Kategorier
Умарқул Пўлкан

Бир баҳор достони

 

Умарқул Пўлкан

 

 

(Достондан парча)

Урушнинг даҳшатли кунлари чекинган ғанимнинг бели букилган, қонли кўзидан ёши дув-дув тўкилган олабасир дамлар эди. Аскарларимиз жангларда ғалаба устига ғалабага эришиб, ёвни ўз уяси томон шиддат билан қувиб борарди. Буюк ғалаба кунларига саноқли кунлар қолган эди.
Ҳарбий комиссариатдагилар Аҳадга: ”Урушнинг кўпи кетиб, ози қолди, ёш экансан, колхозингга бориб ишлайвер!” деб уни қайтариб юборишади. Учинчи марта ариза ёзиб келиб ҳам ҳеч иш чиқаролмаган Аҳад ноиложликдан Жизмонсойга қайтиб келиб, ишни бошлаб юборди.
Аҳаднинг ота-бобоси чўпон ўтган эди, узоқ-яқинга донғи кетган эди. Тўнғич акаси машҳур овчи бўлиб етишиб, Тошетмас деган  жойда ёлдор бўрининг кўзидан отган эди. Ҳамма ўн етти ёшли йигитларга ўхшаб Аҳаднинг ҳам суйгани, ишқида оҳ уриб, куйгани бор эди. У ҳам бўлса чиноқлик Жолғош подачининг яккаю ягона Туратош исмли қизи эди. Икковиям чорвадор авлодидан,икковиям қўйнинг қийига қараб нима еганини айтиб берадиган, девор бўлмаса кўчани кўрадиган болалар.

Туратош колхозда бош чўпон эди, ҳам раиснинг чорвачилик бўйича муовини эди. Аҳадни ёрдамчи қилиб олди. Етти отарда олтита чўпон бўлиб, бир отар қўй-қўзини Туратошнинг ўзи боқар эди. Аҳаднинг чўпон бўлиб келиши жуда яхши бўлди. Туратош кечалари қўй боқишдан қутулиб, етти чўпонга бош бўлиб юрадиган бўлди.
Кундуз куни етти отар етти жойга ёйилиб кетади. Фақат кечалари чўпонлар ўз қўй қўзиларини сой бўйидаги қўтонларга ҳайдаб тушишади. Аҳад қош қорайганда қўйларини қўтонга ҳайдаб келди. Қўтон деган ҳам бир одам бўйи девор билан ўралган, қий ахлати чала – чулпа куралган, эшик ўрнига эски бир дарвозанинг ярмиси тиралган жой эди, кўриб жаҳли чиқди. Лекин пайти келиб, буни ҳақиқий қўтонга айлантиришнинг режасини кўнглига тугиб қўйди.
Қўтондан сал нарида  – жилға тарафда қора ўтов қоронғида етти бошли девдай бўлиб қаққайиб турибди. Бу ўтовнинг бекасиям, эгасиям, фариштасиям, сариштасиям Момохол момо деган кампир эди. Икки ўғли урушда ўлиб, ҳижрон азобидан юраги қонга тўлиб, тор уйда қамалиб ётгандан кўра иш билан андармон бўлгани яхши, деб шу ерга келиб қолган эди. Чўпон- чўлиқларнинг оби ёвғонини қайнатиб, крини ювиб, ямоғини ямаб юрарди.
Аҳад ўтов томон бораркан, ёрғичоқда жувари майдалаётган Момохол момнинг хазин овозини эшитиб тўхтади. Ўғлидан, орзу- умидларидан жудо бўлган аёл зор қақшаб нола қилар, бўтадек бўзлар, дардини айтиб йиғларди:

Мени ёлғиз ташлаб кетган боламов!
Юрак -бағрим кабоб этган боламов!
Лойқа сувдай тиниб кетган боламов!
Ўт ичида ёниб кетган боламов!
Биров эмас, икков эдинг боламов!
Тойчоқ эмас, бедов эдинг боламов!
Лахта – лахта қонлар ютган боламов!
Қора ерда қақраб ётган боламов!
Осмондаги юлдуз эдинг боламов!
Кўрар кўзим  – кундуз эдинг боламов!

Момохол момони айтиб йиғлашини кўриб, Аҳаднинг кўнгли бузилиб кетди, кўзидан ёши тизилиб кетди. Беихтиёр момосининг олдига бориб қолганини ўзи сезмай қолди. Қоронғида Момохол момо Аҳадни яхши таниёлмай, шошганидан ўзини ўнглолмай, кўзидан ёшини сидириб, бир пой кавушини тополмай қидириб ўрнидан туриб, шундай сўзларни айтаётир:

Қоронғининг ёруғлиги ой бўлар,
Ботирнинг қуроли найза – ёй бўлар.
Элга эл кўнгилса катта давлатдир,
Булоқлар қўшилиб катта сой бўлар.

Бургутнинг қўнгани баланд қоядир,
Гўзаллар тул қолса сочин ёядир.
Сени кўриб, болам тушди ёдимга:
Бола деб жигарим  – боврим куядир.

Хуш кепсан, бўйингдан момонг айлансин,
Душманинг дуч бўлса тили бойлансин.
Ғайрати танига сиғмас полвоним,
Хуш кепсан, қаддингдан, момонг айлансин!

Бола, деб момангнинг кўзи нам бўлар,
Юрт учун беш йилки, тинмай жанг бўлар!
Чўпонлик таёғин тутган меҳмоним,
Мард чиқса, номарднинг ҳоли танг бўлар!

Қарасам офтобдай кулган тарзинг бор,
Юлдуздай чақнаган ўткир кўзинг бор,
Ўзингни танитгин кимнинг ўғлисан?
Ой каби тўлишган ойдек юзинг бор.

Аҳад момосига ўзини танитиб, уёқ – буёқдан гапириб. кўнглини кўтариб, дастурхондаги қатти қутти нондан, оби ёвғондан тотиниб ўтирди. Аҳад, момонинг ўғиллари  – Жўрақул ва Жумақулни танир эди. Шундай ажойиб йигтиларнинг урушда қурбон бўлганини билиб, кўнгли эзилди. Урушга боролмаганини эслаб, уларнинг олдида ўзини айбдордек ҳис қила бошлади. Вақт алламаҳал бўлганда уйқуси келаётганини баҳона қилиб ўз отари ёнига қайтди. Ҳаво тоза, ой сутдек ёруғ эди. Аҳад белидаги чилвирини ечиб, бир учини бўғоз қўйнинг бўйнига, бир учини билагига бойлаб уйқуга кетди. Чўпонликнинг биринчи куни эмасми, бамайлихотир ухлолмади. Тун ярмидан оққанда ўрнидан туриб, Туратошнинг гапи эсига тушиб қўйларни бир қўзғаб қўйди. Кўкламнинг туни бир тутам бўлмайдими, ана-мана дегунча дарров тонг отди. Очиқ ҳавода ётиб, тонги шабада бир оз танидан ўтиб, кўк қўйнинг бўйиндаги чилвирини ечиб, қўйларини ёйиб юборди- да, момосининг ўтовига бориб, бир ҳовуч майиз билан нон олиб келди. Ҳалиги кўк қўйини бошқа қўйлар ичидан ажратиб олиб, ўзига ўргатиб олиш учун бир тишлам бир тишлам нон бериб, унинг қилиқларини яхши кўриб, ўзича сўйланиб, турибди:

Тувай, тувай дўнаним,
Совлиғим ҳам ғўнаним,
Тувай десам тушинган:
Ма, нон егин деганим.

Тувай- тувай деганда,
Келгин мен нон еганда,
Қараб турмай деганда.
Қўйим тувай деганда.

Менга энди йўлдош бўл,
Қийин келса қўлдош бўл.
Мен бир оз дам олганда
Отарга кўзу қош бўл!
Тувай- тувай дўнаним,
Совлиғим ҳам ғўнаним…

Ана шундай қилиб, Аҳад кўк қўйи билан иноқлашиб, нон бериб қўноқлашиб, чўпонлик қилиб юраберсин, энди гапни Туратош қиздан эшитмоқ даркор. Аҳад -ку, чўпон таёғини судраб, қўй- қўзининг ортидан тинчгина юрибди, лекин Туратошда тиним йўқ. Бутун чорвага ўзи бош эмасми, ҳали у отарга, ҳали бу отарга боради, каттани ака, кичикни ука дейди, ишқилиб, бу йилги қўзилатиш мавсумини бехатар ўтказиш учун елиб югуради. Чўпоннинг сараси бари урушга кетган, уларнинг ўрнида қари-қартанг, ёш- яланглар қолишган. Кексаларнинг куч-ғайрати йўқ, ёшлар чўпонликнинг сир асрорини билмайди.
Туратош қандай қиз  – юрагида ўти бор, остида саман оти бор. Ҳали у қишлоқда пайдо бўлса, ҳали бу қишлоқда пайдо бўлади. Кечани-кеча, кундузни-кундуз демай елиб югуради. Қиз бола боши билан эркаклар орасида юради. У бутун Чиноқдаги отарларни айланиб чиқиб, жуда хафа бўлиб кетди.
Тоғда нима кўп, бўри кўп –  гоҳ у қишлоқда гоҳ бу қишлоқдаги отарларга яна бўри борибди. Яна ана анча мунча қўй-эчки нобут бўпти. Баъзи чўпонлар ”милтиқ топиб бермасанг биздан пландаги қўзини талаб қилиб олдимизга келма” дейишди. Туратош иложсиз қолди. У милтиғи йўқ чўпонларга колхоздан ҳар бир отарга биттадан ов милтиғи олиб келиб берадиган бўлди. Туратошнинг гапларини эшитиб, чўпонлар ўйланиб қолишди. Қўшмоқ бобо, лақаби Пашмак бобо деган бир чўпон бор эди. У доим чилим чекиб, машойихлардан уч тўрт сатр шеърни, ғазалларни ўқиб юрарди. Бунинг устига умрида бирор орзусига етмаган, иягига беш- олти мўй битмаган кўса бўлгани учун одамлар уни Пашмак бобо дейишарди. Унинг Қўшмоқ бобо деган исмини деярли кўпчилик билишмасди. Ана шу юраги така -пука бўлиб, димоғи куйиб. чилимини бир ёнига қўйиб, бир тадбир излаб, ўз дардини сўзлаб, шундай деб турибди:

Қизим, эшит менинг сўзим,
Уч кун бўлди сарсон ўзим,
Балки айтмоқ эмас лозим,
Айтмай десам армон бўлди.

Қуриб кетсин тоғнинг ўри,
Пайдо бўлди ёлдор бўри!
Уч қўйнинг қуриди шўри,
Оёғим  бедармон бўлди.

Аввал итимни ўлдирди,
Ичимни ғамга тўлдирди.
Бўри айёр бўлар экан,
Менга зўрлигини билдирди,
Юрагим бутун қон бўлди.

Кетди айёр сувим лойлаб,
Семизини олди сайлаб.
Тушириб қолдим ҳай ҳайлаб,
Тутолмаслик мендан бўлди.

Уни сўйиб қилдим ҳалол,
Келмасин деб сўзим малол,
Учта ҳаром, битта ҳалол,
Гавда мисли ширдон бўлди.

Колхоздан қолдим уятга,
Ичим тўлгандир ҳасратга,
Агар қўшсанг растаратга,
Тўлайдиган кармон бўлди.

Қандай қилай энди қизим,
Айбдорман ахир ўзим,
Қизармасин десанг юзим,
Эндиги гап сендан бўлди?

Туратош Пашмак бобонинг сўзларини тинглаб, аҳволини англаб, Чиноқда яна бўри пайдо бўлганидан  жаҳли чиқиб, уёқ- буёққа қараб, аланглаб қолди. Уришай деса, тили калимага келмайди, маслаҳат беришини билмайди. У қўйларни бўри билан олиб кетиш сабабларини Пашмак бобонинг қарилигидан деб билди. Боши қотиб, қоронғу номозшомда уйига жўнади.
Туратош хаёл дарёсига ботиб, боши қотиб уйига жўнайверсин, энди гапни ферма мудири Абди акадан эштимоқ даркор. Абди ака дегани ёши элликдан ошган, олдидаги бир икки тиши тушган, ичидан пишган, бир гапга минг ёлғонни қўшган, кўринган чўпон билан кунда бир марта, бўлмаса икки марта чақчайиб уришган. имонсиз одам. Бунисиям майлию, юлғичликда, ҳаромхўрликда бу яқин ўртада мисли топилмайди. Чўпонларга дўқ қилиб, отарларга Туратош йўқ пайтида келиб, қиларини қилиб, у бу нарсани илиб кетади. Чўпон бечоралар дардини кимга айтишини билмай зор қақшаб қолаверади. Йигитнинг зўри қон кечиб, жон олиб, жон бериб юрган шундай бир пайтда у фақат тешик томоғини ўйлайди. Хотин қўйиб, хотин олади. Жангга кетган йигитларнинг бевасига осилади. Буни билганлар ич- ичидан ўкинади, эшитганлар жаҳли чиқиб сўкинади.
Мана ҳозир ҳам Абди ака Пардавойнинг отаридан бирор нима ўмаришни истаб, отини қистаб, ”Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг иши битар” деб йўртиб кетиб бораётир. Бахтига Пардавой қўйларини сой бўйида сувлатиб турган экан, ферма мудирини кўриб унинг ёнига келди. Одоб сақлаб салом берди. Абди ака эса ўзини Пардавойга яқин олиб, шумлигини ишга солиб, айёр кўзларини қисиб, қўли билан ҳавони кесиб,бир сўз айтаётир:

Эр йигитман, номусим бор, орим бор,
Юким ерда қолмас, сендек норим бор.
Қариндошмиз азал абад, жияним,
Овлоқ жойда сенга айтар зорим бор.

Зилол сувлар тўлиб оқар сойлардан,
Кўнгил баҳра олар кўркам жойлардан.
Шу кунларда менга бир оз пул керак,
Ўзинг сотиб бергин семиз қўйлардан.

Кўп ўйланма сен тоғангнинг сўзидан,
Сен йўлбарссан!.. Йўлбарс қайтмас изидан.
Қанча сотсанг, сотгин жиян, сир тутиб,
Ўрнига қўярсан туққан қўзидан.

Пардавой дарҳақиқат Абди аканинг ишонган тоғи суянган боғи, туққан жияни эди. Лекин ферма мудирининг бу сўзларидан ваҳимага тушиб, ақли шошиб, тоғасига қараб шундай деб турибди:

Қариндошман, гапни гапга улайман,
Тоғам. деб худодан соғлик тилайман.
Бошингизга иш тушибди, ғам еманг!
Бугун тунда уйга бориб келай мен.

Мард йигитнинг имони бут бўлади,
Бу дунёга ким икки бор келади?
Сиз учун мен ҳар нарсага тайёрман,
Пул дегани ҳали қийраб қолади!

Йўлдан қолманг, кечроқ ўзим бораман,
Нима бўлса пешонамдан кўраман.
Моли жоним, пулим сиздан садаға,
Топганимни олиб бориб бераман.

Абди ака Пардавойдан кўнгли тўлиб, унинг содда. тўпорилигини билиб, ичида кулиб, кетар олдидан қариндошига майингина қилиб, қамчинини эгарнинг қошига илиб, шундай деб турибди:

Баҳор келса гуллар чаман бўлади,
Яхшилик ҳам турли туман бўлади.
Бирортага гуллаб қўйма оғзингдан,
Айтиб қўйсанг менга ёмон бўлади.

Жияним, сир тутгин, ошкор қилмагин!
Раис, Туратошни ҳазил билмагин!
Минбаъд буни айта кўрма ҳеч кимга,
Айтиб, тағин ёмон кунга қолмагин!

Қариндошман, мен қадрингга куяман,
Бургутман. ўлжамнинг кўзин ўяман.
Пайти келиб, раис бўлсам бир куни,
Ўзим сени бош чўпон қип қўяман…

Туш пайтига келиб барча чўпонларнинг отарлари Баландқирга тўпланди. Туратош ҳам ҳафтада бир кун ярим кун уйига бориб келмаса, қолган вақтлари доимо шу ерда. Момохол момо шу- шу, қадимгисидай ҳеч ким йўғида. кўз ёшини кўрсатмай, болаларини йўқлаб йиғлаб олади. Лекин шунга қарамай, у ўтови атрофида одам кўпайганидан ёлғизлик ва фарзанд доғи зада қилган юрагига таскин берувчилар топилганидан хурсанд. Эрта тонгдан қора кечгача бечоранинг боши қозон товоқдан чиқмайди. лекин шунга ҳам шукур қилади, худодан урушга кетганларнинг омонлигини, бу ердагиларнинг саломатлигини тилайди. Айниқса, Туратош ҳам отарда ётиб қолаётганидан бери момонинг руҳи тетик. Минг қилсаям. ёш бўлсаям, Туратош эл кезиб юрадиган кўп нарсани кўрадиган ақлли, эсли ҳушли қиз-да, фронтдаги бошқа жойдаги янгиликларни гапириб беради. Ҳар замонда, ҳеч ким йўғида Аҳад билан учрашиб урушдан , чорвадан, ишқ муҳаббатдан сўзлашади. Бирови ”оламан” дейди, бирови ”теганман” дейди. Иккаласи ҳам бир – бировисиз ўлиб қоламан, дейди. Лекин уларнинг бир-бировини севишини битта яримта чўпон, Момохол момодан ўзга ҳеч ким билмайди. Туратошнинг тоғаси ҳам сўзида турадиган одам экан, орадан бир ой ўтмай сиртлон итнинг олти ойлик боласини топиб келиб берди. Туратош эса уни Аҳадга олиб келиб берди. Аҳаднинг қиздан кўнгли тўлиб, қувончи бир дунё бўлиб, хурсандчилигини яширолмай тиржайиб, Туратошга қараб, кечаги бугунги воқеалардан хабар бериб, шундай деб турибди:

Кўнглинг сезай сўзим билан,
Бирга бўлгин ўзим билан.
Баҳор мени мафтун этди,
Қирда қўйу қўзим билан.
Қўй боқиб дилим шод бўлди.

Гоҳо чиқдим баланд- пастга,
Бир парига дил ҳавасда.
Кеча-кундуз тинганим йўқ,
Яшаяпман аста-аста,
Кўк қўй отарга бош бўлди.

Ҳар галгидек ипни бойлаб,
Ётдим ўзимни шод айлаб.
Маст уйқудан чопиб турсам,
Кўк ётибди инқиллаб:
Ишим унга қараш бўлди.

Мен ногаҳон ёқсам чироқ,
Тутар эди уни тўлғоқ,
Силаб-сийпаб, яхши қараб,
Аста-секин қийинчароқ –
Пайдо бўлди жуфт қўзичоқ,
Кечаси шундай иш бўлди.

Сут ичирдим навбат- навбат,
Оёқ босиб тутди қомат.
Колхоз учун бу ҳам омад
Мана, ҳозир икки қўзим
Ўйнаб юрибди саломат.
Битта қўйим уч бош бўлди.

Қулоқ солгин Туратошхон,
Хурсандлигим чексиз чунон.
Сен келтирган асл сиртлон –
Бўрибосар олғир полвон
Қўйларга сафдош  бўлди…

Ахир, Аҳад хурсанд бўлса, Туратош ҳам шод бўлади-да. Айниқса унинг кўк қўйи эгиз бир эркак, бири урғочи туққанидан жуда қувонди. Аҳад қўйларни энди ўтовга яқинроқ жойга ҳайданг, деб маслаҳат берди. Қараса, Аҳаднинг гапи ҳаливери соб бўлмайдиган. Туратош эрта индин яна кўришамиз, деб қўзи сўйиш пунктига қараб от чоптириб кетди.
Аҳад қўйларини ёйиб юбориб, ўзи бир оқ тошнинг устига чиқиб, хаёл суриб ўтирган эди, узоқдан сурувини шу томонга ҳайдаб келаётган Пашмак бобога кўзи тушди. Аҳад Пашмак бобо тўғрисида одамлардан кўп яхши гаплар эшитган эди, бундан кўнгли чоғ бўлди.
Бобо сурувнинг кетида. Бир қўлида чилим. Офтобда чилимнинг сархонаси ялтираб кўринади. Қўй қўзилар тинмай маърайди. Қўзичоқлар тамшаниб совлиқлар кетидан чопишади. Янги туғилганларини эса бобо хуржунига солиб олаяпти. Пашмак бобо Аҳаднинг кимлигини, насл – насабини яхши билмайдими, бир ҳангомалашиб кўнгил ёзмоқчи бўлиб келаётган эди. Аҳад бобони хурсанд бўлиб қарши олди. Пашмак бобо ёнидан чилимини чиқариб, тутатиб, ҳар замонда қулдиратиб ичига тортиб, завқи ортиб, ўтган кетган воқеалардан анча мунчасини Аҳадга гапириб бериб ўтирди. Қараса, Аҳад бобосининг гапларини қулоғини динг қилиб тинглаяпти. Кел -э, бошимдан ўтганларини шу болага айтиб берай деб, бир қўли билан чилимини бўйнидан ушлаб, бир қўлини кадисига уриб, юраги жўшиб, бахшидай тўлишиб куйлаверди:

Сувни  кўрсам калиш ечиб,
Каттасойдан ўтдим кечиб,
Кўнгил тусаб, кўзим учиб,
Суҳбат қурайин, деб келдим,
Бир дам ўлтирай, деб келдим.

Улайин деб дил торини,
Тарқатмоққа хуморини,
Гапириб ҳарна борини,
Суҳбат қурайин, деб келдим,
Бир дам ўлтирай, деб келдим.

Бир вақт ўтди ёмон кунлар,
Халқни талади ҳоқонлар,
Юртни вайрон этди хонлар,
Суҳбат қурайин, деб келдим.
Бир дам ўлтирай, деб келдим.

Гоҳо – гоҳо тортдим чилим,
Ёзилсин деб ғамгин дилим,
Бир нонга етмасди ҳолим,
Суҳбат қурайин, деб келдим.
Бир дам ўлтирай, деб келдим.

Нон ўрнига ердим калтак,
Тиним билмай сурдим ғалтак.
Молхонайди бизнинг ётоқ,
Суҳбат қурайин, деб келдим,
Бир дам ўлтирай, деб келдим.

Етдим деганда тойрилдим,
Ёлғиз ўғлимдан айрилдим,
Бургут эдим кўкка учган,
Икки қанотим қайрилди…
Суҳбат қурайин, деб келдим.
Бир дам ўлтирай, деб келдим.