Kategorier
Хотира

Амирқул Пўлканни хотирлаб


Бугун ҳассос шоир Амирқул Пўлкан таваллуд топган кун!

Агар шоир ҳаёт бўлганида бугун 64 ёшга кирган бўлар эди. Афсуски бевақт ўлим уни орамиздан жуда эрта олиб кетди. У бор йўғи 34 йил умр кўрган эди. Шоир қисқа умри давомида 5 шеърий китоб, икки достон ва тугалланмаган “Мувозанат” номли пеъсасини шеърият ихлосмандларига мерос сифатида қолдирди. Амирқул Пўлкан ҳақиқатни хуш кўрарди, у бор умрини шеърга ва инсонларга яхшилик қилишга сарф этди.Саҳифамиз мухлислари эътиборига уни устозлари, дўстлари ва шогирдлари томонидан эслаб битилган шеърлардан ҳавола этамиз.

 

Умарқул Пўлкан

Ашъор қолди

(Амирқул Пўлканга бағишланади)

Шоир кетди, у қайтмас,
Ундан чақин нор қолди.
Севгилисин қалбида,
Йиғлаб-йиғлаб хор қолди.

Онаизор онада
Бағрин босиб қор қолди.
Отасининг қўлида
Мунгли сайраб тор қолди.

У авайлаб ўстирган,
Беш новда чинор қолди.
Босиб ўтган йўлидан,
Ўттиз тўрт баҳор қолди.

Она Ватан халқига,
Дил ҳурмати зор қолди.
Севикли халқи учун,
Бир олам ашъор қолди.


Тўра Сулаймон

Қолмиш

(Амирқул Пўлкан хотирасига)

Жигарим бунчалар шошмасанг эди,
Ўзансиз дарёдек тошмасанг эди,
Орага ўлимни қўшмасанг эди,
Кимда қолмиш кўклам,ёзларинг сени?

Баҳордек барқ уриб очилган чоғда,
Қолдириб кетдинг сен бизларни доғда.
Энди учрашгаймиз қайси бир боғда.
Қайда қолмиш қутлуғ изларинг сени?

Сен билан қора ер тўярми эди,
Тўйиб бу одатин қўярми эди,
Сенинг ҳам кўранинг тайёрми эди,
Келмай туриб тўйин кўзларинг сени,

Айтгил бу чинингми,ҳазилингмидир,
Жудолик аталмиш ғазалингмидир.
Бу ғазал маконинг манзилингмидир,
Кимга аён айтгил розларинг сени?

Ҳали куз келмасдан,қишинг тушдими,
Хатарли қафасга қушинг тушдими.
Туйниксиз кулбага ишинг тушдими,
Мўлмасмиди айтар сўзларинг сени?

Мунис шеъриятинг иффатли қиздай,
Ҳали қўл тегмаган янги қўбиздай.
Қори-қирови йўқ баҳордай,ёздай,
Қайга учмиш суқсур ғозларинг сени?

Орзуларинг фақат сўзингда қолмиш,
Изларинг дала-ю, тузингда қолмиш.
Қолган борлиқ умринг назмингда қолмиш,
Қўлдан-қўлга ўтгай,созларинг сени.

1984


Карим Баҳриев

Амирқул Пўлкан

Қалб қўримни аямай
куйлайвердим,ёш эдим.
Эрмакка ёзганим йўқ,
куйиб-ёниб яшадим.

Қолдирмадим,
симирдим
қувонч, ғамнинг жомини.
Сотиб яшамадим ҳеч
боболарим номини.

Балким, яшашар узоқ
ўртанмасдан,
куймасдан?!
Кетиб боряпман,
мана,
бу дунёга тўймасдан…

Бу дилбар тирикликни
мендан кўра қаттиқроқ
севиб юрасиз, дея
сизга ташлаб борар чоғ,

хавотирим – шеърият –
бир уй дилни яралар:
кетсам, менга шеър битиб,
кун кўрманглар, жўралар…

1988


Саодат Пўлканова

Ўтганларни эслаб

(Отам Амирқул Пўлкан хотирасига)

Мудҳиш ажал солганда қайғу,
Инсон селоб тўкар ёшини.
Ҳатто баланд дархтда қушлар,
Қуйи солиб турар бошини.

Агар кўрсам ўша ажални,
Юзларини шартта юлардим.
Ошпичоқда чопиб майдалаб,
Мен отамни ўчин олардим.

Чилвир солиб бўйнига шартта,
Ҳайдар эдим уни йироққа.
Менга тушган бу қайғу-алам,
Тушмасин деб бошқа юракка.

Инсонларни яшартмоқ учун,
Қилсам не иш келса қўлимдан.
Ҳеч ким алам-қайғу кўрмасин,
Ҳоли бўлсин бевақт ўлимдан.

1989