Шоир сулоласи

Ислом шоир, Эргаш шоир, Пўлкан шоир, Фозил шоир минг йиллар ичида битта, иккита туғилиши мумкин. Ўттизлаб достонларни ижод қилган ва ушбу достонларнинг ҳар бир сатрини ёдида сақлай олган улуғ зотлар тарихнинг фахридир. Шунинг учун ҳам уларнинг номи мангудир, ижоди абадий яшайди ва асрлар тарихини машъал бўлиб ёритиб туради.

Шароф Рашидов,
давлат ва жамоат арбоби.
1975 йил, 15 ноябрь.

****

Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан бахши ўз асарлари билан бутун Ўзбекистонга машҳурдир. Уни яқин яқингача элликлаб достонни ёдда тутишини сўзлар эдилар.

Ғафур Ғулом,
академик, шоир.

*****

Умарқул Пўлкан

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси, бахши шоир Умарқул Пўлкан сулоланинг асосий бўғинидир.1927 йилда таваллуд топган шоир кўз кўриб қулоқ эшитмаган азобу изтиробларни бошдан кечирган. У бир ҳафталик чақолоқлик чоғида онадан етим қолиб, отаси Пўлкан бахши қўлида улғаяди.1942 йилда машҳур бахши Сталин қатоғонига учраб вафот этганидан сўнг, 14 ёшга тўлиб тўлмаган ёш Умарқул ўзини 16 ёшдаман дея расмийлаштириб урушга жўнаб кетади.

Аёвсиз жангу жадалларда ёши кичиклиги сабабли “Полк ўғли” деган ном олган шоир Урал бўйи,Узоқ Шарқ ва Украина фронтларида душманларни тор мор этишда қатнашиб, оёғидан оғир яралангач, 1943 йилда ватанига қайтиб келади.

Умарқул Пўлкан ўғли умрининг охиригача Хатирчи тумани, Аҳмад Ёрлақобов жамоа хўжалигидаги Чиғатой қишлоғини тарк этмади.

2000 йилда 75 ёшида вафот этган шоирдан “Куйлайман”(1976й.), “Ҳеч ким билмасин” (1980й.),”Бир баҳор достони” (1981й) каби шеърий тўпламлар мерос бўлиб қолди.

Бундан ташқари шоир Амирқул Пўлкан, Саодат Пўлканова каби сулоланинг таниқли вакилларини тарбиялаб вояга етказган.

****

 

 

Сулоланинг учинчи вакили, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, шоир Амирқул Пўлкан қисқа умр кўрди.

1948 йил 15 июлда машҳур бахши шоир хонадонида туғилган Амирқул Пўлкан Тошкент Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетини муваффақиятли тамомлагач, ўзбекистондаги кўзга кўринган “Гулистон” ва “Шарқ юлдузи” журналларида шунингдек Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасида маъсул вазифларда ишлаган.
Ўтюрак шоир совет замони мафкураси ғояларини қабул қила олмаганлиги,хорижий ахборот воситаларида ўз шеърлари билан мавжуд тузум моҳиятини мунтазам танқид қилиб келганлиги ҳақида маълумотлар бор.

1982 йил 12 сентябр санасида сирли равишда ҳаётдан кўз юмган.Уни ичкиликка берилгани сабабли жигар хасталиги билан вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқатилган.

Шоирдан “Пойга”,”Булоқ”, “Изҳор”, “Оҳанг” каби шеърий тўпламлари, “Мангуликка суйиқасд” ,”Шайтонни ўлими”,шунингдек тугалланмаган “Мувозанат” пеъссаси бебаҳо ёдгорлик сифатида сақланиб келмоқда.

Kommentera