А.Қодирий номли ЖДПИ ўқитувчиси:
Гулжаҳон Жуманазарова
Фозил шоир достонлари луғатларини тузишдаги тамойиллар ва вазифалар
Инсоният ахборот технологиялари юксак тараққий этган даврда яшаётган бир пайтда ҳеч бир фан тараққиётини, жумладан, ўзбек тилшунослиги тараққиётини ҳам бу технологиялардан ташқари олиб қараш мумкин эмас. Бугун ҳаётимизга инженерлик лингвистикаси, математик лингвистика, компьютер лингвистикаси сингари соҳалар кириб келди, матнни лингвистик таҳлил этишнинг янги-янги имкониятлари яратилди. Ҳозирги кунда тил материалини математик-статистик методлар ёрдамида ўрганиш ана шундай имкониятлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги йилларда статистик усул лингвистикада кенг қўлланмоқда ва ушбу усул лингвостатистика номини олди. «Статистик усулни тилшуносликда қўллаш шунчаки мақсад эмас, балки тилнинг ниҳоятда мураккаб тузилиши, унинг амал қилиш сирларини билишда анъанавий усул билан биргиликда бир воситадир», — деб таъкидлайди А.Иброҳимов. Сўнггра яна: «Аниқлик илмий ишнинг талабларидан биридир. Лекин, анъанавий тилшуносликнинг энг катта камчилиги унда аниқликнинг етишмаслиги, кўпчилик натижаларнинг тахминий бўлишидир. Мана шунинг учун ҳам тилшунослар статистикага асосланган усулга мурожаат қила бошладилар»[1], деган асосли хулосани берадилар.
Ўзбекистондаги достончилик мактабларининг йирик вакиллари, хусусан, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Пўлкан шоир Муҳаммадқул Жомрод ўғли каби профессионал халқ бахшилари достонлари тилини компьютер технологиялари асосида ўрганиш ҳозирги тилшунослигимиз олдидаги муҳим, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистондаги достончилик мактаблари, мисол учун олайлик, Булунғур достончилик мактабининг сўнгги вакили Фозил Йўлдош ўғлининг достонлари лексикасини статистик усуллар асосида тадқиқ қилиш, лексикографик манбаларини тайёрлаш ва уларни нашр этиш илмий-назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган вазифалардан биридир. Фозил шоирнинг анъанавий достонлари лексикасини ўрганиш яна бир қатор ниҳоятда долзарб масалаларга аниқлик киритишга ёрдам беради. Улар:
– Фозил шоир достонларига асос бўлган ўзбек шеваларини, хусусан, ж-ловчи қипчоқ диалектига хос сўзликни аниқлаш ва тўплаш;
– Фозил шоирнинг эпик достонлари тили бўйича олиб бориладиган илмий тадқиқотларга ва навбатдаги тузиладиган луғатларга материаллар йиғиш;
– ўзбек халқ достонлари бўйича навбатдаги янги тузиладиган изоҳли луғатларга илгари берилмаган ва қайтариқ бўлмаган материалларни бериш;
– ҳозиргача тузилган ўзбек шеваларининг изоҳли луғатларига янги-янги қўшимча материаллар киритиш;
– Фозил шоирнинг лексик бойлигини аниқлаш ва тадқиқ этиш.
Фозил шоирнинг анъанавий достонлари лексикасини ўрганиш, шу асосда уларнинг лексикографик манбаларини аниқлаш ва яратиш, нашр қилиш бизнинг асосий мақсадимиз эканлигини инобатга олиб, қуйидаги ишларни амалга оширдик:
– анъанавий достонларнинг лексик миқдорини ва ундаги сўзларнинг частотасини аниқладик;
– замонавий компьютернинг махсус дастурлари асосида мазкур достонларнинг лексикографик манбалари яратилди ва нашр этиш учун база тайёрланди;
– ўзбек тилшунослигида олиб борилган лингвостатистик тадқиқотлар умумтаҳлил этилди;
– ўзбек халқ достонлари ва услубий хусусиятларини аниқлашда лингвостатистик метод ва усулларнинг аҳамияти очиб берилди.
Тайёрланган частотали луғат ўзбек тили ва унинг шеваларини илмий равишда кенгроқ ҳамда асослироқ ўрганиш имкониятини яратади.
Луғатни тузишда достонларнинг матни эълон қилинган нашрда қандай бўлса, шундай ҳолича, ҳеч бир ўзгартирмасдан замонавий компьютер хотирасига киритиш дастлабки вазифамиз бўлди. «Конкорданс тузишда энг қийин ва масъулиятли вазифа — компьютерга киритиладиган матннинг бехато бўлишини таъминлашдан иборат. Нуқсонли нашр, матн асосида конкорданс тузиш муаллиф тили ҳақида хато тасаввур пайдо қилиш, нотўғри хулосага келиш демакдир»[2] — деган мулоҳазани инобатга олиб, достонлар матнининг имкон қадар тўғри бўлишига ҳаракат қилдик. Амалиётда фойдаланишга қулай бўлиши учун қўлланилган сўзнинг миқдори ва қавс ичида нашрдаги саҳифа рақамларини луғатда ҳам сақлаб қолдик.
Ушбу лексикографик луғатларни тузишда СамДУ профессори С.А.Каримов ва ТАТУ Самарқанд филиалининг кафедра мудири А.Қаршиевлар томонидан сўзлик, алфавитли, частотали ва терс луғатлар тузиш учун яратилган компьютер дастурларидан, шунингдек, ТДШИ профессори А.Иброҳимовнинг тажрибасидан ижодий фойдаландик. Мазкур олимларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларига суяндик, айрим ўринларда ижодий фойдаландик, кези келганда, қайта-қайта мурожаат қилдик. Бунинг учун муаллиф мазкур устозларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Ўзбек тилидаги муайян асар ёки шоир, адиб тили лексикасига бағишланган тадқиқотларда муаллиф сўз бойлигини белгилаш масаласида ягона принцип ишлаб чиқилмаганлигини, айрим ҳолларда имлонинг турғун эмаслиги, қўшма сўзлар имлосидаги ҳархиллик шоир-адиб сўз бойлигини аниқлашда қийинчилик келтириб чиқаришини, масалан, қоракўз — қора кўз, парипайкар — пари пайкар каби[3] ҳолатларни ҳисобга олиб, Фозил шоирнинг анъанавий достонларида ишлатилган сўзлар сонини яъни унинг сўз бойлигини аниқлашда қуйидаги тамойиллар асосида иш олиб бордик:
· сўзнинг фонетик вариатлари алоҳида-алоҳида сўз ҳисобланди — тов — тоғ, гаҳ-гоҳ, подшо -подшоҳ-пошшо; зўрабор-зўравон ва ҳ.к.;
· барча сўз туркумларига оид сўзлар алоҳида сўз ҳисобланди;
· лексемаларнинг шакллари (шахс-сон, келишик қўшимчалари билан, феълнинг замон, шахс-сон, нисбат, турли майллардаги шакллари) сўзлик луғатида битта сўз ҳисобланади. Масалан, гул, гули, гулдай, гулнинг, гулдайин кабилар битта сўз (гул); дарё, дарёдай, дарёдайин кабилар битта сўз (дарё); бўта, бўтадай, бўтадайин кабилар битта сўз (бўта); олма, олмадай, олмадайин кабилар битта сўз (олма) ҳисобланди;
· бирикмалардаги сўзлар алоҳида луғат бирлиги сифатида олинди. Масалан, очилган гулдай бирикмасидагиочилган ва гулдай сўзлари алоҳида олинди;
· ва боғловчиси (-ў, -ю) билан келган жуфт сўзлар алоҳида сўз деб олинди;
· боғловчи, кўмакчи, модал сўзлар ҳам алоҳида сўз ҳисобланди.
· сўзларнинг алфавитлаштирилишида компьютерда криллча-ўзбекча ҳарфларни кодлаштириш билан боғлиқ бўлган камчиликлар ҳам инобатга олинди. Ў,Қ,Ғ,Ҳ ҳарфлари компьютерда ҳудди у, к, г, х тарзида ўқилиши сўз ичидаги алфавитлаштириш жараёнига салбий таъсир кўрсатганлигини таъкидлаш лозим. Уларни амалдаги тартибда алфавитлаштириш катта қўл меҳнатини талаб қилишини ва луғат матнига компьютер ёрдамида қайта ишлов берилганида бу тартибнинг яна ўзгариб кетаверишини инобатга олиб, компьютер қандай алфавитлаштирилган бўлса, шу тартиб нашрда ҳам сақлаб қолинди. Бу ноқулайлик учун луғатдан фойдаланувчилардан муаллиф узр сўрайди.
Мазкур тамойиллар асосида Фозил шоирнинг «Ширин билан Шакар» достонида 23534 та сўз (6210 та сўзшакл) ишлатилганлигини аниқладик. Бу достонда ишлатилган сўзлар сонини унинг бошқа достонларидаги сўзлар сони билан таққослаш имкони мавжуд. «Фарҳод ва Ширин»да 16884 та сўз (4857 та сўзшакл), «Нурали»да 16316 та (5165 та сўзшакл), «Лайли ва Мажнун»да 15713 та (4655 та сўзшакл),, «Зевархон»да 15701 та (та сўзшакл 5053 та сўзшакл), «Баҳром ва Гуландом»да 21431 (6143та сўзшакл), «Малика айёр»да 44487 та сўз (9581 та сўзшакл), «Балогардон»да 19245 (5839 та сўзшакл), «Рустамхон»да 21672 та (6337 та сўзшакл) қўлланганлигини частотали луғатлардаги маълумотлар яна бир кара тасдиқлайди.
Энди бизда катта имкониятлар туғилди: тилшунослигимизда ҳали мутлоқо ўрганилмаган ва таҳлилга жалб этилмаган халқ бахшисининг эпик репертуаридаги 9 та анъанавий достонлари бўйича сўзлик ва частотали луғатлар тузгандан кейин уларда қўлланилган сўзларни бемалол илмий-амалий равишда, чоғиштириб ўрганиш имкониятлари яратилди. Бу жуда катта имконият: таъкидланган 9 та достонлардан қўлланиш даражаси энг юқори бўлган 100 та, 1000 та, 2000 та, 5000 та, 10000 та сўз ва ҳакозаларни бир жойга тўплаб, тилшуносликнинг қайси соҳаси ёки тармоғи бўлишидан қатъий назар илмий таҳлил қилишдан иборат.
Лекин, эпик достончилик мактабларининг профессионал вакиллари, энг аввало, Эргаш шоир, Пўлкан шоир, Ислом шоирнинг анъанавий достонлари бўйича бу хилдаги луғатларнинг ҳанузгача яратилмаганлиги сабабли, Фозил шоир достонлари лексикасини ҳозиргача бошқа халқ бахшилариники билан чоғиштириб ўрганиш, уларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, айни чоғда, бир-бирига яқин услуб ва сўз санъатидан фойдаланиш маҳоратлари ҳақида маълум бир кузатиш ишларини олиб бориш, натижаларга таяниб тегишли фикр-мулоҳазалар юритиш, асосли илмий-назарий хулосалар чиқариш имконияти йўқ.
Лекин, шундай бўлса-да, биз дастлабки уриниш сифатида Фозил шоирнинг юқорида таъкидланган 9 та достони бўйича сўзлик, алфавитли, частотали ва терс (чаппа) луғатларини туздик. Частотали луғатининг бир неча вариантлари ҳам яратилди. Улар: 1) алфавитли-частотали луғат, 2) энг кўп частотали сўзлардан бошланиб энг кам частотали сўзлар томон камайиб борадиган луғат, 3) энг кам частотали сўзлардан бошланиб энг кўп частотали сўзлар томон кўпайиб борадиган луғат.
Таъкидлаш лозимки, бу луғатларнинг ҳажми ниҳоятда катта бўлганлигини ҳисобга олиб, уларни амалиётда алоҳида-алоҳида, босқичма-босқич чоп этишни режалаштирдик. Улардаги лисоний материаллар ўзбек тили ва қипчоқ шеваларининг изоҳли луғатларини яратишда, профессионал халқ бахшиларининг эпик репертуаридаги анъанавий достонлар тилини ўрганиш ва бир-бирига қиёслашда, хусусан, Фозил шоир достонлари тилининг ўзига хос хусусиятлари, юқори ва кам частотали сўзларнинг нисбати, халқ бахшисининг сўз қўллашдаги маҳоратини белгилашда, асарлари тилининг изоҳли луғатини яратишда ишончли манба бўлиб хизмат қилиши табиий. Қолаверса, достонлар тили устида кузатишлар олиб бормоқчи бўлган барча тилшунос-мутахассислар ва тадқиқотчилар ушбу луғатлар ёрдамида Фозил шоир қўллаган сўз, сўзшакл, бу сўзшаклларнинг алфавит ёки терс (чаппа) тартибда қўлланиш частотаси ҳақида аниқ тасаввурларга эга бўла олади, — деб ўйлаймиз.
Фойдаланган адабиётлар
[1]Иброҳимов А. Бобур.«Девон»и тилидаги ўзлашма лексика. — Т., 2006. — 4-бет.
[2] Иброҳимов А. Бобур «Девон»и тилидаги ўзлашма лексика. — Т., 2006. — 13-бет.
[3] Иброҳимов А. Бобур «Девон»и тилидаги ўзлашма лексика. — Т., 2006. — 22-бет.
Манба : Fikr.uz