Юнус пари

(Достондан парча)

Айтувчи : Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан шоир.
Нашрга тайёрловчи : Шаҳзода Хўжаева.

Така юртдан, ҳар уруғдан Гаждумбек, Муродбой, Хидирали элбеги, Дониёр хўжа, Беридёр оталиқ, Туркманнинг катта – катталари, Ўзбек хоннинг боласи Сафо, Сафонинг боласи Мустафо чаққон, жонни жонга суққан, тарафнинг қаддини буккан, ўзи саксонга кирган, овозаси ҳар тарафга маълум бўлиб кетган келиб Гўрўғлибек кундан кунга ривож қилиб, давлати урчиб кетаверди. Мустафо чаққоннинг боласи Такабеги Замон Гўрўғлибекка устод бўлди, уруш, ўттиз икки турли сипоҳгарликни ўргатди.
Гўрўғлибек номи ўзбекнинг катталарини, Туркманнинг катталарини йиғиб, ўрталикка дастурхон ёйиб, қандни, новвотни, асал билан шарбатни уйиб, семиз моллардан сўйиб, одамларнинг гўштдан қорни тўйиб, ана шу йиғинда Аҳмадбек бир сўз айтаётибди:

Катталар эшитинг менинг сўзимди,
Жавдиратдим Гўрўғлига кўзимди,
Сўзима қулоқ сонг ўзбек каттаси,
Жиянима яхши хотин лозимдир.

Ёлғизликдан то бўлмасин кўп абгор,
Ҳар тунлари йиғламасин зор-зор,
Ҳар бир қизга тағин бўлмасин хуштор,
Маслаҳат бер бу сўзима ёронлар!

Ҳар тарафга яхши йўрға чопинглар,
Катталарга яхши сарпой ёпинглар!
Бу гапима маслаҳат бер, ёронлар,
Бир эсли яхши қиз дарров топинглар!

Юлдуздайин ярқилласин эк* кўзи,
Ойларга ўхшасин монанди юзи!
Кўп ақлли яхши қиздан топинглар!
Жиянима оп беринг яхши қиззи!

Оп берсанглар аввал кўринг бўйини,
Сўраб олинг ақли билан ўйини!
Карнай – сурнай тортиб элда халойиқ,
Қирқ кун қилинг чироғимнинг тўйини!

Гап чиқади Аҳмадбекнинг тилидан,
Қутулгаймиз ёмонларнинг хилидан,
Сўзима қулоқ сонг турган жамоат,
Хотин оп беринглар ўзбек элидан!

Ўтин, ўтин саксовулнинг ўтини,
Ҳақ эшитсин мард одамнинг додини!
Яхши бўлса эр йигитнинг хотини,
Хотин чиқарар йигитнинг отини.

Ёмон бўлса мард йигитнинг хотини,
Тумшуғидан чиқаради ўтини.
Харобат қилади мамлакатини,
Фалакка чиқарар бошдан додини.

Айламайди ҳеч кимга ҳасратини
Бир яхши қиз оп беринглар болама!

Энди ўтирган барча халойиқ жойидан туриб, ҳаммаси ”Қуллуқ” деди, бари таъзим қилди. ”Нима десангиз, фармондорингизман” деб Такабеги Замон бир сўз айтаяпти:

Отни минган уйдан дўнга чобинар,
Ошиқ  бўлган йигит ўтдай қобинар,
Сўзима қулоқ сонг турган қариндош,
Яхши хотин ўзбек элдан топилар.

Югуртар отларни ўткир қамчи,
Йигитни қўллагай аҳмади замчи,
Ҳангамада турган жами қора кўз,
Чоқла майдон, қўйинг бир қизга совчи!

Ўлмасанг элатда даврон суринглар,
Ҳар қишлоқни, ҳар элатни кўринглар!
Бу элатда ҳам яхши ёмон бор,
Бир яхшини элдан топиб беринглар!

Теринглар боғларнинг тоза лоласин,
Гумбурлатинг Элсарининг даласин!
Уруғи яхшидан ёмонлик чиқмас,
Оп беринглар яхши одам боласин!

Куймайин ёшини кўздан тўкмайди,
Ботир бўлмай найза танга суқмайди,
Оп беринглар тоза уруғ боласин,
Яхши одамдан ҳеч ёмонлик чиқмайди!

Ноаслнинг қилган иши ҳийладир,
Кеча – кундуз иши ўйлов бўлади.
Оп берманглар ёмон одам қизини,
Ёмон бир кун ёмонлигин қилади!

Мазах қилманг Така Замон сўзини,
Ўйиб олинг ёмонларнинг кўзини!
Бу гапимни ҳазил қилманг жамоат,
Оп беринлар яхши одам қизини!

Ёмғир ётса ўтлар кўклаб кетади,
Яхши олган муродига етади,
Ҳаргиз олиб берманг ёмон бадбахтни,
Ёмон хотин олиб берсанг йигитга,
Ўтган умри доим куйиб ўтади!

Яхши қизни олиб беринг йигитга,
Ўн икки ой бир кундай бўп ўтади!

Ана энди Гўрўғлибекдан эшитмоқ даркор. Гўрўғлибек турган ҳаммага қараб бир сўз айтаяпти:

Ёвмит дейди менинг ота юртимни,
Энди айтай юрагимда дардимни:
Халойиқлар сизга малол келмаса,
Эр Хизр Гўрўғлибек қўйган отимни.

Душманлардан ҳамиша олсам лотимни,
Кундан – кунга обод қилсам кентимни.
Қариндош сизларга малол келмаса,
Қирқ чилтон Гўрўғли қўйган отимни.

Сўрай берсанг юракда ғуборим бор,
Туркмандайин униб ўсган шаҳрим бор,
Мен сизларга ростин айтсам қариндош,
Юнус билан Мисқолдайин парининг,
Ёвтон чилтон никоҳини қийганди.

Ўз элимда номус билан орим бор,
Така Туркман деган ота шаҳрим бор.
Бир хотин деб кашал бўлманг халойиқ,
Юнус билан Мисқол деган ёрим бор.

Саратон юлдузга ўхшар кўзлари,
Гапирса ўртайди шакар сўзлари,
Таърифини айтай сизга қариндош,
Ўн беш кунлик ойга ўхшар юзлари.

Ғиротимни чўл жазирада еламан,
Ғанимима чўх савдони соламан,
Менинг учун кашал бўлманг оғайин,
Юнусман Мисқолни олиб келаман!

Буралиб бўйнига қўлни соламан,
Ғайрат қилиб сувсиз чўлда жон сотиб,
Ўзим хотинимни олиб келаман.
Менинг учун кашал бўлманг Аҳмадбек
Ўз тараддимни ўзим қиламан!

Душманларни кўрсам ақлим шоша,
Ғиротимни миниб тоғлардан оша,
Ғам еманглар менинг учун қариндош,
Кўйи Қофни қилиб келай томоша,
Ўлмасам дунёда даврон сураман,
Бир хотин деб кашал бўлманг қариндош,
Kўйи Қофдан ёримни олиб келаман.

Энди Аҳмадбек тоқати қолмай шундай кўнгли бузилиб, юраклари эзилиб, Гўрўғлибекка қараб бир сўз айтаяпти:

Сен кетган сўнг сарғаяди оқ юзим,
Қоронғилик бўлар ҳам киши ёзим,
Мени десанг кетма, Ёвмит шаҳридан,
Бу сафаринг узоқ сафар, ёлғизим!

Қиш бўлмай, тоғларни туман чалмайди,
Гармсел бўлмайин гуллар сўлмайди.
Бу сафаринг узоқ сафар Гўрўғли,
Кўйи Қофга борган одам келмайди.

Юрган жойинг доим сувсиз дашт бўлар,
Ғажирнинг қўнгани чўлда лош бўлар.
Мени десанг узоқ чўлга бормагин,
Бу сафаринг ёмон душвор иш бўлар.

Бир нечага ёрнинг лаби асалдир,
Бир нечалар ёр ишқидан касалдир.
Айланай-е, борма айтган ёғингга,
Тирик келмак бу сафардан ўсалдир!

Ёқаларинг ҳўл бўп қолар ёшингга,
Ёмон гаплар кирмадими тушингга?
Мени десанг, борма болам узоққа,
Яккалигинг асар қилар бошингга!

Уруш куни ботир шердай чопинар,
Қалқон билан совутини ёпинар,
Мени десанг, борма узоқ йўлларга,
Ёвмит элдан яхши хотин топилар!

Айланай, бормагин узоқ йўлларга!
Аҳмадбекнинг гапирмакка гапи бор,
Ёмонларнинг бир озроқ бови бор,
Мени десанг, борма узоқ йўлларга
Ўрталиқда тўрт минг тўқсон тоғи бор.
Сарғайтирар юра юра юзингни,
Тўхтамиш дев босар сенинг изингни.
Мени десанг, борма шунча йўлларга,
Душман чиқиб банди қилар ўзингни!

Айланай, бормагин хатарли йўлга,
Оҳ тортарсан юрагингдан чер келар,
Чопа чопа отгинангдан тер келар,
Бормагин чироғим хатарли йўлга.
Яккасан, ёлғиз бошингга зўр келар!
Насиҳатим олгин, борма узоққа,
Ўз элингдан яхши қизлар топилар.
Хатарли йўлларга борма фарзандим!

Қавминг йўқ, чироғим, қариндошинг йўқ,
Дардинг айтар ҳеч бирор сирдошинг йўқ,
Касал бўлсанг, шикаст кўрсанг сафарда,
Орқангда чироғим, эмчакдошинг йўқ,
Айланай, бормагин хатарли йўлга!

Кўйи Қофга борган одам ўлади,
У ёғини бир яратган билади.
Чироғим бормагин шунча йўлларга,
Бу сафарга борган одам ўлади!
Қанотли қуш учар ҳайвон бўлмаса…
Учган одам унга бориб келади.

Сўйлайдиган оғизларда тил бўлар,
Сулувларда темгил темгил ҳол бўлар.
Мени десанг, борма, Гўрўғли болам.
Бил, айтганинг ёмон узоқ йўл бўлар.

Ана энди Гўрўғлибек ҳиммати жўш уриб Аҳмадбек тоғасига, Такабеги Замон устозига қараб бир сўз айтаяпти:

Давлат турмас такаббурнинг бошида,
Ёмон савдо зиён қилар ишига,
Омин деб дуо қинг турган оғайин,
Рад берманг талабга кирган кишига!

Ким яхши, ким ёмон худо билади,
Хотин десам рангим гулдай сўлади.
Рад берманг талабга кирган кишига
У ёғини туз-насибам билади!

Сарф айласам бисотимда бримни,
Ёвмит дейди менинг ота еримни.
Омин деб дуо қинг ёппа жамоат,
Оп келайин Юнус,Мисқол ёримни!

Нобоп гапни асли айтманг ўзима,
Ўлгангинам кўринмайди кўзима!
Омин денглар яна қайтиб кўргунча,
Омин де, дуо қинг менинг ўзима!

Менинг юзим қизил гулнинг нақшидир,
Бизни таъриф қилган чечан бахшидир.
Юнусжон деб бунда тинч бўп юргандан,
Хотин деб йўлда ўлганим яхшидир.

Оллойим йўл берса тоғдан ўтарман,
Ой Юнус деб хунобалар ютарман.
Ундай деманг мендай талабли қулга,
Албатта мен хотин олиб қайтарман.

Омон бўнглар тағи қайтиб кўргунча!
Таваккалчи битиради ҳар ишни.
Ўз кўнглимда мен ҳам қайнаб жўшарман
Тарафни зўр кўрсам ақлим шошарман.

Ғиркўк отим эсон турса остимда,
Неча тоғдан, неча қирдан ошарман.
Мард киши ажалнинг тўнин бичади,
Уруш куни душманини санчади.
Дарё бор деб хафа бўлманг жамоат,
Дарёлардан отим қушдай учади.

Яхши одам муродига етади,
Тоққа чиққан тошни думалатади.
Ўпкадай қалқитиб Юнус парини,
Эсон-омон отим олиб қайтади.

Ана энди кўрди, гури-гури одам хабар қилди, ҳар тарафдан подшоликка одам келаверди. Жамоат жам бўлди. Гаждумбекка қараб Аҳмадбек бир сўз айтаяпти:

Гаждум эшит Аҳмадбекнинг сўзини,
Ғам сарғайтар хафа одам юзини.
Сайислар қулоқ сонг айтган гапима,
Эгарлаб келинглар Ғиркўк тозини!
Кетгаринглар жиянимнинг дардини,
Обод қинглар Така Туркман юртини!
Қулоқ сонг сайислар айтган гапима,
Эгарланглар чироғимнинг отини!

Кўп единг қўлимдан оши тузимни,
Овладингиз кўлларимдан ғозимни.
Хушвақт қип кулдиринг ёлғиз қўзимни!
Табладан эгарлаб келиб миндиринг,
Назаркарда илдам аспи тозимни!

Билмаганин халойиқлар билдиринг,
Қаватида кўп одамни жилдиринг,
Қаддингдан кетайин, турган қариндош,
Гўрўғлини Ғиротига миндиринг!

Амалдорлар ҳар тарафдан келинглар,
Келиб туриб элга эга бўлинглар!
Отига миндириб ёлғиз қўзини,
Шаҳардан чиқариб, йўлга солинглар!

Бир нечалар кўчаларда чопишиб,
Бир нечалар подшо кетди дейишиб,
Ёвмит элнинг сатта сулув қизлари,
Монанди ойларга ўхшаб юзлари,
Панжарадан чиқиб чиқиб томоша қилиб,
Юлдуздайин ярқиллашиб кўзлари,
Қора зулфи ойдай бетга чирмаша,
Кўрганларнинг дарди дардга улаша,
Подшоликдан кетди гала хотинлар,
Шилдирашиб, қилиб бари томоша,
Рўмолларни шилдиратиб ўрайди,
Кўрган тушин яхшиликка йўрайди,
Гўрўғли қандайин одам экан деб,
Семиз-ориқ ёппа-ёвлик қарайди.

Қариндошнинг қовоқлари уюлиб,
Ҳамма келди Ёвмит элдан йиғилиб,
Томоша айланг яхшининг ҳимматини,
Талатўплар қилиб, Ёвмит юртини.
Худойберди сайис, тоға Гаждумбек
Эгарлади Гўрўғлининг отини.
Беклар берар навкарларга сарпойни,
Уруш куни тортади нуқра найни.
Худойберди сайис, оға Гаждумбек,
Эгарлади назаркарда кўк тойни.

Қиздай безаб Ғиркўк отни шайлади,
Қулоғини қайчилади, ўйнади.
Ҳар турли абзалдан солиб Ғиротга,
Ғиркўк отни худди қиздай шайлади.

Кўп гапларни эсли одам ўйлади,
Олқордай ўйнатиб жонивор бедовни,
Олиб келиб якка михга бойлади.
Ўртага ўтқизиб Гўрўғли хонни,
Ҳар турли тўнлардан оп кеп тайлади.
Ёмонларнинг кўкайини қийдирди,
Қариндошнинг қовоғини уйдирди.

Сарпойгинанг қутлуқ бўлсин болам деб,
Товуснинг суратин солган тўнларни,
Ҳар турли сарпойдан сайлаб кийдирди.

Ҳалойиқ йиғилиб бежой шайлади,
Қўй кечганда тиниқ сувни лойлади,
Йилон тилли, заҳарли қиличини
Жинғирлатиб белларига бойлади.

Томоша айланг Гўрўғлининг ишига
Олқор ўйнар қия тоғнинг тошида,
Эгнига совутни кийиб Гўрўғли,
Чоройнани кйиб олди бошига.

Билмаганин тақсирлашиб билдирди,
Эсон юр деб мийғидан кулдирди.
Қўлтиғидан суяб қариндошлари,
Назаркарда Ғиркўк отга миндирди.

Миниб олди Ғиротининг белига,
Ҳақ санаси ҳайвон қушнинг тилида,
Ўн икки пўпакли олмос найзани
Яшиндай қип суяб берди қўлига,
Кетар бўлди ой Юнуснинг элига.

This entry was posted in Крилл алифбосида, Ўзбек достонлари. Bookmark the permalink.

Comments are closed.