Kategorier
Асарлар

Самарқанд: муқаддас қадамжолар – ҳақиқат ва афсонa

 

Саодат Пўлканова

Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан сулоласининг кенжа вакили, Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмасининг аъзоси, таниқли шоира Саодат Пўлканова ўзининг прозадаги илк асарини Самарқанддаги муқаддас қадамжолар тарихига бағишлади.

Муаллиф ушбу китобни ёзиш учун бир қанча муқаддас қадамжоларни бориб кўрган, кўплаб оддий одамлар билан суҳбатлашган,тўплаган маълумотларини тарихий китоблар билан муқояса қилган.

Ушбу китоб дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлган Самарқандни пайдо бўлиши ва бу маскандаги тарихий жойларга кизиқувчи кишилар, изланувчилар ва барча китобхонлар учун ўзига хос манбаъ бўлиб хизмат қилиши мумкин.

2004 йилнинг октябр ойида Франциянинг Марсел шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ”Шеърият ва китоблар” анжуманида ушбу китобнинг рус тилидаги нусхаси – ”Легенды о святых местах Самарканда” китобининг тақдимоти бўлган.

Масъул муҳаррир: Машрабшунос олим Жаллолиддин Юсупов.
Адабий маслаҳатчи: Журналист ва адиб Исмат Хушев.

Муаллиф ҳақида қисқача сўз.

Саодат Пўлканова 1973 йилнинг 5 ноябрида Самарқанд вилоятининг Хатирчи туманидаги Чиғатой” қишлоғида туғилган. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг забардаст намояндаси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоир сулоласининг кенжа вакилидир.

Саодат 1990-1996 йилларда Тошкент Давлат Университетининг филология факултетида таҳсил олган. Ўзбекистон радиосининг “Адабиёт ва радиотеатр”,“Олтин мерос” бўлимлари ва “Ёшлар” каналида ҳамда “Америка овози” радиосида фаолият кўрсатган.

 Саодат ўқувчилик йилларидан буён ўзбек адабий жамоатчилигига ўз ижоди билан яхши таниш.Унинг шеърлари “Гулхан”,“Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, номли қатор журнал ва матбуот нашрларида мунтазам чоп этилган.

 Ёшлар овози” (1987 йил) , “Нафосат” (1988 йил) баёзларида, ҳамда “Йўлларимиз баҳорга туташ” (1991 йил) номли Пўлкан шоир сулоласи вакилларининг ижодий намуналари ўрин олган тўпламда унинг туркум шеърлари чоп этилган.

1997 йили Саодатнинг ”Таъзим”номли илк шеърий китоби нашр юзини кўрди.

Қўлингиздаги мазкур китоб, муаллифнинг насрда ёзган дастлабки асаридир.

Саодат Пўлканова 1993 йилда Тожикистонлик журналист ва шоир Юсуф Расул билан турмуш қурди. Уларнинг икки фарзандлари бор. Айни пайтда оиласи билан Швецияда яшайди.

Сўзбоши ўрнида

(ёхуд 2004 йилнинг октябрь ойида Франциянинг Марсел шаҳрида бўлиб ўтган халқаро китоблар анжуманида қилинган нутқ).

Муҳтарам китоб ихлосмандлари!

Мен ушбу анжуманда ўзимнинг ”Самарқанд: муқаддас қадамжолар хақиқат ва афсона” деб номланган китобимнинг рус тилидаги нусхаси билан иштирок этаётганимдан бағоят мамнунман.Сизларга ушбу китоб мазмуни ва мундарижаси хақида гапиришдан олдин, ўз Ватаним тарихи ва адабиёти хақида оз бўлсада сўзлаб бермоқчиман.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган, аҳолиси 25 миллондан ошиқ бўлган, турли миллат вакилларини ўз ичига олган гўзал бир мамлакатдир. Ўзбекистондаги Самарқанд, Бухоро, Хива, Кеш, Нахшаб, Термиз каби шаҳарлар ва бу шаҳарлардан топилган ноёб ёдгорликлар мамлакатимиз тарихи уч минг йиллардан олдин бошланганидан далолат беради.

Эрамиздан олдинги III асрларда Амударё ва Сирдарё дарёлари оралиғида бу ўлкада суғд ва сак қабилалари яшаганликлари ҳақида маълумотлар бор. Александр Македонский Марказий Осиёни забт этгач, Марказий Осиёга у билан бирга грек юнон маданияти ҳам кириб келди. VI асргача бизнинг ўлкамизда Зардўштийлик дини ва анъаналари кенг ёйилган эди. Ҳозиргача, Марказий Осиёда пайдо бўлган дея тахмин қилинадиган бу дин анъаналари одамларимиз орасида сақланиб қолган. Айниқса, оловга топиниш одатларини турли тўй томошаларда кузатиш мумкин.

Араблар босқинидан сўнг, Марказий Осиёдаги зардўштийлик дини ва адабиётлари йўқ қилинган ва бу динга сиғинувчиларга нисбатан қаттиқ жазолар қўлланилган.Шу сабаблими, ислом дини ва адабиёти кўп ўтмай халқимиз ҳаётини батамом қамраб олди. Араб халқ асотиралари ва афсоналари асосида бадиий асарлар яратиш анъанаси вужудга келди. Масалан, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ва бошқа шоирлар яратган асарларда араб адабиёти таъсирини сезиш қийин эмас.

Ўзбекистон XIX асрнинг охирларида Россия томонидан истило қилингандан сўнг, рус тили ва адабиётини ўлкада тарғиб қилиш ва бу адабиётга қизиқиш кучайгани кузатилади. Совет Иттифоқи пайтига келиб, ўзбек мактабларида рус адабиётини мажбуран ўқитиш бошланди. Бунинг акси ўлароқ, Ўзбекистон тарихи ва минг йиллардан буён давом этиб келаётган ўзбек адабиётига ”реакцион” деган тамға босилди ва китоб жавонларидан қувғин қилинди.

Совет Иттифоқи парчаланиб бошқа мамлакатлар каби Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришгач, халқимизнинг тарихи ва адабиётини қайта ўрганиш бошланди. Ўз тарихидан жудо бўлган ўзбек халқи бугунги кунда ўзлигини англаш ва ўз ўтмишини ўрганиш учун ҳаракат бошлаган.

Ўзбек адабиёти ўзбек халқи тарихи билан бирга турли даврларда ривожланиб боргани кўзга ташланади.Зардўштийлар даври адабиёти ҳақида у қадар маълумотга эга эмасмиз. Сабаби, у даврлардаги маданият ва санъат асарлари каби адабиёт асарлари ҳам йўқ қилинган. Ислом дини Ўзбекистонда кенг тарқалгач, бу дин таъсирида жуда катта адабиёт юзага келди. Муҳаммад Пайғамбар ва у кишининг издошлари тарғиб қилинган шеърий асарлар деярли барча шоирлар ижодида учрайди. Араблар ислом дини билан бирга Ўзбекистонга жуда катта маданият ва адабиёт намуналарини ҳам олиб кирган эдилар. Араб шеърий санъатлари ва фольклор намуналари ўзбек халқ оғзаки ижоди билан қўшилиб гўзал адабиёт намуналарини пайдо қилди.

Руслар Ўзбекистонни ишғол қилган ва Совет Иттифоқи қарор топгандан кейинги йилларда яратилган замонавий адабиёт намуналари XIX асргача яратилган адабиёт ва фольклор асарлари олдида жуда ҳам қашшоқдир. Бунинг сабаби Совет Иттифоқи пайтидаги адабиёт санъат эмас, балки тарғибот машинасига айлантирилгани билан боғлиқдир.

Бу даврда адабиётга нисбатан юритилган сиёсатдан норози бўлган Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Фитрат каби ёзувчи шоирлар қатағонга дучор бўлган эдилар.Улардан кейинги Миртемир, Усмон Носир, Шукрулло, Ойбек, Ҳамид Олимжон ёки Абдулла Орипов,Эркин Воҳидов,Рауф Парфи каби ўнлаб ижодкор шоирлар қанчалик қийин бўлмасин оврўпа ва араб шеърий санъатини уйғунлаштиришга ҳаракат қилдилар ва бир қадар янги шеърият намуналарини яратдилар.

Ўзбек халқи маданияти тарихида ўзбек фольклорининг ўзига хос ўрни бор. Ўзбек фольклори, ўзбек халқи тарихи билан бирга ривожланиб келмоқда.Фольлор асарлари халқимиз маданияти, адабиёти ва тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ўзининг минг йиллик тарихига эга бўлган оғзаки ижод намуналари сирасига кирувчи халқ достонлари ўзбек фольклорини юксалишида муҳим аҳамиятга эга.Машҳур ўзбек эпоси саналган ”Алпомиш” достони мана неча асрлардан буён халқ бахшилари томонидан куйланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Унда ўзбек уруғларидан қўнғирот улуси тарихи, унинг анъаналари, урф одатлари борасида сўз юритилади.

Шунингдек, юртнинг Алпомиш каби алпларининг баҳодирликлари, Барчин сиймосида ўзбекнинг латиф қалб соҳибаларининг ақл фасоҳатлари қаламга олинади.

Алпомиш сингари Кунтуғмиш, Рустамхон, Ойсулув ҳамда Гўрўғли туркумидаги достонлар ўзбек фолъклорининг ноёб намуналари ҳисобланади. Бу достонларнинг шу қадар тилга тушишида ўзбек халқ бахшиларининг, достончиларининг хизматлари беқёсдир.

XIX аср охири ва XX аср бошларида яшаб ижод этган тўрт буюк бахши: Фозил Йўлдош ўғли, Ислом Назар ўғли, Қўрғон достончилик мактаби вакиллари: Эргаш Жуманбулбул ўғли, 70 дан ошиқ достонларни ёд билган, ноёб қувваи ҳофиза эгаси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлканлар ўзбек халқ оғзаки ижодида достончилик мактабларига асос солдилар. Ушбу халқ куйчилари изини давом эттирган Қашқадарёнинг Деҳқонобод достончилик мактаби вакили Қодир Раҳим ўғли ва унинг авлодлари, Пўлкан шоирнинг ўғли, бугунги кунда маҳрум Умарқул Пўлкан ва Ислом бахшининг фарзанди Зиёдулла Ислом ўғли, сурҳон достончилигининг куйчиларидан бири Шоберди Болтабоев, хоразм достончилик мактаби асосчиларидан Қурбонназар Абдуллаев (Бола бахши) ва унинг авлодлари ўзбек халқ оғзаки ижодини ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Қўлингиздаги ушбу китоб номлари унитилган, таъқиб ва тайзиқларга учраган азиз авлиёлар, ориф инсонлар хоклари сақланаётган ва бугунги кунда муқаддас қадамжоларга айланган зиёратгоҳлар ҳақидадир.

Самарқанд шаҳри ва шаҳардаги археологик ёдгорликлари кўпчилик жаҳон халқларига яхши таниш. Бироқ кўп одамлар бу қадимий шаҳарда неча минглаб улуғ инсонлар яшаб ўтишгани, ҳатто, Довуд, Дониёл каби пайғамбарларнинг зиёратгоҳи ва қабри борлиги, улар ҳақида маҳаллий халқ ичида яшаб келаётган афсона ҳамда ривоятлардан хабарсиз бўлишлари мумкин.

Мен ўзбек халқи тарихи ва маданияти билан жаҳон халқларини таништириш мақсадида бу китобни тайёрлашга жазм қилган эдим. Зеро, бундан мақсадим Ўзбекистонда хоклари қолган улуғ инсонларни яна бир марта эслаш, улар ҳақида жаҳон аҳлига маълумот беришдир.

Китобда асосан Дониёл (Даниэл) Пайғамбар, Амир Темур, Бибихоним, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Доримий, Хўжа Аҳрор Вали, Ғавсул Аъзам, Маҳдуми Аъзам, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр каби улуғ зотлар ва авлиёлар қадамжолари тарихи, улар ҳақидаги афсоналар тўпланди.Айрим ўринларда тарихий ёзма маълумотларга мурожаат қилинди. Қадамжоларнинг бугунги кундаги кўринишлари ҳам суратли лавҳаларда китобда ўз аксини топди.

Ўзбекистонда неча минг йиллардан буён оғиздан оғизга ўтиб келаётган бу хилдаги эртак ва афсоналар кўп. Улар халқ орасида худди ноёб гавҳардек сақланмоқда.Фақат бу гавҳарларни йиғиб олиш учун халқ ичига кириб боришимиз керак.

Эътиборларингиз учун катта раҳмат!
(Merse boku!)

(Саодат Пўлканова. Франция, Марсел 2004 йил,14 октябрь. ”Шеърият ва китоблар” анжумани ).

Бисмиллаҳир- Раҳмонир – Раҳим!

Авлиёлар худо эмас,
Худодин жудо эмас.
(Халқ мақоли)

Қадимий Самарқанд тарихий манбаъларда

Нечун Самарқанд деб аталади?

Самарқанд шаҳрининг тарихи ҳақида ХХ асрга қадар жуда кўп тарихий асарлар яратилган, улардан фақат ”Самария” ва ”Қандия” асарлари бизнинг давримизгача етиб келган.

”Қандия” асари тахминан XII асрларда яратилган, муаллифи эса ҳозиргача аниқ эмас.

”Самария” асари муаллифи XVIIIасрда яшаган тарихчи Абу Тоҳирхўжа Самарқандийдир.

”Қандия” шу пайтгача ўзбек тилида нашр этилмаган.

1991 йилда Тошкентда чоп этилган Абу Тоҳирхўжанинг ”Самария” асарида Самарқанд шаҳрини пайдо бўлиши ва у нега бу ном билан аталиши борасида бир қадар мукаммал маълумотлар берилади.

Абу Тоҳирхўжа ўз асарида Самарқанд тарихи билан боғлиқ бир неча манбаъларга мурожаат қилган.

Самарқанднинг пайдо бўлиши ҳақида бу манбаъда келтирилган биринчи ҳикоя ”Бурҳони қотеъ” деб номланган бизга номаълум китобдан олинган. Унда ёзилишича ”Самар исмлик бир киши, бу ерда жойлашган, ўз теварагига халқни тўплаган эди. Шунинг учун бу ер бошда ”Самаркент” оталди. Араб қўшини бу ерни олгач, ўз тилларига ўзгартириб ”Самарқанд” дедилар”.

Иккинчи ҳикоя ”Масолик ул мамолик” номли китобдан келтирилади. Муаллиф ёзади: ”Нақл қилингандурким, Самар боқир исмлик бир хон Фарғона ва Кошғар томонлардан келиб, бу вилоят халқига душманлик юзасидан, бу шаҳарнинг деворларини қозиб бузган эди. Шунинг учун бу шаҳар ”Самар қозди” маъносида бўлган.Форсча ”Самарқанд” оталди. Араб қўшини бу шаҳарни олгандан кейин ”Самарқанд” отадилар”.

Учинчи ҳикояга ”Тарихи Табарий” китобидаги қуйидаги маълумотлар асос қилиб олинган: ”Самар отлиқ бир хон ушбу шаҳарни солдирди (бино қилдирди); энг аввал ”қанд” деган турк аймоғи бунда ўрнашиб, ўлтирди.Шунинг учун бу шаҳар шундан бошлаб ”Самарқанд” оталди. Араб қўшинлари бу шаҳарни олгандан кейин ”Самарқанд” дедилар”.

Абу Тоҳирхўжа асарида ва у келтирган манбаъларнинг айримларида Самарқанд номини келиб чиқиши Самар исмли киши исми билан боғлиқлиги айтилган.

Тарихчининг ёзишига кўра, ”ушбу шаҳарнинг бир ерида ”Самар” деган биров томонидан қозилган бир булоқ бор эди. Улус ўшал булоқ теварагига йиғилиб ўрнашган эдилар. Шу сабабли у ўриннинг оти ”Самарқанд” деб шуҳрат чиқарди. Араблар келгач ”Самарқанд” дедилар”.

”Ҳафт иқлим” китобидан Тоҳирхужа келтирган қуйидаги ривоятда ҳам Самар исмига дуч келамиз: ”Яман Туббаъ маликларидан Самар исмлик бир киши ушбу шаҳарнинг деворини бузди. Араблар келгандан кейин ”Самарқанд” дедилар ва яна Тангри Таоло яхши билади”.

Самарқанд қўрғонини ким қурган?

Баъзи тарихий солномаларда билдирилишича, Самарқанднинг биринчи қўрғони Ҳорис ўғли Самар исмли шаҳзода томонидан барпо этилган экан.

Абу Тоҳирхўжанинг ”Самария” асарида Самарқанд қўрғонини яратилиши ҳақида турли хил маълумотлар бор.

Биринчи маълумотда тарихий китоблардан бири ”Осор ул Билод” дан иқтибос келтирилади. Унга кўра Самарқанд қўрғони Кайкубод ўғли Кайковус (Қадимги Эрон шоҳларидан бири) томонидан солдирилган экан. Кайковус қир ошиб ўтаётганда, бу ердан бир талай олтинлар топиб олган экан. Шу олтинлар ҳисобидан ана шундан ҳашамдор қўрғонни барпо этибди ва Туркистон билан Мовароуннаҳр орасида девор солибди.

Бошқа бир ривоятга кўра бу деворни Кайковус эмас, балки Эрон шоҳларидан бири Луҳросиб ўғли Куштосиб тортиб, бу шаҳарни қурган эмиш.

Тоҳирхўжа келтирган яна бир маълумотга кўра Самарқанд қўрғонини Араб подшоларидан бири Малик Туббаъ Яман исмли зот бунёд этган.

Тарихчи Самарқанд деворини Марказий Осиёни забт этган машҳур саркарда Александр Македонский қурдиргани ҳақида ҳам қизиқарли фикрларни айтади: ”Малик Искандар (яъни А.Македонский) Самарқанд қўрғонининг теварагида ойри бир девор қурди: У деворни ҳозирда (XVIII охири ва XIX аср бошларида) ”Девори қиёмат” дейдилар. Малик Искандар бу деворни шунинг учун солдирдиким, фитна ва уруш чоғларида теварагидаги эл ичкарига йиғилишиб, шаҳар халқи билан биргалашиб, юртни қўриқлашиб, ўз тинчликларини сақлай олсинлар. Баъзи замонларда Искандар девори ичра эл томонидан боғ ва ҳовлилар солиниб, обод қилингандир”.

Самарқанд шаҳри асрлар давомида бир неча марта вайрон этилган ва яна қайтадан қурилган.

Тоҳирхўжа охирги марта Самарқандни соҳибқирон Амир Темур қайтадан қурганини ва бу шаҳарни ўзига пойтахт қилиб олганини ёзади.

Самарқанддаги ғорлар

Самарқанд азалдан ўзининг тарихи, баҳаво табиати, масжиду мадрасалари, тарихий ғорлари ва қадамжолари билан дунёга довруғ таратган. ”Самария”да бу борада ҳам фикр юритилади.

Тарихчининг ёзишича, ”Самарқанддаги олтита машҳур ғор бор. Биринчи ғор Афросиёб қалъасининг ташқарисида, Ҳазрат Хожа Сангсарон мозорининг рўбарўсида бўлиб, унда қатор ҳужралар бордир ва баъзи ҳужраларида ўлган кишиларнинг суяклари кўп. Иккинчиси Ғори Мискин. Бу ғор ҳазрат Хожа Муҳаммад Санграсон мазорининг пасти, шимол тарафида, Сияҳоб яқинида Талли баланд тагидадир. Бу ғорни турк машойихларидан Шайх Ходим (алайҳирраҳма) ковлатиб, сўфийлар учун мақом қилган. Шайх Ходимнинг мазори ғорга яқин ерда воқедир.
Бу мақом файз осор ва авлиёлар жойи бўлгандир”.

Тарихчининг ёзишича учинчи ғор Талли Муҳаммад Чап бўлиб, Афросиёб қалъасининг тупроғи остида қолиб кетган.

Тўртинчи ғор Хожа Дониёл ғори бўлиб, бу ғор ҳам Афросиёб қалъасининг тупроғи тўкилган ерда қолиб кетган. ”Бу ғор шафоатлик бир мақомдадир”, дейди тарихчи.

Ғорларнинг бешинчиси ”Ғори Ошиқон”, яъни ошиқлар ғори деб аталади. Бу ғор Самарқанд шаҳрининг кунчиқар томонидадир. Бу ғорни Ҳазрати Маҳдуми Хоразмий ковлатиб, сўфийлар учун жой қилган, қатор ҳужралари бўлган. Бу ғор кейинчалик ҳазрати Маҳдумнинг вафотидан сўнг, бир мунча вақт Самарқанд шаҳрининг қаландархонаси бўлиб турган.

Олтинчи ғор ”Кўҳак” деб номланади. Сабаби ғор Кўҳак, ҳозирги Зарафшон дарёсининг шарқий томонида жойлашган. Нақл қилишларича, мулло Саккокий исмли киши мана шу ғорда риёзат чекиб, 41 исмни тасхир (забт) этиш билан шуғулланган эканлар”.

Самарқанддаги масжидлар

Самарқанд шаҳридаги масжидлар сони ўн еттита. Шулардан энг машҳурлари бугунги кунда ҳам ўз салобати ва муҳташамлиги билан эл эътиборида бўлган Регистон майдонида жойлашган Тиллакори ва Шердор Берун мадрасаларидир.

Тарихшунос Абу Тоҳирхўжа Самарқандий ўз асарларида шундай фикр юритади: ”Шердор мадрасаси. Бу мадраса (Самарқанд Регистонида) Улуғбек мадрасасининг қаршисида, унинг кунчиқар томонидадир. Бу мадраса вилоятпаноҳ Ялангтўшбий оталиқ томонидан солингандир”.

Тарихчи маълумотларига кўра Шердор мадрасаси 1618 йилда қурилган, пештоқида икки шерни оҳу тутаётган ҳолати тасвири солинган. Шерларнинг пешонасига эса қуёш ўз қўлларини кўйиб турибди.

Тарихчи ”Тиллакори” мадрасаси борасида ҳам шундай ёзади: ”Ушбу мадраса Улуғбек ва Шердор мадрасаларининг шимолида, иккаласининг ёнидадир. Унинг солдиргувчиси ҳам мир Ялангтўшбий оталиқдир. Шердор мадрасасидан ўн йил кейин, 1051 ҳижрий (мелодий 1641) йилда солинди. 1234 ҳижрий (мелодий 1818) йилда пештоқи зилзиладан ўрнидан қўпорилиб тушиб эди. Ҳазрати хилофот мақонаи Ҳазрат Сайид, мўминлар амири Амир Саъид (унинг қабри мунаввар бўлсин), яъни амир Ҳайдарнинг буйруғи билан янгидан тузатилди”.

Бугунги кунда Самарқанда жуда кўп тарихий жойлар сақланиб қолган.Уларнинг кўпчилиги зиёратгоҳларга айлантирилган .

(Асардан парча)