Достончилик мактаблари

Саодат Пўлканова

“Сўз деган бир гавҳар бўлар,
Қадрин билсанг жавҳар бўлар”.

Пўлкан шоир

Ўзбек халқ оғзаки ижодини ривожлантиришда бахшичиликнинг ўзига хос ўрни бор.Достончилик анъаналарини маромига етқазиб ижро этувчилар эса бахшилардир. Мазкур жанрни шакллантиришда достончилик мактаблари асосий ўрин тутади. Достончилик мактаблари уч йирик гуруҳга бўлиниб фаолият кўрсатишган. Булар: Қўрғон, Булунғур ва Шеробод. Ушбу достончилик мактабларининг ижро услуби, дўмбира чертиш маҳорати бир-биридан тубдан фарқлангандир. Асосан бахшилар халқ достону термаларини ўзбек уруғининг лақай лаҳчасида ижро қиладилар. Ушбу мактабларнинг энг йириги Қўрғон достончилик мактаби саналади. Улар асосан мураккаб достонлар сирасига кирувчи “Гўрўғли” туркуми достонларини маромига етказиб ижро қилишган.

Айниқса ишқий романик ва қаҳрамонлик йўналишидаги достонларни айтишган.Ушбу мактаб номояндалари: Ёдгор бахши, Лапас бахши, Мулло Тош ўғли, Мулло Холмурод, Катта ва кичик Бўрон бахшилар, Жуманбулбул бахши, Абдуқодир бахши, Холмуҳаммад ўғли Жассоқ бахши, Тилла кампир, Султон кампир, Мактаб кампир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоир ва Раҳматулло Юсуф ўғлидир. Юқорида номлари зикр этилган достончилар ўз даврининг энг ноёб ижодкорлари ҳисобланганлар. Айрим маълумотларга кўра, ушбу мактаб вакиллари така туркман уруғига мансубдир.

Улар ижодида асосий ўрин олган ва ўзбек халқ оғзаки ижоди антологиясида асосий ўринларда турувчи “Гўрўғли” туркумидаги достонлар, “Далли” ,”Равшан”, “Хуш келди”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Ҳолдорхон” (Эргаш Жуманбулбул ижро этган),”Гўрўғлининг туғилиши, “Юнус пари”, “Мисқол пари”, “Гулнор пари”, “Темирхон подшо”, “Авазнинг олиб келиниши”( Пўлкан шоир) шунингдек Тилла кампир томонидан эртак жанрида ижро этилган “Ойсулув” достонлар бизни давримизгача етиб келган.

“Ойсулув” достони Қўрғон достончилигида энг хуш кўриб айтиладиган манба ҳисобланади. Баъзи ўринларда “Гўрўғли” туркуми достонлари 72 шоҳали достонлар деб ҳам номланади.Фольклоршунос олим Буюк Каримий “Гўрўғлининг туғилиши” вариантлари орасидан, Пўлкан шоир вариантинигина нашрга танлаб олади. Бу достон 1942 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси нашриёти томонидан чоп этилади. Лекин бу достонни нашрга тайёрлашда айрим жузъий ҳатоларга йўл қўйилади.

Бу борада Фольклоршунос Ҳоди Зарифов баъзи мисраларида чалкашликларга йўл қўйилганлиги борасида “Ўзбек халқ ижоди кўп томлилигини нашрга тайёрлаш принициплари” номли мақолаларида айтиб ўтадилар.

Собиқ шўро даврида пайғамбарлар номларини тилга олиш ва улар хақида бирор мақола ёзишга рухсат этилмаган, шу сабаб ҳам Пўлкан шоир вариантини тадқиқ қилишда, Хизр пайғамбар билан боғлиқ воқеа тушуриб қолдирилган. Пўлкан шоир ижодини ўрганган фольклоршунос Муҳаммад Нодир Саидов “Гўрўғлининг туғилиши” достонидаги Хизр Пайғамбар билан боғлиқ бўлган учрашувни достончи иқтидорининг заиф томони деб баҳолаган. Шу бос ҳам достондаги ушбу воқеалар баёни кенг тарзда тадқиқ этилмасдан қолиб кетган.

Булунғур мактаби намояндалари Фозил Йўлдош ва унинг издошларидир. Бу мактаб ижодкорлари кўпроқ қаҳрамонлик достонларини ижро этишган. Бунга мисол қилиб ушбу мактаб намояндаларидан бири Фозил Йўлдош куйлаган қаҳрамонлик эпоси “Алпомиш” ни мисол қилмоқни ўзи кифоя. Бу достон достончилик мактабининг услуби содда ва юксак тополигик жиҳатдан бир мунча архаик услуб эканлигини кўрсатувчи мисол сифатида тан олинган.

Учинчи мактаб Шеробод бахшичилигидир. Сурҳондарёнинг Шеробод тумани билан боғланган ўзига хос мустақил достончилиги мавжуд бўлган.Сурхандарё, Қашқардарёда “Гўрўғли” туркуми достонлари кенг тарқалган. “Авазхон” , Аваз билан Ойқундуз”, “Авазнинг Узумкўзни олиб келиши”, “Ойзайнаб”, “Малла совдагор”, “Нурали”, “Гулнор” ва бошқалар. Булардан айниқса, “Малласовдагор”, Авазнинг ёшлиги ва йигитлик йилларини акс эттирувчи айрим достонлар, унинг қизи Гулнор, шунингдек Гўрўғлининг вафотига бағишланган “Ғарибнома” достонлари бошқа вилоят достончилигида учрамайди. Гўрўғли вафотига бағишланган варантни ушбу воҳа бахшиларидан Юсуф Ўтаган ўғли, Эшмурод Шердона ўғли, Тошмурод шоир, Тоғай Махмон ўғлидан ёзиб олинган. Гўрўғли туркуми достонлари XIX аср иккинчи ярмида туркий халқлар адабиётига қизиқишлар орта бошлагандан кейингина, 1870 йили ушбу достоннинг бир нечтаси туркум ҳолда Қозон шаҳрида нашр этилади.

Кейинчалик,Ўзбекистонда ҳам мазкур достон туркум ҳолида нашр юзини кўради.Фольклоршунос Малик Муродов “Сарчашмадан томчилар” номли мақоласида Деновлик Эшқобил бахши ижро этган “Юнус билан Мисқолнинг Чамбилга келтирилиши” достонини айтганлигини айтиб ўтади. Мазкур мактаб вакилларидан Заҳриддин Муҳаммад Бобурга бағишланган “Ойчинор” достони ҳам ёзиб олинган. Ушбу достонни Қашқадарёлик Қодир Раҳим ўғли ҳам ижро этган. Ушбу мактаб вакилларидан бири Берди бахши ижро қилган “Алпомиш” варианти хусусида ўзбек фольклоршунослигини кенг миқёсда ўрганган,Рус фольклоршунос олими Жирмунский шундай фикрларни ёзади: “Берди бахши ижро этган вариант бошқалардан ажралиб туради. Бу ҳақда батафсил тўхладалиган бўлсак, бу жуда кенг тарқалган демак, Ултонтоз Бойбўрининг қули бўлган Гувариқулни ўғлидир. Яна бир бахши Бекмурод Жўрабоевнинг айтган достонида эса Ултонтоз қул сифатида Эрондан 4 тиллага сотиб олинган.Барчин билан қалмоқ алплари, Қалмоқ шоҳи Тойчихон билан бир ўринда келадилар.Алпомиш ва Қоражон ўртасидаги дўстлик бир бутунликни ташкил этади. Қалмоқ баҳодирлари ва Алпомиш ўртасида кечган пойгада 90 от, 90 Алп, Алпомиш иштирок этади. Бу шартларни учтаси амалга тадбиқ этилади.Улар пойгада чопиш, камондан ўн чарқим масофадан тангани отиш ва кураш тушиш каби шартлардир. Бу шартларни ҳаммасини Алпомиш оти Бойчибор ва дўсти Қоражон ёрдамида амалга оширади”.

Ушбу мактабнинг энг йирик вакили Шерна бахшидир. Бу бахши ижоди хақида фольклоршунос олим Малик Муродов шундай бир ривоятни мисол келтирадилар: “Шерна ҳали ёш бола пайтларида қўшни қишлоқдаги бир бойнинг тўйига қандайдир бахши келганлигини ва уч кечаю, уч кундуздан бери достон айтаётганини эшитиб қолибди. Шерна чопганича тўйхонага етиб келиб, пойгакдан жой олиб, достон тинглай бошлабди. Бора -бора достонга шунчалик берилиб кетибдики, сурилиб сурилиб пойгакдан тўрга, шоир ёнигача бориб қолганини ўзи ҳам сезмай қолибди. Буни кўрган кишилар сўз қотсак шоирга ҳалақит берамиз, деб жим ўтира беришибди.Ниҳоят достон тугабди. Ўтирганлар болага қараб: “Одобсиз нега тўрга чиқиб кетдинг” деб дўқ пўписа қила бошлашибди. Ҳатто даврадан ҳайдаб ҳам чиқармоқчи бўлишибди. Шунда Шерна ўзига ҳам дўмбира беришларини сўрабди. Бахшининг “Достон айтасанми?” деган сўровига “Чўпонларнинг қўшиқларидан унча мунча айтиб юраман” деб жавоб берибди. Унинг қўлига дўмбира тутқазишибди. Бола дўмбирани созлай туриб, бахшининг исми шарифини, қайси қишлоқдалигини қачон уйидан чиққанлигини сўраб олибди- да, уларни қўшиққа солиб айта бошлабди.

Ўтирганлар қулоқ солишса, бола ҳозиргина бахшидан эшитганларини қўшиқ қилиб айтаётган эмиш. “Қани, охири нима бўларкин?” деб ҳеч ким ҳеч нима демабди. Бола қўшиқ айтишда давом этибди… Гўё бундан ўн кун аввал бахшининг қишлоғига қароқчилар бостириб кириб, қишлоқни талай бошлабдилар. Навбат бахшининг хонадонига етибди. “Отанг қаерда? Топ!” деб қароқчилар бошлиғи бахшининг болаларини қамчилай бошлабди. Шунда улар “Қаердасан, ота?” деб доду фарёд кўтаришиб, бахшини йўқлармиш… Қўшиқ шу ерга келганда ҳалиги бахши “Э , бас қил, бағримни тилиб юбординг!” деганича ташқарига отилибди. Кейин унга бола айтганларининг барчаси ўтирик гаплар эканини айтса ҳам, ваҳимага тушиб, ҳаловатини йўқотган бахши тўйни ташлаб, шошилинч равишида қишлоғига кетиб қолган экан.Ушбу воқеа Қашқадарёнинг қишлоқларидан бирида бўлиб ўтган эмиш”.

Kommentera