Пўлкан шоир

Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан атоқли халқ бахшиси, ўзбек достончилик мактаби асосчиларидан биридир. У 1874 йилда хозирги Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига қарашли Қатоғон қишлоғида Мулла Жомурод хонадонида таваллуд топган.Тўққиз ёшли Муҳаммадқул болалик пайтида Бўрибой деган бир бадавлат кишининг қўйларини боқиб юуриб,Хизр Пайғамбарга дуч келгани ва ундан қирқ кун муддатда халқ оғзаки ижодидан илм олгани хақида ривоятлар сақланиб қолган.

Маълумотларга кўра,Муҳаммадқулдаги достончиликка меҳр-муҳаббат юксаклигини билган Қўрғон достончилик мактаби намоёндаларидан бири, машҳур Жассоқ бахши уни ўзига шогирдликка қабул қилади ва 70 дан ортиқ достонларни ўргатади.У Жассоқ бахшини 12 чи шогирди ҳисобланади.Ёш Муҳаммадқул 25 ёшида халқ достончиси сифатида элга танилади.

Октябр инқилобидан кейин,Пўлкан шоир кўплаб ҳамюртлари каби совуқ Сибир ўрмонларига мардикорликка сафарбар қилинади.Маълумотларга қараганда Муҳаммадқул “Пўлкан” тахаллусини мардикорликда юрган пайтида танлаган.Бу жумла “полк” сўзига “ан” қўшимчаси қўшилувидан ҳосил бўлган деган қарашлар бор.Бошқа маълумотларга кўра “Пўлкан” қадимги мўғилчада “улуғ”, “катта” маъноларини англатади.Бахши шоир шу сабабли бу сўзни тахаллус сифатида қабул қилган бўлиши мумкин.

Совет Иттифоқи пайтида Пўлкан шоир оғзидан ўттиздан ошиқ достон ва термалар ёзиб олинган.Унинг ўзи эса янги жорий қилинган крилл имлосини яхши билмагани учун саводсиз деб ҳисобланган.Аслида қариндош уруғларининг айтишларича, Муҳаммадқул Хатирчилик Шайхдан Қуръони Каримнинг 99 оятини ўрганган ҳамда ислом динини ва фалсафасини яхши билган илмли киши бўлган.

Собиқ шўро замонида Пўлкан шоирнинг совет тузумини мадҳ этувчи асарлари қайта қайта чоп этилган, унинг ўзи эса 1942 йилда Сталин қатағонига учраб, Каттақўрғон қамоқхонасига қамалгандан сўнг, орадан кўп вақт ўтмай сил касаллиги туфайли вафот этган.

Kommentera