Самарқанд таърифин мадҳ этар қалам

Умарқул Пўлкан

Самарқандни севмай бўлмас

Қалдирғочнинг қанотидай қайрилди кўп замонлар,
Мард тарихнинг қўлларида синиб кетди камонлар,
Самарқандни асраб қолди, бироқ ишқу имонлар,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Самарқанд бу – тўзим билмас мангуликка ҳайкалдир,
Не савдодан сочи оппоқ, она ерга сайқалдир,
Бу кун менинг пешонамга битилган бир зарҳалдир,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Хатирчида, Нуротада, Иштиҳонда кезганман,
Зарафшоннинг зилолидан ажиб бир завқ сезганман,
Шоир бўлиб Самарқандда илк шеъримни ёзганман,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

У Жиззахнинг қўшнисидир, Хоразмга қариндош,
Зўр жанглардан омон қолган Бухоро -ла кўзу қош,
Унинг билан бир умрга оғайнидир кўҳна Шош,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Афросиёб бўйларида Улуғбекнинг изи бор,
Мадраслар пештоқида Навоийнинг сўзи бор,
Қиздай гўзал баҳори бор, болдай ширин ёзи бор,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстлрим.

Келажаги кундай очиқ, муроди кўп улкандир,
Фарзандлари омадбарор, бахт иқболи кулгандир,
Балки бири Жуманбулбул, балки бири Пўлкандир!
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Кўрмаганлар кўрмоққа зор, билмаганлар камдан- кам,
Регистонни бир кўрмоқни бахт деб билар кўп одам,
Армоним йўқ, бир умрга Самарқандда яшасам,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Амирқул Пўлкан

Мирзо Улуғбек

Гумбазларда – фалакнинг ранги,
Пештоқларда – минг йиллик ғубор,
Деворларда подшолар жанги
Акс этмишдир бешон, бешумор.

Миноралар кўкка бош тираб,
Фалакларга қилгандек зарда –
Кимларнингдир қасосин сўраб
Йиғлагудек турибди зўрға.

Кўк тош даҳма ичра бир сийрат,
Тош қотганча юммиш кўзини.
Шамолларга айланган ҳайрат,
Сағанага урар ўзини.

Сўнг чекинар қилгандек хато,
Ҳамда кўзёш тўкади хомуш.
Бир томонда янглишган ота,
Бир томонда маккор падаркуш!

Аммо мени эзар бир савол,
Саволларга бағрим тўлиқдек.
Сен не сабаб туғилдинг аввал,
Нечун эрта ўлдинг, Улуғбек?

Абдулатиф бермади омон,
Селоб қилди кўздан ёшингни!
Тахтингдан-ку воз кечдинг, султон,
Ахир нечун бердинг бошингни?!

Саволларга жавоб йўқ  – ғурбат,
Юлганидек тили – сўзини.
Шамолларга айланган ҳайрат,
Сағанага урар ўзини…

Самарқанднинг жонон қизлари

Кўрганларни ақлини олар,
Ойга ўхшаб кетар юзлари.
Парилардек хушсурат бўлар,
Самарқанднинг жонон қизлари.

Кўзларида – севгидан олов,
Қўлларида ишқ рамзи – кашта.
Қалбим менинг ёнганча лов -лов,
Кўчаларни кездим саргашта.

Бир қиз чулғаб олди ҳушимни,
Роз айтмоққа топмадим имкон.
Қилолмадим битар ишимни,
Қайтолмадим шаҳримга томон.

Тушларимга кирар ҳар саҳар,
Тортқилармиш сочларин сабо.
Эртак айтар эмиш ҳар сафар,
Кўксимга бош қўйиб дилрабо.

Бир қизмишки, сулув ва дуркун,
Қолармишман ўзимдан кетиб…
Мен васлига етгайман бир кун,
Ё ишқида кетгайман ўтиб.

1981.

Саодат Пўлканова

Самарқанд

Минори осмонла туташган шаҳрим,
Сени севмаслик бир гуноҳи азим,
Сенга бағишланар мадҳиям туркум,
Таърифинг сўйлайин мен сени бугун,
Жондан севган шаҳрим, она Самарқанд.

Куйлайин мен ёниб қишлоқларингни,
Дилга илҳом берган гулбоғларингни.
Ўлмас тоғу чексиз далаларингни,
Заҳмат чеккан азиз деҳқонларингни,
Куйлайин мен жўшиб, она Самарқанд.

Мадҳ этай Улуғбек боболаримни,
Дилларга завқ берган наволарингни,
Ҳузур бағишлаган ҳаволарингни,
Меҳри ёғиб турган момоларимни,
Мадҳ этай мен сени, она Самарқанд.

Регистон майдонин кўрганлар айтсин,
Сиёбинг бозорин кўрганлар айтсин,
Нодонлар ғаразли йўлидан қайтсин,
Қизлар куйлайверсин шўхчан ялласин,
Мен сени куйлагум, она Самарқанд.

Куйлайин мардона, куйлайин жўшиб,
Меҳру муҳаббатим шеъримга қўшиб,
Ўтиб борар умр шамолдек шошиб,
Қалбимда қувочу армонлар тошиб,
Куйлайин онамдек азиз Самарқанд.
1997.

This entry was posted in Крилл алифбосида, Шеърлар. Bookmark the permalink.

Comments are closed.