилим сен, севгилим сен, Севганимни билмадинг. Гоҳо тунлар нола қилдим, Чорладим мен, келмадинг.
Улфатим – ой, гоҳо – юлдуз, Сўзламайдир сўз билан. Ўтди тунлар, ботди кунлар, Ҳеч ишинг йўқ биз билан.
Йўлларимда қанча ошиқ, Бошин эгди… Эгмадим. Мен сени деб,ота-онам Айтганига тегмадим.
Севгилим сен, севгилим сен, Севганимни билгин-ей. Гоҳо тунлар нола қилсам, Чорласам мен келгин-ей!..
* * *
Эй гўзал, оламда ҳеч, сен каби жонона йўқ, Сен каби жон йўқдир асли, сен каби мастона йўқ.
Тун чўкиб, тоқи фалакда ёнса гар сайёралар, Ўйларам, еру фалакда сен каби дурдона йўқ.
Сен малаксан, ёки моҳсан, моҳичеҳра, моҳирўй, Ишқ аро соҳир, суманбар, сен каби фарзона йўқ.
Лайлию Ширин қошингда билки, бир афсонадир, Гарчи бу дунёда ўзга сен каби афсона йўқ.
Сайр этиб боғу чаманни, изладим кўнгил қушин, Унда на дўст, на дилором?! Сен каби дўстона йўқ.
Мен нетай, доим дилимни чок этар чархнинг иши, Сен каби мастона йўқдир, мен каби девона йўқ.
* * *
Сени ўйлаб оқарар туним, Бағрим ёнар… кўнглим ҳам хира. Тундек сиёҳ кўзларинг сенинг Кўз ўнгимдан кетмайди сира.
Мен кўнглимга ёлворгум: “Унут!” Ишқни энди қилма юз-хотир!.. Кўнглим дейди: “Қўй, ўзингни тут, У ҳам сени туш кўраётир!..”
* * *Тонгда туриб чиқсанг булоққа, Сенга ортдан боқса аллаким, Гапларини олма қулоққа, Мақтовларга учма малагим!
Мақтаб туриб алдарлар сени, Ҳатто ой деб атарлар осон. Сен ҳеч қачон тан олма буни, Ой биттадир, танҳодир осмон.
Мақтамаслар сени беҳуда, Зотан, ишқда маддоҳлар кўпдир. Сен ўзингга ўхшайсан жуда, Чунки сенинг ўхшашинг йўқдир.
Фақат сени мен алдамайман, Фақат менман сенга жонфидо. Қон-қонимга сингмишдир имкон, Севгимга ҳам йўқдир интиҳо!
..Тонгда туриб чиқсанг булоққа, Гап ташласа сенга аллаким, Сўзларини олма қулоққа, Мақтовларга учма, малагим!
* * *
Қаердасан паризод, Бормисан, бормисан? Бахт сийлаган кимсага Ёрмисан, ёрмисан?
Мен осилган баланд дор, Сен эдинг, сен эдинг. Гўзалликда Зуҳрога Тенг эдинг, тенг эдинг.
Ҳануз қалбим аллалар Тилгинанг, тилгинанг. Дуторимни бўйнидай Белгинанг, белгинанг.
Кўзларингга боқиб ҳеч Тўймовдим, тўймовдим. Айтганимга кўнмасанг Қўймовдим, қўймовдим.
Сочларингни ўровдим Бўйнимга, бўйнимга. Гулдастадай жойловдим Қўйнимга, қўйнимга.
Бердинг бир кун рўмолча “Тутгин!” деб, “Тутгин!” деб. То бардошинг етгунча “Кутгин!” деб, “Кутгин!” деб.
Лекин ўзинг ўзгани Ёр этдинг, ёр этдинг. Ҳатто “Хайр!” демоққа Зор этдинг, зор этдинг.
…Ҳолим кўрган ҳар хил гап Айтар -ай, айтар -ай, Қандоқ қилиб рўмолчанг Қайтарай, қайтарай?..
* * *
Қўй, мени қайтарма, кетар йўлимдан, Кўрганлар шаънингга яхши гап демас. Сени бахтли қилмоқ келмас қўлимдан, Менинг излаганим ахир, сен эмас.
* * *
Менингдек суймаган ҳеч ким, Менингдек куймаган ҳеч ким, Нечун мен билмайин кечдим, Бу дарёдир,бу дарёдир.
Бу дарёда на қирғоқ бор, Бу дарёда на бир сарҳад! Муҳаббат отли дарё бу, Муҳаббат отли бир ҳикмат.
Чўкиб мен ушбу дарёга, Тушунмай ушбу ҳикматни, Оёғим тойилиб тошга, Йўқотдим илк муҳаббатни!
У дарё тубида ётган Жавоҳирдир? Ажаб эрмас! Уни мен ҳеч тополмасман, Уни ҳеч ким топиб бермас!
Илож йўқ! Топмадим тадбир, Бу дарёга ўзим келдим. Бошимга тушса не савдо, Ўзим қилдим, ўзим қилдим!
Менингдек суймаган ҳеч ким, Менингдек куймаган ҳеч ким…
* * *
Кўрганларнинг ақлини олар, Ойга ўхшаб кетар юзлари, Парилардек хушсурат бўлар, Самарқанднинг жонон қизлари.
Кўзларида – севгидан олов, Қўлларида ишқ рамзи – кашта. Қалбим менинг ёнганча лов-лов, Кўчаларни кездим саргашта.
Бир қиз чулғаб олди ҳушимни, Роз айтмоққа топмадим имкон. Қилолмадим битар ишимни, Қайтолмадим шаҳримга томон.
Тушларимга кирар ҳар саҳар: Тортқилармиш сочларин сабо. Эртак айтар эмиш ҳар сафар Кўксимга бош қўйиб дилрабо.
Бир қизмишки, сулув ва дуркун, Қолармишман ўзимдан кетиб… Мен васлига етгайман бир кун, Ё ишқида кетгайман ўтиб.
* * *
“Инжиқлигинг жонимга тегди, Бас, уйимга кетаман энди!..” Тугамасдан айтар сўзингни Сен эшикка урдинг ўзингни.
Бир лаҳзада ҳал бўлди бари, Бирдан хона қолди ҳувиллаб. Совуқ гапнинг нохуш самари, Икки қалбда ёнар ловуллаб.
Бир зумгина хаёлга толдим, Илк бор сенга қилдим мен таъна: “Эвоҳ, нима ақлингни олди, Наҳот кетмоқ бўлсанг сен яна?!
Бир дамгина кўзларим тинди, Бир зумгина қайнади қоним: “Йўқ, ортингдан чиқмайман энди, Қайтгин, деб ҳам айтмайман, жоним!
Аразларинг жонимга тегди, Майли,кетсанг, кетавер энди!..”
Шабнам
Япроқларда жилваланди у, У касб этди ҳаёт отини. Япроқларда жилваланди у, У сазмади гуллар тотини.
Тунлар мудом кўкни ўйлади, Йўқ ёқмади ердаги ҳаёт. Қуёш чиқиб буғга айланди, Орзусига етди ниҳоят.
…Булутларга кетди қўшилиб, Хўп яйради шамол эсгунча. Кўкни кезди дайдиб, эшилиб, Энди само ёқмасди унга. Қисматидан йиғлаб ўкинди, Ер соғинчи ўртар, на чора…
Ёмғир бўлиб ерга талпинди, Қаерга ҳам борсин бечора?!
* * *
– Ҳой, гўзаллар, ишингиз ёмон! Йигитларга Сизлар беаёв? -Танлашмоқда бизларни ҳамон, Аввал бизга ёқсинда куёв!..
– Ҳой, йигитлар, ишингиз ёмон! Ранжишмоқда Сиздан отинлар? – Танламасин бизни ҳеч қачон, Аввал бизга ёқсин хотинлар!..
* * *
Тоғларга ўхшайди бу чоллар, Меҳр ёғилади юзидан. Болага ўхшайди дарёлар, Тоғлар тикилади изидан.
Тоғларда кўраман салобат, Бўронлар чанг солар ўкириб… Бир нафас билмайди ҳаловат, Дарёлар боладек югуриб…
Қиёфалар узвий шу қадар, Қўшилиб кетмоққа у шайдир: Бу тоғлар… чоллардек вазминдир, Дарёлар болага ўхшайди…
* * *
Бировдан яхшиман, Бировдан ёмон… Гоҳо теграмдаги муҳит ўзгарар. Менинг-ку кимлигим ўзингга аён, Лекин мени яхши билмас ўзгалар.
Шу ёлғиз бошимда ташвишларим кўп, Бировдан ортиқман, Бировдан камман. Ҳамон ўша-ўша – ўзгарганим йўқ, Ҳамон ўзинг билган ўша одамман.