Гўрўғлининг туғилиши


Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан шоир

 

(Достондан парча)

Гўрўғлибек Райҳон арабнинг шаҳрини излаб, йўлда жўнаб кета берди. Лекин қайси тарафга боришини ҳам билмайди:

Чоқмоғига қув олди,
Меҳтарга сув олди,
Чоқламайин, Гўрўғли,
Қистади йўлга тушди.
Неча қирлардан ошди,
Ғирот тобга келибди.
Жонивор оғзин очди,
Қўлтиқдан парқин сочди.

Чайқалур Ойдиннинг кўли,
Чангийди юрган йўли.
Ғанимларга жазо, деб,
Эрта билан бўза деб
Ғайрат қилиб бекбачча,
Узоқ йўлга жўнади
Юрган жойи ёнади.
Остида Ғиркўк оти,
Қушдай учиб боради.
Гоҳи тоғ, гоҳи кўлда,
Ол- ҳо, кетиб боради.
Ҳайло, кетиб боради.
Миниб отнинг белига,
Кун ёйилиб чошгоҳда,
Кириб борди бир подшонинг элига.

Гўрўғлибек кўзини очиб қараса, катта бир шаҳар кўзга кўринди. Дарёлар оққан, кўрган одамларнинг ақли шошган, ичида сол, кема, қайиқлар қуртдай қимирлаб ҳар тарафга келиб, кетиб бораётибди. шундай тикилиб қараса, шаҳарнинг ичида неча бир ерларда катта мачитлар. мадрасалар, миноралар кўринди. Гўрўғлибекнинг завқи келиб юриб кетди. Бир катта салтанатли дарвозага етди. Қараса дарвозанинг ҳар чеккасида ўн етти жойда қоровулхонаси бор. Шу хоналаридан катта – катта тўпларни далага қаратиб чиқариб қўйибди. Жуда салтанатли, жуда катта жой кўринди. Гўрўғли бу жой катта жой экан, деб дарвозадан кирмай, бир Кўкбулоқ деган булоққа етди. Қараса, бир хотин ўлтирипти, ўзи ориқ, ранглари сариқ, узун бўйли, шер ўмганли, қўлида кўзаси бор. Қўлидаги кўзасини тўлдириб, қўлтиғига тираб, Гўрўғлибекка қараб, ”бу келган, қандай ажали етган одам экан”, деб қараб турибди. Гўрўғлибек ҳалиги хотинга қараб, оёғини узангига тираб, ”бу қандай шаҳар, дарвоза кимнинг уйи” деб, бир сўз деди:

Ақли борнинг бўладикан кўп ўйи,
Кўзасини тўлдириб турган муштипар,
Наққошли жой, қандай одам саройи?

Адо бўлмас тор сийнамнинг ҳасрати,
Салтанатман тўп қўйибди ҳар ёққа,
Салтанатли работ кимнинг работи?
Кўзангни тўлдириб турмай, қарайсан,
Наққошли жой қандай хоннинг макони?
Худоё кетгай-да, юракнинг дарди
Оша юртдан ошиб келдим, сўрайман,
Мана турган, қандай шоҳнинг боғоти?

Бечора муштипар аёл бу сўзни эшитиб, юрак-бағри эзилиб, кўзидан ёши тизилиб,Гўрўғлибекка қараб бир сўз деди:

Яхшилик кўр, ёмонликни кўрмагин,
Кўп йилгача узоқ яша, ўлмагин!
Мени десанг, кетгин келган йўлингга,
Райҳон подшо кўриб, ўзинг ўлмагин!

Бу маккор Райҳон арабнинг жойи,
Чироққинам кўрса сени ўлдирар,
Қизил гулсан, очилмайин сўлдирар,
Кўрсатмайди сенга ўз элатингни
Кундан-кунга зиёд қип ҳасратингни.
Раҳми келмас, Райҳон араб ўлдирар.

Ўлжа қилар остингдаги отингни,
Оқизар чироғим, кўздан ёшингни
Қузғунга торттирар сенинг гўштингни,
Ўлжа қилиб, кийим билан отингни,
Кесиб олар шу танангдан бошингни.

Ёш ўғлонсан раҳм айладим ҳолингга,
Кескир ханжарни боғлабсан белингга.
Райҳон араб кўрса сени ўлдирар,
Чироғим кета бер, келган йўлингга!

Гўрўғлибек муштипардан бу сўзни эшитиб, чиройи очилиб, оғзидан дурлар сочилиб, Ғироти жўш қилиб, филдай бўлиб пишқириб, ”мурод мақсадимга етдим”, деб юраги тошиб, ҳалиги бечора аёлга қараб, бир сўз деди:

Бедов минган тоғдан пастга чопинди,
Ёзнинг куни ботир қалқон ёпинди.
Минг мартаба шукур қилай, муштипар.
Излаганим ўз олдимдан топилди.

Қулоқ солгин гапнинг ёлғон ростига,
Пойлаб юрдим юнг соқолнинг қасдига.
Ўлади деб хафа бўлма муштипар,
Шукур кепман тарафимнинг устига!
Сен гапирдинг юрагимда черим бор,
Мард йигитман номус билан орим бор.
Энди шукур, етибман муродима,
Ширвон элда сўлқиллаган ёрим бор.

Йиғлатган элимда бир нечамни,
Юракларда ғам кўп, дардман анчамди*.
”Байталингга отимни қўяман” деб,
Оп келувди Холжувондай чечамди.

Кенгаш чиқар элнинг катта бийидан,
Гўрўғли той деб чиққан Ёвмит уйидан.
Вой болам, деб ўпкасини босолмай,
Шу аёл чинқириб турди жойидан.

Сарғайган экан-да, бебахтнинг юзи,
Қоши қаро эди, дарё қундузи
Бунинг ўзи Туркман элнинг азизи.
Шундайин Гўрўғли тиклаб қараса,
Келаётган Холжувонойнинг ўзи.

Йиғлаб қолган элида бир нечаси,
Қаторга тиркалган норча, лўкчаси.
Гўрўғли шундайин тиклаб қараса,
Баччажон, деб ўпкасини босолмай
Келаётган Холжувондай чечаси.

Эна, деб Гўрўғли кўзин ёшлади,
Қамчисини оғзига олиб тишлади.
Отининг тизгинин солиб билакка
– Вой энам! – деб Ғирдан ўзин ташлади.
Томоша айланг, Ҳолжувоннинг ишига,
Давлат турмас такобирнинг бошида.
Баччажон, деб қулочини ёзиб оп,
Болам деб айқалаб олди тўшига.
Тўхтатолмай Гўрўғлибек ўзини,
Мерганлар овлайди кўлнинг ғозини,
Бу энам деб, у болам деб йиғлайди
Искалаб юзига қўйиб юзини.
Бек бўлмай қўлларига добил туймайди,
Хафа  бўлмай кўздан ёшни қўймайди.
Болам, деб қучоқлаб олиб қайнисин,
Ислалайди меҳрига ҳеч тўймайди.
Гўрўғлини ёздиргани қўймайди,
Гўрўғлининг кокилларин силайди.
Чечан экан гапни гапга улайди,
Искалаб юзига юзини қўйиб,
Тақдир қурсин, деб меҳрига тўймайди.

Гўрўғлибекман Холжувонойим иккови бир-бири билан кўришиб, ҳол аҳвол сўраб Холжувонойим Гўрўғлибекка қараб, оҳ тортиб бир сўз деди:

Тоғларнинг бошини чолган туманим,
Ёвмит эли қадимгидай замонми?
Ўлмай кўрдим, чироққинам ўзингни,
Салтанатли Аҳмад тоғанг омонми?

Юракларим бўлган тўла қонми?
Кўчаларда неча беклар сарсонми?
Ўлмай кўрдим, сенинг ойдай бетингни,
Ёвмит подшоси Урайхон омонми?

Сарғайиб мендай чечанг рўйлари,
Оҳ деса соп бўлмай қолар ўйлари.
Қайтибгина келдинг, Ширвон элига,
Эсон-омонмикан Ёвмит бийлари?
Сарғайганди Холжувоннинг юзлари.
Энди ўлсам, худодан йўқ армоним,
Саломат юрибми кўркам қизлари?
Мендай чечанг кўздан ёшни тўкибди,
Чечанг ўлсин, қаддин ёйдан букибди.
Ёппа- ёвлик қариндошлар омонми?

Ўлмай кўрдим, дардинг урсин ўзимни,
Мен эшитдим, эна деган сўзингни.
Холжувонман, изларингдан, айланай,
Чироққинам кўрдим икки кўзингни.

Гўрўғлибек :
– Эй чеча, бу дамни ғанимат билмоқ керак. Бу , Ширвоннинг юрти, катта тараф -душманимнинг мамлакати. Биров юнг босган Райҳон подшога бориб айтар, бурқиллаб теварагимни кўп лашкар олар, вақтли туринг, орқамга мингашинг, кетамиз Ёвмит элига, – деди. Холжувонойим айтди :
– Чироғим, менинг Ширвон элига келганимга уч йил бўлибди, лекин Райҳон арабга бир коса сув қўлимдан берганим йўқ. Агар сен мени олиб кетсанг, Ёвмитга етсанг маърака масжлисларда, одамлар ”Гўрўғлибек хўп иш қилибди, уч йилдан бери Райҳон араб хотин қилиб, юрган чечасини олиб келибди” дейди. Менинг касофатим сенга тегади. Давлатингиз, мартабангиз, элларнинг ичида паст бўлади, ”чечангизни Райҳон араб ундай қилган, бундай қилган” деб душманларинг айтади. Гўрўғлибек, энди сизга айтадиган бир гапим бор: Райҳон арабнинг бир қизи бор, ярим белидан пасти бир ботмон, ярим белидан юқориси икки ботмон. Ўзи тўшли, тўладан келган гўштли, ширин сўзли, қизил юзли, жоду кўзли, саратон юлдузли, лаъл мунчоқли, ойдан сулув, офтобдан ортиқ, ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор. Ҳар  бир нарса дегудай, ҳар бир барно кўргудай, ана шу қизнинг чин оти Хуморой, лақаби Зайдиной. Шуни олиб қочиб кетинг. Эртан Зайдинойни ”кир юваман” деб кирга олиб чиқаман, шуни олиб қочиб кетсангиз, ҳамма ор -номусга баробар бўлади. Мана, Гулшанчорбоғда ётиб дамингизни олиб туринг, – деди. Гўрўғлибек Холжувондан  бу сўзни эшитиб:
– Хайр эса, – деб, Гулшан боғда ётиб қолди. Шуйтиб, Гўрўғлибек ётиб турсин, Холжувондан эшитинг!
Холжувон ойим кетди, ўрдага етди. Холжувон уч йилдан бери Туркманнинг уруғи қуримаса, бир кун бир туркман ўғлони келиб олиб кетади, деб Райҳон араб билан гаплашган эмас, бир коса сув ҳам берган эмас эди.
Райҳон арабнинг оти Ғиротнинг исини олиб,  боласи эмасми, эгаси Райҳон подшога савдо тушарини билиб, қозиқда туриб тинмасдан кишнаб, айланиб ётибди. Кечқурун бўлиб, тонг ҳам отди. Райҳон арабнинг тўқсон турли читдан бўлган бир кўрпаси бор эди. Шуни ёпиниб ётиб эди. Шунда Холжувон Райҳон арабга қараб:
– Мен Кўкбулоққа кир ювишга чиқиб келай, – деди.
Унда Райҳон араб Холжувонга айтди:
– Сен кирга чиқсанг мен нима кияман?
Холжувон айтди:
– Сени ким кўраётибди. Кўйлак-иштонларингни ечиб бериб яланғоч бўлиб, кўрпага ўраниб ёта бер. Мен кирни дарров ювиб келаман. Қуриб қолади, кийиб оласан, – деди. Райҳон араб кўйлак – иштонларини ечиб, Холжувоннинг олдига қараб отди. Холжувон айтди:
– Зайдиной қизингни кир ювишга менга қўшиб юбор.
Шунда Райҳон араб:
– Кирни ювмасанг ювиқсиз қолсин, пешонамда бир қиз бор, бунинг ҳам қўлини қабартириб кир ювдирайинми? –  деди. Холжувонойим айтди:
– Кўкбулоқда бир ўзим кир ювиб юрганда бир сув ёқлаган келади, мени ушлаб олади, дод деганимни ким эшитади, уяти ўзингга қолади, – деди. Райҳон араб буни эшитиб, ”рост айтади”, деб қизини олдига чиқариб олиб:
– Зайдиной, бор, энанг билан кир ювишиб кел, – деди. Зайдиной:
– Хўш, – деди. Холжувонойим билан Зайдиной иккови бир бўлиб, кирларни кўтариб, Кўкбулоқнинг олдига етди. Зайдиной етиб, энасига қараб, бошини чайқаб, бир сўз деди:

Отамнинг очилган гули сўлибди,
Кун қиёмат қари отамга бўлибди.
Кири қурсин, юринг эна кетамиз,
Оша юртдан элга душман келибди!

Аросат майдонда отин елибди,
Душманига йўқ савдони солибди.
Хаёл қилманг, эна, юринг ўрдага,
Ғайри юртдан элга душман келибди!

Эшит эна, Зайдинойнинг сўзини,
Ўлдиради қари отамнинг ўзини!
Бир элатдан катта тараф келибди,
Кўрмайсизми, дўнон тойнинг изини?

Мавж уриб, мисли дарёдай тошибди,
Буни кўриб ақлгинам шошибди,
Хаялламай тезроқ уйга етайлик,
Оёғи қуббадай ерга тушибди!

Холжувон Зайдинойга қараб, ”охир замоннинг боласида, уят борми” деб бир сўз айтаётибди:

Отангизга чучук сўйладим,
Саҳар келиб, Кўкбулоқни лойладим.
Отанг оти етти марта бўшалди,
Ҳар марта, ”моҳ-моҳлаб” ушлаб бойладим.

Хушвақт билан ўткар баҳор ёзини,
Англа болам, Холжувоннинг сўзини!
Отангнинг оти шу ерда ўйнаган,
Танимадинг, отанг отин изини.

Айланай, бизлардан хабар олмадинг,
Сени бойвачча тун уйқуни бўлмадинг,
Маст бедов шу ердан ўйнаб ўтганди.

Гапингга ичим ғамга тўлади,
Ёш баччасан, тун нимани билмайсан,
Ўйнаганда катта тулпор изи ҳам
Шундайчоқ бўп кичик бўлиб қолади.

Зайдиной Холжувонойимга қараб, бир сўз деди:

Э энажон, бугун саҳар туш кўрдим,
Мен тушимда бир қабоҳат иш кўрдим.
Шу ерга кеп, мен кир ювиб ётганда,
Ўн беш яшар баччани йўлдош кўрдим.

Фириб билан ушлаб олди қўлимдан,
Зўрлик билан олиб кетди қўлимдан.
Бир шаҳарга олиб борди ўзимни,
Бир қари одам қучиб ётди белимдан.
Солланиб сўраганда ширин тилимдан,
Хотин қип, хизматкор қилган бўлиб.
Шу баччанинг ўзи тарафсиз полвон,
Ёнида ярқиллар кескир исфиҳон,
Олиб қочиб кетди, менинг ўзимни.
Туши қурсин таъбирлари кўп ёмон.
Бир мўйсафид хотин қилди бегумон.
Тезроқ юринг, энажон, иш ёмон.

Холжувонойим, туш ҳам дунёда гапми, деб кир қозонини қура берди. Зайдиной лаганни ерга отиб юборди, лаган тошга тегиб жангирлаб кетди, энасига қарамай араз уриб, уйига қараб  чопиб  кетди. Буни кўриб, ”иш ёмон бўлди”, деб Ҳолжувонойим ҳам илдам-илдам кийимларнинг барини қора балчиқ лойга тиқиб ҳўл ҳолича бир лой кўйлакни ичига солиб, бир рўмол билан ўраб кўтариб булоққа борадиган бошқа йўл билан Зайдинойдан илгари уйига етди, уҳ , деб кийимларни ерга олиб урди. Ҳолжувон хафа бўлиб келди, буни Райҳон араб кўрди:
– Нимага тағин қайтиб келдинг, – деди. Холжувонойим Райҳон арабга қараб, бир сўз деди:

Билдирайин билмаганинг билмасанг,
Шоҳ тўра мақсага етгин ўлмасанг.
Кўрган сирни сизга айтай полвоним,
Тағин- а, кўнглингга оғир олмасанг.

Аналман Мансурга қурган дор экан,
Энди ўйласам, бу манглайим шўр экан.
Келганимнинг маънисини айтайин,
Қизинг қурсин бир ўйнаши бор экан.

Силкиллаб жувонмарг вақтин хушлайди,
Бошин чайқаб, лабгинасин тишлайди.
Ким экан деб, ўзим туриб қарасам,
Шу жувонмарг ўзин бастгоҳ ташлайди.

Қулоқ сол шоҳ тўрам менинг дотима,
Рози бўлдим қайтайин қисматима.
Қочиб кетса ўйнашиман ер ютгур,
Бир кун тонглар таъна қилма афтима!

Райҳон араб айтди:
– Бўлди, бўлди гап келди. Лекин шу шаҳарга кечадан бери Гўрўғли пайдо бўлди. Ҳар кун жувонмаргни тергаб юрар эдим. Кеча сенга мен андармон бўлиб қолибман. Бу жувонмарг Гўрўғлини кўрган. Ҳар нима бўлса. қизни бўй еткизмай ватандан чиқарадиган. Қандай қилай, бу ишлар ўзимиздан бўлган. Э, хотин дурбинни ол!
Холжувон кийимларни дарров панага торди, Холжувон:
– Райҳон подшо, кўрпангни бўйинингга илиб, яланғоч минорнинг боши чиқиб дурбини кўрмоққа одамлардан уялмайсанми? Мен ўзим  дурбинин кўриб, ким бор, ким йўқлигини айтсам ишонмайсанми? – деди.
Райҳон араб :
– Мен сенинг гапингга минг марта ишонаман, лекин ўзим дурбини кўриб, душман келган бўлса ушлаб олиб, ўлдириб, қонини тўкаман деб эдим- да. Эса сен ўзинг бор, минорга чиқиб дурбини кўриб кел! Ҳар нима бўлса менга келиб айт! Мен ўзим душманнинг ишини қиламан,-  деди. Холжувонойим қўлига дурбини олиб, миноранинг устига чиқиб кетди. Лекин Холжувон минорга чиқиб кетган бўлса ҳам, Райҳон араб ўрнидан туриб, қўлига нўхатдан олиб, фол кўриб, ”келган душман Гўрўғли экан”, деб ётди. Лекин ”ҳар нима бўлса ҳам келгани рост бўлса Холжувон минорнинг устидан кўриб, менга айтади”, деб ётди.
Холжувоннинг айтган сўзи будир:

Қуржун кўлга мингча байтал келибди,
Ўзинг ўлмай ким келади Ширвонга.
Кўрдим даврон сурсанг манзил маконда,
Сиздайин полвон йўқ мана жаҳонда.
Кўлга келган қисир байтал кўп экан,
Ўзинг ўлмай, ким келади Ширвонга?

Маст байталлар Қуло чўлда елибди,
Чулқордан юриб Қуржун кўлга келибди.
Айғир отинг шунинг исин олибди,
Кишнагани, тўрам, шундай бўлибди.
Сиздай полвон эсон – омон турганда,
Ўзинг ўлмай, ким келади Ширвонга?

Бундан буён яхши салла ўрагин,
Соқолингни силдиратиб тарагин!
Гапгинама ишонмасанг полвоним,
Мендан кейин ўзинг чиқиб қарагин!

This entry was posted in Крилл алифбосида, Ўзбек достонлари. Bookmark the permalink.

Comments are closed.