Менингдек суймаган ҳеч ким


Амирқул Пўлкан

*   *   *
Дунё пайдо бўлгандан буён,
Ёнма- ёндир оқ билан қора.
Табиийки, улар ҳеч қачон.
Бир-бирини тан олмас сира.

 

Тун ва кундуз талашар суръат,
Қуёш ҳеч вақт дуч келмас Ойга.
Ўз ҳукмини ўтказар ғурбат,
Ҳаққоният бўлмаган жойда.

Эътиқоди собит бўлса ким,
Толе насиб этган ўшанга.
Адолат ва разолат доим,
Бир- бирига эрур кушанда.

Ҳолбуки кун кўрса -да палон,
Оқил элга тилар омонлик.
Ҳамма жойда яхшилик билан –
Қўшни яшар доим ёмонлик.

Агар кучли бўлса муҳаббат,
Қалб дош бергай ҳар қандай ғамга.
Гар қуролга айланса нафрат,
Ўт қўйиши мумкин оламга.

Барчасига келса ҳамки дуч,
Титрамас ҳеч одамнинг жони…
Аслида -чи, икки душман куч
Тутиб турар бутун дунёни.

Қиз қўшиғи

Севгилим сен, сегилим сен,
Севганимни билмадинг.
Гоҳо тунлар нола қилдим,
Чорласам мен, келмадинг.

Улфатим – ой, гоҳо -юлдуз,
Сўзламайдир сўз билан.
Ўтди тунлар, ботди кунлар,
Ҳеч ишинг йўқ биз билан.

Йўлларимда қанча ошиқ,
Бошин эгди… Эгмадим.
Мен сени деб, ота-онам,
Айтганига тегмадим.

Севгилим сен, севгилим сен,
Севганимни билгин-ей.
Гоҳо тунлар нола қилсам,
Чорласам мен келгин – ей!..

*  *  *

Менингдек суймаган ҳеч ким,
Менингдек куймаган ҳеч ким,
Нечун мен билмайин кечдим,
Бу дарёдир, бу дарёдир.

Бу дарёда на қирғоқ бор,
Бу дарёда на бир сарҳад!
Муҳаббат отли дарё бу,
Муҳаббат отли бир ҳикмат.

Чўкиб мен ушбу дарёга,
Тушунмай ушбу ҳикматни,
Оёғим тойилиб тошга,
Йўқотдим илк муҳаббатни!

У дарё тубида ётган,
Жавоҳирдир? Ажаб эрмас!
Уни мен ҳеч тополмасман,
Уни ҳеч ким топиб бермас!

Илож йўқ!
Топмадим тадбир,
Бу дарёга ўзим келдим,
Бошимга тушса не савдо,
Ўзим қилдим, ўзим қилдим!

Менингдек суймаган ҳеч ким,
Менингдек куймаган ҳеч ким…

*   *   *

”Инжиқлигинг жонимга тегди,
Бас, уйимга кетаман энди!”
Тугатмасдан айтар сўзингни,
Сен эшикка урдинг ўзингни.

Бир лаҳзада ҳал бўлди бари,
Бирдан хона қолди ҳувиллаб.
Совуқ гапнинг нохуш самари
Икки қалбда ёнар ловуллаб.

Бир зумгина хаёлга толдим,
Илк бор сенга қилдим мен таъна:
”Эвоҳ нима ақлингни олди,
Наҳот кетмоқ бўлсанг сен яна?!

Бир дамгина кўзларим тинди,
Бир зумгина қийнади қоним:
”Йўқ, ортингдан чиқмайман энди,
Қайтгин, деб ҳам айтмайман энди,
Қайтгин, деб ҳам айтмайман, жоним!

Аразларнинг жонимга тегди,
Майли, кетсанг, кетавер энди!..”

Пушаймон

Ҳаловат топмайман тун бўйи юриб,
Вақтнинг ўтганини сира сезмайман,
Юлдузлар кўзига термулиб туриб,
Сенинг сўзларингни ёниб эслайман.

Эсингда: мен сенга бир сўз демадим,
Жим турмоқ соз дедим писанд қилмасдан.
Ичимда тақдирни лаънатлар эдим,
Лаънатлар эдим мен сени, билмасдан.

”Кетма!” деб қўймадинг,
Ёлвординг ҳам кўп.
”Эҳ қандай аянч!” деб устингдан кулдим,
Мен кетиб бахтимни тополмадим, йўқ,
Мен ёлғон бир ишқнинг қурбони бўлдим.

Не қилсам барини мен ўзим қилдим
Ва энди жабрини тортганча юрай.
Ўрнимда сен бўлсанг кечирармидинг,
Ахир мен ўзимни қандоқ кечирай?!

Жазога лойиқман!
Кечирма, бўлди!
Гуноҳкор одам ҳеч изламас тадбир…
Бизларни тасодиф дуч қилган энди
Ва яна тўсатдан айирди тақдир.

*  *  *
Сени ўйлаб оқарар туним,
Бағрим ёнар… кўнглим ҳам хира.
Тундек сиёҳ кўзларинг сенинг
Кўз ўнгимдан кетмайди сира.

Мен кўнглимга ёлворгум: ”Унут!”
Ишқни энди қилма юз хотир!..
Кўнглим дейди: ”Қўй, ўзингни тут,
У ҳам сени туш кўраётир!..”

(Изҳор китобидан)

 

This entry was posted in Амирқул Пўлкан. Bookmark the permalink.

Comments are closed.